Facebook
Элбек (1898-1938) PDF Босма E-mail

Қатағонлик даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Элбек — Машриқ Юсуповдир. У 1898 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Хумсон қишлоғда таваллуд топган.

«Мен — дейди шоир, ўз таржимаи ҳолида, — 1905 йилда эски қишлоқ мактабига кириб ўқидим. Бу мактабда тўрт йил ўқиб, ўқув ёзувни ўргандим... 1910-1911 йилларда жуда қийналдик ва шунинг натижасида бошқа ака-укаларим каби мен ҳам уйни ташлашга мажбур бўлдим».

Ниҳоят, ўша 1911 йили у Тошкентга келиб бир бойга қарол бўлиб ёлланади. Айни пайтда Тошкентнинг Эски шаҳар мавзеидаги Девонбеги маҳалласидаги «Ҳокий» мактабида ўқишни давом эттиради. 1914 йилга келиб, Шайховандтоҳур маҳалласидаги «Намуна» номли мактабга киради. Бир вақтда босмахоналарда ишлайди рўзномалар сотиш билан кун кўради. Октябр тўнтаришидан сўнг (1919) саккиз ойлик муаллимлик курсини битириб, ўқитувчилик қилади, тил-имло муаммолари билан шуғулланади. 1921 йилдан бошлаб Туркистон халқи маорифи комиссарлиги қошидаги илмий муассасаларда фаолият кўрсатади. Ўша даврда нашр этиладиган «Маориф ва ўқитгувчи», «Инқилоб», «Билим ўчоғи» каби ойномалар билан ҳамкорлик, таҳрир хайъатида фаолият қилади.

Унинг ижодининг бошланиши Октябр тўнтариши йилларига тўғри келади. Шоирнинг дастлабки шеърлари «Ел байроғи», «Турон», «Турк сўзи», «Улуғ Туркистон!» каби рўзномаларда босилиб чиқади. 1922 йилга келиб унинг «Бир сўроқ», «Ўксизнинг ўлими», «Қарға», «Бибихоним мадрасаси», «Туркистон» каби шеърлари «Ўзбек ёш шоирлари» деган тўпламга киритилади. Шуни қайд этиш керакки, ҳали бу шеърларда шоир мақсади мавҳум эди.

Шоирнинг 1921 йилда чоп этилган «Армуғон» тўпламида эса асосан унинг масаллари ўрин олган эди. Ундаги «Қайси бири бўри» номли масалида ҳам худди шундай мавҳумлик мавжуд бўлиб, унда олғир одамнинг бўридан ҳам ваҳшийлигини кўрсатади. Аммо, адибнинг «Кучсизлар дунёси» масали ният, мақсад ёрқин кўзга ташланиши билан фарқланиб туради. Унда энди азоб чеккан ёш қонхўрлардан ўч олиш учун курашга киришади. Шундай қилиб, шоир босқичма-босқич маҳорат сари кўтарила боради. Айниқса, унинг «Менинг ҳикоям» номли шеърида муаллифнинг ўзи буни қайд этади. «Шеър ёзиш менга эрмак иш эмас» деб билади. «Мен ҳали битта ҳам шеър айтмадим, фақат шеър йўлидан қайтмадим» деган хулосани беради:

Шоирликдан мақсад, сўз кўчиришмас
Шеърда ҳам мақсад ўй ўчиришмас,
Шоирлнк — маънони тиза билишдир,
Мазмунни рассомдек чиза билишдир.

Элбекнинг кейинчалик яратган «Меҳнат куйлари», «Ғунчалар», «Чирчиқ бўйларида» (1935), «Ашулалар тўплами», «Болалар қўшиги», «Шеърлар тўплами» (1936) каби китобларидаги шеърларида шоир дунёқарашидаги, бадиий маҳоратидаги такомил манаман деб турарди. Айниқса, шоирнинг «Лена қурбонлари», «Озодлик қурбонларига», «Пролетар марши» ҳамда «Сезгилар» тўпламига кирган бир қатор шеърлар ўзининг даъваткорлиги билан ажралиб турарди.

Элбек бир қатор шеърий тўпламлар яратибгина қолмай, ўнлаб достонлар ҳам ижод этган. Унинг «Гўзал қиз» (1927), «Бизники» ва «Пахта» (1929), «Ўтмишим» (1929), «Чирчиқ» (1929), «Батрак колхози» (1930), «Тозагул» (1934), «Ўзбекистон» (1934), «Боғбон» (1935), «Етик» (1935), «Мерган» (1935) асарлари шулар жумласидандир.

Элбек — болалар шоири сифатида ҳам анча баракали ижод қилди. Унинг ўша «Армуғон» тўпламидаги бир қатор шеърлари қатори «Ғунчалар», «Чирчиқ бўйларида» ҳамда «Камбағал йигит ва пардастурхон», «Омонат», «Ерксиз полчи», «Она», «Болалар қўшиги» каби бир қатор шеърлар, достонлар, баллада ва эртаклари фикримизнинг далили эди. Айни чоғда адиб «Ёзув йўллари», «Ўрнак», «Бошланғич мактаб она тили», «Гўзал ёзгичлар» (1924) каби бир қатор дарслик ва қўлланмалар муаллифи сифатида ҳам маълумдир.

Элбек ўзининг ўнлаб шеърлари, масал, достон, таржималари қаторида ҳикоянавис сифатида ҳам адабиётимиз тарихида из қолдирган. Унинг «Дадамат» (1936) тўплампга кирган «Чирчиқ», «Мен ким бўламан», «Ана», «Аноргул», «Қаҳҳорхўжа», «Дадамат» каби ҳикоялари адибнинг шоиргина эмас, носир бўлганлигидан ҳам далолат берди.

Элбек бор-йўғи қирқ йил яшади. У ҳам 1938 йилда Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошим, Қаюм Рамазон, Ғози Олим каби қатағонлик қурбони сифатида қатл қилинган. Аммо у ёзгапидек, адабиётнмиз бўстонига турфа гул экиб кетди. Бу унинг асарлари эди. Ҳа:

Бу менинг қўлимла яратилган гул,
Қандай қила олий, менинг совғам шул.