Ҳазрати султоннинг яқин кишиси булган ул олий жанобнинг ўткинчи дунёдан абадий дунёга сафар қилишлари баёнида PDF Босма E-mail
29.06.2024 18:47

Айтдимки, оғир бир қиссани ёзсам,
Ва фироқ дардидан ҳиссани ёзсам.
Дил қани, у билан ғамни шархласам?
Қўл-чи, у билан дил дардини ёзсам?

Барча оқилларга шу нарса маълумки, золим ва маккор замона мудом жаҳон аҳлига жафо озуқасини тутади ҳамда фозиллар тоифасидан бўлган кишиларга аёнки, адоват ва хусуматни ўзига касб қилиб олган фалак дўстлик ва муҳаббат ахдининг тинч ва осуда умргузаронлигига монелик этади.
Назм:
Қуёшин севмади ҳеч ким тонгдайин,
Куймади шафакдек шомлари ғамгин.
Етти Опа-Сингиллар каби бир нарса икки ҳамнафас ўртасида муҳаббат ва висол тарҳини чизмаган эди, аммо уларни Тобут Қизлари каби тарқатиб [ҳам] юбормади.
Байт:
Ғамидан ҳеч ким бир дам бўлсада қайғуга ботмасдан қолмади,
Бу шундай ғамки, бутун умр мотам тутишга сабаб бўлади.

Офат майдони ва хавф маконини руҳ ва осудалик маскани деб бўлмайди, пойдевори мустаҳкам бўлмаган бу ўткинчи харободдаги осудалик уйи жойлашган маконга эса ишонч билдириб бўлмайди.

Байт
Дунё завол ин қурган макондир,
Роҳат-фароғат унда маҳолдир.
Мотамхонадир қоронғу ва тор,
Унда вафодан на бир нишон бор.

Тинимсиз равишда харакатда ва эврилишда бўлган жонсиз ва жонли мавжудотларнинг ўзгармасдан турғун холатда тургани ва йўқолмасдан боқий қолганини ким кўрибди? Ҳар бири хар жойга қараб интиладиган тўрт унсурнинг доимий мавжуд бўлиши ва абадий сақланиб қолишидан умид қилиш қаттиқ янглишиш ва катта хатодир.
Байт:
Дунёнинг бошланиши йўқлигу охири фанодир,
У тўғрида турғунлигу боқийликни ўйлаш хатодир.
Тўрт унсурнинг қаймоғи ҳисобланган одам
Доимо бу тўрт аждаҳони парваришлаш билан банд.
Бу воқеадан хабардор бўлган киши бу сўзларни эшитиб, гап нимадалигини тушуниб етган ҳамда ушбу муқаддимани келтиришдан кўзда тутилган мақсад кимнинг [умр] қуёши ботганлигини маълум қилиш эканлигини билган бўлса-да, қуйида воқеанинг тўлиқ тафсилотини келтиришга қарор қилдик. [Ҳижрий-қамарий] 906 йил жумоди ул-аввал ойининг охирларида (мил. 1500 йил, 20-22 ноябрь) адолатли Соҳибқироннинг қутлуғ байроғи Астробод юришидан салтанат тахтининг қароргоҳи томон юзланган, бу қувончли хабар эса кетма-кет ва тўхтовсиз равишда салтанат пойтахти Ҳирот аҳолисига етиб келаётганди. Хоқон давлатининг суянчиғи ва Ҳазрати султоннинг яқин кишиси бўлган ҳидоят нишонли ва улуғ манзилатли олий ҳазрат (61“) [ўша йили] жумоди улохир ойининг еттинчисида, сешанба куни (милодий 1500 йилнинг 29 декабрида) [Соҳибқиронни] кутиб олиш учун Кўсавия қасабаси томон йўл олиб, Париён работини [ўзларининг] муборак чеҳралари нури билан жаннат боғининг рашкини келтирадиган даражадаги гўзал масканга айлантирдилар. [Ул Ҳазрат] ўша кечаси шу ерда тунадилар. Чоршанба куни эрталаб бирор бир аниқ сабабсиз турли кишилар томонидан у работнинг эшик ва деворларига ёзиб кетилган байтларни ўқиш учун унинг шифтли айвонларидан бирига кирганларида ул Ҳазратнинг муборак кўзлари биринчи бўлиб куйидаги қитъага тушди.
Қитъа:
Бу пайтда барча табиблар ожиз қолдилар,
Одам Тангри қазосига қарши нима қам қила оларди.
[Дарахтнинг] томир шохлари танадаги харакатдан узилганда
Афлотуннинг оёғи ожизлик лойига ботиб кетди.
Соғлик ёмонлашиш томон юз бурганда Абу Алининг қўлидаги «Қонун» ҳам ёрдам беролмади.
[Ул Ҳазрат бу байтларни ўқиганларидан] кейин, ачиниш ва қайғуриш ҳисси билан Худо кўнгилларига солган нарсаларни сўзловчи тиллари билан: Ҳа, тўғри, ҳар бир киши [бир куни] у дунёга равона бўлади. Яратгувчининг тириклик ва ўлим борасида белгилаган тақдирини ҳеч ким ўзгартира олмайди, дедилар.
Шундан сўнг у ердан чиқиб, Поёб работига қараб йўл олдилар. Пайшанба куни кечаси Мавлоно Вайс муборак ўрдугоҳдан бу ерга етиб келиб, аъло Ҳазрат шу кечаси Амиршоҳ работига кўнганлар, [эртага] эрталаб у ердан жўнайдилар, деган хабарни етказди.
Шундан сўнг,
Васл манзили яқинлашгач
Шавқ ўти баландроқ ёна бошлайди,
байтига мувофиқ, тўрт унсур хусусиятларини ўзида мужассам этган бу зот [тез орада] мақталган хислатларга эга бўлган Соҳибқиронни кўриш бахтига эришиши мумкинлиги муносабати билан кўзларидан соғинч ёшларини тўкдилар ва бомдод намозини эртароқ адо этдилар-да, ўша заҳотиёқотга миниб, Амиршоҳ(616) работи томон йўл олдилар.
Йўлда кетаётган чоғда ҳидоят ёр бўлган Амирнинг ёруғ пешонасидан қувонч ва шодлик нурлари порлар, [ул Ҳазратнинг олдига] олий насабли подшоҳнинг мулозимларидан қай бири етиб келса ҳам, [ул зот томонидан уларга] чексиз иззат-икром ва мулозамат кўрсатиларди.
Бир тошга яқин масофа босиб ўтилгач, истиқболли Соҳибқироннинг улуғлик ва ҳашамат билан безанган тахтиравони кўзга ташланди. Айни шу чоғда оламлар Раббининг қазосига мувофиқ аҳли яқиннинг пешвоси бўлган ул зотнинг муборак бошлари айланиб кетди-да, амирликнинг намунаси бўлган ул олижаноб Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳни олдиларига чакириб: Менга кўз-қулоқ бўлиб туринг, ҳолим ёмонлашмоқда, дедилар.
Шундан сўнг аъло ҳазратларининг истиқболларига чиқиб, муборак қўлларини ўпиш мақсадида отдан тушдилар. Бироқ бу касаллик шиддат билан зўрайиб, танадан кувват кетганлиги ва юришга ҳол қолмаганлигидан ўша амир ва Мавлоно Жалолиддин Қосим олий мартабали Амирнинг қўлтиқларидан тутиб олдилар. Шунда [ул Ҳазрат] илгари юриб, бошларини юқори мавқели подшоҳнинг кўксига қўйдилар.
Аъло ҳазратлари улуғлик ва ҳашамат доирасининг маркази бўлган ул ҳазрат соғлиқларининг ёмонлашганини кўриб, бениҳоя ғам-қайғуга ботдилар. [Бундай пайт] тўхтаб ўтиришнинг ўрни бўлмаганлиги сабабли, ҳол-аҳвол сўрашиш ва ўзаро иззат-икром кўрсатишдан сўнг, у ердан жўнадилар.
Шу чоғ [ул Ҳазрат чалинган] ўша касаллик фалажга айланиб, олий насабли Амир ҳаракатдан ва тилдан қолди. Хизматкорлар ва мулозимлар [ул Ҳазратнинг] ҳузурларида бўлиш саодатига эришган улуғлар билан бирга ул ҳазратни тахтиравонга (62а) ётқизиб, шаҳарга қайтдилар.

Маснавий:
Вақт бўлди, умр сўнгига етар,
Бало селоби эшикдан кирар.
Вақт бўлди, юлдузлар минган отлар
Ҳам тақа ва ҳам туёқ ташларлар.
Вақт бўлди, бу тўрт ҳаммол
Ой ва йилнинг тахтиравонини қўядилар.

Йўлда кетаётган чоғларида Мавлоно Низомиддин Абдулҳай ва Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Гилонийнинг донишмандларча маслаҳатлари билан пок Парвардигорнинг раҳматлари жилвагоҳи бўлган ул Ҳазратнинг томирларидан қийналмайдиган бир усулда ярим ман микдорда қон олишди. Бироқ бу иш ҳеч қандай фойда бермади.
Мисра:
Уринма, эй табиб, бу ишнинг вақти ўтди.
Шундан сўнг мулозимлар диллари ғам-андуҳга тўлиб ва кўзларидан кўзёшлар тўкиб, ул Ҳазрат ётган тахтиравон ўрнатилган туяни олдинга ҳайдадилар ҳамда қайғу ва ҳасрат карвонлари билан бирга шаҳарга томон йўл олдилар. Ҳар бир ҳаракатнинг энг юқори нуқтаси тўхталишдир, ҳар бир яратилувчи нарсанинг охири эса йўқолишдир.
Қитъа:
Эй кўнгил, тўнтарилган фалак зотида тўхталиш йўқ экан,
Одам қандай қилиб унда гўхтаб тура олади.

Шундай қилиб, жума кечаси ярим тунда эзгулик бинолари курувчисини ўзларининг муборак уйларига етказдилар. Эрталаб эса Ҳирот шаҳрининг аксарият табибларини ул ҳазратнинг бошларига тўпладилар. Бироқ ушбу табиблар [ул Ҳазратни] даволаш ва муолажа қилишга қанчалик уринасинлар ва куч-ғайрат сафламасинлар, қанчалик керакли дорилар ва шарбатлар бермасинлар, [ул Ҳазрат аҳволида] яхшиланиш ва тузалиш юз бермади, балки лахза сайин касаллик зўрайгандан зўрайиб, оғирлашгандан оғирлашиб борарди.
Мисра:
Ажал келгач, даволашдан не фойда.
Ўша куни Соҳибқирон Султон шаҳарга етиб келиб, ул Ҳазратга бўлган чексиз муҳаббатлари туфайли, «Боғи жаҳонорой»га бормасдан олдин улуғворлик ва шукуҳ намунаси бўлган Амирни (62б) кўргани келдилар. Ул Ҳазратнинг касалликлари бениҳоя даражада зўрайгани ва аҳволлари ўта оғирлашганини кўргач, ўпкалари тўлиб кетиб, кўзларига ёш келди-да, бир олам ғам-қайғуга чўмган ҳолда боққа томон йўл олдилар. Бироқ ҳар лаҳзада одам жўнатиб, [ул Ҳазратнинг] аҳволларини сўраб турар, қайғу ва изтиробнинг зўрлигидан бир лаҳза бўлса-да бемалол истироҳат тўшагида ором олмасди.
Шанба куни ҳам мақталган хислатларга эга бўлган бу Амирнинг аҳволида [тузалишга томон] ўзгариш юз бермади, балки вақт ўтган сайин [танадаги] дармонсизлик кучайиб, касаллик зўрайиб борарди.
Ниҳоят ушбу ойнинг ўн иккинчисида, якшанба куни (милодий 1501 йилнинг 3 январи) эрталаб Ҳақнинг «Қайтгин» деган чақирувига «Амрингга бўйсунаман» деб жавоб бериб (Қуръони каримнинг «Фажр» сураси 28-оятига ишора.), боқийлик негизини жон олувчининг қўлига топширди ва тириклик гулшани булбулини юқори олам боғларига жўнатди.
Байт:
Токи дунё бор экан, шундай бўлади,
Барчанинг иши охирида ана шундай бўлади.
[Бу кун] маҳшар куни тонгидаги дод-фарёд ҳамда киёмат кунидаги кўрқув ва даҳшатга тўла нола-фиғон қуйи оламда намоён бўлди. Амирлар ва вазирларнинг йиғи-сиғиси, каттаю кичикнинг нолаю фиғони осмоннинг энг юқори нуктаси ва Кайвон айвонидан ҳам ўтиб кетди. Соҳибқирон Султон ва подшоҳликнинг ҳарам ахдидан бир нечаси ўша куни ул ҳазратнинг муборак уйларига ташриф буюриб, улуғлик курсисидан мотам гиламига ўтирдилар-да, йиғи-сиғи ва нола-фиғон бошладилар ва дафн маросимини Саййид ул-мурсалин суннатига мувофиқ ўтказдилар. Зафар ёр бўлган Соҳибқирон, шукуҳ ва ҳашамат намунаси бўлган амирлар, ислом машойихлари, улуғ саййидлар, олимлар, фозиллар ва барча халқ мағфират ёр бўлган ул зот [жасади] билан биргаликда хиёбон томон юрдилар. Барчанинг ўтли оҳи эндигина давлатга эришган хасисларнинг манманлик ва кибр байроғи каби осмонга етди. Юракнинг [ғам ва қайғудан] сув бўлган қони кўз орқали бахтиқаро етимларнинг кўз ёшларидек дам-бадам тупроққа юмалаб тушарди.
Маснавий:
Киприкдан дам-бадам қонли ёш тўкарди,
Қонли ёш дема, ҳақиқий қон тўкарди.
Ўша куни фарёд шунчалик баланд кўтарилганидан
Бу овозлар мовий осмон гумбазигача етиб борди.
Шу пайт ҳавонинг кўзлари шоҳу гадонинг кўнглидагиларга мувофиқ равишда ёш томчиларини ёғдирди. Гўзаллик ва хушбўйлик булути томчилари эса арш баробар улуғликка эга бўлган ул зот жасадининг у ер-бу ерига тушиб турарди.
Рубоий:
Осмон кўзидан шафақ қони тўкилди,
Ой юзини юлди ва Зуҳра кокилин кесди.
Тун бу мотамда қора кийим кийди ва тонг
Совуқ нафас чиқариб, ёқасини йиртди.
[Бу кун] маҳшар куни тонгидаги дод-фарёд ҳамда киёмат кунидаги кўрқув ва даҳшатга тўла нола-фиғон қуйи оламда намоён бўлди. Амирлар ва вазирларнинг йиғи-сиғиси, каттаю кичикнинг нолаю фиғони осмоннинг энг юқори нуктаси ва Кайвон айвонидан ҳам ўтиб кетди. Соҳибқирон Султон ва подшоҳликнинг ҳарам ахдидан бир нечаси ўша куни ул ҳазратнинг муборак уйларига ташриф буюриб, улуғлик курсисидан мотам гиламига ўтирдилар-да, йиғи-сиғи ва нола-фиғон бошладилар ва дафн маросимини Саййид ул-мурсалин суннатига мувофиқ ўтказдилар. Зафар ёр бўлган Соҳибқирон, шукуҳ ва ҳашамат намунаси бўлган амирлар, ислом машойихлари, улуғ саййидлар, олимлар, фозиллар ва барча халқ мағфират ёр бўлган ул зот [жасади] билан биргаликда хиёбон томон юрдилар. Барчанинг ўтли оҳи эндигина давлатга эришган хасисларнинг манманлик ва кибр байроғи каби осмонга етди. Юракнинг [ғам ва қайғудан] сув бўлган қони кўз орқали бахтиқаро етимларнинг кўз ёшларидек дам-бадам тупроққа юмалаб тушарди.
Маснавий:
Киприкдан дам-бадам қонли ёш тўкарди,
Қонли ёш дема, ҳақиқий қон тўкарди.
Ўша куни фарёд шунчалик баланд кўтарилганидан
Бу овозлар мовий осмон гумбазигача етиб борди.
Шу пайт ҳавонинг кўзлари шоҳу гадонинг кўнглидагиларга мувофиқ равишда ёш томчиларини ёғдирди. Гўзаллик ва хушбўйлик булути томчилари эса арш баробар улуғликка эга бўлган ул зот жасадининг у ер-бу ерига тушиб турарди.
Рубоий:
Осмон кўзидан шафақ қони тўкилди,
Ой юзини юлди ва Зуҳра кокилин кесди.
Тун бу мотамда қора кийим кийди ва тонг
Совуқ нафас чиқариб, ёқасини йиртди.

Ҳирот ийдгоҳида ўзидан баракалар сочувчи бўлган ул зотнинг жаноза намозлари ўқилди. Сўнгра ўзларининг жоме масжидлари ёнида шу мақсадда қурилган гумбаз остига олиб келиб, дафн қилдилар.
Мисра:
Эй тупроқ бағрингда нима борлигини қаердан ҳам билардинг.
Ўша кечаси кўплаб улуғ саййидлар ва олимлар [ул Ҳазратнинг] файзли қабрлари бошида бедор ўтириб чиқишди, илоҳий калом ҳофизлари тонггача тиловат билан машғул бўлиб, бир лаҳза ҳам мижжа қоқмадилар.
Эртаси куни қуёш подшоҳи азадорлар каби осмоннинг кўк кийимини кийиб, юлдузлар тўдаси одамларнинг кўз ёши каби тўкилиб кетгач (яъни, пюнг отгач), вафодор Соҳибқирон ҳам мағфират йўлида бўлган Амирнинг уйида азадорлик ўрнини эгаллади. Салтанат пойтахти Ҳиротнинг улуғлари ва асилзодалари ул зотнинг ҳузурларига келиб, кўнгил сўраш расмини бажо келтирдилар.
Ўша куни Ҳирот шаҳрининг аксарият масжидларида аҳолининг турли табақалари ва тоифалари вакиллари мотам гиламига ўтириб, ул олиймаком зотнинг руҳлари тинч бўлиши учун барча нарсани билгувчи Зотнинг каломини хатм қилди-лар.
Қитъа:
Унинг ўлимидан тушди ҳар уйга мотам,
Вафотидан кўтарилди хар бурчдан фиғон.
Бу оғир мусибату бу оғир ўлимдан
Олов тушди хар тошу ҳар темир дилига.
Соҳибқирон Султон учинчи кунгача кўнгил аҳли пешвоси бўлган ул зотнинг уйида туриб, [кўнгил сўраб келганларга] таомлар тортиш ҳамда буюклик ва эзгулик Соҳибининг каломини хатм этишни буюрдилар. Шундан сўнг [ул Ҳазратнинг] ўзидан нур таратиб турувчи қабри бошига келиб, зиёрат расм-русумларини адо этдилар. Сўнгра олий насабли Амирнинг акаси Низомиддин Шайх Бахлул ва ул жанобнинг мақтовли хулқ-атворга эга бўлган ўғли Амир Камолиддин Султон Ҳусайн ҳамда ул Ҳазратнинг бошқа қариндошлари ва мулозимларига меҳрибонлик кўрсатдилар.
Шунингдек, шу куни Соҳибқирон Султоннинг амрига биноан баходирлиги кундан-кунга ошиб бораётган олий шаънли Амир Муборизиддин Муҳаммад Баҳодир, амирликнинг намунаси бўлган жаноб Хожа Фазлиддин Муҳаммад ва сарой амирларининг сараси ҳамда миллат ва диннинг учар юлдузи бўлган Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳ мағфиратга паноҳ бўлган ул ҳазратнинг уйларига Ҳирот шаҳрининг машойихлари, саййидлари, олимлари ва фозилларини чорлаб, уларни кўпдан-кўп таомлар билан меҳмон қилишга бел боғладилар. Ушбу маъракада қорилар ҳам иштирок этиб, Қуръони мажидни хатм қилишга киришдилар.
Бироқ саодатли Соҳибқироннинг баланд ҳиммати бу эҳсон дастурхонининг ўзи билан қаноатланиб қолмади ва [ул зотнинг] нурли кўнгилларига жудаям катта бир маърака ўтказиш фикри келди. Буюк амирлар ушбу йиғин учун керак бўладиган нарсаларни (643) тайёрлашга киришдилар. Жумладан, [улар ушбу йиғин учун] икки юз эллик бош қўй ҳамда етмиш бош от ва мол сўйдилар.
Ушбу ойнинг йигирма учинчисида, пайшанба куни (милодий 1501 йилнинг 14 январи куни) буюк машойихлар, олий мақомли саййидлар, олимлар, фозиллар, улуғлар, аъёнлар, асилзодалар ва жамоалар бошлиқлари Сарихиёбон даласига таклиф этилди. Соҳибқирон Султоннинг ўзлари ҳам ташриф буюриб, ушбу йиғинни ўзларининг нурли иштироклари билан мунаввар айладилар.
Беҳисоб таомлар тортилиб, кечиримли Зотнинг каломидан тиловатлар қилингач, олий шаънли подшоҳнинг мулозимлари жаннат боғидан жой оладиган ул ҳазратнинг барча қариндошлари, яқин дўстлари ва мулозимларига қимматбаҳо тўнлар кийгизиб, уларни азадорлик кийимидан чиқардилар. Шундан сўнг [Соҳибқирон Султоннинг ўзлари] уларни ўз олдиларига чорлаб, подшоҳона илтифотлар ва шоҳона иноятларга умидвор қилдилар.
Улуғлик ва буюклик доирасининг маркази бўлган ул Ҳазратнинг вафотидан кирқ кун ўтгач, олий насабли Соҳибқирон Султоннинг нурли кўнглидан яна бир ош бериш фикри ўтди. Амир Камолиддин Султон Ҳусайн билан Хожа Жалолиддин Муҳаммад ушбу маросим учун керакли нарсаларни тайёрлашга киришиб, юз бошга яқин қўй ва ўн саккиз бош от сўйдилар ва ул ҳазратнинг муборак уйларида тасаввур қилиниши мумкин бўлган даражадан ҳам ортиқроқ қилиб турли-туман таомлар тайёрладилар.
Ражаб ойининг йигирма тўққизинчисида, пайшанба куни (милодий 1501 йилнинг 18 февралида) вафодор Соҳибқирон (подшоҳликлари дунё тургунча давом этсин) у ерга ташриф буюриб, яна бир марта улуғлар ва асилзодалар бир жойга йиғилдилар. Буюк амирлар таомлар тортишга киришиб, калом ҳофизлари барча нарсаларни аниқ-равшан баён қилиб бергувчи оятлардан қироат қилишга тушдилар. (64б) Шундан сўнг «Маҳди Улё» («Олий бешик»), «Сатри Узмо» («Улуғ ёпинчиқ»), «Билқиси замона» («Ўз замонининг Билқиси») ҳамда «Хадижат ул-аҳди ва-л-авон» («Ўз давронининг Хадичаси») (Аллоҳ таоло унинг улуғворлиги ва ҳашаматидан тушадиган сояни қиёматга қадар абадий қилсин) мулозимлари мусибат эгаларидан бир неча кишига қимматбаҳо кийимлар кийгиздилар.
Қирқ йилга яқин вақт давомида ул олий ҳазрат (Аллоҳ ул зотнинг қабрини табаррук қилсин) билан бирга бўлган, ул ҳазрат ўз замонасининг аксарият билимларини унинг ҳузурида ўқиб-ўрганган ва ул жанобни «муаллим» деб таърифлаган фойдали билимлар паноҳи, миллат ва диннинг сўзга чечан нотиғи олижаноб Муҳаммад ан-Низомий (Аллоҳ унинг фазилатлари соясини бошимизда абадий қилсин) ушбу қайғули воқеа муносабати билан қуйидаги рубоийни назм ипига терибдилар.
Рубоий:
Замона қутби дунёдан ўтгач. «қутбларнинг қутби кетди» унинг [вафоти] санаси бўлди.
Амирлик намунаси бўлган, олийҳимматли кийимини кийган д а ва меҳр-муҳаббат йўлини тутган олий мансаб эгаси Амир Камолиддин Султон Ҳусайн (Аллоҳ унинг иқболини абадий қилсин) ул Ҳазратга туғишган ўғил ўрнида эди. [У киши ул Ҳазратнинг вафоти муносабати билан қуйидаги қитьани] ёзибди:
Қитъа:
Ул мағфират паноҳи бўлган зот тупроқ оламидан кетгач, муқаддас боғда аҳволи яхши бўлди. Бу етукликка ҳаёт чоғи қилган хайрли ишлари туфайли эришганлиги сабабли ҳам унинг вафоти санаси «хайрун камолуҳу» бўлди.
Ул Ҳазратнинг мулозимлари орасида табъининг нозиклиги билан ажралиб туриш шарафига муяссар бўлган сўзга чечанлик намунаси ва сўз санъати соҳиби бўлмиш жаноб Мавлоно Фасиҳиддин Соҳибдоро [бу тўғрида] шундай деган:
Қитъа:
Афсуски қадр-қиммати осмон қадар баланд бўлган Амирнинг умр ниҳоли илдизидан кўпорилди. Унинг мотамида кўздан қон оққани сабабли, «хунрезийи дийда» (кўздан қон оқиши) унинг вафоти санаси бўлди.
Ул Ҳазрат мансуб бўлган тоифадаги кишилар орасида ўзининг [ул зотга] ўта яқинлиги билан ажралиб турадиган табиблар сараси Мавлоно Дарвешали [бу борада қуйидаги рубоийни] назм этибди:
Рубоий:
Ҳаққа етишганлар пешвосининг мотамида шохдан тортиб гадогача бўлган барча замондошлар ғам-қайғуга ботдилар. Ул қавм улуғи пайғамбарнинг олдига ҳижрат қилди, унинг вафоти санаси ҳам «ҳижрат ба расул» (пайғамбарнинг олдига ҳижрат қилиш) бўлди.
Мир Мунший лақаби билан машҳур бўлган фозиллар пешвоси Саййид Раҳматуллоҳ эзгулик бинолари қурувчисининг яшаган ёши миқдорида олтмиш икки шеърий парчада ул Ҳазратнинг вафотлари санасини кўрсатиб берган. Қуйидаги мисра шулар жумласидандир:
Мисра:
Шоҳни кўрди-ю жон берди.
Шунингдек, [ушбу] сўзларни ёзувчининг ожиз кўнглига [ул Ҳазратнинг вафотлари санаси борасида] қуйидаги қитъа келди:
Қитъа:
[Бу] ҳидоятга паноҳ бўлган бир Амир бўлиб, ундан раҳмат белгилари намоён бўлди. [Ул зот] дунё тиканзоридан раҳмат гулзори гуллаб-яшнаб турган боғ томон йўл олди. Унинг руҳига рақмат нурлари ёғилган экан, вафот этган йилини ҳам «раҳмат нурлари»дан излагин.
Шуниям айтиб ўтиш лозимки, замон фозиллари ва шоирлари ул олий Ҳазратларининг вафот этган саналари борасида ҳамда ул зот[нинг вафотлари]га бағишланган марсия сифатида кўплаб қитъалар ва қасидалар ёзганлар. Бироқ бу фақир гап чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида, мана шуларнинг ўзинигина келтириш билан кифояланиб, тилни орзуманднинг орзусига етишини сўраб, дуо қилишга очди.
Қитъа:
Умид қиламанки, азал фазлининг файзи
Омадли шоҳга омад бергувчи бўлса.
Унинг давлати бўйини тўн билан безаса,
Этагининг чети абадий подшоҳлик бўлса.
[Ҳижрий-қамарий] 965 йилнинг рамазон ойида (милодий 1558 йилнинг 17 июни билан 16 июли оралиғида) каминаи камтарин Муҳаммад ибн Ҳамза ал-Ҳусайний (Аллоҳ уни то абад авф этсин) томонидан кўчирилди.