Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Наът»Ҳайратул абрордан наътлар (2)
Ҳайратул абрордан наътлар (2) PDF Босма E-mail

ИККИНЧИ НАЪТ

Анинг наврас ниҳоли жаҳон гулшанин сарсабз қилиб, қирқ йилғача андин ҳаё ва адаб гуллари очилиб, андин сўнгра нубувват меваси бергани, доғи шох ва баргин сидра шохидин ўткариб, икки олам аҳлининг сояи   раҳматиға   киргани.

Эй кўрунуб ғурра киби тифлзод,
Тифли раҳинг чархи қадимий ниҳод.

Инсу малак жонию жононаси,
Икки жаҳон гавҳари якдонаси.

Маҳд санга лавҳаи фируза ранг,
Ким ҳаракатдин анга бўлмай даранг.

Сен киби бу гулшан аро тоза вард,
Умрида кўрмай фалаки солхўрд.

Сурат аро тифл, вале ақли кул,
Қавлунг аро ғайри яли лам-яқул.

Ахтаринг ул тунки тулуъ айлабон,
Чарх саломиға рукуъ айлабон.

Куфр бийик тоғиға солиб шикаст,
Ерга бўлуб паст буту бутпараст.

Маккада дин аҳлиға мукнат бўлуб,
Уззи ила лотқа узлат бўлуб.

Мухталиф аҳвол ўлуб аҳли қурайш,
Баъзи ўлуб ғамзада, баъзида айш.

Гар отадин йўқ эса баҳранг не тонг,
Одам ўғул бўлса, ким ўлғай отанг?

Гавҳари зотингға садафсиз не бийм,
Итти садаф, чиқти чу дурри ятим.

Дурға шараф бор ўзининг зотидин,
Тонг йўқ анга ор садаф отидин.

Гарчики минг дур чиқорур бир садаф,
Бир дур ила минг садаф айлар шараф.

Қайси дур ул, дуржи вафо гавҳари,
Қайси гуҳар, буржуи ҳаё ахтари.

Ахтаридин меҳрға фархундалиқ,
Бадру ҳилол айлаб анга бандалиқ.

Меҳр мутии амру мисоли била,
Шақ бўлубон бадр ҳилоли била.

Гарчи тижоратқа бўлуб моясанж,
Ким қаро туфроқдин олдинда ганж,

Кўз тутуб эл нафъу басорат анга,
Уммат этиб суду тижорат анга,

Ноқаға маркаблиғидин кўп сурур,
Уйлаки тушганда малак узра нур.

Деб лақабин аҳли тажаммул Амин,
Андин ўлуб ҳамдами Руҳул-амин.

Чунки шубонлиқ этиб ўз пешасин,
Жадй ватан айлаб асад бешасин.

Сут кўрунуб шаккарида хушгувор,
Гарчи хирад пири анга ширхор.

Заҳри жафо кўп эзилиб жомиға,
Ширу шакар таъми бериб комиға.

Неча ачиғ йиғлағудек иш етиб,
Лутфи шакарханда била дафъ этиб.

Шоми нифоқ аҳли чу айлаб ситез,
Бошиға анжумдек этиб сангрез.

Ул қилибон субҳ киби нушханд,
Хайр дуоси била деб элга панд.

«Аззама қадраҳ» — бу не хулқи азим,
«Каррама важҳаҳ» — бу не нафси карим.

«Ҳодиюно кавкабу иқболиҳи,
Саллу алайҳи ва ало олиҳи».

 

ИККИНЧИ НАЪТ

Унинг ҳаётининг ёш ниҳоли жаҳон гулшанини яшнатиб, ундан қирқ йилгача ҳаё ва адаб гуллари очилиб, сўнгра у пайғамбарлик мевасини бергани, шунингдек, шохи ва барглари жаннат дарахти шохидан ҳам яхши ўсиб, бундан икки олам аҳли унинг марҳамати соясига киргани

Эй туғилишданоқ янги чиққан Ойдек кўринган Зот! Йўлингнинг болалик чоғи қадимий осмон одатича эди. Инсонларнинг ҳам фаришталарнинг ҳам жони, жононаси! Икки дунёнинг яккаю ягона гавҳари! Сенинг бешигинг фируза ранг тахтадан ишланган бўлиб, тўхтамай тебратиб туриларди.
Сен каби тоза бир япроғни бу Олам гулшанида кўпни кўрган бу фалак умрида кўрмаган эди.
Ташқи кўринишдан бола, лекин ақлли даҳо, сўзлаганингда баҳодирликдан бошқа нарса гапирилмасди.
Толеъ юлдузинг туққан кечаси эса Осмон ўзи унга сажда қилган эди. Бу куфрнинг буюк тоғига шикаст етказган бўлиб, шунда бутлар ҳам, бутпарастлар ҳам ерга тиз чўккан эдилар.
Шунда Маккада динимиз аҳлининг куч-қувати ортиб, Уззо ва Лот бутлари узлатга чекинган. Қурайш аҳли зиддиятли бир аҳволга тушиб, баъзилари қайғуга ботган бўлсалар, баъзилари айш-ишрат қилдилар. Агар сен отадан баҳраманд бўла олмай қолган бўлсанг, бунинг таажжубланадиган ери ёқ. Сен ўғил бола бўлсанг, сенга ким ота бўлиши мумкин? Асл гавҳаринг садафсиз қолса, бунинг қўрқинчли ери йўқ. Садаф тарк этилган бўлса ҳам ундан энг қимматбаҳо дур чиқди-ку! Ўзининг аслида бу дур шарафга эга бўлган. У садафдан ор қилса ҳам, бунинг ажабланадиган ери йўқ. Гарчи бир садафдан мингта дур чиқса ҳам, мингта дур битта дур билан фахрланади. У қандай дур? Бу вафо қутисининг гавҳаридир. Гавҳар — қайси гавҳар? Бу ҳаё буржининг юлдузидир.
Бундай юлдуздан Қуёш ҳам ўзини бахтиёр ҳис этади. Унга тўлин Ой ҳам, янги Ой ҳам хизмат қилишга тайёр. Қуёш унинг амрига мутеъ бўлиб, ундан намуна олса, тўлин Ой ҳилолга айланишга тайёр.
У гарчи тижорат ишлари учун дастмояга эга бўлса-да, ганж олдидаги қора тупроқ мисоли эди. У топган фойдага эл кўз тутиб, кўзлари кундан-кунга очилар, фойда ва тижоратда унга эргашар эдилар. У миниб кетаётган туя бундан ҳам хурсанд, гўёки фаришта устига нур ёғилаётгандай. Шундан келиб чиқиб савдо аҳли унга «Амин» лақабини бериб, шу сабабдан у Жабраилга ҳамдам бўлиб қолди.
У чўпонликни ўз касби қилиб олиб, эчкилар арслон яшайдиган тўқайларни ўзларига ватан этдилар. Унга ақл пири эмукдош бўлиш билан бирга сутининг мазаси ширинликда ўта таъмли бўларди.
Лекин зулм заҳри унинг пиёласига кўп эзилган бўлса ҳам, бу унинг оғзига сут ва шакар таъмини берар эди. Бир неча аччиқ-аччиқ йиғлатадиган қийинчиликлар юз берган. Аммо буларнинг ҳаммасини у ширин муомала билан даф этган. Неча бор ўзаро ихтилоф тарафдорлари тунда уруш-жанжал қилиб, унинг бошига юлдузлар миқдори қадар тошларни ёғдирдилар. Лекин у эрта тонгдек табассум қилиб, яхши дуолар билан одамларга панд-насиҳат қилар эди.
«Аллоҳ унинг қадрини кўтарди» — бу қандай улуғ ахлоқ ифодаси.
«Унинг юзи мунавар» — бу нақадар ўзликнинг олижаноблиги!
«Унинг иқбол бахти бизга йўл бошловчи!»
«Унга ва унинг уй аъзоларига салавот айтинг!»