Мирчаи Сафолфуруш PDF Босма E-mail

Чаёнга озор етказмаган авлиё
Шайх ул-ислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий ўз отасидан нақл қилибдурки, Мирчаи Сафолфуруш чаённи ўз дўконидан кўтариб, бирор тепалик юзига элтиб қўярмиш. Шайх ул-ислом яна дейди: «Менинг отам ҳам бирор жониворни ўлдирмас эди ва бу абдолларнинг мазҳабидир. Улар абдоллардан эдилар ва ка-ромат аҳли».
Ким фаришталарни кўра олади?
Абдоллардан бировга вақт хуш бўлди ва ўз фариштасини кўрди. Фариштадан сўради:
- Киши не қилса, сизларни кўрар?
Деди:
- Ҳеч жониворга озор еткурмаса.
Бир лаҳзада Яманга бориб жанозани ўқиб келган дўкондор
Мирча дўкони ёнида биров билан ўтирган эди. Бир аёл келиб айтди:
- Эй риёкор, фалон киши вафот қилди, жанозасига бормайсанми?
Мирча индамай туриб, дўконига кирди. Бир муддат ўтгач, ёнида ўтирган киши орқасидан дўконга кирди. У дўконда йўқ эди. Бошқа чиқиш эшиги ҳам йўқ эди. Таассуф билан келиб дўкон эшигида ўтирди. Мирча дўкондан чикди. Ул киши сўради:
- Қаёққа кетиб қолдингиз?
Деди:
- Дўконда эдим.
Ул киши айтди:
- Мен дўконга кирдим, йўқ эдингиз.
Мирча деди:
- Бировнинг вафоти хабарини берган аёл-ни кўрдингми?
Деди:
- Бале.
Деди:
- Вафот қилган киши Яманда эди, бориб жанозасида қатнашиб келдим.
Қўлида бир парча Яман матоҳи бор эди. Ул кишига берди ва деди:
- Йўлда тушиб қолган экан.