Луижи Пиранделло. Бировга кулма зинҳор... |
|
|
|
28.10.2013 16:36 |
I
Кристофоро Голиш гавдасининг оғирлигидан бир оз букилган оёқларини кериб, кўча ўртасида турарди; бошига қийшиқ қўндирган шапка гардиши уни юмалоқ голланд пишлоғига ўхшатиб қўйган эди. Голиш қўлини силкиб: – Беньямино! – деб қичқирди. Баланд бўйли, хипчадан келган, ёши элликлар атрофидаги бир киши шамолда тебранаётган новдадек чайқалиб қаршисидан келмоқда эди. Рангпар юзидаги катта-катта кўзлари атрофга олазарак боқарди. У учига резина ўрнатилган ҳассага таянганча чап оёғини судраб келмоқда эди. – Беньямино!– қайта чақирди Голиш. Негадир овози бу сафар бошқача чиқди. У қадрдон дўстини бу аҳволда кўраман, деб сира ўйламаганди. Беньямино Ленци негадир тез-тез киприк қоқар, лекин кўз қарашлари ҳамон ўша-ўша эди. Кўзлари бир зумда ёшга тўлди, лекин афти сира ўзгармади. Мўйлови остидаги бир оз қийшиқ лаблари қимирлаб, нимадир демоқчи бўларди-ю, бироқ гапи қовушмай: – Бу мени бол-адиган йў-лим,– дея дудуқланди. – Баракалла,– деди Голиш, қаршисида гўё қадрдон дўсти Беньямино Ленци эмас, балки раҳм-шафқатга муҳтож ёш болакай тургандек. Уни совуқ тер босди. Голиш дўстига яқинлашиб, унинг юришига мос равишда қадам ташламоқчи бўлди. Афсуслар бўлсинки, бу жонсиз судралаётган оёқни гўё қандайдир номаълум кимса ер қаърига тортаётгандек эди! Яримшол ва бадбашара, ўлим нафаси келиб турган бу кимсани кўриб, унга ачинаётганини ҳамда саросимага тушганлигини яшириш мақсадида Голиш Беньяминодан Римдан кетганидан бери шу вақтгача қаерда юрганлиги-ю, қачон қайтиб келганлигини сўраб, саволларга кўмиб ташлади. Беньямино Ленци дўстининг саволларига ғўлдираш билан жавоб берди. Голиш эса берган саволларини Ленци тушундими, йўқми, деб шубҳалана бошлади. Киприкларини тез-тез пирпиратиб туриши, у азоб чекаётгани ва жуда танг ҳолатда эканлигини билдириб турарди. Бу ҳол чеҳрасида қотиб қолган ғалати саросималикдан халос этмоқчидек туюларди.Оғир хасталик Беньямино Ленцида ўчмас из қолдирганди. Унинг кўзларида ҳайрат ва қўрқув муҳрланиб қолганди. – Вой-вой-вой!– тишларини ғижирлатиб деди Кристофоро Голиш мажруҳ дўстига ачиниб қараётган одамларга ғазаб билан боқаркан. Унинг ғазаби тобора ошиб, дили вайрон бўлмоқда эди. Атрофдагилар кўчада енгил қадам ташлаб бораяптилар. Қандай бахт. Оёқ-қўллари эркин ҳаракатда, қандай яхши. Бошларини у ёқ-бу ёққа бураяптилар. Тани соғлиқ – туман бойлик, деб шуни айтсалар керак-да. Хўш, ўзининг кўриниши қандай! Бақувват, мускулдор вужудидан куч-қувват ёғилиб турибди. Кристофоро Голиш қўлини мушт қилди. Жин урсин ҳаммасини! Шу тобда кимнингдир елкасига мушт туширгиси келиб қолди. Қизиқ, нима учун мушт тушириши керак? Бунинг сабабини ўзи ҳам билмасди. Ўтиб кетаётганлар жиғига тегмоқда эди. Айниқса, Ленцига ўгирилиб қараётган бақувват ёшлар уни ғазабини келтирмоқда. Голиш чўнтагидан ҳаво ранг дастрўмолини олиб, терга ботган юзини артди. – Беньямино дўстим, қаерга кетаяпсан? Ленци юришдан таққа тўхтади-да, соғлом қўли билан кўча чироғи устунига суянди ва унинг нотекис жойларини пайпасларкан: – Шифо-колга оё-қимни машқ қий-дийгани,– дея қотиб қолган оёғини кўтармоқчи бўлди. – Машқ қилдиргани дейсанми?– сўради Голиш.– Оёғингни машқ қилдираяпсанми? – Ҳа, оё-қимни,– жавоб қайтарди Ленци. – Баракалла! – деди Голиш. Унинг кўнглида ногирон оёққа жон ато этиб, дўстини бу азобдан қутқариш нияти пайдо бўлди. Дўстини бундай ачинарли ҳолатда кўриш Голиш учун жуда оғир эди. Наҳотки унинг қаршисида турган ўша ёшлик йилларида ғаройиб саргузаштлар ишқибози бўлган Беньямино Ленци бўлса? Икковлари ҳам уйланмай бўйдоқликларича қолиб кетдилар. Бўш вақтларини маишатда ва ўйин-кулги билан ўтказишни ёқтирар эдилар. Кейинчалик Беньяминонинг ҳаётида ўзгариш рўй берди. У жуда эпчил чиқиб қолди. Гаплари бурро, қатъий эди. У пайтларда Беньямино деганлари ишга муккасидан кетган, умид билан ҳаракат қиларди. Кутилмаганда, шундай ҳолатга тушиб ўтирса-я... Бу ёғи қандоқ бўлди! Ачинарли аҳволга-я! Голиш дўстидан кўп нарсалар ҳақида сўрамоқчи бўлди, аммо буни ўзига эп кўрмади. Ундан сўрамоқчи бўлган қанча гаплари бор эди-я. – “Фьяскеттерия Тоскана” баридаги баҳсимиз ёдингдами?– эслатди у дўстига.– Надина эсингдами? Биласанми, ҳозир ҳам мен у билан учрашиб тураман. Ёдингдами, сен ғайирлик қилиб уни мендан тортиб олмоқчи бўлгандинг? Ўшанда Надина сени жуда ёқтириб қолганди. Ҳали-ҳанузгача у сени эслайди. Бугун кечқурун уникига меҳмондорчиликка ўтаман, сени учратиб қолганимни унга айтаман. Қара, сен ҳам мени танимаётгандирсан, таниётган бўлсанг ҳам худди тушда кўраётгандекдирсан. Голиш жиққа ёшга тўлган кўзлари билан дўстига тикилар, Беньямино бармоқлари билан тинмай ўзи суяниб турган чироқ устунини пайпасларди. Беньямино Ленци ҳозирда суяниб турган чироқ устунини яхши эслаб қолганди, чунки ҳар куни сайрга чиққанида шу ерда бир оз дам олиш учун тўхтарди. Атрофда ҳаёт давом этмоқда, одамлар унинг аҳволига қараб ачинар, қадам ташлашига хавотирланиб қарашарди. Ленци эса ҳеч нарсани пайқамай, ўз хаёли билан бўлиб, шу тош кўчадан судралиб ўтарди. У бор кучини тўплаб, аввал кўча чироғи устунига, сўнг шаҳар бозоридаги биронта дўконнинг кўргазма ойнаси олдигача етиб олишга жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Бу ер эса иккинчи маротаба тўхтаб дам оладиган манзили эди. Беньямино Ленци шу ерда узоқ вақт туриб, кўргазмага қўйилган арғимчоққа қизил боғич билан боғланган чинни маймунчани томоша қилиб турарди. Кейинги пайтларда кўчанинг ичкарисидаги боғ девори олдида тўхтаб дам оладиган бўлди. Айнан уни даволайдиган шифокор ҳам шу кўчада истиқомат қиларди. Шифокорнинг ҳовлиси шинамгина, гултувакларга экилган анвойи гуллару катта ёғоч қутиларга ўтказилган ёш бамбуқ, апельсин дарахтларига тўла эди. Шу билан бирга турли хил машқ ўтказиладиган асбоб-анжомлар ҳам мавжуд эди. Бир бурчакда эса мустаҳкам тахтачаларга қоқилган ҳалқачаларда айлана орқали ўтказилган арқон ҳам осилиб турарди. Беньямино Ленци касал оёғини ёғоч педал устига қўйиб айлантира бошлади. Бу машқ ҳар куни ярим соат давом этарди. Орадан икки-уч ой ўтгач, анча тетиклашиб, соғайиб кетишига ўзида ҳам ишонч пайдо бўлган эди. Бу манзарани бир оз кузатиб турган Кристофоро Голиш қўлларини силтаганча, катта-катта қадам ташлаб, ҳовлидан шитоб билан чиқиб кетди. Шу тобда Голишни шундай ҳис-туйғулар қамраб олдики, гўё бу аҳволга Ленци эмас, худди ўзи тушиб қолгандек туюлди. Голиш ўртоғининг бундай ночор аҳволига асло тоқат қилолмай қолди. Кўзлари ғазабдан чақнарди. Ақлдан озган одамдек қўлларини силкитиб, тишини тишига қўйганча кўча бўйлаб ўзи билан ўзи сўзлашиб борарди: – Бу ёғи қандоқ бўлди-а? Сенинг ўрнингда бўлганимда, ўзимни хароб қилдириб қўярмидим? Одамлар мазах қилишларига чидаб юрармидим? Бошқалар мазза қилиб юрсинлар-да, мен кулги-маломатга қолайми? Йўқ, бу кунимдан ўлганим яхши. Кулги бўлишни истамайман. Шу оқшом, эртаси куни ва яна бир неча кун давомида унинг миясини фақат шу ўй-хаёллар қамраб олди. Содир бўлган бу ҳол уни васвасага солиб, на уйда, на ишда ва на қаҳвахонада тинчлик бермасди. Таниш-билишларни кўриб қолгудек бўлса: – Беньямино Ленцини кўрдингизми? – деб сўрарди. “Йўқ” деб жавоб бергудек бўлишса:– Бечора шол бўлиб қолибди! Қандай яшаб юрибди, ҳайронман. Шифокор бўлганимда бу ҳолдан қутқарармидим... Бечора педал айлантириб, оёғини ҳаракатга келтираяпти. Тузалиб кетармикин? Бир минг саккиз юз олтмиш олтинчи йилда – ёшлик йилларида мен билан ёнма-ён туриб урушган ва дуэлда қатнашган ўша Беньямино Ленци-да. Жин урсин, биз ўзимизни ҳеч қачон аяган эмасмиз. Ҳаёт шоду хуррамликларга тўла бўлсагина қадрли бўларкан. Бўлмаса, унинг қизиғи йўқ экан. Мен бу аҳволга чидаёлмай ўзимни бир балога гирифтор қилган бўлардим. Ниҳоят, қаҳвахонада ўтирган улфатлар Голишнинг гапидан чарчашди. – Мен жонимга қасд қилган бўлардим,– деди Голиш. – Тезроқ айтганингни амалга ошир, биз ҳам совуқ гапларингдан қутулайлик,– деб ҳазиллашишди дўстлари. Кистофоро Голиш улфатларининг гапига эътироз билдириб, қўлларини силтаб: – Йўқ, агар шундай ҳолат рўй берса деяпман-да...– деди.
II
Орадан бир ойлар чамаси ўтгач, Кристофоро Голиш опаси ва жияни билан бир дастурхонда кечки овқатни тановул қилаётган пайтларида тўсатдан нафас ололмаётгандек кўзлари олайиб, оғзи қийшайди-қолди. У столга юзтубан йиқилиб, тақсимча устига бошини қўйди. Худди унга ўлим шарпа солаётгандек эди. Бир зумда Голишнинг ўнг тараф аъзолари ишламай, гапдан қолди. Кристофоро Голиш Италияда туғилганди. Ота-онаси немис эдилар. Умрида Германияга бормаганди. У соф рим шевасида сўзлашарди. Дўстлари унинг Голиш исми шарифини аллақачоноқ итальянча Голиччи дея ўзгартириб юборган эдилар. Баъзилар эса, қорни қаппайганлиги, ҳаддан зиёд иштаҳаси зўрлиги учун унга Голачча, деб лақаб ҳам қўйиб олган эдилар. У баъзан хуфиёна гаплари бўлса опаси билан немис тилида сўзлашарди, холос. Кристофоро Голиш гапира оладиган бўлганидан сўнг, у шифокорни ҳайратга солиб қўйди, итальян тилини мутлақо унутиб, фақат немис тилида сўзлаша бошлади. Қизариб кетган, қўрқув тўла кўзларини очиб, қийшайган оғзи ва юзини чап тарафини ҳаракатга келтириб, бўйсунмаётган тили билан бир нечта сўз айтмоқчи бўлди. Сўнг соғ қўли билан бошини ушлаб шифокорга немис тилида шундай мурожаат этди: – Сиз... сиз... мўлжалга олиб мушт туширгандай...– деди. Шифокор немис тилини тушунмади, укасининг гапидан эси чиқиб кетган опаси бу гапларни таржима қилишга мажбур бўлди. Кристофор Голиш тўсатдан немисга айланди-қолди. Аниқроқ қилиб айтганда, у қайтадан немис бўлиб туғилди. Хотирасидан барча итальян сўзлар чиқиб кетганди. Шифокор бу ҳолатни илмий асосда тушунтирмоқчи бўлди, ўз ташхисини қўйиб, муолажалар буюрди. Шифокор кетаётганда Голишнинг опаси уни бир четга олиб, бир неча кун аввал шол бўлиб қолган эски қадрдони билан учрашиб қолганида, агар ўзи ҳам шундай дардга чалингудек бўлса, жонига қасд қилишга онт ичганлигини айтиб берди. – Биласизми, доктор, худди шу касалга мубтало бўлишини аввалдан сезгандек, фақат шу ҳақда гапиргани-гапирган эди. У жонига қасд қилиши турган гап. Мен жуда хавотирдаман. Шифокор хайрихоҳлик билан илжайиб: – Хавотир бўлманг, хоним, ҳеч қўрқадиган жойи йўқ. Укангизга унинг бетоблиги бор-йўғи овқат ҳазм бўлмаганидан деб айтамиз, мана кўрасиз... – Лекин доктор! – У ишонади, мен бунга кафилман. Чунки касали оғир эмас, бир неча кундан сўнг оёқ-қўлларини қимирлата бошлайди. Вақт ўтгач, юриб ҳам кетади. Аста-секин юради. Ким билсин, вақт ўтиши билан у буткул кўрмагандек бўлиб кетиши ҳам мумкин... Бу унга жиддий огоҳлантириш бўлди. У ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириши ва қатъий тартибга бўйсуниб яшаши лозим. Фақат шу йўл билан касал хуружи қайталанишидан узоқ вақт сақланиши мумкин. Опаси кўзига қалқиб чиққан ёшларини яшириш мақсадида, қўллари билан кўзларини юмиб олди. Шифокорнинг гапларига ишонмасдан дарҳол хизматкори ва ўғли билан маслаҳатлашиб, укасининг тортмада турадиган тўппончасини яшириб қўйиш режасини туза бошлашди. Маслаҳатга кўра у хизматкор билан тўшакни тўғрилаб қўйиш баҳонасида каравотнинг четида туриб олганларида, тортмадан ўғли тўппончани билдирмай олиб чиқиб кетадиган бўлди. Фақат эҳтиёткор бўлишлари керак. Шундай қилдилар ҳам. Опаси ўз эҳтиёткорлигидан енгил тин олди, чунки авваллари укасининг бундай касаллик ҳақидаги тушунтиришларига унча эътибор ҳам бермаганди. Худди шифокор айтганидек, укасига касалини оддий ошқозон касали деб тушунтирдилар. – Ҳа... ҳа... бу оддий ошқозон касали... Дарҳақиқат, укаси тўрт кунгача ошқозонида қандайдир нохушлик рўй бераётганини сезди. – Меъда сустлиги... ҳа...ҳа... шундай. “Наҳотки танасининг ўнг тарафи шол бўлиб қолганлигини укам сезмаётган бўлса?– дея хаёл сурарди опаси.– Наҳотки у Ленцининг бошига тушган бу азоблардан сўнг оддий меъда сустлиги шундай даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига ишониши мумкин бўлса, а?” У ўз ихтиёри билан навбатчилик қила бошлаган биринчи кунданоқ гўё ёш болага ўргатгандек, унга меҳр билан унутилган итальян сўзларини ўргата бошлади. Укасидан эса нима учун итальян тилида гапирмаётганини сўради. Голиш опасига ҳайрат-ла боқди. У ҳозир немис тилида сўзлашаётганини ҳам пайқамаётганди; у дабдурустдан немис тилида сўзлаша бошлади, бошқа тилда сўзлашиш эса унинг хаёлига ҳам келмасди. Голиш опаси ўргатаётгандай қилиб, итальян сўзларини қайтаришга тушди. Бироқ у опаси ўргатаётган итальян сўзларини немис тилида талаффуз қиларди. Жияни Жеванниони Чоугато деб атай бошлади, тоғам мени ҳазиллашиб шундай ном билан атаяпти, дея кулиб қўярди жияни. Орадан уч кун вақт ўтгач, “Фьяскеттерия Тоскана” қаҳвахонасида Голишнинг бошига тушган кулфатдан хабардор бўлган дўстлари кўргани келдилар. Итальян тилини янгидан ўрганаётган Голишни кўриб, аҳволига ачиндилар. Голиш эса ўрганаётган сўзларининг маъносини фаҳмламасди ҳам. Голиш ғалати аҳволга тушиб қолганди. Маълум бир дақиқада у абадий давом этгувчи оламга шўнғиган-у, сўнг у ердан бутунлай бошқа инсон – қирқ саккиз ёшли ажнабий гўдак бўлиб туғилгандек эди. Голиш ишламай қолган қўлини илк бор қимирлатганида шундай хурсанд бўлиб кетганини кўрсангиз эди! Оёғи эса қимирлай демасди. Лекин у оёғи ишлаб кетишига умид боғларди. Кристофоро Голиш оёғини ҳаракатга келтиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. – Қалай?– сўради у дўстларидан. – Яхши, яқин кунларда юриб кетасан,– далда беришарди унга дўстлари. Голишнинг яшашдан умиди катта эди. Ҳар эҳтимолга қарши дўстлари ҳамширадан беморга эътибор билан қараб туришини илтимос қилдилар. – Биласизми, кутилмаганда ҳар қандай воқеа рўй бериши мумкин. Хотираси ҳам тикланиши турган гап. Голиш дўсти касал бўлганида нохуш фикрни миясига ўрнаштириб олганди: худо кўрсатмасин, хуруж яна қайтарилиб қолса борми, унда ҳар нарсани кутиш мумкин. Ҳозирда Голиш эмас, балки дўстлари нохуш фикрлар гирдобида эдилар. Орадан йигирма кун ўтгач, опаси ва жияни етовида хона ичида бир неча қадам босаётганидаги хурсандчилигини кўрсангиз эди! Шу тобда ундан бахтли одам йўқ эди дунёда! Гўё онадан қайта туғилгандек эди. Худди ёш боладек қадам босаётганидан хурсанд бўларди. Арзимас нарсага йиғлаб ҳам оларди. Хонадаги ҳамма нарса унга жуда қадрдон кўринарди. Уларнинг ёнига бориб, қўли билан пайпаслаб кўрар, кўзига ёш олганча, қалби шодликка тўлиб судралиб қадам босарди. Бошқа хонадаги жиҳозларни ҳам узоқ вақт томоша қилиб турар ва шу хоналарга кириб боришни орзу қиларди. Ҳа, опаси билан жияни қўлтиғига киришса борми, у ҳамма хоналарни айланиб чиқарди. Кейинчалик Голиш жиянидан ёрдам сўрамай қўйди. Опаси ёрдамида соғ қўли билан ҳассага суянганча хонама-хона кеза бошлади. Тез орада бировнинг ёрдамисиз, фақат ҳасса билан юра бошлади ва ниҳоят, Кристофоро Голиш атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. – Энди-чи, энди... ҳассасиз юрсам дейман... Голиш ҳассасига таянмай икки-уч қадам ташлади, лекин дарҳол курсига ўтириб олишига тўғри келди. У анча озиб-тўзган, ташқи кўриниши опасига ўхшаб кетганди. – Бейамин!– дўстининг исмини бузиб чақирди Голиш. Беньямино Ленци дўстининг шол бўлиб қолганлигини кўриб, ажабланмади ҳам. Мўйлови остидаги лабларини чўччайтирди, холос, шу лаҳзада ўнг юзи бир оз қийшайиб, тамшанганча деди: – Сенга ҳам юқибди-да?– дея педал айлантиришда давом этди. Эртаси куни Кристофоро Голиш шифокор ҳузурига опасининг ёрдамисиз бормоқчи бўлди. Беньямино эса ёлғиз ўзи қатнарди, Голиш ҳам ундан ортда қолмасликка аҳд қилди. Аввалига опаси ўғлига тоғасининг ортидан сездирмай кузатиб, назорат қилиб юришни тайинлади. Опанинг кўнгли хотиржам бўлгач, ёлғиз ўзи шифокор ҳузурига боришига рухсат этди. Энди ҳар куни эрталаб бир вақтда иккита ногирон дўст йўлда учрашиб шифокор ҳузурига бирга қатнайдиган бўлдилар. Уларнинг йўналишлари бир хил эди – аввал кўча чироғи устунига етиб олишлари керак эди, сўнгра пастликка тушиб, бозор расталаридан ўтиб боришар, кўргазмага қўйилган арғимчоқда ўтирган чиннидан ясалган маймун боласини узоқ томоша қилгач, боғнинг панжараси олдига етиб олишлари зарур бўларди. Бугун Голишнинг хаёлига ажойиб бир фикр келди. У дўсти Ленци билан фикрини ўртоқлашиш учун ошиқа бошлади. Икки дўст – кўча чироғининг устунига суянганча нигоҳларини бир-бирларига қадаб, нима демоқчи бўлганларини тушунар ва кулгидан оғзиларининг таноби қочарди. Улар гапираётган сўзларини бузиб талаффуз қилганча бир тўхтамга келдилар, Голиш ҳассасини кўтариб кўчадаги извошчини имо билан чақирди. Извошчи аввал биттасини, сўнг иккинчисини аравага чиқарди, мана энди улар Испания майдонида истиқомат қилаётган Надинаникига меҳмонга кетмоқда эдилар. Пиллапоялардан юқорига минг азобда чиқиб, ҳансираб турган бу икки шахсни кўриб, Надинанинг эси оғиб қолаёзди. Бечора Надина кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмасди. Уларга ёрдамлашиб, икковларини ҳам меҳмонхонага бошлаб кирди ва ўз ёнидан ўтиришлари учун жой кўрсатди. Сўнг худди тарбиячиларга ўхшаб, қочиб келган ёш, шўх болаларга дакки бераётгандек, ўйламай қилган ишлари учун уларни койий кетди. Беньямино Ленци аразлаган ёш боладек афтини бужмайтириб, йиғлаб юборди. Голиш эса аксинча, қовоғини уйганча ташриф буюришдан мақсад, унга ажойиб – сирли совға қилмоқчи бўлганликларини айтди. – Мени йўқлаб келганларинг учун бошим кўкка етди, раҳмат,– шоша-пиша деди Надина.– Яшаворинглар! Икковингизлар ҳам зўрсизлар... Уйимга қадам ранжида қилиб, бошимни осмонга етказдинглар. Мен айтган гапимдан хижолатдаман, лекин сизларнинг фойдангизни кўзлаган эдим... Меникигача етиб келиш, устига-устак пиллапоялардан юқорига чиқишда қийналган бўлсангиз керак, деб... Беньямино, қўй, азизим, йиғлама... Сенга нима бўлди ўзи. Бардам бўл, Беньямино! – дея Надина оппоқ, чиройли, дўмбоққина қўллари билан унинг юзини силаб қўйди.– Сенга нима бўлди? Қани, менга бир қара-чи!.. Уйимга келмоқчи эмасмидинг, а? Сени анави ярамас бу ерга бошлаб келган бўлса керак? Шунинг учун мен уни эркаламоқчи эмасман. Бас қил, сен менинг арслоним, қадрдонимсан. Йиғлама, кўз ёшларингни ўзим артиб қўяман. Ана шундай, шундай қилиб. Мана бу ажойиб феруза кўзли узукка қарагин-а? Уни менга ким совға қилган? Бу узукни ким ўз Надинасига совға қилган? Эгнимдаги чиройли кўйлакни-чи? Қани, топ-чи? Сен мен учун энг қадрли инсонсан, азизим,– дея Беньяминонинг пешонасидан ўпиб қўйди. Сўнг ўрнидан даст турди-да, кўз ёшларини артиб олгач: – Сизларни нима билан меҳмон қилсам экан-а?– деди Надина. Унинг қилган ишидан Кристофоро Голишнинг дили ранжиди, томоғидан овқат ўтмади. Беньямино Ленци ширинликдан бир бўлак ейишга розилик билдирди. У Надина узатган ширинлик томон чўзилиб, оғзини очмоқчи эди, Надина қиқирлаб кулганча ширинликни Беньяминодан олиб қочиб: – Йўқ, йўқ, бермайман,– дея ҳазиллашди. Топишиб олган икки қадрдон дўст ғаройиб кайфиятда эдилар. Улар қувонгандан қувониб, тинмай кулардилар.
Русчадан Назира Жўраева таржимаси |
20.03.2014 18:10 |
Умидий (Ҳавоий, Марғилоний — тахаллуслари; асл исм-шарифи Муҳаммадумар қори Неъматулла охун ўғли) (1835 — Марғилон шаҳри — 1905) — шоир, тарихчи. Ҳаёти Фарғона ва Марғилонда, Шарқий Туркистон (Қашқар)да кечган, Фурқат, Муқимий ва бошқа шоирлар билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган. Ижодий фаолияти 19-асрнинг 2-ярмида Фарғонадан бошланган; адабий мероси кичик ҳажмдаги лирик ва сатирик шеърлар ҳамда эпик достонлардан иборат. Унинг «Маснавийи Умидий», «Девони Умидий» (1981), «Качкули Қаландарий» (1891—92; назмий ва насрий йўл билан ёзилган ҳикоялар, афсона ва ривоятлар тўплами) асарлари, «Бадавлатнома ёки Тарихи Хўқанд» (1880), «Мактубчаи хон» (1884), «Жангнома» (1888), «Ҳайрат ул-олам» ва бошқа тарихий, фалсафий-дидактик достонлари етиб келган. Умидий лирикасида ватанпарварлик, вафо ва садоқат, соф муҳаббат каби инсоний фазилатлар тараннум этилса, достонларида Фарғона водийси ва Шарқий Туркистондаги турли жангу жадалларда хароб бўлган юрт, халқ аҳволи ҳаққоний тасвирланади. Macалан, 2700 мисрадан иборат «Бадавлатнома ёки Тарихи Хўқанд» достонида Умархон вафоти (1822) дан 1875 йилгача бўлган Қўқон тарихи ва Ёқуббек (Муҳаммад Ёқуббек Бадавлат)нинг ҳарбий юришлари ҳикоя қилинади. Умидийнинг астрономия ва тиббиёт илмлари билан шуғулланганини кўрсатувчи маснавийлари ҳам бор. Асарларининг кўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти, Россия Фанлар Академияси Санкт-Петербург бўлими фондларида сақланади. Омон Жалилов
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Мунҳариф ўлди фалак, жавр ўлди кун-кундин зиёд, На ҳабибимдан карам, на ўзлигимдан эътимод.
Бир ажойиб толеим бордурки, ман ҳайрон анго, Сидқ ила қўйсам қадам ҳар ерға, қўзғолғай фасод,
Ҳар ишимдан, қилмишимдан дўстлар хотир малул, Ҳар ҳунар қилсам зиён афзуну бозорим касод.
Бўлмишам ҳайрону лолў йўқ ҳабиби меҳрибон, Кўзима олам қоронғу, гўри танг турган билод.
Лутф этиб, ёраб, ўзинг кўрсат манго роҳи бақо, Лавҳи дилдан нақши фосидларни айлаб инхирод,
Бори нисён, ҳамроҳим йўқ, кўзлашим мулки адам, Минган отим лангу лоғар, йўқ қўлимда роҳи зод,
Нўш этиб мастонадур хамри жаҳолатдин Умид, Шул жиҳатдин айламас охир ишин бир лаҳза ёд,
* * *
Андалиби зордек дил қон қилиб, афғон қилиб, Мавсуми гулни таманносида кўп нолон қилиб.
Бу жаҳони фоний гулзориға васл уммидида Беибо қўйдим қадам, ишқ отини жавлон қилиб.
Дилбарим зулфини чавгониға бу майдон аро, Мақсадим, ўйнатса бошим гўйини ғалтон қилиб.
Шукрким, кўрдим жамолин толеим феруз ўлуб, Шум рақиблардин ғамимни дил аро пинҳон қилиб,
Неча йиллардин бери май ишқида махмур эдим, Ҳуббатуллоҳи шароб ичдим фидойи жон қилиб.
Берди илкимга фалак шамъи муродим ёрутуб, Кулбам ичра ёр ҳуснидан чароғ эҳсон қилиб.
Бўлмаюб навмид Умидийдек талаб водийсида, Манзилу мақсадға еттим ашкими резон қилиб.
* * *
Нафас торин чекиб, қаддингни хам айлар пано кам-кам, Олиб белдин мадоринг илгингға бергай асо кам-кам.
Тиларсен гар нажоти ғам, тажарруд боғини сайр эт, Тааллуқ келтуруркан бошингға юз минг бало кам-кам.
Кўзингнинг гавҳарин саррофи олам олғай ўрнидин, Бу тадбир ила айлар рўзғорингни қаро кам-кам.
Қўлингдин кетса давлат мажмаидур бебақо ичра, Узарлар меҳру шафқат торини ҳар ошно кам-кам.
Маҳори ихтиёрииг нафси баднинг илгиға берсанг Гадо айлар сани юздин олиб шарму ҳаё кам-кам...
Ҳаво бирла ҳавас нақшига дил берма жавонликда, Ўтиб байрам куни алдин кетар ранги хино кам-кам.
Қиёмат қойим ўлмоға етушса йил, яқин бешак, Улуғлардин адаб бермак, кишилардин ҳаё кам^кам.
ЙИГЧИ ЭШОН ҲАЖВИ
Дарбадар оламни қилди баччағар гумроҳ эшон, Макри шайтон бирла тадбир кўрсатиб пайдо эшон.
Йўқ каромат бирла ёру қанча хотун-қизлари, Қайси хотун бўлса мухлис, ҳар сифат зебо эшон.
Марғилондан қанча одам бордиларким кўрғали, Тўн кийиб, қорни тўйиб раҳмат била суллоҳ эшон.
Мисвогидан ўт чиқормиш — баччағарнинг шуҳрати, Қатта иш бирлан қилурсан, муттаҳам, даъво, эшон.
Қайси кофир, қайси чурчут қилди бу безорилиқ, Сен хароми, беадаб, оламда бир танҳо эшон...
Борди Сармсоқ хўжа эшон сан билан суҳбат қилиб, Қўй билан эчкини қилдинг анга кўп савғо, эшон.
Қўрқамен тил очқали ул ким Қодирқул думадин, Муҳтарам билсин губур, ҳоким билан подшо, эшон.
Манки қўрқдим аввало ёзсам губурга билдуруб, Камбағал бечораман, ҳайратда дил огоҳ, эшон.
Қилмасунми ҳажв, аммо кўрса ҳам раммолида, Йўқ Умиди, муттаҳамдан бўхча ё сарпо, эшон.
РУБОИЙЛАР
Эй андалиби хома, ҳамиша тарона чек, Ёд айлагил жамолини, оҳи шабона чек. Наврўз кайфини яна кўздин учирмағил, Мастоналиқ пиёласини ёна-ёна чек.
* * *
Эй соқийи хужасталиқои тараб адо, Кавсар нишон шаробингға юз нақди жон бақо. Лаб ташна, жон гурусна, кўнгул майға мустаманд, Лаълинг ҳақида айла мани ҳожатим раво.
* * *
Эй соқий, бода баҳриға маллоҳи кишт ўлса, Ҳурона коса тутки, майли шароби биҳишт ўлса. Дориламон майкададин қувмағил ғофил мани, Қурбони бўйи бодаи райҳон сиришт ўлса.
* * *
Эй майфуруши асри шаҳ, Жамшиди анжуман, Келтур қадаҳни гардиша, шайдолиқ айла фан. Ғам дафъиға ҳакими қазо амр этиб шароб, Ранжи танимни дафъиға ҳозиқлиқ айла сан.
* * *
Бир кеча соқий май била кўнглумни сарафроз, Чўх айлади, қилиб эрдим жоним анго ниёз. Илгимда эрди зодаи ашъори хотирим, Айди тамом ўқуб кўруб, номин анго — Ниёз.
МУХАММАСЛАР
* * *
Билки ул золим фалак гуллар намоён айлади, Сабзалар бирлан чаман саҳнини бўстон айлади, Ғунчалар лаълини кулгу бирла хандон айлади, Турфатул-айн ичра авроқин паришон айлади, Булбули шўридасин доғида нолон айлади.
Бирни тахти салтанат узра мақомини баланд, Сарфарозу шодком айлаб эл ичра аржуманд, Ҳар таманносин муяссар, ҳар сўзин айлаб писанд, Душманин зору забун, олдида айлаб қайду банд, Бетаҳоши ҳарна мақсудин фаровон айлади.
Бирни равшан қилди кўзгуйи жалодат давлатин, Бирнинг орттурди дамодам ғусса бирлан кулфатин, Мамлакат ичра қуриб бирни сарири шавкатин, Бирни беҳуш айлабон, чеккан тамоми меҳнатин, Бирни кулдурди, бирини бағрини қон айлади.
Бирни Мажнундек биёбон узра қилди дарбадар, Оқизиб кўз йўлидин селобаи хуни жигар, Гоҳи узлат кўчасида кездуруб шаб то саҳар, Гоҳи ташлаб водийи фурқат аро бе поу сар, Телбаи саргаштаи кўҳу биёбон айлади.
Дод этай юз тил билан бу даҳри нофаржомдин, Бир-биридан баттаринроқ бесубут айёмдин, Ҳар замон ком олмоқ истарлар мани нокомдин, Кўргузуб май ўрнида заҳри ҳалоҳил жомдин, Бенаво Умидийдек маҳбуси зиндон айлади.
* * *
Бўлсам, эй булбул, санингдек гулга ҳамдам кошки, Васл учун хилватгаҳи дилдора маҳрам кошки, Ғайрдин айлаб қаму сирримни мубҳам кошки, Ийди ҳуснидин топиб бир кеча байрам кошки, Чирмасам зуннорини белимға маҳкам кошки.
Айру ўлдум ёрдин, ағёрлар кулди сабаб, Домани саҳрони туттум кўп чекиб ранжу тааб, Ушлади бемеҳрлик роҳини ул ҳуро лақаб. Май сари тарки табассум айлабон ул шаҳдлаб, Сўзлади ағёрима ман эмди ўлсам кошки.
Айладим тарки ватан Мажнун каби мен бенаво; Жавр ила қилғоч рақиблар дилрабоимдин жудо. Шамъи айшимни ўчурди бемаҳал боди сабо, Бўлди олам саҳни кўзумға мани зулматсаро, Етмасайди юз аламлар узра юз ғам кошки.
Афзун ўла боражак ҳайрон уза расволиғим, Ғам кетурди бошима ҳасрат туни танҳолиғим, Ишқими фош айлади эл ичра бепарволиғим, Дарбадар қилди рақиблар бирла базморолиғим, Бўлмасамчи бевафолар бирла ҳамдам кошки.
Эй харидори матои орифи бозори гул, Арғунунсози тараб ҳамону ҳар гулзори гул, Телбаи, ошуфтаи, мажруҳу пеши хори гул, Андалиби беватан қилди сари зуннори гул, Сендек ўлсам бир нафас гул бирла ман ҳам кошки.
Бўлмади ошиқ бўлиб жоним, нигорим садқаси, Йўху борим васл ўлан ҳангоми борим садқаси, Саргарон бошим қудуми шаҳсуворим садқаси, Ҳар тарафдин нақди диним, гулузорим садқаси, Деса Мажнуне мани ҳам халқи олам кошки.
Жон керакмас жисмим ичра ул паризод ўлмаса, Тарки гулшан айларам ул қадди шамшод ўлмаса, Йўқ Умид, андин карам бир лутф ижод ўлмаса, Мен каби юз қул боши йўлида барбод ўлмаса, Берса ул қотил шаробе тиғи ғам ҳам кошки.
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Телба Умидий қулинг беҳушу беидрокроқ, Нўш этиб хамри жаҳолатдин тили нопокроқ, Сўзани Маръям билан қилғил руфу чолокроқ, Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ, Кипригим шабнам тўкулган сабзадин намнокроқ.
Жазмлик, яхши карамлик, меҳрибон кўрдум сани, Ташладим бошим аёғингға ҳамон кўрдум сани, Гавҳари меҳрингни жисмим ичра жон кўрдум сани, Бу кўнгул ғамнокидин тО шодмои кўрдум сани, Истарам, ҳардамки бўлғай хотирим ғамнокроқ.
Шўх-шанг атфоллардин тегса кўп бағримга тош, - Уз жазоси, қилди иш бесабрликдин бекенгош, Тўкмака ушшоқ қонин қотили айлар талош, Уйла мужгон ханжариға ёпушубдур дурри ёш, Ким магар андин ятиме йўқтурур бебокроқ.
Қўйгуча ёлғиз мани, жонимни ол, эй дилрабо, Сансизин бир лаҳза лаззат йўқ тирикликдин манго, Қўйма бепарво қадам ҳар ёна майл айлаб яно, Лабларингдан ком олурда барча эл қулдур санго, Жон берурда бир қулинг йўқ бандадин чолокроқ.
Қўйса гар гарди мазаллатни ризо аҳлига чарх, Бошини фармондин индурмас, адо аҳлига чарх, Кимиё билғай баногоҳ чашми во аҳлига чарх, Одамийлик туфроғин берса фано аҳлига чарх, Оҳким, йўқдур киши аҳли вафодин хокроқ.
Эйқачон бошим мани овези ул фитрок ўлур, Қоши ёсидин тегиб ўқ, сийнаси дарднок ўлур, Қон тарашшуҳ айлабон, олуда жисмим пок ўлур, Неча ўқлосанг Навоий, кўнгли захминроқ ўлур, Кўрмагай, захмини тиккон сари бўлғой чокроқ.
ҒАЗАЛИ ФОРСИЙ
Иборат мухтасар тавзиҳи ҳолам шарҳи исмат дошт. Усули дин каломам, як қалам мазмуни ҳикмат дошт,
«Баҳори дониши» ақлам надорад фориғ аз кулфат, «Баҳористони» наврўзам қариби шоми кулфат дошт.
Надонам «Равзатул аҳбоб», ки ёри ман фусун дорад, Дили найранги ҳар бобаш ҳазорон фасли раҳмат дошт,
Ба «Наҳви» саргарон афтодаам аз ҳарфи иллатро, Дили Мажнунам, аз Лайли, ки тўмори муҳаббат дошт...
Ба «Ахлоқи» ҳусн боби савоби шарҳи авродаш, Вале «Руҳал-баён» тафсири ахлоқи ҳамидат дошт...
Ба ихлосат забонам мекунад вирди «Далоилро», Каломи «Масиавий» тавсифи авсофи ҳамидат дошт.
Ба «Девони» дилам дар ҳар варақ доғи дигар дорад, Ки ёри ман ба ағёрон «Баҳористон»и ишрат дошт.
Дили «Таҳзиби» ихлосам ба жаври маҳвашон хун шуд, Ки «Маҳбубул қулуби» мо намедонам чи хислат дошт.
«Ақойид» шарҳи мадҳаш мабҳаси зоти сифоти ў, Ба васфи дафтари сонй чи авсофу, чи хислат дошт.
Каломи ҳолу қолу мабҳаси дигар намедонам, Китоби мушкулоти дарси медорам-муҳаббат дошт.
Калиди қуфли боби «Махфилорои» халойиқ шав, Ки «Мифтоҳул жинон» мазмуни кашшофи жамилат дошт,
Китоби «Шарҳи Мулло» Мавлавй Жомй Исомиддин, Асоси беқиёсу баҳси исми дилфиребат дошт.
Каломат ҳоли дилро мекунад суғроу ҳам кубро, Ки ёри ман намедонам: кадомин дину миллат дошт.
«Нукоти» сирри мактуби муҳаббатро макун изҳор, Ки ҳар як нуктааш мазмуни сад олам фазилат дошт.
Зи дасте сарнигунафлок дар дил доғҳо дорад, Умедй нотавон дар мавзеъи Машҳад сукунат дошт.
БУЛ КИТОБНИНГ НОЗИМИ МУЛЛАҚАБ БА УМИДИЙ БИР НЕЧА СУЗ «МАНТИҚ-УТ-ТАЙР»ДИН ФАСОНАГУДОЗЛИК БИРЛАН БАЁНҒА КЕЛТУРГОНИНИНГ БАЁНИ
Хаёли тезпари Семурғпарвоз, Ҳумоюн соясидин эшитур роз. Ёзиб журъат билан мушкин қанотин, Чиқиб давр узра Ҳудҳуд қўйди отин. Йўлуқти мунга Семурғи жаҳонгард, Сулаймон хизматига шуҳрати фард. Деди Семурғ:— Руҳ эрмиш шикорим, Ҳувайдо олам узра кору борим. Қанотимни шамоли тегса тўзон, Улуғ маҳкам бу Кўҳи Қоф паррон. Чўчуб панжамни зарбидин чунон бед, Фалак титраб кирар ер узра хуршед. Ғизо ҳар кунда ўн минг моҳи дарё, Қади минг бир қулоч, эн юз газ аммо. Зуҳал илгида учқун насри тайёр, Манго қуллуққа юз тил бирла иқрор. Ҳумоюн англабон Семурғ лофин, Кушод этти тилидин сўз ғилофин. Деди:—Машҳур эрур ном ила соям, Ҳама шаҳларға зилли арши поям. Агарчи бўлса соямда шарофат, Қуруқ сўнгак емаклик манго одат. Қанот ганжиға ҳақ қилди хозин, Бериб мифтоҳи истиғно ниёзин. Юмуб кўзни тамаъни донасидин, Узум олдим жаҳон мардонасидин. Қаноат даштида туштум бўлиб тоқ. Анинг-чун жумла эл, соямға муштоқ. Тугатмай сўзни оғзидин Ҳумоюн, Итик чангалли бургут — тиғи вожун. Парафшонлик қилиб сўйи самода, Ўйин кўргузди меърожи ҳавода. Деди:—Хуш савлатимдин шери жаён, Қадам босқой адаб бирла ҳар инсон. Етарман тулкуға тавсун — ажалдек, Урарман панжа марги бемаҳалдек. Тамоми жузви унсун хосиятвор, Унумдин телба итга ваҳшатим бор. Адо қилмай сўзин Бургут диловар, Келиб Қарчиғай лаб очти баробар: Ҳаво мавжида давр урсам замоне, Тополмас ғози чиҳл мандин амоне. Ўзин таърифин айлар ҳоло Лочин, Балодек келди ҳам очиб қулочин. Деди:— Мандин субоъи ҳар биёбон Қочарлар жойи хилват излашибон. Кабутарлар кўзига тарҳи шаклим, Бало янглиғ, алар гўштидур аклим. Али ўғли Ҳасан, шоҳи шижоат Қанотимни силолмай мурғи давлат. Қадим айём ул Султони Баҳром, Кўтарган илгиға, айлаб кўп икром. Паримла куйдуруб хокистаримни, Асал бирла қўшуб мағзи саримни. Еса, фарзанди бўлмас эру хотун, Берур фарзанд бешак ҳаййи бечун. Бу жанжол бирла етти шоҳи Туйғун, Бўлуб табъи кудуратдин дигаргун, Деди:— Манман субоълар ичра олғур, Шикор айлардадурман мушти пурзўр. Баробар ёнидин сўз айди Шунқор: — Йўқол, кет, кушлар ичра сан на даркор. Итолгу келди, Қирғий орқасидин, Турумтой, Чўли Чифак барчасидин. Али мерганки жўйга-қўйга дастёр, Қизитти маърака қадрича бозор. Чиғилбой бирла Қалхат, Фунг, Кулонгир, Алоқарға, Йиғлоқ қуш, Шабонгир. Булар ўз ҳолиға, қадрига боқа, Тофибон жойи хилват тоқа-тоқа. Тўкарга сайд қонин лофи бисёр, Урардилар ибосиз, масту ҳушёр. На хуш сўз деб эди бир кун Навоий, Китоби «Хамса»да ҳикмат адойи: — Ифору сандалу сунбулға бозор, Ўтунга бор жаҳон ичра харидор. Эшакмунчоқ харидориға даллол, Навоий мустаманд, ошуфта аҳвол... Низомий бирла Жомий, шайх Хусрав Фалотун табъ, килкидур фалакрав. Алар бозори гавҳар ичра сарроф, Тугалмас хирмани олмаса аллоф. Ярар ўз жойида шамширу найза, Вале иш биткарур бечора игна. Умидий, гарчи элга хору абтар, Сухан айтувға жойи фурсат истар. |
|
14.03.2014 14:09 |

МАЙ ФАРЁДИ
Қуйдилар май, келди садоси: «Эдим бир бош ажва хурмоси.
Вужудимни расо билдилар, Ўз танамдан жудо қилдилар.
Чидамайин этгандим фиғон, Ўтга тутиб қилдилар бийрон.
Кундузлари қайнардим тинмай, Кечалари мижжа ҳам қоқмай.
Сўнгра олиб, зиндонбанд этиб, Жигар-бағрим титкилаб, эзиб.
Вужудимни пора этдилар, Ўзлигимдан жудо этдилар.
Бирдан қолдим бутунлай тиниб, Кетдим гўё борлиққа сингиб.
Шунда жило айлади офтоб, Бўлдим бирдан ажойиб шароб.
Шундан буён иззат ичраман, Доим айшу ишрат ичраман.
Ошиқларга кўзгуман гўё, Маъшуқасин кўрарлар танҳо. Мендан тотса ким, куйиб ёнар, Охир, хатто ўзидан тонар.
Унутар бор дарду ғамларин, Ўйламас ҳеч кўпу камларин.
Шу сабабдан бўлдим қўлма-қўл, Висол арши учун танҳо йўл.
Ёр васлидан баҳраманддирман, Ҳарамида аржуманддирман».
КОСА САДОСИ
Тилга кириб косаси шу дам, Деди: «Айтай сўзларим мен ҳам.
Асли наслим тупроқдан, билинг, Одам ёки япроқдан, билинг.
Мен эрурман кимларнинг боши, Нозанинларнинг қалам қоши.
Подшоҳми ё ғаний, олим, Ё гадоми, мазлумми, золим.
Менга йўқдир ҳеч бирин фарқи, Бир эмасми тупроқнинг нархи?!
Сўнгра бўлдим сув билан ошно, Ана шундан бошланди ғавғо.
Оғирлашди вужудим бутун, Оғриқ недир, англадим бу кун.
Отиб мени оёқ остига, Ўтдилар сўнг бости-бостига.
Тепкилашди беармон, роса, Бўлсин дейиб мени чин коса.
Сўнгра уриб шакл бердилар, «Яхши босинг, пишсин», – дердилар.
Ундан олиб ўтга тутдилар, Чўғдек бўлмоғимни кутдилар.
Вужудимда қолмади ғубор, Кетди мендан олдин неки бор.
Таратдим, бас, жарангдор садо, Ишқ аҳлини айладим шайдо.
Кўринг, қандоқ соф бўлди жисмим, «Коса» дейиб қўйдилар исмим.
Шундан буён қўллар узраман, Қасру айвон, шоҳлар ичраман.
Менда тўла муҳаббат майи, Куйлар мени муғанний найи.
Менсиз ўтмас шоҳларнинг базми, Шоирларнинг битмагай назми.
Ошиқларнинг қўлидадирман, Ёрнинг ўнгу сўлидадирман».
КЎЗА САДОСИ
Бирдан кўза айлади нидо: «Мен ҳам деяй, қолмайин танҳо.
Тупроқдандир менинг ҳам жинсим, Коса асли менинг ҳамжинсим.
Оби ҳаёт устимдан қуйиб, Ажратдилар аслимдан узиб.
Бундан бўлдим нолону гирён, Не қиларлар, билмасдим ул он.
Неча кундир эркин қўйдилар, Кейин вужудимни ўйдилар.
Ерга уриб, тепкилаб, эзиб, Жигар-бағрим поралар этиб.
Сўнгра мени қолибга солиб, Ортиқ жойим ташлашди олиб,
Тутиб яна бағрим ўйдилар, Ичимни бўш қилиб қўйдилар.
Чиқардилар қулоғу кўзим, Танимасдим ўзимни ўзим.
Кейин олов ичра солдилар, Айтинг, қачон у кир қолдирар?!
Кундузлари ёнардим тинмай, Кечалари мижжа ҳам қоқмай.
Қолмади ҳеч ҳоҳишларим ҳам, Тамом бўлди нолишларим ҳам.
Эсиб бирдан ажойиб шамол, Вужудимда қолмади мажол.
Сокин бўлди бутун борлиғим, Сезмай қолдим ўзим борлигим.
Топдим ажиб ҳусн ва зийнат, Шон-шарафу, бебаҳо қиймат.
Кўрдилар, бас, шаробга лойиқ, Тутдилар бош узра халойиқ.
Доим шоҳлар билан суҳбатим, Базму ишрат ҳам маишатим.
Қасру бўстон масканим мудом, Менга майдан ўзгаси ҳаром.
Ўзгага йўқ, чунки, ҳожатим, Ҳожатим не, балки тоқатим.
Зотан, ул май ичим қиздирар, Тушса не ёт нарса, куйдирар.
Барча фойда, лаззатим майдан, Келмагай бу ўзга бир шайдан.
У туфайли ёр биландирман, Суҳбатидан баҳраманддирман.
Мадҳ этиб ёр мақтайди мудом, Менга асли етар шу мақом.
Лек, умидим, илтифот айлаб, Тонгла, «Эй, кел!», деб хитоб айлаб.
Базм этарда ўшал боғида, Чорлагайдир висол чоғида.
СОҚИЙ САДОСИ 1. Алар сўзин тинглагач соқий, Деди: «Айтай каломи боқий.
Эй май, аввал сендан бошлайин, Кўзларингни, кел, бир ёшлайин.
Сен, танамдан ажралдим, дединг, Бил, ўшанда туғилган эдинг.
Айрилиқдан бўлгандинг гирён Бошланди, бас, сенга имтиҳон.
Хуруж қилди илк нафси бад, Шайтон душман бўлди то абад.
Етди сенга хилма¬хил озор, Сабр билан ютдинг сен ҳар бор.
Узлат этдинг боридан қочиб, Ҳақдан ўзга барчадан тониб.
Кетди жумла ўзга неки бор, Қолмади ҳеч сенда кир, ғубор.
Қарор топдинг сен шу ҳолатда, Етди бир ҳол ушбу соатда.
Қучиб сени илоҳий севги, Бўлдинг соф, чин, хақиқий севги.
Битди кулфат, топдинг шон-иззат, Ҳақнинг ёди сенга айш-ишрат.
Толибларга матлубсан мангу, Гўё тавҳид нурига кўзгу.
Тушсанг агар кимнинг кўксига, Сендан ўзга сиғмас кўнглига.
Туйиб сендан лаззат, ҳаловат, Гўё ичмиш жаннатий шарбат.
Дунё ғамин чекмас, кўнгли тўқ, Бойлик етса-кетса, фарқи йўқ.
Еру кўкда ҳурмат не ажаб, Сенсан Ҳаққа етмоққа сабаб.
Сенсиз Унга боғланиб бўлмас, Боргоҳига кириб бўлмас.
Ким сен билан, баҳраманд бўлгай, Даргаҳида аржуманд бўлгай.
Ушбу васфинг мақсад ва ғоя, Исминг магар ҳолдан киноя.
2. Кел, эй коса, тингла сўзларим, Мен айтай, сен англа сўзларим.
Жисминг асли яралмиш ердан, Сўнгра келдинг қайсидир эрдан.
Бўлса қандоқ боиси жисминг, Ўзгармас ҳеч жисмингу исминг.
Зеҳн солиб, тафаккур қилсанг, Бир хил зарра барчаси, билсанг.
Сўнг қоришди жисмингга руҳинг, Бошланди, бас, дарду шукуҳинг.
Жисминг сезиб оғирлик шундан, Руҳинг туйиб оғриқ шу кундан.
Тушдинг ерга, тортдинг азият, Лозим эрди сенга тарбият.
Устоз сени юмшатди олдин, Чунки жисминг асли сополдин.
Зоҳир этди барча зийнатинг, Кетказди ҳам ёмон хислатинг.
Мақсад эрди буткул ростламоқ, Ирфон учун сени хосламоқ.
Солиб сенга муҳаббат ўтин, «Ўзга»ларни куйдирди бутун.
Қолмай ғубор, бўлдинг мусаффо, Топди ҳатто ўзлигинг фано.
Кўриб сени, юракми, дерлар, Руҳинг эса кўнгилдан асар.
Титрар сенинг нолангдан жаҳон, Айлар сен-ла ошиқлар фиғон.
Топдинг иззат еру осмонда, Жаннат аҳли ичра ризвонда.
Сен ўзингсан муҳаббат ўрни, Бу оламда маърифат ўрни.
Ошиққа йўқ сенсиз ўзлиги, Шоирларга қайда сўзлиги?!
Файзу илм қароргоҳисан, Чунки, Ҳақнинг назаргоҳисан.
Ёдидан ҳеч тўхтамас лабинг, Розилиги эрур матлабинг.
Коса сенинг мажозий отинг, Юрак-кўнгил ҳақиқий зотинг.
Сен каби чун соликнинг дили, Дил эса бу – вужуд қандили.
3. Энди навбат сенга, эй кўзам, Сўзларимдир сен учун малҳам.
Билки, отанг ердан яралмиш, Кўкси, «юрак» дея аталмиш.
Сен эрурсан унинг наслидан, Қандай тонар насл аслидан?!
Пуфланди руҳ жонсиз танангга, Қадам қўйдинг она ватанга.
Ўтмишингдан ажраб йиғлардинг, Келажагинг қайдан билардинг?!
Гўдаклигинг ўтгач беғубор, Бошланди ғам-ташвишу озор.
Нафсинг сени қийнарди қайнаб, Қилар эди неларни талаб.
Қайтарарди ундан виждонинг, Ўйлаки, ул туғма иймонинг.
Учради бир муғанний сенга, Яъники, бир мураббий сенга.
Қийнаб эзди нафси балойинг, Синдирди ҳам кибру ҳавойинг.
Бериб гўзал ахлоқий шакл, Кетказди не бўлса ноасл.
Ҳамда сенинг кўксингни очиб, Дунё ишқин ташлади олиб.
Очди қалбинг қулоғу кўзин, Англагайсан токи Ҳақ сўзин.
Булар бори дарак билимдан, Муқаддамдир одоб илмдан.
Қўйган эдинг илмга қадам, Топди барча ғуборинг адам.
Битди ўйин ва роҳатларинг, Уйқу бўлди ибодатларинг.
Тамом бўлди ҳавойи нафсинг, Бўлди ризо қояси хасминг.
Хотиржамлик, сокинлик топдинг, Фано ичра сокинлик топдинг.
Ҳақдан етди тажаллий сенга, Насиб этди таваллий сенга.
Илм билан бўлдинг музаййан, Олимга йўқ қиймат муаййан.
Ҳақ ишқига бўлдинг муносиб, Инсу малак хайлига ғолиб.
Ҳамсуҳбатинг аҳли маърифат, Ҳақ ёдидир сенга айш-ишрат.
Жойинг илму зикр халқаси, Сенга ҳаром ишқдан бошқаси.
Бошқадан чун сенга не ҳожат, Ўзга севги келтирар кулфат.
Ҳақнинг ишқи ўртатар дилни, Васфи ожиз қолдирар тилни.
Лаззати тан, жонингни қамрар, Барча ғамлардан халос айлар.
Ундан ўзни ажратолмассан, Боисин, лекин, билолмассан.
Ёди Ҳаққа неки зид келмиш, Дилдан ани ишқ даф этмиш.
Доимо Хақ ёди бирлансан, Ҳам Каломин зикри бирлансан.
Кўкда ёд айлар сени Аллоҳ, Ўзга халққа қайдадир бу жоҳ?!
Лек, умидинг, тонгла лутф айлаб, «Иржиъий» бирлан сени чорлаб.
Жаннатида аржуманд этгай, Ҳам Юзидан баҳраманд этгай.
Ушбу ҳолинг англаб илм аҳли, На илм, бил, илму билм аҳли.
Айламишлар тасбеҳ кўзага, Қадрингни жавҳар ферузага.
Ҳақ йўлида соликсан асли, Англамас, лек, буни жаҳл аҳли.
Сен билан бор қалбу муҳаббат, Бўлмаса дил, сенда йўқ журъат.
Лек бўлмаса муҳаббат агар, Иккингиз ҳам оддий лой магар.
Гар десангиз: «Кимсан сен ўзинг? Пурмаъно ҳам роҳатбахш сўзинг!».
Исмим Муршид, лақабим Соқий, Барча фоний, магар, Ҳақ боқий.
Сизга ҳақни етказдим тамом, Сўзим битди энди, вассалом.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |
«Далойил» ўқиётган Юсуфбек Ҳожи |
|
|
|
09.08.2013 15:14 |
Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романида Юсуфбек ҳожини айнан ҳожилиги эътибори билан юксак бир мақомга кўтариб қўйгандир. Бу қаҳрамон маиший-ижтимоий жиҳатдан ақл-заковати, фаҳм-фаросати, гўзал одоби, муомала-муносабати, қўйингки, барча-барча фазилатлари билан ажралиб туради. Бу нурюзли сиймо талъатидан таралган ёғду бутун роман борлиғига ойдинлик бағишлайди. Ёзувчи Юсуфбек ҳожи мақомини маълум бир ишоралар, рамзлар воситасида юксакликка кўтаради. Уни бир ўринда чин дилдан Қуръон ва «Далойил» мутолаасига берилган киши сифатида тасвирлайди. Романинг бошқа бир саҳифаси — Кумушнинг кўзи ёриши арафасида ҳам ҳожи «хурсанд ва хафалиги номаълум қиёфади» «Далойил» ўқиб ўтиради. Бугунги маърифатли ўқувчи учун Қуръони каримнинг қандай китоблиги ёки мазмун-моҳиятини изоҳлаб беришга ҳожат йўқ. Бироқ Абдулла Қодирий асарларида тез-тез тилга олнадиган «Далойил» хусусида эса икки оғиз сўз жоиз. Ўтган аср аввалида Қозон матбаахоналарида босилган ва юртимиз зиёлилари орасида машҳур бўлган «Далойил ул-хайрот» муаллифи МУҳаммад ибн Сулаймон Жазулий исмли кишидир. Китоб ёзилишининг қизиқ бир тарихи ва уни ўқиш шарти ҳамда одоблари бор. Биринчидан, комил бир машойихдан изн олиш лозим. Иккинчидан, уни ўқувчи киши ейиш-ичиш, савдо-сотиқ каби амалларда ҳаромдан ҳазар этиши керак. Учинчидан, ўзи ҳам, кийим-кечаги ҳам пок бўлиб, уни ўқишда хатога йўл қўймаслиги лозим. Тўртинчидан, тажвид (тўғри талаффуз) қоидаларига амал этиши ҳамда ўқилаётган дуо ва тасбеҳларнинг маъносини имкони борича билиши керак. Бизнингча, умуман шунга ўхшаш барча талабаларни Юсуфбек ҳожи комил бир инсон сифатида тўла-тўкис адо қилган. Акс ҳолда, дуолар, тасбеҳ ва салавотлардан таркиб топган «Далойил»ни ўқишга ҳожи жазм этмаган бўлар эди. Абдулла Қодирий бундай мўътабар китоблар қадр-қийматини яхши билган, албатта. Демак, китоб моҳияти ортидаги син-синоатни, умуммоҳиятни англаб олиш ўқувчи кўзи ўнгида «Далойил» ўқиётган Юсуфбек ҳожи сиймосини яна ҳам серфазилат, маънавий-руҳий дунёси янада бўртиб кўринишига сабаб бўлади.
Баҳодир КАРИМ, филология фанлари доктори |
|