Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Дунё тан олган тилшунос
Facebook
Дунё тан олган тилшунос PDF Босма E-mail

Турийшунослик илмининг асосчиси, машҳур филолог олим ва этнограф Маҳмуд Кошғарийнинг таржима ҳоли ҳақида маълумотлар жуда оз бўлиб, уни тахминан 1029 — 1030 йилларда туғилган, деган фаразни илгари сурадилар. Келиб чиқиши жиҳатидан у қорахонийлар сулоласига мансуб. Отаси Ҳусайн ибн Муҳаммад Барсған шаҳри ҳокими бўлган.

У бошланғич маълумотни ўз қишлоғида олиб, кейин ўқишини Кошғарда давом эттирган, араб, форс ва туркий тилларни чуқур ўзлаштирган. Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур шаҳарларидаги донгдор мадрасаларда илмини такомилга етказган. Мамлакатдаги ички низолар туфайли 1056—1057 йилларда туғилган юртини тарк этиб, 15 йил мобайнида турли туркий халқлар орасида яшаган, уларнинг тили, адабиёти, тарихи, урф-одат ва анъаналарини мукаммал ўрганган, кўплаб мақоллар, сўзлар, шеър ва қўшиқларни ёзиб олган. Сўнг Бағдодга бориб, тўплаган материаллари асосида (1072, баъзи манбалари 1074) дунёга машҳур «Девони луғотит турк» («Туркий сўзлар девони») асарини яратади ва уни аббосий ҳукмдорлардан Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммадил Муқтадога бағишлайди. «Ушбу асар туркий халқлар тарихидаги диалектологик, изоҳли, этнографик, тарихий-этимологик луғатларнинг барча унсурларини қамраб олувчи дастлабки универсал луғат бўлиб, ўз муаллифини дунёга улуғ адабиётчи, тарихчи, географ ва бошқа кўп фанлардан яхши хабардор бўлган йирик фан арбоби, қомусий олим сифатида танитади»(Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 5-жилд. Тошкент, 2003 йил, 77-бет.).
Олим асарига ўзи тузган дунё харитасини ҳам илова қилади. Харитада мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, денгиз, дарё кабиларнинг иомлари ёзилган. Харитада акс этмаган баъзи бир номлар луғат матнида изоҳланган. Харита, асосан, Шарқий ярим шарга тўғри келади. Маҳмуд Кошғарий ўз харитасида ер юзининг маркази сифатида Ўрта Осиё — она юрти Иссиқкўл билан Болосоғун оралиғидаги ерларни олади. Холбуки, ўша даврда тузилган хариталарда ер юзининг маркази сифатида Макка ва Мадина олинарди.
Халқ жонли тилига алоҳида муҳаббат билан қараган Маҳмуд ёшлигидан халқ оғзидан эшитган сўзлар, образли иборалар, шеърларни тўплаб юрган. Кейинчалик бу қизиқиш аниқ илмий мақсадга айланиб, у туркий қабила ва уруғлар, уларнинг келиб чиқиши, номланиши, жойлашиш ўринлари, айниқса, тил хусусиятлари ва урф-одатлари, фольклорини синчиклаб ўрганиш мақсадида бутун Яқин ва Ўрта Шарқни кезиб чиқади. Бу ҳакда унинг ўзи шундай ёзади:
«Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирқиз (қирғиз)ларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли сўз хусусиятларини ўрганиб, аниқлаб чикдим. Мен бу ишларни тил билмаганлигим учун эмас, балки бу тиллардаги ҳар бир кичик фарқни ҳам аниқлаш учун қилдим. Бўлмаса тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳмларидан, эски қабилаларидан, жанг устида уста найзадорларидан эдим. Уларга шунча диққат қилдимки, турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар ва қирқиз қабилаларининг тиллари бутунлай дилимга жо бўлди. Уларни ҳар томонлама пухта бир асосда тартибга солдим».
Чиндан ҳам, «Девону луғотит турк»ни ўша даврларда Марказий Осиё минтақасида яшаган туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин. У тилшуносликка оид бўлса-да, унда 7500 дан ортиқ сўз ва ибораларни изоҳлаш учун ўнлаб туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, 700 мисрадан зиёд шеърий парчалар келтирилади. Шеърий парчаларнинг кўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига хос бўлган тўртликлардан иборат. Масалан, отанинг ўғлига насиҳати ўз ифодасини топган бир тўртликни келтирайлик:

Бақмас будун савуқ сўз,
Юдқи юзи саранқа.
Қазған улич тузўнлук,
Қалсун чавинг йаринқа.

Мазмуни:
Боқмас жаҳон совуқ сўз,
Шилқим, юзсиз, бахилга.
Ёқимли бўл, хушхулқ бўл,
Қолсин номинг кўп йилга.

Асарда илмнинг фазилати, олимликнинг аҳамияти улуғланган шеърларга ҳам кўп дуч келамиз. Маҳмуд барча эзгу инсоний фазилатларни илм билан боғласа, жаҳолат, кибр, ёвузлик, золимлик, адолатсизлик каби иллат-нуқсонларни билимсизликдан деб билади. Шунинг учун ҳам оталар номидан фарзандларга айтади:

Ўрган анинг биликин,
Кунда ангар бору.
Қутқулиқни тапингин,
Кўзгил кўваз нару.

Мазмуни:
Ўрган унинг билимин,
Боргил ўшал сари.
Қутлуғ ишга бўйсунгин,
Кибрни қув нари.

«Девон»даги бир қисм шеърлар ислом даври шеъриятига хос байт шаклида бўлиб, бу туркий адабиётда арузга ўтиш бошланганидан гувоҳлик беради. Бундай шеърларни муаллифнинг ўзи уржузалар деб атайди:

Келса қали йағлиғ бўлиб йўнчиғ ума,
Келур аниғ бўлмиш аниғ тутма ума.

Мазмуни:
Келса aгap хонанг узра ғариб меҳмон, Бор нарсангни олдига қўй, бўл меҳрибон.
Кўриниб турибдики, «Девон»даги шеърларнинг аксарияти панд-насиҳат мазмунида. Улар халқ асрий тажрибаларининг тажассумидир. Бинобарин, бу шеърлар фақат XI асрга тегишли бўлмай, балки аввалги асрларга ҳам оиддир. Чунончи:

Билга эран савларин алғил ўгут,
Эзгу сави эзласа, ўзга сингар.
Ардаги тила ўгранинг, бўлма қуваз,
Ардашсизин — ўгунса ангма ангар.

Мазмуни:
Олим киши сўзидан олгил ўгит,
Эзгу сўзни эшитсанг, дилға сингар.

Илм-ҳикмат ўргангин, бўлма қайсар, Ҳиммати йўқ мақтанчоқ йўл йўқотар.
Албатта, «Девон»даги шеърларнинг мазмуни ранг-баранг: унда пейзаж лирикасининг гўзал намуналарига ҳам, кураш ва жанг манзаралари тасвирига хам, мадҳия ва марсия қўшиқларга ҳам дуч келамиз. Чунончи, баҳор ёмғиридан кейин ғунчаларнинг очилиб, гулларнинг хуш бўй таратиши қуйидагича тасвирланади:

Яғмур ёғиб санчилди,
Турлук чачак сучулди,
Инжу қоби очилди,
Чиндан йипор юғрушур.

Мазмуни:
Ёмғир ёғиб сочилди,
Турли чечак очилди,
Инжу қопи очилди,
Ифор ҳидлар сочилди.

«Девон»да жуда гўзал, хассос ва ўйноқи ишқий термалар ҳам учрайди:

Булнар мени улас кўз, Қара менгиз, қизил юз.
Андин тамар тукал туз, Булнап яна ул қачар.

Мазмуни:
Асир этди хумор кўз,
Қора холли, қизил юз,
Дудоғидан томар бол,
Асир айлаб, боқмас ул.

«Девон»даги баъзи йирик парчаларга шартли равишда «Тангутлар билан жангнома», «Уйғурлар билан жангнома», «Ябакку билан жангнома», «Алп Эр Тўнга мар-сияси», «Қиш билан ёз мунозараси» деб ном қўйилган. Марсия 44 мисрадан иборат бўлиб, унда халқ ўзининг севимли қаҳрамони ва йўлбошчиси Алп Эр Тўнга ўлими муносабати билан аслида ўзининг бой берилган имкониятлари — парчаланган мамлакат, таназзулга юз тутган салтанат, мавҳум истиқбол учун хам қайғуради. «Қиш ва ёз мунозараси» эса бизгача етиб келган мунозара жанрининг илк намунаси эканлиги билан қадрли. Унда табиат манзаралари ташбеҳу тимсоллар воситасида ёрқин ифодаланган, туркий халқларнинг қувончу қайғулари, яшаш тарзи, урф-одат ва анъаналари ўз аксини топган.
«Девон»даги барча шеърлар халқ оғзаки ижодига мансуб бўлмай, уларнинг баъзилари муайян шоирларга тегишли. Муаллиф томонидан қўлланган «шоир шундай дейди», «шоир бир кишига хитоб қилади», «шоир севгилисининг юзини ойга, бўйини санавбар шохига ўхшатиб сифатлайди» каби иборалар шундан далолат беради. У ҳатто Чучу, Аъша деган шоирлар номини ҳам келтиради.
Маҳмуд Кошғарий ўз фикрларини далиллаш учун кўплаб халқ мақолларига ҳам мурожаат қилади: «Ардам боши тил» — «Адабнинг боши тил», «Қут билгуси билик» — «Билим бахт белгиси», «Эмгак экинда қолмас» — «Меҳнат ерда қолмас», «Ош тотиғи туз» — «Ошнинг таъми туз билан», «Қўрқмуш кишига қўй боши қўш кўринур», «Ит исирмас, от тепмас дема» — «Ит қопмас, от тепмас дема», «Тома-тома кўл бўлур», «Бир қарға билан қиш келмас», «Қуруқ ёғоч эгилмас», «Қуруқ қошиқ оғизқа йармас» — «Қуруқ қошиқ оғизга ёқмас», «Алп чиранда, билка тиракда» — «Ботир жангда, олим суҳбатда (синалар)», «Куз келиги ёзин балкурур» — «Кузнинг келиши ёздан билинар», «Тави силкинса, бир эшакка юк чиқар» — «Туя силкинса, бир эшакка юк чиқар», «Ут тутунсиз бўлмас, Иигит ёзуқсиз бўлмас» ва ҳоказо.
«Девону луғотит турк» туркий тилларнинг ривожлангани, уларнинг маданий ҳаёт, жумладан илм-фанда кенг ўрин эгаллаганини кўрсатади. Унинг адабий аҳамияти ҳам катта. Бу ҳақда Кошғарийнинг ўзи: «Мен бу китобни махсус алифбо тартибида ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, қўшиқлар, ражаз ва наср деб аталган адабий парчалар билан безадим», — дейди. У баъзи адабий жанрлар, вазн, истиора, ўхшатиш ва бошқа назарий масалалар хусусида йўл-йўлакай маълумот бериб ўтади. «Девон»да келтирилган шеърлар исломдан бурунги туркий шеъриятнинг жанрлари, шакли, бадиияти, тасвир воситалари тўғрисида тасаввур туғдириши жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу шеърий намуналар туркий шеъриятнинг асосий ўлчови бармоқ вазни эканлигини кўрсатади. Асардаги шеърларнинг мазмуни, тили ва услубига қараб, уларнинг анча илгари яратилганлиги ва тилдан-тилга ўтиб, муаллиф давригача етиб келганлигини тахмин қилиш мумкин.
«Девону луғотит турк» ўз даврининг илмий тили бўлмиш араб тилида ёзилган. Унда Ўрта Осиё халқларининг X —XI асрлар ва ундан олдинги даврларда яратилган бадиий ижод намуналари тўпланган. Муаллиф Ўрта Осиёдаги деярли барча халқлар ҳаёти, тарихи, турмуш тарзи, тили, фольклори, урф-одат ва маросимларини чуқур ўрганган. Китобда туркий халқлар тилининг луғат таркибини ташкил этган сўзларнинг маъноси араб тилида тушунтирилиб, мисол тариқасида улар ишлатилган шеърлар ва мақоллар келтирилади. «Девон»да нафақат сўзларнинг қўлланилиши, балки келиб чиқиши ҳам батафсил изоҳланган. Шунингдек, унда туркий халқлар этногра-фиясига оид жуда қимматли маълумотлар мавжуд. Ўрта Осиё шаҳарларидан айримларнинг номларига изох бериб ўтилган. Масалан, Тошкентни Таркен тарзида кўрсатиб, у Тош шаҳар демакдир, деб ёзади. Ёки Самарқандни «Самиз канд» — Катта шахар деб аталишини айтади.
«Девону луғотит турк» нафақат луғат, айни пайтда, ниҳоятда мукаммал ишланган грамматик қўлланма ҳамдир.
«Девон»да келтирилган шеърлар исломдан бурунги туркий шеъриятнинг жанрлари, шакли, бадиияти, тасвир воситалари тўғрисида тасаввур туғдириши жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
«Девону луғотит турк» барча туркий халқларнипг муштарак ёзма ёдгорлигидир.
Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит турк»дан илгари «Жавохирун-наҳви фи луғотит-турк» («Туркий тиллар синтаксиси қоидалари») номли асар ҳам яратган, лекин у ҳозиргача топилган эмас.
Маҳмуд Кошғарий 1118 йили ватанига қайтиб, Ўпалдаги Азиқ қишлоғида Ҳазрати Муллом тоғи этагидаги тепаликда жойлашган мадрасада дарс берган ва илмий ижод билан шуғулланган. У 1125 (ёки 1126) йилда 97 ёшида вафот этиб, Ўпалдаги аждодлари мақбарасига дафн этилган. Мақбара ҳозиргача «Ҳазрати Муллом мозори» номи билан машҳур.
«Девону луғотит-турк» асари туркий тилшуносликка бағишланган илк асар эканлиги билангина эмас, балки туркий тиллар фонетикаси ва этимологиясининг асосий қонунлари аниқлангани ва кенг ўрганилганлиги билан ҳам қимматли. Шунинг учун ҳам асарнинг қўлёзмаси топилиши билан у жаҳон туркшуносларининг эътиборини ўзига тортди. 1914 йилдаёқ машҳур немис олими Карл Броккелман асардаги шеърий парчаларни немисчага таржима қилиб чоп қилади. 1939—1941 йилларда турк олими Босим Аталай «Девон»ни туркчага ағдариб, уч жилдда нашр эттиради. Китоб озарбайжон тилига ҳам таржима бўлган. А. Боровков, А. Кононов, Н. Баскаков, В. Решетов каби рус, С. Муталлибов, Ғ. Абдураҳмонов, А. Қаюмов, А. Рустамов каби ўзбек олимлари ҳам асар устида илмий тадқиқот ишларини олиб борганлар. С. Муталлибов уни ўзбекчага ўгириб, 1960 — 1963 йилларда уч жилдда эълон қилган. Шеърларни А. Қаюмов таржима қилган. Машҳур рус шарқшуноси В.В. Бартольд таъкидлаганидек: «Маҳмуд ҳаёт воқеаларини, факт ва далилларни ўз кўзи билан кўриб, билиб ёзгани учун бу асар ҳамон ўзининг илмий, тарихий, маърифий қимматини сақлаб келмокда».
Рус олими А.М. Шчербак айтган эди: «Маҳмуд Кошға-рийнинг «Девон»ига на материалнипг ҳажми жиҳатидан, на муаллифнинг филологик билими жиҳатидан бас келадиган бирор асар бор. «Девон»нинг луғат деб аталиши унинг асл мазмунига унча мос келмайди. Бунда туркий тиллар грамматикасидан жуда кенг маълумотлар бор. Яна унда туркий тиллар лексикаси, фонетикасига доир кенг маълумотлар, қабилаларнинг жойлашиш хусусиятлари, географик ва бошқа хил маълумотлар мавжуд».
Шарқшунос П.К. Жузе ёзади: «Дадил айтиш мумкинки, яқипдагина (XIX аср) охирларида) Россия ва Шарқда ўрганилган туркий тиллар фонетикаси ва этимологиясининг асосий қонунлари XI асрдаёқ Маҳмуд томонидан аниқланган ва ўрганилган эди. Маҳмуднинг бу текширишлари шу қадар кенг ва чуқурки, ҳатто бундай асар XIX асрда ёзилганида ҳам, унга шон-шараф бўлар эди. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девон»и сингари асар фан ола-мида кейин ҳам яратилган эмас. Унинг асари бамисоли туркий қомусдир».

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан