Facebook
Йиғламоқ оҳимға таскин бермади PDF Босма E-mail

Синса кўнглумда ўқунг суртуб исиғ қондин анга,
Пай масаллик чирмағаймен риштайи жондин анга.

Бодайи лаълинг мизожи руҳпарвардур басе,
Гўйиё мамзуж этибсен оби ҳайвондин анга.

Ўқи кўнглум шуъласин гаҳ сокин этти, гоҳ тез,
Гаҳ ўтун бўлди, гаҳе су урду пайкондин анга.

Дарду ғам бўстонининг товусидур кўнглум қуши,
Гул бўлуб жисмимда кескан наъл ҳар ёндин анга.

Не кабутар ета олур ул қуёшқа, не насим,
Эй кўнгул, ҳолингни эълом айла афғондин анга.

Кўзга то кирмиш хаёлинг совуғ оҳим ваҳмидин,
Боғламиш мен қўрё ҳар сори мужгондин анга.

Эй Навоий, йиғламоқ оҳимға таскин бермади,
Ваҳ, бу не ўтдурки, йўқ таъсир тўфондин анга.

Сен отган ўқ менинг кўнглимда синиб қолгудек бўлса, унга иссиқ қонимдан суриб, жоним иплари билан пайдек қилиб боғлайман.
Лаълдек лабинг майи руҳ бағишловчидир, балки унга тириклик сувидан қўшгандирсан.
Ёр ўқи кўнглим алангасини гоҳ секинлаштиради, гоҳ тезлаштиради, гоҳида ўтин бўлиб, гоҳида темир учлигидан сув сепади.
Кўнглим қуши дарду ғам бўстонининг товусидир, жисмимдан кесган наъллар унга ҳар томондан гул бўлиб турибди.
Ул қуёшга (гўзалга) на каптар ета олади, на тонг шамоли. Эй кўнглим, аҳволингни доду фарёдинг билан у гўзалга билдиргин.
Хаёлим совуқ оҳимда (музлаб қолишдан) қўрқиб кўзим ичига кириб олди (уни совуқдан асраш учун) киприкларим билан ҳар томондан ўраб қўйдим.
Эй Навоий, йиғлашим оҳу фарёдимни тиндирмади, оҳ, бу қандай ўт эканки, ҳатто тўфон ҳам унга таъсир қилолмаса?

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан