Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»“...Телбага йўқтур қалам”
Facebook
“...Телбага йўқтур қалам” PDF Босма E-mail

Вильям Шекспир асарларидаги ақл чегарасига сиғмайдиган телбалар, содда-айёрлар, масхарабозлар образи, персонажлар аро муносабатлардаги номутаносибликлар, ҳаракат ва нутқ жараёнидаги мантиқсизликлар, сюжет чизиғида кузати-ладиган фавқулодий узилишлар ўқувчида гоҳ ҳайрат, гоҳ тушунмовчилик, гоҳида жиддий эътироз уйғотади. Бу муаммога жаҳон бадиий тафаккур эгалари томонидан турлича талқин бериб келинаётгани ҳам кўпчиликка маълум. Аммо шунга қарамасдан, буюк драматург ижодининг бу жиҳати жаҳон шекспиршунослиги олдида ҳамон жумбоқлигича қоляпти.
Ўтган аср сўнггида «Жаҳон адабиёти» журнали (1998, но-ябрь, декабрь) нашр этган Лев Толстойнинг «Шекспир ва драма тўғрисида» номли мақоласи Шекспир ижодига доир айни масала кўламини кенгайтирибгина қолмай, мураккаблаштирди ҳам. 1906 йилда «Русское слово» газетасида чоп этилганидан сўнг, жаҳон шекспиршунослигида жиддий саросима уйғотган мазкур танқидий мақола орадан тўқсон икки йил ўтиб, ўзбек адабиётшуносларини ҳам бир титратиб ўтди. Зотан, сўз салтанатининг икки номдор паҳлавони ўртасида кечган бу курашга бефарқ қараш мумкин эмас. Айни пайтда, уларга ҳакамлик қилиш ҳам ўринсиздек...
Толстой мақоласини маҳорат билан ўзбекчага ўгириб, унга мухтасар сўзбоши ёзган профессор Озод Шарафиддинов (у кишини Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин) шундай мулоҳазаларни баён қилади: «Толстой мақоласини қабул қилганлар ҳам бор, аммо уни кескин рад этганлар ҳам анчагина. Лекин, қандай бўлмасин, шу пайтга қадар дунёда ҳали бирон киши Толстой мақоласини чуқур далиллар билан, асосли равишда ишонарли қилиб рад этгани йўқ». Домланинг ушбу сўзлари негизида ўжар далиллар ётибди. Далилга таянган ҳақиқатни эса инкор этиш мумкин эмас. Айни пайтда, бундай “ўжар далиллар” негизида дунёда шундай ҳақиқатлар бўладики, уларнинг инкорида ҳақиқатга олиб боради, деган парадоксал мантиқ овозига ҳам ўрин бордек.
Шу маънода, ўқиётганингиз мақоланинг мақсади бутун умр ақл ва мантиққа содиқ қолган, буюк реалист қарашларига раддия билдириш эмас, балки Толстой баҳона Шекспир ижодининг баъзи ғайриоддий жиҳатлари хусусида фикр юритишга уринишдан иборат.
Салмоқдор мақоласида «Шекспирни нафақат даҳо ёзувчи, балки энг жўн, ўртамиёна ижодкор деб ҳам тан олиб бўлмаслигини кўрсатишга» (таъкид бизники - У.Ж.) интилган Лев Толстой, бизнингча, танқидий назарини Шекспир шахсияти, дунёқараши ва ижодига доир уч муҳим нуқтага қаратган.
Булар: а) Европа ижтимоий ҳаётида Уйғониш давридан бошланган маънавий, эътиқодий эврилишлар; моҳиятан христианлик ақидаларини бадиий усулда талқин ва тарғиб этишга қаратилган драматургиянинг Шекспир асарлари мисолида анъанавий функциясидан чекинганлиги; Европа Уйғониш даври мутафаккирлари (хусусан, Шекспир)нинг католицизм ва христианлик ақидаси ислоҳи, замонавий талқини ўлароқ туғилган простестантизмга янги адабий-драматик шакл топишга эриша олмаганлари, оқибатда ушбу оммабоп адабий турнинг “ноҳис одамлар характери ва уларнинг дунёвий эҳтиросларини ’’ (Л.Толстой) тасвирлашга шўнғиб кетгани; классик услубда юнон драматургиясига хос асл моҳиятни англамаслик; Шекспир дараматургияси ҳам мана шу психологик вазиятнинг меваси эканлиги ва бундай кайфият Толстой давригача ҳам давом этиб келаётгани;
б)    Толстой томонидан жумлама-жумла таҳлил этилган “Қирол Лир”, қисман мурожаат қилинган “Отелло”, “Гамлет” трагедияларида мазмуннинг саёзлиги; қаҳрамонлар характерининг ҳаракат ва нутқ мантиқидан келиб чиқмаслиги ва, айнан, ҳаракат, нутқдаги якранглик, мантиқсизлик; сюжет қурилишида Шекспир қайта ишлаган классик вариантларнинг жиддий ўзгаришга учрагани, улардаги тизимсизлик, тугун, трагик вазиятлар ва, умуман, асарлар архитектоникасида меъёрнинг йўқлиги ҳақидаги Толстой хулосалари;
в)    Шекспирга хос гўзаллик туйғусининг жўнлиги, Шекспир асарлари эстетикаси ва этикаси замирида тор дунёвий мақсад ётиши (“Шекспирнинг асосий принципи - мақсад бўлса, исталган воситани қўллаш мумкин деган принципдир ” - Лев Толстой фикри); Шекспир асарларида самимиятнинг йўқлиги, бунинг ўрнини ҳашамдорлик, дабдаба, сунъийлик эгаллагани; Шекспир дунёқарашдаги шовинизм боис, унинг асарларида бошқа миллатларга нисбатан нохолис муносабат етакчилик қилиши ва ҳ.к.
Толстойнинг юқорида бир қадар умумлаштириб берилган эътирозларини тўғри тушуниш, холис талқин этиш учун, бизнингча, Европа ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий муҳитига хос айрим масалаларга ойдинлик киритиш зарурати бор.
Эстетика тарихи гувоҳлик беришича, Шекспир адабиёт майдонига қадам босган давр Ўрта аср Европасида гегемонлик қилиб келган христиан ақидасининг инқироз палласига тўғри келади. Инсон феноменига муносабатда мутаассибона позицияда турган католик ва христианлик черкови ақидасининг ислоҳи, маълум маънода инкори сифатида Европа протестантлиги ва кальвинизм таълимоти пайдо бўлди. Эски ва янги ақида аро кураш узоқ вақт- ХУП-ХУШ-асрларгача давом этди. Бундан келиб чиқадики, эски ақида ўз ўрнини янги, ислоҳ қилинган диний таълимотга осонликча бўшатиб бермаган. Бунинг яна бир сабаби қарийб бир ярим минг йилдан ортиқ Европа халқларининг қон-қонига сингиб кетган анъанавий ақидадан воз кечиш ёки унинг ўрнига нисбатан бегона таълимотни қабул қилиш омма психологияси учун бир қадар ёт бўлган. Бундай улкан маънавий эврилишлар учун ташқи таъсирлар, сунъий ташвиқотлар қониқарли натижа келтирмаслиги, айни жараёнда керагича вақт, воқеликнинг табиий оқими шарт эканлиги кундай равшан. Шунингдек, протестантлик ва кальвинизм жорий даврдаги мутафаккир табақанинг барчасини ҳам ишонтира, ортидан эргаштира олмаган. Янада аниқроғи янги универсал таълимот сифатида даврининг илғор тафаккур эгалари талабларини қондиришга ожизлик қилган. Тарихий далилларга кўра, бошида Лефевр де Этапль (1455—1537) турган протестантлик, Жан Кальван (1509-1564) асос солган кальвинизм таълимотлари франция ижтимоий-маънавий муҳитида чуқур из солган бўлса ҳам, бошқа Европа мамлакатларида, хусусан, Шекспир мансуб Англияда у қадар кенг қулоч ёя олмаган. Бизнингча, айнан шу сабаблар туфайли Уйғониш даврининг энг етакчи мутафаккирлари ё илм-фан, ақл ва тажрибани ё халқ поэтик тафаккурини ёки ислом Шарқи фалсафий қарашларини бадиий адабиёт, хусусан драма учун, маънавий таянч ўлароқ танлашни маъқул кўрганлар. Баъзи Уйғониш мутафаккирлари ижодида саналган омилларнинг бири, баъзи кенг қамровлиларида эса уларнинг барчаси комплекс тарзда бадиий-эстетик асос бўлиб хизмат қилган. Шунинг учун бундай ижодкорлар драмаларида ўрта аср Европа драматургиясининг муқаддас анъанаси бўлиб келган черков таълимоти тарғиби кун тартибидан тушириб қолдирилган. Драматургиядаги мана шундай азалий анъаналарнинг бузилиши, бу жиҳат, айниқса, Шекспир пьесаларида бўртиб кўриниши Толстойда жиддий эътироз уйғонишига сабаб бўлган. Зотан, Толстой Уйғониш шабадалари боис маънавий эврилишга учраган Европа одамларининг шекспирона мураккаб талқинларини қабул қила олмаган.
Толстой мақоласида кўп бор тилга олинган юнон классик драмалари, Антик ва Ўрта аср ривоятлари, ғаройиб сюжетга эга солномалар Уйғониш даври адабиёти учун маънавий асос бўла олмасди. Чунки ушбу манбалар бу даврга келиб маънан эскирган, тафаккур шакли сифатида ўз умрини яшаб бўлган эди. Инсоният тарихидан маълумки, ҳеч бир жамият ёки шахс маънан эскирган ақидага қайтган эмас. Бу қонуният. Шунинг учун Уйғониш даври мутафаккирлари гарчи Юнон классик сюжетига мурожаат қилган бўлсалар-да, уларга фақат шаклий восита сифатида қараганлар, холос.
Жаҳон классицизм адабиётининг асл намуналарини ва айнан драматик асарларни кузатганимизда шунга амин бўламизки, юксак бадиий потенциал билан истифода этилган классик шакл на адабиёт тараққиётини, на истеъдодини чеклайди. Аксинча, классицизмнинг гениал намуналарида муаллиф бадиий концепцияси, классик сюжетни истифода этароқ, умумэстетик, умуминсоний моҳият касб этади. Бундан келиб чиқадики, катта адабиёт майдонида драма ҳам, роман жанри сингари, муаллиф савияси ва ижтимоий қарашларининг ўзгариши натижаси ўлароқ жанрий, специфик хусусиятларини ўзгартириб турар экан.
Шекспир ўзининг машқур асарларини ёзганда, ўзигача мавжуд бўлган драмалар, комедиялар, солнома ва ривоятлар сюжетидан фойдаланганини ҳамма билади. Лекин шунга қарамасдан, Шекспир асарлари пафоси, бадиий концепцияси, характери жиҳатидан замонавий, ўз даври учун том маънода янгилик эканини ҳам инкор этиш мумкин эмас. Лев Толстой мақоласида Шекспирнинг “Қирол Лир”ига манба бўлган “эски драма” (Шекспиргача мавжуд бўлган анъанавий сюжет)нинг жозибаси Шекспир асаридан устун қўйилади. Ҳақиқатан, бу асарнинг сюжет тизими, нутқи, ҳаракатлари рисоладагидек. Барча драматик вазиятлар мантиқий асосга эга. Воқеалар тушунарли. Ушбу асар сўнггида Лир ҳам, қизлари ҳам ўлмайдилар. Аксинча кекса Лир қатор драматик вазиятлардан кейин севимли кенжа қизи Корделия билан бирга қолиб, мурод-мақсадига етади. Зотан, унинг мақсади умрининг сўнггини Корделия ҳузурида тавба-тазарру билан ўтказиш эди, вассалом. Шекспир асаридаги Глостер оиласи билан боғлиқ сюжет чизиғи эса классик драмада умуман йўқ. Шу нуқтаи назардан анъанавий драма ягона сюжет чизиғи, ягона мантиқ ва мақсадга қаратилган.
Хўш, Шекспирга ушбу классик сюжет нега керак бўлди?
Бизнингча, Шекспирнинг мақсади, классик драмадаги сингари, Қирол Лир ҳаёти билан боғлиқ мантиқ ва ҳаётий мувозанатга эга қизиқарли воқеани акс эттиришгина бўлмаган. Балки шу сюжет воситасида замонасига хос энг чигал муаммоларни кўрсатиш бўлган. Асар таҳлили “Қирол Лир”да бир эмас, бир нечта умуминсоний муаммо икки сюжет тизимида универсаллаштирилгани, бадиий синтез қилинганидан далолат беради. Яъни Лир сюжет тизимида:

1) кўп замонлардан бери Европа халқлари маънавий ҳаёти учун хос бўлган оталар ва болалар муаммоси;
2) инсон табиатидаги иззатталаблик ва такаббурлик (Мутакаббир сифати фақат Оллоҳга хос!);
3) маъанавий бузуқлик (мол-дунё, шуҳратга ўчлик, никоҳга, қондошларга, дўстларга хиёнат).

Глостер сюжет тизимида:
1) никоҳсиз туғилган фарзанд (шарқда валади зино);
2) мунофиқлик, ҳасад (Шарқ ислом фалсафасида мунофиқлик ўта ёмон қусур ҳисобланади. Ҳатто мунофиқликнинг қотил ва зинокордан ҳам хавфлироқ экани, бундайлар оила ва ижтимоий муҳитда упкан инқирозлар юзага келишига сабаб бўлишлари мумкинлиги айтилади). Шунингдек, мустақил асарлар бўлган “Гамлет” ва “Отелло”да хиёнат, рашк ва қасос каби маънавий категориялар эстетик категория даражасига кўтариладики, бу ҳам Шарқ халқлари маънавий қадриятларига яқин келади. Шекспирнинг мазкур уч асари жанр нуқтаи назаридан трагедия, деб белгиланган. Кўринадики, Шекспир классик солнома ва драмалар сюжетидан фойдаланиб, бадиий талқиннинг энг юксак намунаси - трагедияни ижод қилган. Маълумки, ушбу жанрдаги асарлар учун трагик сюжет, трагик образ, трагик нутқ, трагик вазият, трагик тугун, трагик кульминация, трагик ечим ва ҳоказолар етакчилик қилиши шарт. Демак, Шекспир ўз асарларида ўзигача мавжуд бўлган солномалар, комик ёки драматик асарлардан фақат шакл эътибори билан фойдаланган, натижа ўлароқ ўқувчи (томошабин)га тамомила оригинал талқин турини - трагик пафосни такдим этган. Муҳими шундаки, классик вариантлар қаҳрамонлари мантиқий воқелик, жамият ёки муайян кучлар қаршисида драматик вазиятларни бошдан кечирсалар, Шекспир қахрамонлари объектив шаклга эга бўлмаган, хар қандай маъни-мантиққа бўйсунмайдиган, ақлни лол қиладиган яширин куч, хаотик энергия, шаҳвоний истаклар, кудратли ва ёвуз туйғулар қаршисида ожиз қоладилар. Изоҳ шуки, Шарқда барча ёвузликлар инсон ботинида бўлиши, ўз нафсини енгган одамгина комилликка эришиши, қалб муолажаси жамият ва оила саодатининг калити экани уқтириб келинади. Демак, инсоннинг нафс олдидаги ожизлиги энг улкан фожиаки, Шекспир трагедияларида айнан шу муаммо акс эттирилади.
Шекспир трагедияларида, Толстойда энг кўп эътироз туғилишига сабаб бўлган телба, айёр ва масхара образлари асосий ўринни эгаллайди дссак, янглишмаймиз. Уларнинг баъзилари (Гамлет, Эдгар) муаллиф томонидан атайин телбага айлантирилса, бошқа бир тоифаси (Лир, Отелло, Офелия) ҳақиқатан телба бўлиб коладилар. Бу икки тоифа телбаларнинг бир қарашда мантиқсиз туюладиган ҳаракатлари моҳиятида Шекспирнинг асл бадиий концепцияси, таъбир жоиз бўлса, темир мантиқи бор. Назарий жиҳатдан, Шекспир трагедияларида телбалик, ечимсиз вазиятда қолган қаҳра-мон учун трагик ечим вазифасини ўтайди. Мазкур назарий хулосани Шекспир асарларидаги телбаларнинг бадиий функ-цияси тўла далиллайди.
Шекспир трагедияларидаги телбаларнинг икки тоифага бўлиниши ҳам тасодиф бўлмай, муайян ички тизимга асосланади. Яъни қайси қаҳрамон объектив кучлар (жамият, оила аъзолари, дўстлар) қаршисида ожиз қолиб трагик вазиятга тушса, улар бу вазиятдан ясама (сунъий) телбалик воситасида чикиб кетишади. Бундай қаҳрамонларни фақат телба деб аташ ноўрин. Уларга нисбатан масхара ёки телба-айёр жуфтлигини кўллаш тўғрироқ бўлади, бизнингча. Муҳими, уларнинг нутқлари ҳам ўзига хос, унда алжираш, ҳикмат ва киноя оҳанглари синтезлашиб кетади.
Масалан, “ўзга дунё” вакили - отаси орқали барча мудҳиш сирлар (отасининг амакиси ва онаси томонидан хоинларча ўлдирилиши)дан воқиф бўлган Гамлет биродаркуш амакиси, хиёнаткор онаси, молпараст мулозими, лаганбардор дўстларининг ёвуз туйғулари қаршисида ёлғиз қолади. Шундай улкан кучга қарши курашга маҳкумлик туйғуси, касос изтироби уни трагик шахсга айлантиради. Трагик вазиятдан чиқишнинг объектив имконияти бу ўринда йўқ. Айни вазиятда Гамлет айёрликка ўтади. Ўзини жинниликка солади. Хусусан, Клавдийнинг содиқ мулозими Полоний томонидан: “Мен қўлингиздаги китобда нима ёзилганини сўраётирман”, дея берилган саволга шундай жавоб қилади:
«Туҳмат ёзилган. Бу муттаҳам ҳажвчининг ёзганига ишонсак эмиш, чолларнинг сочлари оқ бўлармиш, юзлари ажинларга тўлармиш, гўё кўзларидан мум шираси ва олхўри елими қуюқ-қуюқ оқиб кетармиш ва гўёки уларнинг калласида ақлдан хотиржамлик, сонларида эса дармондан камлик содир бўлармиш...» (Шекспир. Танланган асарлар. Гамлет. Беш жилдлик, учинчи жилд. - Т., 1983. Мақсуд Шайхзода таржимаси). Кўринадики, телба Гамлет аён ҳақиқатни инкор этиб, телбалигини намойиш этаётган бўлса ҳам, нутқидаги киноя оҳанги, шунга хос структура трагедиянинг бутун ҳикматини, трагик қаҳрамон пафосини англатиб турибди. “Қирол Лир” трагедиясида зинодан туғилган мунофиқ ука туҳматига учраган покдомон ўғил, улуғвор ният соҳиби, “айбсиз айбдор” - Эдгар ҳам ўзини телбага солар экан, Флибертижиббит номли шаҳватпараст алвасти ҳоли-жонига қўймаётганидан зорланади. Аламзада Лирга қарата: “Қадамингни ишратхоналардан, қўлингни хотинлар этагидан, қаламингни қарз тилхатлари ёзишдан йироқ тут” (Жамол Камол таржимаси), деган мазмундор кинояни ўртага ташлайди. Ва маъносиз туюлган ушбу нутқида биратўла учта ахлоқий муаммони: ишратпарастлик, зино ва судхўрликни инкор этади. Зотан, бунда Лир фожиасининг ҳам, Эдгар фожиасининг ҳам мазмун-моҳияти акс этади.
Шекспир телбаларининг иккинчи тоифаси ўз нафслари қаршисида ожиз қоладилар. Улар, ёвуз кучлар қутқусидан ўзини телбаликка солиб қутулган Гамлет ва Эдгардан фарқли равишда, шаҳват(нафс) тузоғидан ақл воситасида (сохта телбага эврилиб) қутулиб кетолмайдилар. Оқибат ҳақиқий телбага айланадилар. Шекспир трагедияларига хос бундай ҳолатлар ҳам трагик ечимни ифодалайди, аммо бунда биринчи мисолдаги каби рационал ечим эмас, балки иррационал ечим бадиий концепция ўзагини ташкил этади.
“Қирол Лир”да Лир, “Гамлет”да Офелия, “Отелло”да Отелло (тўғри, бу образ том маънода жинни эмас. Аммо унинг жунун ҳолатида Дездемонани ўлдириш саҳнаси, онгли ҳаёти давомидаги ўша мудҳиш лаҳза жунун ҳолатида содир бўлади. Ғишт қолипдан кўчгандан кейин Отеллонинг ўзи ҳам буни англайди.) образларида намоён бўладиган бундай ҳолатларни жаҳон адабиётшунослари “дионисийское (дионисийлик) деган назарий термин остида тушунтирадилар. Ушбу назарий тушунча И.Кант, Ф.Шиллер, Ф.Ницше, Й.Винкельман, В.Хализов сингари файласуф ва назариётчилар асарларида, адабий манбалар мисолида, эстетикликнинг зидди ўлароқталқин этилади. Қисқача тушунтирилганда “эстетическое” (эстетиклик) тартиб - космос, уйғун гўзалликка асосланган бадиий воқеликни ифодаласа, “дионисийское” тартибсизлик-хаос, хунуклик ва ёвузликка асосланган (шайтоний) воқеликни ифодалайди. Юнон мифологиясида салтанат қонунларини бузиб, олий даргохдан бадарға қилинган Олимп фуқароси Дионис воқеаси ушбу тушунчанинг рамзий изоҳини ўзида сақлагани боис, адабиётшунослар адабиётдаги телба ҳолатини “дионисийское” термини билан ифода этиб келадилар. Мифдаги Дионис воқеаси кўп жиҳатдан шарқ-ислом манбаларида қайд этилган Иблисга оид ҳақиқатга яқин келадики, ўзбек ўқувчиси бунинг изоҳига муҳтож бўлмаса керак.
Гарчи, ўзбек адабиётшунослигида ушбу мустақил категория илмий истеъмолга кирмаган бўлса-да, юксак бадиият-га даҳлдор миллий адабиётимиз бундай ҳолатларни азалдан талқин этиб келади.
Масалан, Ҳазрат Навоийнинг “Лисонут тайр” асаридаги “Шайх Санъон” ҳикоятида айни руҳий ҳолатнинг шарқона бир намунаси тасвир этилган. Торсо қиз ишқида адо бўлган, яхши-ёмонни унутган Шайх Санъон бир тақводор муридининг:
Бири деб: - “К-эй муқтадои аҳли роз, Бу бало дафъиға вожибдур намоз”...
дея берган маслаҳатига шундай жавоб қилади: Шайх дебким, - “Урма бу маънида дам, Телбадурман, телбага йўқтур қалам”... (МАТ, 20 томлик, 13-том. Лисонут тайр. - Т, 1996).
Бу ўринда ҳазрат Навоий “қалам” деганда илоҳий қонуниятларни назарда тутаётганига шубҳа йўқ. Демак, телба одам учун наинки ижтимоий қонуниятлар, илоҳий қонуниятлар ҳам ўзгача. Ақл соҳиблари учун белгиланган жазонинг телбага сира ҳам даҳли йўқ. Шайх Санъон айтган ҳақиқат эса ўзбек халқи орасида бир оз бошқачароқ шаклда - “Тентакдан сўров йўқ” ҳикматида акс этади.
Ёки Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ида Қутидор дарвозасидан ҳайдалган Отабекнинг Марғилон кўчалари бўйлаб мақсадсиз кезишлари,бўзахўрликка берилишлари, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи қаҳрамони Саидийнинг ўзидан минглаб баробар қудратлироқ бўлган поездни ағдаришга уринишлари айнан “дионисийское” тушунчаси билан ифодаланади.
Шекспирнинг Лир, Офелия, Отелло сингари қаҳрамонлари учун ҳам, жунун ҳолатида, табиат ва жамиятнинг барча қонунлари ҳечга айланади. Ўзининг иззатталаблиги ва такаббурлиги туфайли қизлари томонидан рад этилиб, ечимсиз вазиятда қолган Лир трагик ечимга телбалик орқали келади. Энди унинг учун давлат қонунлари ҳам, киборлар муҳити қонуниятлари ҳам, табиат қонуниятлари ҳам (бўронни эсланг) ўз аҳамиятини йўқотади.Илло, подшоҳликни дабдаба-ю асъасалари, хазиналари-ю аскарлари, бутун ер-мулки, киборлар жамиятни барча шон-шавкати, қизларини фарзандлик ҳаққи билан ташлаб чиққан бу трагик қаҳрамон қайси қонунни тан олиши мумкин эди? “Тентакдан сўров йўқ” экан, ундан мантиқ талаб қилишнинг ўзи мантиқсизлик бўлмайдими?
Ўзидаги сўқир рашк туйғусини жиловлай олмаган Отелло бегуноҳ Дездемонани бўғиб ўлдиради. Айнан рашк уни ақлдан оздиради, аммо қизиғи шундаки, Отеллонинг телбалигида ҳам улуғворлик бор. Чунки қотилликка қўл ураётган Отелло то сўнгги дақиқаларгача ўзини ҳақ деб билади, хиёнаткорга жазо бераетганига ишонади. Аммо хатосини англаб етганда эса, (бу асарнинг трагик кульминацияси) ғишт қолипдан кўчган эди.
Умидсиз муҳаббат изтироби Офелияни ҳам телбага айлантиради. У отасининг қотили (Гамлет)ни севолмас, севмаса ҳам бўлмас эди. Мана шу амбивалент (икки зид туйғунинг синтезлашуви - УЖ.) туйғу Офелиянинг телбалигига асос бўлади. Айнан телбалиги боис Офелия илоҳий қонунлардан юз ўгиради, жонига қасд қилади.
Шунингдек, “Қирол Лир”даги Масхара образи ҳам бирор сўзи, бирор ҳаракати билан мантиқ ва ақл мезонларига тушмайди. Масхара шу даражада қоидабузарки, у ҳатто асар композициясини, образ мантиқини бузишгача боради. Трагедиянинг 3-парда, 6-саҳнаси сўнггида асардаги Масхара образи саҳнани бутунлай тарк этади, қайтиб кўринмайди. Баъзи адабиётшунослар трагедиядаги ушбу ҳолатни ҳам, Шекспирнинг мантиқсизлигига йўядилар. Адабиётшунос Сувон Мели эса айни ҳолатни қуйидагича изоҳлайди: “... Лир вужудида Масхарага, унинг тафаккур тарзига хос жиҳатлар бисёр бўлиб, муайян нуқтада бундай жиҳатлар йўқолади. Руҳан қайта туғилган (телбалик босқичидан кейин бошқа одамга айлангани назарда тутилмоқда - У.Ж.) Лирда Масхарага, яъни ўз-ўзини назорат қилишга энди зарурат ҳам йўқ, куч ҳам. Зеро, Масхара образи моҳиятини ташкил этувчи аччиқ киноя инсон ўз-ўзини четдан туриб кузатиш, таҳлил қилиш қуролидир.
Олий ҳақиқатга киноя ёт. Киноя ожиз ва аламзадалар қуроли” (Мели С. Ҳазиллашманг даҳо билан, “ЎзАС”, 2002, 16 август). Олий ҳақиқатга киноя ёт экани шубҳасиз. Шу боис ҳам олий ҳақиқат юкини елкасига олган телба Лир руҳиятига Масхара сиғмайди. Эндиликда у Олий ҳақиқат этагидан тутганча, ўз қисматининг интиҳоси томон одимламокда эди. Айни пайтда, олий ҳақиқат фақат улуғвор трагик образ тимсоли ўлароқ намоён бўлгувчи Лиргагина эмас, шундай улуғвор ғоялар соҳиби Шекспирга ҳам тегишли. Воқеан, олий ҳақиқат ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Яхши-ёмон, оқ-қора, гўзал-хунук, оқил-телбаларнинг барчаси бирдек унга хизмат қилади.
Хуллас, шекспирона гўзаллик тушунчасининг чиғал ва мураккаблиги ҳам, олий даражадаги трагизими ҳам, энг муҳими, миллат ва замон танламаслиги ҳам ундаги ҳаққониятда. Самовий ҳақиқат (олий бадиият) шу қадар юксак, баъзан уни англаш учун тафаккур ва мантиқнинг ўзи кифоя қилмайди. Толстой танқидига хос ҳақиқат эса, кўпроқ ақл ва мантиққа таянадики, у ҳам бир мустақил қараш ўлароқ яшашга ҳақли.

УЗОҚ ЖЎРАҚУЛОВ
"НАЗАРИЙ ПОЭТИКА МАСАЛАЛАРИ: МУАЛЛИФ. ЖАНР. ХРОНОТОП" китобидан