Шолрўмол. Луижи Пиранделло. PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:35

I

– Тўхта, – деди Банди дўсти д’Андреага. – Мен бориб уни огоҳлантираман. Мабодо яна қайсарлик қилса, бостириб кирасан.
Иккаласи ҳам узоқни яхши кўролмасди Шу туфайли бир-бирига жуда яқин туриб сўзлашмоқда эдилар. Кўпчилик уларни эгизаклар деб ўйлашарди. Ёшлари ҳам деярли тенг бўлиб, бир-бирларига жуда ўхшаб кетардилар – баланд, тик қоматли, озғин, барча ишни саранжом-саришталик билан бажаришни хуш кўришарди. Суҳбатлашатуриб, бир-бирларининг кўзойнакларини ё бўлмаса бўйинбоғларини тўғрилаб қўйишар, ҳеч бўлмаганда, эгниларидаги камзулларининг тугмаларини тортиб қўярдилар. Улар кам гаплашардилар. Ҳаётда кўп қийинчиликларни бошдан кечирганликлари заъфарон юзларида акс этиб турарди.
Улар бирга вояга етдилар. Бир-бирларидан ёрдамларини аямай дорилфунунда ўқидилар. Бири ҳуқуқшунослик бўлимида, иккинчиси тиббиёт бўлимида таҳсил олди. Ҳозир эса турли соҳа бўйича ишлашар, аммо ишдан сўнг кечқурунлари кўришиб, шаҳар чеккасидаги жарлик бўйида чўзилиб кетган хиёбонда сайр этишни канда қилишмасди.
Улар шу қадар яқинлашиб кетишган эдики, бир-бирларини оғизларидан билинар-билинмас чиққан сўзлари, имо-ишораларию, кўз қарашларидан тушуниб олишарди. Сайр чоғида фикр алмашар, сўнг ортиқча гапирмай, индамасдан кезиб юришарди. Ўзаро айтилган икки-уч оғиз сўз уларга фикр алмашиш учун етарли озуқа бергандек бўларди. Худди ҳориган отларга ўхшаб бошларини эгиб, шошилмай қадам босишарди. Тўсиқдан сакраб ўтиб, пастликда ястаниб ётган адирликлару уфққа бош қўяётган қуёш нурида жилваланиб турган денгиз мавжларини томоша қилишни на униси, на буниси хаёлига келтирарди.
Ён атрофдаги гўзалликка маҳлиё бўлмаслик эса мумкин эмасди. Бу икки йигитчанинг бундай нохуш кайфиятда кетишларига нима сабаб бўлди экан?
Бир неча кун аввал Банди дўстига:
– Элеоноранинг соғлиғи яхши эмасга ўхшайди, – деб шипшиганди.
Д’Андреа дўстига қаради. Бу кўз қарашидан касаллик жиддий эмаслигини англади.
– Элеонора опамиз ўзим кўриб қўйишимни истаяптими? – сўради у дўстидан.
– Соппа-соғман, деяпти.
Бир умр оналари ўрнини босган Элеонора олдидаги қарздорлик бурчини ҳис этган ҳолда қовоқларини уйиб, индамай йўлда давом этдилар.
Д’Андреа ота-онасиз вояга етди. Уни амакиси асраб олди, аммо ўқитишга қурби етмади. Элеонора ҳам ўн саккиз ёшга етганида кенжа укаси билан етим қолди. У ота-онасидан қолган бор-будини тежаб-тергаб бир амаллаб кун ўтказишга сарф қиларди. Кейинчалик ишлашга мажбур бўлди, мусиқа ва ашуладан дарс бера бошлади. Шу зайлда укасини вояга етказди, унга қўшиб дўстини ҳам ўқитиб, саводини чиқарди.
– Мен дўмбоқман, сизлар қилтириқсизлар, – дея болалар билан қувноқ овозда ҳазиллашарди Элеонора. – Сизларнинг ўрнингизга ҳам мен семираяпман.
Ҳақиқатан ҳам Элеонора тўладан келган эди, кун сайин семириб борарди. Унинг чеҳраси сутга чайиб олингандек тиниқ. Кўзлари шаҳло, қайрилган киприклари узун, овози қўнғироқдек жарангларди. Унга разм солганларида семизлигидан ўзини ноқулай ҳис этиб, маъюс жилмайиб қўярди.
Элеонора оҳангларни бузиб бўлса-да, ҳис-ҳаяжон билан юракдан жўшиб қўшиқ куйларди. Жиддий ва тўпорилиги, ибо-ю, андиша, устига-устак укасининг ташвиши бўйнида бўлмаганида қўшиқчи бўлиш орзусида эди. Саҳнада қўшиқ айтишни жуда-жуда хоҳларди. Афсус, минг афсус, бу орзу ушалмай қолди. Ёши ҳам қирқларнинг нари-берисида эди. Шаҳарда истеъдодини қадрлашган бўлармиди. Бу ширин ўй-хаёллар юрагига бир оз таскин берарди, холос. Қийналиб бўлса-да, у иккита етим болани оёққа қўйди. Умрини уларга бахшида этиб, оқ ювиб, оқ таради. Бу унинг шунча йиллик меҳнатлари эвазига олган мукофоти эди.
Шифокор д’Андреа дўстини узоқ кутиб қолди, у ҳали-бери меҳмонхонадан чиқай демасди. Меҳмонхонанинг шифти баланд бўлмаса-да, ичи кенг, ёруғ эди, алмисоқдан қолиб, ўнгиб кетган мебеллар ўтмишни эслатарди; ўтмишда қадрли бўлиб хизмат қилган бу анжомлар хонада савлат тўкиб турар, қаршидаги кўзгудан уларнинг акси кўзга ташланарди. Хонага гўё марҳумларнинг портретлари йиғиб қўйилгандек эди. Улар бир нуқтага – Элеоноранинг роялига тикилиб тургандай туюларди.
Доктор кутишдан чарчади, ўрнидан туриб, эшикка яқинлашиб ичкарига қулоқ тутди. Бўғиқ йиғи овозини эшитгач, эшикни қоқди.
– Киравер,– деди Банди эшикни очаркан.– Опам нега бунча ўжарлик қиладилар, ҳеч тушунолмаяпман.
– Мен касал эмасман!– йиғи аралаш қичқирди Элеонора.
У чарм билан қопланган катта оромкурсида ранги докадек оқарганча, ҳар доимгидек қора кийимда ўтирарди. Шу тобдаги унинг қилиғи худди ёш боланикига ўхшаб кетарди; нимадандир безовталанар, укасининг нигоҳидан даҳшатга тушар, кўзларидаги саросимани беркитишга ҳаракат қиларди.
– Ростданам касал эмасман,– деди у бир оз ўзини ўнглаб олгач. – Илтимос, мени ўз ҳолимга қўйинглар. Мен ҳақимда ташвиш чекманглар.
– Яхши!– унинг гапини бўлди укаси.– Мана, Карлонинг ўзи айт-син, саломатлигингиз жойида эмаслиги шундоққина кўриниб турибди,– шундай дея у эшикни тарақлатиб ёпиб, хонадан чиқиб кетди.
Элеонора юзини қўли билан беркитиб, ҳўнграб йиғлашдан бир оз тўхтади. Д’Андреа Элеонорага тикилиб қараркан, ўзини ноқулай сезар, негадир ҳижолатда эди. Ниҳоят, у сўз қотди:
– Нима бўлди ўзи? Нима воқеа рўй берди? Наҳотки мендан ҳам буни сир тутсангиз?
Элеонора ҳамон йиғлашда давом этарди, Карло оғир-вазминлик билан гапираркан, ниҳоят, опасининг қўлларини юзидан аста туширди:
– Бўлди-да энди, йиғини бас қилсангиз-чи,– кўндиришга уринди у опасини.– Қани, бир бошдан гапиринг-чи, нима бўлди. Қўрқманг. Ёнингизда турибман.
Элеонора бошини чайқади ва бехосдан йигитнинг қўлларидан тутди-ю, бирпас сиқиб турди-турди-да, шу заҳоти юзи ғалати бўлиб, безовталанди ва:
– Карло! Укажоним Карло! – деб шивирлади.
Д’Андреа қизнинг қаршисида тиз чўкди.
– Ичингиздаги дардни менга айтинг, опажон...
Элеонора қўлини аста иягига тиради-да, оҳиста, тушкун аҳволда, ялинганнамо:
– Карло, бу дунёни тарк этишимга ёрдам бер. Садағанг кетай, ёрдамингни мендан дариғ тутма, нима қилишимни билолмаяпман, бошим қотиб қолди.
– Бу дунёни тарк этмоқчиман, деяпсизми? – кулиб юборди Карло.– Қизиқ гапни айтдингиз-ку.– Нега ёш умрингизни эрта хазон қилмоқчисиз?
– Яшагим келмаяпти! – деди Элеонора аста кўз ёшларини артиб.– Бу ишни қандай амалга оширсам бўлади, йўл кўрсат менга, Карло! Ахир сен шифокорсан-ку. Ортиқ бундай яшай олмайман! Ҳа, ҳа, яшай олмайман. Бундан ўзга чорам йўқ. Дорилбақога рихлат этсам, ҳаммасидан қутуламан.
Карло Элеонорага ҳайрат-ла боқди. Қиз ҳам йигитга тикилиб қаради-ю, дарҳол кўзини юмиб олди, юзи докадек оқариб, қўрқувдан саросимага тушди.
– Қандай кунларга қолдим-а, – деди Элеонора бир оз ўзига келгач,– Карло, мени худо уриб қўйди. Ҳа, ҳа, ишон, адойи тамом бўлдим.
Д’Андреа ўзини йўқотган кўйи қўлини Элеоноранинг қўллари орасидан тортиб олди.
– Нега адойи тамом бўласиз? Нега? – деб ғўлдиради у.
Элеонора ундан кўзини олиб қочаркан, “секин” дегандай бармоғини лабига қўйганча, эшик томон бош ирғаб:
– Фақат у билмаслиги керак! Худо ҳаққи укамга бу ҳақда оғиз очма! Аввал менга ёрдам бер. Менга дори керак. Сен дори берасан, мен ичаман-қўяман. Илтимос, тез таъсир қиладиганидан бер. Жонимга қасд қилолмаяпман. Қўрқаяпман! Шу ҳақда икки ойдан бери ўйлайвериб, ич этимни еб юбордим! Карло, айт-чи, опангга ёрдам берасанми?
– Қандай ёрдамим керак?– сўради д’Андреа ўзини йўқотиб.
Элеонора яна укасининг дўстини қўлидан тутиб, унга ёлворгандай нигоҳ ташлади:
– Жонимга қасд қилишимни истамасанг... сен менга... қандай ёрдам беришинг мумкин?
Д’ Андреа қаддини тик тутиб, қовоғини уюб олди.
– Карло, ёлвораман! – қайтарди у.– Ўзим учун эмас, укам Жоржони бўйнини хам қилмаслик учун шундай қилишим шарт. Фақат Жоржо бу гапдан хабар топмаслиги керак. Карло, сизлар учун ўз умримни бахшида этдим. Оқ ювиб, оқ тарадим, сизларни оёққа қўйдим. Карло, оз бўлса-да, шуларнинг ҳаққи-ҳурмати менга ёрдам бер, мени қийин аҳволдан қутқар! Наҳотки,қийналишимни истасанг? Ўйлайвериб, юрак-бағрим қон бўлиб кетди-ку, ахир! Шу ёшимда бу таънани қандай кўтариб юраман. Бу жуда оғир, ҳа, жуда оғирлик қиляпти...
– Элеонора опажон, айтинг-чи, бу воқеа қандай содир бўлди? Ким у одам?– сўради д’Андреа беихтиёр бўлган воқеани тушуниб етгач, саросимага тушиб.
Элеонора хавотир билан эшик томон қараб қўйди-да, юзини қўллари билан беркитиб олди ва:
– Билишинг шарт эмас! Ҳозир бу ҳақда ўйлашни истамайман! Наҳотки Жоржонинг аҳволига ачинмасанг? Эл орасида қандай бош кўтариб юради...
– Қандай рўй берди?– сўради д’Андреа,– Айтсангиз-чи, ахир. Бу катта жиноят-ку. Олдини ололмадингизми... ё чора тополмадингизми?
– Йўқ, чора тополмадим,– қатъий, алам билан деди Элеонора.– Етар! Нима демоқчилигингни тушундим. Энди мени ёлғиз қолдир. Мазам қочаяпти...
У бошини ўриндиқ суянчиғига беҳол ташлади-ю, бор гавдаси шалвираб тушди.
Карло д’Андреа ўзини йўқотганча Элеонорага кўзойнаги тепасидан қараб турарди. Софлик рамзи бўлмиш бу ажойиб қиз қандай қилиб ўзини ўлимга маҳкум этаётганини ҳис этаркан, бу иш унинг шаънига ярашмаслигини ўйлаб, бу ўй-фикрни калласига сиғдира олмади. Эҳ, Элеонора Банди? Ахир у ўз ёшлигини бизни деб хазон қилмаганмиди? Энди унинг ёшлиги қоптими? Балки, шунинг учун ҳам номусдан ўлимига рози бўлаётганмикин-а?
Карло опасига қараркан, унинг ҳаддан ташқари тўла гавдаси кўзига ёмон кўриниб, нафрати қўзиб кетди.
– Қани, йўлингдан қолма! – жаҳл билан қичқирди Элеонора довдираб қолган Карлонинг афтига ҳам қарамай.– Бор, ҳамма гапни Жоржога айтиб бер. Менга нисбатан қандай чора кўрса кўраверсин, ҳаммасини ипидан-игнасигача айтиб бер. Қани, бор, жўна.
Д’Андреа беихтиёр эшик томон йўл олди. Элеонора бошини даст кўтариб, унинг ортидан кузатиб қолди. Эшик ёпилиши биланоқ, Элеонора ҳушидан кетди.

II

Д’Андреа уйдан чиқиб кетгач, Элеонора икки ойдан бери уни эзиб юрган юкдан фориғ бўлди-қўйди. Барча қўрқинчли онлар ортда қолганди.
Бошига тушган ғам-андуҳлар билан курашишга Элеоноранинг ортиқ мадори қолмаганди. Майли, бу ёғи худодан, пешонасида борини кўради. Бу иш тезроқ бир ёқлик бўла қолсайди!
Ҳозир укаси ёнига важоҳат билан киради-да, уни бир ёқлик қилиб қўя қолади. Начора, тақдирга тан бермай иложи йўқ... У ҳурматга ҳам, эътиборга ҳам лойиқ эмас. Тўғри, у укаси ва унинг дўстига керагидан ортиқ меҳр кўрсатган, борлиғини бағишлаган – ҳаёт тақозоси шунга мажбур қилганди. Буни қарангки, мана энди топган обрўйи бир пул бўлиб ўтирибди.
Элеоноранинг юрагини ваҳима босди-ю, кўзларини чирт юмиб олди.
Ич-ичидан у ўзини айбдор ҳис эта бошлади. Ҳа, ҳаммасига унинг ёлғиз ўзи сабабчи, шунча йиллар давомида у ҳаётидаги барча қийинчиликларни енгиб ўтди, ҳаётда ўз ўрнини топди, ёмон ўй-хаёлларни миясига келтирмай, ҳаётда тўғри, ҳалол яшашга одатланди. Ҳеч кутмаганда номусини йўқотди-қўйди. Нақадар даҳшат!
Лекин у укаси олдида ўзини оқлай олмайди. Элеонора укасига: “Жоржо укажоним, барчасига аслида ўзинг айбдорсан”, дейиши ҳам мумкин. Гапнинг индаллосини айтганда, тўғриси ҳам шу-да.
Элеонора укасига оналик меҳрини берди. Хўш, бу яхшиликлар эвазига укасидан ва унинг дўстидан нима оқибат кўрди? Фақат уларни соғинарди, холос. Дорилфунунни тугатгач, икковлари ҳам ўз ишлари билан бўлиб кетдилар. Туну кун тиним билмай меҳнат қилишади. Энди уларни опаларининг ҳаёти қизиқтирмай қўйганди. Тезроқ опалари билан ҳисоб-китоб қилишга ошиқардилар. Бу ҳол Элеонорани ич-ичидан кемирарди. Шундан кейин унинг ҳаёти мазмунсиз, зерикарли ўта бошлади. У укаларига кераксиз бўлиб қолганлигини тушунгач, икки ўт ичида ёна бошлади. Ёшлиги эса аллақачоноқ қайтмас бўлиб ўтиб кетганди. Уни ортга қайтаришнинг сира иложи йўқ.
Укасининг олиб келган биринчи маоши ҳам унга тасалли бермади. Опаси ўз ҳаётини укаси учун қурбон қилганлигини англаб, Жоржо ич-ичидан эзилар, эрки ўз қўлида эмаслигидан ўкинар балки? Элеонора укасига шундай демоқчи ҳам бўлди: “Жоржо, укажоним, мени ўйлама, мен фақат ҳаётда ўз ўрнингни топишингни истайман. Чин юракдан айтяпман... Бахтимга омон бўл”.
Лекин у укасидан таъна аралаш:
– Эй воҳ, опажон, нималар қилиб қўйдингиз! Олдингиздаги қарзимни узаман. Қилган яхшиликларингизни унутганим йўқ,– деган дашномларни эшитди.
“Қарзимни узаман?” Кошки бунинг менга сариқ чақалик фойдаси бўлса, дея бор овози-ла ҳайқирмоқчи бўлди Элеонора. Укасини деб ҳаётини қурбон қилаётганда асло руҳи тушмаган, таъна-дашномсиз, очиқ чеҳра билан ҳаётда ўз ўрнини топиши учун бор куч-қувватини сарфлаганди.
Элеонора укасининг ўжар феъллигини билар, унга қаттиққўллик қилмасди. Уларнинг опаларига бўлган совуқ муомалаларидан, ўзларини бегонадай тутишларидан ўксинарди, холос. Ана шундай пайтларда Элеонора ўзини қўйгани жой тополмасди.
Укаси топармон-тутармон бўлиб қолганди, опасига барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берди. Опасини муаллима бўлиб ишламасликка кўндирди. Ишсиз ўтаётган зерикарли кунлардан бирида тўсатдан миясига етти ухлаб тушига кирмаган: “Турмушга чиқсаммикан?” деган фикр келиб урилди.
Ёши ўттиз тўққизда-я! Устига-устак семириб кетган. Қадди-қомати ўзига мос бўлган куёв топиши керак! Турмушга чиқиб кетса, укасининг ўзига кўрсатётган миннатдорлик мурувватларидан халос бўлиши мумкин. Элеонора худди боши боғлиқ қизлардек ўзига қараб юрадиган одат чиқарди. Бу ўй аввал ҳеч хаёлига келмаганди. Ўзига оро бера бошлади.
Бир пайтлар Элеоноранинг кўнглига йўл топишни истаган йигитлар ҳозирда бола-чақалик бўлиб кетдилар. Аввал у буларга парво ҳам қилмасди. Ҳозир-чи, ҳозир турмуш қуриб кетган дугоналарига ҳавас қилади.
Элеонора сўппайиб ёлғиз қолганди.
Балки бахти ҳали олдиндадир. Наҳотки у бола-чақалик бўлолмаса, танҳоликда яшаш пешонасига ёзилганмикин-а. Наҳотки, қалбида ёнаётган алангани ўт олдира олмаса? Наҳотки қалб туғёнларига қулоқ солмай, якка-ёлғиз яшашга маҳкум бўлса?
Элеонора юрак-бағрини ўртовчи ғам-ғуссага ботди. Кўнглини азобли армонлар қийнай бошлади. Ёқимтой лобарлиги аста-секин йўқолиб, кулгиси-ю, гап оҳангларида ўзгариш сезилди. Пичинг ва киноя билан гапирадиган, заҳарханда қиладиган бўлиб қолди. Хулқ-атвори тубдан ўзгараётганлигини ўзи ҳам ҳис эта бошлади. Кўнглига ёпирилиб кирган қора ўй-фикрлар қалбини шиддат билан қамраб олиб, тинчлик бермай қўйди.
Шу кунларда укаси тежаб-тергаб йиққан пулларига қишлоқдан ер сотиб олиб, уй қуришни режалаштираётган эди. У опасини уй қурилишига бош-қош бўлиб туриш учун – бир ойга боришга кўндирди. Укасининг бу илтимоси опасидан қутулишнинг бир йўлидек бўлиб туюлди. Ўзим истиқомат қилаётган уйда якка ўзим қолар эканман-да, деган хаёлга борди Элеонора. Ана шунда у эркин яшайди. Укасига оғирлиги тушмайди. Ўзи ҳам шу ёшда турмушга чиқиш ўй-фикрларидан фориғ бўлади.
Дастлабки кунлар осойишта ўта бошлади. Бу ерда эмин-эркин яшашни хаёл қилди.
Элеонора барвақт туриб, дала кезишга одатланди. Дала кезаркан, ҳар қадамда тўхтаб, ён-атрофга ҳайрат билан суқланиб боқар, даланинг мафтункор сукунатига қулоқ тутарди, чунки бу ерда ҳар бир нарса эрта тонгнинг нақадар беғуборлигини ангатарди, қишлоқ хўрозларининг қичқириғига қулоқ тутар, гоҳо тошларда ўсган замбуруғлар тўдасига, гоҳ ағдарилиб тушган дарахт тўнкасидаги духобадек товланиб турган пўпанакларга завқланиб боқарди.
Бу ерда шаҳардан ташқарида бошқа одамга айланиб қолсам эди. У билан қишлоқ ҳаёти ҳақида тўлиб-тошиб, ширин суҳбатлар қураётган мана шу ижарачининг ёқимтой хотинига айланиб қолсам-а, деган фикр ўтди миясидан... Бу беғараз суҳбатдан у ҳаётнинг янги қирраларини кўра бошлади.
Ижарачининг феъли оғир эди; у ўзини кўпни кўрган одамман деб, мағрур тутарди. Ҳа, чинданам кўпни кўрган, кўп ерларда бўлган ҳам. Америкада бўлган, саккиз йил Беноссарияда истиқомат қилган. Шунинг учун ҳам у ёлғиз ўғлини оддий кимса бўлиб қолишини истамасди. Ўғли ўн уч ёшга тўлганди, уни билим юртига жойлаштириб қўйди. Саводи чиқса Америкага юборишни мўлжаллади, жуда катта мамлакат, одамлар ичида тобланади, деб ўйлади.
Жерландо ҳозир ўн тўққиз ёшда. Кўп йиллардан бери ўқиса-да, калласига бир нима кирай демасди. Қад-қоматдан худо қисган, кўриниши қўпол. Отасининг ўта ғамхўрлигидан ниҳоятда чарчаган эди. Ўқиши давомида у шаҳарликларга хос баъзи қилиқлар орттирди, бу унинг кўринишини янада соқувлаштириб юборганди.
Ҳар куни эрталаб у ҳурпайган дағал сочларининг фарқини очиб тарарди. Сочлари қуригач, фарқлари ҳам бузилиб ғалати ҳолда диккайиб кетарди, қошлари бароқ, соқол-мўйлови сабза урганди. Жерландога ҳаёт ҳар томонлама кулиб боқмаганди. Доимо китоб устида қовушмай мук тушиб ўтиришини кўрган одамнинг унга раҳми келарди. Отаси уни уйқудан уйғотгунча она сути оғзига келарди. Уни тез-тез уйқу элтарди. Уйқуси ёзилмаган, довдираб турган ўғлини отаси шаҳарга жонини қийноққа солиб, олиб бориб қўярди.
Қишлоққа Элеонора хоним келгач, Жерландо онасига, айтинг, анови хоним отам билан гаплашиб, мени қийнаб ўқишга юбормаслигини тушунтирсин, дея ёлборди. Ўқишни жиним суймайди. Жин урсин, ўқишни хоҳламайман, деди.
Элеонора йигитнинг отаси билан гаплашди. Аммо ўғлининг одам бўлишини истаган ота Элеоноранинг гапига қулоқ солишни истамади ҳам. Ундан бировларнинг ишига аралашмаслигини сўради. Шундан сўнг Элеонора бир оз овуниш, нима биландир шуғулланиш мақсадида ўқишдан безган бечора болага қўлидан келганча ёрдам бера бошлади.
Элеонора ҳар куни чошгоҳдан сўнг Жерландони хонасига чорлаб, илм олишига ёрдам бера бошлади. Жерландо хонага уялиб, ўзини йўқотган ҳолда дафтар-китобларини қўлтиқлаб кириб келарди. Хоним уқувсизлигимдан, эрмак қилиб устимдан кулса-я, деган хаёлга борарди. Бола ўзига қолса бу ерга келмасди-я, лекин отасининг зўри билан келишга мажбур эди. Жерландога худо илм олишни юқтирмаганди. Кўчат ўтказиш дейсизми, мол боқишми, буларнинг барини жонини киргизарди. Бола Элеонорага мускулдор қўлларини кўз-кўз қилиб, мулойим тикиларкан, оғзини катта очиб, оппоқ, соғлом тишларини кўрсатганча баралла куларди...
Элеонора кун ўтган сайин Жерландони жини суймай қолди. Шаҳардан роялини олдириб келтирди, хонасининг ичидан қулфлаб олганча мусиқа чалишга, баъзида китоб ўқишга берилиб кетарди. Жерландо Элеоноранинг суҳбатларидан, кўрсатаётган мурувват-ларидан, ёрдамидан дабдурустдан маҳрум бўлгач, деразаси тагида пусиб ўтирганча унинг роял чалиб, қўшиқ айтишини эшитаётганини қиз тўсатдан пайқаб қолди. Шу топ Элеонора бемаъни ўйга бориб, болани қўлга туширмоқчи бўлди. Дабдурустдан роял чалишдан тўхтади-ю, пиллапоядан зинғиллаганча пастга югуриб тушаркан:
– Ия, бу ерда нима қиляпсан? – сўради Жерландодан.
– Тинглаяпман,– жавоб қилди у.
– Ёқаяптими?
– Жудаям, эшитиб мазза қилаяпман, хоним! Худди жаннатга тушгандек!
Элеонора хандон отиб кулиб юборди. Шу топда боланинг ҳам юзига кулгу инди. Кутилмаганда у Элеонорага ташланиб қолса бўладими... Болахонадан пастга ғира-шира ёруғлик тушиб турарди.
Алалхусус, бу воқеа шу куни рўй берганди.
Кутилмаганда рўй берган бу воқеадан қиз довдираб қолди, девқомат боланинг исканжасидан ўзини қутқаришга ожизлик қилди, ўзи истамаган ҳолда ҳушини йўқотди, боланинг эҳтирос-ла илондек чирмашишидан унга ўз изнини бериб қўйди...
Эртаси куни Элеонора шаҳарга қайтиб кетди.
Энди нима бўлади? Жоржо нега келмаяпти? Бўлган ишни д’Андреа унга айтмаганмикин. Балки қандай ёрдам беришни ўйлаётгандир?
Элеонора дабдурустдан қаршисида жарлик пайдо бўлгандек, қўрқиб қўллари билан юзини беркитиб олди.
Элеонора икки ўт орасида ёнарди. Бу дунёдан кўз юмсагина барчасига нуқта қўйган бўларди. Бу ишлар қачон ниҳоясига етаркин-а. Эшик очилиб, бўсағада юзидан қони қочган, кўзлари қизарган, довдираганча кириб келаётган Жоржо кўринди. Д’Андреа унинг ортидан эргашиб келмоқда эди.
– Бир нарсани билмоқчиман? – дона-дона гапириб сўроққа тутди у опасини. Унинг кимлигини билмоқчиман?
Элеонора кўзини ердан ололмай ўтирарди, сўнг бошини аста кўтараркан, уввос солиб йиғлаб юборди.
– Кимлигини ҳозир айтасиз!– сўзида қатъий турганча қичқирди Банди. Ким бўлишидан қатъий назар, сиз унга турмушга чиқасиз.
– Йўқ! Йўқ!– шивирлади Элеонора бошини яна-да қуйи соларкан қўллари титраб.– Айтолмайман! Иложим йўқ!
– У аблаҳ уйланганми?
– Йўқ уйланмаган,– шоша-пиша деди Элеонора.
– Исмини айтинг! Ким у аблаҳ? – Опасини қистовга олди Банди. – Ким ўзи? Айтсангиз-чи?
Элеонора укасининг ўқрайиб қарашидан жунжикиб, аранг бошини кўтарди.
– Айтолмайман,– дея шивирлади.
– Айтинг, ортиқ ғазабимни қайнатманг, охири ёмон бўлади,– дея бор овози билан қичқириб опаси томон муштини дўлайтириб кела бошлади Жоржо.
Д’ Андреа уларнинг ўртасига тушиб:
– Жоржо, қўй, ўзингни бос. Яхшиси, хонадан чиқиб кет. Менга бўлган воқеани сўзлаб берадилар. Қани, бу ердан чиқиб кета қол,– деди қатъий оҳангда Карло.
Дўсти шу тарзда уни хонадан чиқариб юборди.

III

Укаси ўз сўзида туриб олди.
Тўй арафасида нима қилиб бўлса ҳам жанжал чиқаришга ҳаракат қиларди. Одамлар орасида кулги бўлишдан чўчиб, барчага шарманда бўлганини сўкиниб сўзларди. Жоржо гўё ақлдан озгандек эди; барча унга ачинарди, холос.
Жоржо Жерландонинг отаси билан тил топишиши осон эмаслигини ҳис этди.
Қария илғор фикрли киши бўлса-да, тезда қизишиб кетадиган одати бор эди. Аввалига у нима гаплигини тушунмади. Гап нимада-лигини англагач:
– Ташвишланманг! Боплаб адабини бераман! Вой, аблаҳ-ей! Ичак-чавоғини ағдариб ташласаммикан? Яхшиси, қўл-оёғини боғлаб сизга топшира қолай. Аламдан чиқиш учун билганингизни қилинг. Жонини киритиб савалашингиз учун хипчинларни уч кун сувга солиб қўяман. Хоҳлаганча савалаб, хумордан чиқинг.
Жоржо савалаш билан иш чиқмаслигини айтиб, ўғлини опасига уйлантириб қўйишни таклиф қилганда, қария эсанкираб қолди:
– Нималар деяпсиз! Гапингизга тушунмаяпман... Эътиборли хоним ижарачининг ўғлига турмушга чиқадиларми? – қатъий деди у. Ва яна сўзида давом этди:
– Мени кечирасиз-у, хоним ўғлимдан йигирма ёш катта. Ақллари кирари кириб, чиқари чиққан. Менинг думбул ўғлимни йўлдан урмасликлари керак эди. Айтмоқчи эмасдим, энди айтмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Хоним ҳар куни ўғлимни ҳузурига чақириб оларди. Ўзингиздан қолар гап йўқ... Ўғлимнинг она сути оғзидан кетмаган, ғўр бола бўлса. Тўғри, бу ёшда уларнинг кўзи қонга тўлади. Шайтон ичларига кириб олгач, нима қилиб қўйганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Ўғлимдан ажралиб қолиш менга ҳам оғир; уни одам қиламан деб қанчадан-қанча пулларни сарф қилиб юбормадим дейсиз! Хафа бўлманг-у, хоним ўғлимнинг онаси тенги келади-я... Бу ёғи қандоқ бўлди...
Банди қизнинг сепига катта бир қўрғон ва анча-мунча пул ваъда қилди. Шундай қилмаса ғишт қолипидан кўчишини фаҳмлади.
Ана шу тарзда тўй қилишга келишиб олдилар. Элеонора истиқомат қилаётган кичик шаҳарчада бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлди.
Кўп йиллар давомида иззатини билиб яшаётган бечора қизнинг устидан ошкора равишда кула бошладилар. Шивир-шивир гаплар гўё гап ташиётганларга роҳат бахш этаётгандек эди. Аввалги ҳурмат-эътибор ўрнини ҳозирги шармандалик босиб кетганди.
Ҳамма Жоржога ачинарди; у тўйда иштирок этмади. Ғам-ғуссалар изтиробида қолган бечора дўстини ёлғиз қолдиролмаслигини айтиб, д’Андреа ҳам тўйда қатнашмади. Элеаноранинг ота-онасини даволаб юрган ёши бир жойга бориб қолган шифокор (шуни эслатиб қўйишимиз керакки, дорилфунунни тугатиб д’Андреа даволашнинг антиқа усулларини топиб, унинг кўпгина беморларини ўзига оғдириб олганди) гувоҳ бўлишга розилик билдирди. У ўзи билан бирга дўсти-ю, яна бир чолни ҳам олволди. Чол никоҳ пайтида иккинчи гувоҳ ўрнига ўтди.
Гувоҳлар билан бирга Элеонора извошда шаҳар мэри томон, сўнг шаҳар четидаги мўъжаз ибодатхонага йўл олдилар.
Иккинчи извошда эса қовоғидан қор ёғаётган куёв бўлмиш Жерландо ўтирарди. Куёв болага ота-онаси ҳамроҳ бўлиб кела-ётгандилар.
Улар тўй баҳонасида башанг кийиниб олишган, аммо чеҳралари тунд, қовоқлари солиқ ҳолда кетиб бормоқда эдилар. Буни қарангки, ўғиллари бойвучча хонимга уйланмоқда, келиннинг сепига катта ер, яхшигина уй-жой ва пул берилганди. Жерландо энди ўқишини давом эттирмаса ҳам бўлади, уй-жой ишлари билан отаси шуғулланаверади, бундай ишларнинг жонини киргизади. Келиннинг ёши улуғ-да. Балки, бир томондан бу яхшидир. Меросхўр бўлиб қолади. Табиат қонунларига кўра, у аввалроқ бу дунёни тарк этса, Жерландо эркин ва пулдор бойвачча бўлади-қўяди.
Учинчи извошда кетаётган куёв томондан бўлмиш отасининг дўстлари, кекса деҳқонлару иккита холаси ҳам шу ўй-хаёлда эдилар. Қолган қариндошлару Жерландонинг йиғилган дўстлари қўрғонда кутиб ўтирардилар. Йиғилганлар ясан-тусан қилиб олишган; эркаклар қора мовутдан тикилган курткада. Аёллар эса устларига янги ёпинчиқлар ташлаб, бошларига ялтир-юлтир рўмолларини ўраб олишганди. Куёвнинг отаси илғор дунёқарашли инсон бўлганлиги учун тўй тадоригини яхши ташкил этганди.
Мэр ҳузурига етиб келишганда Элеаноранинг хўрлиги келиб, йиғлаб юборди. Қариндошлар унинг ёнига куёвни суриб қўйдилар. Аммо Элеонора томондан гувоҳликка келган қари доктор куёв ҳозир четроқда турани маъқул, деди.
Йиғидан ўзини тўхтата олмаётган Элеонора никоҳ қайд қилинадиган саройга кириб келди. Ёнида уятдан, ўнғайсизликдан янада беўхшов, тўпори бўлиб кўринаётган куёвга кўзи тушди-ю, ғазаби қайнаб кетди; “йўқ-йўқ” дея қичқириб юборишига бир баҳя қолди. Зора, куёв никоҳни рад этса деб, унга қаради. Аммо икковлари ҳам тақдирга тан бериб “розиман” деган жавобни бердилар. Тезда никоҳ расм-русумлари бажарилди. Маросимда қатнашганлар худди мотамда иштирок этгандек совуққина қўрғонча томон йўл олдилар. Элеонора қадрдон дугоналаридан ажралгиси келмасди. Аммо у эри, қайнона-қайнотаси ўтирган извошга ўтиришга мажбур эди.
Улар йўл давомида чурқ этмай бордилар. Куёвнинг ота ва онаси паришон ҳолда кетиб борардилар, дам-бадам келинларига ер остидан ўғринча қараб қўяр, дамлари ичларида, бир-бирларига маъноли тикилиб, кўзларини ердан узмасдилар. Жерландо эса қовоғини уйганча извошда деразадан ён-атрофни кузатганча хаёл суриб борарди.
Қўрғонда уларни шод-хуррам, қий-чув, қилганча пақил-доқ-ларни отиб, қарсаклар чалиб кутиб олдилар. Йиғилганлар келинни ўз удумларига кўра табрик билан кутишга шайланиб турар, келинчак уларга жилмайиб қарамоқчи бўлди-ю, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади, йиғилганлар келинни кўрдилару ҳанг-манг бўлиб қолдилар.
Келинчак ўз хонасига чиқиб, бир оз дам олиш мақсадида изн сўради. Унга рухсат бердилар. Элеонора хонасига чиқиб, келин билан куёв учун ўрин тўшаб қўйишганини кўрди-ю, донг қотиб қолди. Наҳотки болакай билан бир тўшакда ётса! Ҳечам-да! Бундай бўлиши мумкин эмас! Асло! Келинчакни титроқ босди, дарҳол ўзини бошқа хонага урди-ю, ичкаридан эшикни қулфлаб олди. Креслога ўтирганча қўллари билан юзини беркитди.
Ташқаридан ҳайқириқ ва кулгу овозлари эшитиларди. Меҳмонлар Жерландони тинчитмасдилар, улар келинни эмас, унинг сепию, оиласини мақтардилар.
Жерландо миқ этмай деразага тикилганча турарди. Юз берган воқеадан жуда изтиробда, дам-бадам бақувват елкаларини учириб қўярди.
Ҳа, у номусдан ерга кириб кетай дерди. Шу хонимга уйлангани учун дили азобда эди. Барчасига отаси айбдор, “ўқи, ўқи” деб ҳол-жонига қўймади, хоним ҳам уни тинмай мазах қиларди, дилини оғритарди. Мана, оқибати нима бўлди. Отаси бўлса қариқизни келин қилганидан хафа ҳам эмас. Баҳонада ерли-жойли, пулдор бўлиб олди. Аммо ўғлининг ҳоли не кечади. Қизиқ, ўзидан икки баробар катта хоним билан қандай яшайди, ахир ундан қўрқади-ку! Хоним шармандаликдан қутулиш учун унга турмушга чиқишга рози бўлди. У хонимга хотини сифатида қайси юз билан қарайди. Устига-устак отаси ўқишини давом эттиришини талаб қилиб турибди. Ўқишга қандай боради, ахир ҳамма унинг устидан кулади-ку! Келиннинг ёши куёвникидан йигирма ёш катта бўлса, устига-устак семизлигини айтмайсизми! Худди айиққа ўхшайди-я.
Жерландо ана шундай хаёлларга чўмиб турган кезда унинг ота-онаси сабрсизлик билан зиёфат дастурхонига ўтиришни кутишарди. Ниҳоят, улар дастурхон тузалган хонага тантанавор ҳолда кириб келдилар. Дастурхонга тортилган барча ноз-неъматлару егуликларни шаҳардан келган ошпаз ўзи билан эргаштириб келган ёрдамчилари билан тайёрлаган эди.
Ота ўғли ёнига келиб:
– Бор, хотинингни овқатга таклиф қил, – дея буйруқ берди.
– Бормайман, таклиф ҳам қилмайман,– депсиниб тўнғиллади Жерландо.– Ўзингиз бориб чақиринг.
– Тўнка, у сени чақиришингни кутмоқда, мени эмас, – бақирди отаси. – Ахир сен унинг эрисан. Қани, қимирла тезроқ. Тезда келсин!
– Ўзингиз бориб чақиринг, бормайман дедимми, бормайман,– ўжарлик қиларди Жерландо.
Сабр косаси тўлган ота ўғлининг ёқасидан олиб, кетига бир тепди.
– Энди уяласанми? Аҳмоқ бу ғалвани ўзинг бошладинг. Буни қаранглар-а, энди номус қилаётган эмишлар! Қани, ҳозироқ келинни олдингга солиб чиқ-чи! У энди жуфти ҳалолинг бўлади.
Бу ғалвадан хабар топган меҳмонлар ота-болани ажратар эканлар, зўр бериб Жерландони келинни чақириб чиқишга ундардилар.
– Чақирсанг нима бўпти? Бориб, бир қадаҳдан май ичишни таклиф қил, тамом-вассалом...
– Уни нима деб чақиришни билмайман! – чорасизликдан ғўлдира-ди Жерландо.
Бу гапдан йиғилганлардан баъзилари кулиб юбордилар, бошқалар эса тўйни бузаётган ўғлини дўппослашга чоғланаётган отани тинчлаштиришга ҳаракат қилардилар. Ахир бу тўй базмига анча-мунча пул сарфланган эди-да.
– Исмини айтиб чақирасан,– деб ўғлига шипшиди онаси.– Исми нима эди? Элеонора эдими? Элеонора деб чақиравер, энди у сенинг хотининг-ку. Борақол ўғлим, бор...
Жерландо бориб келин ўтирган хонанинг эшигини аста қоқди. Бир оз кутди. Жавоб бўлмади. У билан қандай муомала қилса экан? Дабдурустдан сенласамикан? Жин урсин ҳаммасини! Қандай шармандалик. У нега жавоб бемаяпти? Ҳойнаҳой эшик қоқаётганимни эшитмаётгандир. Жерландо эшикни қаттиқроқ қоқди. Яна бир оз кутди, жавоб бўлмади. Жерландо батамом ўзини йўқотиб қўйди. Онаси ўргатгандек қилиб келинни номини айтиб аста чақира бошлади. Аммо овози ўзига кулгили бўлиб туюлди, чунки довдираб келиннинг исмини адаштириб, “Энеолора” деб чақирган эди. Дарҳол қилган хатосини тузатиб дабдурустдан баланд, буйруқнамо оҳангда Элеонора, деб чақирди.
Шу тоб ичкаридан: – Ким у? – деган овоз эшитилди.
Жерландо овоз келган хона томон аста юрди.
– Бу менман...– деди Жерландо.– Мен, Жер... Жерландоман. Дастурхонга таклиф қилгани келдим.
– Мен чиқмайман. Ўзинглар бемалол ўтираверинглар.
Анча енгил тортган Жерландо дастурхон тузалган катта хонага қайтиб келди.
– Келмас экан. Бемалол ўтираверинглар, деди.
– Сен аҳмоқсан! – қичқирди отаси (у ўғлини доимо шундай дерди).
– Бугунги ёзилган дастурхон тамоман бошқачалигини – тўй дастурхони эканлигини унга уқтирмадингми? Зўрлаб олиб чиқиш керак эди.
Гапга онаси аралашиб, ҳозирча келинни ўз ҳолига қўяйлик, деди. Меҳмонлар ҳам онанинг гапини қўллаб-қувватлашди.
– Чиқишга юзи чидамаяпти, ҳа, уяляпти,– дейишди йиғилганлар.
Қайнота кези келганда келинига нималарга қолдирлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Келини тўй дастурхонига ташриф буюрмаганидан дарғазаб бўлган қайнота овқатларни дастурхонга тортишни буюрди. Тўйга йиғилганлар шаҳарлик ошпаз пиширган таомларни татиб кўриш иштиёқида иштаҳалари карнай эди. Улар дастурхон тузатилишидан ҳайратга тушдилар. Дастурхон устидаги каттаю кичик қадаҳлар, санчқилар, пичоқлар ва юпқа қоғоз салфеткаларни кўриб, буларнинг нима кераги бор экан, деб ўйладилар.
Меҳмонлар башанг кийиниб олганча, қарама-қарши ўтирган ҳолда бир-бирларига тикилиб, қабариқ қўлари билан кумуш санчқилару пичоқларни қандай ишлатишни билолмай гаранг эдилар, айниқса, оқ қўлқоп кийиб хизмат қилаётган хизматкорлар уларни ҳайратга солганди.
Жерландонинг отаси гарданини қаший туриб кавшанганча ўғлига қараб минғирлаган кўйи:
– Унинг ўтиришига қаранглар! Беўхшовлигини-чи! Келин бу гўрсўхтага қандай кўнгил берсин! Бекорга уялмаяпти. Эҳ, қани энди сенинг ўрнингда мен бўлиб қолсам эди!..– деди.
Тўй ҳам совуқ ошдек ўтди, йиғилганлар турли сабабларни важ қилиб, уй-уйларига тарқала бошладилар, ён-атроф зим-зиё қоронғулик оғушида.
– Хўш, энди нима қиласан? – деган саволга тутди ота ўғлини хизматкорлар дастурхонни йиғиштиришаётган пайтда. – Айт, нима қиласан? Бу ёғини ўзинг ҳал қил!
Шундай деб, ота хотинини қўрғончадан нарида жойлашган уйлари томон бошлаб кетди.
Улар кетганидан кейин Жерландо ён-атрофга бўшашиб қараб қўйди. Энди нима қилса экан?
У хоналардан бирида беркиниб, индамай ўтирган хотини борлигини ҳис этарди. Балки энди у ташқарига чиқар? Ҳамма уй-уйига тарқаб кетди-ку! Нима қилса экан-а?
Оҳ, қани энди боши очиқ бўлса-ю, у ҳам онасига эргашиб уйига кетса, дарахт тагида мазза қилиб ором олса!
Балки Элеонора Жерландонинг чақиришини кутаётгандир? Тақдирига тан бериб, эрини ичкарига кириб келишини кутаётган бўлса-чи! Ҳа, ҳа, тақдирга тан бермай қаёққаям борарди.
Жерландо аввалига қулоғини динг қилди. Атроф сукунатга чўмган. Ҳойнаҳой, келин донг қотиб ухлаб ётгандир. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, атрофни зимистонлик чулғаган, болохонадаги очиқ эшик тирқишидан ёруғлик тараларди.
Жерландо чироқни ҳам ёқмай бир стулни ўзи билан болохонага олиб чиқди, у ердан бутун қишлоқ ва узоқдаги денгиз кўриниб турарди.
Ҳаво очиқ, юлдузлар самода жилва қилар, денгиз узра ой шуъла сочар, чигирткаларнинг тинмай чириллаши қулоққа чалинарди.
Дабдурустдан, бойўғлининг ёқимсиз овози эшитилди, кетма-кет бошқаси ҳам овоз бера бошлади, улар узоқ вақт қоронғу тун қўйнида навбатма-навбат ҳув-ҳувлай бошладилар.
Жерландо панжарага суянганча узоқ вақт бойўғли овозига қулоқ тутаркан, қалбини қийнаётган оғир сиқув аста-секин тарқалаётганини ҳис этди. Сўнг кўзи қўрғонни ўраб турган деворга тушди, энди буларнинг бари ўзига тегишли эканлиги хаёлидан ўтди, бу ерда ўсаётган барча дарахтлар: зайтун, бодом, анжир дарахтлари-ю узумзор ҳам энди унга тегишли.
Ҳа, отаси қувонганича бор экан, энди у ҳеч кимга қарам эмас.
Отаси уни ўқитмоқчи бўлганида ҳам узоқни кўзлаган экан. Энди ўқишни давом эттиради. Хотини олдида ивирсиб юрганидан кўра бориб ўқигани маъқул. Мабодо, ўртоқлари устидан кулиб, мазах қилгудек бўлсалар, адабларини бериб қўяди. Ахир у бойвачча-я, яхши ўқимаса ўқишдан ҳайдаб юбора олмайдилар. Бу ердаги бойваччалар олдида шарманда бўлмаслик учун ҳам астойдил ўқийди. Тез кунда қолган дарсларни ҳам ўзлаштириб олади. Яна тўрт йил ўқиса агроном ёки танобчи деган ҳужжатни олади. Қайниси кўзга кўринган адвокат, опасини кўнгилдагидек одамга узатмаганидан эзилиб юргандир. Ҳечқиси йўқ, ишимни топиб олганимдан кейин ўзи таъзим қилиб келади ҳали! Ҳа, албатта, қўли кўксида келади! Шунда у: “Менга қари опангни хотинликка бердингми”, деб уялтиради, “Мен ҳам ўқимишли инсонман, ёш ва гўзал хотинга уйланишга ҳаққим бор”, деб қайнисини тузлайди. Шу ўй-хаёллар билан бошини панжарани ушлаб турган қўллари устига қўйди-ю, пинакка кетди.
Тун ярмидан оққанда худди соя каби ичкаридан Элеонора чиқиб келди. У Жерландони уйғоқ деб ўйлаганди. Унга нисбатан ачиниш ҳисси уйғонди ва баногоҳ уни ваҳима босиб кетди. Элеонора ўз қарорини унга айтиш учун хонасига олиб кириш мақсадида уни уйғотсаммикан, деган хаёл билан жойида тик туриб қолди. Аммо эри саналмиш бу кимсани уйғотиш учун қўлини унга теккизолмади, унинг исмини айтиб чақиришга ҳам журъат этолмай, хонасига кириб кетди.

IV

Барча ишлар хамирдан қил суғургандек ҳал бўлди-қўйди.
Эртасига эрта тонгда Элеонора Жерландога кўнглидагини тўкиб солди. Бу уйнинг ҳақиқий эгаси Жерландо эканлигини, кўнглига келган ишни қилиши мумкинлигини, унинг этагига осилиб, оғир юк бўлмаслигини айтди. Ундан фақат бир нарсани – ёшлигидан уни яхши биладиган кекса хизматкор аёл билан алоҳида кичик бир хонада яшашига рухсат беришини сўради, холос.
Ярим тунда Жерландо ғирт маст ҳолда келди, уни ошхонадаги диванга ётқизиб қўйишди. Эрталаб уйғонгач, ичкиликдан ўзига келолмаётган Жерландо ўзини зўрлаб қовоғини солишга уринарди, гўёки бу хонадоннинг эгаси у-ю, ўзини гапга кўндириш осон эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи бўларди. Элеоноранинг гапираётган ҳар бир сўзига, жиддий турганча бош ирғаб қўярди. Ўғилларининг аҳмоқона бу ишидан ота-оналарининг фиғони фалакка чиқарди. Ўғилларига қанча панд-насиҳат қилмасинлар, у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетарди. Улар ҳамон бошқа-бошқа уйда ётардилар.
Жерландо отасини тинчлантириш мақсадида ўқишига октябрнинг бошларида қайтиш ниятида эканлигини айтди. Келинига аччиқ қилган онаси Жерландога энг шоҳона хоналарда яшашини, олиймақом ўқишларда ўқиб, яхши ошхоналарда овқатланишини тайинлар экан:
– Сен хотинингга бўш келма! Бўлмаса ўзим бориб, эр деганни қандай иззат-ҳурмат қилиш кераклигини ўргатиб қўяман! – дерди бобиллаб.
Эрини ҳурматини жойига қўймаётган димоғдор келинини кечирмаслигини, бир умр у билан гаплашмаслигини айтиб, онт ичди. Шундай йигитни қадрига етмаса-я! Гапнинг индаллосини айтганда, ёшгина йигит қариқизга муносибмиди, а?!
Жерландо ўқишга шўнғиб, имтиҳонларга тайёргарлик кўра бошлади. Вақт жуда оз қолганди, бор-йўғи уч ҳафта. Худо ўнглаб астойдил ҳаракат қилса борми, уч йилдан бери уддасидан чиқолмай келаётган ўқишини тугатиб, етуклик ҳужжатини қўлга киритар.
Бўлиб ўтган воқеалар бир оз унутилиб, энди ўзига келган Элеонора хизматкор кампирнинг маслаҳати билан туғилажак фарзандига кийим-кечак тикишга киришди. Аввалари бу ҳақда ҳечам ўйламаган экан.
Кекса хизматкор кампир Жеза Элеонорага чақалоққа кўйлак билан қалпоқча тикишни ўргатди. Тақдир Элеонорага шундай овунчоқ ҳадя этяптики, энди барча кўргуликлари унут бўлади. Хоҳ ўғил фарзанд кўрсин, хоҳ қиз, унга бутун борлиғини бағишлайди! Парвардигор ол қулим, деб ўғил фарзанд ато этса борми, ажойиб иш бўлурди. Элеоноранинг ёши ҳам ўтиб қолган – узоқ умр кўрадими, йўқми, худо билади – қиз болани тўпори отасига қандай ишониш мумкин? Қиз бола деганлари нозик нав-ниҳол бўлади. Ўғил бола кўпам ҳаётда қийналмайди, бир кунини кўриб кетаверади.
Бу азобли ўй-хаёллар уни чарчатди, тикиш-чатиш ҳам жонига тегди, ўзини чалғитиш мақсадида уйидан олиб келган китобларини биринчи бор қўлига олди. Аҳён-аҳёнда хизматкор кампир томон юз буриб:
– У шу ердами? –деб сўраб қўярди.
Жеза энсаси қотиб: “Ҳа, шу ерда”, деб тўнғилларди. Сўнг елкаларини қисганча ижирғаниб лабини бураркан:
–  Бошини китоб устига қўйиб ётибди. Балки, ухлаётгандир. Ким билсин, балки хаёл суриб ётгандир,– деди.
Жерландо хаёл дарёсига ғарқ бўлганди. Бу қандай ҳаёт бўлди, деб ўйларди.
Ҳа... у хўжайин, аммо кимнинг устидан ҳукмини ўтказишни билмасди; хотини борми, йўқми, ўзи ҳам сезмасди. Ота-онаси билан муносабати яхши эмас, ораларига совуқчилик тушган. Ҳаёт унга кулиб боқмаганди, қанча ўқимасин, калласига ҳеч нарса кирмасди.
Жерландо ўзини қўярга жой тополмасди. Ишга қўли бормас, аламли изтироблар оғушида юрак-бағри эзилмоқда эди. Хотини унинг кўкрагидан қанчалик итарса, у хотини томон шунчалик талпинарди. Дабдурустдан хотинидан кўнгли совий бошлади. Қўрғонни эплаштириш ташвиши Жерландонинг бўйнида эди.
Жерландо ўрнидан даст туриб ғазаб билан хонасидан чиқарди-ю, қия очиқ эшик тирқишидан хотинини кўргач, жаҳлидан тушарди. У оғир хўрсиниб қўяркан, журъати етишмаётганидан, ҳечқиси йўқ, ҳаммаси йўлга тушиб кетади, деб ўзини овутарди.
Кунлардан бир куни навбатдаги имтиҳондан ўтолмай шаҳардан қайтиб келди. Ўқиш ҳам жонига тегди. Шунча ўқигани етар! Савил қолсин ҳаммаси! У жаҳл устида стол устидаги китоблару, дафтарлар, чизмалари-ю, барча-барча ўқув қуролларини уйи ташқарисига олиб чиқиб уйди-да, ўт қўйиб юборди.
Югуриб келган отаси уни тўхтатиб қолмоқчи бўлди. Жерландо баногоҳ портлаб, отасига ўшқирди:
– Менинг ишимга аралашманг!.. Ёш бола эмасман, бойваччаман.
Онаси ва далада ишлаётган деҳқонлар югуриб келишди. Қоғозлар уюми аланга олмоқда эди, тутун тобора қуюқлашиб борар, олов гуриллаганча осмонга ўрларди. Шовқин-суронни эшитган Элеонора болохонага югуриб чиқди, кетидан хизматкор кампир ҳам ҳозиру нозир бўлди.
Жерландо уст кийимини ечиб ташлаган, ғазабдан ранги қув ўчган, курк товуқдек ҳурпайганча узоқ йиллар ит азобида қийналиб ўқиган китобу дафтарларини аланга томон улоқтирмоқда эди.
Бу ҳолдан Элеоноранинг кулгуси қистади ва шоша-пиша ўзини ичкарига олди. Келинининг қилган ишини кўриб, қайнонанинг ғазаби жўш уриб, ўғлига:
– Қилаётган ишингдан хотинингнинг хурсандлигини кўряпсанми? Сени мазах қиляпти! – дея ўшқирди.
– Мазах қилишни унга кўрсатиб қўяман! – қичқирди Жерландо болахона томон ўгирилиб қараркан.
Бу гапни эшитган Элеоноранинг афт-ангори бўзариб кетди. У шу дамгача кечириб келаётган осуда ҳаёти дарз кетганлигини ҳис этди. Энди қисқа вақт ичида осуда ўтаётган ҳаёти тўс-тўполонга айланадими? Бу тентак ундан нима истайди ўзи? Элеоноранинг сабр косаси тўлди. Ортиқ чидай олмайди бу пичинглару азоб-уқубатларга.
Шу тоб кўзи баногоҳ Жерландога тушди. У тинмай ҳансирар, ғазабдан талвасага тушиб, хотинига ўшқира бошлади:
– Етар, бас! Мени мазах қилаяпсанми! Ҳа, отам оддий деҳқон, мен ҳам. Нима, бойвуччаман деб керилаяпсанми? Бу латта-лутталарингни кўзимдан йўқот! Болага шоҳона кўйлакларнинг кераги йўқ. У ҳам менга ўхшаб деҳқон бўлади. Хизматкор кампирнинг жавобини бер, йўқолсин уйимдан. Уй-жойга ҳам, ош-овқатга ҳам бугундан бошлаб ўзинг қарайсан. Онам юргизаётган рўзғорни сен ҳам эплайсан, ўлиб қолмайсан. Тушундингми гапимга!
Элеонора аста ўрнидан турди.
– Онанг билан ишим йўқ,– деди у Жерландонинг кўзига виқор-ла тик боқиб.– Мен синьёраман, сен мени деҳқон аёлига айлантира олмайсан.
– Сен менинг оддий хотинимсан! – қичқирди Жерландо Элеоноранинг қўлига қўполлик билан ёпишиб. – Айтганимни қиласан. Нима десам, шуни қиласан. Тушундингми?
Сўнг Жерландо хизматкор кампирга эшикни кўрсатиб:
– Қани, уйимдан туёғингни шиқиллатиб қол-чи!– дея қичқирди.
– Жеза, тўхта, мен ҳам сен билан кетаман! – дея қўлини бўшатмоқчи бўлди Элеонора.
Лекин Жерландо хотинига дағдаға қилиб, қўлини қўйиб юбормай, яна-да маҳкамроқ сиқди.
– Ҳеч қаерга кетмайсан, шу ерда қоласан. Мендан осонликча қутуламан деб ўйлаяпсанми! Сени деб, тоза эшитадиганимни эшитдим. Қани, хонангдан ҳамма нарсаларингни олиб чиқ! Етар, шу пайтгача ҳамма азобни бир ўзим тортганим. Шунча кўз ёши тўкканларим етар.
– Нима учун кўз ёши тўкдинг,– йиғисини аранг босиб сўради Элеонора. – Сендан мен ҳеч нарса талаб қилмаяпман-ку!
– Ия, ҳали талаб қиламаганинг шуми? Сенга тегинмаслигимни, сенга яқинлашмаслигимни талаб қилмадингми?– Нима, мен ердан чиққан қўзиқоринманми? Сиздек хоним билан гаплашишга ҳаққим йўқми? Менга хизмат қилиш учун хизматкор ёлладинг. Нега бошқа хотинлар каби менга ўзинг хизмат қилмайсан, а?!
– Мендан нима истайсан, ўзи? – деди Элеонора ўзини босишга уриниб.– Гар шуни истар экансан, сенга ўзим хизмат қилганим бўлсин.
Шу тобда Элеоноранинг мадори қолмай, кўзларига ёш қалқди, баногоҳ боши айланиб, ҳушидан кетди. Бу ҳолни кўриб ўзини йўқотган Жерландо Элеоноранинг қошига югурди ва дарҳол йиқилаётган хотинини ушлаб қолди. Жеза ёрдамида ўриндиққа ўтқазди.
Кечга яқин Элеонорани тўлғоқ тута бошлади.
Жерландо қилган тўполонидан пушаймон бўлиб, қўрқувдан онасини чақиргани югуриб кетди. Дояни олиб келиш учун бир болани шаҳарга жўнатдилар. Келинининг боласи тушиб қолишидан қўрқиб кетган Жерландонинг отаси тайёр уй-жойидан айрилиб қолишидан хавотирланиб, ўғлини: “Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ бола,– дея койий кетди.– Хотининг ўлиб қолса, нима қиласан? Фарзандингдан айрилиб қолсанг-чи? Хароб бўласан, тушундингми? Ўқишни ташладинг! Бирон-бир ишнинг уддасидан чиқолмайсан-ку, нодон бола! Қараб тур, итдек хор бўласан!
–  Бола ўлса ўлавермайдими!– қичқирди Жерландо. – Ўзи тирик қолса бўлгани!
Ичкаридан югуриб чиққан Жерландонинг онаси қўлларини кўкка кўтариб, фарёд қила бошлади:
–  Доктор керак! Тезроқ докторни чақиринглар! У ўлаяпти!
–  Аҳволи ёмонми? – сўради ранги докадек оқариб кетган Жерландо. Отаси Жерландони эшик томон судраркан:
–  Югур! Тезроқ доктор топиб кел! Оёғингни қўлга ол! – дея буюрди.
Жерландонинг вужудини титроқ боса бошлади. У жон-жаҳди билан югуриб кетди. Кўз ёшлари тинмай оқар, оёқлари худди юрмаётгандек туюларди ўзига.
Ярим йўлда у доя хотин билан бирга келаётган аравага дуч келди.
– Тезроқ ёрдам беринг! Тезроқ! – бор овози билан қичқирди у.– Докторни олиб келишга кетаяпман! Аҳволи оғирлашиб қолди.
Жерландо қоқилиб йиқилди, эгнилари тупроққа беланди, шилинган қўлини ушлаганча югуришда давом этди.
Жерландо шифокорни бошлаб келганида Элеонорадан қон кетиб, беҳуш ётарди.
– Қотил! Сен қотилсан! – дея қичқирди бекаси атрофида гирдикапалак бўлаётган Жеза. – Ҳаммасига сен айбдорсан! Унга қўл кўтаришга қандай ҳаддинг сиғди!
Элеонора бир оз ўзига келгач, жазаваси тутган кампирга “жим” дегандай бош чайқади. У кетаётган қон билан бирга вужудидан сўнгги куч-қуввати, яшаш онлари жисми жонини тарк этаётганини ва танаси музлаб бораётганини ҳис этмоқда эди. Бу дунёни тарк этгани бир жиҳатдан маъқулдир. Тавба, ўлим қўрқинчли эмас экан. Балки бу боқий дунёнинг ташвишларидан тўйиб кетгани учун ҳам дорилбақога рихлат этиш унга бир қадар ёқимли туюлаётгандир. Ранги оппоқ оқариб кетган Элеонора кўзларини шифтга тикканча абадий уйқуга кетишини кутиб ётарди. Никоҳ кечасида гувоҳ сифатида қатнашган шифокорни гўё тушида кўраётгандек эди. Элеонора унга боқаркан, юзида ним табассум пайдо бўлди.

V

Жерландо хотинининг ёнидан кечасию кундузи жилмай ўтирди.
Элеонорани ниҳоят, оромкурсига олдилар, юзидан қон қочганди. Кўзи Жерландога тушди, худди эри ҳам ўлим тўшагидан тургандек эди наздида. Сўнг тепасида парвона бўлаётган қайнона-қайнотасини кўрди. Янаям катталашиб кетган шаҳло кўзлари ила уларга боқди ва улар билан ўзи ўртасида боғлаб турадиган ҳеч нарса йўқлигини сезди, гўё у қаердандир покланиб келган-у, нафақат эри, қайнона-қайнота билан ҳам, аввалги ҳаёти билан ҳам боғлаб турадиган ришталар батамом узилганини ҳис этди.
Элеоноранинг нафас олиши оғирлашганди. Арзимаган шовқиндан ҳам юраги гупиллаб уриб кетар, сўнг бир оз тўхтаб, яна ҳаприқиб уришда давом этарди. У ниҳоят бошини ўриндиқнинг орқа суянчиғига ташлаб, кўзларини юмди-ю, ўлмай қолганидан афсусланди. Энди у қандай яшайди? Қандай қилиб бу азобларга чидайди! Қаршисида ундан нигоҳларини узмай турган кимсаларнинг кўзига қандай қарайди. Уларга нисбатан қалб торлари узилиб кетганди! Аввал ўтиб кетганлар у томон бостириб келавердилар, кимдир уни бор кучи билан ушлаб тургандек, бошидан ўтказган воқеаларни томоша этишга мажбур этаётгандек эди, ҳамма-ҳаммасини унутишга ёпирилиб келаётган ўю хаёллари изн бермасди.
Элеонора энди одам қаторига кирмай, юрагим ёрилиб бу дунёни тарк этсам керак, деб ўйларди. Аслида ундай бўлмади... Барча азоблар ортда қолди. Аста-секин ўрнидан туриб, Жеза кампир ёрдамида хона ичида юра бошлади; қувватга киргач, пиллапоялардан аста-аста пастга тушиб, очиқ ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Кейин-кейин ҳар оқшом қўрғоннинг жанубий томонидаги баландликкача борадиган бўлди. У ердан денгиз қирғоғи бемалол кўзга ташланарди. Элеонора дастлабки кунлари у ерга Жерландо ва Жеза ёрдамида, кейинчалик эса Жеза кампир ҳамроҳлигида борарди, ниҳоят, кучга киргач, ёлғиз ўзи борадиган бўлди.
Элеонора қари зайтун дарахти соясидаги тош устига ўтирганча денгизнинг мавжланишини томоша қилишни ёқтирарди; шу ердан ботаётган қуёшнинг гардиш нурлари денгиз устидаги қуюқ туман ичига кириб кўздан ғойиб бўлишини, тўлқинларнинг гўзал рангда мавжланаётганини, булутлар эса қуёш шуъласидан ғаройиб тусга кириб боришини, қоронғулик атрофга ўз пардасини ёяётган пайтда, самодаги юлдузларнинг бирин-кетин потраб чиқиши-ю, атрофга нур таратаётганини, уларга эргашиб тўлин ой ўз жамолини кўз-кўз қилаётганини томоша қилиб ўтирарди. Оқшом нақадар гўзалликларга бойлигидан ҳузурланаради. Бу хотиржамлик ва осудалик унга жаннатдагидек роҳат бахш этганди. Бу роҳатдан тўйиб-тўйиб лаззат оларди.
Бу орада Жерландонинг оиласида Элеонорага нисбатан тузоқ қўйилаётган эди. Қайнонаси билан қайнотаси меросхўр ҳақида ўғиллари қулоғига қуяётгандилар. Улар Элеонорадан хавотирда эдилар.
– Ўғлим, хотинингни ёлғиз қолдирма. Унга ғамхўрлик қилишинг керак. Ёнидан сира силжима, ишончини, меҳрини қозон. Хотинингни шунга мажбур қилгинки, хизматкор кампир унинг хонасида тунамасин. Келинимиз ҳозир ўзини яхши ҳис этяпти, тунлари унга хизматкорнинг ҳожати йўқ,– дея уқтирардилар.
– Нималар деяпсиз, ахир! Бундай ўй-хаёллар калламга келгани ҳам йўқ... Ё тавбангдан кетай! Ахир у мен билан онадек муносабатда. Ўзингиз ҳам бунинг гувоҳи бўлгансиз-ку!.. Унинг ёши ўтиб қолганмиш. Бу ишларга ярамасмиш!..
– Нима, қариб қолганмишми? – гапга аралашди онаси. – Уни қари деб бўлмайди, шунинг учун сен...
– Фарзандлик бўлмасанг, барча ерларингни тортиб оладилар! – Гапни бўлди отаси. – Мени айтди дерсан, сени унга боғлаб турадиган боланг бўлмаса хор бўлиб, кўчада қолиб кетасан. Мабодо, у сенга бола туғиб бермай ўлиб қолса борми, қонун бўйича бутун мол-мулкингни тортиб оладилар. Ўйлаб иш қил! Ўқишни ҳам ташладинг, вақтни бой бераяпсан. Мени айтди дерсан, отингни вақтида қамчилаб қолмасанг, ҳеч вақосиз қоласан. Кеч бўлмасдан яхшилаб ўйлаб кўр... Нимани кутиб ўтирибсан!
–Хотинингга дўқ қилма, яхши гапир,– аста тушунтирди отаси. – Олдига бориб ҳаммасини тушунтир. Айтганларимни қилмасанг, ҳеч вақосиз қоламан, дегин. Мени ҳам ўйлагин-да, мен ҳам сенинг айтганларингни қиляпман-ку, деб айт. Нимадан қўрқаяпсан? Ҳаммасини тушунтир, қўрқма, сени еб қўймайди.
– Яна шуни қўшиб қўйгинки,– яна гапга аралашди онаси, – Элеонора, сен укангга мурувват кўрсатмоқчимисан? Ахир у сени не кўйларга солмади дейсан. Мени уйдан қувиб юборишини истамасанг, гапимга кирасан. Ота-онам ҳам бу уй-жойлардан қувиладилар, дегин.
Жерландо миқ этмай ўтирарди. Ота-онасининг гап ўргатишларидан ижирғаниб ўтирса-да, айни вақтда улар ҳақ эканликларини ҳис этарди. Нима қилса экан? Бу воқеалар ҳақида Элеонорага сўз очса, албатта унга ёқмаслигини жуда яхши билади, аммо начора, фарзандсиз ҳаёт ҳаётми? Нима қилиб бўлса-да, Элеонорага буни ётиғи билан тушунтириши керак.
Элеонора энди дастурхон атрофига чиқиб ўтирадиган бўлганди. Бир куни кечки овқат пайтида эри дастурхонга тикилганча хаёл суриб ўтирганига кўзи тушиб қолди ва:
– Нега овқатингни емаяпсан? Бир нуқтага тикилиб ўтирибсан,– деб сўради.
Жерландо айни вақтда хотинидан шу саволни кутган ва айнан хотини шу саволни бериши учун ҳам дастурхонга тикилгандек хаёл суриб ўтирарди. Ўрни келганда ота-онаси миясига қуйган гапларни гапирмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин қўл силтаб қўя қолди.
– Сенга нима бўлди? – қайта сўради Элеонора ундан.
– Ҳеч нарса, – саросимага тушиб деди Жерландо. – Отам сира тинчлик бермаяпти...
– Яна ўқи деяптими? – кулиб сўради Элеонора.
– Йўқ, бошқа нарса ҳақида, – аста гапирди Жерландо. – Фарзандлик бўлишимизни истаяпти. Набиралик бўлишни жуда хоҳлаётганмиш. Насл-насабсиз бўлишимизни истамаяпти. Бир-бирингизга қараб, сўппайиб ўтирасизларми деяпти. Меросхўр керак-ку, ахир!
– Отангга айтиб қўй, – жиддий тусда деди Элеонора Жерландони қизарган юзини кўрмай, деб қўллари билан юзини тўсаркан. – Отангга айт, ташвиш тортмасин. Мен ҳаммасини ўйлаб қўйганман. Гар шу ҳақда гап очилган экан, сенга бир гапни айтиб қўймоқчиман, ким олдин, ким кейин ўлади, бу ёлғиз Оллоҳга аён, мен аввал бандаликни бажарсам, хонамдаги жавоннинг иккинчи тортмасида сенга аталган хат бор, ҳаммаси ўша ерда ёзилган.
– Қандай хат? – сўради уятдан қизариб кетган Жерландо.
Элеонора бош ирғаб гапини тасдиқларкан:
– Ҳа. Хотиржам бўл, – деб гапни қисқа қилди.
Эртаси куни севинчи ичига сиғмаган Жерландо ота-онасининг уйи томон елдек учиб борди ва Элеонора айтган гапларни оқизмай-томизмай сўзлаб берди.
Жерландонинг ота-онаси ўғлининг гапидан қониқмай, ҳайрон бўлиб уни саволга тутдилар:
– Хат дейсанми?
“Қизиқ, бу қандай хат экан. Васиятномамикан. Демак, барча мол-мулкларни эрига қолдираётган экан-да. Хатда нималарни ёзди экан-а? Аёллигига бориб, ниманиям ёзганийкин! Ёзганларини нотариус тасдиқламаса, у қонуний ҳисобланмайди-ку. Укаси ҳам суд ходими бўлса, судлашиб бор-будларини тортиб олиши туган гап.
Судлашиб барака топмайсан. Судлашиб юришни худо кўрсатмасин. Биздай ночорларнинг кучимиз етмайди уларга. Укаси ўчакишиб бизни хонавайрон қилади. Оқни қора, қорани оқ, деб тураверишади. Ким билади дейсан, ўша тортмада ҳеч қандай хат йўқдир. Сендан қутулиш мақсадида шундай деяётгандир. Хатни ўз кўзинг билан кўрдингми? Йўқ, кўрмагансан. Боланг бўлганда борми, барчаси бошқача тус олган бўларди. Алданиб қолмагин тағин. Гапимизни икки қилмай фарзандлик бўлиш ҳаракатига туш. Хат билан иш битадими?” – тинмай ўғлига уқтирарди отаси.
Кунларнинг бирида одатда жарлик ёқасида ўтирган Элеоноранинг рўпарасида кутилмаганда Жерландо пайдо бўлди. Элеоноранинг эти жунжикиб елкасига қора шолрўмолини ташлаб олганди. Феврал ойи бўлса-да, кунлар илиб, баҳорнинг ҳиди келиб қолган. Жарликнинг пастидаги ялангликда ниш урган буғдой кўм-кўк ястаниб ётарди, уфқда денгиз ва осмон туташиб кетганди.
Элеонора осуда ранглар уйғунлашувини завқ билан томоша қилаётган эди. У толиққанини ҳис этгач, бошини зайтун дарахтининг танасига қўйиб, тин олди. Қора шолрўмолини бошига ўради, юзи оппоққина бўлиб кўзга ташланди-қўйди.
– Бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деди Жерландо унинг қаршисига келиб. – Худди мотамсаро оналардек ўтирибсан-а.
– Атрофни томоша қилаяпман,– деди Элеонора хўрсиниб, сўнг кўзини аста юмди.
Жерландо Элеонорага:
– Шолрўмолинг ўзингга бирам ярашибдики... – дея кўнглини кўтарди.
– Ростанам ярашибдими? – маъюс жилмайди Элеонора. – Совқотганимдан ўрадим.
– Рост айтаяпман, жуда ярашибди. Юзингни нақш олмадай кўрсатаяпти. Бирам очилиб кетибсанки,– деди Жерландо шоша-пиша хотинининг қаршисига тиз чўкаркан.
Элеонора йиғлаб юбормаслик учун кўзларини чирт юмиб олди. Самарасиз ўтиб кетган ёшлик йилларидаги хотиралар миясига қуюндай ёпирилиб кела бошлади. Эссиз ёшлиги, бесамар ўтган ёшлиги... Ўн саккиз ёшида у нақадар гўзал ва сулув эди-я!
Кутилмаганда Жерландо журъатсизлик билан унинг билагидан ушлаётганида Элеоноранинг ҳуши ўзига келди.
– Қўлингни менга бер, – деди Жерландо ва бесаранжом кўзлари билан хотинининг бошидан оёғигача разм солди.
Элеонора эрининг хатти-ҳаракатидан гап нимадалигига тушунса ҳам ўзини гўлликка солиб:
– Қўлимни? Нега? – деб сўради ва: – Зўрлама мени, кўтаролмайман. Кучим етмайди. Зўрға юрибман... Кеч бўлди, юр уйга кетайлик,– дея ўрнидан турди.
– Ёмон хаёл кўнглимга келгани йўқ, – тушунтирмоқчи бўлди Жерландо. – Бир оз шу ерда ўтирайлик. Бу ер жуда осуда, кўнгилочар жойлар экан...
Қуруқшаган лабларининг таноби қочганча Жерландо Элеоноранинг тиззаларини қучмоқчи бўлди.
– Йўқ! – қичқириб юборди Элеонора. – Эсингни еб қўйибсан! Қўйиб юбор!
Элеонора Жерландонинг елкасидан итариб юборди. Жерландо чўккалаб қолди, Элеоноранинг қора шолрўмоли унинг устига сирғалиб тушди.
– Қачонгача ноз қиласан-а, қачонгача, – яна-да куч билан Элеоноранинг тиззаларини қучаркан ғўлдиради Жерландо худди маст одамдек. Элеонорадан таралаётган ёқимли ҳиддан маст бўлган Жерландо аста-секин қўлини унинг бели томон чўзди.
Элеонора бор кучини ишга солиб, эрининг қучоғидан ўзини озод этди ва жар ёқасига югуриб келди-да:
– Яқинлашма! – деб бақирди.
Ғазаби жўш урган Жерландо Элеонорага ташланди. Элеонора унга чап бераман деб, пастга қулаб кетди.
Жерландо даҳшатдан турган жойида донг қотиб қолди. Қулоғига фарёд тўла бўғиқ овоз чалинди. Жерландо эсанкираганча қўрқа-писа пастга қаради, не кўз билан кўрсинки, яшил ўт-ўланлар устида бир тўда қора кийимлар ёйилиб ётарди. Қора шолрўмол эса шамолда ҳилпираб, қанот қоққандек пастлаб тушиб борарди.
Жерландо нима қиларини билмай иккала қўли билан бошини чангаллаганча уйи томонга қаради. Сўнг зайтун дарахти теппасида тўлин ой шуъла сочиб турганига кўзи тушди. Жерландо узоқ вақт ойдан кўзини узолмади. Унинг наздида тўлин ой барча воқеага гувоҳ бўлганча Жерландони айблаётгандек эди.

Русчадан Назира Жўраева таржимаси

 
Ҳижоб васфи (Ўтган аср боши) PDF Босма E-mail
27.01.2014 16:33

Хотун-қизлар учундур чўқ гўзал давлат ҳижоб,
Ору номусинг юзиға пардаи исмат ҳижоб,
Дафъи ошуби зиноға ҳисни амнийят ҳижоб,
Қатъи шўру фитна этмакда бали ҳужжат ҳижоб,
Тангри кўндурган нисолар ҳаққиға раҳмат ҳижоб.
Муслимот ҳазратлариға мислсиз неъмат ҳижоб.

Қайси миллатда тасаттур бор нисоси  бебокдур,
Қайси хотунким очуқ юздур, обрўйи бали хокдур,
Пардалик қадрини билур ҳар кимки хуш идрокдур,
Пардасиз элнинг юроги гул каби юз чокдур,
Ҳифзи номусу ҳаёға яхши бир кисват ҳижоб.
Нури раҳмат, файзи исмат, матлаъи иффат ҳижоб.

Гар маориф истаса қиз парда ичра касб эдар,
Парда ичра кўб хотунлар топдилар илму ҳунар,
Эмди очуқлик учун чолишма, эй даллоли шар,
Қизу хотунинг ўлурлар пардасизлик бирла ғар,
Эй диёнатсиз, тушунким, ҳосили оят ҳижоб.
Яъни, билким маънийи Қуръону ҳам суннат ҳижоб.

Ким писанд этмаз ҳижоби, бил ани бад кирдордур,
Кеча-кундуз фикру зикри айламак ашрордур,
Йўқса чоқмақ амри шаръи Аҳмади мухтордур,
Бу ҳижоб шаръийятида неча ҳикмат бордур,
Дийдаи ақл ила боқ ганжинаи ҳикмат ҳижоб.
Ҳазрати Ҳақ жонибида бизлара раъфат ҳижоб.

Эрди Онҳазрат замониким саодатлу замон,
Ул замонда ўлди вожиб бу ҳижоб, эй дўстон,
Ҳар замонда фарз деб ижмоъ қилди олимон,
Гўё Қуръону ҳадис ижмоъ ила топди баён,
Ҳар мусулмон олдида шойистаи сиҳҳат ҳижоб.
Комёб наша-ю, саҳбойи фарзийят ҳижоб.

Кашф қилдилар ҳакимони фаранг азрори кашф,
Этди Ўврўпо ҳақиқатхоҳу истинкор кашф,
Ҳис эдуб ҳусни тасаттур, бўлдилар безор кашф,
Дедилар қурсун жаҳонда бу бузуқ атвор кашф,
Боиси татҳири ансоби ҳама миллат ҳижоб.
Кони роҳат, тахти иззат, айни ҳуррийят ҳижоб.

Ақлу нақли шаръ ила ўлди тасаттур устувор,
Файзи сатр ила ўлур амнийяти насл ошкор,
Юз очуқлик зулмидан асли насаб топмаз қарор,
Ҳар ким ўз фарзандини жазм ила қилмаз эътибор,
Шукр лиллоҳким ҳама авлод учун роҳат ҳижоб.
Жумла хотунларни шаънида эрур иззат ҳижоб.

Робиъа ўлди валиййа аҳли ирфон сатр ила,
Шоира Зеббуннисо бўлди сухандон сатр ила,
Ҳукмрон ўлди Маҳастий тожи нисвон сатр ила,
Мисрда Саййида Зайнаб кони ийқон сатр ила,
Ҳар адиба қиз учундур жолиби шавкат ҳижоб.
Аҳли ҳикмат кўзиға бир кўзгуйи ибрат ҳижоб.

Ўлдилар неча хонимлар парда ичра зуфунун,
Аҳли тадрису ҳунар таҳсил эдубон кўб хотун,
Ҳар қаю эрға нафақа фарздур хотуни учун,
То тасаттур неъмати ҳаргиз нисодан кетмасун,
Ҳар каса маълумдур осори хайрият ҳижоб.
Шубҳасиз хонимлар ҳаққиға эрур беҳжат ҳижоб.

Қайси бир аҳли ҳамийят истаюр бўйла маром,
Қўл ба-қўл ушлаб қилур хотуни ғайр ила хиром,
Воқеъ ўлмазми бу икки аҳли шаҳватдан ҳаром?
Уфода рафъи ҳижоба ҳукм қилмиш чўқ имом,
Ул кишиларға кўрунмиш сирри тасаттур ҳасрат ҳижоб.
Онлара очуқлик одат, дўзаху ниқмат ҳижоб.

«Турмуш»у «Вақт» айлади ул ҳукма бу хил ифтихор,
Эмди топди пардасизлик қадрини қавми тотор,
То бу дам янглиш эди ижмоъи асҳоби кибор,
Дедилар очуқлик этсун биз каби ўзга диёр,
Бу азизларға кўрунди бир ажаб меҳнат ҳижоб.
Ҳол буким, раҳмати Ҳақ, дофиъи накбат ҳижоб.

Не сабабдур, булар очуқлик ичун жон берур?!
Қиз ила хотунлари очуқ ўромларда юрур?!
Ҳар кишиға эмчаку тирсаклари-ла кўринур?!
Шу муслмонликму акси шаръға мунча ғурур?!
Бир минг уч юз ўттуз уч йилдан бери мусбат ҳижоб.
Эмди Уфодан чиқурми акси шаръиййат ҳижоб.

Ё раб, ўз фазлинг ила қилғил ҳижобимиз саҳиҳ,
Кўрмағай нўғой нисоси бу тасаттурни қабиҳ,
Ҳурмати жумла набий, хосса Муҳаммад-ла Масиҳ,
Васлий сўзини ҳам одамлара этгил малиҳ,
Айлағил ҳар бир хотунға лозиму ҳожат ҳижоб.
Баски ислом қизлариға нақд бир жаннат ҳижоб.

Мударрис Саййид Аҳмад Васлий Самарқандийнинг "ТАСАТТУРИ НИСВОН ҲАҚИНДА" мухаммаси.
«ал-Ислоҳ» журнали, 1915-йил, 1-октябр, 8-сон, 546-549 бетлар.

ОЧИҚЛИҚ

Очиқлиқ миллати ислом аро феъли қабоҳатдур,
Очиқлиқ боиси ранжу алам буғзу адоватдур.

Очиқлиқ хор эдар таҳқиқи аҳли илму ирфоний,
Ҳижоби ислом уносиға чу бир навъ ибодатдур.

Очиқлиқ дарддурким анга фисқдан ўлур марҳам,
Очиқлиқ чун дарахтдур ҳосили оҳу надоматдур.

Очиқлиқ ихтилофни халқ байниға солур таҳқиқ,
Очиқлиқ гулустони ҳуснға бир ранжу офатдур.

Очиқлиқ дину иймон хонасин таҳқиқ эдар барбод,
Очиқлиқ боиси зиллату накбат жаҳолатдур.

Очиқлиқ домдур халқи шароратға асир айлар,
Ҳижоби ислома Ҳақ ила набийдан фарзу суннатдур.

Очиқлиқ диллари пур айлаюр турли ҳавас бирла,
Очиқлиқ пардаи исматни чок айлар жиноятдур.

Очиқлиқ шарм ила номус номин қўймаюр зарра,
Очиқлиқ ҳам чу номуси уноса бир хиёнатдур.

Очиқлиқ-ла ўлур фуссоқларға қисқа ҳуррийят,
Очиқлиқ гийнаю удвона бир жойи валодатдур.

Очиқлиқ хона барбод айлаюр фоилларин доим,
Очиқлиқ бир жаҳолат, ҳам ҳамоқат, ҳам сафолатдур.

Очиқлиқ офатидур илму фанлар мазраотиға,
Очиқлиқ боиси расвойи рўзи қиёматдур.
Ҳижоби айлади исбот «Нур»у «Сураи Аҳзоб»,
Қилур кимса Худоға банда, Пайғамбарға умматдур.

Очиқлиқ қубҳ ўлғай ошкора ақл аҳлина,
Очиқлиқ журм ила ашрори фужжора бидоятдур.

Очиқлиқ истаёнлар ўзларина олими топсун,
Кечарса аҳли исломи-ла иғвоси бадоҳатдур.

Очиқлиқ зидди ҳам Хоиб тарафдор ўлмазам, биллоҳ,
Ҳижоба зид ўлон ашхос қандай бедиёнатдур!

Андижон Хоиб Шамсиддин хўжа,
«ал-Ислоҳ» журнали, 1915-йил, 31-декабр, 24-сон,
733-734 бетлар.

ҲИЖОБ ХУСУСИНДА

Олдим қаламни ёзғоли мен ҳам ҳижобдан,
Чўқ-чўқ ёзилди, демадим, асли бу бобдан.

Чўқ йўллар изладим кеча-ю тонгни отдуруб,
Ҳеч бир очарга кўрмадум ояти Китобдан.

Очсунки юзни мониъ эмас бунга шаръ деб,
Билмам зокунми чиқти қаю бир жанобдан?!

Фатвони халқға бердики Халлоқни ўйламай,
Қўрқмай Худони тонгла у қаҳру итобдан.

Қавли Имоми Аъзам-у, Ҳанбалми Шофиъийдин,
Топди кимининг мазҳабидан, қайси бобдан?

Кўрмаб эдиму ушбуни Аллоҳ расуллари,
Деб пора-пора ўлди кўнгил изтиробдан.

Минглаб набий рафиқаси оламдин ўттилар,
Ҳеч бир замонда чиқтиму онлар ниқобдан?!

Яъни, Худони дўсти Муҳаммадни уммати,
Қолди ҳадис бизга у зоти маобдан.

Шаръи набийда Тавалло устувор тур,
Ҳаргиз адашма ушбу замон инқилобдан.

Машҳур шоир Таваллонинг ҳижоб ҳақидаги ғазали "ал-Ислоҳ" журналида эълон қилинган.

 
Ишқ ва комиллик жазбаси PDF Босма E-mail
05.05.2013 08:35

Шарқ тарихида жувонмардлик,  тасаввуф, маломатийлик каби бир неча  қудратли таълимотлар ҳукм сургани яхши маълум, албатта. Бу таълимотлар бири иккинчисига йўл очиб, бири иккинчисини суяб ва бойитиб, гоҳида нималарнидир ислоҳ қилиб тараққий этишган. Бунда тасоддифий ҳаракат йўқ. Биринчидан, уларнинг ҳаммаси ҳам ислом дини заминида юзага келган, ислом маърифати ва ҳақиқатларига таянган. Иккинчидан, бош мақсад жуда яқин бўлган, яъни Инсон тақдири, унинг ижтимоий-маданий ҳаёти, эркинлиги, маънавий-руҳий камолоти ҳисобланган. Энг муҳими шундаки, ушбу таълимотларнинг ҳар бири ҳам ўз-ўзича инсоннинг ботиний оламига, айниқса, қалби ва руҳига чуқур кириб боришга алоҳида аҳамият берган. Бу ҳам табиий. Чунки Нажмиддин Кубро “Фавоих ул-жамол” рисоласида ҳаққоний таъкидлаганидек,  “фақат қалб ва руҳ – ёлғиз ана шу иккаласи Ҳақни излаган. Унга осий  бўлмаган ва Унинг амрига зид бир иш қилмаган, Ҳақ талабида куч сарф этган икки ҳақ эрур” . Шунинг учун Шарқда Қалб ва Руҳ илми барча илмларнинг манбаи, Руҳ ва Қалб мушоҳадаси Ўзликни билишнинг бош майдони деб белгиланган. Шахснинг ҳоли, қалби, руҳоният сирларини ўрганиш ва ўргатишни зиммасига олганлиги сабабли ҳам тасаввуф “илми ботин” дейилган.
Бугун ҳаммага маълум сабабларга кўра, шўро замонида тасаввуфни эркин ва зарур даражада ўрганишга имкон бўлмаганди. Мустақилликдан кейин аҳвол бутунлай ўзгарди. Энди тасаввуфни ҳам, тасаввуф адабиётини ҳам дадилроқ ўрганаётирмиз. Бироқ дадиллик, тезкорлик бўлсаю, билим, малака, масъулият етишмаса, бу ҳам янги муаммолар, янги-янги камчиликларни юзага келтирар экан. Мумтоз адабиётимиз, жумладан, Алишер Навоий ижодиётини текширишдаги аҳвол ҳозир тахминан ана шундай.
Сўфийликка алоқаси борми, йўқми, бундан қатъий назар, ўтмишда яшаб ижод этган ҳар бир шоирнинг асарларини тасаввуфлаштириш, беш-ўнта диний-тасаввуфий истилоҳ ва ибораларни илиб олиб зўрма-зўракилик билан уларнинг муаллифларига сўфийлик ёки мутасаввифлик “либоси”ни кийдириш умумий бир пойгага айланиб қолди, деса хато бўлмас. Очиғини айтиш керак, бу анча хавфли жараён. Ҳатто бора-бора кулгига сабаб бўладиган истиқболсиз уриниш. Шу маънода атрофга ҳам мундоқ назар ташлаб, илмдаги фойдали ва фойдасиз тажрибалар устида мулоҳаза юритсак асло зарар қилмайди. Мана, усмонли турк олими Метин Ақар нима деб ёзади: “Бугун ҳар бир шеърга тасаввуф нуқтаи назари ила қараш истагида бўлганлар адабиётимизнинг халқдан ажралишга, санъаткорларни унутилиш ва англанмасликка маҳкум қилмоқдалар. Бу йўлдаги ҳаракатлар шунга бориб етдики, ҳатто Хожа Насриддиннинг фикрлари ҳам тасаввуфга кўра шарҳ этилмишдир...” . Қарангки, бизда ҳам унчалик ортда қолиш бўлмабди. Чунки Насриддин Афандини тасаввуфга алоқадор қилиб кўрсатувчи фикр-мулоҳазалар матбуотда аллақачон босилди. Эътибор қозониш, донг таратиш, илмий даража олиш ёки “ким ўзар”га ёзилган мақола ва тадқиқотлар одамларнинг тасаввуфга қизиқишини бир қадар совутиб бўлди. Энди бебаҳо хазинамиз – мумтоз адабиётдан йироқлашувга, санъат дунёси ва санъаткорлик меҳнатига хусусан ёшларнинг эътиборсиз бўлишига йўл қўймаслик зарур. Ахир, адабиётшуносликдаги якранглик ва саёзлик шўро тузими давридагидан ҳам ошиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак? Аввало, тасаввуф ва тариқатлар тарихи, тасаввуф фалсафаси, назарияси ва эстетикасидан яхши хабардор бўлмоқ лозим. Зеро, тасаввуфга – тасаввуф, адабиётга – адабиёт деб қарай олиш ҳам оддий ишмас. Бунга эса тасаввуфга доир жуда қимматли бир неча манбаларни таржима қилиб чоп этмасдан эришиш қийин.
Алишер Навоийнинг “Насоимул муҳаббат” асарида энг кўп тилга олинган ва иқтибослар келтирилган китоблардан бири Али бин Усмон Жўллобий Ҳужвирийнинг “Кашфъул маҳжуби”дир. Бу нодир асар фақат тасаввуфшунослик жиҳатидан эмас, балки Шарқ тасаввуф адабиётини тадқиқ этишда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Демоқчимизки, тасаввуф ҳеч бир маънода ва ҳеч бир зайлда адабиёт манфаатларига дахл қилмаслиги, унга соя ҳам ташламаслиги керак. Тўғри, адабий меросини тасаввуф заминидан ажратиш мумкин бўлмаган бир неча ижодкорларимиз бор. Лекин улар барибир шоир-санъаткор. Айтайлик, Машрабнинг фикр-савияси, қалб мушоҳадаси, руҳи ва гўзаллик завқига ҳеч бир сўфи ёки қаландар яқин ҳам бора олмаган. Фақат  буюк шахси эмас, Машраб шеърияти ҳам такрорланмас. Бу шеъриятни тариқат ақидалари ёки тушинчалари “девори” билан ўраш, уни албатта халқдан ва ҳаётий-руҳоний таъсирларидан ажратиш демак. Бундан ким ютадию, ким ютқазади? Буни жиддий ўйлаш керак. Соф тасаввуф адабиёти вакиллари бизда бармоқ билан санарли. Бас шундай экан, адабиётни тасаввуф ортидан эргаштириш, унинг фаолияти ва ютуқларини ёлғиз сўфийликка тиркаш ташаббусига чек қўйиш жоиз. Алишер Навоий ижодиётига келадиган бўлсак, унда учрайдиган ҳар бир тасаввуфий истилоҳ, образ, рамз, ҳаттоки ишоратларнинг маъно ва сирларини имкон қадар яхши билишга интилиш ҳам қарз, ҳам фарз. Зеро Навоийнинг фикр, туйғу, руҳ ва санъат дунёсига эркин кириб боришнинг йўлларидан бири ҳам ана шу. Навоий асарларида учрайдиган у ё бу тасаввуфий истилоҳ, рамз ҳам баъзан маълум бир ҳақиқатни чуқур билиш, унга тамоман бошқача қарашга йўл очади. Масалан,  Алишер Навоий асарларини кўздан кечирсангиз “мажзуб” деган сўзга тез-тез дуч келасиз. Бу сўз, хусусан, “Насоимул муҳаббат”да кўп учрайди. Лекин асосий нарса ушбу калиманинг кўп ёки кам учрашида эмас, балки “Насоим”даги бир қанча ривоят ва ҳикоятларда мажзубнинг кимлиги, мажзублик ҳолати, ҳақиқати, асосий фазилати нималардан иборатлигини ёритишдадир. Мажзуб – жазба одами. Жазба эса кўпинча сулукка боғлиқ бўлмаган ва сулукдан олдин пайдо бўладиган ҳолат. Шунинг учун мажзублик йўли инсонни тариқатдаги қатъий талаб ва қидалардан фориғ этгувчи ўзига хос имтиёзларга ҳам эга эди. Нажмиддин Кубронинг “Ҳақ таолонинг мажзуб ва маҳбубларидин” бўлмиш Бобо Фараж билан учрашгандан кейинги ҳодисаларни хотирланг. Бобо “давот ва қаламни” ташлаб, илм таҳсилини тўхтатмагунча Куброни таъқиб этаверади. Чунки у илми ладуний ва мажзублик кашфининг ҳар қандай таҳсилдан юксак ҳамда самарали эканлигига тўла-тўкис ишонган. Албатта, ўзининг ҳоли, танлаган йўли, кўзланган мақсадига нисбатан қаралганда Бобо Фараж талабида ҳақ бўлган.
“Насоим”дан ўрин ажратилган мажзубларнинг аксарияти туркий қавмларга мансуб “Бобо”лар ва “Ота”лардир. Диққатни тортадиган яна бир жиҳат шуки, бу мажзублар фақат тасаввуф аҳли ёхуд фуқаронинг эмас, салтанат соҳиблари, давлат арбоблари, олим ва ижодкорларнинг ҳам ихлосу эҳтиромларига сазовор бўлишган. Бобо Сангу тўғрисида Навоий ёзади: “Замон мажзубларидан эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Андхуд қасабасида бўлур эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хизматиға борғандур. Ўлтурғондин сўнгра Бобо илайида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек  сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебтурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди...” . Дарҳақиқат, ишорат тилида изҳор этилган шу башоратдан илҳомланиб Амир Темур кўп ўтмай Хуросон мулкида зафар қозонган  экан.
Бобо Али Маст Нисоий билан Султон Ҳусайн Бойқаро орасида ҳам айнан шунга яқин ҳодиса бўлган. “Насоим”да ўқиймиз: “Шоҳ Абулғозий аввал салтанат доиясида Бобо (яъни Бобо Али Маст Нисоий – И.Ҳ.) назариға етибдурлар. Илтифот назари топибдурлар ва Астробод азиматидаким, Саъдлу Ҳусайн устига юрубдурлар, Бободин рухсат тилай келибдурлар. Бобо дебдурки, “бору бор” ва умидворлиғ била борибдурлар. Астрободға етиб, душанба куни зил-ҳижжа ойининг ўн иккисида уруш бўлуб, аъдоға ғолиб бўлубдурлар” .
Ҳирот маданий муҳитида мажзубларнинг нуфузи юқори бўлганлигини кўрсатувчи далил ва маълумотлар “Насоим”да кўп. Булар орасида бевосита Навоий ва шоирнинг падари бузруквори Ғиёсиддин Кичкина билан алоқадорлари ҳам бор. Масалан, Навоий Бобо Сариғ Пўлот ҳақида, “Бу фақир била кўп улфати бор эрди” , деса, Бобо Шиҳоб тўғрисида, “Бу фақир била улфати бор эрди, қошимға келур эрди” , дейди.
Тасаввуфга доир махсус асарлар, айниқса, маноқибномаларга диққат  билан назар ташланса, сўфий, дарвеш ёки маломатийларга нисбатан мажзубларга бошқача бир қараш, алоҳида бир ишонч ва ҳурмат устивор эканлиги осон англашилади. Бунга асосий сабаб нима? Асосий сабаб, жазба кучи ва имкониятидир. Жазба сўзининг луғовий маъноси – жазб этиш, тортиш, жалб қилиш демак. Истилоҳий маъноси эса Ҳақнинг қулини ўзи томонга тортиши, илоҳий тажаллиларга сайри сулуксиз етишишдир. Шундай жазба соҳиби мажзуб дейилади. Абу Ҳафс Шаҳобиддин Умар Сухравардийнинг таъриф беришича, “Мажзуб – сайри сулуксиз, риёзат ва мужоҳаданинг қийинчиликларини қаршиламагани ҳолда, қалб ила Оллоҳ орасидаги ҳар турли униттирувчи пардаларни барҳам бера олган кишидир” . Шу маънода мажзуб аввал илоҳий зотни мушоҳада қилади. Қобилият даражасига кўра унга бир қанча сирлар кашф бўлади. Бунинг орқасидан сифати илоҳия ва асмо сир-асрори очилади. Сўнгра коинот моҳиятини бутун нозиклари ва мураккабликлари билан билишга эришилади. Хуллас, у “тавҳид манбасига тамоман ғарқ бўлганлиги учун ўз зотини Ҳақнинг ягона зотида, сифотини унинг сифотида, феълини унинг феълида кўради... Руҳ кўзи зотнинг жамол мушоҳадасига тикилгани замон, ашёнинг орасини ажратувчи ақл нури қадим зот нури ғалабасидан зоил бўлади” . Жазба ва ишқ оташида ёниб Ҳаққа талпинган мажзуб энди Ҳаққа чекинган чин ошиққа айланади. Шундай қилиб, солик энг охирда етган жойга мажзуб илк бошдаёқ етади. Соликнинг ҳоли Оллоҳга вуслат учун ашё ила мушоҳада. Мажзубники эса ашёни Оллоҳ ила мушоҳададир. Мажзубнинг жазбаси маҳв ва фано билан, соликнинг сулуки эса саҳв ва бақо билан охирга етади. Солик пастдан юқорига, мажзуб юқоридан пастга сайр айлайди. Жазба сулуксиз, сулук жазбасиз бўлмас, деган фикр шунга бир ишоратдир.
Баъзан илмда  важд ва жазба ҳоли айни бир нарса, деб қаралади. Буни тўла маъқуллаб бўлмайди. Важдда солик ёки ошиқ истаги, хоҳиш ва иродасининг қайсидир даражада ўрни бўлади. Жазбада бундай эмас. Унда инсоннинг ихтиёрига боғлиқлик йўқ. Жазба Оллоҳнинг севган ва энг танланган бандасига эҳсони. Ҳаммаси кутилмаганда ва ногоҳоний тарзда рўй беради: ишқ оташи нафс ва қалбдаги ҳижобларни ёндириб юборади. Руҳ ҳақиқат қайноғидан илҳомланиб парвоз бошлайди. Ҳақ тажаллиларининг мушоҳадасидан кўнгил беҳад фараҳланади. Ҳол завқи ила инсон беихтиёр ўзини унитади. Вужуди, нафси, ҳис-туйғулари, хуллас, бутун борлиғига тегишли  шуурни бой берган ошиқ маълум бир муддат фикр ва тушинчаларидан ҳам ажралади.
“Шундай валилар ҳам борки, - дейди Нажмиддин Кубро, - Ҳақ таоло уларни жазба билан яқийн даражаларига эриштиради – уларда сайру сулук ва мужоҳадага  муҳтожлик бўлмайди” . Бундай валилик умуман мақбул кўрилган. Лекин сулуксиз мақсадга эришилганлиги боис мажзуб валиларга ҳам иршодга рухсат этилмаган. Шайхлик мақомига соҳиб бўлмоғи учун сулук йўлини улар босиб ўтмоғи шарт деб ҳисобланган . Навоий мансуб бўлгани нақшбандийлик тариқатида ҳам жазба ва сулук мавқеи деярли тенг эди. Бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган муҳим далиллардан бири Нақшбанд ҳазратларининг Хожа Муҳаммад Порсо таъорифидаги “Мақсуд бизнинг зуҳуримиздин анинг вужудидур ва анга икаласи тарийқ билаки, жазба ва сулук бўлғай, тарбия қилибмен” , - деган эътироф сўзларидир.
Мажзублар наздида,  пайғамбаримизнинг меърожлари жазба тимсоли эди. Улар Нур “нарвони” билан ниҳоятда қисқа фурсатда Ҳақ  даргоҳига юксалиш ва ирфонни эгаллашга шак-шубҳасиз  ишонишган. Мажзублар ҳамма нарсани Ҳақ нури ила кўриб, мушоҳада этганликлари учун илоҳий нур ошиғи бўлишган. Алишер Навоий Дарвеш Баширни “мажзуб ва соҳиби каромоту мақомот эрди”, дейди. Унинг кашф ва каромотини зоҳир этувчи бир воқеани  ҳам нақл этади: Бир кун бир жамоа шаҳардан ташқарига саёҳатга чиқадилар. Қуёш ботиб қаронғу бўлгунча дашт кезадилар. Қайтишда йўлдан адашадилар. Ногаҳон йироқдан бир дарахт узра порлаётган нурни кўриб шу томонга қараб юрадилар. “Эмдиким, етдилар, кўрдиларки, Дарвеш Башир ўлтирибдур ва бу ёруғлик андин зоҳир бўладур... Ул ёруғлиғ била йўлни топдилар ҳар қайси ўз уйларига бордилар” , - дейди Навоий. Албатта, кўпчилик учун бу ҳодиса ғайритабиий ва ишончсиз бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки мажзубларнинг руҳоният нури ва кароматларига иштибоҳ билан қараш ёки ишонмаслик ўтмишда ҳам бўлган. Бундан ташқари, зоҳидлар, обидлар, сўфилар, дарвешлар жамоасида бўлгани сингари мажзублар сафида  ҳам ёлғон даъво қилувчилар, содда, авом одамлар ишончни эгаллашга бел боғлаган риёкорлар, сохта кароматчилар йўқ деб бўлмасди Буни Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот-ул унс” муқаддимасида мажзубларга ўхшашга ҳаракат қилувчилар тўғрисида махсус тўхталганлигидан ҳам билиш мумкин. Лекин ҳақиқий мажзубларда ҳеч вақт сохтакорлик ёки алдовга мутлақо зарурият сезилмаган. Аксинча, ҳиссий-руҳий идрок ва олдиндан билиш қувватининг зўрлиги билан улар ҳар қанақа шубҳа ва ишончсизликка тезда барҳам берганлар. Шахсан Навоийнинг ўзи ҳам бунга иқрор бўлган ва шундай бир ҳодисани ёзиб қолдирган: Кунлардан бир кун Навоий бир киши билан кетаётганда шериги ундан “Нечук Бобо Пирийнинг ёнидан ўтмайсан. Сабаб недур?” – деб сўрабди. “Бу жиҳатдинки, фаҳш сўкар, манга хуш келмаски, анинг  фаҳшин эшитгаймен”, - дея жавоб берибди Навоий. Шунда шоирнинг ҳамроҳи, “Бобонинг каромати бор дейдилар. Олдидан ўтгил. Каромат соҳиби бўлса, сени сўкмайди”, дебди. Навоий бу таклифга кўнибди. Воқеа баёни давомида шоир: “Агарчи имтиҳон эрди, аммо ул дегандек илойидин ўтдим, сўкмади. Одатининг хилофи – дуо қилди” , - дейди.
Мажзублар Ҳақдан бошқа ҳеч нима билан қизиқмас, Ҳақдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмаганлар. Уларнинг бор-йўқ бойлиги ишқ ва ҳақиқат бўлган. Шунинг учун улар том маъноси ила эркин яшашган, ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам тўғри сўзлашдан чўчишмаган. Зеро, мажзубликда комилликнинг тамали – тўғрилик, куч-қуввати эса Ҳақ севгиси ва ҳаққат эди. “Насоим”даги икки ҳикоят бу жиҳатдан алоҳида диққатга молик. Улардан бири Бобо Ҳасан Турк отли мажзуб ҳақида: Бир қиш кечаси. Қор ёққан. Ҳаво жуда совуқ. Бобо Ҳасан қалбида жазба бошланади. Яланғоч ҳолда у ташқарига чиқади. Совуқ тунда бехуд кезади. Тонгга яқин жазбаси таскин топади. Ана шундагина совуқ таъсирини сезади. Иттифоқо, ҳаммом гулханидан ўт ёруғи кўринади. Бобо Ҳасан исиниш ниятида ўша жойга боради. Аммо қўлида кафча, ўт ёндираётган гулхантоб Бобо ҳар қанча талаб қилмасин, унга жой бўшатмайди. Шунда у қизиб турган кафчани тортиб олиб гулханчининг бошига урганида у дарҳол жон таслим қилади. Эртасига Бобони жиноятчи сифатида Шоҳруҳ Мирзонинг ҳузурига олиб борадилар. Бўлган  воқеа арз қилинади. Сўнг: “Шоҳруҳ Мирзо сўрубдурки, Бобо, сени дейдурларки, бировни ўлдурубсен? Андоқмудур? Дебдурки, ҳов, андоқдур. Мирзо сўрубдурки, нечун ўлдурдунг? Дебдурки, мунчани сен ўлдурдунг, бировни дағи мен ўлдурдум...” .
Асло кутилмаган бу гап Шоҳруҳ Мирзони гўё тил тишлатибди. Марҳумнинг ворисларини рози қилиб, Бобога кетиш учун рухсат берибди. Албатта, бу ўринда одам ўлдириш – мажзубликми, мажзублик – қотилликми, деган бир савол туғилмаслиги керак. Чунки Бобо  Ҳасан гулхонтоб ёнига борганида жазба уни тарк этган эди.  Жазба ҳоли давом қилганида эҳтимол у бир бечоранинг умрини завол қилмасди. Аммо шоҳ олдида ҳам титраб-қақшамасдан мажзублик эркинлиги ва шижоатига унинг содиқ қолиши  - бу, жуда муҳим. Шунингдек, бунда мажзубликнинг хос бир “имтиёзи”ни ҳам назардан соқит этмаслик лозим. Бу – мажзубнинг фавқулодда бетарафлиги, ҳеч қандай шахсий манфаатлар билан қизиқмаслиги ва Оллоҳга яқинлик ҳолига тегишли. Шайх Жамолиддин Лур, Навоий таъбири билан айтганда, “қувваий жазба”си зўр мажзублардан ҳисобланган.  У кўпинча мажзублик ҳолидан ажралолмаганлиги туфайли шатх сўзларни айтар экан. Ниҳоят шариат уламолари уни кофир деб эълон қилиб ўлимга фатво беришибди. Лекин икки тасаввуф шайхининг “Ул мажзубдур ва мағлуб, анинг қатли жойиз эмас” , деган кўрсатмаси боис подшоҳ Отабек Абубакр Жамолиддин Лурни ўлимга ҳукм қилмаган экан. Бобо Али Пойи Ҳисорий қатлига доир воқеа баёни орқали эса мажзубни ўлдириб бўлмас, деган маъно таъкидланган.
Энди юқорида белгиланган иккинчи ҳикоятга қайтсак. Султон Маҳмуд Сабуктегин бир қиш фаслида бошқа диёрлар ишғоли учун ҳарбий юриш бошлайди. Ҳаким Саноий эса буни мадҳ айлаб қасида битади. Доим чоғирнинг қуйқасини ичганлигидан Лойхўр дея танилган бир гулханчи мажзуб бор экан. Бир куни Саноий гулханхона эшигига яқинлашганда шу маҳжуб ила соқийсининг шундай суҳбатини эшитибди: “Бир аёғ тўла қилиб берки, Ғазнавий Маҳмудғинанинг кўрлукига ичай”. Соқий: “Маҳмуд подшоҳи исломдур ва ғозий кишидур. Нечун мундоғ дегайсен?” дебди. Лойхўр эса Маҳмуднинг босқинчилиги ва ҳорислигини қоралаб бўлиб, “Яна бир аёғ тутки, Саноий деган шоирнинг кўрлигига ичай”, - дебди. Соқий: “Саноий фозил ва латиф табъ киши. Нечук бу навъ дегайсен?”- дея эътироз билдирганда Лойхўр: “Агар ул латиф табъ бўлса эрди, бир ишга машғул бўлғай эрди, анинг бир иши ярағой эрди. Бир неча газофни бир қоғозға битибдурки, анинг ҳеч ишига ярамас ва билмаски, ани не иш учун яратибдурлар” , - дебди. Ана шу аччиқ, аммо ҳақ фикр таъсирида Саноий “ғафлат мастлиғи”дан бедор бўлиб, сулукка кирган экан.
Ҳеч шубҳасизки, ҳамма чин мажзублар каби Лойхўр  ҳам басиратга таянган. Саноийнинг  эшик ёнига келишини ҳам, тинглаган гаплари унга қандай таъсир ўтказишини ҳам бу мажзуб аниқ билган. Акс ҳолда у сўзни беҳуда исроф қилмаган бўлурди.
Мажзублик завқи билан шоирлик завқи ўртасида маълум бир яқинлик борлиги учун баъзи мажзублар шеър ҳам ёзишган. Шулардан бири Мир Муфлисий. У асли Машҳаддан бўлган. Илм таҳсилига берилиб кўп вақтини меҳнат ва риёзат оғушида ўтказган. Шеърий салоҳияти ҳам ёмон бўлмаган. Аммо жазба етишгач у ақлдан ажралган. Қизиғи шундаки, мажзуб Муфлисий билан, ақл-ҳуши ўзига қайтган Муфлисий орасидаги фарқланиш аниқ кўриниб турган. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да буни шундай қайд этади: “Ҳуши борида яхши абётлар айтиб эди. Аммо жунун вақтида бу байтни кўп ўқур эрдиким:
Балои маргу андуҳи қиёмат,
Чу чанбар сохт моро нахли қомат” .
(Мазмуни: Ўлим балоси ва қиёмат қайғуси қоматимиз дарахтини чанбардек эгиб қўйди).
Жазба вақтидаги айрим зоҳирий ҳаракат, сўз ва қилиқ ёки иддаолар жинниликка ўхшаб кетиши мумкин. Навоийнинг Мир Ҳайдар Мажзубга доир илк мулоҳазаларини ўқиганда ҳам шундай фикр хаёлдан ўтади. Бироқ бу ўринда ҳам Навоий  “Гоҳеки ўз ҳолиға келса эрди, уламо билан улум баҳсин андек қилур эрдиким, барча мусаллам тутар эрдилар” , - дея изоҳ беришни унитмайди.
Зеро, улуғ шоир мажзублик ҳоли сир-асрорини чуқур билган, мажзубларга беписандлик Ҳаққа мақбул бўлмаслигини инобатга олган. Абдулкарим Қушайрий мажзубнинг ботиний аҳвол-руҳиясига тўхталиб, илоҳий бир муомалани мустасно этганда, қолган ҳамма пайт мажзуб Оллоҳ иродаси билан идора қилинишини, эски ҳолига қайтишида унинг на шахсий ғайрати, на хоҳиш-иродаси таъсир ўтказишга қодир эмаслигини ёзади . Мажзубнинг энг буюк ва дахлсиз руҳоний қудрати ҳам мана шунда.
Ҳеч шак-шубҳа йўқ: сайру сулук инсоннинг башарий “Мен”ини нафс ва шайтонга тобеликдан қутқарадиган хосиятли йўл. Бу йўл ниҳоясига етиша билган  киши ахлоқ-одобда, феъл ва сифотда, фикр ва иродада фавқулодда холис янги Ўзликка эришади. Сухравардий буни жисмоний туғилишдан кейинги – иккинчи, янги маънавий тузилиш деб таърифлайди . Ҳақиқат аҳли томонидан “қиёмати суғро” (“Кичик қиёмат”) деб ҳам аталган иккинчи маънавий туғилишда ошиқнинг ҳоли – унинг сулуккача бўлган, риёзат, мушоҳада, покланиш машаққатларига ҳали киришилмаган ҳолидан кескин фарқ қилади. Унинг ахлоқий, ҳиссий ва фикр ҳаёти аввалгисига бутунлай ўхшамайди. Бунда муршиднинг хизмати ва ҳиссаси беқиёсдир. Лекин гап шеър ва шоирликка келиб тақалганда, масалага анча кенг ва ўзгачароқ тарзда қараш заруриятини ҳам ҳисобга олиш керакка ўхшайди. Чунки шеърият ҳам такрорланмас бир маънавий “сайру сулук”дир. Шеъриятда ҳам иккинчи, яъни янги маънавий туғилишсиз улуғ шоир қад ростлолмайди. Бизнинг назаримизда, ҳақиқий шоирлик билан мажзубликда моҳиятан ўхшашлик бор. Илоҳий Гўзалликнинг ўзига тортиш ва жазб этиш қудратига беихтиёр таслим бўлиш ҳоким. Мана, “Исо нафаслиқ ринди Шероз” буюк Ҳофизни олиб кўрайлик. У бирор бир тариқатга мансуб бўлмаган. Иродат қўлини ҳеч бир пирга чўзмаган. Аммо жонбахш сўз ва ифодалари аҳли тасаввуф табиатига шунчалик уйғун келганки, кўплар бундан таажжубланишган. Навоийнинг ёзишича, ҳатто Хожагон тариқатидан бир муътабар зот “ҳеч девон Ҳофиз девонидин яхшироқ эмас, агар киши сўфий бўлса. Бу фақирға андоқ маълум бўлубдур ва машҳур мундоқдурки, ҳазрат Мир Қосим қ.с. аларнинг девонини “Қуръони форсий” дер эрмишларки, Каломуллоҳ оёти маънисидин мамлу ва асрору нукотидин машҳурдир”, - деган экан. Демак, ўз-ўзидан равшанлашаётирки, дил ва руҳоният фотиҳи Хожа Ҳофиз ҳаётда ҳам, ижодда ҳам тариқатгамас, шаффоф дил, улвий ҳол соҳиби ўлароқ жазба ва ишққа суянган. Фақат ҳузури илоҳияга кўтарилган, нур ва латоиф ошиғи бўлган шоиргина Ҳофизга эргашиб ёниши ва ёзиши муқаррардир. Бир неча машҳур шайхлар, жумладан Нажмиддин Кубро ҳазратлари ҳам Оллоҳга элтувчи йўлларнинг адади яратиқларнинг адади қадар беҳисоблигини махсус таъкидлашган. Шу йўллардан бири – жазба ва мажзублик. Бу йўл – ишқдан ҳолга, ҳолдан қалб ва руҳга, руҳдан Ҳаққа йўналтирувчи ҳуррият йўли. Жазба “тажриба”си ила Ҳаққа восил бўлганлар – Оллоҳ лутфи эҳсони ва инояти ила комилликнинг олий мақомини эгаллаган, инсон тақдири, қадр-қиммати ва эркинлигини тамасиз шарафлаган зотлардир. Шунга кўра ҳам Навоий мажзублик ҳолоти, хислат ва имтиёзларидан сўз юритган. Навоийнинг ишқ ва жазба тариқати сифатида эътироф этилган нақшбандийлик тариқатини танлашида ҳам ҳали очилмаган, илмда ҳали махсус ўрганилмаган сирлар борга ўхшайди. Хуллас, доҳий шоиримизнинг жазба завқи ва ёлқини аксини топган шеърларига бошқача кўз қараш ила ёндошиш, кўпроқ кўнгил ҳоли ва руҳ манзаралари тасвирланган бу шеърларни янги усулларда тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Ана ўшанда Навоийнинг “Ўз ҳолига саргаштаву ҳайрон” бўлиш ҳиссиётларининг маъно-моҳиятини англаш, таҳлил  этишдаги тахминбозлик ва ўзбошимчаликлар барҳам топади, деб ўйлаймиз.

Иброҳим Ҳаққул

 
Рожий Марғиноний (1834-1918) PDF Босма E-mail
20.03.2014 18:10

Рожий Марғилоний (тахаллуси; асл исм-шарифи Хўжажон Хўжа Низомиддин Хўжа ўғли, 1834 — Марғилон — 1918) — шоир. Қўқон ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Хушхат ва саводхон бўлганлиги учун мирзалик қилган. Шоирнинг адабий мероси 10 минг мисрага яқин: улар ғазал, мухаммас, маснавий, муаммо, рубоий, туюқ, қитъа, фард, таърих каби адабий жанрларда битилган. Рожий лирик шеърларида пок инсоний севгини, олижаноб фазилатни улуғлайди, зулм ва адолатсизликдан нолийди. «Қози сайлов», «Сайлов» ҳажвияларида амаддорларни, порахўр қозиларни танқид қилади, ўз даври сайловининг моҳиятини очиб беради. «Той», «Тойчоқ» каби маснавийларида мустамлакачилик зулми остида қашшоқлашган халқнинг турмушини, очлик, муҳтожлик ҳукм сураётган муҳитни қоралайди. Рожий Дукчи эшон воқеаси ҳақида ҳам шеърлар ёзган. Ҳофиз, Жомий, Алишер Навоий, Бедил, Фузулий, Нодира ва Фурқат каби шоирларнинг ғазалларига назира ва тахмислар битган.


МУХАММАСЛАР

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Боғ аро еткур сабо, ул барги гул домон иси,
То димоғимдин йўқ ўлғайму экин ҳирмон иси,
Ҳажр дафъиға гуледин топмадим дармон иси,
Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси,
Келур ул райҳон ила гулдин менга ҳижрон иси.

Бу чаман нахлида хуррамликни мўе топмадим,
Булбули савтида хушлик гуфтугўе топмадим,
Шабнамидин ҳам бақолик обрўе топмадим,
Менки бир гулдин жаҳон боғида бўе топмадим,
Пайлайин қилса муаттар даҳрни бўстон иси.

Тушдим айру лаълидин юз минг туман душвор аро,
Бшуруб қонлик ёшимни дийдаи хунбор аро,
Сирри ишқим асрамайму халқи ноҳамвор аро,
Лаъли ҳажридин нйҳон ашким сўзин ағёр аро,
Деса бўлмаским, келур бу навъ сўздин қон иси.

Улки майгун лаблари юз мурдани жониға ком,
Сўрди аҳволимни, топдим ман ҳаёти мустадом,
Чунки ул Исо дамин анфосидур йўҳйил изом,
Қайдаким жонбахш лаълидин Масиҳога калом
Сурди ул ердин келур юз қарн сўнгдин жон иси.

Урди то машшотани зийнат учун тесуйиға,
Баски юз жон банд эди гесуи анбарбўйиға,
Ваҳки, жонлар чирмашибдур они ҳар бир мўйиға,
Жон иси тутди жаҳонни мен борурман кўйиға,
Ким тилар эл жон иси, ман истарам жонон иси.

Боғ аро ҳар ғунча диллар қонидин бир-бир намуд,
Ҳажридин ғамлар сўзидур булбули қилғои суруд,
Сунбули ҳам кийган аммо дийдаи Рожийда дуд,
Чун Навоийға келур ҳижронидин ҳар дам на суд,
Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси.

Менам Мажнунлик услубини бунёд айлайин дерман,
Кечиб ўздин фано мулкини обод айлайин дерман,
Тааллуқ қайдидин жисмимни озод айлайин дерман,
Ғуборимни қуюндек жумла барбод айлайин дерман,
Таним саргашталиғ васфиға мўътод айлайин дерман.

Жаҳон боғига булбулман, адамдин ошиён кўрдим,
Баҳор айёмини ўткардиму фасли хазон кўрдим,
На гулшандин асар кўрдим, на гуллардин нишон кўрдим,
Чаман авроқини боди фано бирла ниҳон кўрдим,
Бақосиз рангу бўдин лаҳзае дод айлайин дерман.

Адам раҳравлари суд айламан хусрон билан кеттим,
Ҳаётим моясин барҳам бериб нуқсон билан кеттим,
Убудият матоин олмадим, исён билан кеттим,
Надомат борини ҳаммолиман, армон билан кеттим,
Бу йўлда эмди ажзим нақдини зод айлайин дерман.

Чаман ўз мотамида шабнамидин дийда тар қилсун,
Дегил, булбулға, бошиға сочиб гул нолалар қилсун,
Қаро кийгизни илғон бўйниға қумрини бар қилсун,
Хазондин дод этиб вақти саҳар ул гар-гар қилсун,
Ридо бўйнимда ман ҳам якка фарёд айлайин дерман.

Жаҳон бўстонини нахлиману баргу барим йўқтур,
Адамни субҳига шабнамману чашми тарим йўқтур,
Ҳақиқат баҳрини мавжиману оқ гавҳарим йўқтур,
Учурғон ломакондин бози ман болу парим йўқтур,
Вужудимға адам чекини иснод айлайин дерман.

Тугатдим дарсими боби қазоу фасли фатводин,
Очарман ҳусну ишқ авбобини Юсуф Зулайходин,
Кўрай нозу ниёз услубини Мажнуну Лайлодин,
Ёзай дил сафҳасиға ишқ имлоси-ла шайдодтш,
Муҳаббат дафтарин бир-бир ўқиб ёд айлайин дерман.

Қолубман бир қуёш меҳри билан юз минг тазаллумға,
Қўлимни нури кетти кўз тутиб андек тараҳҳумға,
Дер эрдим сиррими тун хилватида чархи анжумға,
Сиришким инчунин рози дилим фош этти мардумға,
Кўзимдин ўтган ишни энди ишҳод айлайин дерман.

Дедим ушшоқ элиға йўқ мани бошимни даркори,
Осинг то сабаланд ўлсам, қани Мансурни ул дори,
Биёбон қатъи бирлан бўлмағай ишқ аҳлини кори,
Кесулмас реш-реша айламоқдин ғамни кўҳсори,
На деб ойини Мажнун, расми Фарҳод айлайин дерман.

Вафо хумхонасин саржўшини соқиси дилдорим,
Муҳаббат бодаи дардим бериб соф айлади корим,
Матои нахватимни ташладим то жубба, дасторим,
Кетубман ўзлигимдин эмди аҳбобию худ дорим,
Фано сарманзилиға сарни иршод айлайин дерман.

Кеча пири муғон бир кимсани девона қилмишдир,
Кириб майхонани бурчиға Рожий ҳам сиқилмишдир,
Ичибдур бодани икки аёғила йиқилмишдир,
Биҳамдиллоҳ, келуб боши билан хумға тиқилмишдир,
Харобот аҳлини бу муждадин шод айлайин дермай.

САЙЛОВ ЦИКЛИДАН

Йўл билиб юр, қози, эл сайлови бор,
Йўлда элликбошиларнинг ғови бор.
Овчилар қўймас амал сайловида,
Қайси ерда кўрса хару гови бор.
Туфлаб отмоққа қози сайловида,
Яхши мерганларга тўнғиз ови бор.
Пул билан ўтсанг қазо сарҳаддига,
Пулсирот остида ўтлиғ зови бор.

* * *

Қози Исҳоқ эрди саҳро говидин,
Ирғиб ўтган ҳар балонинг ғовидин.
Кўрди элликбошилар қассобини,
Қочди ҳуркиб ўтлаган яйловидин.

* * *

Эҳтиёт бўлгил, укам, сайлов келур,
Топганингни сочгали бир дов келур.
Олтариқ маҳкамида бўлсанг тирик,
Жон бериб, жон олгали бир ёв келур.

 
Қазо. Кнут Ҳамсун PDF Босма E-mail
28.10.2013 16:34

1861 йил эсдалиги

Гланлар оиласи бедарак кетган лейтенант Томас Глан хусусида рўзномаларда кўп эълон бериб, сўраб-суриштиришларига қарамай, ундан бирон-бир хабар бўлмади; у қазо қилгани, ҳатто қандай аҳволда ўлганидан ҳам мен яхшигина воқиф эдим.
Очиғи, оиласидагиларнинг беҳуда бир қатъийлик билан уни қидираётганлари мени ҳайрон қолдирмас, ахир Томас тегирмонга тушса, соғ чиқадиганлар хилидан, яна нафсиламрига уни қадрлашардилар ҳам. Уни ҳамон ўзимга рақиб деб билишга қарамай, эсимга тушганда нафратдан қоним қайнаб кетса-да, ҳа, ҳа, мен гарданимдаги қарздан соқит бўлишим керак. У келишган, истараси иссиқ, навқирон ва яна алламбало фазилатлар кони ноёб нусха бўлганидан ҳар қандай кимсанинг ҳам бошини айлантирар даражада эди. У ичингда нима борлигини ўқиб оладигандай ваҳший, ўтли нигоҳ ташлар, бу ҳолати унинг ўзига-да ҳокими мутлақ эканлиги, шуурингда ярақлаб кетар, қолаверса ўзи ҳам буни хўб ҳис қилиб турарди. Бу хусусда бир аёлнинг ривоятнамо миш-мишини эшитганман: «Қачон у менга кўз ташласа, мен ўзимда бўлмай қоламан, у худди кўринмас қўллари билан менга тегинаётгандай бўлади».
Бироқ, беайб парвардигор. Томас Гланда ҳам ўзига яраша қусурлар қўр тўккан, мадомики, мен ундан нафратланар эканман, бу ноқисликларни яшириб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Ул замонлар Глан шунчалик анойи, шу даражада кўнгилчан эдики, бамисли ёш боладай тегманозик, шу боис теграсида ҳавасманд қадрдонлари гирди капалаклари кўп бўлади. Глан соатларча улар билан ҳар тур аҳмоқона мавзуда баҳслашар, керагидан ортиқча лақиллар, хоҳолар, унга эса фақат шу бемаъниликлар керак эди. Масалан, у бирон-бир семиз одамни таърифласа, уни бир қоп ёғ деб маломатлар ва ўз топқирлигидан маст бўлиб қийқирар, бирон-бир мажбурият боис бу беҳаё гапларни тиншашга тўғри келгацда, мен жуда ҳижолат тортардим. Кейинроқ эса биз бир том остида тирикчилик ўтказишга тўғри келганда унинг қанчалик думбул эканлиги билинди-қолди. Бир эрталаб уйимизнинг хизматчи аёли хонамга кирди-да, нонуштага нима хоҳлашимни сўради. Мен шошиб турардим, ўйлаб ўтирмай: тухумли бир бурда нон, - дедим. Томас Глан ҳам уйимизнинг болахонасида, нақ томнинг тагида яшар, айни паллада менинг олдимда ўтирарди. У бирдан менинг бу луқмамдан завқланиб кетди ва хоҳолашга тушди. «Тухумли бир бурда нон», деб у қайта-қайта такрорлаб, завқланар, бунинг ҳеч бир куладиган ўрни йўқлигидан ҳайратга тушиб ўтирсамда, бир нима деб юбормасликка тиришардим.
Мен бу эски гапларни хотирларканман, унинг беўхшов, дағал, бемаза қилиқлари қаторида, у ғанимим бўлишидан қатъий назар ҳар ҳолда нимадандир мени аянгандай кўринади. Унга нима учун керак эди бу олийжанобликлар? Тўғри, у маст-аласт бўлгандагина, бунақа аҳмоқгарчиликларга берилишини айтишим керак. Бироқ қай ҳолатда бўлганда ҳам бу барибир жиркантирадиган ноқисликлар эмасми?
Мен у билан танишган 1859 йил кузида у ўттиз иккига чиққан, биз ҳамтенг эдик. Ўшанда у бутун юзини қоплаган соқолда, эгнида тўқилган кўйлакда юрар, ёқаси ҳамиша очиқ бўлган бу кўйлагининг юқори тугмаларини ҳам ўтказай демасди. Ўшанда унинг чеҳраси менга фавқулодда келишимли кўринди, аммо уни кўришга кўзим бўлмай қолганда яхшилаб разм солсам, унинг чеҳрасида ҳам меникидан ортиқча ўзига тортадиган ҳеч вақоси йўқ экан, фақат мен ўзимни унингдек намойишкорона тутмайман. Мен у билан кемада учрашиб қолдим, ҳали биз йўлда, кўзлаган манзилимизга етмаган, темирйўлга етмай йўлда қолиб кетмаслик учун дарров арава топишни келишиб олдик. Мен атайин ул жойни айтмаяпман, негаки яна хотирам тирналиб ўтишини истамасдим; Гланнинг оиласидагилар буни виждонан тушунишлари, шунга кўра қидирувни тўхтатганлари дуруст, чунки бор ҳақиқат, Глан мен номини тилга олишни истамаётган манзидда айнан қазо қилгандир.
Хулласи калом, мен Томас Глан билан учрашганимча ҳам у ҳақида нималардир қулоғимга чалинган, шу боис менга унинг асли бир қадар таниш эди. Эшитишимга қараганда, у шимолий норвегиялик ҳеч кими қолмаган, аммо жуда довруқди ва бадавлат бир офатижон ёшгина қизга ишқи тушади, бироқ қизнинг шаъни аллақандай мубҳам тарзда бўлғангач, у билан алоқани узади. У нодонларча қиз қасддан ўзини шундай шармисор ҳолга солган деб лақилларкан. Афтидан, унинг ўзи қизни бунга мажбур қилган бўлиши керак. Чунки бундан Глан ҳеч ютқизмасди. Негаки, ўшанда Томас Глан ишратбоз, ароқхўр, жанжалкаш сифатида отнинг қашқасидек донғи чиққан, шунинг орқасида хизматдан бўшаган пайтлари бўлиб, бу ҳам унга кўнгил очар ўйинларининг қиёмидагидек туюлган, ҳатто аламига бу қасос олишнинг манаман деб турган имкони бўлиб кўринган бўлиши ҳам мумкин.
Ёш жувон билан унинг орасида шунга ўхшаш воқеалар бўлган деб миш-миш қилишар, аммо бошқача гап сўзлар ҳам юрар, айтишларича, у ҳеч ҳам қизнинг насоғига тегмаган, балки қизнинг ота-онаси уни кўрарга кўзлари бўлмаган ва ҳатто уни уйларидан қувиб солишган, қиз бўлса бу муносабатга қарши бирор-бир тадбир ишлатмаган, қайтага уларнинг хоҳиш иродаси билан Глан исмини эшитишдан ҳазар қиладиган, хуллас бир швед графига турмушга чиқиб кетганмиш. Мен бўлса бу гапларга ҳеч ҳам ишонмайман, назаримда Томас Гландан нафратланишим боисми биринчи миш-миш ҳақиқатга яқин, менга бошқалардан кўра, ул воқеа бўлгандай туюлади. Аммо бу воқеалар қай тарзда кечгану унинг машҳури жаҳон маъшуқаси ким эди? Бу хусусда Глан менга лом-лим демаган, мен ҳам бу хусусда ҳеч қачон бирон нарса сўраб-суриштирмаганман. Менга бу зарил қолибдими?
Мен шуни хотирлайманки, кемада гурунглашарканмиз, орамиздан биронтамиз аввал бўлмаган бўлғуси манзилимиз хусусида сўзлашдик.
- Унда меҳмонхона бор экан, - Глан ҳаритадан ўша жойни кўрсата туриб сўзида давом этди, - етганимиз заҳоти дарров жойлашиб олардик. Бу кабилар хусусида менга қони бузуқ инглиз кампир айтиб берган, айтишича борар манзилимиз оқсоқоли қўшни овулда яшаркан, унинг бир гала хотини бўлиб, аёллари 10 ёшдан катта эмас, дёганди.
Очиғи, мен бу ҳақда ҳеч нима эшитмагандим, оқсоқолнинг хотинлари саноғи-ю, қишлоқда меҳмонхона бор-йўқлиги тушимга ҳам кирмаганлигидан лом-лим демадим. Глан бўлса, ғаройиб ҳикояси адоғида ним табассум қилиб қўйди ва бу илжайиш ўшанда менга жуда ҳам ажабтовур кўринганди.
Ҳа, дарвоқе, мен қарийиб унутаёзибман. Унинг келишган қадди-қомати ҳам нуқсондан холи эмасди. Ўзининг айтишича, чап оёғида анча илгаритдан тузалмас ўқ жароҳати бўлиб, оби-ҳаво ўйнаб турар, рутубатли кунларда бу оёғи зирқираб чиқарди.

II

Бир ҳафта ўтиб биз каттагина кулбага жойлашдик. Эшитганимдек, дурагай инглиз кампир уни меҳмонхона, деб атарди. Оҳ, бу меҳмонхонасини! Меҳмонхона деворларининг катта қисми лой шувоқли, баъзи ўринлардан ёғочлар чиқиб турар, бу ёғочли жойларда ҳамиша аллақандай ҳашоратлар ғужғон ўйнар ва одамга ҳеч тинчлик бермасди. Мен яшаган хона залнинг ёнидагиси бўлиб, унинг хира, камбар деразаси кўчага қараганди. Глан бўлса болахонадаги қоронғу бир чалдеворни танлаган, бу хонанинг ўзидан ҳам бешбаттар - гўрнинг оғзидек хунук деразаси борлиги ҳам рост эди. Қуёш кулбамизнинг похол томини аёвсиз қиздирганидан, туну-кун бу азобга Глан маҳкум, чидаб бўлмас бу жазирамадан ташқари унинг хонасига чиқишга росмана зинапоя ҳам йўқ, шунчаки тиркаб қўйилган, ағдарилардай ғариб ёғочларға тирмашиб, унинг ўз хонасига чиқишга мажбурлигини айтмайсизми? Албатта, бунда менинг заррача гуноҳим йўқ. Мен ҳали, жойлашмасимиздан олдин уни гапга солиб, аввало танлаш имконини унга ҳавола қилгандим.
- Бу ерда хона иккита экан. Кўриб турганимиздек бири пастда, иккинчиси тепада, хоҳлаганингизни танланг.
У иккисига ҳам разм солиб, юқоридагисини танлади. Мен рози бўла қолдим, эҳтимол, менга хонанинг яхшиси қолгандир, лекин бу учун унга ташаккур айтишим керакми? Биз шундай рози-ризолик билан орани очиқ қилиб олгандик. Ҳаддан жазирама кунлар биз овга чиқмасдик. Уйда танда қурардик: О, жазираманинг авжини, нақ ёндиради ўзиям. Тунда эса тўрларни қурт-қумурсқа, кемирувчилардан муҳофаза қилардик, ё пирай, бир сафар тўримизга кўршапалак тушиб қолган ва унинг бир бўлагини кемириб ташланганди; Глан билан буцдай тасодифлар кам бўлмас, бунинг устига у бечора иссиқларда болахона деразасини беркитишни ҳам ҳеч иложисини қилолмас, мени бўлса ҳудойимнинг ўзи ёрлақаганди. Қундузлари биз кулба олдидаги бўйрада чўзилиб олардик. Чекишиб, қўшниларнинг ҳаётини кузатардик. Лаблари қалин қора танли маҳаллий аҳолининг қора кўзлари ҳамиша ялтираб турар, қулоқларида сирға; улар қарийб ялонғоч юришар, фақат сонларида латта ё шапалоқ барглардан боғичларгина кўринар, аёлларининг этаклари янада калта бўларди. Болалар туну-кун сарпойчанг чопишар, катта қорнилари ялтираб кўзга ташланарди.
- Аёллари бунчалик сўлқулдоқ бўлмаса-эй, - Глан менга луқма ташлади.
Баҳслашиш шарт эмас, ҳақиқатдан ҳам аёллари семиз, дейилганча бор. Ҳатто, буни Глан эмас, биринчи бўлиб ўзим пайқаган эдим, аммо буни тилга олишни эп кўрмагандим; қолаверса, уларнинг ҳурматини қилиб, бир нима дегим келмаганди. Кейин ҳаммасини ҳам бадбашара ва семиз деб бўлмас, аксинча мен бир ним ҳунду, узун кокил, марварид тишли дилбар билан танишиб қолдимки, у ҳаммасидан аломат эди. Мен унга илк бора дуч келган кечки паллада у шолипоя рошидаги бўлиқ ўтлар устида узала тушиб, чалқанчасига ётганча, оёқларини ликиллатиб ўйнатарди. Биз тил топишгач, у уйига кетмади, ота-онасиға қўшни қишлокда тунаб қолдим, деб ёлғонлашга қарор қилди ва биз субҳи-содиқдагина зўрға ажрашдик. Глан ўша кечни, жуда ёш, ҳали ўнни ҳам тўлдирмаган икки ўсмир қиз билан ўтказибди. Ҳа, мана унинг шу даражада жирканчликка бориши мумкинлигини кўринг, яна бу шоли ороғи тотими, унинг тоти сархушлигидан юз берган. бўлса керак бу.
Икки кун ўтиб, биз овга жўнадик. Биз чой плантацияларини, шолипояларни, ўтлоқларни ортда қолдирдик, қишлоқлардан ўтдик, тобора ўзимиздан узоқроқ жойларга интилардик, шунда бизга қалин ўрмонда мўъжизадай, умримизда ҳеч кўрмаган дарахтлар учради. Бамбук, манго, тамаринд, тик, туз дарахт, камед ва худо билади яна аллақандай дарахтлар, лекин биз улар ҳақида қарийб ўйламасдик. Дарёнинг суви жилдираб оқар, бир томчи ёмғир тушса, билингудек эди. Биз ёввойи каптар ва хўрозлар отдик, аср палла, бошимиз устида иккита тўти учиб борар экан, иккита қоплон кўринди. Глан мўъжизадай нишонга урар, унинг ўқи ҳеч қачон хато кетмасди; мерганликда мен ҳам ундан қолишмасдим, бироқ, сезишимча, унинг милтиғи меникидан тузукроқ эди чоғи, шундаям, мен ҳам нишонга аниқ уриб турдим, лекин лоф уриш, мақтанчоқлик қилишга ҳеч ҳушим келмасди; Глан эса аксига олиб, лақиллашдан қолмасди: «Бунисини бошидан, бунисини думидан уриб тушираман». У навбатдаги ўлжасига ўқ узишдан илгари шундай дер, қачонки, ўлжа қулаб ётганда кўрилса, у айнан боши ё думидан ўққа учгани рост бўлиб чиқарди. Биз икки қоплонга дуч келганда, Глан сочма билан уларни зўрға нарироққа ҳайдади; мен бўлса; қоронғи ҳам тушди; бор патронларни ҳам ишлатиб бўлдик, дея қайтишни хотирлатдим. Шу дамда унинг нигоҳлари ялтираб, кўриб қўй, мен қанчалик довюракман, сочма билан ҳам қоплонларга ҳамла қилавераман, - дегудек эди.
- Эҳ, аттанг, пақиллатиб ташламаганимни - у менга еб қўярдай қараб, сўзида давом этди.
- Бу ҳаммаси сизнинг чидаб бўлмас даражада ақл билан иш тутишингиз оқибати. Бу учун шунчалик бошқотиришнинг нима ҳожати бор? Ё шунчалик ҳам узоқ умр кўришни истайсизми?
- Агар сиз мени ўзингиздан ақллироқ ҳисоблаётган экансиз, бундан ҳурсандман, - дедим кинояомуз.
- Эй, арзимас ишкаллар учун тортишиб ўтирамизми, - деди у шу онда ўзгариб.
Бу менинг эмас унинг луқмалари эди. Овда у мен билан жанжаллашишга муваффақ бўлмади. Ҳолбуки, тез ўзгармаганда, унинг бемаза гапларидан менинг ҳам қоним қайнай бошлаган ва шу тарзда кетса, охири вой бўлиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ниҳоят мен бахайр хотиржам тортиб, ўз соҳибжамолим олдига жўнадим, иккимизнинг ҳам кайфиятимиз жойида деса бўларди. Глан кулба олдида чўкаркан, бизга қараб, бош қимирлатди ва кулиб қўйди. Шундагина Магги унга биринчи марта зингил солиб қаради, менга саволлар бериб, уни роса сўраб-суриштирди. У қизнинг хаёлларини тўзғитиб юбориб, хўб таассурот қолдирганди, бу менга ёмон таъсир этди ва қизга жавобим ҳам шунга яраша бўлгач, тезда бир-биримиздан дилларимиз куйиб, икки томонга ажрашиб кетдик.
Мен буларнинг ҳаммасини оқизмай-томизмай Гланга ҳикоя қилганимда, у буларнинг бари менинг хомхаёлларим эканлигига йўйди. Бироқ, мен унга яна ҳаммасини эслатдим. Чунки, биз кулба ёнидан ўтаётганимизда у менга эмас, айнан Маггига қараб илжайганди. Глан қизиқиб сўради:
- Намунча у кавшангани-кавшанган?
- Билмадим, - дедим мен. - Рост, унинг марварид тишлари ҳеч тинчимайди.
Вой-буй, унинг топган янгилигини; буни менинг ўзим ҳам яхши билардим. Илк бор кўрганимдаёқ диққатимни тортганди - ҳақиқатдан ҳам Магги тўғри келган нарсани оғзига солар, чайнар, унинг оқ марварид тишлари ҳеч тинмас экан, бунда бўлак тот, маза бордек эди. Лекин у нима қулай бўлса пулми, қоғозми, яна аллам бало ҳаммасини чайнаверарди. Балки бунда қандайдир уят бўлиши мумкин-ку. Шунда ҳам у барибир бу ернинг энг олди гўзали эди. Ҳаммаси кундай аниқ, Глан мени ўз мақомига йўрғалатмоқчи бўлган.
Кейинги кеч биз яна Магги билан ярашиб олдик ва Глан ҳақида бошқа чурқ этмадик.

III

Бир ҳафта ўтди, биз ҳар кўни овга борардик ва бир талай ёввойи жониворларни қийратардик. Бир эрталаб эндигина ўрмонга кирган эдик ҳам, Глан мени қўли билан тўхтатиб, шивирлади: «Қимирламанг!» У бир лаҳзада милтиғини олдинга ўқталиб, тепкини босиб юборди. У ёшгина қоплонни жаҳаннамга жўнатгани аниқ эди.
Мен ҳам уни нақд бўғзидан отишим мумкин эди, Глан бу имкониятни бермади, отини эртароқ қамчилаб қолди. «Энди роса кўкрагига уради!» - хаёлимга ярқ этиб шу фикр урилди. Биз йирқичнинг ёнига югургилаб етдик, ўқ уни жойида қулатган, чап биқинини ўпириб кетиб, белига ўрнашганди.
Буни мен ҳам қойиллатардим, шуни билдириб қўйгим келди:
- Мен ҳам сиздақа отаолардим.
Глан менга кўз ташлаб қўйди.
Мен яна қайтардим:
- Ё сиз мерганлигимга шубҳа қиласизми?
Глан яна жавоб қайтармади. У болаларча анойилигини яна бир бор кўрсатди. Ўлик йиртқични яна бир отди ва бу сафар ўқ қоплоннинг бошини мажақлади. Мен унга тамоман ҳайрат билан анқайиб қарадим.
- Қаранг-а, - тушунтира кетди у, - зўрға биқинига текканини, - буям менинг отишга ноқобил чўқчилигимни кўрсатади. Унинг кесатишини, шу оддий юмушда ҳам ўзини мақтанчоқликдан сақлай олмагани кўзида шундоқ шуълаланиб турарди. Мана думбуллик. Бироқ мен ўз дардим билан эдим, уни изза қилиб ўтирмадим
Кечки пайт ортга қайтганимизда, қоплоннинг боши атрофида бир талай шу ерликлар йиғилганди. Глан уларга изоҳ учун биз уни эрталаб отгандик, деб қўйди ва бошқа чайналиб ўтирмади. Одамлар орасида Магги ҳам ҳозир эди.
- Уни ким ўлдирди? - Магги сўраб қолди.
- Эрталаб биз отгандик, мана қара, унинг икки жойида жароҳати бор, - у бирдан йиртқичнинг жасадига ўгирилиб, унинг боши ва биқинидаги жароҳатларни кўрсатди.
- Менинг ўқим накд шу ерига текканди, - деркан у қоплоннинг биқинидаги ўйиқни кўрсатди, унинг ўйламай лақиллашдан шу келиб чиқдики, гўё мен қоплоннинг бошидан отган бўлиб чиқардим. Мен эса билмадим нима учун, унинг бу луқмасини тўғрилайдиган аҳволда эмасдим. Сўнг Глан қоравойларни гуруч ароғи билан сийлади-да, ҳеч қачон ўзида кузатилмаган ҳафсала билан ҳиргойи қилишга тушди.
- Бундан чиқди, қоплонни иккови ўлдирибди-да, - Магги секингина ғулдираб қўяркан, унинг фикри ҳаёли фақат Гланда, унга термулгани-термулган эди.
Мен унга терс бир ҳаракат билан дедим:
- Намунча унга маҳлиёланиб қолдинг? Мени кўрмай қолдингми дейман?
- Кўриб турибман, - қиз истамай жавоб қайтараркан, қўшимча қилди, - мен бугун албатта келаман, эшитдингми.
Глан айнан ўша кунлар хат олганди. Кема орқали келган бу нома таъсири ҳақида шуни ҳис қилгандим-ки, моҳиятдан нома такдирни 180 мил ўзгартирар даражада эди. Хатдан аёлнинг нафаси уфурар, пайқашимча, у Гланнинг бир пайтлардаги қадрдон ҳамрози, олий мақом жувондан келганлиги бегумон эди. Глан номани ўқиркан, асабий хоҳолади ва ўзига нотинчлик келтирган бу ҳолатни унутмоқ мақсадида бўлса керак, босиб-босиб аччиқ чой хўплади. У кўп ўтмай жимиб қолган бўлса-да, чеҳраси тундлашиб, кун бўйи қўлларини бир-бирига халпанжа қилганича, олисдаги бир нуқтага термулиб ўтирди. Глан ўша кечқурун компаниянинг қари ароқхўри, шу ерлик калтабақай ва унинг ўғли билан роса бўкиб ичиб ўтираркан, бир пайт менга кўзи тушиб қолди ва эҳтирос билан бағрига тортиб, ҳоли- жонимга қўймай, ичишга даъват этди:
- Бугун сиз жудаям одамнинг жони бўлиб кетибсиз, сабабини билсак бўладими?! - сўрадим.
Шунда у қаҳқаҳа отиб деди:
- Биз сиз билан дунёнинг бир чеккаси Ҳиндистондаям ўз еримиздек ов қилиб юрмаётирмизми? Бу кулгули эмасми? Келинг, бутун дунёга эгалик қилишимиз учун ва барча-барча офатижон эрли ва боши очиқ аёллар учун, олис ва яқин малаклар учун қадаҳ кўтарамиз. Ҳа-ҳа! Тасаввур қилинг! Эрли аёл-а! Энди бошида эри бўлатуриб номаҳрам эркакка ўзи ўзини таклиф қилаяпти-я!
- Графиниями! - Мен истеҳзо билан дедим. Менинг кесатиғим нишонга бехато текканди. У худди ит каби тишларини иржайтирди, чунки мен ишонч билан гапирган сари, ҳанжар айнан юракни топиб бораётган эди. Бирдан унинг чеҳраси тундлашди, қовоқлари учишга тушди, афтидан у ўз хатосини ортиқча лақиллаб қўйганини пайқаб қолди. Унинг бадбахт сирига ким ҳам зор эди, дейсиз? Бироқ шу пайт айнан бизнинг кулбамизга бир неча болачалар бақир-чақир билан ёпирилишди.
- Уҳ, йўлбарслар, йўлбарслар.
Шундоқ қишлоқнинг четидаги бутазорда, дарёдан ўтадиган жойда йўлбарс бир болага чанг солганди. Глан бўкиб ичганига қарамай яна ичиб олди, ниҳоят, нафси қонди чоғи, шу заҳоти милтиқни олди-да, бошига бирон нарса илмай ҳам, бутазорга отилди. Қизиқ, англаш душвор эди, нега у сочмадан олмай, якка ўқнинг ўзи билангина чиқди ё шунчалик у довюракмиди? У дарёни кечиб ўтди, бу хавфсиз, негаки, ҳамишагидек ёмғир олдидан дарё ўзайи қуп-қуруқ, бўм-бўш эди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан бирин-кетин икки ўқ овозини эшитдим, кетидан учинчи ўқ янгради... «Бир йиртқич учун уч ўқ отилди-я, - ўйлардим, икки ўқ билан, ҳатто шер ҳам қулаши шубҳасиз, бунда эса бор-йўғи йўлбарс...» Бироқ уч ўқ ҳам хато кетган, Глан етиб борганида, йўлбарс болани тилка пора қилиб, қарийб еб бўлаёзган эди; Гланнинг бунчалик маст-аласт кўрилмаганини ҳам хаёлдан соқит қилиб бўлмайди.
Тун бўйи у қўшни ҳужрада, мен кимлигини билмаган бир бева аёл ва унинг икки қизалоғи билан айш-ишрат қилди.
Икки кун кейин ҳам Глан ўзига келмаган, бутун эмин-иҳтиёри шишадоши ихтиёрида эди. У мени кўриб, олдига чорлаганда ўзини ирода қилолмас даражада бўлсаям, дона-дона қилиб рашкчи эканлигимдан сўзлади:
- Сизнинг ақлингизни рашк олиб қўйган!
- Рашк! Мен-а рашк қиладиган!
- Барака топкур, - дейман. - Мен нимани сиздан рашқ қилишим мумкин? Мен-а!
- Йўқ, йўқ, албатта сиз рашк қилмайсиз - жавоб берди ва бу жавобига алоқасиздай деди: - Аксига мен бугун ҳам Маггини кўрдим у ҳамишагидек кавшаниб юрибди.
Мен тилимни тишлаб қолдим ва бундан тезроқ узоқлашдим.

IV

Биз яна овга борадиган бўлдик. Глан менинг олдимда ўзини айбдор ҳис қилганидан кечирим сўради.
- Умуман ҳаммаси жонимга тегди, қандайдир адашган ўқ чаккамни безаса яхши бўларди.
Яна графиниядан келган хат унинг ҳаловатини бузган чоғи, шуни ўйлай туриб унга дедим:
- Нима эксанг, шуни ўрасан-да!
У кун ўтган сари тунд ва камгап бўлиб борар, ичишни бас қилган, миқ этмас, лаб-лунжига эса қараб бўлмасди.
Кунлардан бир куни мен тўсатдан деразам олдида хуррам овозларни эшитиб қолдим, қарасам, тараллабедод Глан Магги билан шакаргуфторлик қилиб ўтирибди. Бари сир-асрорим хаёлимдан кўтарилди. Афтидан, қиз тўғри уйидан келган, енгилтак Глан ғараз билан уни номаъқул бир ишга ундамоқчи бўларди. Ҳа, улар айни менинг деразам тагида дунёни унутиб, бир-бирларига суйкалишарди.
Мен бирдан титраб кетдим, юлқиниб милтиқни олдим-да, тепкини босдим, бироқ у ўқсиз экан. Сўнг ташқарига чикдим-да, Маггининг қўлидан ушлаб, уни бутун посёлка олдидан олиб ўтдим; Глан эса бу орада хонасига кириб, бекинди.
- Нега, сен яна у билан гаплашдинг? - мен Маггидан сўрадим.
У жавоб қилмади.
Бу менинг жонимни ҳиқилдоғимга келтирган, юрагим англовсиз тарзда тез урар, бу ҳолатдан чиқишим жуда машаққат эди. Мен ҳеч қачон Маггини бу даражада гўзал кўрмаган, ҳатто оқ танли хурилиқолар ичида ҳам бунақа кўҳлисини учратмагандайдим, рости мен унинг қора танлиларга мансублигини ҳам унутаёзган, ундан бўлак дунёи дун хаёл имдан абас бўлгацди.
- Айтгин, - дедим мен, - нега сен яна у билан гаплашдинг?
- У менга ёқади.
- У сенга мендан кўра кўпроқ ёқадими?
- Ҳа.
Демак, қизга мендан кўра Глан маъқул экан, менинг Гландан қандай кам жойим ё кусурим бўлиши мумкин? Кундай аёнки, мен ҳамиша очиқ кўнгиллик билан унинг кўнглини овлайман, доим қизни пул ва совғалар билан сийлайман, у-чи?
- Глан сенинг устингдан кулгани-кулган, айтишича, қачон қараса, оғзингга бир нарсани тиқиб, кавшаниб юрармишсан, - дедим ўчимни олаётгандек.
Аввалига қиз бу кулги сабабига тушуна олмади, бироқ мен ҳам уқтиришдан қолмадим. Сенинг бу одатинг Гланга ёқмайди, шу боис у сени мазаҳ қилаётибди. Охири унинг фикри-тасаввурини сал ўзгартиршга муваффақ бўлдим.
- Магги эшитиб ол, - деб давом этдим мен, - сен истасанг, бир умр меники бўласан. Сен мен билан кетасанми? Мен доим шу ҳақда бош қотираман, эшитаяпсанми, мен бундан кетсам сени ҳам бирга ватанимга олиб кетмоқчиман. Сенга уйланмоқчиман. Унда маза қилиб бирга умри гузаронлик қилардик. Қандай, маъқулми?
Бу ваъдалар ҳам унга таъсир этмасдан қолмади. Магги яйраб кетди ва бутун айланиш давомида чакаги тинмади. Гланни у бор-йўғи бир сафар эслади ва сўради: .
- Глан ҳам биз билан борадими?
- Йўқ, у биз билан бормайди! - қатъий қилиб айтарканман, давом этдим. - Ё сен бундан афсусланаётирсанми?
- Йўқ, йўқ, - шошиб-пишиб деди у, - мен хурсандман.
Бошқа у Глан ҳақида гапирмади, мен тинчландим. Ва у мен чорласам бажонидил лаббай дейдиган бўлди.
Икки соатлардан кейин, мен ёлғиз қолганимда, уриниб-суриниб Гланнинг олдига кўтарилдим ва унинг нозик қамиш эшигани қаттиқ тақиллатдим. У хонасида эди. Мен унга:
- Сизни огоҳлантириш учун келдим, эртадан бошлаб бирга овга чиқмасак, - дедим.
- Нима учун?
- Шунинг учунки, ўзимни доим ҳам ирода эта оламан деб айтолмайман, тўсатдан энсангизни нишонга олиб қўйсам ҳам ажаб эмас.
Глан ҳеч нарса демади, мен ҳам ўз хонамга тушиб кетдим. Яна шунча гапдан кейин яна нимага деб сўрашини, бу огоҳлантиришимдан кейин у ҳеч қачон мен билан овга бормаслиги керак, деразам остида бир-бирига суйкалиб, баланд овозда ўйин-кулги қилганини нима деб ўйлаш керак. Умуман, агар хат келиб, ҳақиқатдан ҳам уни чорлашаётган бўлса, бу нега ўз ватанига кета қолмайди? Йўқ, бунақаси ўтмайди. У эса ҳамиша тишини ғичирлатиб, ҳаммасини бой бергандай вишиллайди. «Арзимайди! Арзимайди, менга тўртдан бири бўлгандаям!»
Бироқ бу воқеанинг эртаси куни, огоҳлантиришимга қарамай, тонготарда Глан менинг тўшагим олдида пайдо бўлиб, бақирди.
- У, бобой, қани бўлинг, вақт бўлди. Ҳаво ҳам аъло даражада. Баайни ов учун, кечага сўзларни ҳаёлингизга хам келтирманг. Сиз ўзи гарт беҳуда гап қилдингиз.
Ҳали соат тўрт бўлмаганига қарамай, мен ҳам шу чоғ ўрнимдан сакраб турдим ва кечага гап-сўзларимга бепарво тайёргарлигимни кўрдим. Мен унинг кўз олдида милтиқни ўқладим. У айтгандай ҳаво у қадар эмас, ёмгар томчилаб турар, у айнан таҳқирлаш учун бу гапларни ўйлаб топганди. Бироқ мен ҳам қасди-бастига олиб, чурқ этмадим.
Ҳар ким ўз хаёли билан кун бўйи бутун ўрмоқца тентираб юрилди, биз қанча-қанча хилват, овга қулай жойлар қолиб, бошқа ўринларда, тамоман бошқа бир юмушга машғулдек кезиндик. Кун яримлаб қолганда Глан мендан бироз олдинда, мен уни саранжомлаш учун айни қулай ўринда нима учундир атайин кетиб борарди. У айнан милтиғим оғзига тўфи жойда борар, бу ҳам ўйлашимча, фақат мени таҳқирлаш учун эди.
Ҳар қалай, биз ҳеч бир мажорасиз ортга қайтдик. Ҳеч қиси йўқ, бу ёғига чидаш қийинмас, оз қолди, ҳадемай Маггини кўриш билан буларнинг бари унутилади.
- Ҳаётимдаги энг узун кун бўлди назаримда бугун, - деб қолди Глан кеч палла, биз кулбаларга яқинлашай деб қолганимизда.
Кун бўйи орамизда айтилган гап бор-йўғи шу эди. Кейинги кунларда у жуда тушкун руҳда юрар, эҳтимол буларнинг барига ўша нома боис эди.
- Мен ортиқ чидолмайман. Йўқ, қўлимдан ҳам ҳеч нарса келмайди. - Тунда у шундай деб ҳайқириб юборгани бутун уй ичига эшитилди. У ўзининг бадбин руҳида шу даражага етиб боргандики, соҳибамизнинг энг хушмуомала сўраб-суриштиришларига ҳам жавоб қилмас, уйқусида алақсираб чиқарди.
«Ҳа, рост, унинг виждони тоза эмас! - ўйлардим Мен, - қаранг, уйда ҳам туз тортмади. Қийналишлари тушунарли, ахир уни итдек ҳайдаган Хонадонга яна қандай юз билан кириб боради. Бунда ҳаммадан ҳам кўп ўз такаббурлиги ҳалақит бераётгани аниқ!»
Магги билан ҳамишагадек Гланнинг олдида кўришиб юрсам-да, у бу ҳақда гапирмасди. Бундай қарасам, Маггининг жағи қимирламас, ҳар доимгидек чапиллатиб юришни у ташлабди, мен бундан қувониб кетдим. Хаёлимда ўзимча ўйлардим: қандай яхши бир кусурини ташлабди, мен бўлса уни икки баробар кўпроқ севаман. У бир Глан ҳақида, шунда ҳам эҳтиёткорлик билан сўраб қолди: - У ҳаста эмасми? Бирон ёққа кетгани йўқми?
- Ҳали унинг уни ўчганича йўқ, демак ҳеч қаёкқа ҳозирча гумдон бўлмаган, - қўрслик билан дедим мен, - албаггта, хонасида ағанаб ётгандир. Менинг учун бунинг ҳеч бир қизиғи йўқ. У роса кўнглимга теккан!
Бироқ биз уйга яқинл ашиб келар эканмиз, Гланга кўзимиз тушди, у буйра устида узала тушиб ётар, қўлини боши остага болиш қилиб, осмонга термулиб ўтарарди.
- Бахтга қарши, ана у, ётибди, - дедим мен.
Магги шундай деяр-демасимдан унга қараб чопди, ҳатто мен уни ушлаб қолишга ҳам улгурмадим. Магги севинч билан ҳаллослаб деди:
- Энди мен оғзимга на перо, на пул, на қоғоз тиқаман, қарасангчи, мен оғзимни чапиллатиб, кавшаниб юришни бутунлай ташладим.
Глан зўрға қизга қаради, яна тезда нигоҳини осмонга бурди, биз Магги билан кетдик. Мен эндигина ҳалиги қилиғи учун уни койишга киришган эдимки, у берган ваъдасига ҳилоф равишда яна Гландан гапираверди, унинг ёнида бўлишни хоҳлаётганини билдирди.
- Ҳим, демак, сен - бундан чиқди унинг учунгина чайнашни бас қилибсан-да, шундай эмасми??
- У миқ этмади. Бу қилиғи яна нимаси, менга жавоб беришни ҳам хоҳламаса?
- Жавоб бер, унинг учун шундай қилдингми?
- Йўқ, йўқ, - жавоб қайтарди у, - буни мен сен учун қилдим.
Қани энди мен ҳам шундай деб ўйласам.
Нега у Гланнинг кўнглини олиш учун бунчалар уринади?
Кечқурун Магги келишга ваъда берди ва келдиям.

V

У ўнларда келди, ташрифи қулоғимга чалинган овозидан билинди.
Магги қўлида бола кўтариб олганича, гўдакка қаттиқ-қаттиқ гапирарди. Нега у бола билан келибди? Яна нега уйга ҳам кирай демайди? Мен уни зимдан кузатарканман, унинг гўдакка қаттиқ-қаттиқ сўз айтиши, огоҳлантириш қўнғироғидай менга туюла бошлади ва бунинг устига унинг нигоҳи болахонадаги Гланнинг хонасидан узилмаётганига ҳам кўзим тушди. Глан унга бош ирғаб қўйдими, ё қўлини силкитдими?
Пастдан бунга жавобандай қизнинг овози янгради. У бола билан гаплашар, аммо нигоҳи тепага қадалганди, ўзимча ҳаммасини англаб етдим.
Мен ирғиб туриб, унинг қўлидан ушлаб, хонага олиб киргим келди, бироқ шу пайт унинг ўзи болани қўйнидан бўшатиб йўлакдаги эшигимизга кирди. Мана ниҳоят ҳозир унинг таъзирини бериб қўяман.
Магги қандай қилиб ичкарига кирганини эшитиб турдим. Хато бўлиши мумкйн эмас, у қарийб хонам олдига етиб қолганди. Бироқ, у менинг олдимга кириш ўрнига зинапоя орқали юқорига кўтарилаётганини, бир амаллаб болахонадаги Гланнинг ҳужрасига етганини жуда аниқ эшитдим. Мен хонам эшигани ланг очганимда, Магги қарийб кўтарилаёзганди.
Сўнг қамиш эшик қаттиқ ёпилди ва ҳеч сас эшитилмай қолди. Буларнинг бари ўнларда бўлди.
Мен хонамга кириб, алламаҳал бўлишига қарамай, милтиқни олиб, ўқладим. Сўнг тепага кўтарилиб, Глан эшигининг ортидан қулоқ солдим. Унда Магги борлига, улар аллақачон апоқ-чапоқ бўлиб кетгани менга билинди. Мен пастга тушдим, бироздан кейин яна тепага чикдим. Бироқ ҳаммаёқ сув қуйгандай жим-жит эди. Мен эшик ортида туриб, улар уйғонишини кутардим. Соат уч бўлди, тўртдан ўтди, бешлардагана улар уйғонишди. Мен ул воқеа ҳақида ўйламасдан фақат ҳозир ҳақида хаёл суриб, «Уларнинг уйғонгани яхши бўлди-да», деб пичирладим. Шу палла хонадон соҳибасининг вағур-вағури эшитилиб қолди, у-бу алфозда менга кўзи тушишидан, хавфсираб, пастга тушишга шошилдим. Қулоғимга ҳамон Глан ва Магги уйғонгани, гаплари кириб турар, мана у кетмоқчилигиям билинди.
«Ҳалигина у шу ердан ўтаркан, елкаси хонам эшигига тегиб, ўтган, бироқ эшикни очмаган, зина бўйича юқорига кўтарилганди. Мана ўша чирик, тўрт ёғочли зина, ҳадемай унинг ўзи шундан пастга тушиб кетади». Хонамда ўтириб ўйлаганим-ўйлаган эди. Тўшагим ғижим бўлиб ётар, мен бир зумга унга чўзилишни хаёлимга ҳам келтирмасдан, дераза олдида ўлтиргунча милтиғим билан машғул эдим. Юрагим титрар, қовлиқар, у кўксимда йўқ даражада эди.
Ярим соатлардан кейин зинада Маггининг қадам товушлари эшитилди. Мен деразадан энгашиб, у қандай уйдан чиқаётганини кузатдим. Унинг этаги тиззасига ҳам келмас, эгнида калта чит кўйлак, елкасида Гланнинг шарфи солинганди. Афти ангорида бирон бир ўзгариш сезилмас, фақат юбкаси ғижим эди. У ҳамишагидек, юрайми-юрмайми дегандек нозли қадам босарди. Ё пирай, у менинг деразамга қиё ҳам боқмади, шундй ўтди-кетди.
Кўп ўтмай Глан олдимга кирди. Унинг ов учун ҳамма жиҳози тахт, милтиғи ўқланган, чеҳраси эса ниҳоят тунд эди. Одатдаги муқоми менга таъзим ҳам қилмади. У дид билан ясан-тусан кийинганди. «Саруполарини, худди куёвларникидек» - ўйлардим мен.
Мен ҳам шошиб-пишиб унинг ортидан чиқдим, жим борардик. Ўйнаб-ўйнаб у икки тус товуқни шафқатсизларча йўқлик оламига жўнатгандиям, дарахт остида нимадир қовуриб, тушлик қилганда ҳам бировимиздан садо чиқмади. Ярим кун шундай адо бўлди.
Ҳеч кутилмаганда Глан бирдан бақириб қолди.
- Сйз ўзи ростдан ҳам милтиғингизни ўқладингизми? Тўсатдан бирортаси ҳамла қилиб қолса, нима қиласиз?!
- Ҳаммаси тахт, хотиржам бўлинг, - жавобига мен ҳам бақириб дедим. У шу он буталар орасига кириб ғойиб бўлди. О, қандай аломат бўларди, шу паллада уни худди итдай отиб ташлаганимда. Бироқ қайга ҳам шошади, афтидан у ҳам хаёлимда нима айланиб юрганини яхши биларди, шу боис ҳам мен милтиқни ўқлаганимни қайта-қайта сўраб, аниқ билмоқчидай эди. Оҳ, янги кўйлагини кийиб олиб, ясан-тусан қилиб олганини; ҳеч бўлмаса бугун ўз калондимоғлигидан қолса эди, бу бўлса қаноти бўлмаса ҳам кўқда учиб юргудек тутади ўзини.
Куннинг белгисиз бир вақтида у ҳаддан қаҳрли, ранггида ранг қолмаган алфозда менга қаради ва деди: Йўқ, йўқ, бунисига ҳеч чидаб бўлмайди! Ҳа! Ҳа, сиз ўзи милтиқни ўқлаганмисиз?
- Сизда ўзи патронлар борми?
- Яхшиси ўз милтиғингизнинг дардини енг, - десамда унинг бетоқатланаётгани менга аён эди.
У яна олд томонга ўтиб кетди. У жимгина, бошини хам қилиб бораркан, мен орамиздаги масофани аниқ белгиладим. Орадан ўтган бир соатлар давомида каптар отдим. Яна милтиғимни ўқлаб олдим. Милтиқни ўқлар эканман, Глан дарахт олдида туриб, менга зингил солди ва ҳақиқатдан ўқ жойлаётганимнинг гувоҳи бўлгач, тасаввур қиласизми, худди тўйлардагидек ҳиргойи қилишга тушди. «Қаранг маракага келгандек, ясан-тусан қилиб олганини. Қўшиқ айтмокда - ўйлардим мен, - кўриниб турибди, бугун у ўзини алоҳида, енгиб бўлмас даражада тутмокда». Кейин у тўғри менинг рўпарамда пайдо бўлиб, бошини кўтариб олди, майда қадам ташлаб, ҳиргойисини давом эттирди. У яна менинг милтиғим оғзида борар, худди шу пайт, тўй ашуласини куйлаётганида ҳаммаси юз бериши керак деб ўйлаётгани шундоқ сезилиб турарди. Бироқ ҳеч нарса юз бермади. У ҳаммасини сайри томошага чиққандай, тугатди. Майли ҳеч қиси йўқ.
- Эй, бугун ҳеч омадимиз юришмади-да, - деркан, у менга гўё ҳиргойи қилгани учун ҳижолатли кулиб қаради. Унинг бу беғубор кулгиси ажойиб, аслида кулгиси ортида кўз ёшлари тиқилиб турганини пирпираб учаётган қовоқларидан ҳам билса бўлар, ҳатто намойишкорона кулиб турган бўлса ҳам бу шубҳасиз эди.
Мен унга бир ожиза эмаслигимни жуда яхши билар, бунақа ҳазиллар ўтмаслигини билгани сари, асабийлашар, атрофда чарх уриб, гоҳ ўнгдан, гоҳ чапдан пайдо бўлар ва тўхтаб, ниманидир аниқ кутарди. Соат бешларда янграган ўқ товушидан бирдан қалқиб тушдим, ўқ менинг чап кулоғим тепасидан чийиллаб ўтганди. Мен нигоҳимни кўтариб олдга қарасам, Глан бир неча қадам нарида туриб, менга термулар ва унинг милтиғи оғзи тутаб турарди. «Нима бало, у мени отмоқчи бўлдими?» Мен унга қараб:
- Шунча ҳам уқувсизлик билан отадиларми, сиз нишонга тегизаолмадингиз-ку, - дедим.
Бироқ, у ҳеч қачон ёмон отмас, нишонга олишда ҳеч ҳам адашмасди, мақсади, мени ғазаблантиришми?
- Оҳ, ярамас-эй, нимага қарайсиз, ўч олсангиз-чи, - у бақириб берди.
- Ҳаммасининг ўз вақти-соати бор, - дедим мен тишимни тишимга кўйиб.
Шундай биз юзма-юз туриб, бир-биримизга қарарканмиз, Глан елкаларини қисиб менга қичқирди:
- Қўрқоқ.
Оҳ, у яна мени "Кўрқоқ" деб ҳам атади- я! Мен милтиғимга ёпишиб, уни нақ юзига тўғриладим-да, тепкини босдим.
Нима эксанг шуни ўрасан!
Глан оиласидагиларнинг бу одамни қидирувни давом эттираётганлари беҳуда. Мени марҳум ҳақидаги алмисоқдан қолган аҳмоқларча маълумотлар жаҳлимни чиқаради. Томас Глан Ҳиндистондаги бир овда, бахтсиз ҳодиса туфайли бир дайди ўқдан паймонаси тўлган. Суд унинг номи ва қазо кунини расмийлаштириб, бир жилдга тикиб қўйибди. Ўша расмий қоғозда ёзилганига кўра у ўлган, айнан бир дайди ўқ зарбидан ўлган, ўлган эшитдингизми?

Вафо Файзулло таржимаси
«Ёшлик» журнали, 1998 йил, 3-сон

 


46 дан 63 сахифа