Шеър фазилати ва шоирларнинг юксак мартабалари ҳақида PDF Босма E-mail
18.06.2024 16:48

Чиройли сўз дурларини ипга териб, назмга солувчи ва шеърга айлантирувчи шоирларнинг оламни безагувчи фикрлари ҳамда етук сўз жавоҳирларини сотувчиларнинг муборак кўнгиллари учун номаълум ва яширин эмаски, вазн ва қофияга солиб айтилган сўз энг юқори тиниқлик ва шаффофликка эга бўлган бир гавҳар, сўз санъатининг гўзал намуналари сирасига кирувчи шеърнинг юқори даражаси ва мартабаси эса ўта аниқ ва равшан бир нарса бўлиб, кўп нарсани кўрган тажрибали ақл учун унданда қимматлироқ танга топилмайди ва фазилатга ошно табъ учун эса унданда гўзалроқ чеҳра юз кўрсатмайди.
Маснавий:

Бирор нарса сўздек оҳангдор эмас,
Яхшиликнинг сири ундан бошқа нарса эмас.

Унга чидаш қийин, у билан овуниш мушкул,
Айниқса тушуниб етганда кўнгил.

Вазндан эгнига чиройли тўн кияди,
Қофиядан этагига безак беради.

Оёғида қатор тақинчоқ тизади,
Пешонага хаёлнинг холин чизади.

(14б) Юз ой каби ташбиҳдан жилваланади,
Юзлаб ошиқларнинг ақлин олади.

Қилни тажнис билан қирққа ёради,
Икки гесунинг фарқидан хол тўқийди.

Тарсеъ ила лабдан гавҳар сочади,
Тим қора зулфга гавҳар осади.

Кўзни ийҳом туфайли қисиладиган қилиб қўяди,
Тасаввур анжуманидан фитна солмагин.

Чеҳра боши узра мажоз холин қўяди,
Парда ортидан ҳақиқатни сўйловчи бўлади.

Шунинг билан биргаликда, шеър ва шоирлар мартабасининг улуғлиги ҳамда сўзни безагувчи сеҳргарлар мавқеининг буюклиги сабабларидан бири шуки, кофирларнинг сўз усталари Саййиди Аброрнинг(Саййиди Аброр [арабча, форсча изофий бирикмада Яхши кишиларнинг энг улуғи] - Муҳаммад (с.а.в:) назарда тутилмокда (тарж.).) (ул зотга то дунё тугагунча салавот бўлсин) пайғамбарликларини инкор этиш чоғида мўъжизавий тарзда назм этилган Қуръонни шеърга нисбат бериб, ул ҳазратнинг ўзини ҳам шоирлар жумласидан санаган эдилар. Худованд мулки ҳақиқатлари тўғрисидаги билимлар хазинаси бўлмиш олийжаноб шайхулислом, ҳақ, ҳақиқат ва дин нури Абдураҳ-мон Жомий қуйидаги маънони баён тизимига солибди.
Қитъа:

Шеър асосин кўрким, пайғамбарга
Мақтовлар йўллашни инкор қилдилар.

Қуръоннинг келиб чиқишини ўзгартириб кўрсатиш мақсадида
Уни шоирликда айбладилар.

Ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг: «[Муҳаммадга] шеърни таълим бермадик ва унга [шоирлик] мумкин ҳам эмас»(Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 69-оят.) деб марҳамат қилиш орқали Хотам ул-анбиёнинг гуноҳсизлик этагини ушбу айблов ифлослигидан пок айлаганлигининг сабаби вазнга солиб айтиладиган сўзнинг (яъни, шеърнинг) ҳақиқатдан ҳам маломатли иш эканлигида эмас, балки [бу оят] шундан хабар берадики, мақталишга лойиқ Фурқоннинг душманларини шеърга дахлдор деб билмасинлар ҳамда мақтовга лойиқ мақом соҳибини шоирлар қаторига қўйсинлар. Бундай бўлмаганида эди, ул ҳазратнинг (15а) Худо кўнглига солган нарсаларни сўзловчи тилидан байт айтилмаган бўларди. Ваҳоланки [ул Ҳазратнинг] Ҳунайн жанги куни қуйидаги байтни айтганлари ўз исботини топган.
Шеър:

Мен пайғамбарман, бу ёлғон эмас,
Мен Абдулмуталлибнинг ўғлиман.

Шунингдек, улуғ саҳобалар ва олий мақом валийлардан ҳам кўплаб шеърлар қолган. Хусусан, Аллоҳнинг ғолиб арслони Али ибн Абу Толибнинг (унга салавот ва салом бўлсин) чиройли сўз айтиш санъати намуналаридан иборат бўлган девони машҳур бўлиб, унинг олий сўз санъати намуналаридан бўлган байтлари тилдан-тилга ўтиб, оғиздан-оғизга кўчиб юради.
Шеърнинг ўзи қасида, ғазал, қитъа, рубоий ва маснавий сингари бир неча турга бўлинади. Шоирлардан бир гуруҳи кучли қобилиятга эга бўлганликлари сабабидан ушбу шеър турларининг барчасида шеър ёзишган, улардан бошқа бир гуруҳи эса табъларининг ўтмаслиги сабабли бу турларнинг айримларидагина шеър айтишга ҳаракат қилиш билан чекланганлар.
Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсинки, «Ҳазрати Султоннинг яқин кишиси» деган даража ва мартабага эга бўлган ул олий Ҳазратнинг ушбу шеър турларининг барчасидаги маҳорати шу даражага етгандики, агар илгариги даврларда яшаб ўтган шоирлар ул Ҳазратнинг муборак замонларигача етиб келишганида [ва ушбу саодатли замонни кўришганида] эди, шеър ёзадиган дафтарларини ёпиб (яъни, шеър ёзишни йиғиштириб), 39 дунёнинг турли томонларидан унинг фазилат макони бўлган остонаси томон шошилган бўлардилар.
Маснавий:

Тасанноки, табъинг сўз устасидир,
Қаламинг калити сўзнинг муаммоларини ечгувчидир.

Бу сўзнинг бозори касод бўлганди,
Хорлик бурчагини макон қилганди.

Бу обрўни бердинг сен яна унга,
Уни тортдинг шеър майдонига.

Фикрингдан қувончу лаззатга тўлди,
Навоийнинг лутфидан бўлди навоий.

Ул Ҳазрат истеъдодининг кучлилиги ва қобилиятининг юксаклиги туфайли ҳар иккала тилда - туркий ва форсий тиллар-да шеър ёзиш шарафига муяссар бўлган бўлса-да, бироқ унинг ўткир табъи форсийдан кўра (15б) туркийга кўпроқ майл кўрсатган эди.
Сўз санъатида дунёда ягона бўлган ҳамда унгача ҳеч ким туркий тилда ундан кўпроқ ва ундан яхшироқ шеър ёзмаган Мавлоно Лутфий ул ҳазратнинг эндигина ўниб-ўсиб бораётган ва яхши-ёмонни ажратиб бошлаётган [ўспиринлик] чоғларида кунлардан бир куни унинг ҳузурига бориб, ундан:
- Бирор ғазал ўқиб бериш орқали ўз тафаккурингиз маҳсулларининг янги намуналаридан мени баҳраманд этинг, - деб илтимос қилди.
Ул Ҳазрат матлаъи қуйидагича бўлган бир ғазални ўқиб берди.
Шеър:

Оразин ёпқоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Буйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.

Жаноби Мавлавий бу ажойиб ғазални эшитиб, ҳайрат денгизига ғарқ бўлди ва унинг тилига шундай сўзлар келди:
- Худога қасам ичиб айтаманки, агар иложи бўлганида эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг байтдан иборат бўлган туркий ва форсий ғазалларимни биргина ушбу ғазалга алмаштирган ва ушбу айрибошлаш натижасини катта муваффақият, деб ҳисоблаган бўлардим.
Шоҳлик белгиларига эга бўлган ушбу Амир Соҳибқирон Султон хизматида Марвда бўлиб турган бир қиш фаслида ул Ҳазратнинг муаттар кўнглига «Баҳр ул-аброр» қасидасига татаббуъ боғлаш фикри келди ва қуйидаги матлаъни баён лавҳига битди.
Байт:
Подшоҳлар тожига безак бўлган ўша ўтли лаъл Миядаги хом хаёлларни пиширувчи бир чўғдир.
Шундан сўнг бир чопар тайинлаб, [ушбу байтга] тузатишлар киргизиш учун [уни] ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий Нуран (Аллоҳ унинг ҳабрини нурга тўлдирсин) ҳузурига жўнатдилар. Ул ҳазрат [бунга жавобан ёзган] мактубда ушбу матлаъ таърифида қуйидагиларни ёзиб жўнатди:
Қитъа:
Тасанноким, табъинг лочини шавқида муқаддас ҳумолар қирғовул бўлишни орзу қилибди. Марвимдан яхши бир матлаъ йўллабсан, сўз усталари [айтган сўзлар] ичида бунга ўхшаши топилмайди.
Ҳақиқатан ҳам бу шундай бир матлаъки, унинг маъноларидан (16а) лутф ва заковат нурлари таралиб, ундаги иборалардан чиройли баён белгилари яққол кўзга ташланиб туради. Агар уни тугаллаш ниятлари бўлса ва фикр нурини уни такомиллаштириш ишига сочсалар, шубҳа йўқки, у кунларнинг шоҳбайти ҳамда ойлар ва йиллар ичра маржондаги энг йирик гавҳар бўла олади. Пок Парвардигор бўлмаслиги керак бўлган ҳар қандай нарсадан омон сақласин ва номуносиб бўлган ҳар қандай нарсадан узоқ қилсин».
Ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) муборак Ҳижоз сафаридан Шом орқали қайтиб келаётганида ўзидан фазилат тарқатгувчи Амирнинг мунаввар кўнглига қуйидаги рубоий келиб, уни ул Ҳазратнинг ҳузурига юбордилар.
Рубоий:
Ғиёсиддин Хондамир
Инсоф билан айтгин, эй мовий фалак, бу иккисидан қай бири яхшироқ хиром этди: тонг томондан сенинг оламни ёритувчи қуё-шингми, ёки Шом томондан менинг жаҳонгашта ойимми?
Ул Ҳазрат бунга жавоб тариқасида қуйидаги мактубни ёздилар.
Рубоий:
Сенинг қаламингга хат деди: «Эй, хиром чоғи Шомдан Румга юзта яхши совға келтирди. Агар ўртада сен бўлмасанг, ҳижронда қолганларга севгилидан мактуб етиб келмайди.
Чиройли ёзув ва гўзал иборалар билан ёзилган ҳамда рубоий ва назм билан безатилган, чиройли фард билан таърифлайдиган бўлсак,
Мисра:
Бундан яхшироғини тасаввур қилиб бўлмайдиган,
ушбу муборак мактуб бу ожиз банданинг қўлига етиб келиб, ўқиб чиқилди ва унинг ҳар мисрасидан ғамгин кўнгил ва ярадор қалбга узилиш ва айрилиқ эшиги ёпилиб, етишиш ва висол эшиги очилди. Висол шавқининг ўти аланга олиб, учрашиш бахтига сабаб бўладиган сафарни амалга оширишга қатъий ахд қилинди. Кўнгил яқин орада ушбу ниятнинг амалга оширилиши ва ушбу орзунинг рўёбга чиқишини жудаям истарди. Бироқ рўза кунларининг узайиб кетиши ва кундан-кунга танадаги кучсизликнинг ортиб бориши сабабли ушбу мақсадга етишиш вақтининг келиши чўзилиб кетди. (16б) Пок ва улуғ Парвардигор барчани диний ва дунёвий эзгу ишларга йўлдош қилсин, вассалом».
Гўзал хислатларга эга бўлган ушбу Амирнинг шеърий асарларидан бири Шайх Низомийнинг «Панж ганж» («Беш хазина») достонига муқобил тарзда ёзилиш шарафига муяссар бўлган йигирма етти минг байтдан ташкил топган туркий «Хамса» бўлиб, бу китобда кўпгина нозик маънолар ва гўзал фикрлар баён этилган. Ҳақикатлар паноҳи Ҳазрати Махдумий ушбу асар таърифида шундай деганлар.
Маснавий:

Туркий тилнинг қўлига ажиб бир ютуқ қоғози тушди,
Бу нарса сеҳрли нафасга эгаларнинг оғзини ёпиб қўяди.

Осмонни яратгувчилардан унга қалам келди,
Ушбу ёқимли асар ўша қаламдан туғилди.

Совға этди форсийга гавҳарларни,
Дарий назмида гўзал назм дурини.

Агар у ҳам дарий тилда бўлганида эди,
Сўз айтишга имкон қолмаган бўларди.

Мўъжизали тарзда тузилган назм ўлчовида
Низомий ким эдию Хусрав ким эди.

У бошқа тилда сўз айтгани сабабли
Ақл уларни бир-биридан фарқлашга ожиз қолди.

Шунингдек, [ул зот] туркий ғазаллардан йигирма беш минг байтни ўз ичига олган тўрт девон тузганлар. Болалик шабадалари эсиб турган чоғларда тузишга киришган биринчи девонга «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари») деб ном берганлар. Ёшлик чоғларида назм ипига тизган иккинчи девонни «Наводир уш-шабоб» («Ёшликнинг нодир ҳодисалари») деб атаганлар. Барча нарсага ақли етадиган ўрта ёшлик чоғларида ўзларининг айрим вақтларини уни такомиллаштиришга сарфлаган учинчи девонни «Бадоеъ ул-васат» («Урта ёшликнинг ажиб ҳодисалари») деб атаганлар. Кексалик чоғларида ул ҳазрат тафаккури нури уни назмга солиш ишига сочилган тўртинчи девон эса «Фавойид ул-кибар» («Кексаликнинг фойдали маслаҳатлари») деб ном олган. Неъматлар (17а) ато этувчи Зотнинг (бандалари орасидан) танлагани (бўлмиш ул ҳазрат)нинг асарлардан яна бири «Ме-зон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») бўлиб, туркий тилда аруз илми борасида ёзилгандир. Ҳақиқатдан ҳам ул Ҳазратнинг шеъриятнинг нозик жиҳатлари борасидаги катта маҳорати ва
тажрибаси ана шу рисоладан маълум бўлади. Чунки [ул Ҳазрат ушбу асарда] илгари яшаб ўтган шоирларнинг ақл ёғдуси унга тушмаган бир неча гўзал баҳрни аруз баҳрлари қаторига қўшганлар. Мазкур қимматли қўлёзма асарни ўрганиб чиққан киши шу хулосага келади.
Гўзал хислатларга эга бўлган бу Амирнинг шеърий асарларидан яна бири «Чиҳил ҳадис» («Қирқ ҳадис»)нинг шеърий таржимаси бўлмиш «Чиҳил рубоий» («Қирқ рубоий»)дир.
Шунингдек, ҳар тўрт мисраси қофияланган ва радифланган икки юзу олтмиш рубоий «Наср ул-лаолий» («Қимматбаҳо тошлар сочмаси») асаридаги сўз санъати дурдоналари ҳисобланмиш ҳикматли гапларнинг туркий тилга қилинган таржимасини назм ипига териб чиқишдан (яъни, уларнинг гпуркий тилга қилинган шеърий таржимасидан) вужудга келган бир асардир. Ул Ҳазратга қадар ҳеч ким туркий тилда рубоий ёзмаган кўринади. [Бу тилда] ҳар тўрт мисраси қофияланган ва радифланган рубоийлар ёзишни эса қўяверинг (яъни ул Ҳазратга қадар ҳеч ким туркий тилда ҳар тўрт мисраси қофияланган ва радифланган рубоийлар у ёқда турсин, балки умуман рубоий ёзмаган кўринади).
Сўз бобидаги етуклик майдонининг ушбу чавандозининг форсий қасидалар ва ғазаллардан иборат девони эса ўта силлиқ ва равон тарзда, ўзига хос маънолар ва кўплаб чиройли иборалар билан безатилган ҳолда, сохталик ва мақтанчоқлик белгиларидан холи ҳолда ёзилган олти минг байт шеърни ўз ичига олган.
Қисқа бир муддат ичида чуқур бадиият билан безатилган ушбу байтларнинг ҳамда зеб-зийнатга тўла ушбу шеърий асарларнинг гўзаллиги ва нафосатининг шуҳрати шу даражага етдики, дунёнинг энг узоқ мамлакатларидаги қудратли подшоҳлар ҳам ўзларининг сўзга чечан элчиларини салтанат пойтахти Ҳиротга юбориб, [ул Ҳазратнинг] сўз санъатининг етук намунаси бўлган куллиётини излашади, араб ва ажам юртларидаги гўшанишин дарвешлар эса (17б) ул Ҳазратнинг завқ-шавқ уйғотувчи шеърлари ишқида кун кечириб, бор куч-ғайратлари билан талаб йўлидан боришади. Шу сабабли ҳам Хито ва Хўтан юртларининг у бошидан тортиб, Рум ва Мағриб ўлкаларининг нариги чеккаларигача бўлган юртларда [ул Ҳазратнинг] гўзал ва нафис шеърлари шоҳу гадо, кексаю ёш, мусулмону кофир, бахтлию бахтсизларнинг тилларида достон, [ул Ҳазратнинг] улуғвор шеърлари эса инсонларнинг барча табақа ва гуруҳларга мансуб бўлган вакиллари кўнгиллари лавҳлари ва қалблари саҳифаларига нақшланган ва битилгандир.
Қитъа:

Бутун ер юзида сени яхши сўзлар билан эслашади
Минбардаги хатибнинг мақтови бўлмаса ҳам.

Сенинг номинг тангада нақшланмаган бўлса-да,
Барчанинг кўнгил лавҳида олтинга ўйилган нақш кабидир.

Олий табиатли Амирнинг қаламига мансуб асарлардан яна бири шарафли муаммо шеърий санъати тўғрисида форс тилида ёзилган «Муфрадот» («Алоҳида байтлар») рисоласи бўлиб, [ул Ҳазрат] ушбу қимматли асарни ёзиб, китоб ҳолига келтириш орқали ўта муҳим бир ихтирони амалга оширган. Чунки далил сифатида келтирилган муаммо кўринишидаги амаллардан ҳар бирида шундай ҳолат кузатиладики, [муаммо бўлиб келаётган] ушбу амални ечиш ундан кейин эслатиладиган амалларни билишга боғлиқ бўлмайди. Шундай қилиб, чуқур бадииятга асосланган ушбу рисолани ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати 45 Махдумий (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) ҳузурига юборишганда, ул Ҳазрат [ушбу рисола] таърифида қуйидаги парчани баён лавҳига битдилар:
«Байт:

Дўстнинг элчиси қўлимга бир рисола топширди.
Бу рисола кўнгилдаги кўп йиллик қайғуни йўқ қилди.

Ҳақиқатан ҳам, гўёки рисола эмас, балки эндигина умрининг биринчи йилини босиб ўтаётган бир гўдак чидам билан орзуманд ғарибларни излаб топди ва кўнгил аҳллари пешқадамлари устига ғайб кийимхонасидан чиройли либослар кийгизди.
Рубоий:
(18а) Насридаги ҳар бир қаторнинг маъносини англаб етсанг, Унинг бутун борлиғининг асосини билиб оласан. Шеъриятини кўнгил лавҳига битадиган бўлсанг, Ундан ҳар бир байтдан бир ном чиқарасан.
Пок ва улуғ Парвардигор ушбу файз булоғини макр-ҳийла ифлослигидан пок ҳамда фитна ва қутқу аралашишидан омон сақласин. Ва-с-салом ва-л-икром» (Тинчлик ва улуғлик бўлсин).
Ҳақиқатан ҳам ҳидоят нишонли Амирнинг файзли қалбининг эътибори туфайли муаммо санъатининг негизидан тортиб турли қатламларигача бўлган қисмларидаги гўзаллик ва нафосат қалам уни таърифлашга ожиз бўлган бир даражага етди ва ундан юқорироғини тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада тараққий топди. [Ул Ҳазратнинг] муаммоларини ечишдан юрак ғунчаси ғунчанинг юраги (қоқ ўртаси) каби тонг шабадасида очила бошлайди, [унинг] ўй-хаёлларидаги нозик фикрларни англаб етишдан эса димоғ гулшани гулшан аҳлининг димоғи каби янги гулларнинг хушбўй ҳидидан муаттарлик касб этади.
«Сафию бадру иёб» («Таиланган, тўлин ой, қайтиш») номли қуйидаги муаммо саодатли Амир томонидан ёзилган муаммолар жумласига киради.
Байт:

Тонг шаббодасидан неки унга теккан бўлса,
Исонинг нафасидек жон бағишловчи бўлди.

Шунингдек, «Шаҳриёр» («Ҳукмдор») номли қуйидаги муаммо ҳам донғи кетган Амирнинг ўткир ақли маҳсули ҳисобланади.
Байт:

Менинг дилозорим бўлган шаҳриёр менга шохдир, ҳамда ойдир, ҳамда ёр.

Шунингдек, «Хон» деб номланувчи қуйидаги муаммо ҳам баланд мартабали Амирнинг муаммолари сирасида тизилгандир.
Байт:
Лабининг лаъли кишига жон бағишлайдиган менинг жононим қора холини лабининг остидан кўрсатганда менинг жоним бўлади.
Шунингдек, «Шопур» номли қуйидаги муаммо ҳам омадли ва ғолиб Амирнинг шеърий асарлари қаторидан жой олган.
Байт:
Менинг тинимсиз оқиб турган кўзёшимдан маълум бўлдики, умидимнинг авжи [энг юқори нуқтаси] буржи юлдузларни ерга сочди.
Шунингдек, «Хомид» («Хамд этувчи») деб номланган қуйидаги муаммо ҳам ул ҳазратнинг соғлом табъи маҳсулидир.
Байт:
Менинг ойдек ёрим қадаҳни оғзига олиб борганида, лабига инган бир томчини артиб ташлайди.
(18б) Шунингдек, «Ҳамза» номли қуйидаги муаммо ҳам гўзал хислатли Амирнинг шеърий асарлари жумласига киради.
Байт:
Эй май қуйгувчи соқий йигитча, йўл менинг кўз ёшларимдан лой бўлиб кетди. [Май солинган] хумнинг оғзига бостириб қўйилган ғиштни (олгинда) майхона йўлига отиб юборгин (яъни хумнинг огзини очиб, май куйгин).
Шунингдек, «Фаррух» («Бахтиёр») номли қуйидаги муаммо ҳам қутлуғ хислатларга эга бўлган Амирнинг муаммоларидан бири ҳисобланади.
Байт:
Куз чоғи боғни кўргин, ҳашамату сарвсиз бошқача кўриниш олибди. Булбули ҳам тумшуғини ёпганича куйлашдан тўхтабди.
Шунингдек, «Баҳо» деб ном олган қуйидаги муаммо ҳам ҳидоят нишонли Амирнинг шеърий асарлари сарасига киради.
Байт:
Эй фалак, бизнинг қувонч ниҳолимизнинг илдизини қўпординг, япроғини зулм изғирини билан ерга тўкдинг.
Шунингдек, «Ҳисом» («Ўткир қилич») номли қуйидаги муаммо ҳам улуғ мартабали Амирнинг муаммоларидан бири ҳисобланади.
Байт:
Эй овчи гўзал, кўздан урдинг.
Катта бир ўқ ўз ишини кўрсатди.
Барча воқеаларнинг юз берган саналарини қайд қилиб қўйиш учун муносиб сўзлар топиш ҳам муаммо санъатига яқин бўлиб, бу борада ҳам ул Ҳазратнинг хотирларига кўплаб яхши сўзлар ва мақбул иборалар келибди. Жумладан, [ул Ҳазрат] шоир Мавлоно Тўтийнинг вафоти санаси тўғрисида шундай деганлар.
Шеър:
Замона сўз устаси бўлган ўша шоир Тўтий маъноларнинг бокира қизидан қилинган келин эди. Тўтий [орамиздан] кетди-ю, шуниси қизиқ бўлдики, унинг вафоти санаси «хурўс» (хўроз) бўлди.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] ҳар иккаласи ҳам узлуксиз ра-вишда маст қилувчи ичимлик ичиш натижасида оламдан ўтган Амир Султон Ҳасан ва унинг ўғли Мирзобекларнинг вафот этган йили тўғрисида қуйидаги қитъани назм ипига тизганлар.
Назм:
(19а) Мир Султон Ҳасан бир соат ҳам май ичишдан тўхтамас, унинг кўрар кўзининг нури Мирзобек эса узум шаробини ичиб маст бўларди. Бироқ ичкилик балоси туфайли мастлик ва беморлик чоғида уларнинг умрлари ниҳоясига етди. Уларнинг ўлган йиллари орасида ўн йил фарқ бўлиб, бу нарса тўғри ва машҳурдир. Унинг вафот қилган йили «махмур» (маст) бўлса, иккинчисининг ўлган йили «махмурий» (мастлик)дан маълум бўлади.
Шунингдек, навбат Хожа Фахриддин Битикчи работига ҳам етиб, (ул Ҳазрат) ушбу бинонинг қурилиши санаси тўғрисида қуйидаги икки байтни ёзган.
Қитъа:
Бу макон покизалик нури билан ёруғ бўлиб, унинг ёғдулари шаксиз порлаб туради. Уни қурган киши фахр (фахрланиш манбаси), унинг ўзи эса фохира (қимматли ва олий) бўлганлигидан унинг қурилиш санаси ҳам «фохира» бўлди.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] Амир Саййид Ҳасаннинг вафот этган йили тўғрисида қуйидаги сўзларни айтган.
Қитъа:
Фано ахдининг раҳнамоси бўлган Саййид Ҳасан оламдан ўтди. Унинг жойи абадий жаннатда бўлсин. Ўша покдомон орамизда йўқ бўлган бир пайтда [унинг вафоти] санасини сўрашганида, «[Қодир Эгамнинг] пок жаннати унинг макони бўлсин», деб айтдим.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] бедорлик ва уйғоқлик ахдининг раҳнамоси Хожа Носириддин Убайдуллоҳнинг вафоти санаси борасида қуйидаги қитъани назм ипига терибдилар.
Қитъа:
Хожаларнинг хожаси Убайдуллоҳ соликлар муршиди ва аҳли яқин эди. У шу жиҳатлари туфайли жаннатий бўлди ва вафот этган йили ҳам «хулди барин» (жаннатнинг энг юқори қавати)га тўғри келди.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий вафоти санаси тўғрисида шундай деганлар.
Қитъа:
Маърифат денгизидаги ҳақиқат конининг гавҳари бўлган у Ҳаққа етишди-ю кўнгилдан айро бўлмади. У илоҳий сирларни очгувчи эди. Шубҳа йўқки, шу сабабдан ҳам вафоти санаси «кашфи асрори илоҳ» («Илоҳ сирларини очиш») бўлди.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] Паҳлавон Муҳаммад Абу Саъиднинг вафот этган йили тўғрисида қуйидагиларни айтганлар.
Қитъа:
(19б) Муҳаммад етти мамлакатнинг паҳлавони бўлиб, ўз даврида унга тенг келадигани йўқ эди. Тариқат аҳлининг бошлиғи ва йўлбошчиси бўлган бу зот бу дунё ҳибсхонасидан озод бўлганича кетди. У тақдир тақозоси билан замона махдуми бўлган Олам қутби ва жомлик ориф вафотидан бир йилдан кейин турланиб турувчи бу эски дунёдан аста-секин қадам ташлаганича жаннат томон йўл олди. Агар бирор киши унинг вафоти санасини сўрайдиган бўлса, унга «баъди Махдумий ба як сол» («Махдумий вафотидан бир йилдан кейин»), деб айтгин.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] Қози Низомиддиннинг Аллоҳ таолонинг ҳузурига, жаннатнинг энг юқори қаватига йўл олган йили тўғрисида қуйидагиларни айтганлар.
Шеър:
Фалак ўзининг ёвузлигидан келиб чиққан ҳолда Мавлоно Низомиддин Қозига жафо тиғини тортди. У қозилик ишида ҳалол бўлганлиги сабабидан чарх уни ҳалол кишиларнинг жойига ўтирғизди. Унинг вафот этгаи санасини қидирганимда фалак «қазо» («қозилик») иши бир ҳалол кишидан айрилди, деб айтди.
Шунингдек, [ул Ҳазрат] ўзининг золимлиги билан машҳур бўлган Амир Муҳаммад Амин Аббосийнинг қатл этилиши ва унинг [танасидан жудо қилинган] калласининг Ҳиротга олиб келиниши санаси тўғрисида қуйидаги қитъани ёзганлар.
Қитъа:
Ҳижратдан тўққиз юз йил ўтганда (яъни ҳижрий-ҳамарий 900-йилда) тақдир тақозоси билан ажиб бир воқеа юз берди. Мозандарон томондан бир золимни қатл этиб, унинг калласини шаҳарга олиб келишди. Ўша олиб келишган нарсалари унинг қатл этилган кунини билдиради.
Ул Ҳазратнинг мўъжизали табъининг маҳсуллари ушбу қисқагина асарда уларни батафсил баён этиш мумкин бўлган даражадан анчагина кўп бўлганлиги сабабли икки учли қалам баён жиловини у томондан бошқа ёққа буриб, шуни маълум қиладики, пок ниятли ушбу Амирнинг файзли қалбининг эътибори ҳамда унинг саъй-ҳаракатлари шарофати билан дунё тахтига эга бўлган Соҳибқироннинг подшоҳлик даврида шоирлар ва олимларнинг қадр-қимматлари ва мартабалари юксалиб, [улар] ўзларининг барча мақсадлари ва орзуларига етдилар ҳамда имконлари борича чиройли ва етук сўз айтиш борасида ғайрат кўрсатиб, ул ҳазратнинг мадҳида шеърий асарлар ёздилар.
Ҳатто ҳақиқатлар паноҳи Ҳазрати Махдумий ҳам ўзининг кўпгина шеърий асарларида эзгу ниятли ушбу Амирни мақтовларга кўмиб, бу билан ўзларининг нафосатга эш бўлган шеърларининг зийнатини оширганлар. Қуйида ўша қимматли асарлардан айримларининг номлари келтирилади: «Туҳфат ул-аҳрор» («Ҳур кишилар туҳфаси»), «Субҳат ул-аброр» («Яхши кишилар дуоси»), «Лайли ва Мажнун», «Юсуф ва Зулайхо», «Хирадномаи Искандарий» («Искандар донишмандлиги тўғрисида китоб»).
Шунингдек, ушбу мақсадда (яъни ушбу бобда) ул Ҳазрат-нинг машҳур шахсига (20а) бағишланиш шарафига муяссар бўлган бошқа китобларнинг номларини келтириб ўтиш ҳам муносиб иш бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
«Рисола дар саноеъ ва бадоеъи шеърий» («Шеър бадиияти ва санъатлари тўғрисида рисола») ва «Рисолаи қофия» («Қо-фия тўғрисида рисола») - улуғликнинг паноҳи олийжаноб Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ (Аллоҳ уни соғ-саломат ва боқий сақласин) томонидан ёзилган.
«Лайли ва Мажнун» ва «Хусрав ва Ширин» китоблари -Мавлоно Шаҳобиддин Абдураҳмон ал-Жомийнинг сеҳрли қалами маҳсулларидан.
«Маснавиёт» («Маснавийлар») - Мавлоно Алоуддин Кир-моний қаламига мансуб.
«Қасидаи маснуъ» («Бадиий санъатлар билан безатилган қасида») - Мавлоно Ахдий Шерозий асари.
«Юсуф ва Зулайхо» - Хожа Масъуд Гулистоний томонидан ёзилган.
«Сеҳри ҳилол» («Ярим ой сеҳри») - Мавлоно Ғиёсиддин Муҳаммад Мавлоно Жалол қаламига мансуб.
«Рисолаи муаммо» («Муаммо тўғрисида рисола») - Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Бадахший томонидан ёзилган.
«Рисолаи муаммо» («Муаммо тўғрисида рисола») - Мавлоно Камолиддин Мир Ҳусайн асари.
Булардан ташқари Амир Низомиддин Шайх Аҳмад Суҳайлий, Амир Камолиддин Ҳусайн Али Жалойир, Мавлоно Низомиддин Астрободий, Мавлоно Фасиҳиддин Соҳибдоро ҳамда бошқа олимлар ва фозиллар ҳидоятга етишган ва давлатга эришган ушбу Амир мадҳида кўпгина гўзал ва оташин қасидалар битишган бўлиб, уларнинг барчаси тўғрисида сўз юритиш гапнинг чўзилиб кетишига сабаб бўлади. Шу сабабли ҳам тезюрар қалам навбатдаги мақсадни (яъни, бобни) ёзишга бел боғлади. Ва ҳувал-Ҳодий ила сабийл ар-рашод (У тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Зот).