Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Ўлмас Умарбеков (1934)
Facebook
Ўлмас Умарбеков (1934) PDF Босма E-mail

Шундай истеъдод эгалари борки, тенгдошлари ва замондошларининг ҳурмат-еътиборини қозониш бахтига муяссар бўладилар. Бунинг устига ўз замондош устозлари эъзозидан , баҳра     топадилар.     Ижоддаги бундай ҳолат фақат ўша истеъдоднинг   бахтигина  бўлиб қолмай, балки у мансуб бўлган адабиётнинг ҳам омади, равнақидан бир далолатдир. Бизнинг адабиётимиз бахтига бундай чинакам истеъдод соҳиблари анчагина.

Ўлмас Умарбеков ҳам ана шундай истеъдодлар орасидан ўзига муносиб ўрин эгаллаб келаётган сермаҳсул, ҳозиржавоб адиблар сирасига киради. Унинг таржимаи ҳоли ҳам ўз тенгдошлариники каби оддий. У 1934 йили Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни муваффақиятли тугатгач, Тошкент Давлат дорилфунунининг филология факултетига кириб, 1956 йилда уни аъло баҳоларга битирди. «Мен ҳам ёшлигимда кўп нарсага қизиққанман, — деб ҳикоя қилади ёзувчи.—Кейинчалик, учувчиликни орзу қилган эдим, боғбон ҳам бўлмоқчи бўлганман. Аммо адабиёт ҳамма орзуларимдан кучлилик қилди. Шунинг учун бўлса керак, ўрта мактабни тугатганимда ҳеч иккиланмасдан Тошкент дорилфунунининг филология факултетига кирдим. Назаримда, адашмаган эканман. Энди бўлса, адабиётсиз,  бадиий ижодсиз  ҳаётимни тасаввур қилолмайман».

Мана, шунга ҳам қарийб ўттиз беш йил бўлдики, у тинимсиз изланиш, ижод билан банд. Шу кунгача унинг ўнлаб ҳикоялари, қиссалари, «Одам бўлиш қиийин» романи, «Қиёмат қарз», «Шошма қуёш», «Оқар   сув», «Суд», «Комиссия», «Кузнинг биринчи куни», «Аризасига кўра», «Курорт»,  «Ер ёнганда»  каби ўнлаб драматик асарлари яратилди.   Шунингдек,   «Икки   солдат     ҳақида   қисса», «Ради других»,  «Встреча у високих снегов» каби кинофилмлар учун ссенарийлар ёзди. «Одам бўлиш қийин» романи  (1971)  республика комсомол мукофотига, «Икки солдат ҳақида қисса» (1977) Ҳамза номидаги Республика Давлат  совринига,   «Дамир  Усмоновнинг  икки  баҳори» қиссаси эса  (1984)  Н. Островский номидаги Бутуниттифоқ адабий мукофотига сазовор бўлди. Унинг туғилганига 50 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони берилди. Ва ниҳоят,     1992     йилда     «Ўзбекистон     халқ      ёзувчиси” деган юксак шарафга эга бўлди.

Оддий журиалистликдан иш бошлаган Ўлмас Умарбеков бу йиллар давомида республика  радиосида   муҳаррир,   бош  муҳаррир  бўлиб ишлади. 1971-1974 йилларда эса Узкомпартия Марказқўмида аввал маданият бўлимида инструктор, сўнг радио, телевидение   секторининг  мудири  бўлиб  хизмат  қилди. Қарийб ўн йилга яқин «Ўзбекфилм»га бошчилик қилди. 1982  йилга  келиб, Ўзбекистон    маданият  вазирининг ўринбосари, кейинроқ   вазир   бўлиб   фаолият   кўрсатди. Кўп ўтмай у Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига   раис (1985) этиб сайланди. Айни чоғда Осиё ва Африка ёзувчиларининг бирдамлик қўмитасининг раиси, Ўзбекистон республикаси Олий Кенгаши ноиби этиб сайланди. Ниҳоят, 1989—1991 йилларда у Республика Вазирлар маҳкамаси раисининг  ўринбосари  бўлиб  ишлади.

У қайси жабҳада, нима ишда ишламасин, ижоднинг қайси турида, қайси мавзуида  асар яратмасин, ҳамиша ўз эли, юрти ғами билан яшади. Улар елкасидаги турмуш юкини енгиллаштиришга интилди. Айниқса, бадиий асарларида хоҳ у ҳикоя, хоҳ қисса ёки роман бўладими, хоҳ саҳна асари бўладими,   ҳамма-ҳаммасида     инсонлардаги    маънавий-ахлоқий  фазилатларни  ардоқлашга,  улуғлашга интилиб келди, халқ ёзувчиси даражасига кўтарилди. Бу ҳар бир ижодкор учун катта бахт, ҳаёт ва ижод олдидаги мақсада ҳамдир. Ўлмас Умарбеков ҳам шундай бахт қуши қўнганлардан биридир.