Шайх Имрон Сулсий PDF Босма E-mail

Меҳмонни интизор қилган Шайх
Шайх Аббос Фақир Ҳиравий дебдурки, Имрон Сулсий кундуз меҳмонсиз ҳеч нарса емасди. Рўза тутар эди. Қачон меҳмон келса, бирга овқатланарди. Бир куни кечқурун меҳмон келди. Имрон одатдагидек рўзадор эди. Шом яқинлиги боис меҳмонни гапга тутди, токи бирга ифтор қилгай. Мусофир оч эди ва таомга интизор тортди. Ул кеча Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Имроннинг тушига кириб, деди:
- Эй Имрон, сенинг Биз билан яхши бир одатинг бор эди. Биз ҳам сенинг билан яхши бир суннатимиз бор эди. Сен одатингни ўзгартирдинг, биз ҳам суннатимизни ўзгартирдик!
Имрон хафа ва ғамга ботган ҳолда уйғонди. Кўп ўтмадики, Миср волийси Сулсга насроний бир омил (солиқчи) юборди. Янги омил шундай қаттиқ зулмлар қилдики, Шайх Имрон Сулсни тарк этишга мажбур бўлди. Дастлаб Мисрга борди, сўнг Шерозга келди.
Шайх Аббос Фақир айтади: Шерозда Шайх Абулҳусайн Солбеҳ хонақоҳида эдим. Шайх Имрон ғалати бир ҳолатда кириб келди. Шайх Абулҳусайн таажжуб қилиб, ўрнидан туриб таъзим қилди ва ёнидан жой берди. Имроннинг ҳайрат ва беҳудлиги шу даражада эдики, кўзи ичида қуртдан кичикроқ бир нарса бор эди. Шайх деди:
- Кўзингиздаги нарса нима?
- Имрон деди:
- Кўзимда бирор нарса борми?
Шайх Абулҳусайн Имрон Сулсий хонақоҳидан кўп марта нон-туз тотган эди. Ўша ҳурмат эвазига меҳмон қилишга кўп уринди. Шайх Имрон қабул қилмади ва деди:
- Ғамзада бир кишиман. Мени яна неъмат ва фаровонликда кўриб, кечирмай қўяр, деб қўрқаман. Борай ва бошимни ўз машаққатимга қўяй.
Неча кундан сўнг уни бир вайронада топдилар. Жон берганди ва сичқон бир қулоғини еб эди.