Тасаввуф ва Навоий шеърияти муносабатига доир |
|
|
|
05.05.2013 08:33 |

Тарихдан маълумки, тасаввуф бизнинг адабиётимиз, санъатимиз ва мусиқамиз тараққиётига алоҳида таъсир ўтказган таълимотдир. Шунингдек, тасаввуфнинг шахс тарбияси ва камолоти жабҳасидаги хизматлари ҳам кўп жиҳатдан ибратли эрур. Покистоннинг файласуф шоири Муҳаммад Иқбол таъкидлаганидек. “Ихлосли ва ҳақиқий моҳиятга эга бир жараён бўлган тасаввуф муассасасининг юзага чиқиши, ҳеч шубҳа йўқки, мусулмонликда диний тажрибанинг такомили ва тўғри тараққий топишида муҳим омил бўлган” . Шу боисдан ҳам “мутасаввифларнинг метафизик қарашлари бизнинг тушунча ҳаётимизда янгилик ва юксалиш манбаи эканлиги эътибори ила бағоят фойдалидирки, уларни ўзимизнинг қарашларимиз билан муқояса қилиб яхши натижаларга эришишимиз мумкин” . Дарҳақиқат, тасаввуф аҳлининг ташқи дунё билан ички дунёни ажратмаслик, ахлоқ, қалб ва руҳ тарбияси орқали инсонда қудратли бирлик туйғусини яратиш тажрибалари ҳамма замонлар учун ибратли. Тасаввуф ва тариқатлар тарихига чуқурроқ назар ташланса, тасаввуфнинг бошқа дин ва ҳар турли ноқис фалсафий оқимлар таъсиридан холи, соғлом ва илғор фикрларга тўла таянган даври - илк сўфийлар даври эканлиги равшанлашади. Араб олими Абдуқодир Маҳмудга кўра бутун тарих мобайнида юзага чиққан тасаввуфий ҳаракатлар учга ажралади: 1. Салафий тасаввуф. 2. Сунний тасаввуф. 3. Фалсафий тасаввуф. Салафий тасаввуф Муқотил б. Сулаймон (вафоти 150/767) билан бошланиб, Имом Малик (вафоти 179/795) томонидан юқори чўққисига кўтарилган. Сунний тасаввуф аҳли байт ва Жаъфар Содиқ (а. 148/765) воситасида юзага чиққан. Ҳорис Муҳосибий (в. 243/857) ва Жунайд Бағдодий (в. 297/909) ила шаклланган. Имом Ғаззолий (в. 505/1111) уни такомилга эриштирган. Ғарб фалсафаси ва шиа - ботиний қарашларга ўрин берган фалсафий тасаввуфнинг туғилиши ва равнақи Сухравардий Мақтул (в. 587/1191), Ибн Арабий каби мутасаввиф ҳамда олимларнинг номлари билан боғлиқ. Бу ҳаракатлар, ҳеч шубҳасизки, бир-биридан фарқланадиган, айни пайтда бир-бирини инкор айлайдиган нуқтаи назар ва тушунчаларга ҳам эрк берган. Натижада тасаввуф ва тариқатлар фикрий ихтилоф, амалий инкор ва нуфуз талашувлар майдонига айланган. Сунний тасаввуфга қарши шиддатли кураш авж олдирилган. Сунний тасаввуф тарихи ва ҳақиқатлари мукаммал бир тарзда ёритилган “Таъарруф” китобининг муаллифи Калобозий ёзади: “Ниҳоят тасаввуфдан маъно кетди, исм қолди. Ҳақиқат пинҳон бўлди, шакл зоҳирга чиқди... Тасаввуфни қабул қилганликларини тилларида иқрор этганлар, хулқ-атворлари ва амаллари билан бу йўлни инкор этдилар. Тасаввуфни халққа тушинтириш ҳолатидагилар бу йўлнинг ҳақиқий моҳиятини яшириб, тасаввуфга алоқаси йўқ нарсаларни тасаввуфга киритдилар ва унга нисбат бердилар. Шу тарзда бу йўлдаги ҳақ нарса ботил ўлароқ кўрсатилди...”. Бундай шароитда тасаввуф тўғрисида холис сўзлаш, унинг ҳақиқатларини асл ҳолида халққа тушунтириш ёки тарғиб қилиш албатта мумкин эмас. Оқибатда тасаввуфга нисбатан нафрат уйғонди. Лекин ҳеч қандай душманлик ва ғаразли ҳаракатлар моҳияти соф, ҳақиқатлари инсон камолотига қаратилган тасаввуф ҳаракатини тўхтата олмади. Санъат, шеърият, мусиқа тасаввуфга қанот бағишлади. Шуни унутмаслик керакки, тасаввуф қанчалик мураккаб бўлса, шунчалик зиддиятли, баъзан оқ билан қорани ажратишга унча имкон бермайдиган бир таълимотдир. Шу боис баъзилар уни кашфу каромат сотиш деб англашса, айримлар аҳвол ва муроқаба билан чекланувчи бир “илм” деб билишган. Бир қисм одамларнинг тасаввурида тасаввуф қандайдир хусусий одат ва тақлид иши бўлса, бошқа бировлар унга тараққиёт учун зарарли ва жамият ҳаётидан узоқлашувга чорловчи узлатпарастлик деб қарашган. Тасаввуф деганда сир ва ғайб олами билан алоқани англовчилар ҳам кам бўлмаган. Маълум бир гуруҳ кишилар эса ваҳдати вужуд ва ваҳдати шуҳуд назариялари билан фалсафий рангга бўянган тушунчаларни қабул қилиб, чинакам тасаввуф ана шудир, деган қатъий хулосада туриб олишган. Ҳолбуки, чинакам тасаввуф, Шарқнинг кўп буюк санъаткорлари қатори Алишер Навоийнинг ҳам диққат-эътиборини ўзига қаратган тасаввуф мутлақо бошқадир. У ишқ, маърифат, руҳоният тасаввуфи, том маъноси ила комиллик тариқидир. Айрим тасаввуфшунослар сўфийликни уч жабҳада тадқиқ этишни тавсия қилишган. Шулардан бири - таассурий-руҳий тасаввуф. Бу ишқ ва жазбага таяниш тажрибаси бўлиб, алоҳида нуфузга эга. Чунки шайтон ҳам бир замонлар солик бўлган, бироқ ҳеч вақт муҳаббат ва ишқ ҳиссиётларига соҳиб бўлмаган экан. Демак, жазба ила ёниб ишқ асирига айланганда у йўлдан озиб, абадий лаънатга учрамасди. Зеро, ич туйғулари ишқдан бегона соликнинг йўли ҳамиша таҳликали. Тасаввуфнинг энг катта хизмати ҳам ишқни инсон ҳаётининг туб асоси ва руҳониятининг нури деб эътироф этганлигидир. Алишер Навоийга кўра ҳам агар кўнгилда ишқ оташи ёнмаса, кофирлик билан мусулмонликда фарқ қолмайди. Ишқ бўлмаса, мусулмонлик ҳам, зуҳду тақво ҳам қуруқ даъводир: Хуллас, ишқ ва комиллик моҳияти тасаввуфдан четга сурилди дейлик. Тасаввуф Навоий учун тириклик, гўзаллик, боқийлик руҳини бой берарди. Тасаввур этингки, тасаввуфда маърифат ва тафаккур завқи бўлмаган. Навоий бундай тасаввуфга яқин ҳам бормаган бўларди. Инсон руҳининг сир-асрорларини кашф қилишда Навоий тасаввуфдан кўп нарса ўрганган. Бу ҳақиқатга тўла иқрор бўлиш учун, ҳеч бўлмаганда. Навоий ўқиган тасаввуфга доир илмий, тарихий, адабий манбаларнинг маълум бир қисми билан топишмоқ лозим. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” хотимасида Навоий устози Абдураҳмон Жомий хизматида “таълим ва истифода” юзидан ўқиган ўндан зиёд китоб рўйхатини келтирадики, уларнинг аксарияти тасаввуф ҳақида. Булар: “суфия машойих истилохила битилган” “Лавоеҳ” ва “Лавомеъ”, “Шарҳи рубоиёт”, “Нафаҳот ул-унс”, Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия”си, Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома”си ва б. Мана ўша хотимадан бир парча: “Яна ҳазрати шайх-ул машойих фахр ул-миллатвад-дин Ироқийнинг “Ламаот”идурким, Ҳазрати Махдум ул китобни бу фақирға сабақ айтурда айтур эрдиларким, “Бу китобни нодон ва беандом таврлиғ ва номаҳвор равишлиқ элининг кўпроқ машғуллиқ қилғони хавос аҳлида бадном қилғон эрмишким, баъзи ўқимас эрмишлар. Бу жиҳатдин бу китобнинг хўблуқлари яшурун қолғон эрмиш”. Асру изҳор хушҳоллик ва сурур қилурлар эрди, шарҳ битмагига доғи бу боис бўлди”. Шунингдек, Навоий Ҳужвирий, Имом Қушайрий, Сухравардий, Имом Ғаззолий, Ибн Арабий каби ислом алломаларининг асарларини ҳам пухта билган. Навоийнинг тасаввуф билан алоқасини белгилашда бундай фактларга жиддий қараш керак. Навоийшуносликда худди шу жиҳат етарли даражада инобатга олинганича йўқ. Навоий ижодиётининг тасаввуф билан боғланишларини исботлашга ташқаридан “далил” ахтаришга эҳтиёж йўқ: улар шоир ижодиётининг ўзида мавжуд. Маълумки, Вақт – бу ортда қолган ўтмиш елдай илгарилаётган замон ва ҳар турли орзу-умидлар ила олдинга чорлайдиган келажак. Давр, замон ва тарих Вақтнинг энг катта ўлчамларидир. Лаҳзалар соатларга, соатлар кунларга, кунлар ой ва йилларга айланаркан, уларнинг ҳаракат тарзида тўхташ эмас, эврилиш ҳосил бўлади. Лаҳза мазмуни ва кучини англай олмаган, умр лаҳзалари ҳодиса даражасига юксалишини билмаган инсон ҳеч пайт соат, кун ёки йил зиёси ила кўнгилни мунаввар эта олмайди. Зеро, Вақт мазмуни ва сири ташқи бирликда эмас, Шахснинг руҳи ва дилида яширинган. Вақт туйғуси, вақт маърифати – барча маърифат ва самовий туйғуларнинг тамали эрур. Инсон умри Вақтнинг бир қисми ва парчаси. Вақт аслида ибтидо ва интиҳоси номаълум сўнгсизлик демак. Дунёдаги деярли барча мавжудлик шу сўнгсизликка тобе, унинг муросасиз ҳукмига таслим. Чуқурроқ мушоҳада этилса, вақт чегараси, вақт бирлиги, вақт мезони деган тушунчалар ҳеч пайт одамга тўла-тўкис қувонч бермайди. Вақт учқурлиги ва тасарруфи ҳақида ўйлар экан, ҳатто энг калтафаҳм кимса қалбида ҳам бир маҳзунлик пайдо бўлади. У истасин, истамасин, шахсий ҳаёт маънисини ғалат англаганлигидан, ички ёлғон ва такаббурлигидан, зоҳирпарастлик ва тафаккур маҳдудлигидан, албатта,ҳижолат чекади. Ўзликни идрок қилиш ва ўзлик тўғрисидаги нотўғри қарашлардан қутилиш кўпинча ана шундан бошланади. Тақдирдан шафқат ва мурувват тилаш мумкин. Бироқ Вақтдан шафқат ва мрувват тилаб бўлмайди. Шарқ алломалари Вақтни кескир қиличга ўхшатишган. Бу “қилич”дан ўзингизни қанча кўпроқ муҳофаза этсангиз, ақл таҳликага ўшанча ортиқроқ ён беради, риё, қўрқув ва мунофиқлик ботқоғига ботиш хавфи ўшанча кучаяди. Ва булар охир-оқибатда қалб таназзулига сабаб бўлади. Вақтга фақат маънавий-руҳий ҳаракат ва маърифий фаолият ила юзлашиш лозим. Хуллас, Вақт олдидаги масъуллик у билан алоқа ўрнатишнинг ўзига хос “мақом”ларини эгаллашни талаб қилади. Шу маънода тасаввуф аҳлининг фикр-қарашлари ва ҳаётий тажрибалари жуда ибратли. Ибратлиси шундаки, улар вақтнинг энг “кичик” бирлиги ҳисобланмиш дам ва лаҳзанинг мазмунига алоҳида аҳамият бергандирлар. Шарқнинг кўп буюк санъаткорлари сингари Алишер Навоийнинг Вақтга доир қарашлари, муносабат тарзи ва ундан кўзда тутган мақсадлари ҳам тасаввуф маслаги билан чуқур алоқадордир. Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир асарида Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг шундай фикрлари келтирилган: “Нафасни зое кетишга йўл қўйманг ва бундан эҳтиёт бўлинг: “Ман заййиъа вақтаҳу фа вақтаҳу мақтун” – “Ким вақтни зое қилса, бас, у вақт душманидур”. Ва уни идрок қилишга интилиш лозим. Айтдиларки, ҳар ким ўз вақтидаги вазифасини адо қилиш билан машғул бўлса, уни “соҳибъул вақт” – “вақт соҳиби” дейдилар… Бу вақт соҳиби вақтнинг тасарруфидан қутулган, балки уни ўз тасарруфигга олган бўлади, яъни ҳар бир вақтни энг муҳим ва авло ҳолга сарф этади. Уни “Абъул вақт солик” - “Вақт отаси бўлган солик”, дейдилар. “Ибнуъл вақт” – “Вақт ўғли” шундай соликки,ҳол унга ҳужм ва ғорат қилувчи тарзда рўй беради ва тасарруфи билан соликни ҳолатдан узоқлаштиради, ўз ҳукми остида бўйсундиради”. Тасаввуф нуқаи назарида нафас уч маънони англатади: 1. Тирикликни таъминловчи нафас, яъни ҳаво; 2. Дам, фурсат, лаҳза; 3. Муршиддан етадиган файз ва ишқ ўтида ёнган қалбнинг фараҳланиши. “Рисолаи Кушайрий” муаллифининг таърифлашича, нафас соҳиби ҳол соҳибидан кўра нозиктаъб ва кўп покизадир. Вақт эса васл соҳибларига, ҳол руҳ соҳибларига, нафас эса сир соҳибларига хосдир. Демак, қалб соҳиблари вақтга, руҳ соҳиблари холларига, сир соҳиблари нафасга лоқайд бўлишлари мумкин эмас. Навоийнинг Вақт, Ҳол ва Нафас баҳсидаги анча-мунча фикр-туйғулари мана шу уч асосга таянади. Тасаввуфда Вақт – ўтмиш (мозий) билан келажак (мустақбал) ўртасидаги замон бирлиги ҳисобланади. Бу ҳақида Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да ёзади: “Ўтган рўзгор адамдур. Келмагандин сўз айтқон аҳли надамдур (пушаймон ва афсус этувчилар) ва ҳол муғтанамдур (ғаниматдур). Бир турк бу маънида дебдурким: “Дам бу дамдур”. Байт: Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам, Не учунким, дам бу дамдур, бу дамдур, бу дам”. Навоий “бир турк” деганда кимни назарда тутган – буни аниқ айтиш қийин. Лекин ўша турк Нажмиддин Кубронинг “Фавоихъ ул-жамол” номли рисоласидаги мана бу фикрлардан хабардор бўлган бўлиши керак: «Вақт кескир бир қиличдир. Агар кескир бўлмасайди, англаб, идрок этиб улгургунингча сени кутарди. Ҳолбуки, у кескир бир қилич ҳаракати ила ҳукмини адо айлар. Сўфий “Ибнуъл вақт” эрур. У кечмишга ҳам, келажакка ҳам боқмас. Чунки унинг мозий ёки мастақбалга кўз тикиши, айни дамдаги вақтини беҳудага сарф қилиши демакдир.. ”. Лекин шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, айни дамдаги вақтини беҳуда сарф қилмаган киши ўтмишга қул бўлиб қолмаганидек, келажакдан ҳам бир хатар сезмайди. Шу боис Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони Вақт ҳақиқати ва шодликларини мозий ва келажакдан эмас, ҳассос ва нурли ирфоний маънилар қалбдан бош кўтарган “лаҳза”, “нафас”, “фурсат” ва “дам”лардан ахтаради. Унда ҳатто “харобот” орзуси ҳам “лаҳза” кайфияти ва ҳукмига тобедур: Кел бир дам, эй ҳариф, харобот сориким, Май важҳидир бу хирқа била жилсонимиз. Навоий вақтнинг энг кичик бирлиги – “дам”, “лаҳза”, “фурсат”ларга шу даражада катта мазмун бағишлайдики, давр ва замоннинг ранжу қийноқларидан ўзни муҳофаза қилишда “Дам бу дамдур” тушунчаси гўё дахлсиз бир қалқон сифатида кўзга ташланади: Десанг замона ситезини ҳар замон кўрмай, Замонни хуш туту қилма замона бирла ситез. Кейинги сатрдаги “замонни хуш тут” – ўтаётган ҳар дамни хуш кечир, ҳар лаҳзанинг шукронаси билан яша, мазмунини ифодалайди. Зеро, ирфоний ҳаёт - илоҳий файз ва илҳом ҳадя этилажак ҳаётдурки, уни ғанимат тутмоқ керак: Бу дамни тут ғаниматким, келур дамдин асар йўқтур, Не дамким ўтти, худ андин киши топмас нишон ҳаргиз. Албатта умрнинг лаҳзасини ғанимат сезиб хуш ўтказиш – бу донолик ва донишмандликнинг асосий хусусиятларидан эрур. Умуман олганда, ушбу хусусият ва фазилат халқимиз дунёқараши учун хос бўлган. “Алпомиш” достонидаги қуйидаги сўзлар бунинг бир далили бўлмоғи мумкин: Дам бу дамдур, ўзга дамни дам дема, Бошинг эсон давлатингни кам дема. Дарҳақиқат, инсоннинг боши омон, кўнгли хотиржам экан – бундан ортиқ давлат, бундан зиёд саодат йўқ. Ҳар нафаси, беҳуда ўтмаган ҳар дами учун у Оллоҳга ҳар қанча шукрона айтса арзийди. Лекин “Дам бу дамдур” ҳақиқати тасаввуфда нисбатан бошқача ва теранроқ мазмунга эга. Шунинг учун ҳам Навоий шеърларида бу ҳақиқатга қайта-қайта тўхталади ва уни гоҳ ахлоқий, гоҳ ишқий, гоҳ ирфоний-фалсафий оҳангларда талқин қилиб беради. “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги ғазаллардан биридаги мана бу мисраларда нафас олинаётган ҳар бир дамдан ғофил қолмаслик орифликнинг талаби ўлароқ таъкидланган: Чу мозий ўттию мустақбал ўртада эрмас, Сенгаки ҳол эмас муғтанам не ҳол ўлғай.
Бу дамни ориф эсанг яхши тутки, жоҳил иши, Етишмагангаву ўтганга қилу қол қўлғай. Яъни: мозий ўтди. Келажак ҳали илгарида. Айни фурсатдаги ҳолингни ғанимат билмасанг, бу қандай ҳол бўлади? Агар ориф эрсанг ҳар бир лаҳза ва нафасингни яхши қадрла, яхши ўтказ. Етиб келмагану ўтиб кетган ҳақида сўзлаш жоҳилнинг ишидир. Маърифат аҳлининг умумий иқрорига кўра руҳни уч нарса доимий равишда кучсизлантириб ғусса ва мусибатга гирифтор этар экан: 1. Мозийпарастлик ҳасрати. 2. Ҳолда жараён этувчи шубҳалар. 3. Келажакка ишончсиз қараш ёки ундан қўрқиб эҳтиётда яшаш. Албатта, инсон ўтмишдан ажралиб ёки кечган кунларини унутиб умр ўтказа олмайди. Зеро, мозий билан боғланиш ўтмишдаги воқеа-ҳодисотларни билиш, улардан у ёки бу маънода сабоқ олиш ақл ва хотира талаби эрур. Бироқ ўтган даврга муносабат ва тарихий ҳиссиёт чуқур илм, кенг мушоҳада ва маърифат зиёсидан юзага келиши лозим. Акс тарзда ўтмиш инсоннинг фикрий эринлиги, шахсий камолотигагина эмас, балки умум тараққиётга ҳам зарар етказмоғи мумкин. Энди аҳли ҳақиқат қарашларига келсак, улар меъёрдан ошган, кераксиз хаёл, бесамар орзуга айланган мозий ва мустақбал андишасини Оллоҳ билан ориф алоқасига бир ҳижоб деб ҳисоблашишган. Бу парда барҳам топмас экан, на қалб, на руҳ самовий парвози ва саёҳатида олий мақомларга юксала олмаганидек, ишқ ва ҳақиқат завқ-шавқларини ҳам тўлиқ эгаллай олмайди. Жалолиддин РумийҲазратлари “Мозий ва мустақбал Оллоҳдан ҳижобдур, пардадур”, - деганларида масаланинг худди шу томонини эътиборда тутганлар. Демак, дам ва фурсатнинг сири, маъноси, қудратини кашф қилмоқ учун ҳол хусусида қайғуриш, ҳолнинг туб моҳиятини пухта билиш зарурдир. Алишер Навоий шеъриятининг ботиний оламига кириш ва сўз билан ифодалаш қийин бўлган маъноларини ўзлаштиришнинг жуда нозик ва муҳим нуқталаридан бири ҳам мана шудир. Навоий фақат лирик шеърларида эмас, достонларида ҳам инсон тақдири ва камолотига дахлдор бир қанча мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ҳол, нафас, лаҳза “фалсафа”сига асосланади. Улуғ мутафаккир “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ўн саккизинчи мақолотида инсон умрининг фанолиги, у туғиларкан албатта бу дунёни бир кун тарк айлаши, бас шундай экан, ўлимни ўйлаб мотамга берилмасдан, ҳаётини ишқ ила, фойдали иш ила шод ўтказишини таъкидлаб яна ёзади: Умрки хориж дурур ўтган иши, Ҳар неки ўтти анга етмас киши. Келмаганидин доғи оқил демас, Не десун ул ишники, маълум эмас... Мозию мустақбалинга бўйла ҳол, Ҳолингга ҳам неча хаёли маҳол. Ҳолки бўлди санга бир он бас, Анда не ғамгинлик этарсен ҳавас. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳикматли мисраларда инсон онгини покловчи, яъни онг ва идрокни кераксиз “юк”дан фориғ этувчи бир қувват бордир. Ўтган иш – ўтди, у такрорланмайди. Бўладиган иш – ҳали олдинда. Буни муаммога айлантириб, олдиндан ташвишга чўмишга ҳожат йўқ. Муҳими, кечаётган фурсатни бой бермаслик, айни шу вақт, шу дам талабларини бажаришда чалғимаслик. Ҳол маърифати инсонни шунга чорлайди. Шу маърифатни эгаллаган шахс беҳуда азобга берилмайди, бесамар машмашаларга бош қўшмайди. Ҳолини у латифлаштирганидек, ҳол уни озод айлайди. У табиий равишда ҳар нафасини қадрлайди, ҳар нафаси учун жавобгарликни хотирдан чиқармайди. Ва Навоийнинг: Ҳар нафасинг жавҳари эрур нафис, Ким сенга ул бир нафас эрур анис, - Деган сўзлари шундай зотларга тегишли. Ушбу фикр-мулоҳазаларини ифодалаганда ҳеч шубҳасизки, Навоий ўзи мансуб нақшбандийлик тариқатининг асосий шартларидан бири – “Ҳуш дар дам”га ҳам таянган. Ҳуш – ақл, дам – нафас. Нақшбандийликда нафас назорати ва мазмунига алоҳида аҳамият берилган. Чунки нафасларни назорат қилиш дунё ишларида адашмаслик учун ҳам, ҳақ тажаллилари учун ҳам ниҳоятда зарур. Бу ҳақида “Ҳайрат ул-аброр”да Навоий ёзади: Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл, Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл... Ғафлат агар бўлса бу ишдин, даме, Ким йўқ анингдек кишига мотаме. Биз огоҳлик ҳақида кўп гапирамиз. Лекин инсонни ёвузлик ва жаҳолатдан муҳофаза этгувчи ҳақиқий огоҳлик “ҳар нафас” ҳолидан огоҳлик эканлигига унча эътибор қилмайдмиз. Ҳолбуки, Навоий қаҳр, ғазаб ва жоҳилликлардан покланган, илоҳий сифат ила сифатланган ҳол ва нафасни: Бас муни анфоси муқаддас дегил, Балки муқаддас дема, ақдас дегил, - дейди. Навоийнинг “нафас” хусусидаги фикрлари бир-биридан мазмунли ва рангдор. Шу жиҳатдан мана бу байт алоҳида диққатга молик: Эй Масиҳим, мен қатили ишқмен, тургуз мени, Бир нафас, дедим қабул этким, нафаснинг жони бор. Бу байтда ишқ дардидан ҳалок бўлган ошиқ маъшуқасини Ҳазрати Исо ила тенг кўриб, мени ўз нафасинг ила турғизгил, дея илтижо этаётир. Аммо у тилаётган умр муддати унча кўп эмас, бор-йўғи – “бир нафас”. Шу бир нафаснинг мислсиз қуввати ва файзига у ишонади. Ҳужвирийнинг ёзишича, “тавҳид аҳлининг вақтлари иккидур. Бири фақат фоқо (муҳтожлик) ҳолида, иккинчиси важд ҳолида. Буларнинг бири васл маҳалидаги вақт, икинчиси фироқ ва ҳижрон маҳалидаги вақт”. Навоий лирик қаҳрамони орзу айлаётган “бир нафас” эса висолга дахлдор вақтдир. Хўш, “нафаснинг жони бор” деган фикрда қанақа маъно ёки мақсад яширинган? Ёрни ишонтириш учун айтилган бу гап муршидга тегишли. Буни Муҳаммад Фузулий шундай шарҳлайди: “Билки, инсон борлиғининг камоли икки вужуддан иборатдур. Инсоннинг нафсини у икки кайфият камол нашъасига тўғри етказур. Аввалгиси зоҳирий вужуд. Унинг мабдайи атодур. Иккинчиси маънавий вужуддирки, унинг маншайи йўл соҳиби бўлмиш муршиднинг ҳидоятидир. Комил бўлмоқ даражаси кейингисига боғли эканлигидан муршид атодан муқаддамдир. Қитъа (арабчадан таржима): Илм бир руҳдурки, муршид ўз нафасин файзидан Талаб аҳлининг ўлик баданларига еткизар. Талаб аҳлининг ҳаёти муршиднинг нафаси файзидандур, Шунга кўра дерларки: “Нафасни жони бордур”. Демак, Навоий байтида талқин этилган тириклик қувватининг бир қаноти ишқ бўлса, иккинчи қаноти маърифат. “Кашф ул-маҳжуб”да шундай сўзлар битилган: “Вужуд учун руҳ нима бўлса, вақт учун ҳам ҳол худди шудир. Вақт мутлақо ҳолга муҳтож эрур. Чунки вақтнинг сафоси ҳол ила бўлур.. . Ҳол вақтга бирлашгач, бутун замонлар вақтга айланур. Унинг учун завол жоиз бўлмас”. Тасаввуфга доир қадимий манбаларда қайд этилишича, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлик мартабасига етишганларидан сўнг ҳар мақом соҳиби учун бир ҳол пайдо бўлган. Ҳол нима? Абу Наср Саррож ҳолни “лаҳзада туғилиб, қалбда ризо, тафиз ва шунга ўхшаш сифатларни барқарорлаштирадиган аҳволдир”, дейди. Нажмиддин Кубро ҳол, мақом, вақт ва улар орасидаги фарқдан сўзлаб, жумладан бундай деб ёзадилар: “... инсондаги куч-қувват ва тоқат мол ҳамда ҳол ила юзага келур. Ҳол шаҳват, ёки руҳнинг қуввати эрур. Мол эса фақат нафс ва шаҳватни таквия этувчи бир нарсадир. Табиат эътибори билан Ҳол жуда қувватли бар куч ва тоқатдир». Шу учун руҳ ва юракнинг мушоҳада қуввати ва қувончини акс эттирувчи ҳол Навоий наздида ҳам энг яхши амалдан-да устун ва шарафли саналган. Чунки кўнгли зариф, руҳи латиф, аҳлоқи гўзал, маънавий ҳаёти жўшқин ҳол соҳиблари ишқ ва ҳақиқатнинг юксак чўққиларини эгаллашга мушарраф бўлишган. Улардан бир қисми ҳолига маҳкум – талвин эгалари, яна бошқа тоифалари ҳолига ҳоким – тамкин соҳиблари саналган. Талвин соҳибларининг ҳоллари шундай ғаройиб, ўзгарувчан, хилма-хил маънавий-руҳий ва психологик ҳодисаки, буни сўзда таърифлаш ёки ифодалашнинг сира иложи йўқ. Навоий тасаввурида Ҳол ва Вақт ҳиссий идрок ва завқий мушоҳаданинг бир меърожи эди. Ана шунинг учун улуғ шоир шеъриятидаги кўпдан-кўп фикр ва туйғулар бевосита Ҳол даражалари (хавф, ражо, ҳузун, истиқомат, сидқ, ҳаё ва ҳоказо) ва уларни навбатма-навбат эгаллаш натажаси ўлароқ талқин қилингандир.
Иброҳим Ҳаққул |
20.03.2014 18:07 |
Хумулий, Жумақули ибн Сўфий Тағойи турк Ургутий Самарқандий (19-аср) — шоир ва ёзувчи. Бухоро амири Насрулло (1827—60) даврида Ургутда қозилик қилган. Ўзбек ва тожик тилларида наср ва назмда ижод этган, тарихий асарлар ҳам ёзган. Замондош олим ва шоирларнинг таржимаи ҳолини ёзиб қолдирган. Хумулийнинг «Тарихи Хумулий», «Манзумоти тарихий», «Шоҳ ва гадо», «Девони Хумулий», «Шайх Мусохон ад-Даҳбидийнинг таржимаи ҳоли» каби асарлари бор. «Тарихи Хумулий»да баъзи бир дарвеш шайхларнинг таржимаи ҳолидан ва манғитлар сулоласи тарихидан маълумотлар келтирилган. «Манзумоти тарихий» асарида эса 1870 йили содир бўлган тарихий воқеалар шеър билан баён қилинади.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Баски заъф этти фироқингда таним монанди хас, Бўлмайин барбод деб қаттиғ чека олмон нафас.
Бовужуди шоҳлиғ султонға даъвийи камол, Уй тубуғи тож ила шоҳинлиғ этмоқдур ҳавас.
Поклар мақбули боз ўлди саёҳат файзидин, Истиқомат бобидин мурдорлиғ кўрди ҳакас.
Зоти ноқобилға қилмас суҳбати доно асар, Бўлса эшшак гарчи Исо маркаби бўлмас фарас.
Не ажаб донодин афзун бўлса нодон рўзиси, Ким ҳумо сўнгакдин айлар қуту шаккардин магас.
Аҳли дил хомушу даъвийи дастгоҳ пуч мағз, Шеваи гавҳар сукуту нолаи оҳинг жарас.
Ғам гиребонимнй тутса, ман тутай ҳам доманин, Соқиё, сен жом тутқил, ҳар қачонким дастрас.
Чок-чок ўлғон танимда хаста кўнглим шевани, Элни нолон қуш каби қилмиш жаҳонни бир қафас.
Турк ашъори Хумулий вусъати сўз аҳлиға, Мовароуннаҳр манғит Шаҳрисабзу кенагас.
* * *
Бу шубҳалиғ замонда, бешубҳа мол қанда? Эй подабони мискин, оши ҳалол қанда?
Мамлу ҳаромдиндур етти фалак табоқи, Ерда ҳалол сўрсанг, дандон ҳилол қанда?
Исён сулукидин пир қолғил демас муридин, Тоат юкин чекорға зоҳидга ҳол қанда?
Коҳил йигит этордин вақти намоз тоат, Аммо гунаҳ қилурдин қори малол қанда?
Саййидин хор қилди кизб аҳлини қароси, Бу юз қаролар ичра рухсори ол қанда?
Фасли ҳасаб ёшунди охирзамон элидин, Охунду хўжа кўптур, мулло жалол Қанда?
Хум пирининг, Хумулий, дайр ичра бил ғанимат, Масжид элинда мундоғ соҳиб камол қанда?
* * *
Оразин кўргач, қилурман лаълидин соғар тамаъ, Айлағондек равза боғини кўруб кавсар тамаъ.
Бўлма кўп дунёға толиб, ибрат ол хуршеддин, Ким чиқар ўт чашмасидин токи бўлди зар тамаъ.
Тожи заррин, хилъати.симин билан ўртанди шам, Ҳоли равшандур бировким қилди карру фар тамаъ.
Софдиллиғ истасанг бу баҳр аро хомуш бўл, Лозими ҳифзи нафасдурким қилур гавҳар тамаъ.
Ким аёғ остига тушди бетакаллуф шохдур, Хоки раҳ бўл нақши подек айласанг афсар тамаъ.
Иста ноҳожат кишидин гарчи мунъимдур карим, Эй Хумулий, хор этар чунким кишини ҳар тамаъ.
* * *
То қачон давроида бизни хоксор этгай фироқ, Заррадек музтар, қуюндек беқарор этгай фироқ...
Неча ҳижрон даштида қон кўзларимдин оқузуб, Доғи ҳасратдин танимни лолазор этгай фироқ.
Васл боғи чун хазони ҳажрдин эмин эмас, Оқил ул девонадурким ихтиёр этгай фироқ.
Ор этиб мандин қочинг, аҳбоб андин бурноким, Сизни ҳам мен зордек бенангу ор этгай фироқ.
Мудҳиш аҳволимни кўрса девдек ғам даштида, Ғулдин одам каби мандин фирор этгай фироқ.
Неча ул сарви сиҳи шояд гузор этгайму деб, Юз сорига кўзларимдин жўйбор этгай фироқ.
Муждаи васли учун жон бердиму ёд этмади, Шояд ўлгандин кейин уммидвор этгай фироқ.
Эй Хумулий, чой учун токай самовор уйидек, Ут солиб жонимға оҳимдин шарор этгай фироқ.
* * *
Йўқки анжум дурларидин гавҳар афшондур фалак, Бош-оёғи кўз бўлуб, ҳолимға ҳайрондур фалак.
Каҳкашон эрмаски ҳар тун то саҳар бедодидин, Оташин оҳим билан дасти гиребондур фалак.
Эрта меҳр афшон қилиб, оқшом пушаймондур бу ким Пой то сар пушти дасти захми дандондур фалак.
Бўлмаса маҳзул юзидин меҳри анжум тарҳ этиб, Кундуз оташбоз, тунлар пахта паррондур фалак.
Борса бир комил, қилур, оламда минг ноқис аён, Муҳр олиб анжум сотарға эски дўкондур фалак.
Бир қуёш бедодидин титрар таним симобдек, Ким бошидин чарх уруб афтону хезондур фалак.
Умр даврони, Хумулий, қилди кўнглумни синуқ, Оре, қаттиғ донаға қурғон тегирмондур фалак.
* * *
Мен эрурманким чекарман чархдин шому сабоҳ, ~ Юз жафову ғуссани кўрмай элидин бир фалоҳ.
Мунисим фақру, рафиқим ҳузну, комим дарду ғам, Мушфиқим аҳли залолат, душманим аҳли салоҳ.
Мумтанеъ роҳат аруси, мумтазиж золи миҳан, Маҳрамим бул бесабаб, аммо талоқ ул беникоҳ.
Ҳосилим яъсу, умидим васлу, бахтим вожгун, Заҳри қотил жомима тушган замон жонбахш роҳ.
Шохи иқболим нишебу, бехи идборим фароз, Пухта қилған ишларим хом, эҳтимомим ифтитоҳ.
Мансаби дину хилофатға қаламкашлиғ шиор, Қозидин хасмим юзига юз башорат минг мароҳ.
Ёлбориб юз минг тааб бирлан малаксиймолара, Телба ит сен деб, Хумулий, қилмадилар истилоҳ.
* * *
Ёр ила хилватни доим илтижо айлар кўнгил, Бу на жоҳилдурки, даъвои хало айлар кўнгил.
Сарвдек раъно қадидин муддате озод эдим, Ёна сунбулдек сочиға мубтало айлар кўнгил.
Ҳар пари ҳуснин таманносида ўзидин бориб, Бора-бора ўзни качкўли гадо айлар кўнгил.
Гарчи кўнглумни кўруб лаълин қизил қон қилди кўз, Эмди кўрмай оразин юзин қаро айлар кўнгил.
Йиқмасун деб кўйида кўнглумни заъфу зорлиғ, Қомати ёдида оҳимдин асо айлар кўнгил.
Эйки, йўлунгда оқарди интизорингдин кўзум, Келки, хоки мақсадингни тўтиё айлар кўнгил.
Эй Хумулий, чун киройи ақл эмас асбоби жоҳ, Эмди дунё сайдиға ўздин киро айлар кўнгил.
* * *
Ҳусни барқидин яна яхши-ямонға тушти ўт, Қайси яхши, қай ямон, икки жаҳонға тушти ўт.
Қомати шавқида хушк ўлган танимдин нолалар, Тонг эмас ул шамъдин бу найситонға тушти ўт.
Секратиб кўк тавсан узра оташин хўюммудур, Ё узори ламъасидин осмонға тушти ўт.
Қарриларға ишқ ўти барнодин афзун кор этар, Сабзадин ортиқ кўяр чунким самонға тушти ўт.
Сабзаи хат бирла гулрухсор кўргузди магар, Ким баҳор айёмида фасли хазонға тушти ўт.
Оташин гул демаким булбул шарарлиғ оҳидин, Ўртониб гулбун саропо гулситонға тушти ўт.
Эй Хумулий ҳам бўлуб қаддинг бу пулдин ўтмадинг, Эмдиким аввал ғами озурда жонға тушти ўт*
* * *
Бемуҳаббат булҳавасқа нўши соғардин на ҳаз, Майға тушкон ҳармагасга роҳи аҳмардин на ҳаз.
Илм Касбидин гаронбор ўлса нодон важҳи бор, Кўзаи ҳамёнға охир сийм ила зардин на ҳаз.
Билмаса тонг йўқ хароми лаззати қути ҳалол, Ҳисси модарзодға ёри суманбардин на ҳаз.
Бу саодат қурбати абрордин файз истама, Бу Лаҳабга нисбати поки паямбардин на ҳаз.
Симу зар жамъ айладинг нури сафодин уз кўнгул, Юз қаролиғдин дигар мирзоға дафтардин на ҳаз.
Файзи маъни бўлмаса суратға бўлмас эътибор, Нақш то туфроғдир бошинда афсардин на ҳаз.
Шавқидин парвона бўл, хуффош бир ул беқанот, Бемуҳаббат мокиёнға бол ила пардин на ҳаз.
Хизрдек дил зинда бўл, умри абаддин комёб, Жони йўқ оинаға мулки Сикандардин на ҳаз.
Эй Хумулий, риш ила дастори мўйи пахтадур, Жавҳари марди керакдур бу кару фардин на ҳаз.
* * *
Баски кечди ёр ҳажридин манга айём талх, Оғзима олсам шакар ҳосил қилурман ком талх,
То қаро кўзлиғ нигорим қилмади аччиғ нигоҳ, Қилмадим маълумким эрмиш қаро бодом талх.
Заҳр бўлса хум аро жоним ажаб эрмаски ёр, Ғайрдин ибром аччиғ, ёрдин инъом талх.
Одат ўлмишдур манга ҳажр ичра заҳр ошомлиғ, Хони васл ўлса муяссар айлагум ибром талх.
Бўлса аччиғ зиндагоним не ажаб чунким манга, Бир қуёш ҳижронидин чарх ичтурур ҳар шом талх.
То чучуклиғдин дам урди лабларинг, эй муғбача, Рашкдин қилди мизожин бодаи гулфом талх.
Эй Хумулий, ринду расволиғ эрур кайфиятим, Душманимдур воизутаклифи нангу ном талх.
* * *
Оразу лаълу қадинг ошуби бирлан боғбон, Ғунчаи боғлиғ гули ошуфтау сарви равон.
Сафшиканлиғ, сандину хўблардин хўб эмас, Кимдадур бу қошу кўзким, сендадур, эй шаҳ камон.
То ҳалойиқ шаккари хаттингга мафтун бўлдилар, Бўлди тасбеҳи малоик еру кўкдин алъамон.
Эл паридин телба, ман сандин қилиб ақл иктисоб, Ишқ файзин кўрки, суд ўлмиш манга айни зиён.
Икки уйқулиғ кўзунгдин бир кўнгул осуда йўқ, Ул икки юзи қароў ул икки ўғри ноимон.
Ростлиғда қоматинг отқан ўқунгдек дйлнишин, Эгрилиғда кокулунг печу хами афъи нишон.
Наргисинг айнул ҳаётедурки мужгон сабзаси, Ё мижанг милу кўзунг аҳли назарға сурмадон.
Эй Хумулий, бошим ул гесуни савдохонаси, Икки ёш оққан кўзум ул уйга икки новдон. |
|
Кентервиллик арвоҳ. Оскар Уайлд |
|
|
|
28.10.2013 16:33 |
Моддий ва руҳий узвий чатишиб кетган романтик воқеа
1
Америкалик элчи мистер Хайрэн Б.Отис Кентервил қасрини сотиб олишга қарор қилганида ҳамма уни ўта бемаъни бу ишдан қайтаришга уринди, чунки қаерда арвоҳ борлиги барчага маълум ҳақиқат-ку, ахир. Ҳатто энг майда-чуйда нарсаларни ҳам ўз ўрнига қўйишга одатланган мард Кентервилнинг ўзи олди-сотди ҳужжатини тузиш пайтида мистер Отисни бу ҳақда огоҳлантириб қўйишни ўз бурчи деб билди. – Биласизми, гап нимада, – дея сўз бошлади Лорд Кентервил. – Бувимнинг синглиси, герцогиня Болтон исмли бир бева холам бўларди. У бир куни ўз хонасида тушлик учун кийинаётганида тўсатдан елкаларига иккита қоқсуяк қўл келиб тушган. Бояқиш азбаройи қўрққанидан асабий тутқаноқ дардига учраб, ўзини ўнглай олмай ўтиб кетди. Сизга очиғини айтсам, мистер Отис, арвоҳ ҳозирда ҳаёт бўлган оила аъзоларининг кўпчилигига ҳам кўринган. Уни маҳаллий руҳоний, Кембриждаги Қироллик коллежи магистри Огастас Дампьер ҳазратлари ҳам кўрганлар, Герцогинянинг бошидан кечган бу даҳшатдан сўнг хизматкорларнинг бари бизни ташлаб кетди. Леди Кентервил эса умуман уйқусизликка учради: Худо берган кечаси унга йўлак ва кутубхонадан аллақандай номаълум шовқин эшитиладиган бўлиб қолди. – Бўпти, милорд, – дея жавоб қилди мистер Отис, – арвоҳни ҳам жиҳозлар қаторига қўшиб қўя қолинг. Мен пулга сотиб олиш мумкин бўлган жамики нарсалари бор илғор мамлакатдан келганман. Қолаверса, ёшларимиз сизларнинг Эски Дунёингизни ағдар-тўнтар қилиб юборишга қодир ўктам авлод. Энг яхши актрисаларингизу опера хонандаларингизни ватанимизга олиб кетишаяпти. Бинобарин, Европада ақалли биттагина арвоҳ учраб қолса ҳам кўз очиб- юмгунча биздаги бирон музейда ёки сайёр томошахонада пайдо бўлиши аниқ. – Кентервиллик арвоҳ ҳар қалай мавжуд, деган фикрдаман барибир, – деди лорд Кентервил жилмайиб. –У сизларнинг уддабуро импрессароиларингиз таклифига учмаган бўлиши эҳтимол. Бироқ бу ерда у нақ уч юз йил – аниқроқ, бир минг беш юз саксон тўртинчи йилдан бери маълум ва машҳур. Одатда, оиламиз аъзоларидан биронтасининг ўлими олдидан, албатта, пайдо бўлади. – Одатда, лорд Кентервил, бундай ҳолларда оилавий шифокор келади. Ҳеч қандай арвоҳ йўқ; сэр, ва мен табиат қонунлари ҳамма – ҳаттоки инглиз аслзодалари учун ҳам бир хил, деб ўйлашга журъат этаман. – Сиз америкаликлар табиатга жуда яқинсизлар ҳали! – дея хитоб қилди лорд Кентервил, у мистер Отис сўзларининг ниҳоясидаги кинояни тўлиқ илғаёлмаганди, чоғи. – Нимаям дердим, агар арвоҳли уй сизга маъқул бўлса, демак, ҳаммаси жойида. Фақат, сизни огоҳлантирганимни унутиб қўймасангиз. Бас. Бир неча ҳафтадан кейин олди-сотди ҳужжати имзоланди ва Лондон мавсуми якунлангач, элчи оиласи билан Кентервил қасрига кўчиб келди. Миссис Отис ўз вақтида – 53-Ғарбий кўчада яшовчи мисс Лукреция Р.Тэппен деган номда юрган қизлик пайтидаёқ гўзаллиги билан бутун Нью-Йоркка донг таратганди. Эндиликда эса у – ўрта ёшлардаги, тароватини ҳануз йўқотмаган, кўзлари нурли, хушбичим хоним. Америкалик аёлларнинг аксарияти ватанни тарк этаётиб, ўзларини сурункали хасталиклардан бирига учрагандек қилиб кўрсатишади, гўёки бу европача назокату нафосатнинг белгиларидан бири эмиш. Миссис Отис бунақа нарсани хаёлига ҳам келтирмайди. У қадди-қомати бағоят келишган, бутун борлиғи ғайрат-шижоатга тўлиб-тошган аёл. Тўғри, уни ҳақиқий инглиз аёлидан фарқлаш қийин, бу эса, агар тилдаги тафовутни ҳисобга олмаганда, эндиликда Америка билан бизда ҳамма нарса бир хил эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Тўнғич ўғилга ота-онанинг ватанпарварлик ҳисси жўш уриб кетиб, Вашингтон деб ном беришган, ўзи эса бундан доимо афсусланиб юради. У оқ-сариқдан келган, анча кўркам йигит, дурустгина америкача дипломат бўлиб етишадиган сиёқи бор. Негаки, муттасил уч мавсум мобайнида Ньюпорт казиносида немисча кадрилга дирижёрлик қилди, ҳатто Лондонда ҳам ажойиб раққос сифатида танилди. Хуллас, гардения*га ва гералдика**га айланишиб қолганини айтмаганда, бошқа ҳамма нарсада мутлақо соғлом фикр юритадиган йигит. Мисс Виржиния Е.Отис ўн олти ёшга қараб кетаяпти. У сарв қомати нақ оҳудек латофатли, мовий кўзлари катта-катта, тиниқ нигоҳли қиз. Понини чиройли миниб юради, бир куни кекса лорд Билтонни Гайд-парк атрофида икки марта пойга ўйнашга кўндириб, нақ Ахиллес ҳайкали ёнида ундан жажжи от танасининг бир ярим баробари масофасида ўзиб кетди. Буни кўриб турган ёш Чешир герцоги шунақанги қойил қолдики, ўша заҳотиёқ менга турмушга чиқсангиз, деб сўради. Бироқ герцогни оталиққа олганлар уни ўша куни кечқуруноқ кўзда ёшлари билан Итонга қайтариб юборишди. Оилада Виржиниядан кейин ёш эгизаклар ҳам бор, улар узлуксиз суратда савалаб турилгани сабабли “Юлдузлар ва йўл-йўл белгилар” деган лақаб олишган. (Бу ўринда АҚШнинг серюлдуз ва йўл-йўл байроғига ишора этилаяпти – Тарж.) Шу боис ҳам бу шўх-шаддод болакайлар, муҳтарам элчини ҳисобга олмаганда, оилада эътиқоди энг кучли республикачилар эди. Кентервил қасридан темир йўлнинг энг яқин бекати Аскотгача бўлган масофа етти милга тенг, бироқ мистер Отис бекатга от-улов юбориши тўғрисида телеграф орқали ўз вақтида буйруқ бергани туфайли оила аъзолари қасрга томон хушнуд кайфиятда йўлга тушишди. Июлнинг сўлим оқшоми, ҳаво қарағайзорнинг илиқ, муаттар ҳидига тўйинган. Аҳён-аҳёнда ўз овозидан масрур ўрмон кабутарининг нозик ку-кулаши эшитилади, папортникларнинг шитирлаган чангалзорида тустовуқнинг олачипор кўкраги кўзга ташланиб қолади. Митти олмахонлар баланд дарахтлар тепасидан мўралайди, қуёнлар пастак ўт-ўлан орасига яшириниб олган ёки оппоқ думчасини диккайтирганча йўсин босган сўқмоқлар бўйлаб тирақайлаб қочиб кетади. Бироқ йўловчилар Кентервил қасрига олиб борадиган хиёбонга кириб улгурмаган ҳам эдиларки, бирданига осмонни булут қоплаб, атрофга ғалати сукунат чўкди. Зағчаларнинг улкан галаси уларнинг боши узра бесас учиб ўтди, уйга яқинлашиб қолганларида эса ёмғир йирик-йирик томчиларини аста-секин ташлай бошлади. Остонада келгувчиларни қора шойи кўйлак кийган, оқ рўмол танғиб, пешбанд боғлаган сариштагина кампир кутиб олди. Бу уй бошқарувчиси мисс Амни бўлиб, миссис Отис уни леди Кентервилнинг илтимос-ўтинчига биноан аввалги ўрнида қолдирган эди. Аёл эски анъанага мувофиқ, оила аъзоларининг ҳар бирига чуқур таъзим қилди ва: – Кентервиллар қасрига хуш келибсизлар! – деди. Улар ходима ортидан уй ичига йўл олишди ва Тюдорлар даврига хос ҳақиқий холлдан ўтгач, кутубхонага кириб қолишди. У узунчоқ ва шифти пастак хона бўлиб, деворларига қора эман тахтаси қопланган, эшик рўпарасида каттагина витраж бор эди. Бу ерда чой ичишга ҳамма нарса тайёрлаб қўйилган экан. Улар ёмғирпўшлари билан шарф-ларини ечиб, дастурхон атрофида жойлашиб олгач, миссис Амни чой қуйгунига қадар, хонани кўздан кечира бошлашди. Шу пайт миссис Отис камин ёнидаги полда вақт ўтишидан қорайиб кетган қизил доғни кўриб қолди ва у қаердан пайдо бўлганини билолмай, мисси Амнидан сўради: – Бу ерга бирон нима тўкилган, шекилли? – Ҳа, хоним, – дея жавоб қилди кекса бошқарувчи шивирлаб, – бу ерга қон тўкилган. – О, қандай бемаънилик! – дея хитоб қилди миссис Отис. – Мен меҳмонхонамда қонли доғлар бўлишини истамайман. Уни дарҳол ювиб ташлашсин! Кампир кулимсиради ва яна ўша сирли оҳангда шивирлаб жавоб берди: – Сизлар леди Элеонора Кентервилнинг қонини кўриб турибсизлар. Уни минг беш юз етмиш бешинчи йили эри сэр Симон де Кентервил худди шу жойда ўлдирган эди. Шундан сўнг сэр Симон яна тўққиз йил яшади ва кейин бирданига, мутлақо сирли равишда ғойиб бўлиб қолди. Унинг танаси умуман топилмади, аммо гуноҳга ботган руҳи ҳали-ҳануз қасрни кезиб юрибди. Бу ерга келувчи сайёҳлар ва бошқа зиёратчилар мана шу абадий ўчмас қон доғини ниҳоятда қизиқиб томоша қилишади. – Бу қандай бемаънилик! – деди Вашингтон Отис. – Пинкертоннинг беқиёс Доғ йўқотгичи ва намунавий тозалагичи уни бир дақиқага қолмай йўқ қилиб ташлайди! У шундай деб тиззалаб олди ва то қўрқиб кетган бошқарувчи халақит бериб улгурмасиданоқ, лаббўёқ идишчасига ўхшовчи кичик қора таёқчада полни қира бошлади. Бир дақиқага борар-бормас, доғдан асар ҳам қолмади. – “Пинкертон” панд бермайди! – деди йигитча бу ишга қойил қолган оила аъзоларига тантанавор тарзда ўгирилар экан. Аммо у гапини тугатиб улгурмай, нимқоронғи хона (чақмоқнинг ўткир ёғдусидан) ёришиб кетди, момоқалдироқнинг даҳшатли гулдуроси ҳаммани оёққа турғизиб юборди, миссис Амни эса ҳушини йўқотди. – Нақадар расво иқлим, – деди америкалик элчи бамайлихотир оҳангда ва учи кесилган узун сигарасини ўт олдирди. – Қадимги ватанимизда аҳоли шунчалик кўпайиб кетганки, ҳаттоки тузукроқ об-ҳаво барчага бирдек етишавермайди. Англия учун ягона нажот йўли – аҳолини четга кўчириш, деб билиб келганман ҳамиша. – Азизим Хайрам, – деди миссис Отис, – мабодо бу аёл сал нарсага ҳушидан кетаверса, нима қилишим керак? – Нима қилардинг, идишни синдириб қўйганида бўладигандек, маошидан бир марта чегириб қол, – деб жавоб берди элчи, – дарров ақли киради. Чиндан ҳам икки-уч лаҳза ўтгач, миссис Амни ҳушига келди. Бироқ, ларзага тушганидан ўзини ҳали буткул ўнглаб ололмагани шундоққина сезилиб турарди, акс ҳолда мистер Отисга хонадонингизга фалокат таҳдид солаяпти, деб тантанавор башорат қилишига бало бормиди. – Сэр, – деди у, – мен шундай нарсаларни кўришимга тўғри келганки, ўрнимда ҳар қандай тақводорнинг тепа сочи тикка бўлиб кетарди. Бу ернинг даҳшатидан қанча-қанча кечаларда мижжа қоқмай чиққанман. Лекин мистер Отис билан унинг рафиқаси муҳтарама ходимани биз арвоҳдан қўрқмаймиз, деб ишонтиришди. Шунда кекса уй бошқарувчиси ўзининг янги хўжайинларига Парвардигорнинг марҳаматини тилади ва унинг маошини оширишса ёмон бўлмаслигига шама қилишни ҳам унутмаган ҳолда, мажолсиз оёқларини оҳиста босиб, ўз хонасига йўл олди.
2
Туни билан бўрон увиллаб чиқди, аммо айтарли ҳеч қандай воқеа бўлмади. Бироқ эрталаб оила нонуштага тўпланганида ҳамма яна ўша қўрқинчли қон доғини кўрди. – Намунавий тозалагичга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас, – деди Вашингтон. – Мен уни нималарда синаб кўрмаганман, ахир. Бу ўринда чиндан ҳам арвоҳнинг қўли борга ўхшайди. У доғни яна йўқотди, лекин эртасига эрталаб доғ яна ўз ўрнида пайдо бўлиб қолганди. Шу куни кечқурун мистер Отис ухлагани кетишдан аввал кутубхона эшигини ўзи қулфлаб, калитини ёнига солиб қўйди. Бироқ эртасига ҳам яна ўша аҳвол такрорланди. Энди бутун оила арвоҳлар масаласига қизиқиб қолганди. Мистер Отис руҳлар мавжудлигини инкор этиш билан фикр қотиб қолишига йўл қўймадиммикан, деб ўйлай бошлади. Миссис Отис арвоҳлар ҳаётини ўрганувчилар жамиятига аъзо бўлиш нияти борлигини билдирди. Вашинг-тон эса “Майерс ва Подмор” фирмасига жиноят оқибатида пайдо бўлган қон доғлари узоқ муддат сақланиши хусусида узундан-узоқ мактуб битди. Мабодо шундан кейин ҳам оила аъзоларида арвоҳлар мавжудлиги тўғрисида бирон-бир шубҳа қолган бўлса, шу кечасиёқ у бутунлай тарқаб кетди. Серқуёш, иссиқ кун ҳам ниҳоясига етди ва оқшом салқини тушганида Отислар сайр қилгани йўл олишди. Улар уйга кеч соат тўққизларда қайтиб, енгил таом билан кифояланишди. Арвоҳлар ҳақида умуман гап очилмади, чунки даврадагилар руҳлар моддийлашувидан олдин кўпинча бўладиган юқори сезгирлик даражасида эмасди мутлақо. Кейинчалик мистер отис менга айтиб берганига қараганда, олий табақага мансуб маърифатли америкаликлар доимо нималар ҳақида гапиришса, улар ҳам ўша оқшом айнан шу нарсалар тўғрисида мисс фанни Давенпорт актриса сифатида Сара Бернардан ўлса ўлиги ортиқлиги; ҳатто энг яхши инглиз хонадонларида ҳам жўхори, маржумак нони ва бўтқаси дастурхонга тортилмаслиги; жаҳон маданиятининг шаклланишида Бостоннинг аҳамияти; темир йўлда юк ташишда чипта тизимининг афзалликлари; Лондоннинг чўзилувчан таллафузига нисбатан Нью-Йоркнинг майин талаффузи ёқимли эканлиги ва ҳоказо мавзуларда гапириб ўтиришган. Ғайритабиий нарсалар ҳақида мутлақо гап бўлмаган, сэр Симон де Кентервил тўғрисида-ку, ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмаган. Соат ўн бирда оила аъзолари дам олгани тарқалишган ва ярим соатдан кейин уйда чироқлар ўчирилган. Бироқ кўп ўтмай, мистер Отис йўлакдан, у ётган хонанинг шундоққина эшиги олдидан эшитилаётган ғалати шовқиндан уйғониб кетди. Назарида темирлар жаранглашини илғагандек бўлди ва бу товуш дақиқа сайин янада яққолроқ янграй бошлади. У ўрнидан турди, гугурт чақиб, соатга қаради: роппа-роса тунги бир эди. Мистер Отис пинагини бузмаган кўйи темирни ушлаб кўрди – у доимгидек бир маромда уриб турарди. Йўлакдаги ғалати шовқин ҳануз тинмас, энди қадам товушлари аниқроқ эшитила бошлаганди. Элчи оёғига шиппакни илиб, зарурат буюмлари сақланадиган жойдан қандайдир узунчоқ шиша идишча олди ва бориб эшикни очди. Унинг рўпарасида, Ой ёғдусида қўрқинчли қиёфадаги бир чол турарди. Кўзлари чўғдек ёнаяпти, узун, оппоқ сочлари патила-патила бўлиб елкасига тушган, алмисоқдан қолган бичимдаги яғир кўйлаги тилка-пора, кишан урилган қўл-оёқларидан залворли ва занглаган занжирлар осилиб турибди. – Сэр, – деди мистер Отис, – сиздан шуни ўтиниб сўрашга мажбурманки, бундан кейин занжирларингизни мойлаб юрсангиз. Шу мақсадда “Демократик партиянинг балқиётган қуёши” номли машина мойи-дан бир шишачани сиз учун олиб чиқдим. Ишлатган заҳотингиз кўнгилдагидек натижа беради. Буни бизнинг таниқли руҳонийларимиз тасдиқлашган, ёрлиғи билан танишиб кўргач, бунга шахсан ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Мен шишачани шамдон ёнидаги манави столча устида қолдираман, мабодо яна керак бўлиб қолса, бу восита билан сизни таъминлаб туришни ўз бурчим деб биламан. Қўшма Штатлар элчиси шундай деб, шишачани мармар столча устига қўйди, кейин хонасига кириб, эшикни ёпди ва тўшагига чўзилди. Кентервиллик арвоҳ кутилмаган бу муносабатдан қотиб қолганди. Кейин ғазаб ичида шишачани олиб паркет полга урди, сўнг ўзидан мудҳиш яшил ёғду таратганича, оғир ингроқ билан йўлак бўйлаб олдинга интилди. Бироқ у эман ёғочидан ясалган кенг зинапоянинг юқори майдончасига энди чиқиб улгурганди ҳамки, ланг очилган эшикдан иккита оқ шарпа отилиб чиқди ва улкан ёстиқ унинг боши устидан шувиллаб учиб ўтди. Руҳ фурсатни бой бермай жон ҳалпида тўртинчи ўлчамга ўтишга улгурди ва деворнинг тахта қопламаси ичига сингиб, яшириниб олди. Уйга сукунат чўкди. Арвоҳ қасрнинг чап қанотидаги махфий ҳужрасига етиб боргач, Ой нурига суяниб, бирпас нафас ростлади ва кейин қандай аҳволга тушиб қолгани тўғрисида ўйлай бошлади. Уч юз йиллик шарафли ва бенуқсон хизмати мобайнида уни ҳатто бирон марта ҳам бу қадар таҳқирлашмаган эди. Арвоҳ ўзи учун ширин хотираларга берилиб кетди беихтиёр... ... Бева герцогиня бошдан-оёқ зеб-зийнатлару жавоҳирларга кўмилиб, кўзгуда ўзига маҳлиё бўлиб турганида уни ўлгудай қўрқитиб юборганди. Меҳмонлар учун ажратилган ётоқхонанинг дарпардаси ортидан бор-йўғи бир кулиб қараганида тўртта оқсоч нақ жазавага тушиб қолган. Маҳаллий руҳоний бир куни кечқурун кутубхонадан чиқиб келаётганида қўлидаги шамни кимдир пуфлаб ўчириб қўйди – бечора асаб хас-талигига учраб, ҳалигача сэр Уилям Галлнинг қўлида даволанади. Кекса мадам де Тремуляк бир тонгда бехосдан уйғониб кетганида камин ёнидаги оромкурсида унинг кундаликларини ўқиб ўтирган скелетга кўзи тушиб қолди; шундан кейин кампир бояқиш мия яллиғланиши хасталиги билан олти ой кўрпа-тўшак қилиб ётди, черковга интилди ва маш-ҳур шаккок мосье ва Волтер билан алоқани бутунлай узди. Лорд Кентервилни тунда кийимхонада, томоғига валет қартаси тиқилганидан бўғилиб қолган ҳолда топишди – қария жон берар чоғида худди шу қарта билан Крокфорд қиморхонасида Чарлз Жеймс Фексни эллик минг фунтга чув туширганига иқрор бўлди ва бу қартани унинг томоғига Кентервиллик арвоҳ тиқиб қўйганини айтиб берди. Арвоҳ ўзининг буюк ишларидаги ҳар бир қурбонни – қаср саркоридан тортиб соҳибжамол Статфилдгача эслади. Саркор буфет хонасининг деразасини ям-яшил қўл тақиллатаётганини кўрган заҳотиёқ ўзини отиб қўйганди. Леди Статфилд эса оппоқ терисида қолган бешта бармоқ изларини яшириш учун ҳамиша бўйнига қора барқут рўмолча ташлаб юришга мажбур эди. Кейинчалик у қирол хиёбони адоғидаги, зоғора балиқлари билан машҳур бўлган ҳовузга ўзини ташлаб, ўлиб қутулди. Арвоҳнинг бутун борлиғини ҳар қандай ҳақиқий рассомга яхши таниш бўлган туйғу – ўз ижодидан масрурлик, сархушлик туйғуси қамраб олган эди. У ўзининг энг яхши ролларини хаёлидан бирма-бир ўтказар экан, лабларида аччиқ кулгу ўйнарди. У охирги марта Қизил Рубен ёки чақалоқларни бўғиб ўлдирувчи қиёфасида чиққанди. Биринчи мартасида эса Жибон Дароз ёки Бекслей Ботқоғидаги қонсўрар ролида намоён бўлган. Арвоҳ яна бир воқеани – июннинг осуда бир оқшомида теннис майдончасида ўз суяклари билан кегли ўйнаб, томошабинларни ларзага солганини эслади. Мана энди, шунча воқеа-ҳодисалардан кейин қасрга манави лаънати америкаликлар келиб, унга машина мойини тиқиштиришса, ёстиқ улоқтиришса-я! Бунга тоқат қилиб бўладими, ахир! Арвоҳ шунчалик хўрланганини тарих кўрмаган ҳали! Хуллас, у қасос олишни кўнглига тугиб қўйди ва тонг отгунича қилт этмай, чуқур ўй-хаёлларга ғарқ бўлди.
3
Эртасига эрталаб, нонушта пайтида Отислар арвоҳ ҳақида анча узоқ суҳбатлашиб ўтиришди. Қўшма Штатлар элчиси совғаси рад этилганидан жиндек кўнгли оғриганди. – Мен арвоҳни ранжитмоқчи эмасман, – деди у, – лекин шу масалага боғлиқ ҳолда бу уйда шунча йиллар яшаган одамга ёстиқ улоқтириш ўтакетган одобсизлик эканини ҳам айтмасдан ўтолмайман. – Афсуски, мутлақо ҳаққоний бу танбеҳни эгизаклар қаттиқ хохолаш билан кутиб олишди. – Аммо шунга қарамай, – дея давом этди элчи, – агар руҳ қайсарлик қилаверса ва “Демократик партиянинг балқиётган қуёши” номли машина мойидан фойдаланишни истамаса, уни занжиру кишанлардан халос этишга тўғри келади. Эшик ортида шалдир-шулдур қилиб туришганидан кейин ухлаб бўлмаяпти. Бироқ ҳафтанинг охиригача уларни ҳеч ким безовта қилмади, фақатгина кутубхонадаги қон доғи ҳар куни эрталаб яна пайдо бўлиб, ҳамманинг ғашига тегаётганди. Бунинг сабабини тушунтириш қийин, чунки ҳар куни кечқурун хона эшигини мистер Отиснинг ўзи қулфлайди, дераза қопқалари эса мустаҳкам тамбалар билан ёпилади. Иккинчи томондан, доғ рангининг ўзгариб туриши ҳам изоҳ талаб қилади. У баъзан қора-қизил, бошқа пайтлари эса қирмизи тусга киради. Бир куни епископал черковнинг ислоҳ қилинган Америкача эркин кўринишига мансуб ва соддалаштирилган маросим бўйича оилавий ибодат қилиш учун ҳамма пастда йиғилганида доғ зумрад-яшил тусда эканлигини кўришди. Ранглар кутилмаган тарзда алмашиниб туриши, табиийки, оила аъзоларини жудаям қизиқтириб қолди ва улар ҳар куни кечқурун эрта тонгда қайси ранг пайдо бўлиши устида гаров ўйнай бошлашди. Ёлғиз жажжи Виржиниягина бу ўйинларга қўшилмасди, қон доғини ҳар гал кўрганида у нима учундир маъюсланиб қоларди, у яшил тусга кирган куни эса сал бўлмаса йиғлаб юборай деди. Душанбага ўтар кечаси руҳ ўзини иккинчи марта намойиш этди. Оила эндигина ётганида бирданига холлдан даҳшатли гурсиллаш эшитилиб қолди. Ҳамма қўрқиб кетиб, пастга югуриб тушганида тагликда турган рицарлик совути қулаб, йирик-йирик қисмлари полда ётганини, баланд суянчиқли оромкурсида эса Кентервиллик арвоҳ тиззаларини силаганича оғриқдан афти буришиб ўтирганини кўришди. Эгизаклар шу заҳотиёқ камончадан мерганлик билан биттадан ўқ узиб қолишга улгуришди – улар бу қадар маҳоратга ҳуснихат ўқитувчисини нишонга олиб, узоқ давом этган жиддий машқлар туфайли эришишган эди. Қўшма Штатлар элчиси эса арвоҳга тўппонча ўқталиб, Калифорния одати бўйича “Қўлингни кўтар!” деди. Руҳ ирғиб турди-да, аламли ҳайқириқ билан улар орасини тумандек ёриб ўтди, Вашингтоннинг қўлидаги шамни ўчириб, ҳаммани зулмат қўйнида қолдирди. У зинапоянинг юқори майдончасига чиқиб, бироз нафас ростлагач, ўзининг машҳур иблисона қаҳқаҳасини ишга солишга қарор қилди, чунки бу унга бир неча марта муваффақият келтирганди. Айтишларича, шу машъум қаҳқаҳа туфайли лорд Рейкернинг ясама сочи бир кечада оқариб кетганмиш. Леди Кентервилнинг уч нафар гувернант аёллари қасрда ҳали бир ой ишламай туриб қочиб кетишларига ҳам ана шу мудҳиш хохолаш сабаб бўлгани шубҳасиз. Ана шу воқеаларни эслаган арвоҳ шу даражада иблисона қаҳқаҳа урдики, қасрнинг қадимий гумбазлари кўчиб тушишига оз қолди. Бироқ даҳшатли акс садо тинган заҳоти эшик очилиб, унинг рўпарасига оқиш-зангори капотедаги миссис Отис чиқиб келди. – Тобингиз қочган кўринади, – деди у. – Сиз учун доктор Добеллнинг дамламасидан келтирдим. Агар ошқозонингиз азоб бераётган бўлса, у ёрдам қилади. Руҳ унга қаҳр билан қарадию қора итга айланишга шайланди, чунки бу истеъдоди унга катта шон-шуҳрат келтирганди. Мисол учун лорд Кентервилнинг амакиси, мўътабар Томас Хортон бедаво телбалик дардига йўлиққанига оилавий шифокор ана шу ҳодисани сабабчи қилиб кўрсатган. Бироқ яқинлашиб келаётган қадам товушлари арвоҳни бу ниятидан воз кечишга ундади. Натижада у фосфор янглиғ заифгина ёғдулана бошлаш билан кифояланишига тўғри келди ва эгизаклар етиб келаётган лаҳзада қабристонда эшитиладиган оғир ингроқ билан ғойиб бўлишга улгуриб қолди. Бошпанасига етиб борганида у ўзини мутлақо йўқотиб қўйди ва қаттиқ изтиробга тушди. Эгизакларнинг тарбиясизлиги ва миссис Отиснинг дағал моддиюнчилиги уни бағоят саросимага солганди, бироқ совутни кийишга муваффақ бўлолмагани унга ҳамма нарсадан кўпроқ алам қиларди. У, ҳатто ҳозирги америкаликлар ҳам совут кийган арвоҳни кўрганда жилла қурса ўз миллий шоирлари Лонгфелленинг ҳурмати учун жиндек чўчиб қўйишса керак, деб тахмин қилганди. Кентервиллар шаҳарга кетган пайтлари арвоҳ шоирнинг нафис ва ҳузурбахш шеърияти устида соатлаб ўтирганлари беҳуда эмас, албатта. Кейин, у ёғини суриштирадиган бўлсак, бу унинг ўз совути-ку, ахир! Сэр Симон де Кентервил ўшанда – Кенилвортда ўтган турнирда мана шу совутда бағоят шавкатли бўлиб кўринган ва ҳатто ёш маликанинг ўзидан беқиёс зўр мақтовни эшитиш шарафига муяссар бўлган эди. Мана эндиликда залворли кўкрак зирҳи ва пўлат дубулға унга жуда оғирлик қилиб қолибди – совутни кийганида у тош саҳнга йиқилиб тушди, тиззалари ва ўнг қўл бармоқлари эзилиб кетди. Арвоҳ мазаси бўлмай чинакамига ётиб қолди ва бир неча кунгача хонасидан чиққани йўқ, фақат кечалари қон доғини етарлича тартибда сақлаб туриш учунгина бориб келарди, холос. Бироқ ўз-ўзини моҳирона шифолаши туфайли тезда соғайиб кетди ва энди элчи билан унинг оила аъзоларини учинчи марта қўрқитиб кўришга қарор қилди. Шу мақсадда ўн еттинчи август жумани белгилади ва бир кун аввал алламаҳалгача кийимларини кўздан кечириб чиқди. Охири қизил пат қадалган баланд, кенг ҳошияли шляпани, бўғзи ва енгларида қон доғлари бўлган кафанни ҳамда занглаган ханжарни танлади. Ўша куни кечга бориб жала қуйиб берди, шамол шу қадар қутурдики, эски уйнинг барча дераза-эшиклари нақ нари бориб, бери келарди. Аммо бундай об-ҳаво унинг учун айни муддао эди. Режани қуйидагича тузди. Биринчи навбатда Вашингтон Отиснинг хонасига оҳиста кириб боради, оёқ томонида бир нималарни тўнғиллаганича тураверади, кейин юракларни увиштириб юборувчи мусиқа садолари остида ўз бўғзига уч марта ханжар уради. Вашингтонга нисбатан унинг алоҳида бир алами бор, чунки Кентервилнинг машҳур Қон Доғини жин ургур аллақайси бир Пинкортоннинг намунавий тозалагичи билан ўчиришни ана шу йигитча одат қилиб олганини у жудаям яхши билади. Мана шу беақл ва беодоб ўсмирни қўрқувдан тахта қилиб қўйганидан кейин Қўшма Штатлар элчиси билан рафиқасининг ётоқхонасига ўтади. Муздек тер босган қўлини миссис Отиснинг пешанасига туртганича, унинг дир-дир титраётган эрига дахманинг даҳшатли сирларини шивирлаб айтаверади. Жажжи Виржинияга нисбатан қандай йўл тутишини ҳозирча аниқ ўйлаб кўргани йўқ. Чиройли ва оқкўнгил бу қиз уни бирон марта ҳам ранжитмади. Бу ўринда жавон ичидан туриб бир неча марта бўғиқ инграшнинг ўзи кифоя қилар, ҳойнаҳой. Мабодо қиз шунда ҳам уйғонмаса, арвоҳ акашак бўлиб қолган титроқ бармоқларида унинг устидан чойшабни тортади. Эгизакларнинг эса яхшилаб таъзирини бериб қўйиш керак. Авваламбор уларнинг кўкрагига ўтириб олиб, ваҳимали тушлар таъсирида типирчилашларини кўриб бир мириқади. Кейин, зумрашаларнинг каравоти бир-бирига яқин бўлгани учун ўртада муздек ва кўкариб кетган мурда бўлиб қаққайиб туриб олади. Тирмизаклар азбаройи даҳшатдан ўлар ҳолатга келиб қолмагунларича шу алфозда тураверади. Сўнгра устидаги кафанни ирғитиб, оппоқ суякларини намойиш қилади, битта кўзини гир-гир айлантирганича хонада у ёқдан-бу ёққа юраверади – Бесас Даннил ёки ўз жонига қасд қилганнинг скелети ролида худди шундай қилганди. Бу жуда кучли роль бўлиб, унинг машҳур Телба Мартин ёки Махфий Сир ролидан асло қолишмайди, томошабинларга бир неча марта қаттиқ таъсир кўрсатган.
Соат ўн яримда овозлар пасайганига қараб, у бутун оила дам олишга тарқалганини тушунди. Лекин ўқтин-ўқтин кучли қийқириқ ва хохолаш унга алламаҳалгача халақит бериб турди – эгизакларнинг шўхлиги, ўйинқароқлиги ҳатто уйқуни ҳам калака қилаётгандек эди. Бироқ ўн бирдан чорак ўтганда уйга сукунат чўкди, роппа-роса ярим тунда эса арвоҳ ишга чиқди. Бойқушлар деразага келиб урилишар, қарға қари эман тепасида қағиллар, шамол қадимий қаср атрофида гир айланиб, безовта руҳдек инграр ва сарсону саргардон кезарди. Отислар эса ҳеч нимадан хавотирланмаган кўйи хотиржам ухлашмоқда, ҳаттоки элчининг хуррак товуши ёмғир шатирлашию бўрон увиллашини босиб кетган. Руҳ ажин босган лабларида заҳарханда кулгу билан деворга қопланган тахта орасидан оҳиста чиқди. Ўзининг ва ўлдирган хотинининг герблари зарҳал билан туширилган фонусни кўтарганича дераза ёнидан биқиниб ўтаётган пайтида ой булутлар ортига яширинди. У мудҳиш соя янглиғ ҳануз олға интилар, ҳаттоки тунги зулматнинг ўзи ҳам унга жирканиб қараётгандек туюларди. Тўсатдан уни кимдир чақиргандек бўлди-ю, турган жойида тошдек қотди, – йўқ, қўшни фермада ит вовуллаган экан. У ўз йўлида давом этаркан, XVI асрнинг эндиликда ҳеч кимга тушунарсиз сўкишларини тўнғиллаганича ва занг босган ханжарни ҳавода сермаганича борарди. Ниҳоят, бадбахт Вашингтоннинг хонасига олиб борадиган йўлак бошланувчи муюлишга ҳам етиб келди. Шу ерда бироз нафас ростлади. Шамол унинг оппоқ сочларини тўзғитар, қабр ҳиди анқиган кафанида таърифга сиғмас даражада даҳшатли бурмалар ҳосил қиларди. Соат ўн иккидан чорак ўтди ва арвоҳ интиқом лаҳзаси етиб қолганини сезди. У мамнун ҳолда ҳиринглаб муюлишдан ўтди ва бор-йўғи бир қадам қўйганини биладики, аянчли фарёд урганча ўзини орқага ташлаб, докадек оқариб кетган юзларини узун, қоқсуяк қўллари билан беркитиб олди. Унинг нақ рўпарасида даҳшатли шарпа, телбанинг алаҳсирашига кўринадиган махлуқ ҳайкалдек қилт этмай турарди. Боши тап-тақир, силлиқ, думалоқ юзлари мурданикидек оппоқ, мудҳиш тиржайиши башарасида бир умр қотиб қолгандек. Кўзларидан қип-қизил нур сочилади, оғзи олов қайнаётган қудуқдек, арвоҳникига ўхшаб кетувчи машъум либоси – қордек оқ кафан бақувват танасини чирмаб олган. Шарпанинг кўкрагига осилган тахтачада қадимий ҳарфларда аллақандай ёзув битилган. Аламли мағлубият, ярамас иллатлар, ваҳшийларча ёвузликлар ҳақида бўлса керак у, ҳойнаҳой. Шарпа ўнг қўлида ярқироқ пўлат шамширни баланд кўтариб турибди. Кентервил руҳи шу пайтгача ҳеч қачон арвоҳларни кўрмаганди, шундан ўлгудай қўрқиб кетди, ваҳимали шарпага кўз қири билан яна бир бор назар ташладию тирақайлаб қочиб қолди. Оёғини қўлига олиб югурар экан, кафанига ўралашиб ҳансирарди, занглаган ханжарни йўл-йўлакай элчининг бошмоғи устига тушириб юборди ва уни эрталаб қаср саркори топиб олди. Хонасига етиб келиб ўзини хавфсизликда сезган руҳ қаттиқ тўшагига кириб, бошини чойшабга буркаб олди. Бироқ кўп ўтмай унда Кентервилларнинг азалий жасорати уйғонди ва тонг ёришган заҳоти бориб, ўша арвоҳ билан гаплашишга аҳд қилди. Атрофдан адирлар кумушранг тусда кўзга ташлангани ҳамоно қўрқинчли шарпани учратган жойига қайтди. У ўйлаб кўриб, арвоҳлар қанча кўп бўлса, шунча яхшилигини тушунди, янги шеригининг ёрдамида эгизакларни жиловлаб олишдан умид қилди. Аммо арвоҳ ўша жойга етиб келганида кўз ўнгида машъум манзара намоён бўлди. Шарпа аллақандай бир кулфатга учраган кўринади. Кўзларидан нур йўқолиб, бўм-бўш чаноқлар қолган, ярқироқ шамшир қўлидан тушиб кетган, ўзи эса қандайдир ғалати, беўхшов бир тарзда деворга суялиб турибди. Кентервил руҳи югуриб бориб уни қучоқлаб олганди – о, қандай даҳшат! – шарпанинг боши узилиб, полда думалаб кетди, танаси қоқ ўртасидан бўлинди. Арвоҳ қарасаки, қўлида бор-йўғи оқ чойшабни тутиб турибди, оёғи остида эса супурги, ошхона пичоғи ва ичи бўш қовоқ ётибди. У ақлга сиғмас бу эврилишни қандай тушунишни билолмай, гарангсиган қиёфада, титроқ қўллари билан ёзувли тахтачани олди ва унда тонг ғира-ширасида қуйидаги даҳшатли сўзларни ўқиди:
Отис фирмасининг руҳи! Ҳақиқий ва ўзига хос яккаю ягона арвоҳ! Сохта арвоҳлардан эҳтиёт бўлинг! Шу арвоҳдан бошқа бари – қалбаки!
Ҳамма нарса аён бўлганди. Демак, уни алдашибди, ёш боладек лақиллатишибди, боплаб чув туширишибди! Арвоҳнинг кўзлари Кентервилларнинг аввалги ўти билан ёнди, у тишсиз милкларини ғичирлатиб, заиф қўлларини осмонга чўзиб, қасам ичди – қадимий нутқларнинг энг яхши намунасига риоя этган ҳолда, хўроз икки марта қичқиришга улгурмай туриб, бу уйда қон тўкилади ва қотиллик хонама-хона бесас кеза бошлайди, деб онт ичди! Бу даҳшатли қасам сўзларини айтиб улгурган ҳам эдики, яқин орадаги қизил черепицали том устида хўроз қичқирди. Руҳ бўғиқ овозда, заҳархандалик билан узоқ ва мириқиб кулди, кейин кута бошлади. Бироқ, бир неча соат кутса ҳамки, хўроз негадир бошқа қичқирмади. Ва ниҳоят, соат етти яримларда хизматкорларнинг қадам товушлари эшитилиб, арвоҳни карахтлик ҳолатидан чиқариб юборди, у хонасига қайтиб, амалга ошмаган режалари ва пучга чиққан умидларига қайғура бошлади. Кейин қадимги рицарлик ҳақидаги энг севимли китобларидан бир қанчасини кўриб чиқди, уларда эса ҳар гал шу қасам айтилганда хўроз икки марта қичқириши кераклиги ёзилганди. – Ҳа, бўйнинг узилгур бефаросат парранда! – деб яниди у. – Бир куни келиб, найзам томоғингга санчилади-ю, ана ўшанда ўлим олдидан хириллашингни эшитаман. Шундан сўнг у қўрғошин тобутига қулай жойлашиб олиб, қорон-ғу тушгунича ётди.
4
Эрталаб руҳ ўзини жуда эзилган бир ҳолатда сезди. Бутун бир ой мобайнидаги кучли зўриқиш ўз таъсирини ўтказа бошлаган эди. Асаблари қақшаган, тиқ этган товушдан сапчиб кетадиган бўлиб қолганди. Беш кун хонасидан чиқмади, бор-е, менга нима, деб қон доғидан ҳам хабар олмай қўйди. Модомики қон доғи Отисларга керак эмас экан, демак, улар унга муносиб эмас. Афтидан, Отислар ғайритабиий ҳодисаларнинг рамзий маъно-мазмунини англаб етишга мутлақо лаёқатсиз бўлган шўрлик моддиюнчиларга ўхшаб кетади. Самовий белги-аломатлар билан астрал*** жисмларнинг ҳолати масаласи баҳс талаб этмайдиган алоҳида соҳа, албатта, очиғини айтганда, унинг ваколат доирасига кирмайди ҳам. Бироқ ҳафтада бир марта йўлакда пайдо бўлиш ҳамда ҳар ойнинг биринчи ва учинчи чоршанбасида боғ томонга қараган дераза ёнида ҳар балоларни тўнғиллаб ўтириш арвоҳнинг муқаддас бурчи. Аммо у мана шу вазифаларидан ўз қадрини ерга урмаган ҳолда воз кечишнинг ҳеч бир иложини тополмаяпти-да. Тўғри, ер юзидаги умрига гуноҳга ботиб яшади, лекин энди бу дунёда ҳамма нарсага виждонан, сидқидилдан ёндашадиган бўлиб қолди. Шу сабабли ҳам кейинги учта шанбада у одатига кўра ярим тундан соат учга қадар ҳамон йўлакларни айланиб юрар, бироқ уни ҳеч ким кўрмаслиги, шарпасини эшитмаслиги учун барча эҳтиёт чораларни қўлларди. Шу мақсадда ҳашаротлар кемириб ташлаган юпқа пол тахталари ғичирламаслиги учун этик киймай, енгил қадам ташлаб юрар, эгнига кенг ва қоп-қора барқут ёмғирпўш ташлаб олганди. Оёқ-қўлларидаги занжирларни “Демократик партиянинг балқиётган қуёши” номли машина мойи билан яхшилаб мойлаб туришни ҳам ҳеч қачон унутмасди. Аслини олганда-ку, хавфсизликнинг бу сўнгги чорасини қўллашга кўникиши осон кечгани йўқ. Аммо ҳар қалай бир куни кечқурун, оила аъзолари овқатланиб ўтиришган пайтда, мистер Отиснинг хонасига кириб, бир шиша машина мойини кўтариб чиқди. Тўғри, у ўзини бироз хўрлангандек ҳис қилди, лекин бу ҳолат тезда ўтиб кетди. Пировард-оқибатда эса оқилона иш тутиш туйғуси устун келди ва у мазкур ихтиро муайян афзалликларга эга эканини, маълум даражада унга фойдаси тегиши мумкинлигини тан олди. Бироқ арвоҳ қанчалик эҳтиёткор бўлмасин, уни тинч қўйишмасди барибир. Масалан, қоронғуда юрганида йўлакка тортиб қўйилган арқонга ҳадеганда қоқилиб кетаверади. Бир гал эса, Қора Исаак ёки Хоглей ўрмонлари овчиси ролида кийиниб чиққанида сирпаниб кетиб, қаттиқ лат еди. Чунки тирмизак эгизаклар гобеленлар залига кираверишдан тортиб, то эман ёғочли зинапоянинг юқори майдончасига қадар полга мой суртиб чиқишган экан. Бу арвоҳни шунчалик ғазаблантириб юбордики, у ўзининг оёқости қилинган қадр-қиммати ва ҳақ-ҳуқуқларини сўнгги бор ҳимоя қилишга ва Итоннинг бу безбет талабалари кўз ўнгида ўзининг Жасур Рупер ёки Бошсиз Граф номли машҳур ролида намоён бўлишга аҳд қилди. Бу ролни ўйнамай қўйганига етмиш йилдан ҳам ошди. Охирги мартасида соҳибжамол леди Барбара Модиш уни кўриб ўтакаси ёрилган ва қаллиғи ҳозирги лорд Кентервилнинг бобосига турмушга чиқишдан воз кечиб, кўркам йигит Жек Каслтон билан Грента-Гринга қочиб кетганди. Барбара бу ишини даҳшатли арвоҳ ғира-ширада айвонда бамайлихотир сайр қилиб юришига йўл қўйиб бериладиган оилага ўлақолсам қадам босмайман, деб изоҳлайди. Кўп ўтмай бечора Жек Вондсворт яйловида лорд Кентервилнинг ўқига учди, Барбара эса юраги вайрон бўлиб, бир йилга борар-бормас Танбриж-Уэлсда оламдан ўтди. Хуллас, бу рол ҳар томонлама муваффақиятли чиқиши керак. Бироқ бунинг учун ғайритабиий олам ёки тил билан айтганда, “олий даражадаги табиий олам” – жоиз бўлса, жуда мураккаб грим керак эди ва у бунга нақ уч соат вақт сарфлади. Ниҳоят, ҳамма иш битди ва у ўзининг кўринишидан мамнунлик туйди. Тўғри, бу либосга зарур бўлган чарм ботфорт – тиззагача етадиган кенг қўнжли этик унга бироз катталик қилар, устига-устак, эгар тўппончаларидан бири ҳам аллақайси гўрга ғойиб бўлганди, аммо умуман олганда, қиёфаси ёмон эмасдек туюларди. Соат иккидан роппа-роса чорак ўтганида арвоҳ деворнинг тахта қопламаси ичидан чиқиб, йўлак бўйлаб биқиниб кетди. Гулқоғозлар ва дарпарда ранги туфайли “Зангори ётоқхона” деб ном олган эгизаклар хонасига етиб борганида эшик қия очиқлигини кўрди. Арвоҳ бутун важоҳати билан мумкин қадар кўпроқ даҳшат солишга шошилиб, эшикни ланг очди... ва шу заҳотиёқ сув тўла баҳайбат кўза бошига ағдарилди. Кўза-ку чап елкасига тегар-тегмай ўтди-я, аммо бошдан-оёқ шилтаи шалаббо қилгани расво бўлди. Шу лаҳзадаёқ эгизаклар ётган жойдан қийқириқ ва хохолаш янгради. Арвоҳнинг асаблари дош беролмасди. Оёғини қўлга олганича хонасига югурди-ю, эртасига шамоллаб ётиб қолди. Хайриятки, бошсиз чиққани, акс ҳолда жиддийроқ шикастланиши ҳеч гап эмасди. Шугина кўнглига таскин берарди. Энди у қўпол америкаликларни қўрқитишдан бутунлай умид узди. Аксари пайт оёғига латта шиппак илиб, шамоллаб қолмаслик учун бўйнига катта қизил шарф ўраб, эгизаклар ҳужум қилиб қолса, деб ҳар эҳтимолга қарши кичик болта кўтарган ҳолда йўлакларни кезиб юришнинг ўзи билан кифояланишга мажбур эди. Ўн тўққизинчи сентябрда арвоҳга сўнгги зарба беришди. Ўша куни у ҳеч ким безовта қилмайди, деб ишонган жойи – холлга тушди ва Қўшма Штатлар элчиси билан рафиқасининг Саронида ишланган ҳамда Кентервиллар аждодларининг суратлари ўрнига қўйилган йирик фотосуратлари устидан кулиб ўтирган бўлди. Арвоҳ оддийгина, аммо батартиб кийинган – у ер-бу еригина қабрда чириб кетган узун кафанга ўралиб олган эди. Пастки жағига сариқ рўмол боғлаган, қўлларида эса фонус билан гўрковлар белкураги. Аслида у ўз ижодининг энг яхши намуналаридан бири – дафн этилмаган Ион ёки Сертсейдаги Мурдалар ўғриси ролида кийиниб олганди. Бу ролни Кентервилларнинг бари жуда яхши эслашади ва бунинг сабаби ҳам бор – айнан ўша кезлари улар қўшни лорд Раффорд билан уришиб қолишганди. Соат учдан чорак ўтганида арвоҳ бутун вужуди қулоққа айланиб тингласа ҳам тиқ этган бирон товуш эшитмади. Шунда у қон доғидан нима қолганини кўриш учун кутубхонага оёқ учида ўтиб бораётганди, қоронғу бурчакдан бирданига иккита шарпа отилиб чиқди ва унинг боши устида қўлларини жазава билан силтаганча, нақ қулоқлари остида “У-у-у!” деб чинқириб юборди. Ногаҳоний ҳужумдан эсанкираган, борлиғини ваҳима қамраб олган арвоҳ зинапояга отилди, аммо бу ерда уни Вашингтон боғда ишлатиладиган катта дори пуркагич билан кутиб турган экан. Ҳар томонлама душманлари қуршовида қолган руҳ жонҳолатда катта темир печка ичига ўзини урди – яхшиямки, унга ўт ёқилмаган экан! – ва мўри орқали бошдан-оёқ кир-чир, кафани увада, қалби алам-изтиробга тўлиқ бир алфозда ўз манзилига бир амаллаб етиб олди. Шундан кейин у кечалари ташқарига чиқишни бас қилди. Зумрашалар яна бир неча марта пистирма қўйишди, ота-оналари ва хизматкорларнинг қаттиқ норозилигига қарамай, ҳар куни кечқурун йўлакка ёнғоқ пўчоқларини сочиб чиқишди, аммо буларнинг ҳеч биридан наф бўлмади. Чамаси, руҳ ўзини шу қадар таҳқирланган деб билардики, уй эгаларига бошқа кўринишни истамасди. Шу сабабли мистер Отис демократик партиянинг тарихи бўйича кўп йиллардан бери ёзаётган асари устида ишини давом эттириш имкониятига эга бўлди. Миссис Отис денгиз соҳилида ажойиб сайр уюштириб, бутун графликни қойил қолдирди, чунки дастурхондаги жамики таомлар моллюскадан тайёрланган эди. Болакайлар лакросе, покер ва бошқа хил америкача миллий ўйинларга берилиб кетишди. Виржиния эса ўз пони отида хиёбонлар бўйлаб, таътилининг сўнгги ҳафтасини Кентервил қасрида ўтказаётган ёш Чешир герцоги билан биргаликда сайр қилиб юрарди. Ҳаммалари арвоҳ бу ердан кетиб қолди, деб ишонишди ва мистер Отис бу ҳақда лорд Кентервилга ёзма равишда маълум қилди. У эса жавоб мактубида бу воқеадан хурсандлигини билдирди ва элчининг муҳтарама рафиқасига табрик йўллади. Бироқ Отислар янглишганди. Арвоҳ уйни тарк этмаган, гарчи энди деярли мажруҳ эканига қарамай, уларни буткул тинч қўйишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди. Меҳмонлар орасида ёш Чешир герцоги борлигини билганидан кейин эса бу аҳди янада қатъийлашди. Чунки бу герцог бир вақтлари Кентервиллик арвоҳ-ла тонг отгунча қимор ўйнаб чиқаман, деб полковник Карбери билан юз гинейга гаров боғлаган ўша лорд Фрэнсис Стилтоннинг жиян набираси бўларди-да. Ўшанда лорд Стилтонни эрталаб ломбер хонаси полида фалажланиб ётган ҳолда топишган. Шундан кейин у яна узоқ йиллар яшади, аммо “олти дубл” деган иккита сўздан бошқасига тили айланмади сираям. Ҳар иккала нуфузли хонадоннинг шаънига доғ тушмаслиги учун бу воқеани бости-бости қилиб юборишга ҳар томонлама уриниб кўришди, аммо шунга қарамай, у ўз вақтида катта шов-шувга сабаб бўлганди. Бу тўғридаги тафсилотларни лорд Гэттанинг “Регент шаҳзода ва унинг дўстлари ҳақида хотиралар” асарининг учинчи жилдидан топиш мумкин. Табиийки, арвоҳ Ститонларга аввалги таъсирини ҳануз йўқотмаганини исботлаб бермоқчи бўлди. Қолаверса, уларга узоқроқ қариндошлиги ҳам бор: унинг жияни иккинчи оиласида монсеньор де Балклига турмушга чиққан, Чешир герцогларининг бутун уруғи шу одамдан бошлангани эса ҳаммага маълум. Арвоҳ ҳатто, Вампир-роҳиб ёки Қонсиз Бенедиктчи номли маш-ҳур ролини тиклаш устида ишлай бошлади; Виржиниянинг ёш мухлисига шу қиёфада кўринишга аҳд қилди. Бу ролда у шунчалик даҳшатли эдики, янги 1764 йил арафасидаги ўша машъум кунда унга кўзи тушиб қолган кекса леди Стартап жон аччиғида бир неча бор қичқиришга улгурган-у, кейин ҳушидан кетган. Уч кундан кейин эса у Кентервилларни, ўзининг яқин қариндошларини меросдан маҳрум қилганча ва бор мол-мулкини лондонлик бир дорихоначига қолдирганча, оламдан кўз юмган. Бироқ, эгизаклар олдидаги қўрқув сўнгги дақиқада арвоҳ ўз хонасидан чиқишига йўл қўймади ва ёш герцог қирол ётоқхонасида хотиржам ухлади. У тушида Виржинияни кўрди.
5
Бир неча кундан кейин Виржиния олтин сочли ошиғи билан Броклей яйловига отда сайр қилиш учун борди ва жонли иҳота орасидан ўтаётиб, амазонка либосини йиртиб олди. Шу сабабли ҳам уйга қайтгач, ҳеч кимга кўринмай, ёрдамчи зина орқали ўз хонасига чиқмоқчи бўлди. Аммо эшиги қия очиқ гобелонлар зали ёнидан югуриб ўтаётганида назарида хонада кимдир бордек туюлди. Онасининг оқсочи баъзан шу ерда у-бу нарса тикиб ўтирарди, унга кўйлагини тиктириб олишни ўйлади. Қиз шу хаёлда ичкари кирганида эса Кентервиллик арвоҳни кўриб, ҳайратдан қотиб қолди. У дераза ёнида шамол дарахтларнинг омонат олтин либосини аёвсиз юлқиб ташлаётгани ва сарғиш-қизғиш япроқларни узун хиёбон бўйлаб чирпирак қилиб учириб кетаётганини маъюс кузатиб ўтирарди. Бошини қўлларига тираган, бутун борлиғидан оғир изтироб сезилиб турибди. У жажжи Виржинияга шу қадар ёлғиз ва шу қадар ожиз қария бўлиб кўриниб кетдики, қиз аввалига югуриб бориб, хонасига яшириниб олишни ўйлаган бўлса ҳам энди унга ачинди, юпатгиси келди. Виржиниянинг қадам ташлаши шунчалик енгил, ҳамдардлик туйғуси шунчалик кучли эдики, то ўзи гап бошламагунича, арвоҳ уни ҳатто пайқамади ҳам. – Сизга жудаям раҳмим келаяпти, – деди қиз. – Аммо эртага укаларим Итонга қайтишаяпти, агар ўзингизни яхши тутсангиз, энди сизни ҳеч ким хафа қилмайди. – Мен ўзимни яхши тутишимни сўраш бемаънилик, – деб жавоб берди руҳ у билан гаплашишга жазм этган чиройлигина қизчани ажабланиб кўздан кечирар экан. – Ҳа, ҳа, ғирт бемаънилик! Мабодо занжирларимни шалдиратишим, қулф тешигидан инграшим, тунлари дайдиб юришимни айтмоқчи бўлсанг, бу менинг вазифам-ку, ахир! Мавжудлигимнинг бутун мазмун-моҳияти айнан ана шунда, агар билсанг! – Бунда ҳеч қанақа маъно йўқ, қанчалик ёмон одам бўлганингизни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Сиз хотинингизни ўлдирганингизни бу ерга кўчиб келган кунимизнинг ўзидаёқ миссис Амни айтиб берганди. – Нима бўпти, – дея ижирғаниб жавоб қилди руҳ, – бу оилавий масала, ҳеч кимга дахли йўқ. – Ўлдириш умуман яхшимас, – деди Виржиния. Янги Англиядаги қайсидир ижодидан унга мерос бўлиб ўтган пуританча ахлоқ-одоб, бундай воқеаларга тоқат қилолмаслик қизда гоҳо яққол сезилиб қоларди. – Сизларнинг сариқ чақага қиммат, маза-матрасиз қарашларингизга заррача тоқатим йўқ! Хотиним ўлгудай аҳмоқ, ношуд, уқувсиз эди. Кийимларимни ақалли бирон марта ҳам дурустроқ крахмаллаб бера олмаган. Овқат пиширишга-ку умуман нўноқ эди. Бир гал Хоглей ўрмонидан бир ёшли, манаман деган эркак буғуни овлаб келганимда ундан нима пишириб берганини биласанми? Ҳа, майли, энди гапириб нима қилдим – ўтган ишга салавот. Мен-ку, хўп, хотинимни ўлдирибман, лекин унинг укалари мени очдан ўлдиришгани ҳам у қадар илтифотдан бўлмайди ҳар қалай. – Улар сизни очдан ўлдиришганми ҳали?! О, жаноби руҳ, кечирасиз, сэр Симон демоқчи эдим, росаям очиқиб кетгандирсиз, ҳойнаҳой? Сумкамда озроқ бутерброд бор эди. Мана, марҳамат! – Йўқ, раҳмат. Аллақачондан буён ҳеч нарса емай қўйганман. Лекин барибир сен жуда оқкўнгил экансан, мана шу тарбиясиз, ахлоқсиз, виждонсиз, жирканч оила аъзоларинг орасида энг яхшиси ўзингсан. – Бундай дея кўрманг асло! – деб қичқирди Виржиния ер тепиниб. – Сиз ўзингиз тарбиясиз, ахлоқсиз, жирканч руҳсиз! Ана энди виждонга келадиган бўлсак, ўша бемаъни қон доғини чизиш учун менинг қутичамдан бўёқларни ким ўғирлаганини ўзингиз жуда яхши биласиз. Олдинига барча қизил бўёқларни, сўнгра бошқаларини олдингиз ва мен қуёш ботиши манзараларини чизолмай қолдим. Кейин зумрад-яшил ва сариқ бўёқларни ҳам гум қилдингиз. Охири фақат тўқ яшил бўёқларгина қолди-ю, Ой манзараларидан бошқа ҳеч нимани чизолмаяпман, бу эса ўлгудай зерикарли, чизиш ҳам жуда қийин. Бундан қанчалик жаҳлим чиқмасин, ҳеч кимга айтганим йўқ. Умуман олганда, буларнинг бари ниҳоятда кулгили нарса: қани, ўзингиз айтинг-чи, зумрад рангли қонни қаерда кўргансиз, ахир? – Бўлмаса нима қилишим керак эди? – деди руҳ энди баҳслашишга уринмай. – Ҳозирги вақтда ҳақиқий қонни топиш осонмас, аканг ўзининг намунавий тозалагичини тиқиштираверганидан ке-йин мен ҳам сенинг бўёқларингдан фойдаланишимга тўғри келди, бошқа иложим қолмаганди. Энди қон рангига келсак, бу ҳар кимнинг таъби, агар билсанг. Мисол учун Кентервилларнинг қони зангори, бутун Англия бўйича энг зангориси (аслзодаликка ишора – Тарж.). Дарвоқе, сиз америкаликларни бунақа нарсалар умуман қизиқтирмайди-ку. – Сиз ҳеч нарсани билмас экансиз. Яхшиси, Америкага борганингиз, у-бу нарса ўрганганингиз маъқулроқ эди. Дадам сизга бепул чиптани бажонидил тўғрилаб беради. Тўғри, ҳар хил ифорларга ва, чамаси, арвоҳларга алоқадор нарсаларга бож ҳақи жуда катта, лекин сизни ҳеч қанақа тўловсиз ўтказиб юборишади. Чунки божхона амалдорларининг бари – демократ. Нью-Йоркда эса сизни улкан муваффақият кутади. Оддийгина бобой учун юз минг доллар беришга, оилавий арвоҳ учун эса ундан кўпроқ пул тўлашга тайёр турган кўплаб одамларни биламан. – Сизнинг Американгиз менга ёқмаса кераг-ов. – Нима, у ерда қадимий ва ғаройиб ҳеч нарса йўқлиги учунми? – киноя билан сўради Виржиния. – Нега энди – бор. Кемалар флотингизни қадимий, маънавиятингизни ғаройиб дейиш мумкин! – Хайр, унақада. Ҳозир бориб дадамга айтай, эгизакларни яна бир ҳафтага уйда қолдирсин. – Мени ташлаб кетманг, мисс Виржиния! – дея хитоб қилди руҳ. – Шу қадар ёлғизман, шу қадар бахти қароманки!.. Очиғи, энди нима қилишни ҳам билолмай қолдим. Ухлашни истайман, аммо иложим йўқ. – Бу яна нимаси?! Бунинг учун тўшакка ётиб, шамни ўчирсангиз бас. Ухламай ўтириш қийин, айниқса черковда. Ухлаш эса жудаям осон, ҳатто чақалоқнинг ҳам қўлидан келади. – Уч юз йил бўлди ухламаганимга, – деди руҳ ғамгин овозда, Виржиниянинг гўзал мовий кўзлари ҳайратдан катта-катта очилди. – Уч юз йилки ором билмайман, қалбим қақшаб адо бўлди! Виржиниянинг кўнгли бўшашиб кетди, нозик лаблари гулбарглар сингари титради. У руҳга яқин келиб тиз чўкди ва унинг қаримсиқ, серажин юзига қаради. – Бечора арвоҳгинам, – деди у шивирлаб, – наҳотки ётадиган, ухлайдиган бирон жойингиз бўлмаса-а? – Йироқ-йироқларда, қарағайзор ортида мўъжазгина боғ бор, – деди руҳ осуда ва орзу қилаётгандек оҳангда. – У ерда майсалар қалин ва бўлиқ, тун ва тонг юлдузлари оқаришиб кўринади, у ерда булбул кечаси билан сайраб чиқади. У тонг отгунига қадар чаҳчаҳлайди, осмонда биллурдай Ой ярқирайди, баҳайбат дарахтлар эса ухлаб ётганлар устида қўлларини чўзиб, уларнинг оромини қўриқлайди. Виржиниянинг кўзларига ёш тўлди, юзини қўллари орасига яширди. – Бу Ўлим Боғими? – деб сўради шивирлаб. – Ҳа, Ўлим Боғи. Ўлим гўзал бўлиши керак. Майин ва нам тупроқ орасида ётасан, тепангда майсалар шитирлайди, сукунатни тинглайсан. Кечаги, эртанги кунни билмаслик, вақтни унутиш, ҳаётни берган азоблари учун кечириш ва ором бағрига сингиб кетиш нақадар яхши-я! Сен менга ёрдам беришинг мумкин. Ўлим дарвозаси сенга осонгина очилади, чунки сенда Муҳаббат бор, Муҳаббат эса Ўлимдан кучли! Вужудига муздек бир нима теккандек Виржиния сесканиб кетди, ўртага жимлик чўкди. Қиз назарида қўрқинчли бир туш кўраётгандек эди. Яна руҳ тилга кирди, унинг овози шамол эпкинидай, хўрсиниқдай эшитиларди: – Кутубхона деразасига битилган қадимий башоратни ўқигандирсан? – О, неча марталаб ўқиб чиқдим! – дея қиз бошини адл кўтарди. – Уни ёддан биламан. Қадимги ва қора ҳарфларда ёзилгани учун бирданига ўқиш қийин. У ерда бор-йўғи олти сатр бор:
Бу ерда олтинсоч болакай Чин қалбдан кўз ёши тўккани ҳамон Дуоси ғам ила андуҳни қувгай. Боғда ўрик гуллар бегумон – Шунда бу уй шодланар тамом, Руҳ-чи, ухлаб топажак ором.
Фақат, буларнинг бари нимани англатишини мен билмайман. – Бунинг маъноси шуки, – деди руҳ маҳзун оҳангда, – сен менинг гуноҳларим учун кўз ёши тўкишинг керак, илло ўзимда кўз ёши йўқ, менга бағишлаб дуо ўқишинг керак, илло ўзимда эътиқод йўқ. Ана ўшанда, агар сен доимо оқкўнгил, меҳрибон, бокира бўлсанг, Ўлим Фариштаси менга шафқат қилади. Кечалари даҳшатли махлуқлар ёнингга келиб, қўрқинчли сўзларни шивирлай бошлайди, аммо сенга зарар етказа олишмайди, чунки дўзахнинг жамики ёвузликлари гўдакнинг поклиги олдида ожиздир. Виржиния жавоб бермади, руҳ эса унинг олтин сочли боши нечоғли қуйи солинганини кўриб, янада қаттиқроқ изтиробга тушди. Бирдан қизча ўрнидан турди. Унинг ранги оқариб кетган, кўзларида эса ажойиб бир ўт чақнарди. – Мен қўрқмайман, – деди у қатъийлик билан. – Фариштадан сизга шафқат қилишини сўрайман. Руҳ шодлигидан оҳ уриб, дарҳол ўрнидан турди, қизнинг қўлини олиб, кўҳна таомил бўйича таъзим қилди ва лабларига босди. Унинг бармоқлари муздек эди, лаблари куйдириб юборгандай бўлди, аммо Виржиния сесканмади ва ортига қайтмади, руҳ эса уни нимқоронғи зал бўйлаб бошлаб кетди. Ранги унниқиб кетган яшил гобеленлардаги кичкина овчи-тасвирлар ўзларининг шокилалар билан безатилган бурғуларини чалиб, уни ортга қайтармоқчи бўлишди. “Қайт ортингга, жажжи Виржиния! – деб қичқиришарди улар. – Қайт ортингга!” Бироқ руҳ унинг қўлини маҳкам тутиб олганди, қиз кўзларини юмди. Тасвири каминга ўйиб туширилган чақчайма кўзли ва калтакесак думли махлуқлар ундан кўз узмай шивирлашарди: “Эҳтиёт бўл, Виржиния, эҳтиёт бўл! Сени қайта кўрармиканмиз яна?” Аммо руҳ олдинга тобора тезроқ интилар, Виржиния уларнинг гапини эшитмасди. Улар зал адоғига етиб келишганида руҳ тўхтади ва қандайдир тушунарсиз сўзларни оҳиста айтди. Қиз кўзларини очиб, девор тумандек эриб кетганини, унинг орқасида эса зимзиё жарлик борлигини кўрди. Муздек шамол келиб урилди ва қиз кимдир унинг енгидан тортқилаётганини сезди. – Тезроқ, тезроқ! – деб қичқирди руҳ. – Акс ҳолда кечикамиз! Тахта қоплама улар ортидан бир зумда ёпилди ва гобеленлар зали ҳувиллаб қолди.
6
Орадан ўн дақиқа ўтиб, чойга бонг урилганда Виржиния пастга тушмади ва миссис Отис уни чақириб келгани лакейлардан бирини юборди. У қайтгач, ёш хонимни тополмаганини айтди. Виржиниянинг оқшом дастурхонига гул териб келиш одати бор эди, шу боис миссис Отис аввалига умуман хавотирланмади. Аммо соат олтига занг чалганида ҳам ундан дарак бўлавермагач, она безовталаниб, эгизакларнинг опаларини излаш учун боғга йўллади, ўзи эса мистер Отис билан уйни бошдан-оёқ айланиб чиқди. Олти яримда болалар қайтиб, Виржиниянинг ҳеч қандай изи топилмаганидан хабар беришди. Ҳамма ниҳоятда хавотирланган, нима қилишни билмасди. Шу пайт мистер Отис лўлилар таборига ўз мулкида тўхташ учун рухсат берганини эслаб қолди. У дарҳол катта ўғли билан икки нафар хизматкорни олиб, лўлилар тўхтаган Блэкфел ўтлоғига йўл олди. Қаттиқ ҳаяжонга тушган кичкина герцог қандай қилиб бўлмасин уларга қўшилишга уринди, бироқ мистер Отис тўпалон чиқиши мумкинлигини ўйлаб, бунга йўл қўймади. Лўлилар жойида йўқ эди, аммо гулхан қолдиғи ҳали илиқ эканига ва майсалар устида идиш-товоқлар сочилиб ётганига қараганда, улар шошилинч суратда жўнаб кетишганга ўхшайди. Мистер Отис ўғли билан хизматчиларга яқин-атрофни кўздан кечиришни тайинлаб, ўзи уйга югурди ва бутун графлик бўйича барча полиция нозирларига телеграмма йўллаб, дайдилар ёки лўлилар ўғирлаб кетган ёш қизчани ахтариб топишни сўради. Сўнгра от келтиришларини буюрди ва хотини билан болаларни дастурхон атрофига зўрлаб ўтқазиб, ўзи қарол ҳамроҳлигида Аскотга борадиган йўлга чиқди. Лекин улар икки мил масофани ҳам ўтишмагандики, орқадан от дупури эшитилди. Мистер Отис ўгирилиб қараб, кичкина герцог понида қувиб келаётганини кўрди, унинг шляпаси йўқ, юзлари эса бўғриқиб кетганди. – Маъзур тутгайсиз, мистер Отис, – деди бола нафасини ростлар экан, – Виржиния топилмагунча томоғимдан овқат ўтмайди. Хафа бўлманг-у, лекин бултур бизнинг унаштирилишимизга розилик билдирганингизда мана бунақа воқеа ҳам юз бермаган бўларди. Сиз мени орқага қайтариб юбормассиз ҳар қалай, тўғрими? Мен уйга қайтишни истамайман, умуман, ҳеч қаерга кетмайман! – Элчи бу ёқимтой қулоқсиз болага қараб, кулгусини тутиб туролмади. Ўсмирнинг садоқати унга қаттиқ таъсир қилганди, кейин эгар устидан энгашиб, унинг елкасига қоқиб қўйди. – Начора, нимаям қилардим, – деди у, – модомики ортга қайтишни истамас экансиз, сафимизга қўшиб олишимизга тўғри келади. Фақат Аскотда сизга шляпа сотиб олмасак бўлмайди. – Менга шляпа керакмас! Менга Виржиния керак! – деб кулди кичкина герцог ва улар темир йўл бекати томон от суриб кетишди. Мистер Отис бекат бошлиғидан бу ердан қиёфаси Виржинияга ўхшаб кетувчи қизчани кўрган-кўрмаганини суриштириб билишни илтимос қилди, бироқ афсуски, ҳеч ким тайинли жавоб айта олмади. Шунга қарамай, бекат бошлиғи йўлдаги барча бекатларга телеграф орқали хабар берди ва мистер Отисни қидирув ишлари учун ҳамма чораларни кўрамиз, деб ишонтирди. Эгаси эндигина ёпмоқчи бўлиб турган дўкончадан кичкина герцогга шляпа сотиб олгач, элчи Бексли қишлоғига йўл олди. Унга етказилган бир хабарга кўра, бекатдан тўрт мил масофадаги бу жойда жамоага қарашли каттагина ўтлоқ бўлиб, лўлилар тез-тез йиғилиб туришаркан. Мистер Отиснинг ҳамроҳлари қишлоқ полициячисини уйғотишди, аммо ундан тузук-қуруқ бирон маълумот олишолмагач, уйга қайтишди. Улар қасрга соат ўн бирларда ҳориган, эзилган, хавотир, изтиробга тўлган ҳолда етиб боришди. Дарвоза олдида Вашингтон билан эгизаклар фонус кўтариб кутиб олишди: боққа аллақачон қоронғилик тушганди. Виржиниянинг ҳеч қандай излари топилмабди. Лўлиларга Броклей ўтлоғида етиб олишибди, лекин улар орасида қиз йўқ экан. Лўлилар қароргоҳдан шошилинч жўнаб кетганларини Чертон ярмаркасига кечикиб қолишдан қўрққанлари билан изоҳлашди, чунки у очиладиган кунни адаштириб юборишган экан. Қизча йўқолганини билиб, лўлиларнинг ўзи ҳам ташвишга тушишди ва тўрт кишини қидирувга ёрдам бериш учун қолдиришди, зотан, улар ўз мулкида тўхташга рухсат бергани учун мистер Отисдан бағоят миннатдор бўлишганди. Шундан кейин қасрнинг ҳар бир бурчагини, ҳатто зоғорабалиқлари билан машҳур бўлган ҳавзани ҳам синчиклаб текшириб чиқишибди. Хуллас, Виржиния бу кеча уларнинг ёнида бўлмаслиги яққол кўриниб турарди. Мистер Отис ва болалар бошларини қуйи солганча уйга қараб юришди, қарол улар ортидан иккита от билан понини етаклаб келарди. Холлда ташвишли қиёфадаги хизматкорлар кутиб олишди. Кутубхонадаги диванда эса миссис Отис хавотир ва қўрқувдан ўзини йўқотар даражада ётар, уй бошқарувчи кампир унинг чеккаларига атир суртиб ўтирарди. Мистер Отис хотинини тамадди қилиб олишга кўндирди ва дастурхонга овқат тортишни буюрди. Бу жуда ғамгин давра эди. Ҳамма дилгир кайфиятда, ҳатто эгизаклар ҳам шўхлигини унутиб жим бўлиб қолишган, чунки опаларини ниҳоятда яхши кўришарди. Овқатланиб бўлишгандан кейин мистер Отис тунда барибир ҳеч нима қилиб бўлмайди, эрталаб эса ўзим телеграф орқали Скотланд-Ярддан зудлик билан изқуварларни чақираман, деб кечкина герцогнинг ўтиниб сўрашларига ҳам қарамай, ҳаммани ухлашга жўнатди. Улар емакхонадан чиқишаётган пайтда черков соати ярим тунга занг чала бошлади ва сўнгги занг товуши янграши билан бирданига нимадир ҳарсиллаб-тарсиллаб кетди-ю, баланд хитоб овози эшитилди. Момақалдироқнинг даҳшатли гулдуросидан уй ларзага келди, аллақаердан самовий мусиқа оҳанглари янгради ва шу лаҳзадаёқ зинапоянинг юқори майдончасида тахта қопламанинг бир бўлаги гурсиллаб қулаб тушди ва девор ичидан ранги оқариб кетган, қўлларида жажжи қутича ушлаган Виржиния чиқиб келди. Кўз очиб-юмгунча уни ҳамма ўраб олди. Миссис Отис қизини бағрига маҳкам босди, кичкина герцог оташин бўсаларга кўмиб ташлади, эгизаклар эса гир айланиб, ёввойиларнинг жанговар рақсига туша бошлашди. – Қаерда эдинг, Виржиния? – дея қатъий оҳангда сўради мистер Отис, у қизим бизга қандайдир қалтис ҳазил қилди деб ўйлаётганди. – Биз сени излаб Сесл билан Англиянинг ярмини кезиб чиқдик, онанг эса қўрқувдан ўлаёзди. Бизга бошқа бундай ҳазил қилма ҳеч қачон! – Фақат руҳни лақиллатса бўлади, фақат руҳни! – деб қийқиришди эгизаклар телбаларча ирғишлашар экан. – Бормисан, жоним болам, топилдинг-ку, ахир, Парвардигорга шукр, – дерди миссис Отис титраётган қизини ўпиб, тўзғиб кетган олтин сочларини сийпалаб турар экан. – Энди ёнимдан кетмагин сираям, хўпми? – Дада, – деди Виржиния хотиржам оҳангда, – мен бутун оқшомни руҳ билан бирга ўтказдим. У ўлди, бориб уни кўришларингиз керак. Ҳаётлигида жуда ёмон яшаган, бироқ гуноҳларига тавба қилди ва менга ажойиб жавоҳирларга тўла мана бу қутичани эсдаликка тақдим этди. Ҳаммалари Виржинияга ҳайрат аралаш индамай тикилиб туришар, лекин у ўта жиддий қиёфада эди. Қиз шундай деб уларни девордаги тешикдан олиб ўтди ва унинг ортидаги тор махфий йўлакчадан бошлаб кетди. Вашингтон стол устидаги шамни олиб, қаторга қўшилди. Ниҳоят, Отислар эмандан ясалган ва катта-катта михлари занглаб кетган залворли эшикка етиб келишди. Виржиния қўл теккизиши билан эшик очилиб кетди ва улар шифти гумбазсимон, дарчасига панжара ўрнатилган пастак бир хонага кириб қолишди. Тош саҳнда даҳшатли скелет ётар, у деворга ўрнатилган баҳайбат темир ҳалқага занжир билан боғланган эди. У ўзининг узун бармоқларини қадимий ликопга ва косага чўзаётгандек кўринар, аммо идишлар қўл етмайдиган қилиб қўйилган эди. Ичини яшил тусли моғор қоплаган коса бир пайтлари сувга тўла бўлганга ўхшайди. Ликопчада эса бир ҳовуч гард қолган, холос. Виржиния скелет ёнида тиз чўкиб, кичкина кафтларини бирлаштириб, оҳиста овозда дуо ўқий бошлади. Бошқалар эса сир-асрори эндигина очилган даҳшатли фожиа манзарасига қараганча лол қотиб туришарди. – Қаранглар! – деб қолди шу пайт эгизаклардан бири, у дарчадан ташқарига назар ташлаб, бу ҳужра қасрнинг қайси қисмида эканлигини аниқлашга уринаётган эди. – Қаранглар! Қуриган ўрик дарахти гуллабди! Ой ёғдусида унинг гулларини аниқ кўраяпман! – Парвардигор уни кечирди! – деди Виржиния ўрнидан туриб, унинг чеҳраси аллақандай нурдан ёришиб кетганди. – Сиз фариштасиз! – деди ёш герцог уни бағрига босиб, ўпар экан.
7
Ана шу ғаройиб воқеалардан тўрт кун ўтгач, ярим тун киришига бир соат қолганида Кентервил қасри олдидан мотам сафи йўлга тушди. Тобут қўйилган аравани олтита қора от олиб борар, ҳар бирининг бошига ўрнатилган жиға – йирик туяқуш пати салобат билан силкиниб турарди. Қўрғошин тобут устига Кентервиллар герби зарҳал ип билан тикилган ҳашамдор қирмизи ёпқич ташланган. Экипажларнинг ҳар икки томонида машъала тутиб бораётган хизматкорларни ҳам қўшганда маросим чуқур таассурот қолдирарди. Марҳумнинг энг яқин қариндоши, мотам маросимига Уэллсдан етиб келган лорд Кентервил дастлабки каретада жажжи Виржиния билан бирга жойлашган. Улар ортидан Қўшма Штатлар элчиси билан рафиқаси, ундан кейин Вашингтон билан уч бола боришаяпти. Охирги каретада миссис Амни ўтирибди, арвоҳ уни эллик йилдан зиёд қўрқитиб келганидан кейин уни қабрга кузатиб қўйишга кампирнинг ҳаққи борлиги шундай ҳам аён, ахир. Улкан дарахт тагида қазилган катта қабр тепасида руҳоний Огастес Дэмпир жаноза дуосини теран туйғу билан ўқиди. Пастер тугаллаганида хизматкорлар Кентервиллар уруғининг қадимий одатига кўра, қўлларидаги машъалаларни ўчиришди. Тобутни қабрга туширишаётганда Виржиния яқин келиб, ўрикнинг оқ ва нафармон гулларидан тўқилган катта хочни қопқоқ устига қўйди. Шу лаҳзада Ой булутлар орасидан оҳиста сузиб чиқиб, мўъжазгина қабристонни кумушранг ёғдуга тўлдирди, йироқдаги дарахтзорда эса булбул сайрай бошлади. Виржиния руҳ ҳикоя қилиб берган ўлим Боғини эслади. Унинг кўзлари ёшга тўлди ва то уйга қайтгунларича лом-мим демади. Эртасига эрталаб лорд Кентервил Лондонга қайтиш учун тайёрланаётганида мистер Отис арвоҳ Виржинияга совға қилган жавоҳирлар хусусида сўз очди. Қимматбаҳо тошлар, айниқса, XVI аср заргарлик санъатининг ноёб намунаси – Венеция усталари ясаган гардишдаги ёқут маржон беқиёс даражада гўзал эди. Умуман, жавоҳирлар қиймати шу қадар юксакки, мистер Отис қизи уларни қабул қилишига асло рухсат беролмайди. – Милорд, – деди у, – “мурданинг қўли” ҳақидаги қонун мамлакатингизда ер мулкига ҳам, оилавий жавоҳирларга ҳам бирдек қўлланишини биламан. Бинобарин, ушбу жавоҳирлар сизларнинг уруғингизга тегишли эканига ёки ҳар қандай ҳолда ҳам сизларга қайтарилишига заррача шак-шубҳам йўқ. Шу сабабли уларни Лондонга олиб кетишингизни ва бундан кейин ўз мулкингизнинг бироз ғалатироқ шароитда бўлса ҳам яна ўзингизга қайтарилган бу қисми, деб билишингизни сўрайман. Энди менинг қизимга келадиган бўлсак, у ҳали ёш бола ва Худога шукрки, ҳар хил қимматбаҳо ялтир-юлтурга ҳозирча қизиқмайди. Бундан ташқари, миссис Отис менга маълум қилишига кўра, мана шу ялтир-юлтурни жуда катта пулга сотиш мумкин эмиш, ўз ўрнида айтиб ўтишим зарурки, рафиқам ёшлигида бир неча қишни Бостонда ўтказган бўлиб, заргарлик санъатини жуда яхши билади. Мана шу айтганларимдан келиб чиққан ҳолда, лорд Кентервил, бу жавоҳирлар оила аъзоларимдан биронтасининг қўлига ўтишига рози бўлолмайман, буни ўзингиз ҳам тушуниб тургандирсиз. Умуман олганда, британ аслзодалари нуфузини сақлаб туриш учун зарур бўлган мана шу бемаъни ялтир-юлтурнинг ҳаммаси республикача дунёқарашнинг қатъий ва менимча, метиндек мустаҳкам принциплари руҳида тарбия топган одамга мутлақо ортиқча. Бироқ, ўрни келганида шуни ҳам яширмай, очиқ айтиб ўтайки, Виржиния қутичанинг ўзини сизнинг ижозатингиз билан албатта, йўлдан озган бахтиқаро аждодингиздан бир хотира сифатида сақлаб қўйишни жудаям хоҳлаяпти. У эски, тўкилиб тушай деб турган буюм бўлгани учун қизимнинг илтимосини рад этмассиз балки. Мен эса ўз навбатида тан оламанки, Виржиния ўрта асрларга бу қадар қизиқиб қолганидан ниҳоятда ҳайратдаман. Бунинг сабаби ёлғизгина бир нарса – миссис Отис Афина сафаридан қайтиб келаётганида қизим Лондон чеккасида дунёга келгани билан изоҳлаш мумкин, холос. Лорд Кентервил муҳтарам элчининг гапларини чуқур диққат-эътибор билан тинглар экан, ора-сира кулгусини яшириш учун оппоқ мўйлабларини силаб қўйган бўларди. Мистер Отис сўзларини тугатганида эса лорд Кентервил унинг қўлини маҳкам қисиб, шундай деди: – Қимматли сэр, ажойиб қизингиз менинг бадбахт аждодим сэр Симон учун жуда катта иш қилди, менинг ўзим ҳам, барча қариндошларим ҳам ҳозирда камдан-кам учрайдиган жасорат ҳамда фидойилик намуналарини кўрсатгани учун ундан бениҳоя миннатдормиз. Жавоҳирлар сўзсиз унга тегишли, мабодо мен уларни ўзимга олгудек бўлсам, ишончим комилки, қари гуноҳкор икки ҳафтага ҳам бормай қабридан чиқиб келади ва қолган ҳаётимни нақ дўзахга айлантириб юборади. Энди бу бойлик кимга тегишли, деган масалага келсак, васиятномада ёки бошқа бирон юридик ҳужжатда кўрсатиб ўтилмаган буюмлар бу ҳисобга кирмайди, жавоҳирлар ҳақида эса ҳеч қаерда ҳеч қандай гап йўқ. Ишонинг, уларга саркорингизнинг қанчалик ҳаққи бўлса, менинг ҳам шунчалик ҳақим бор. Миссис Виржиния улғайганида бу безакларни мамнуният билан тақишига эса асло шак-шубҳам йўқ. Қолаверса, мистер Отис, сиз бир нарсани унутиб қўйдингиз: бу қасрни жиҳозлари ва арвоҳи билан бирга қўшиб сотиб олдингиз, бинобарин, арвоҳга тегишли ҳамма нарса ўз-ўзидан сизнинг тасарруфингизга ўтиб бўлган аллақачон. Гарчанд сэр Симон кечалари катта фаоллик кўрсатган бўлса-да, юридик жиҳатдан у мар-ҳум, бинобарин, сиз унинг бутун мол-мулкини қонуний асосда мерос қилиб олгансиз. Мистер Отис лорд Кентервилнинг бу раддиясидан ниҳоятда ўкинди ва ундан бу масалани яна бир бор яхшилаб ўйлаб кўришни илтимос қилди. Бироқ олижаноб сэр ўз фикрида собит турди ва пировард-натижада жавоҳирларни қизи учун қолдиришга элчини кўндирди. Хуллас, 1890 йил баҳорида ёш Чешир герцогиняси турмуш қуриши муносабати билан қиролича қабулида бўлганида ҳамманинг кўзи у таққан зеб-зийнатларда эди. Зотан, Виржиния америкалик маънавияти юксак қизларнинг барчасига мукофот тариқасида бериладиган герцоглик тожига сазовор бўлди. У ўзининг ёш мухлисига у балоғат ёшига етиши биланоқ турмушга чиқди. Ҳар иккала ёш шу қадар ажойиб, бир-бирини шу қадар севардики, кекса маркиза Дамблтондан бошқа ҳамма уларнинг бахтидан қувонди. Бир томондан, кампиршони ҳам тушуниш керак: эрга теголмай ўтириб қолган еттита қизидан бирини герцогга узатиш ғамида бир эмас, уч марта тушлик зиёфати бериб, анчагина пулга тушганди-да. Қанчалик ғалати кўринмасин, норозилар сафида аввалбошда мистер Отис ҳам бор эди. Чунки у, назорат мулоҳазаларга бориб, ҳар қандай унвонга ҳануз душманлик кўзи билан қарар, ўз ибораси билан айтганда, “ҳузур-ҳаловатга берилган аслзодаларнинг заифлаштирувчи таъсири республикача оддий ҳаётнинг метиндек мустаҳкам негизларига шикаст етказиши мумкинлигидан хавотирланарди”. Бироқ уни бу фикридан қайтишга тезда кўндиришди ва мистер Отис қизининг қўлидан тутиб, Ганновер-сквердаги Авлиё Георгий черковининг меҳроби ёнига бошлаб келганида, менимча, бутун Англия бўйича ундан-да мағрурроқ одам топилмасди. Асал ойи ўтганидан сўнг герцог билан герцогиня Кентервил қасрига келишди ва эртаси куни қарағайзор яқинидаги ташландиқ қабристонга йўл олишди. Улар сэр Симоннинг қабр тошига нималар деб ёзиш кераклигини узоқ ўйлаб кўришди ва, ниҳоят, марҳум исм-фамилиясининг бош ҳарфларини ҳамда кутубхона деразасига битилган шеърни ўйиб туширишга қарор қилишди. Герцогиня қабрни ўзи келтирган гулларга кўмиб ташлади, унинг тепасида бироз туришгач, улар ярим вайрона эски черковга киришди. Герцогиня йиқилиб ётган устун устига ўтирди, эри унинг оёқлари остида жойлашиб, сигарета тутатганича, унинг тиниқ кўзларига узоқ тикилиб қолди. Кейин у сигаретани улоқтириб юборди-да, герцогинянинг қўлидан тутди: – Виржиния, хотиннинг эридан яширадиган сири бўлмаслиги керак. – Менинг ҳам сендан яширадиган ҳеч қандай сирим йўқ, азизим Сесл. – Йўқ, бор, – деди у жилмайиб. – Руҳ икковингиз қамалиб олганингизда нималар бўлгани тўғрисида менга ҳеч қачон гапириб бермагансан. – Бу ҳақда умуман ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаганман, Сесл, – деди Виржиния жиддийлашиб. – Биламан, лекин менга айтишинг мумкин-ку, ахир. – Мендан бу тўғрида сўрама, Сесл, чиндан ҳам сенга айтиб беролмайман. Бечора сэр Симон! Ундан шу қадар миннатдорманки!.. Йўқ, кулма, Сесл, ҳақиқатан ҳам шундай. У мен учун Ҳаёт нимаю ўлим нималигини, Муҳаббат нима учун Ҳаёт ва Ўлимдан кучли эканлигини кашф этиб берди. Герцог ўрнидан туриб, рафиқасини оҳиста ўпди. – Майли, бу сир ичингда қолаверсин, фақат қалбинг меники бўлса бас, – деди у шивирлаб. – У доимо сеники, Сесл. – Бироқ бу воқеаларнинг барини бир куни келиб, фарзандларимизга айтиб берасан-ку, ахир! Тўғримасми? Виржиния қип-қизариб кетди.
Русчадан Рустам Обид таржимаси ____________ * Г а р д е н и я – мангу яшил буталар. ** Г е р а л д и к а – гербшунослик. *** А с т р а л – нариги дунёга оид, мистик жисм. |
Фурқат асарларида фольклор қаҳрамонлари |
|
|
|
05.03.2013 17:59 |
Фольклор ва ёзма адабиёт муносабатларини. тадқиқ этувчи амалий ишлар анчагина. Хусусан, бир ёки бир неча шоирларнин конкрет бадиий асарларида фольлор материалларининг иштироки масаласи атрофлича ўрганилган. Биргина ўзбек адабиётшунослиги да О. Собиров, Н. Маллаев, М. Алавия, Е. Жўраев, С. Аскаров Г. Жалилов, М. Ҳакимов, Ш. Абдуллаева, А. Жўрахонов, Б. Мамедов каби олимларнинг адабиётимиз тарихидаги бирор ижодкорнинг асарларида фольклоризмларни акиқлашга бағишланган қатор монография, диссертация ва мақолаларини санаш мумки Гарчи мазкур муаллифларнинг тадқиқотлари савия ва сифат жиҳатидан кескин фарқ қилса-да, улар фольклор ва адабииёт муносабати масаласини амалий ўрганишда муайян аҳамият касб этади. Бироқ амалий характердаги ишларнинг кўплигига қарамай, фольклор ва адабиёт муносабатларининг назарий масалаларини бугунги адабиётшунослик нуқтаи назаридан атрофлича, чуқур ўрганишга бағишланган тадқиқотлар йўқ даражада. Ваҳоланки, рус жаҳон адабиётшунослик фани мазкур масалани назарий жиҳатдан ўрганишда жуда илгарилаб кетди. Илмий холислик юзасидан шуни алоҳида қайд этиш керакки, профессор Натан маллаевнинг "Алишер Навоий ва халқ ижодиёти" номли 1974 йилда чоп этилган тадқиқоти, гарчи мақсад ва вазифасига кўра амалий характердаги иш бўлса-да, назарий умумлашмаларга бойлиги билан ҳам диққатга сазовор. Аммо бу ҳол ўзбек адабиётшунослигида фольклор ва ёзма адабиёт муносабатини кўламдор назарий аспектда ўрганиш ва ҳал этиш масаласини истисно этмайди, балки шу мақсад сари интилишнинг бошланғич босқичи сифатида муайян йўналиш беради. Профессор Н. Маллаев зикр этилган китобида қуйидаги кузатишларига асосланиб иш кўради. "Алишер Навоий халқ ижодиётидан бевосита ва бавосита фойдаланади. У халқ ижодчиларини эшитиш билан бирга, фольклор материаллари ёки анъаналари ўрин олган ёзма манбалардан кенг бақраманд бўлди. Фольклор асарлари (ёки элементлари) тарих китоблари, турли тазкиралар, илмий асарлар ва ёзма адабиётдан ҳам ўрин олган эди. Улар айнан ёки қайта ишланиб ёзма асарларга киритилар эди" (86-бет). Бундай қараш бутун тадқиқот давомида ўзини тўла оқлайди. Маълумки, Шарқ классик адабиётида мавжуд қатор персонаж-лар тарихий шахслар ёки тарихда ўтган шахсларнинг прообразла-ридир. Улар ижобий ё салбий мазмундаги бирон хизматлари, тақдири, кечмишлари билан халқ тилига, тарих солномаларига тушганлар. Тарих билан халқ бадиий тафаккури, фантазиясининг бир-бирини тўлдириб, чоғишиб кетиши ҳосиласи ўлароқ улар ярим тарихий-ярим афсонавий ва ҳатто вақти билан тамом афсонавий жиҳат касб этиб кетганлар. Ана шундай шароитда бу персонажлар индивидуал ижодкорлар асарларига марказий қаҳрамонлар бўлиб тарихдан-ёзма манбалардан кирдими ёки фольклорданми, аниқ айтиш амри маҳол. Агар бадиий асардаги қаҳрамоннинг кечмиши, асар воқеалари ўзаро фарқ қилувчи ёзма манба билан халқ вариантидан бирортасига мувофиқ келса уни аниқлаш ва конкрет хулоса чиқариш мумкиндир. Лекин ёзма манба билан халқ афсона ривоятлари айнан бўлса-чи? Бу ҳолда ўз-ўзидан масала мураккаблашади. Аксар ҳолларда ёзма манбаларнинг ўзи ҳам халқ афсона ва Ривоятларига асосланади ва ё аксинча афсоналар ёзма манбалар заминида бўлади. Айни чоғда бевосита фольклордан конкрет ижодкор асарига кўчган персонаж кейинги тараққиёт давомида бошқа давр ижодкори асарига адабий анъана тариқасида ўтиб боради. Бу ҳолда фольклорда ўзлаштиришнинг бавосита тури ҳақида сўз юритиш лозим бўлади. Хусусан анъанавий "Хамса" чиликда анъанавий қаҳрамонларнинг ана шундай бевоасита ўзлашиб бориши ҳодисасини кузатиш мумкин. Албатта улар муаллифнинг мақсад ва вазифаси, даври тақозосига кўра муайян хусусиятлар касб этиб бориши табиий. Мана шу жиҳатларни кўзда тутиб, рус адабиётшуноси Л. И. Емильянов 1978 нашр этилган "Методологические вопросы фольклористики" номли китобида Натан Маллаев қарашларига ҳамоҳанг фикрни баён этади. "Адабиёт фольклорда у ёки бу бадиий хусусиятларни ўзлаштира туриб, шу заҳотиёҳ уларни индивидуал бадиий ижодга ўтказиш билан чекланмай, шу билан бирга у ё бу даражадаги собит адабий анъанани майдонга келтиради. Бу эса, ўз навбатида, кейинги адабий авлодларнинг фольклорга бевосита мурожаат этиш заруратини камайтиради, чунки бу| авлодлар ҳачонлардир адабиёт фльклор билан ўзаро алоқада майдонга келтирган бадиий хусусиятларга адабиётнинг ўз анъанаси сифатида ёндошиш имкониятига эга бўлдилар" (184-185). Мана шу фикрларга суяниб, Фурқат ижодини ҳам ўрганиб чиҳиш маҳсадга мувофиқ. Зеро шу аспектда Фурқат ижодига ёндошиш, шоир асарларининг халқ оғзаки ижоди билан алоқадорлигини тадқиқ этишда энг самарали йўлдир. Қуйида ана шу мулоҳазага таяниб, фольклор асарлари қаҳрамонларининг Фурқат асарларида иштироки масаласинигина кўриб ўтайлик. Фурқат асарларида диний-мифологик, тарихий, афсонавий характердаги бир қанча фольклор қаҳрамонлари иштирокини кузатиш мумкин. Бу қаҳрамонлар шоир асарларида асосан ўхшатиш, ҳиёслаш объекти сифатида келтирилади. Хусусан диний мифологияга мансуб қаҳрамонлардан Ҳазрати Хизр ва Масиҳ образларини кўрайлик. Шоир мазкур образларни анъанавий тушунча асосида ҳўллайди: Обиҳавон бирла умри жовидонни не қилай Бир хати Хизру лаби лаъли Масиҳо бўлмаса. Хизр осо хатларинг ҳар дам тутар оби ҳаёт, Элға лаълинг жон берур Исо пайғамбардаккина. Хатинг ул Хизр элга берса ҳар қачон ҳайвон суйи, Нутқинг ул жон бахшлиқ бўлса Масиҳ гуфторида.
Мифга кўра оби ҳаёт — тириклик суви мавжуд бўлиб, уни ичган кимса абадий яшайди. Бу сувга Хизр пайғамбаргина муяссар бўлиб, Хизр суви деб ҳам юритилади. Масиҳо — Исо пайгамбар эса яна мифга кўра ўз нафаси билан ўликларга жон бағишлаш қудратига эга. Анъанага кўра бу образлар маъшуҳанинг лутфи ва лаъли лабига нисбат берилиб, классик шеъриятимизда кенг ҳўлланилади. Фурқат ҳам бу образларга худди шу маънода жуда кўп мурожаат этади. Айни вазиятда мазкур образларнинг Фурқат ижодига ҳам бсвосита ҳам билвосита ўзлашгани ҳақида сўз юритиш мумкин. Чунки Фурқат бу образлар ҳақидаги тушунчани бевосита фольклор манбалариданд — иний ҳикоят ва ривоятлар тўпламларидан, халқ оғзидан ҳам эшитган ва ёзма бадиий манбалардан ҳам адабий анъана тариҳасида ўзлаштирган. Булардан ташҳари Фурқат асарларида ҳайд этилувчи Яъқуб алайҳиссалом, Юсуф Канъон, Сулаймон пайғамбар, Хорут ва Морут образлари ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Хусусан шоир "Кашмирда" номли машҳур ғазалидаги Бир кўриб чоқи зақан Хорут ила Морут иков Чоқи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.— байтида Хорут ва Морут ҳақидаги афсонага ишора ҳилади. Шу афсонага кўра Бобил шаҳрида жуда чуқур афсонавий чоҳ мавжуд бўлиб, ерга тушгач, ғоят номаҳбул ишлар ҳилиб гуноҳга ботган Хорут ва Морут номли фаришталарни худо шу чоҳда азоблаган. Улар то ҳиёматга ҳадар шу тубсиз чоҳҳа тушиб кетаверадилар. Классик шеъриятимизга эса Бобил чоҳи маъшуқаларнинг ияк чуқурчаси таърифи учун ташбеҳ бўлиб хизмат ҳилган. Фурқат келтирган байтда мазкур образни ғоят нозиклик билан қўллаб, Хорут билан Морутнинг чоҳи Бобил ичра ҳолмиш сабабини маъшуқанинг ияк чуҳурчасини кўриш оҳибати сифатида берадики, бу энди диний афсонага дунёвий жиҳат бағишлашнинг ёрқин намунасидир.
Тарихий ва афсонавий образлар масаласига келсак, Фурқат бунда ҳам фольклор ва адабий анъанага, яъни бевосита ва бавосита мурожаат қилиш усулига амал ҳилганини кўрамиз. Унинг асарларида Фарҳод ва Ширин, Хисрав Парвез ва Жамшид, Лайли ва Мажнун, Баҳром ва Гуландом, Юсуф ва Зулайҳо, Боязид ва Қайсар, Вомик, Рустам, Искандар, Доро, Афлотун, Арасту, Луқмон каби қатор тарихий ва афсонавий шахслар номлари учрайди. Бу образлар ҳам аввалги қисмдаги образлар сингари муҳояса объекти бўлиб хизмат ҳиладилар. Лекин Фурқат уларни шунчаки ҳайд этиш билан чекланмайди, балки жуда ҳисҳа — икки-уч сўз воситасида ўҳувчини ўша шахслар ҳақидаги конкрет афсона ва ривоятларга йўллайди. Бу мулоҳазани биргина Искандар образи мисолида ҳам асослаш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Фурқат асарларида энг кўп мурожаат илинадиган образ Искандардир. Табиийки, Фурқат Искандар ҳақида жуда кенг тарқалган халқ ўртасидаги афсона ва ривйятлардан ҳам, тарихий манба ва ёзма адабиёт вакиллари асарларидан ҳам атрофлича хабардор бўлган. Хусусан у тўққиз ёшида Ҳазрати Навоий бадиият оламига кирган экан, фаҳатгина Навоий ижоди орҳали ҳам Искандар ҳақида бағоят бой тасаввурга эга бўлиши, шубҳасиз. Таъкидлаганимиздек, Фурқат ижодида Искандар образи учун халқ оғзаки ижоди ҳам ва ёзма адабиёт айниқса Навоий ижоди ҳам асосий манба бўлган. Шоирнинг "Бормисиз" радифли газалида қуйидаги байт характерли: Биз эллар — фақр элимиз парча нонга сабр айлармиз, Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз. А. Навоийнинг Эрон шоҳлари тарихига бағишланган "Тарихи мулуки Ажам" номли асарида Искандар ва Доро муносабати ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Навоий муаррих ат-Табарийниг "Тарих ар-русул ва -л-мулук" ("Пайғамбарлар ва подшолар тарихи") асарида келтирилган воҳеани деярли айнан келтиради. Яъни Файлақус вафотидан сўнг тахтга чиққан Искандар Эрон шоҳи Дорога бож тўламай қўяди. Шу бож юзасидан икки шоҳ орасида катта жанг бўлиб, Доро енгилади. "Бож" масаласида бир қанча жузъий тафсилотлар келтирилган. Доронинг енгилишида уни зимдан ёмон кўриб юрган икки ноиби сабабчи бўлади. Доро ўлими олдидан Искандарга қизига уйланиш, қотилларини жазолаш ва қариндошларига азият етказмаслик ҳақида уч васиятни айтад Исканадар бу васиятларни тўла бажаради. Бу тафсилотлар Навоийнинг "Хамса" сидаги сўнгги "Садди Искандарий" достонига ҳам маълум ўринларда асос бўлган. Худди шундай сюжетга асосланган иккита ўзбек халқ эртаги ҳам мавжуд. Бири Хоразм халқ эртаги "Искандар Зулҳарнайн'' иккинчиси "Доро ва Искандарбек" эртаги. Эртакда ҳам, тарихий манба ва Навоийда ҳам Доро ва Искандар низосининг сабаби "бож" масаласидир. Фурқат юҳорида келтирилган байтда Искандар Доро ҳақидаги айни шу сюжетга, яъни "гараз дунё" баҳонасидаги ҳирғинга ишора ҳилиб, сабр-қаноат ғоясини илгари суради. Бу ўринда ҳам Фурқатнинг ҳам бевосита, ҳам бавосита, яъни мавжуд фольклор манбаига ва Навоий ижоди воситачилигидаги яна ўша манбага таяниши ҳақида сўз юритиш мумкин. Бундан ташқари Фурқат асарларида "тожи Искандар" ойинаи Искандари", "ойинаи жаҳоннамо" каби мотивлар учрайдики, булар ҳақида ҳам ана шу хулосани айтиш мумкин. Шу билан бирга, Фурқат асарларида Искандар образи бнлан боғлиқ равишда, адабий анъана иштирокисиз ёки ҳеч бўлмас Навоий анъанасисиз, бевосита фольклорга тааллуқли мисоллар ҳам учрайди. Хусусан шоир "Илм хосияти" номли манзумасида Искандар атрофини қуршаган аҳли фунунлар ҳақида сўзлаб Сикандар давлатида аҳли Юнон. Фалотун ҳам Арасту бирла Луқмон,— дейди. Тарихий ва ёзма бадиий манбаларда Искандар атрофидаги олимлар қаторида Луқмон номи саналмайди. Чунки Луқмон шахси ҳақида, унинг тарихий шахс ёки афсонавийлиги борасида аниҳ бир хулоса йўҳ. Луқмон аксарият афсонавий, тўҳима шахс сифатида тушунилади. Навоий ҳам "Тарихи анбиё ва Ҳукамо"да Луқмон масаласида "ихтилофдур" дейди ва у ҳам Луқмонни Искандар шоҳлиги даври билан богламайди. Ўзбек халқ эртакларидан "Луқмон ҳаким" эртагида Луқмон Искандарга замондош сифатида берилади. Демаҳ, Фурқат Луқмонни Искандар атрофидаги олимлар ҳаторида санар экан, у бсвосита фольклор манбаидан озиҳланган дейиш учун асос бор.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Фурқат ижоди ҳам ҳар бир халқчил ёзма адабиёт намояндаси каби халқ оғзаки ижодиётидан озуқланган ва бу ҳол шоир асарларининг умрбоқийлигини таъминловчи омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.
Шуҳрат Ризаев |
|