Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Эркин Самандар (1935)
Facebook
Эркин Самандар (1935) PDF Босма E-mail

Шўро даври ўзбек адабиётининг камол топишида истеъдодли ёшларнинг ўрни ва роли бениҳоядир. Улар орасида журналист ва публитсист, шоир, ва драматург, носир Эркин Самандарнинг ҳам ўз овози, ўзига хос сози бор. Эркин Самандар 1935 йили Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги Навхос қишлошда оддий оилада дунёга келган.

У ўз тенгдошлари каби ўрта мактабни тугатгач, Хоразм Давлат педагогика олий билимгоҳига ўқишга кириб, уни 1957 йилда тугатади. Сўнгра Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги А. С. Пушкин номли (ҳозирги Алишер Навоий номли Адабиёт илмгоҳи) Тил ва адабиёт институти аспирантурасида ўқишни давом эттиради. Сўнг Хоразм вилоятининг ноҳия рўзномаларида, «Хоразм ҳақиқати» рўзномасида ҳамда вилоят партия ва маданий қурилиш игнларида масъул вазифаларни бажаради. «Хоразм ҳақиқати» (1977) рўзномасида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Шунингдек, «Ёшлик» ҳамда Ўзбекистон радиотелевидениеси адабий-драматик кўрсатувлари бўлим бошлиги сифатида фаолият кўрсатади. Республика Вазирлар маҳкамаси раисннинг ўринбосари ҳам бўлди.

Еркин Самандар ижодкор, адиб сифатида 50-йиллар ўрталари адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига кириб келган. Унинг биринчи шеърий тўплами «Аму жилолари» номи билан 1966 йилда чоп этилади. Сўнгра «Осмон тўла нур» «Дунёнинг ёшлиги» (1970), «Вафо деган гавҳар» (1975), «Севги фасллари» (1973), «Шедрост рассвета» (1973), «Менинг йигит вақтим» (1979), «Қабул соатлари» (1980), «Соҳилдаги болалар» (1982), «Сайланма», «Юракка йўл» каби ўндан ортиқ шеърий мажмуалари чоп этилди. Мазкур тўпламларга кирган деярли барча асарларда яхши одамлар, гўзал табиат, инсоний муҳаббат, севги ва вафо, меҳнат ва ҳаёт ташвишлари, армонлару гумонлар, қисқаси чуқур маънавият илдизларини очишга интилиш сезилади. Айниқса, у яратган юздан ортиқ қўшиқлар фақат магнит ленталари ёки пластинкалардагина эмас, тингловчилар қалбида ҳам муҳрланиб қолган. Унинг «Франсия дафтари», «Тўқсон дақиқа» (саккизликлар), «Шом қўшиқлари» каби туркум шеърларида жаҳон кўрган шоирнинг ҳаёт ва одамлар ҳақидаги фалсафий хулосалари ўз бадиий инъикосини топган.

Еркин Самандар шоир сифатида «Қабул соатлари», «Севишганлар шаҳри», «Комиссар», «Ерк садолари», «Аждодлар қиличи» каби ўнга яқин достонлар ҳам яратган, энг сўнгги шеърий асари «Баҳор фасли, ёр васли» деб номланган бўлиб, у тўқсонта саккизликлардан таркиб топган алоҳида туркумдир. Шунингдек, драматург сифатида «Жавоҳир», «Аждодлар қиличи», «Олма пишганда келинг» каби саҳна асарлари Огаҳий номли театрда кўп вақтдан бери қўйилиб келади.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Эркин Самандар носир сифатида ҳам кўплаб публитсистик асарлар ва очерклар муаллифидир. Айниқса, унинг «Дарёсини йўқотган қиргоқ» (1989) романи етук романнавис сифатида  ҳам шаклланаётганидан дарак беради. Унда  табиат, Орол экологиясигина эмас, энг муҳими, маънавият экологияси соҳасида содир бўлаётган қашшоқлик, фожеа ва уларнинг илдизлари, оқибатларини очиш, муҳаббат билан қабоҳат ўртасидаги кураш ҳаётий тарзда ўз ифодасини топган. Чин муҳаббат, чин дўстлик ҳамиша оғир бўлса ҳам қабоҳат, хоинлик ҳиёнатдан устун келиши умумлаштирилган. Унга «Ленин Хоразмда» ва «Севишганлар шаҳри» (1980) асарлари учун республика ёшлар мукофоти берилган.