Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи - “Ҳайрату-л-аброр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари |
![]() |
![]() |
![]() |
8 дан 17 сахифа
“Ҳайрату-л-аброр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари РЕЖА: 1. “Ҳайрату-л-аброр” достонининг таркибий тузилиши. 2. Достон муқаддимасига умумий тавсиф. 2. Достондаги мақолотлар. 3. Достондаги ҳикоятлар. Алишер Навоий “Хамса”сидаги биринчи достон “Ҳайрату-л-аброр” ("Яхши кишиларнинг ҳайратланиши") 1483 йилда яратилган эди. Достон 3988 байтдан иборат бўлиб, 63 боб, 20 мақолат ва 20 ҳикоятдан ташкил топган. Шундан КИРИШ (муқаддима) 21 бобни ўз ичига олади. Достоннинг биринчи боби Қуръони каримдаги бош илоҳий жумла “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” (“Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан бошлайман”)нинг поэтик шарҳига бағишланган. Бу боб нафақат “Ҳайрату-л- аброр” учун, балки умуман “Хамса” учун ҳам кириш вазифасини ўтайди, чунки кейинги достонларда биз бу илоҳий жумлани учратмаймиз. Ҳазрат Навоий бу жумлани икки нуқтаи назардан таҳлил қилади, яъни қабул қилувчилар ва рад этувчилар. Бунда ушбу жумладаги ҳар бир ҳарфга алоҳида маъно юклатилади. Дастлаб рад этувчиларга тўхталинар экан, ушбу жумладаги ҳар бир ҳарфнинг бу тоифа кишиларини жазолантиришга хизмат қилдирилганлигини кўрамиз. Хусусан, “ﺱ” – “син” ҳарфи ҳақида гапирилганда, унинг шакли наҳанг балиғининг умуртқа суягидаги аррадек бўлиб, рад этувчилар учун офатдек; “ﻢ” – “мим” ҳарфи илон нафасидек ўт сочиб, йўл бошида оғзини очган ҳолда ётади деган ташбеҳлардан фойдаланилади. Шу тариқа Навоий ушбу жумладаги қолган ҳарфларни ҳам ушбу мақсадга хизмат қилдиради ва китобот (ҳарф) санъатининг бетакрор намунасини яратади. Иккинчи тоифа, яъни қабул қилувчиларга тўхталинганда энди бу ҳарфларнинг ижобий маъно касб этишини кузатамиз. Хусусан, “ﺱ” “син” ҳарфи энди саломатлик йўлининг зинасига ўхшатилса, “ﻢ” – “мим” ҳарфининг мақсад манзилидаги булоқ бошига нисбат берилганлигини кўрамиз. Буларнинг барчасида Навоийнинг юксак бадиий салоҳияти намоён бўлади. Достоннинг иккинчи боби Холиқ, яъни Оллоҳ ҳамдига бағишланади. Мазкур бобда шоир ҳамма нарсани яратган Холиқнинг осмон ва қуёшдан тортиб ҳар бир заррани, бутун ўсимликлар ва ҳайвонот оламини, кишилик жамиятини бир-бирига боғлаб ҳаракатлантириб туришини чексиз ҳайрат билан тасвирлайди. Алишер Навоий “Унинг зоти лутф ва сафодан иборат, лекин вафо иси унга бегона” деган фикрларни илгари сурар экан, бу ўринда тасаввуф таълимоти асосида фикр юритилаётганлиги маълум бўлади. Достоннинг 3-6 боблари (тўрт боб) муножотларни ўз ичига олади. Муножотларда дунёдаги барча мавжудотлар ўз яратганига доим сажда қилиши зарур, Худонинг қаҳри келса, “кўк бир этак кул” каби совурилиб кетиши ҳеч гап эмаслиги таъкидланади. Шунинг учун инсонлар ўйлаб иш қилиши, гуноҳ қилишга йўл қўймаслиги, қиёмат кунини унутмаслиги, ҳар бир гуноҳ учун қиёмат куни жазо олажагини эсда тутиши, ислом дини қоидаларига тўла риоя қилиши зарурлиги уқтирилади. Навоий охирги муножотда Худога мурожаат қилиб, гуноҳларини кечиришини сўрайди: Гарчи гунаҳнинг ҳаду поёни йўқ, Айламасанг раҳм ҳам имкони йўқ. Адабий анъанага кўра муножотдан сўнг пайғамбар мадҳига, яъни наътга ўтилади. Достонда 5 та наът келтирилган. Биринчи наътда тасаввуф таълимотидаги “Нури Муҳаммадия” назариясига тўхталинар экан, ушбу назариядаги “Одам Ато унга ҳам ўғил, ҳам ота” деган тушунча таърифи берилади. “Нури Муҳаммадия”га кўра Аллоҳ барча оламларни яратишдан олдин Муҳаммад нурини яратган бўлиб, шу нур туфайли оламни ва одамни яратган. Демак, Одам Ато ҳам Муҳаммад нуридан бино қилинган. Шунинг учун ҳазрати Муҳаммад (с.а.в) Одам Атога ҳам ота, ҳам ўғилдир: Бўлди санга Одами сабқатнамо, Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса Ато. Кейинги наътларда пайғамбарнинг болалиги, пайғамбарлик давридаги фаолияти, ноёб инсоний хусусиятлари, меърож туни таърифлари келтирилади. Достоннинг 12-боби улуғ салафлар Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий мадҳига бағишланган. Дастлаб Низомийга таъриф берилар экан, унинг исмидаги ҳарфлар абжад ҳисобига кўра 1001 сонига тенг келиши жиҳатидан Худонинг 1001 исмига ҳамоҳанг эканлиги айтилади. Иштиқоқ (ўзакдош сўзларни келтириш) ва ийҳом (байтни икки хил маънони қўллаш) санъатлари воситасида у яратган хазина (“Хамса”)га таъриф берилади: Ганжа ватан, кўнгли анинг ганжхез, Хотири ганжуру тили ганжрез. Хусрав Деҳлавий мадҳи келтирилганда эса унинг исмидаги “хусрав” сўзининг подшо маъносини билдириши Деҳлавийнинг сўз подшоси сифатида ҳинд мулкини обод қилганлиги, унинг ҳар бир достони Ҳиндистоннинг бир ўлкасига тенг эканлиги билан изоҳланади: Назми саводи аро ҳар достон, Ўйлаки, бир кишвари Ҳиндустон. 13-боб Нуриддин Абдураҳмон Жомий мадҳини ўз ичига олади. Навоий Низомий ва Деҳлавийни бир бобда таърифлагани ҳолда устози ва дўсти Абдураҳмон Жомийга алоҳида боб бағишлайди. Уни ўша даврнинг “қутби тариқати” деб атар экан, ўзининг унга нисбатан ожиз ва муҳтожлигини ғоят камтарлик билан баён қилса, Жомийнинг янги ёзган бирор асарини ўзидан олдин ҳеч ким кўрмаслигини фахр билан келтириб ўтади: Номағаким роқим этиб хомасин, Кўрмади мен кўрмайин эл номасин. “Ҳайрату-л- аброр” достонининг ёзилишида айнан Жомийнинг “Туҳфату-л-аҳрор” достони туртки бўлганлигини айтилади: Боштин-аёқ гавҳари шаҳвор эди, Қайси гуҳар, “Туҳфату-л-аҳрор” эди... Чун ўқимоқ замзамаси бўлди бас, Кўнглум аро дағдаға солди ҳавас. Ким бу йўл ичраки алар солди гом, Бир неча гом ўлса манга ҳам хиром. Достоннинг 14-15-боблари сўз таърифига бағишланган. Ҳазрат Навоий сўзнинг буюклигини “кун” (ярал) сўзининг олам ва одамни яратишда восита бўлганлиги билан далиллайди: Даҳр муқайяд била озодаси, Борча эрур “коф” ила “нун” зодаси. Зодасидин зода бўлуб беадад, Зодага ҳам волид ўлуб, ҳам валад. Алишер Навоий бу ўринда сўзнинг маҳсули бўлган адабий турлар ҳақида ҳам тўхталар экан, назм ва насрга алоҳида таъриф беради, назмни насрдан устун қўйиб, гулшанда гулларнинг саф тортиб туришини назмга, сочилиб, тўкилиб ерда ётишини насрга ўхшатади. Шоирнинг эътирофича, назм бу қадар эъзозланмаса, Тангри сўзида шеър бўлмас эди: Бўлмаса эъжоз мақомида назм, Бўлмас эди Тенгри каломида назм. Шунингдек, Навоий ушбу бобда туркий тилда шеър айтишга кучли иштиёқ сезишини ва бу йўлда анча юқори даражага эришганини фахр билан баён қилади. Достоннинг 16-боби замона султони Ҳусайн Бойқаро мадҳини ўз ичига олади. Алишер Навоий бу бобда талмеҳ санъати воситасида Ҳусайн Бойқарони куч-қудратда Фирдавсий қаҳрамони Рустамга, адолат ва фазлу камолда Эроннинг афсонавий подшоси Жамшидга ўхшатади. 17-боб “Кўнгул таърифида” деб номланади. Бу бобда Навоий қудратли деҳқон (Худо) илк тонгда инсонни яратгандан кейин унга кўнгул ато этганини баён қилар экан, кўнгулни юрак билан адаштирмасликка чақиради. Шоирнинг фикрича, юрак савдогарда ҳам бор, лекин унинг бутун фикри-ёди савдода. Яратганнинг ёди билан яшайдиган инсондагина ҳақиқий кўнгул бўлади ва угина “аҳли дил” саналиши мумкин. Шунингдек, Навоий кўнгулни олами кубро, Каъбадан-да улуғ жой деб атайди. Муқаддиманинг қолган уч боби (18-20 боблар) ҳайрат таърифига бағишланган. Бу бобларда Хожа, яъни кўнгулнинг аввал мулк (нарсалар) оламига, кейин малакут (фаришталар) оламига ва ниҳоят сўнгида “ажойиб бир шаҳар” (инсон танаси)га саёҳати баёни келтирилади ва бу саёҳат кўнгулнинг ўзлигини таниб, инсон танасига киргани тасвири билан якунланади. Алишер Навоий бу ўринда “ўзлигини билган Худони ҳам билади” ғоясини илгари суради: Нафсға чун ориф ўлуб мў-бамў Фойиз ўлуб “қад арафа раббаҳу”. Муқаддиманинг сўнгги 21-боби Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг халифаси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишланган. Алишер Навоийнинг муқаддимадаги сўнгги бобни айнан шу шайхларга бағишлаши шоирнинг нақшбандия сулуки вакили эканлигига ишора эди. Боб ўз ичида икки қисмга ажратилади, биринчи қисм 15 байтдан иборат бўлиб, унинг деярли ҳар бир байтида нақш сўзининг турли ҳолат ва шаклларда иштиқоқ (ўзакдош сўзларни келтириш) ва таносуб (маъно ва моҳият жиҳатидан бир-бирига яқин сўзларни келтириш) санъатлари воситасида қўлланилганлигини кўрамиз. Навоий Баҳоуддин Нақшбандни юксак мартабали наққошга, унинг таълимотини муҳташам ва дилкаш нақшга ўхшатади: Хожаки наққоши сипеҳри баланд, Бўлғали ҳар сафҳасиға нақшбанд. Айлади авроқ мунаққаш басе, Нақш рақам айлади дилкаш басе. Бобнинг иккинчи қисми нақшбандия тариқатининг ўша даврдаги машҳур пирларидан бири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишланган. Навоий уни муршиди офоқ (йўлбошловчи пир) деб улуғлар экан, шоҳлар унга қуллуқ қилишга ўзлари келадилар, ҳатто ҳақиқат сирларидан огоҳлар ҳам унинг ҳузурида ҳушларидан жудо бўладилар деб ёзади: Юз қўюбон қуллуғиға шоҳлар, Базмида бехуд ўлуб огоҳлар. Алишер Навоий бобни улуғ шайх фаолиятига юксаклик тилаш ва унинг ҳимматидан баҳрамандлик умиди билан якунлайди ва бу умид бевосита муқаддимага ҳам якун ясайди: Қўймасун айвони жаҳонни тиҳи, Дабдабаи кўси Убайдуллаҳи. Ҳимматидин бизни ҳам этсун Худой, Фақр йўлида ғани, имонға бой. Достоннинг 22-бобидан асосий қисм бошланади. Асосий қисм мақолат ва ҳикоятлардан ташкил топган 40 бобни ўз ичига олади. Мақолатлар муайян бир ахлоқий-фалсафий мавзуга бағишланган бўлиб, шоир дастлаб ушбу мавзуга муносабат билдиради, мавзу юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини баён қилади, сўнгра шу мавзуга мос ибратли ҳикоя келтиради. Шу тариқа асосий қисм 20 мақолат ва унга илова тарзида келтирилган ҳикоятлар баёни тарзида давом этади. Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:
|
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
![]() Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
![]() Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
![]() Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
![]() Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
![]() Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |