Facebook
Иззат Султон (1910) PDF Босма E-mail

Йирик адабиётшунос, истеъдодли драматург Иззат Султон 1910 йили Ўш шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилди. Отаси вафотидан кейин болалар уйида тарбияланди. 1924 йилда у Тошкентга ўқишга келади. Аввал “Намуна” иш мактаби, сўнгра таълим-тарбия техникумида ўқийди. Техникумни тамомлагач, мактабларда ўқитувчилик қилади.

Иззат Султон 1930 йилда Ўрта осиё Давлат дорилфунунининг ижтимоий фанлар факултетида ўқийди. Самарқанд шаҳрида чиқадиган “Батрак” газетаси муҳарририятида масъул котиб бўлиб ишлайди. 1934 йили ЎзССР фанлар комитети Тил ва адабиёт институти аспирантурасига кириб, уни 1937 йилда тамомлайди. 1943-1948 йилларда давлат раҳбарлик лавозимларида хизмат қилади. 1948 йилдан буён Ўзбекистон фанлар академияси номли Тил ва адабиёт институтида (ҳозирда Алишер Навоий номидаги) ишлаб келмоқда.
Иззат Султон 1932 йилдан бошлаб вақтли матбуотда  адабиётшуносликка оид мақолалар эълон қилди, «Адабиёт назарияси» (1939, 1979) дарслигини яратди. Тадқиқодчининг улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг меросини ўрганишга бағишланган қатор асарлари алоҳида аҳамиятга эга.
Иззат Султон бадиий адабиёт соҳасида ҳам баракали ижод қилмоқда. Илк драматик асари «Бургутнинг парвози» (1939) замондошларини Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш жиҳатидан муҳимдир. Уйғун билан ҳамкорликда ёзган «Алишер Навоий» (1940) асари Ўзбек драматургиясининг ютуқларидан бири бўлди.
«Номаълум киши»   (1963),  «Имон»   (1960)   драмаларида  ахлоқ нормалари,  замонамиз  кишиларининг  фазилатлари улуғланган.  Ёзувчининг янги  дунё ва хурофот олами   ўртасидаги   курашни,   янгиликнинг   бу   курашда қудратли эканини кўрсатган асари «Фидойи»дир   (1966).  «Кўрмайин босдим тиконни»,  «Ибн Синонинг болалиги», «Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асарлари    унинг ижодида муҳим рол ўйнайди.
Ўзбекистон   Фанлар   академиясининг  мухбир   аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон  Давлат мукофотининг лауреати Иззат  Султон  ўзининг  сермаҳсул  ижодини  халққа  туҳфа этиб келмоқда.