Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Миллий уйғониш даври»Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак!
Facebook
Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак! PDF Босма E-mail

— Калникига ошға-а-а-а!!!
Гур-гур одам калникига туз ялаб чопадир...
— Айиқ полвон кураш тушадир, Жўра қизиқ маймун ўйнатадир, Фарғонадан Арава полвон келди, Жиззахдан Ит полвон келди...
Кўрубсизки, кураш ўрнини ижарага олған зарғалдоқ хўжаларнинг қилған фойдалари миндиминди...
— Чет эллардаги ўқуғучи ёшларимиз фойдасиға бу кун «Турон»да театру қўйиладир!
Ла ҳавла ва ла қуввата... Тошканд мусулмонларини... яйзара(Яйзара — яксара, биратўла.) ер ютубдир ва ё катта-кичик оға-ини ининларига кириб кетибдир...
Шунга ўхшаш «Шарқ саҳнаси» яхши ният ёрти мол, деб кино қўяр, «одамови»ларни йиғмоқ учун эшак ҳуркарлик қилиб томға тўртта карнай ҳам чиқарадир: лекин шунчалик атторчиликлар, «сурма кет, ўсма кет»лар бир пақир: саҳна хазинадорларининг оғизлариға пашша ўлтурған, ўюнхона эшикидан «ғинг» деган бир чибин учмайдир. Шу соатда шаҳарнинг барча чойхоналарида: ғиж-ғиж чурвақа, лим-лим... бузоқ:
— Оғзингми, ўрпилган ўрми,
— Башарангми, бадбахтнинг даласими,
— Кўзингми, пўстакнинг йиртиғими,
— Энгахингми, йўлға чиқған ҳиндининг...ми?(Бу айтишув такялардаги бангиларнинг ўзига хос аскияси.)
— Хо, хо, хо!
Топған-таянған совутмачоқ шу. Бошқа дастмоя йўқ. Бангихонада «ҳарб-зарб»(«Ҳарб-зарб» — ҳарбий стратегия жанги; бу ерда даҳанаки жанг маъносида.) олуб юргучи бир ўртоғим нашанинг тутуни гуркураган чоқларда:

Харсак-марсак,
дарди йўқ-кессак,
ишқи йўк, — эшшак!(Бу байтни бангилар бангихонада қарсак чалиб айтиб кетидан бири: «Соқий самадий, эски пўстакни ямади, Қўйга бўри келганда қўйчивон ҳай-ҳайламади» — деб «жаво!» — дейди. Қолганлар унга жўр бўлиб «жаво-о» деб бақиришади (жаво (ҳиндча) — наша чекишга кел, дегани).) —

деб байт ўқуған бўлуб жоврар, ман бўлсам «бу нима дегани тентакнинг» деб байтига тушунолмас эдим. Энди келиб-келиб бу байтнинг маъносини Эски шаҳар саҳналаридан топуб мавридсиз бўлса-да, ўзим шу байтни яккахонлик қилмоқдаман:

дарди йўқ — кессак,
ишқи йўқ — эшшак!

Воқиъан, дард бўлмаса, ишқ бўлмаса одамнинг кесакдан нима фарқи бўлсин-у, эшакдан нима айирмаси!
Валлоҳи аълам биссавоб,

Жулкунбой,
«Муштум» — 1923 йил, 5-сон.
Абдулла Қодирийдан