Facebook
ҚОТИЛЛИҚ PDF Босма E-mail

Бир гал Шамсиддин суҳбатинн саволлар, эътирозлар, муқаддас китобларга таянишлар билан кесиб, яна жанжал-тўполон кўтаришгач, у Валадга нохушланиб деди:
— Кўрдингми, нелар қилишаяпти! Мени яна Мавлонодан айирмоқчилар. Майли, хурсанд бўлишаверсин, бу гал шундоқ яширинайки, изимни ҳам топишолмасин!
Жалолиддин фалокат яқинлашиб келаётганини сезарди. Аммо янги ҳижрон ҳақида ўйлашни ҳам истамасди. Аксинча, дўстининг «Шамси учқур» бўлгани етар. У Кўнёда муқим бўлиб, шу ерда илдиз отиши даркор.
Шоирнинг асрандиси, ўн олти яшар Кимё ҳатто Мавлоно ҳам эъзозлаб кўкларга кўтарадиган бу ғалати одамга кўпдан яширинча кўз ташлаб юрарди. Шамс чиндан ҳам ғаройиб таассурот қолдирарди. Унинг ҳар бир иши, хатти-ҳаракатида сўнгсиз бир қатъят барқ урар, лекин бу шайхнинг тақводорлигию зоҳиднинг мутаассиблигига сира ўхшамасди. Лабларида — ҳамиша кинояли бир табассум, кўзларида — тўсатдан қаҳр-ғазаб билан алмашинувчи ажиб мунг-алам. Соқоли оқарган бўлса-да, қадам олишлари йигитчалардек шиддаткор ва енгил. Сўзи, кўз қараши кишини ўз измига солади.
Кузда камтарона тўй қилишди. Кимё Кира-хотуннинг қаноти остидан чиқиб, мадрасанинг иккинчи ярмига, Шамсиддин учун ажратилган ҳужрага кўчиб ўтди.
Эри гўдакка ёки қушчага бойлангандек унга бойланиб қолди. Биргаликдаги турмуши узоққа чўзилмаслигини сезгандек, у ҳамиша хотини атрофида гирдикапалак эди.
Лекин бу никоҳ, Жалолиддин кутганча, фалокатни дафъ этмади, аксинча, уни яқинлаштирди.
Бу ўринда, ниҳоят, Жалолиддин умрининг охиригача ҳатто хаёлида ҳам тилга олишни истамаган бир номни эслашга тўғри келади. Бу—Ларенде шаҳрида Гавҳар-хотундан туғилган, марҳум акасининг номи билан аталган иккинчи ўғли — Аълоиддин.
Унинг ғалати феъл-ҳуйи бор эди. Ҳамиша ишни тескари бажарарди, айниқса, акаси Валадга аччиқма-аччиқ иш тутишни яхши кўрарди. Валад — назокатли, серғайрат, юмшоқ кўнгил, Аълоиддин — тошбағир, қайсар, жанжалкаш эди. Бир гал Валаднинг бир динор тилласи йўқолиб қолди. У бутун уйни ковлаштириб, тасодифан уни Аълоиддиннинг китоби қатидан топиб олди. Сўнг ғазабланиб, инисига ташланди. У эса пинагини ҳам бузмади, кулиб қўя қолди.
— Сен авлиёсан-ку, сенга пул на ҳожат!
Отаси уларни зўрға яраштирди. Жалолиддин тушунарди: йигитча отасининг нуфузи паноҳидан қутулиб, ўзини, ўз йўлини топишни истайди. Вас, улғайиб, эс-ҳушини ўнглаб олар, деб умид қиларди. Лекин ундоқ бўлиб чиқмади.
Ута қобилиятли Аълоиддин мадрасани зўрға тугатди. Отасининг кўмагида мударрис бўлди, лекин бор хатти-ҳаракати билан на вазифасини, на отасининг шаън-шавкатини назар-писанд этмаслигини айтиб турарди.
Оиласи кўпинча ақчасиз, таомсиз қолар, у бўлса хафталаб узумзорларда айш этар, бетайин улфатлари билан майхўрлик қилиб, чўри қизлар билан кайф-сафодан бўшамасди.
«Ба ҳаққи Худо, ба ҳаққи Худо, ба ҳаққи Худо,— деб ёзган эди шоир,— агар отанг дилига тасалли берайин десанг, уйингни, аҳли хонадонингни унутмагайсен. Ўғлим, кўзингни қоплаган пардадин тезроқ қутулгайсен, зеро, сен от сурган тарафда саробдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Қўплар ўша ёққа от суришди, лекин кўришдиким, у ёқларда сувдин асар йўқ эмиш. На ҳожат, на ҳожат, на ҳожат, ҳамманарса шу ерда!.. Мардлигинг, олижаноблигинг, одамийлигингга умид улким, сенинг толеингни тилаган дилларга жароҳат солмагайсен. Сенинг бечора отанг ўн марталаб амир Сайфиддин ва унинг одамлари ҳузурига бориб, нечоғлик мушкул бўлмасин, улар эшигида қўл қовуштнриб турди. Ҳа, сени деб шу мушкулотни ҳам бўйнимга олдим. Худо ҳақи, ўз уйингдин, ўз одамларингдин кечмагайсен... Отанг кўнглига таскин бер, токи у сенга мактуб ёзиш ўрнига парвардигорга ҳамду шукрона этсин!»
Лекин авраш, эркалаш бари бефойда бўлиб чиқди. Ўспиринликка хос худбинлик унинг табиатида моҳият-га айланган эди. У ўз мустақил ўрнини топишга, эр-кинликка ташна эди, оқибатда ўз айби-қусурларига, ўз кибру ҳавосига ожиз бир банда бўлиб қолди. Мустақиллик қаёқда! У нақ қўғирчоққа ўхшаб акаси ва отасининг хатти-ҳаракатларини такрор этар, лекин худди кўзгудагидек тескари томонга такрорларди.
Шамс Кўнёда пайдо бўлиб, Мавлонога дўст, Валадга устоз тутиндию уни Аълоиддиннинг жини севмай қолди. Шамснинг уйланиши эса унинг нафратини тағин ҳам қўзитиб юборди.
Кимё гўзал қиз эди. У ўн тўрт ёшга тўлганда, Аълоиддин унга уйланиш орзусига тушди, Лекин Мавлоно ўз асрандисига ўта меҳр қўйган, уни Аълоиддиндек кишига учинчи хотнн қилиб беришни истамасди. Мана, энди бўлса Кимё лаънати табризликка хотин бўлиб ўлтирибди!
Янги келин-куёв мадрасага жойлашишди. Ўша йил куз аёзли келди, ҳужралар сағанадек совуқ эди. Келин-куёв уйидаги ягона ўчоқ даҳлизда жойлашган эди. Улар даҳлизнинг бир четига парда тутиб, ётиб-туришни иссиққа яқинроқ ерга кўчиришди.
Аълоиддин отасини кўргани келаркан, бирор баҳонада даҳлизга суқилишга ва Кимёга тўқнаш келишга интиларди.
Унинг бу қилиғи, ниҳоят, Шамсиддиннинг жонига тегди. Аълоиддин бир гал жуббасини олиш баҳонасида даҳлиздан ўтиб, ҳужрага кирмоқчи бўлганда, у силтаб ташлади:
— Мен бу ерга кириб, менинг фикримни бўлишларини манъ этганмен. Мен бу ерни хилват деб танлаганмен. Маъқулми?!
Аълоиддин ғазабдан кўкариб, ташқари отилди, шу-шу бўлдию отасини йўқламай қўйди. Шамс билан тўқнашувини айтиб бераркан, улфатлари уни мазах қилиб кулишди: «Бу қанақаси, бировнинг уйида паноҳ топган киши шу уйдан хўжайиннинг ўғлини қувиб ҳайдасин! Бунга чидаш учун хотиндек юраксиз бўлиш керак».
Аълоиддиннинг юриш-туриши шундоқ эдики, унинг улфатлари орасида Шамсиддин ва Жалолиддинга ошкору ниҳон душман бўлган амалдорларнинг ювинди-хўрлари бор эди.
Ўғлининг қилмиши ҳақидаги миш-мишлар Жалолиддиннинг қулоғига етгач, у яна бир — сўнгги мактуб ёзди «Магар бирор кимса андишасизлик кўйида ўғлимизни унинг табиатига зид бўлган номаъқул йўлдан бошлаётган экан, у ўша йўлдан елиб-югуришга ошиқмагай. Кўз олдингда жумла олам ўзгариб, жумла олам сени ҳам ўзгартирсин. Сен ўз йўлингдин юргайсен, ундан адашмагайсен... Уша ҳужрада ўз отам яшайди, деб фараз қилгайсен. Не-не соддадил одамлар ўзгаларга эргашиб, бадкирдорлик йўлига кирур. Лекин оқил одам бировнинг кўзи кўр ёки ғилай экан деб ўз кўзини ўярму? Фалончи ундоқ экан деб, ўшанга эргашиш — оқилларнинг иши эмас!..»
Шоир инсон табиатининг энг эзгу сифатлари: руҳий саховат ва олийжанобликка кўз тикар, ўғлини «разолат ва манманлик даричасидан юз ўгириб», «худбинлик ахлатхонаси» эшигидан чиқишга ундарди.
Беҳуда. Аълоиддиннинг инсоний сифатлари аллақачон худбинлик ва жаҳолатга ем бўлган эди. Ўз ҳою ҳавасларининг қули бўлмиш бу кимса инсонликка нафрат билан боқувчи мутаассиб жоҳиллар измида, Шамсиддин ва Мавлоно айтган ваъзлардан, уларнинг халойиққа таъсиридан қўрқиб-қалтираган амалдорлар қўлида бир қурол бўлиб қолган эди.
Қишнинг бошларида заргар Салоҳиддин ҳунармандларнинг ўзга оқсоқоллари билан қўшилишиб, Мавлоно ва Шамсиддинни мажлиси самога таклиф қилди. Шоир рақс тушиб, бадиҳа айтиб, ҳаммани ўз жазавасига асир этди. Машшоқлар ҳолдан тойишиб, кетма-кет ўрин алмашадилар. Аммо шоир чарчамайди, тунни тонгга улайди. Руҳият базми сурункасига икки кечаю икки кундуз давом этади.
Ёлғиз қолган Қимё Қира-хотуннинг хонасида тунайди. Учинчи кун эрталаб ўчоқда олов ёқмоқчи бўлиб, ҳужрасига кирганда, тўшак ёнида устига товоқ тўнкарилган патнис билан каттакон тарвузга кўзи тушади. Патнисда — хамирига асал, ёғ қориштириб пиширилган паҳлава. Ёш жувоннинг чеҳраси севинчидан ёришиб кетади. Унинг Шамси қайда бўлмасин, ёрини унутмайди: паҳлава — Кимёнинг жону дили эканини у яхши билади.
Эрининг қайтишини кута-кута, у паҳлавани еб битиради. Тарвуз Шамсга қолсин, самодан сўнг у тарвуз еб, чанқоғини босишни хуш кўради. Лекин паҳлава — ўта ширин, уни чанқатади.
У бир тилик тарвуз еса, Шамс хафа бўлмас. Тарвуз йирик, бунинг устига ҳаво ҳам совуқ, у айнамайди. Ҳадемай пешин, улар Салоҳиддиннинг уйидан энди қайтишса керак?!
У эри ҳамиша боши учига қўядиган чарм халтани очади. Қайиқ-қалпоқ, ҳассага қўндириладиган, худонинг исми битилган алам йўқ Шамс мажлиси самога борганда уларни ўзи билан бирга ола кетарди.
Кимё яманий эгри пичоқни олади. Тарвузнинг икки четини арчади. Эри тарвузни ҳамиша шундоқ кесиши-ни ўйлаб, табассум қилади-да, қип-қизил тиликни оғзига элтади.
Шамс тушдан сўнг уйига қайтади, Кимё унга пешвоз чиқмайди. Эри пардани нари суради, хотини ғужанак бўлиб тўшакда ётибди. Нима гап?
— Хотин! Хотин! Кабутарим!
У жавоб бермайди, қимирламайди ҳам. Кўзлари катта-катта очилган. Уларда азоб ва даҳшат акс этади. Нафас олиши оғир. Шамс унинг устига энгашиб кўрадики, Кимё бошини бурмоқчи бўлаётир. Унинг нигоҳи оққан томонга қараб, патнис ва унда кесилган тарвузга кўзи тушади. Балки сув ичмоқчидир?
Шамс сакраб оёққа туради. Қўлига тарвуз ва пичоқни олади.
Шунда Кимёнинг кўксидан даҳшатли бир хириллаш отилиб чиқади.
Шамснинг қўлидаги тарвуз тош саҳнга тушиб, лахта-лахта қондек, ҳар ёққа сочилиб кетади.
Мусулмон одатига кўра, марҳумани эртаси куни эрталаб дафн этишади. Шамс ҳамдардлик билдирганларнинг сўзларини жим туриб, бошини эгиб, эшитади. У таъзияга ҳам, тасаллига ҳам муҳтож эмас. Йиғичиларнинг ноласи, ҳофизларнинг хониши остида тобутга унсиз эргашади. Ортидан нафрат билан боқишларни сезади, гўё бу ўлимга у сабабчидек. Адоватли ивир-шивирлар қулоғига етади: «Касофат... Бадбахтлик келтиради». Аллақандай темир ҳалқа юрагини исканжага олиб, сиқа бошлайди.
Мадраса мотам қўйнида. Шамсиддин ҳеч қаёққа чиқмайди, ҳеч кимсани кўришни ҳам истамайди. У чиндан ҳам бадбахтлик келтиради, ўзи меҳр қўйганларни нафрат ва ўлимга дучор этади. Худо асрасин, Мавлонога бир кор-ҳол бўла қолса, у ўзини асло кечирмайди.
Жалолиддин ғаввосдек унинг руҳий уммонига шўнғиб, бебаҳо дурдоналар терди. Бу гавҳари дурдоналар унинг, Жалолиддиннинг ўз сўзлари. У ўша бойликни асраб-авайлаши, кўпайтириши лозим. Аммо бунинг учун Шамс ғойиб бўлиши шарт. Бу гал у ҳаммасини пухта ўйлаб қўйди. Дарвеш — қаландарлар уни яширишади ва дунёнинг нари чеккасига олиб кетишади. Улар пайшанба кун келишга ваъда қилишган.
Пайшанба, 1247 йилнинг 5 декабрини Шамсиддин ўз ҳужрасида ўтказди. Кечқурун эшитди: уни чақиришарди. У шошилмай эшикка томон юрди.
Бу —унинг ер юзидаги энг сўнгги қадамлари эди.
Тонготарда Жалолиддин Валаднинг хонасига отилиб кирди.
— Тур! Намунча ухлайсен? Шайхингни изла! Унинг муаттар ҳиди тағин думоғимизга урмаяпти!
Валад сапчиб ўрнидан турди. Анграйиб отасига тикилди. У дағ-дағ титрарди.
— Югур, изла! Шаҳарни оёққа турғиз! Бўл тезроқ!
Валад шоша-пиша кийиниб, ҳужрадан отилиб чиқди. Шамсиддин ҳеч қайда кўринмасди. На мадрасада, на ахийлар ҳузурида, на масжиду хонақоларда, на карвонсаройларда. Шаҳар дарвозаларидаги на тунги, на тонгги соқчилар шаҳардан шундоқ бир кишининг чиққанини кўришмаган.
Қидириш давом этар экан, Мавлоно кўз юммади.
«У айрилиқдин эс-қушини йўқотди,— деб эслайди кейинчалик Валад,— Боши қайдаю оёғи қайда — билмасди. Фатво бергувчи шайх муҳаббатдин маст бўлган шоирга, зоҳид майфурушга айланди. Лекин у узум майи ичиб, узум майи сотувчи эмасди. Унинг қалби нурдан бўлак нарсани нўш этмасди» деган эди.
Жалолиддин яна мотам либоси — ҳиндуворий нопармон матодан тикилган яхтагию мисранг қалпоғини кийди, нопармон салласини остини кенг, устини ингичка қилиб, бошига чулғади. Кўйлак яқосини чок этди, оёғига юмшоқ маҳси кийди. Тўрт қиррали араб рубобини олти қиррали қилиб, қайта ясатди: Машриқ ва Мағриб, Шимол ва Жануб, фалак ва Жаҳаннам. Бу рубобдан таралган садо, Шамс қайда бўлмасин, унинг қулоғига етиши даркор.
Бу орада турли тусмолларга етакловчи, бир-биридан даҳшатли хабарлар Валаднинг қулоғига чалина бошлади. Гоҳ жуҳуд маҳалладаги майхонада майхўрлик қилиб ўтирган икки навкар Шамснинг номини эшитиб, истеҳзоли илжайишади: «Қуёш ер тагига кирди-кетди, бошқа чиқмайди». Гоҳ Аълоиддиннинг улфаталаридан бири сўраб-суриштиришларга: «Шамолни даладан, оби-ҳаётни қудуқдан изла»,— деб жавоб беради.
Дарвоқе Аълоиддин қайда? Уни Қайсаридан топишди. Кундузлари тоат-ибодат қилар, тунлари май ичиб, нақ жинни бўлар, муздек сув, қонли ҳаммом ҳақида даҳшатли сўзлар айтиб, қичқирарди.
Йўқ, йўқ! Фақат бу эмас. Валад бошини чулғаган қўрқинчли хаёлларни нари ҳайдади.
Мадраса саҳнини супурган фаррош хотин сув учун фавворага эмас, яқин ўртадаги, молларга сув тортиладиган қудуққа боради. Бораётиб, йўлда ювилган қон доғларига кўзи тушади.
Тунда Валад уйқусираб, бақириб йиғлайди.
Кейин кўп йиллар давомида у кечалари қўрқўвдан қичқириб уйғонади. Биз охиригача ўйламаган ёки ўйлашни истамаган фикрлар тушимизда зоҳир бўлади, зеро, мия ҳар турли ишорат, аломат, ғайришууррий сезгиларни бир жойга жамлаб, уйқуда ҳам ўз ишини давом эттиради.
Валад ва ўша даврнинг ўзга диндор кишилари учун туш — ғойибдан ишорат эди. Лекин бу гал то ўзи ҳақиқатни аниқламагунча, Валад тушга ҳам ишонмайди.
Иккинчи кун кечаси у учта энг ишончли одами билан мадрасадан чиқади. Чироқ ёқмай, худди ўғрилардек пусиб, яқин ўртадаги қудуққа яқинлашишади, Ой шом еган, қишнинг совуқ, қорамтир осмонида юлдузлар унсиз милгирайди.
Қудуқ қопқоғи тақ этиб очилиб, темир чангаклар туғилган арқон тубсиз ўпқонга тушиб бораётгандек туюлади. Сувнинг шалоплаши эшитилади. Яна қудуққа уч қулоч чамаси арқон кетади. Арқон тутган киши уни нари-бери кескин силтайди Сўнг тепага тортади. Арқон таранглашади, лекин тортилмайди.
Улар тўртовлашиб, қулочкашлаб торта бошлайдидилар. Кафтлари шилиниб, узоқ тортишади. Ҳар гал чангакка илинган юк қудуқ деворига «гуп» этиб уриларкан, Валад бир сесканиб тушади.
Ниҳоят, юкни қудуқ лабига тортиб чиқаришади. Сувда шишиб кетган жасадни шу ондаёқ танишади: Шамсиддин. Чангаклар кийимини тешиб ўтиб, унинг ориқ биқинига санчилибди. Валад уларни тортиб олади қон йўқ.
Жасадни нима қилиш керак? Энг сўнгги дақиқага-ча Валад ишонмади. Шунинг учун бирор чорасини ўйлашга ҳам улгурмади. Лекин мурдани ҳеч кимса кўрмаслнги керак. Сир сақлашга қасамёд этган шу тўрттовидан бўлак.
Шунда «лоп» этиб, унинг бошига бир фикр келади. Шундоқ яқингинада ана шу мадрасани қурдирган амал-дор — Бадриддин Гавҳартошнинг бўм-бўш даҳмаси турибди. У мадраса ёнида мақбара ҳам солдириб, ўзини унда дафн этишни васият қилган эди. Шамсиддин Табризийни шу ондаёқ шу ерда, фақат шу ерда тупроққа топшириш мумкин эди.
Ўн йилдан сўнг Валаднинг ёш рафиқаси Фотима-хотун кечаси тўсатдан уйғониб, эрига қарадию қўрқиб кетди. Ҳеч қачон уни бу аҳволда кўрмаган эди. Эри шикаста ва нолон бир аҳволда, йиғлаб ўлтирарди. Нима бўлдийкин? Валад унинг ўктам ва жасурлигини билади. Лекин у бирор сўз ёки ишора билан бу сирни очмайман, деб қасамёд этиши керак...
Фотима-хотун ярим аср чурқ этмади. Фақат қариб-қартайгач, Жалолиддин ҳам, Валад ҳам аллақачон оламдан ўтиб бўлишгандан сўнг, бу сирни қабрга олиб кетгиси келмай, ўғлига айтиб беради... Ўша, она қорнидаёқ увол бўлмай, Мавлоно шарофати туфайли дунё юзини кўрган ўғлига. Ва Жалолиддин вафотидан эллик йил кейин набирасининг «котибул асрори» шайх Аҳмад Афлокий бу ҳикояни қаламга олади.
Шамсни эшикка чақирган қаландарлар эмасди. Етти киши ярим доира олиб, уни кутиб туришарди. Улар орасида Аълоиддин ҳам бор эди Шамс остонада пайдо бўлиши билан етти узун қассоб пичоғи баробар унинг танига санчилди.
Қонни мешларда келтирилган сув билан ювиб, жасадни қудуққа ташлашди.
«Шамсиддин ташланган қудуқ Валадга тушида аён бўлган. У жасадни дўстлари билан яширинча олиб, тупроққа топширган»,— деб ҳикоя қилган эди Фотима-хотун.
Аммо Шамсиддиннинг қаерда дафн этилгани яна етти аср сир бўлиб қолди.
Етти асрдан зиёдроқ вақт кечди. Замонларнинг қалин деворлари оша на оғриқ саси, на ҳасрат-алам овози эшитилади: бари бир ўтган шунча давр ичида у аллақачон дунёдан кўз юмиб, суяклари тупроққа айланарди.
Бу давр ичида не-не машҳур ва номашҳур кимсалар қабрга кирмади. Дунёда не-не қотилликлар, жиноятлар юз бермади.
Етти узун қассоб пичоғи. Қонни мешларда келтирилган сув билан ювиш. Қудуқ. Нақадар жўн, одамнинг қўнглини айнитадиган даражада содда!
Ҳар бир можаро, унинг маънавий моҳияти тўла очилгандагина, кишини ҳаяжонга солади.
Жалолиддин Румий 1247 йилнинг 5 декабрида Қўнёда рўй берган машъум можаронинг маънавий моҳиятини башариятга очиб берди. Шунинг учун ҳам бу можаро ўлмас ва абадий бўлиб қолди.
Мақтул ҳам, қотилнинг отаси ҳам бир-бирларида Инсони Қомилни кўришар, яъни, олам ва башариятни ўзида англаб, башариятга муҳаббат туфайли ўзлигини унутган Баркамол Инсонни. Аммо комил бўлиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд.
Аълоиддин Шамсни ўлдириш билан жумла инсониятни қонга бўяди. Шу билан ўзини ҳам ҳалок этиб, номини тириклар ва ўликлар рўйхатидан абадий ўчирди.
Эсда тутинг: «Бир одамни ўлдирган ҳаммани ўлдирганга тенг. Бир одамни тирилтирган ҳаммани тирилтирганга баробардир»
Жалолиддин ҳақиқатни билгач, иккинчи ўғлидан буткул юз ўгирди. Унинг дафн маросимига ҳам бормади. Қотилнинг насли ном-нишонсиз тупроҳқа кирди.
Ярим асрдан сўнг Аълоиддиннинг ўғли Валаднинг ўғли ҳузурига келди. «Биз ҳам Мавлоно наслиданмиз,— деди у,— ота қилмиши учун ўғил нечук жавоб бергай?» Валаднинг ўғли унга: «Сиз— аллақачонлар қирқиб ташланган бутоҳсиз»,— деб жавоб қилди.
Бу фожиа асроридан биринчи бўлиб воқиф бўлган киши Валад эди. У нима ҳам қила оларди? Қотилларнинг бири — ўз иниси эди. Бироқ қотилнинг отаси унинг ҳам ўз отаси эди.
«Мавлононинг йиғи ва ноласи етти фалакка етди,— деб эслайди Валад,— унинг фиғону фарёдини сағир ҳам, кабир ҳам эшитарди. У қўлига тушган симу зар, бор бисотини ҳофизу машшоқларга берарди. Ашъор айтиб, рақсга тушмаган куни, бир лаҳза ороми — қарори йўқ эди. Қўшиқ айтавериб, овози хириллаб қолмаган, тили шишмаган битта ҳам ҳофиз қолмади. Пул-ақча, инъом-эҳсон дегани ҳамманинг меъдасига тегди. Ифрот майхўрлик қилгандек, ҳамма ҳорғин ва хаста эди. Майхўрлик касридин хаста бўлганлар ҳушёр тортиб, ўзларига келишарди. Уларнинг эса, бетиним хониш ва но-ладан, уйқусизликдан тинкалари қуримишди. Чарчоқдин ўлар ҳолатга етиб, юраклари кўринмас ўтда куйиб, кул бўлди. Бутун шаҳар қўзғалди. Наинки шаҳар! Дунё оёққа турди. Ҳамма айтарди: «Шундоқ аркони ислом, шайхул оламийн жиннидек жазавага тушмиш. Унга эргашиб, халойиқ имонидин айрилмиш, шариатни унутмиш. Ҳамма ўз жонини ишқу муҳаббатга тикмиш. Жумла ҳофизлар ашъор ўқиб, машшоқлар изидан югурмиш. Сағир ҳам, кабир ҳам рақсга тушиб, севги суворийсига айланмиш. Шеъру ғазал тоат-ибодат ўрнига ўтмиш. Намоз ҳам, ниёз ҳам қолмамиш. Ишқ — уларнинг дину диёнати, мастлик, беҳудлик — ягона машғулоти, Шамс Табризий эса-шаҳаншоҳи эди».
Жалолиддин чиндан ҳам ўзини унутган эди. Шу кунларда Валад бор кучи билан қотилликни яширишга, уни ҳаммадан ҳам аввал ўз отасидан сир тутишга уринарди. Ўзга чораси бормиди?
Дўстининг ҳалокати ҳақидаги миш-мишлар Жалолиддиннинг ҳам қулоғига чалинарди. Лекин у ишонмас, ишонишни истамасди ҳам.
«Умри боқий ўлди, деб ким айтмиш? Шамсул уммид сўнди, деб ким айтмиш? Қуёш душмани томга чиқмишу кўзларини чирт юмиб, қуёш ботди, деб ўйламиш».
Биров кўчада, Шамсиддинни кўрдим, деб айтган эди, шоир тўнини шартта ечиб, унинг елкасига ташлади. Унга бу ишни бекорга қилганини, ҳалиги киши ёлғон гапирганини айтишганда, Жалолиддин алам-ўкинч билан деди:
— Мен унга ёлғон гапи учун тўнимни бердим. Чин деса, жонимни берардим!
Отаси Шамсни топиш учун Дамашққа отланганда ҳам Валад бир нима демади.
«Мавлоно Шамсиддинни Дамашқдан тополмади,— деб эслайди Валад,— лекин дўстининг асрори ой бўлиб, унинг осмонини ёритди. У дердики, биз жисму жонимиз билан бир-биримиздан йироқмиз, лекин ягона нур, ягона талъатмиз. Истасанг.— унга, истасанг—менга боқ. О, толиблар! Қамина—ул демак, ул эса — мен... Мавлоно Дамашққа қирғовул бўлиб бордию ёвқир қарчиғай бўлиб қайтди».
Дўстини моддий оламда йўқотган Жалолиддин уни ўз маънавий оламида қайта кашф этди.
Анъанага кўра, шоирлар ғазал охиридаги сўнгги байтда ўз номларини дарж этишади. Жалолиддин эса Шамсиддин Табризий номидан ғазаллар бита бошлади. Ҳа, ғазалларни унинг қайта кашф этилмиш дўсти тўқиётир, шоир эса — шунчаки бир котиб, шунчаки бир воситачи, холос. Ғазаллар унинг кўнгил дунёсида туғилади, бас, улар — Шамсиддиннинг ҳам ғазаллари. «Камина — ул демак, ул эса — мен».
Шоир Шамсни излаб, бир гуруҳ дўстлари билан ик-кинчи бор Дамашққа отланганда ҳам, Валад уни тўхтатмади. Жалолиддин бу гал дўстимни тўсатдан учратиб қоларман, деган умидда ҳар бир ўткинчининг юзига термулиб, кўчаю бозорларни кезмади, шерикларига хонақою мадрасалар, работу карвонсаройларни титкилашни буюрмади. Сурункасига бир неча ой кечани кеча, кундузни кундуз демай, қўшиқ айтиб, рақсга тушди. Салқин ва тезоқар Барада дарёси соҳилларида ястанган Равзатул Ислом деб ном олган, ям-яшил чаманзорларга бурканган қадимий Дамашқ Кўнёга ўхшаб, ашъору таронага тўлди. Шамс шу атрофда бўлганда, бу муҳаббат чорловига муқаррар садо берар, балки келар эди. Лекин Шамс келмади.
Жалолиддин яна Кўнёга қайтди. Бу гал жазавали, шиддаткор эмас, янги шогирд ва муридлар қуршовида ўйчан, хаёлчан эди.
У дўстини қучолмади, унинг табассумини кўришга яна бир карра ноил бўлолмади, унинг овозини эшитолмади. Лекин бу — Ҳақиқат Қуёши абадий сўнди, деган сўз эмишми? «Агар у — мен эсам, мен кимни излаймен? Унинг жамоли, унинг камоли—менда. Бир коса май янглиғ қайнаб жўшармен, ҳа, мен ўз — ўзимни излаймен!»..
Лекин у яна Дамашққа отланди.
Қўйиб тупроғи Румни, биз яна азми Дамашқдирмиз, Хумори зулфи сунбул, ташнаи базми Дамашқдирмиз. Магар Шамсул Ҳақиқат чеҳраси анда ниҳон эрса, Муқаррарки, ғуломдирмиз, мулозими Дамашқдирмиз...
Балки Шамсиддин ўз юртига жўнаган, Табризда яшириниб ётгандир? У ўз дўстини хокий кўзлари билан яна бир бор кўриш орзусида ўша ёққа ҳам отланишга тайёр «Шамс васлини соғинган қалбим қулоғимга:— Табризга жўна! Табриз тупроғини тароқ билан тара!— деб шивирлайдир...»
Шунда қонли сирнинг залвари остида тинкаси қуриган Валад, ниҳоят, отасига дўстининг бу ёруғ оламда йўқлиги, уни излаш беҳудалиги ҳақида айтишга қарор қилади. У имо-ишоралар ила сўзлайди, бор гапни айтиб қўя қолиш — Жалолиддинни мавҳ этиш демак эди.
Нигоро, не қилай, бағрингни сўзон айладинг, кетдинг,
Ялиндим, кетмагил, деб, банди ҳижрон айладинг, кетдинг.
Топиб ҳар ишга чора ҳам қилиб ҳар дардга бир дармон,
Бу гал бечора қолдим, кўзни гирён айладинг, кетдинг.
Юзинг ой эрди анвар ҳам қучоғинг гулшани-гулзор,
Қаро тупроқни кўзлаб, воҳ, хиромон айладинг, кетдинг.
Зарофатли сўзинг қайда, тафаккур юлдузинг қайда?
Қўйиб дўстларни бунда, дилни вайрон айладинг, кетдинг.
Нечун васлингга зор этдинг, фанони ихтиёр этдинг,
Кўнгил доғ ичра қолди, доғи армон айладинг, кетдинг?
Ёқиб бағримни андоқ ҳам надомат ўтига ташлаб,
Магар сен йўлларингни таҳ-батаҳ қон айладинг, кетдинг?!
Замон жароҳатларни битиради, кўмирни кулга, тошни тупроққа айлантиради. Лекин Жалолиддин қалбидаги яралар ҳеч қачон битмайди.
Адо бўлди бари, соб бўлди, дўстим,
Буни ким тинглагай? Афғон этар ким?
Жигарга ғам ўқи санчилди буткул,
Сипар чилпора бўлди, ёш тўкар ул.
Етармен ғам чекиб тупроқ аро мен,
Ўшал тупроқ каби ғамдин қаро мен.
Қаён кетдинг, қаён, оҳ, Шамси Табриз,
Муборак мақдамингдин борми бир из?
Агар оламда ул фахрул башардир,
Ва лекин олам аҳли кўру кардир.
Қулоғи, кўзи бўлганда муқаррар.
Башар йиғлар эди. йўқ, йиғламаслар.
Тириклик даштида гулшан ўшалдир,
Қулоғу дийдайи равшан ўшалдир...
Орадан ўн йил ўтди. Унинг айтиши остида «Маснавий»нинг биринчи китобини қоғозга тушираётган «котибул асрор» Ҳусомитдин неча йиллик қадрдонлигини ўртага солиб, шоирдан Шамсиддин тарихини оламга ошкор этишни сўрайди. «Мени қийнама!—дейди шоир.— Бу қонли можарони ёдимга солма! Шамсиддин Табризийдан оғиз очма!»
Дўстлари шоирдан умрининг охиригача бу ҳақда сўрашга ботинишолмайди. Унинг ярасини тирнаб қўймаслик учун бу номни қўрқа-писа тилга олишади. Шу сабабга кўра, Шамснинг Жалолиддин билан «Мулоқот» китоби қоралама ҳолича қолиб кетади, шоирнинг дўстлари ва издошлари унинг ҳалокати ҳақида чурқ этишмайди.
Шамсиддин Табризийнинг сирли йўсинда ғойиб бўлиши, уни Қуёшдек, Ҳақиқатдек боқий деб билган буюк шоирнинг шеърлари замонлар оша унинг барҳаётлигига ишонч-эътимод туғдиради. Гўё бир кун эмас, бир кун худди бир пайтлар Кўнёда пайдо бўлганидек, у яна мавлавийлар хонақоси эшигида пайдо бўлади. Янги минг йилликнинг маҳдийи даврони бўлнб кириб келади...
Фақат асримизнинг ўрталарига келиб, кўҳна, кичик хонақони таъмир этиш пайтида Шамсиддин Табризийнинг қабри топилди.
Оёқ тагида — ёғоч қопқоқ. Унинг остида — пастга томон тушиб борувчи зинапоя. Шифти одам бўйига баробар мўъжаз хона. Чап девор ёнида усти ганч бялан шувалган мурабба шаклидаги соғона.
Қуёшга чиқамиз.
Худди мақбара олдида — салжуқийлар давридан мерос, ҳозир қуриб-қурғаб қолган қудуқ қолдиқлари.
Ундан нарида минора. У анча кейин, усмонийлар салтанати даврида қурилган. Лекин минора деворидаги бир тош, ундаги ёзувнинг шаҳодатича, бир пайтлар Жалолиддин Румийнинг отасига тақдим этилган Гавҳартош мадрасаси деворида турган.

Раддий Фишнинг
"ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ" романидан
ЖАМОЛ КАМОЛ таржимаси