Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Миллий уйғониш даври»Шомий домланинг оқ салла ташвиқотчилари(Абдулла Қодирий)
Facebook
Шомий домланинг оқ салла ташвиқотчилари(Абдулла Қодирий) PDF Босма E-mail

Саҳар ноғорасини қоқиш олдидан сурнай «Наво»ни эзиб бошлаған эди.

Ёш-яланглар Шайхантаҳурдан тарқала бошлағанда биз худда Дегроз маҳалласидан ўтдик. Думахонанинг марҳамати билан унда-бунда ўтқазилған «интрисфанор»нинг заиф ёруғини менсимаган катта кўча зулматида ажойиб ва нуроний бир манзар аста-аста тўрт тарафка тарқалмокда; бугун кўча оппоқ салла билан тўлған, бели мукчайган, суянчиғи фақат ҳасса бўлиб қолған чоллар, олдинда қўл қовуштириб, фонус кўтариб кетаётқан ёш муллабаччалар орқасидан тўда-тўда бўлиб кетишиб борадир. Бундай милтиллаган фонусларнинг боши билан оёғиға кўз етиб бўлмайдир. Биз ҳайрон бўлдиқ, нима гап бўлғанини билмак орзусиға тушдик, булар қачон соб бўлар экан деб, кўчанинг бир четида турдиқ. Ҳа, деганда буларнинг кети узилмайди, ноғора чалиниб бўлди, қарасақ, «саҳарлик»дан қоладурғанмиз. Бизнинг маҳалла томониға ажралған беш-олтита мўйсафидлар билан биргалашиб кетдик.
Ёнимдағи шеригим ҳалигиларни гапка солди: буларнинг ичидаги бир писмиқ чол ҳеч индамади. Биртаси «таравихдан тарқадиқ» деб сўзни битирди. Бир соддароғи Шомий домланинг мадҳларига тушди. Биз ҳам сўз ораларида махтаб-махтаб қўйиб эшитдик:
— Домланинг садағалари кетай, — деб бошлади ҳалиги солла мусулмон, — у кишининг билмаган илмлари, ўқумаған китоблари, дунёда бормаған, кўрмаған жойлари йўқ...
Биз билдикки, булар Дегроз мачитида таравихдан кейин Шомий домланинг «масала»ларини эшиткали йиғилар эканлар.
Писмиқ чолнинг «мазмунлик йўталиб қўйиши»ни онгламай ҳалиги содда мусулмон сўзда давом этди:
— ...Арабистон, Миср, Чин, Мочинларни юз марталаб айланганлар. Ҳар бир мушкил масалаларга дарров жавоб айтадирлар. Бу кишининг масалаларини эшитмак учун Дегроз мачитига ўн икки дарвозадан гала-гала мусулмонлар йиғиладирлар. Бу кун чамаси икки мингдан ортиғроқ одам бор эди. Рўза, ҳаж, закот, фитр, хайр, нифос масалаларидан ташқари шу замон гапларидан ҳам айтиб қўядирлар, деди.
Писмиқ чолнинг нафаси тиқилиб, олонғлай бошлади. Замон ҳолидан, дегандан кейин биз ҳалиги дилкаш отамиздан Шомий домланинг ёшларға қандай қарашини сўрай бошладиқ. Писмиқ чол ёшлардек тетик бўлиб югуриб, дилкаш отамизнинг ёниға ўтди. Дилкаш отамиз бу тўғрида домламизнинг фикрларини айтиб бермакка киришкан эди.
— Ёшларнинг мўйсафид ва уламоларға ҳурматсиз қарашлари динни заволга олиб бормоқда, деб домлам кўб ғамгин бўладирлар...
Сўз шунга етканда дилкаш отамизнинг тили тўсатдан тўхтади. Қулоқ солиб турсақ ҳеч ун чиқмайдир. Сездикки, писмиқ чол югуриб тушкандан кейин дилкаш отамизға бир бало қилғандир; лекин мен ўзим писмиқ чолнинг ҳасса билан туртиб қўйғанини хира-шира кўрган эдим. Туртилмаган вақтда ҳалиги дилкаш отамиз бизга кўб нарсаларнинг ҳақиқатини балки айтиб берар эди. Балки шу домланинг эскиларга ва ёшларға бошқа-бошқа гапириб тирикчилик қилғанлиқларини, яъни мунофикдиқ билан умр кўрганликларини, мунофиқлиқнинг уламолар фойдасиға жоиз эканлигини, балки ўзларининг ётиб чиққанлиқларининг сабабларини ва бошқа сўзларни бирин-бирин айтиб берар эди.
Шомий домлаға бир маслаҳатимиз бор: таравиҳ ва хатм баҳонаси билан зўрғатдан ташкил эткан одамларини тозалаб олсинлар, ҳалиги «маҳмадана» чолдек оғзи бўшларни, сирларини ҳар кимга айта берадурған лақмаларни ўз суҳбатларидан чиқариб юборсинлар, фақат маҳалла-кўйлардаги ҳеч нарсадан хабари йўқ одамларни авраб, Шомий домлаға «мурид-мухлис» кўпайтиргучи пишиқ ва писмикдарни қолдирсинлар.

«Қизил Ўзбекистон»,
1925 йил, 16 апрел.
Абдулла Қодирийдан