Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга
Facebook
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга PDF Босма E-mail

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Ўқларингдин дамбадам таскин топар кўнглум ўти,
Бордурур бир қатра су гўёки ҳар пайкон анга.

Бир диловардур кўнгулким, ғам сипоҳи қалбида,
Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга.

Новакининг парру пайконида рангин тус эрур
Ёки кўнглумдин чу паррон ўтти юқмиш қон анга.

Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен
Эл отин ўқур ҳасаддин ёзмадим унвон анга.

Хизри хаттингнинг ажаб йўқ сабзу хуррам бўлмоғи,
Лаббалаб чунким берур су чашмаи ҳайвон анга.

Эй хушо, муғ кўйиким, рифъат била зийнатда бор
Меҳр анга бир шамсаву кўк тоқидур айвон анга.

Истамиш булбул вафо гулдин, магарким жоладин
Бағри қотмиш ғунчанинг, баским эрур хандон анга.

Қилмамиш жонин фидо жонингға етмас, дер эмиш,
Эй Навоий, ушбу сўз бирла фидо юз жон анга.

Мен зору саргардон бўлган париваш ишқи туфайли олам менга ҳайрону, мен эса унга ҳайронман.
Кўнглим ўти сен отган ўқлардан ҳар замон таскин топади: зеро, ҳар пайкон унга гўёки бир қатра сув бўлиб туюлади.
Кўнгил шундай бир паҳлавонки, қалбида ғам лашкари, оҳ ўқининг янги доғи эса унга бир қизил қалқондир.
Ёр ўқининг парию темир учлиги қизғиш рангда, балки кўнглимни тешиб ўтар экан, унга қон юққандир.
Шавқим номаси қандай қилиб у ойга етар экан, чунки мен одамлар номини ўқиб билишига ҳасад қилганимдан, унинг устига кимга аталганини ёзмаган эдим.
Хаттинг Хизри ям-яшил, яшнаган экан, ажабланурли жойи йўқ, чунки у ҳаёт булоғидан тўйиб-тўйиб сув ичади.
Майхонанинг юксаклиги ва безатилиши қандай яхши! Қуёш унга шамса (уй шифтида қуёш шаклида ишлатиладиган тўгарак безак) бўлса, осмон бир айвон кабидир.
Очилган ғунчага ёмғир тегиб бағрини қотирибди, шунинг учун булбул гулдан вафо истар эмиш.
Жонини фидо қилмаган кимса жононига етиша олмайди, дейдилар,
Шундай экан, эй Навоий, унга юзта жоним фидо бўлсин.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан