Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Миркарим Осим (1907—1984)
Facebook
Миркарим Осим (1907—1984) PDF Босма E-mail

Ўзбек шўро адабиётининг тўнғич авлодига мансуб Миркарим Осим 1907 йилда Тошкентда, зиёли оиласида дунёга келган. 1918 йилдан «Шамсул урфон» номли бошланғич мактабда ўқиди. 1921 йилдан Алишер Навоий номидаги республика билим юртида таҳсил кўрди. Дўстлари Ойбек ва Ҳ. Ёқубовлар билан бу техникумда адабиёт-санъат турларини ўрганди.

1926 йилда эса Москва Давлат педагогика институтининг тарих-иқтисод факултетида ўдиб, уни 1930 йилда тугаллади. Самарқандда ўқитувчилар тайёрлаш курсида, 1932 йилда Ўзбекистон Маориф Халқ комиссарлиги, Педагогика илмий-тадқиқот илмгоҳида ишлади.
Бошда шеърлар ёзди. Тарих фанидан қўлланма, тавсия, дарсликлар яратди. 1940 йилда Улуғ Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида «Астробод», «Алишер Навоий а Дарвишали», «Бадарға», «Навоийнинг хислатлари», «Улуғбек ва Навоий» сингари ҳикоя ва тарихий қиссалар ёза бошлади. Адиб бир умр тарихий қиссалар ёзиш билан машғул бўлиб, янги-янги авлодларни ўтмиш ва унинг илғор шахсларига нисбатан муҳаббат руҳида тарбиялади. Ватанпарварлик, инсонпарварлик ғояларини улуғлади.
Тарихчи адибнинг асарларини даврий жиҳатдан уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Тарихимизнинг қадимги даврлари ҳақида ҳикоялар (Македонский, араб халифаси, Эрон шоҳлари босқини).
2. Ўрта асрлар тарихидан ҳикоя қилувчи асарлар (Мўғуллар истилоси ва фан, маданият арбоблари ҳақида таржимаи ҳол, қисса ва ҳикоялари).
3. ХВИИИ асрдан то Октябр тўнтаришига қадар бўлган давр тарихий ҳаёти ҳақидаги асарлар.
Айни пайтда Миркарим Осим асарларини уч катта мавзу йўналиши бўйича таҳлил қилиш, баҳолаш мумкин:
1. Тарихий қаҳрамонлик мавзуидаги асарлар.
2. Тарихий-маиший мавзу.
3. Тарихий таржимаи ҳол асарлари.
Қаҳрамонлик мавзуига ижодкорнинг «Ўтрор», «Тўмарис», «Темур Малик», «Александр ва Спитамен» каби асарларини киритиш мумкин.
Маиший мавзудагиларга «Моҳлар ойим ва Хонпошша», «Карвон қўнғироғи», «Элчилар» каби асарлар киради.
Таржимаи ҳол тарихий асарларининг намуналари қилиб тарихчи адибнинг «Зулмат ичра нур» (Навоий), «Жайҳун устида булутлар» (Беруний), «Ибн Сино қиссаси», «Алжабрнинг туғилиши» (Ал-Хоразмий), «Синган сетор» (Машраб) каби қиссаларини кўрсатиш мумкин.
Миркарим Осим 50-йиллар Сталин қатағонининг бегуноҳ маънавий қурбонларидан биридир. Унинг ватанпарварлик, миллатпарварлик, ўтмиш тарихга муҳаббат руҳидаги асарлари ўз муаллифига қаро кунлар олиб келди. Адиб кўп йиллар шўро режимининг азобларини чекди.
60 йилларда ватанга қайтган санъаткор тарихий асарлар ёзишда, таржимаи ҳол иши билан шуғулланишда давом этади. Адабий нашриётларда кичик адабий ходим вазифаларида ишлади.
Миркарим Осим тарихчи адиблар орасида асл манбани бузмай, қайта бадиий жонлантириши билан ажралиб туради. Унинг асарлари 70-80-90-йиллар тарихий адиблари учун асосий манба вазифасини ўтади.
Миркарим Осим кейинги авлод ёзувчилари учун кўприк вазифасини ўтаган ижодкорлардандир. Бугунги куннинг машҳур ва танилиб келаётган тарихчи адиблари Миркарим Осимни ўзларининг устозлари деб биладилар.
Тарихчи адиб 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони берилган. У 1984 йилда вафот этди.