Facebook
Грамматика PDF Босма E-mail

Грамматика сўз ва гапнинг тузилишини ўрганиб, икки қисмдан иборат бўлади:

1. Морфология
2. Синтаксис

а) Морфология
Морфология боби сўзнинг таркибини (ўзак, негиз, қўшимчалар) ва сўзнинг маъно турларини ўрганади.

Сўзнинг таркибий қисмлари
Сўзнинг таркиби ўзак, негиз ва қўшимчалардан иборат бўлади.
Ўзаr Сўзнинг асл маъносини ифодаловчи қўшимчасиз туб қисми сўзнинг ўзаги бўлади: йўлбошчи сўзининг асл ўзаги йўддир. Тўйтепа — қўшма сўз бўлиб, икки ўзак (тўй ва /тепа)дан таркиб топган.
Негиз. Сўз ўзакларига ясовчи қўшимчалар қўшилиб ҳосил бўладиган янги сўздир. Масалан: боғ ўзагига бон ясовчи қўшимчаси қўшилиб, боғбон негизи ҳосил бўлади ва боғ га нисбатан янги маъно — шахсни ифодалайди, яна: иш + чи, ёз + ув каби.
Ҳар қандай сўзда ўзак битта бўлади, негиз эса ясовчи аффиксларнииг сонига қараб орта боради: ёзувчилар сўзининг негизи ёзувчи, ёзувчи сўзининг негизи эса ёзувдир.

Қўшимчалар. Сўз ўзаклари ва негизларидаги янги сўз ясовчи ёки уларни турловчи қўшимчалар беш хил бўлади:

1) ясовчилар (-чи, -ли, -дор ва б.): ишчи, сувчи, дўкондор;
2) префикслар (но-, бе- каби тожик тилидан олинган қўшимчалар): ноаниқ, бешариҳ
3) турловчилар (кўплик, эгалик, келишик қўшимчалари);
4) тусловчилар (замон, шахс, сон қўшимчалари);
5) ярим ясовчилар (феълнинг майл ва нисбат қўшимчалари).

Сўз тузилиши
Сўз тузилишига кўра уч хил бўлади.

1. Содда сўзлар.
2. Қўшма сўзлар.
3. Жуфт сўзлар.

1. Содда сўзлар туб ёки ясама бўлиши мумкин:
Ёлғиз ўзакдангина таркиб топган сўзлар туб сўзлар бўлади: нон, қалам, дафтар.
Ясама сўзлар бирор ясовчи аффикслар ёрдами билан ясалган янги сўзлардир. Ўзбек тилидаги ясовчи аффикслар ўз ва ўзлашма (бошқа тилдан олинган) турларга бўлиниб, улар ёрдамида янги сўзлар ясалади: -чи (ишчи, қизиқ-чи), -дош (сифатдош, қўлдош), -кор (хизматкор), -хон (китобхон), -дор (ҳосилдор), -ик (механик, кўрик), -хона (устахона) ва б.
2. Қўшма сўзлар икки ёки ундан ортиқ ўзакларнинг бирикувидан ясалади: белбоғ, гултожихўроз ва б.
3. Жуфт сўзлар икки ўзак ёки сўзнинг қатор (жуфт бўлиб) келишидан ясалади: қозон-товоқ (рўзгор), ота-она (қариндошлик), ошна-оғайни (яқинлик) ва б.
Баъзи қўшма сўзлар қисқартма бўлади: Атамақўм (Атамашунослик қўмитаси), Ўздавнашр (Ўзбекистон давлат нашриёти), МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги), ЎзМУ (Ўзбекистон Миллий Университети) ЎзФА (Ўзбекистон Фанлар академияси) ва б.

Сўз туркумлари
Сўзлар мустақил ва ёрдамчи сўз туркумларига бўлинади.
Мустақил сўзлар алоҳида маъно англатувчи сўзлардир: китоб, дафтар, мен, сен, ёзди, ўқиди, тез, секин каби;
Ёрдамчи сўзлар ёлғиз бирор маъно англатмайдиган, мустақил сўзларга қўшилиб, уларга қўшимча маъно берувчи воситалардир: ва, лекин, учун, сари, -ю, -ки.
Мустақил сўз туркумларига от, сон, сифат, олмош, феъл, равиш ва унга яқин турган модал сўзлар киради.

От
Шахс, нарса, воқеа, ҳодисаларни ифодаловчи сўзлар туркуми от дейилади.
Отларнинг маъно турлари — атоқли ва турдош (атаб қўйилган ва нарса, предметнинг умумлаштирувчи номлари; Салим, китоб), аниқ (конкрет) ва мавҳум отлар (моддий ва мавҳум тушунчали отлар: дарё, муҳаббат)га бўлинади.
Отнинг грамматик категориялари — сон (-лар аффикси орқали), эгалик (предметнинг қайси шахсга қарашли эканини кўрсатувчи -им, -инг, -и; -имиз, -ингиз, -лари аффикслар орқали: китобим, китобингиз каби) ва келишиклардан иборат. Келишиклар 6 та бўлиб, бош (қўшимчасиз), қаратгич (-нинг), тушум (-ни), жўналиш (-га, -ка, -қа,), ўрин-пайт (-да), чиқиш (-дан) келишикларидан иборат бўлади.

Огнинг ясалиши қуйидагича бўлади:
1. Морфологик усул: -чи, -дош, -бон, -хўр, -к, -гич, -ма, -дон каби ясовчилар билан: ишчи, қариндош, боғбон, чойхўр, элак, кулдиргич, қўлёзма каби.
Синтактик усул билан қўшма ва жуфт отлар ясалади (белбоғ, ота-она каби).

Сифат
Сифат туркумидаги сўзлар предметнинг шакли, ранги, мазасини ифодалайди.
Сифатларнинг маъно турлари — аслий ва нисбий сифатлардан иборат бўлади. Аслий сифат предметнинг асл белгисини билдиради (қизил, яшил, ботир) каби.
Нисбий сифатлар ясама сифатлардир, аммо баъзан айрим бош келишик шаклидаги отлар ҳам сифат турларига киради: олтин соат, ғишт кўприк, тулки одам каби.
Сифатдарнинг ясалиши -ли, -ки//қи//и, -ги, ба-, бе-, -ма, -чан, -ий, -ик каби қўшимчалар орқали бўлади; кучли, қалбаки, қишлоқи, ёзги, бамаъни, бепул, ясама, ишчан, тарихий, очиқ каби.
Сифат даражалари — орттирма (қоп-қора, энгбаланд), қиёсий (оғирроқ, муздек), озайтирма (қизғиш, қорамтир) даражаларидан иборат бўлиб, ҳар бир даража бирор усул (морфологик ва синтактик усул) билан ясалади.

Сон
Сон предметнинг микдорини ёки сон жиҳатдан тартибини ифодалайди.
Соннинг маъно турлари — саноқ турлари: доналик сон (бешта, ўнта), тартиб сонлар (бешинчи, учинчи), жамловчи сон (учов, олтов, бешала), чама сон (бештача, учтача, мингларча), тақсим сон (учтадан, иккитадан), каср сон (бешдан бир).
Соннинг ҳар бири қўшимча орқали ясалади.

Олмош
Турли сўз туркумлари ўрнида қўлланувчи сўзлар олмош дейилади.
Олмошнинг маъно турлари — келишик (шахсга оид -мен, сен каби), кўрсатиш (у, бу, ўша), ўзлик (уз), сўроқ (ким, нима, қачон каби), эгалик (меники, уники каби), белгилаш (ҳамма, ҳар ким каби), гумон (аллаким, кимдир каби), бўлишсизлик (ҳеч ким, ҳеч нима каби).
Эгалик олмошлари -ники қўшимчаси, белгилаш олмоши ҳар сўзи, гумон олмоши алла-, -дир, бўлишсизлик олмоши ҳеч билан ясалади. Масалан: бизники, ҳар ким, аллақачон, ҳеч нарса.

Феъл
Ҳаракат ёки бирор ҳолатни англатувчи сўз туркумлари феъл дейилади.
Феълларнинг грамматик хусусиятлари:

1. Бўлишлик, бўлишсизлик (айтди — айтмади)
2. Феъл даражалари (ёки нисбати)
1) бош: ўқиди (қўшимчасиз);
2) қайтим (ёки ўзлик): иш-ҳаракатнинг ўзига қайтиши: паранди, сиқилди (-н//-л қўшимчаси билан);
3) мажхул: иш-ҳаракатнинг бошқалар томонидан ба-жарилиши: сотилди, қурилди (асосан-ил//-л қўшимчаси билан);
4) орттирма (ёки қўзғатиш): иш-ҳаракатни бошқаларга бажартириш: ўқитди, тўлат, тутқизди (-т, -қиз, -тир қўшимчалари билан);
5) биргалик: иш-ҳаракатни бирга бажариш: ёзишди (-ш қўшимчаси билан).
3. Феълнинг тусланиши. Феъллар шахс ва замон билан тусланади:
1) шахс билан тусланиш ҳар уч шахсда кўринади: ёздим, ёздинг, ёзди, ёздик, ёздингиз, ёздилар каби;
2) замон билан тусланишда феъл уч замонни кўрсатиши мумкин: ўтган замон (ёздим), ҳозирги замон (ёзяпман), келаси замон (ёзмоқчиман). Ҳар бир замонни ифодалашда маълум қўшимчалар қўшилади.
4. Феъл майллари.

Феъл икки хил майлга эга:
1) буйруқ — истак майли буйруқ ёки истакни ифодалайди: ўқий, ўқи, ўқисин, ўқийлик, ўқинг, ўқисинлар.
Бу майлни ифодалашда ҳар бир шахс ўз қўшимчаларига эга бўлади.
2) шарт майли маълум ҳаракатни бажарадиган шартни кўрсатади ва ҳар бир шахс ўз қўшимчасига эга бўлади: ўқисам, ўқисанг, ўқиса, ўқисак, ўқисангиз, ўқисалар.
Шарт феълини ифодаловчи асосий қўшимча -са дир.
Кўмакчи феъллар. Ўзбек тилида ҳаракат, холатнинг тарзини ва бошқа нозик маъноларни ифодалаш учун ўтгиздан ортиқ кўмакчи феъллар қўлланилади, улар қўшма феълларни ташкил этади: ёзиб қўйди, ўқиб бўлди, тўплаб олди, кўриб тура турсин каби.
Феълнинг ясалиши турли қўшимчалар орқали бўлади: -ла, -сиз//киз, -а, -и, -са, -ар, в-б: гуллар, оқиз, туна, тинчи, кўкар каби.
Сифатдош феълнинг бир тури бўлиб, предметнинг ҳаракат белгисини ифодалайди ва ҳар уч замонни, даражани кўрсата олади: ёзган, ёзаётган, ёзадиган ва ёздирадиган каби.
Сифатдошнинг замонлари ва даражалари ўз қўшимчаларига эга бўлади.
Сифатдош одатда отга боғланади.
Равишдош ҳам феълнинг бир тури бўлиб, ҳаракатнинг қандай рўй берганини ифодалайди. Равишдош махсус қўшимчалар орқали ясалади: -иб, -а/й, -гали, -гач, -гун-ча: ёзиб, ёза, ўқий, ёзгач, ёзгунча.
Равишдош ҳам феъл каби маълум замон ва даража кўрсата олади.

Равиш
Равиш маълум бир ҳаракат, ҳолатнинг қандай тарзда рўй беришини ифодалайди.
Равишнинг маънолари: ҳолат (тез гапирди, яхши кулдирдингиз), ўрин (нариги хонага ўтди), пайт (кеча рўй берди), мақсад (қасддан бажармади), сабаб (куйганидан гапирди), миқдордаража (кўп ишлади).
Равишнинг ясалиши морфологик усул билан (-ча, -лаб, -она в-б) ва синтактик йўл — сўзлар қўшилиши усули билан (у ерда, бир кун, тез орада) бўлади.
Модал сўзлар
Модал сўзлар сўзловчининг ифодаланилаётган фикр-га, воқеа, ҳодисага, аҳволга муносабатини ифодалайди.
Модал сўзларнинг маънолари-гумон (эҳтимол), ишонч (ҳақиқатан), афсус (эссиз, аттанг), манба (менимча), муносабат (аксинча) каби маъноларни ифодалайди.
Мустақил сўз туркумининг тузилиит ва имлоси
Мустақил сўз туркумлари содда (туб ва ясама), қўшма ва жуфт, бирикмали бўлиши мумкин. Қўшма ва жуфт сўзлар қўшилиб ёки ажратиб ёзилиши мумкин. Бирикмали сўз туркумлари ажратиб ёзилади, жуфт сўзлар эса чи-зиқча билан ажратилади (бу ҳакда мазкур китобнинг «Имло» бобига қаранг).

Ёрдамчи сўзлар
Ёрдамчи сўз туркумлари алоҳида маъно англатувчи мустақил сўз туркумлари ёки умумий гап мазмунига қўшимча маъно берадилар.
Ёрдамчиларнинг турлари:
Юкламалар. Фикрга қўшимча (субъектив) маънолар — сўроқ, кучайтириш, таъкид, чегаралаш, гумон маъноларини ифодалайди: -ми, -чи, -а (-я), -ку, -да, -дир, фақат, ахир, наҳот, худди каби. Масалан: Сизми? Ёзсачи? Келасиз-а? Келди-ку, ўқидида, боргандир, фақат ўқитади, ахир айтдим-ку каби.
Юкламалар айрим унсурлар ёки мустақил сўзлар шаклида бўлади, -дир юкламаларидан ташқари, бошқа юкламалар чизиқча билан, мустақил сўзлар алохида ёзилади.
2. Кўмакчилар. Мустақил сўзларни бириктириб қўшимча грамматик маъно ифодаловчи сўз туркумлари кўмакчи дейилади.
Кўмакчилар икки турга бўлинадилар: соф кўмакчилар, вазифасига кўра кўмакчи вазифасида бўлган сўзлар.
1) Соф кўмакчилар: билан, сари, каби, сингари, қадар каби.
2) Вазифасига кўра кўмакчилар (функционал кўмакчилар): устида, ёнида, ташқари, тўғрисида, аввал, бери каби.
Кўринадики, кўмакчилар алоҳида олинганда бирор маънони англатмайди (соф кўмакчилар) ёки мустақил сўзлар кўмакчи вазифасида келади (функционал кўмакчилар).
Кўмакчиларнинг ҳамма тури алоҳида (олдинги сўзга қўшилмай) ёзилади.
3. Боғловчилар гап бўлакларини ва содда гапларни боғлаш учун қўлланиладиган ёрдамчи сўзлардир.
Боғловчиларнинг турлари:

1) Тенг боғловчилар. Бу хил боғловчилар бириктирув (ва, ҳам, ҳамда, билан), зидлов (аммо, лекин, бироқ), айирув (ё, ёки, гоҳ), инкор (на-на) боғловчиларга бўлинади.
2) Тобе боғловчилар: чунки, шунинг учун, токи, гўё, -ки, агар каби ёрдамчилардан иборат бўлиб, бир бўлакни иккинчисига тобе қилади: Пахта ўрик эмаски, ўзи гуллаб, ўзи мева берса.

Тенг боғловчилар ҳеч қандай боғловчисиз (бириктирув ва айирув боғловчилари) ёки ундан олдин (зидловчи боғловчилар ёки такрорланган айирув ва инкор боғловчилари) вергул қўйилади. Тобе боғловчилардан олдин вергул ёки нуқта қўйилади, вергул -ки тобе боғловчидан сўнг қўйилади.

Ундовлар ва тақлидий сўзлар

Ундовлар мустақил ва ёрдамчи сўзлардан ажралиб ту-рувчи алоҳида сўз гуруҳидир. Ундовлар кишининг ҳисҳаяжонини ифодалайди, баъзилари чақириш, ҳайдаш учун қўлланилади: эҳ, оҳ, воҳ, ҳув, чух каби. Баъзи ундовлар табиатдаги нарса ва ҳодисаларнинг овозига тақлид қилиш йўли билан келиб чиқади: ғарч-ғурч, так-тук, билқ-билқ ишрр каби.
Ундов ва тақлидий сўзлар ёлғиз қўлланса, мустақил ҳис-ҳаяжонни ифодалаши мумкин. Ундовлар кўпинча ундалмалар билан қўлланганда, ундовдан сўнг бирор тиниш белгиси қўйилмайди: Ҳай бола, кўзингни катта оч! (Яшин)
Такдидий сўзлар ундалмалар билан қўлланмайди.
Ундов ва тақлидий сўзлар янги сўзлар ясаш учун асос бўлади: топирлади, тақиллади, қулт-қулт ичди, уларнинг оҳу додларини ким эшитади...
б) Синтаксис ҳақида умумий тушунча
Ўзбек тилида сўзлар бирикиб, сўз бирикмалари ва гапларни ташкил этади.
Сўз бирикмалари тобе (яхши одам, тез келди) ва тенг (китоб ва дафтар олди) бирикмалардан ташкил топади.
Гаплар мазмун ва оҳангига кўра: дарак (дарс бошланди), буйруқ (дарсга етиб кел!), сўроқ (дарсга келдингми?), ундов (ғолибларга офарин!) гаплар турига бўлинади.
Гап бўлаклари. Гаплар бош ва иккинчи даражали бўлаклардан ташкил топган. Бош бўлакларга эга ва кесим (китоб — билим манбаи), иккинчи даражали бўлакларга аниқловчи (бизнинг мактаб, чиройли гул), тўлдирувчи (китобни олди, хатга қаради), ҳоллар (кеча келди) киради.
Бош ва иккинчи даражали бўлаклардан ташқари, гапда ажратилган бўлаклар (исми Барлос — содда, диловар), ундалмалар (келинг, ўғлим), кириш сўзлар ва сўз бирикмалари ҳамда гаплар (афтидан, сизга бу гап маъқул келмади; бир томондан, сиз ҳақсиз; омон бўлгур, гапга қулоқ сол) ҳам бўлади.


Кўшимча гаплар уч турга бўлинади:

1) Боғловчисиз қўшма гаплар (Баҳор бўлди, гуллар очилди).
2) Боғланган қўшма гаплар (Ё сиз келинг, ё мен борай; ҳаво булут бўлди, аммо ёмғир ёғмади).
3) Эргаш гапли қўшма гаплар (Куёш чиққач, ҳаво илиди. Мақсадим шуки, юртимизда тинчлик барқарор бўлсин).

Кўчирма гаплар ҳам қўшма гапнинг бир тури бўлади «Бу йил ҳосил мўл бўлади»,— деди бободеҳқон.
Одатда, кўчирма гап муаллиф гапи билан қўлланилади:
Ўзгаларнинг гапи айнан кўчирилса, кўчирма гап, бу хил гапни (жумлага, матнга) олиб кирган гап муаллиф гапи бўлади.
Кўчирма гап муаллиф гапидан кейин, олдин, ундан сўнг келиши мумкин: «Пахтадан яхши даромад олдик», — деди деҳқон. Навоий деди: «Билмаганни сўраб ўрганган олим». Муқаддас китобларда: «Туғилгандан қабрга киргунча илм ўрганмоқ зарур», — дейилган.
Баъзан муаллиф гапи кўчирма гап орасида келади(Ўзбек тилининг морфология ва синтаксиси тўғрисида батафсил маълумот олиш учун қаранг: Ҳозирги замон ўзбек адабий тили, «Фан», I ва II жилдлар. Т., 1996.): «Ўзингга эҳтиёт бўл, — деди оқсоқол, — қўшнингни ўғри тутма».

в) Тиниш белгиларининг ишлатилиши

Нуқта
Нуқта қуйидаги ўринларда қўлланади:
1. Тинч оҳанг билан айтиладиган дарак, буйруқ ва ундов гапларнинг охирида: Ойдин кеча. Бўтабой ака Бақа-қуруллоқдан чиқиб Кўшчинорга юқоридан — катта йўлдан кетди. Ҳаво соф ва салқин. (А. Қ.) Валижондан салом (Ш. Рашидов)
Баъзан, лекин, бироқ, чунки, шунинг учун, гўё боғловчиларидан олдин ҳам нуқта қўйилади. Бунда кўрсатиб ўтилган боғловчилар билан бирикувчи гаплар мазмунан маълум дараждда мустақил бўлади ва тугалланган оҳанг билан айтилади: Кўлини тиғига узатди. Лекин чол бу қим-матли буюмни қўлдан чиқаришни истамади. (Ойбек)
2. Биринчи қисмда нуқта, кўп нуқта, ундов ёки сўроқ белгиси бўлган кўчирма гап ўртасида келган муаллиф гапидан сўнг:
a) — Йўқ, ҳар сўздан ҳурка берманг ундай,— деди Сайрамов,— Қаловини билсангиз, қор ёнар эмиш. «Ишнинг кўзини бил! — маслаҳат берди у. — Дала ҳам обод, чойхона ҳам...» (Ойбек) «Печать қўлдан кетса...— деди у. — Мана кетмон, Эрназарнинг звеносига бор деса, нима қиламан?» (И. Раҳим)
3. Қисқартирилган исм, ота исми ва фамилияларнинг биринчи ҳарфи ёки қисмидан кейин: А.Қ. (Абдулла Қаҳҳор), А. Кд. (Абдулла Қодирий) каби.
Бу ҳолда қавсга олинган манбадан олдинги гап охиридаги тиниш белгилари ўз ўрнида сақланади. Қавсдан кейин бирор тиниш белгиси қўйилмайди.
4. Санаш ёки айрим фикрнинг қисмларини ифодалаган ёки ой, кун, йилларни бир-биридан ажратиш учун қўлланган рақам ёки ҳарфлардан кейин. Масалан: а) 1.2. 3. б) 1996 й. 8.06.

Сўроқ белгиси
1. Сўроқ белгиси сўроқ гаплардан сўнг қўйилади: Синовларга қандай тайёрланаётирсиз?
2. Кўпинча сўроқ гаплар бирдан ортиқ бўлиб келади. Бу ҳолатда сўроқбелгисининг қўйилиши қуйидагича бўлади:
1) Сўроқ гапларнинг ҳар бирига аҳамият бериш лозим топилса ёки ҳар қайси сўроқ гап мазмуни ўзига мустақил бўлса, ҳар биридан сўнг сўроқ белгиси қўйилади: Комила сўзида давом этди: «Ҳа, Жамол акам қандай? Тошкентдами?» (Ойбек)
2) Агар сўроқ гаплар мазмунан умумий бир фикрни ифодаласа, сўроқ белгиси энг сўнгги сўроқ гапдан кейин қўйилади: Тағин меҳмон бошлаб келдингми? Ким келяпти: Сарвими, Раҳбарми, ё акангнинг болаларини етаклаб келяпсанми? (Ғ. Ғулом)
Эслатма. Баъзи сўроқ гап шаклидаги жумлалардан сўнг келган содда гап сўроқ гапдан англашилган мазмунга умумий изоҳ беради. Бу турдаги сўроқ гаплар билан сўнгги содда гап орасида баъзан вергул, кўпинча тире қўйилади: а) Бу минора нима учун қурилган, маълум эмас: қадим замоннинг ёдгорлигими ёки ёнғиндан хабар берадиган жой вазифасини ўтайдими — бу ҳам маълум эмас. (Казакевич)
1) Сўз ёки иборага муаллифнинг шахсий муносабатларини билдириш: Овқатга тажовуз (?) қилингандан сўнг, меҳмонлар қўлларини дастурхонга (?) артдилар.

Ундов белгиси
Ундов белгиси қуйидаги ўринларда қўйилади:
1. Кучли ҳис-ҳаяжон ифодаланган гаплардан сўнг: «Профессор Назаров! Мана у қандай одам экан!» (А. Мухтор) «Унсин учун, бечора қиз учун, бу қандай фалокат, бу қандай мудҳиш мотам!» (Ойбек)
2. Буюриш, тилак-орзу маъноларини ифодалаган гаплардан сўнг: Фидо бўлсин сен учун, жонтаним онам! (Ҳ. Пўлат) «Жамила, тур ўрнингдан, ялинма бу итларга, бўлмаса, лаънат дейман сендаи вафодор хотинга!» (Ҳамза)
3. Гап бошида келиб, кучли ҳис-ҳаяжон ифодалаган ҳа ва йўқ сўзлари ва ундалмалардан сўнг: Сени унутолмас асло, эй, Ўрта Осиё, Ўрта Осиё!!! (В. Инберг) Йўқ, йўқ! Бу оғир ишни бўйнимга ололмайман! Ёшлар! Ватан муқаддас бир саждагоҳ.

Кўп нуқта
Кўп нуқта қуйидаги ўринларда қўлланилади:
1. Фикрнинг тугалланмаганлиги, сўзловчининг яна ни-мадир айтмоқчи эканлигини кўрсатиш учун (фикрини давом эттирмаслиги одатда сўзловчининг ҳаяжонланиши, ўз фикрини тўлиқ ифодалашга ботина олмаслиги ёки гапнинг бирор сабаб билан бўлиниши туфайли рўй беради):
«Билмайман деган эдингиз. Яна шуни айттингизки...» Шу пайт адъютант кириб, полковникка бир қоғоз узатди. (А. Қаҳҳор) «Агар севсанг...» — «Агар чиндан ҳам севсанг», деди Берсеньев унинг сўзини бўлиб. (Тургенев) «У менинг касалимни боқди; кечалари ухламай чиқди... Сен, сен ҳам, малагим... На таъна, на гумон... Ана шуларнинг ҳаммаси мен учун, бир мен учунми-я...» (Тургенев)
2. Баъзан кўп нуқта сўзловчининг ўйлаши, мулоҳаза қилишини кўрсатади: «Очилсам... Вой мунча мазали бу сўз!»
(Яшин) «Уйдаги ишларнинг ҳаммасини ўзи қилса, ўзи тартибга солибўзи безаса...» (А. Мухтор)
3. Бирор сўз ёки гапнинг туширилганини кўрсатиш учун: ...Юдахин фамилияли бир рус киши ... рус бўлишига қарамай, ҳамма уста-мардикорлар билан... ўзбек тилида сўрашиб чиқди.
Асли: «Ёдимда, шийпон тагида ғишт терилаётганда, Юдахин фамилияли бир рус кииш дадамни сўраб келди ва рус бўлишига қарамай, ҳамма уста-мардикорлар билан «ҳорма, бор бўл» қилиб ўзбек тилида сўрашиб чиқди. (Ҳ. Қодирий. Отам ҳақида, Тошкент, 1984 й.)

Кўп нуқта, ундов ва сўроқ белгиларининг бириккан ҳолда келиши
Мураккаб мазмун ифодаланган гапларда ундов белгиси билан сўроқ белгиси, ундов белгиси билан кўп нуқта ва сўроқ белгиси билан кўп нуқта кўпинча бириккан ҳолда келади.
Ундов ва сўроқ белгиси бириккан ҳолда (!?) — аслида сўроқ мазмунидаги гап бўлиб, сўроқ мазмунига қараганда ҳис-ҳаяжон кучли бўлган нотиқлик (риторик) гаплардан сўнг қўйилади:
Қани бу ерда инсоф, қани бу ерда адолат деган нарса!? (Ҳамза)
Сўроқ ва ундов белгиси бириккан ҳолда (?!) — кучли ҳис-ҳаяжон, таажуб билан айтилган риторик сўроқ гаплардан сўнг қўйилади:
Жамики камбағал халқ қўлини қўлга бериб, яктан бўлиб турса, кимнинг ҳадди бор мардикор олишга?! (Ойбек) — Мен бўри бўлдимми?! (Яшин)
Ундов белгиси ва кўп нуқта бириккан ҳолда (!...) — мазмунан тугалланмаган ҳамда кучли ҳис-ҳаяжон ифодаланган ўринларда қўлланади: а)Уятни биласизми!... (А. Қаҳҳор) б) «Йўқ!... Ҳеч қаерга бормайман!» (Яшин)
Сўроқ белгиси ва кўп нуқта бириккан ҳолда (?...) — мазмунан тугалланмаган сўроқ гаплардан кейин ишлатилади: Айб кимда?... Айб нимада?... Ёки ер ёмонми?... (Уйғун) «Бу аблаҳ ана шу номаълум одамга Қамбар билан Антонҳақида гапирди», — «А?...Қамбар билан Антонҳақида?... (Яшин)

Вергул
Вергул қуйидаги ўринларда қўлланади:
1. Уюшиқ бўлаклар орасида:
а) Боғловчисиз бириккан уюшиқ бўлаклар орасида:
Андижон, Наманган, Кўқон, Марғилон —
Ўзбекнинг чамани боғу бўстон. (Ғ. Ғулом)
б) Такрорланувчи боғловчилар билан бириккан уюшиқ бўлаклар орасида: Саодат гоҳ мен билан, гоҳ атлас билан машғул бўлиб, бояги уялиб туришини бир ёққа йиғиштириб қўйган эди. (А. Қодирий)
в) Зидловчи боғловчилар ёрдами билан бириккан уюшиқ бўлаклар орасида: Замиранинг баланд, аммо майин овози бор эди. (П. Қодиров)
2. Ундалмаларни ажратиш учун:
а) Дўстларим, шу асл баҳор ҳақида
Бутун қалбимиздан янграсин қўшиқ. (Ҳ. Олимжон)
б) Яхшилик қил, болам, ёмонликни от. (Э. Жуманбулбул)
3. Кириш сўзларни ва тузилиш томондан мураккаб бўлмаган кириш гапларни ажратиш учун: а) «Модомики, ҳаққингизда шу қабилда сўз юрар экан, албатта, беҳуда бўлмаса керак деб ўйлайман». (Ойбек) «Кўнглингизга кел-масин-ку, извошга эшак қўшиб бўлмайди». (А. Қаҳҳор)
4. Ҳа ва йўқ сўзларини гап бўлакларидан ажратиш учун:
— Йўқ, бу фикрингизга қўшила олмайман, — деди дўстим.
5. Ундов сўзларнц ажратиш учун: «Эй, ёш боламисиз! Нега йиғлайсиз?» (А. Қаҳҳор)
Эслатмa. Ундов сўзларни юклама вазифасидаги -эй, -э кабилардан фарқпаш керақ Юкламалар ўзлари қўшилиб келаётган сўз билан умумий оҳангга эга бўлади ва шу сабабдан улар вергул билан ажратилмайди, балки ўзидап олдинги сўзга чизиқча орқали қўшилиб ёзилади: а) «Эй сандақа хайрихоҳ-э!» (Тургснев) б) «Вой лаънати-е!» (Тургенев) в) «Бирам жонсарак эдинг-эй!» (Яшин)
6. Гапнинг ажратилган бўлакларини айириб кўрсатиш учун: «Биз, 22-группада ўқувчи қизлар, Хайринисо ҳам биз билан ёнма-ён туриб ўқиишни истаймиз». (Зулфия). Ниҳоят, орқасини ёстиқдан узиб, муҳим савдо иши билан шуғулланган каби, жиддий равишда гапириб кетди. (Ойбек)
7. Боғловчисиз боғланган қўшма гапларда: Сиз отам ўрнига оталик қилдингиз, сиздан ҳеч ёмонлик кўрмадим. (М. Иброҳимов)
8. Зидловчи ёки айирув боғловчилар билан боғланган қўшма гапларда: Йўлчи шу чоқ қанча оқчаси бўлса ҳам беришга тайёр эди, лекин ёнида бир тийин ҳам йўқ эди. (Ойбек) Ё сиз келинг, ё мен борай.
9. Эргаш гапларни ажратиш учун: Ўғрилар девордан тушмоқчи бўлиб, қоринларини пахсага қўйиб, бошларини экканда, Кенжа ботир уларнинг каллаларини уза берди. (Эртакдан)
10. Муаллиф гапини кўчирма гапдан ажратиш учун:
— Остимизда олов ўтади, — деди чўпон ота, — буғ олов бўлиб ёнади. (И. Раҳим)

Нуқтали вергул
Нуқтали вергул қуйидаги ўринларда қўлланади:
1. Ўз ичида вергул бўлган ёйиқ уюшиқ бўлаклар орасида:
Меҳнат, ижод, одам шарафи;
Дил ёруғи, ҳаёт қувончи — Ҳаммасининг асли, манбаи — Сен, Ватаним — тинчлик таянчи.
(С. Назаров)
Қўнанбой ёнида бир гала хушомадгўйлари; Ирғизбойлардан — Мойбосар, Жақиб, Изиқуттилардек қариндошлари, бу кунларда Қўнанбой тарафдори бўлиб юрган Жувонтайёқ, Қоработир, Тўпай, Тўрғай элларнинг оқсоқол-қорасоқоллари бор. (М. Авезов)
2. Ўз ичида вергули бўлган, мазмун маълум даражада мустақилликка эга бўлган содда гаплар орасида ҳамда ҳар хил турдаги гапларни ўз ичига олган қўшма гапларда:
Зуннунхўжа Сиддиқжоннинг тарафини олган бўлиб, кампирга қараб кавуш отди: Сиддиқжонга нимадир демоқчи бўлиб оғиз очган қизини бир тарсаки урди, сўнгра Сиддиқжондан ўпкалаб майин товуш билан гап бошлади. (А. Қаҳҳор) Изчи қозоқ бир-икки қум хомасининг бу ёнидан у ёнига, у ёғидан бу ёғига ўтди. Аммо издан нишон йўқ эди; эски излар нари турсин, ҳатто қозоқ ўз изини ҳам тополмас эди; ҳар босилган қадам ўрни, сувга босилгандек, оёқ кўтарилган ҳамон кўмилар эди. (С. Айний)

Икки нуқта
Икки нуқта қуйидаги ўринларда қўлланилади:
1. Уюшиқ бўлаклардан олдин келган умумлаштирувчи сўздан сўнг: Холмурод дўстлари: Эргаш, Жўра ва Омонтой ҳам бирин-кетин отпускадан қайтишди. (П. Турсун)
Эслатма: Баъзан умумлаштирувчи сўз яшириниши мумкин, аммо оҳанг ва мазмунга кўра уюшиқ бўлаклардан олдин икки нуқта қўйилаверади. Бу ҳол иш қоғозларида ва илмий асарларда кўпроқ учрайди. Масалан: Мажлисга қатнашдилар: Собир Эркинов, Шокир Отақулов, Абдулла Саидов.
2. Қуйидаги маъноларни ифодалаган боғловчисиз қўшма гапларда:
а) Бир гап иккинчи бир гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг сабабини кўрсатса: «Мен у йил деҳқончиликдан ҳеч нарса олмадим: кузги буғдойнинг бошоқлари шира олаётган вақтда ҳавода ола булут пайдо бўлиб, бошоқлар қуриб қовжираб кетди». (С. Айний)
б) Бир гап иккинчи бир гапдан англашилган иш-ҳаракатнинг натижасини кўрсатса: Хўжа Ғиёсиддин Ҳиротдаги баъзи машҳур зотларни гўзал тақлид қилди: ўтирганлар ўринларидан қўзғалмай қолдилар. (Ойбек)
в) Агар бирор гап бошқа бир гапнинг мазмунини тўлдирса ёки изоҳласа: а) Қосим мироб айтарди: агар қўрқмасанг, энг одамхўр дарё ҳеч нима қилолмайди — сувнинг ўзи қирғоққа чиқариб қўяди. (Ойбек)
2) Кўчирма гапдан олдин келган муаллиф гапидан сўнг: Адам бирдан самоварчига буйруқ беради: — Мусавойга жой солиб бер, озодароқ ёстиқ қўй. (Ойбек)

Тире
Тире қуйидаги ўринларда ишлатилади:
1. От, сон, олмош ва ҳаракат номи билан ифодаланиб ҳамда кесим билан боғламасиз бириккан эга билан Keсим орасида: Азиз ватандошим, бу — сенинг имзонг (Ғ. Ғулом) Юрган — дарё, ўтирган — бўйра. (Мақол) «Ҳамма сизнинг тарафингизда, чунки мана буни бажарувчи — сиз. (А. Мухтор) Икки карра икки — тўрт.
2. Уюшиқ бўлаклардан сўнг келган умумлаштирувчи сўздан олдин: Сув, ер, электр — булар ҳаёт баҳорига янги гўзаллик ва янги нақш бағишловчи кучлар эди. (Ойбек)
3. Ажратилган бўлак билан изоҳланмиш бўлак орасида: Уларнинг ҳаммаси — хоҳ ёш, хоҳ қари — фирибгар, золим. (Ойбек)
4. Кириш гаплар билан гап бўлаклари ўртасида: Сибиряковлар — улар бутун бошлиқ армияни ташкил қиладилар — фандан оладилар ҳам, фанни бойитадилар ҳам. (А. Суров)
5. Муаллиф гапи билан кўчирма гап орасида: «Нега бунча кеч қолдинг, Манзура?» — деди Азиз меҳрибон товуш билан. (А. Мухтор)
6. Диалог шаклидаги кўчирма гапларда:
— Болтабой акам қаёққа кетдилар?
— Станцияга.
— Қачон келадилар?
— Цементни тушириб бўлиб келадиларда.
— Цементлик тўғон бўлар эканда?
— Бўлмаса баҳорги тошқинда ҳамма ёғни сув олиб кетмайдими ? (А. Қаҳҳор)
— «Ҳурматли оғалар, сизлардан ижозат бўлса сўзлайин».
— «Сўзла!» — «Ёки юртнинг ҳаммасини тўплаймизми?»
— «Гапира бер, ҳаммамиз шундамиз». (Гоголь)
7. Кутилмаган воқеа-ҳодисаларни ифодалаган гаплардан олдин: «Мен дарров идорага югурдим — йўқсиз». (Ойбек) «Мен унга тикилиб ўтираман-да, роҳат қиламан — фақат шу». (Тургенев)
8. Зид маъноли гаплар орасида:
Жисмимиз йўқолур — ўчмас номимиз. (Ғ. Ғулом)

Қавс
1. Ифодаланаётган фикрга ёки унинг бирор бўлагига қўшимча изоҳ берувчи сўз ёки иборалар қавсга олинади: Виктор (Лазиннинг укаси) ишчи-ёшлар мактабида, кичкина Лиза билан Каромат (буниси Саломат холанинг қизи) иккинчи сменада ўқишади. (А. Мухтор)
Эслатма: Қавсга олинган кириш сўз ва иборалардан олдинги тиниш белгилари (всргул, нуқтали вергул, икки нуқта, тире) қавсдан сўнгга кўчирилади:
Эркакларнинг бири — марказий газеталарнинг мухбири, иккинчиси — инженер (Мавлонбеков уни Феодор Макарович дер эди); қиз эса Москвада институтни битириб, ҳозир шу инженернинг қўлида тажриба кўриб юрган экан. (А. Қаҳҳор)
2. Кириш гаплар ёки ремаркалар қавсга олинади:
Қирғиз Ўроз белбоғига маҳкам чандиб тугилган биттагина сўлкавойни (ким билади, буни қачонлардан бери сақлаб келади) чиқарди. (Ойбек)
Роҳила (сохта кулиб). Буни қаранг, унаштиришни тўй деб юборса-я! (А. Қаҳҳор)
3. Мисол ёки кўчирманинг манбаини кўрсатади: Оҳ, Ҳирот, Ҳирот! (Ойбек). «Туркона услуб» (Навоий) туркий тилларга хос услубдир. Отам «Мирзо» ва «Ғулом» тахаллуслари билан талай шеърлар ёзган. (Ғ. Ғулом)
4. Изоҳ маъносидаги сўз ёки иборага оид тиниш белгилар қавснинг ичига олинади:
Бу ерларда у, куйчи, хаёлчан юрди
(Болаликдан чанқоқди билимга, куйга!)
Фикрида не-не гўзал режалар қурди.
(Ойбек)

Кўштирноқ
Қўштирноқ қуйидаги ўринларда қўйилади:
1. Кўчирма гапларни ажратиб кўрсатиш учун:
«Уртоқ Аҳмедов, — деди Ўрмонжон, — эртага байрам олди мажлисимиз бўлади». (А. Қаҳҳор)
2. Айрим сўз ва сўз бирикмалари ҳам қўштирноққа олиниши мумкин. Қўштирноққа олинган бу хил сўзлар кўчма маънода ёки киноя маъносида қўлланиши, шартли ном ёки тахаллус бўлиши мумкин: а) Металлурглар тўпни яна «душман» дарвозасига қараб ҳайдаб кетдилар. (А. Мухтор) б) Одамлар ноилож «хосиятли» гиёҳ томиридан воз кечдилар. (П. Турсин) в) Телефонистка (суюниб): «Тўртинчи!» «Тўртинчи!», «Йигирма»га қулоқ сол!... (Яшин) «Қаҳрамон» жамоаси пахта режасини бажарди.
Эслагма 1. Агар қўштирноққа олиниши зарур бўлган сўз турловчи қўшимчага эга бўлса, бу қўшимчалар қўштирноқдан кейин қўйилади: ...эрининг «қирдикори»дан хабардор бўлгандай ўсмоқчилади Шакархон. (Ҳ. Нўъмон)
2. Агар кўчирма гап охирида ундов, сўроқ белгилари, кўп нуқта бўлса, қўштирноқ ичига олинади. Мисол: Унинг меҳри-бончилигидан таъсирланиб титроқ товуш билан: «Қуллуқ, раис!» — деди. (Ҳ. Ғулом) «Ёлғон, ёлғон!!— деди руҳим. — Қандаи қилиб ёмон одамни яхши дейин мумкин?!» (Ҳ. Турсунов)
3. Кўчирма гап охирида нуқта бўлса:
Бундай гап ичида муаллиф гапи келса, кўчирма гапдан вергул ва муаллиф гапидан сўнг нуқта қўйилади ва кўчирма гапнинг иккипчи қисми бош ҳарф билан ёзилади. Мисол: «Шунча сарф-харажатни тиригида қилганда эди, — деди қўшним. — Афсуски, ўлди-кетди».
Нуқта тугалланган кўчирма гап охиридаги қўштирноқдан сўнг қўйилади. Мисол: Қўшни деди: «Яхши одам эди».

Адабиёт
1. Абдураҳмонов Ғ. А. Пунктуация ўргатиш методикаси. «Ўқитувчи», Т., 1968.
2. Назаров К. Ўзбек тили пунктуацияси, «Ўқитувчи», Т., 1976.
3. Назаров К. Ўзбек тили пунктуацияси асослари. Т., 1971.
4. Рустамов Ҳ. Синтаксис ва пунктуация ўқитиш методикаси. Илмий методика кабинети. Т., 1960.
5. Шоабдураҳмонов Ш. Ўзбек тилида пунктуация, «Фан», Т., 1955.

Ф.Абдураҳмонов ва С.Мамажоновнинг
"Ўзбек тили ва адабиёти" китобидан