Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Эй, сафҳайи рухсоринг азал хаттидин иншо
Facebook
Эй, сафҳайи рухсоринг азал хаттидин иншо PDF Босма E-mail

Эй, сафҳайи рухсоринг азал хаттидин иншо,
Дебочайи ҳуснунгда абад нуқтаси туғро.

Заррот аро ҳар зарраки бор, зикринга зокир,
Амтор аро ҳар қатраки, бор, ҳамдинга гўё.

Машшотайи сунъунгдурур улким, нафас ичра
Кун кўзгусин ақшом кулидин қилди мужалло.

Кун шакли юзинг саждасидин бўлди мушаккал,
Тун турраси қаҳринг елидин бўлди мутарро.

Сунъунг қилибон субҳни ул навъ мушаъбид
Ким, меҳр ўтин оғзидин этар ҳар нафас ифшо.

Гўёки куяр оғзи ул ўт ҳирқатидинким,
Анжумдин ўлур обилалар гирдида пайдо.

Муҳтож сенинг даргаҳинга хусраву дарвеш,
Парварда сенинг неъматинга жоҳилу доно.

Гул юзида булбул сенинг асроринга нотиқ,
Шамъ ўтида парвона сенинг ҳуснунга шайдо.

Ушшоқ аро, ё рабки, Навоийға мақоме
Бергилки, сенинг ҳамдинга бўлсун тили гўё.


Юзинг саҳифаси тақдир хати билан ёзилгандир. Ҳуснинг дебочасида(Дебоча - китобнинг олтин суви ва нақшлар билан безатилган биринчи саҳифалари ёки девонга ёзилган нафис муқаддима, бош сўз.) абадийлик нуқтаси туғродир(Туғро - подшо фармонлари ёзилган қоғоз тепасига тушириладиган махсус безакли белги ёки мактублар тепасига ёзиладиган махсус сўз.).
Зарралар тўплами ичидаги ҳар бир зарра сенинг номингни такрорлайди, ёмғирларнинг ҳар бир қатраси мадҳингни айтади.
Ҳуснинг безакчиси бир нафасда кун кўзгусини оқшом кулидан тозалаб жило беради.
Кун шакли юзингга сажда қилиб шаклланди. Тун кокили қаҳринг шамолидан тиниқлашди.
Қудратинг тонгни ҳар нафасда қуёш ўтини оғзидан сочувчи найрангбозга айлантирди.
Оғзи у ўтнинг алангасидан куйган каби юлдуздан унинг атрофида қабарчиқлар пайдо бўлди.
Сенинг даргоҳингга подшо ҳам, дарвеш ҳам муҳтож, сенинг неъматларингга жоҳил ҳам, доно ҳам шукрона айтади.
Булбул гул юзида сенинг сирларингга нотиқ, парвона шамъ ўтида сенинг ҳуснингга шайдодир.
Ё Раб, ошиқлар ичидан Навоийга ҳам ўрин бергилки, тили сенинг мақтовингга гўё бўлсин.

"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан