Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845-1910) |
|
|
|
20.03.2014 18:13 |
Феруз, Муҳаммад Раҳимхон II (1845 – Хива - 1910) Хива хони (1864—1910); шоир ва бастакор. Қўнғиротлар сулоласидан. Хива шаҳридаги Араб Муҳаммадхон мадрасасиаа таҳсил кўрган, давлат, ҳуқуқ илмини замонасининг машҳур мударриси, шоир ва олим Доий, Юсуфхўжа охун ва бошқадан ўрганган. Огаҳий Ферузга устозлик қилган, унга шеърият сирларини ургатган, тарих, таржима илмидан сабоқ берган. Отаси Сайид Муҳаммадхон вафотидан сўнг (1864) Хива тахтига ўтирган. Бу воқеа муносабати билан Огаҳий Ферузга бағишлаб қасидалар битган. 1873 йил Хива хонлигига фон Кауфман бошчилигидаги Россия армияси ҳужум қилиб, хонликнинг асосий шаҳарлари ва пойтахтни босиб олган. Гандимиён шартномаси (1873 йил 12 август)га кўра, Хива хонлиги подшо Россиясига қарам бўлиб қолган. Феруз ана шундай мураккаб шароитда ярим асрга яқин муддат давомида Хива хонлигини бошқарган. Феруз саройга адабиёт ва санъат арбобларини тўплаган. Огаҳий, Комил, Табибий ва бошқа таъсирида ўзи ҳам Феруз (бахтли, ғолиб) тахаллуси билан шеърлар ёзган. Феруз китобат ишларига катта аҳамият берган: девон тузиш, тарих ёзиш, таржима ишларини ривожлантирган. Хоразмда таржима мактаби яратган. Форс ва араб адабиётининг энг нодир тарихий, адабий, илмий асарларини ўзбек тилига таржима қилдирган. Унинг ҳукмронлиги даврида Огаҳий ва Баёнийлар томонидан Хоразм тарихига оид асарлар ёзилган. Комил Хоразмий мумтоз мақомлар учун нота ёзувини ихтиро қилган. Хивада босмахона (тошбосма) ташкил эттирган. Унда Хоразм шоирлари ҳақидаги «Мажмуат уш-шуаро» тазкираси, Алишер Навоий асарлари, Хоразм шоирлари девонлари нашр қилинган. Феруз Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Туркия савдогарлари орқали Хоразмга чет эллардан ноёб китоблар келтиртирган ва уларни кўп нусхаларда кўчиртирган, тарих ва адабиётга оид китоблардан иборат бой кутубхона яратган. Феруз меъморлик, наққошлик, хаттотлик каби санъат турларини ҳам ривожлантирган. Бу даврда фотография ва кино санъати вужудга келган, ободончилик ишлари амалга оширилган. Феруз 1871 йил Кўҳна Арк қаршисида ўз номи билан аталувчи 2 қаватли Мадраса қурдирган. Ферузнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан 30 дан ортиқ мадраса, масжид, минора, хонақолар қад ростлаган. Феруз ерларни сув билан таъминлаш, боғ-роғлар барпо этиш ишига ҳам алоҳида аҳамият берган. Унинг буйругъига мувофиқ, Қўнғирот тумани сарҳадида катта ариқ бунёд этилган. Ҳозирда ушбу ариқ «Хон ариги» деб аталади. Феруз мумтоз шеъриятнинг анъанавий жанрларида лирик шеърлар яратган. Шеърлари, асосан, ишқ-муҳаббат мавзуида. Севги ва садоқат Феруз ижодининг ғоявий асосини ташкил қилади. Улар оҳангдорлиги, тасвирий-ифодавий бўёқларга бойлиги ва шаклан ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Унинг кўпчилик ғазаллари ўз замонасида созандалар ва гуяндалар томонидан куйга солиб куйланиб келинган. Шеърларига «Девони Феруз» номи билан тартиб берган (1879). Бу девон Муҳаммад Шариф томонидан қайта кўчирилган (1900). Ферузнинг ўзи Паҳлавон Маҳмуднинг 350 рубоийсини қўлда кўчириб, китоб ҳолига келтирган. Феруз Шашмақом куйларини ўрганган, саройда мақом ансамблини тузган. «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» мақомларига боғлаб куйлар яратган. Феруз Сайд Маҳруйжон мажмуасидаги Сайид Моҳи Рўйи Жаҳон мақбарасида дафн қилинган. Шеърлар девони нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти (инв. № 3442, 1119)да сақланади. Ҳабиб Абдуназар, Иброҳим Каримов
ҒАЗАЛЛАР
Зиҳи бордур зуҳурингға азал бирла абад пайдо, Тафаккур айлабон зотинг, қила олмас хирад пайдо.
Не ҳикматдурки, гулдек юз ато бир кимсага айлаб, Бировда булбулосо оҳу афғон беадад пайдо.
Қачон ҳамдингга гўё айлагум тилни мане бекас, Манга гар бўлмаса алтофи фазлингдин мадад пайдо.
Бу ҳам бор қудрату сунъинг тасдиқига бир бурҳон Ки, қилдинг бу тўққуз қат осмонни беамад пайдо.
Нечук мақбуллиғ топғусидур аҳли жаҳон аро, Ул одамким, онга қаҳринг соридин бўлса рад пайдо.
Бориси хоҳиши тақдиринг ила бўлғуси мавжуд, Неким гар бандадин оламда бўлса неку бад пайдо.
Топар кавнайи ичра мақсад ила комини Феруз, Иноётинг била бўлса анга гар маснад пайдо.
* * *
Бўлсун салом беҳад анга субҳ ила масо Ким, деди васфини они фурқон аро худо.
Хоки қудумин айлади бўса ҳама расул, Билди ўзига шоҳ они жумлаи анбиё.
Ул шомким, ҳақ амри била айлади уруж, Топти ҳама мурод ила мақсудини раво.
Албатта ҳашрда топар онинг шафоатин, Ҳар кимсаким, жаҳонда қилур инқиёд анго.
Ҳар кимки, амри шаръийға гар сунмағай бўюн Рўзи жазода бўлгуси икки юзи қаро.
Ҳар ким салому саловот этса одатин, Шаҳд шафоатин ичадур тонгла ҳашр аро.
Феруздек шафоатинг умидин этгамен, Ҳосил қил они лутфинг ила бобини машо.
* * *
Ёраб, иш субҳу масо журм ила исёндур манга, Ики кўзум ушбу ғусса бирла гирёндур манга.
Бошлағил тавфиқ ила роҳи ҳидоят сориға Ким, кўнгул ҳар дам залолат бирла жавлондур манга.
Ман аён қилмоқ санга лозим эмасдур ҳар нафас, Ким санга бордур намоён неки пинҳондур манга.
Сен агар лутфу инояту карам анласанг, Жумлайи мушкул ики оламда осондур манга.
Афу ҳажридин бир қатра эҳсон айлагил, Ким ҳамиша журм ила исён фаровондур манга.
Маърифатнинг жонибиға бошла йўлким борҳо, Жаҳл сори хотири афкор жўёндур манга.
Қил ато бир журъаи фазлинг билаким, Ферузинг, Субҳ ила шом орзу дарёи ғуфрондур манга.
* * *
Нигоро, олди ҳушим, тарзи рафторингға салламно! Ерутти тийра кулбам, меҳри рухсорингға салламно!
Ишим қотил кўзунг бедодидин бўлмиш, басе, мушкул, Ичиб қонимни тўймас, чашми хунхорингға салламно!
Лабинг сўздин берур жон ўлган элга дарди ишқингдин, Равониарвар даби жонбахши гуфторингға салламно!
Ҳама ишқ аҳлидур, эй муғбача, зулфнинг гирифтори, Бори дин аҳлини банд этди — зуннорингға салламно!
Дединг: «Лутф айлагум!», ўлтурдинг, аммо неча ноз айлаб, Агар лутфинг бу эрса, жавру озорингга салламно!
Қилурсан ноз, агар ман ҳар неча арзи ниёз этсам, Ситамкор маҳвашо, бу навъ атворингға салламно!
Сенга, Феруз, ўлуб бахт, этдинг ул оп қадди, зулфин васф, Бу янглиғ табъи иозик бирла ашъорингға салламно!
* * *
Ул ой васфини вирд этсам забонда, Неча йиллар адо бўлмас баёнда.
Дебон маъшуқинг асру бевафодур, Манга кўп таъналар айлар жаҳонда.
Нетайким, ишқ зўр анлаб кўнгулга, Ул ойнинг меҳрини асратди жонда.
Ҳабибимға чу маҳрам бўлди ағёр, Эрурман ушбу ҳасратдин фиғонда.
Фироқ ичра менинг бағрим қилиб қон, Ннгорим, билмадим, эрмиш қаёнда.
Ҳумоюн бахт ила бўлсун саломат, Агар бўлса ҳабибим ҳар маконда.
Агар Ферузлик иқболинг эса, Висолиға етушкунг бир замонда.
* * *
Гул юзунгга булбулосо ўтлуғ афғоним фидо, Сарви озодингға қумридек хуш алҳоним фидо.
Хирмани гулдек бўлуб киргил қучоғим ичраким, Гул киби ислаб юзунг, айлай санга жоним фидо.
Ваҳ, нечук кофирдурур икки кўзингким, бир қиё Ҳолима боқмас ҳам этсам нақди имоним фидо.
Гоҳ-гоҳи ман сори қўйгил қадамким, айлайин Мақдаминг гардиға жон, эй кўнглум олғоним, фидо.
Эй париваш кулбамға элдин ниҳону ошкор Келки, то айлай санга пайдою пиҳоним фидо.
Чашми умидим ёр ўлғил меҳрдек юз бирлаким, Баҳри кон этсун санга чашми дурафшоним фидо.
Бахти Феруз ила гар топсам висолинг давлатин, Сўз дуррин базмингда айлай, эй сухандоним, фидо.
* * *
Рухсорин очиб бир пари келди бу тун базмим аро. Бошдин оёқи бор экан меҳру вафо, нозу адо.
Чиқса фалакка ҳар саҳар оҳу фиғоним, не ажаб, Айлар фузунроқ ҳар кеча ул ой менга жавру жафо.
Билмон, не офат эрди ул бўлғоч назарга жилвагар, Ақлу хирад, ислому дин ўлди бори мендин жудо.
Жонинг учун ҳар дам манга кўргуз тараҳҳум, эй пари Ким, сабру тоқат қолмади жавринг чекиб субҳу масо.
Ойдек юзунгнинг партави тушсун каро кулбамға ҳам, Кўйғил қадам, эй маҳлиқо, очиб узори дилкушо.
Не суд, толеъ бўлса гар юз ою кун, ҳар субҳу шом, Нечунки бор Ферузға меҳру жамолинг муддао.
МУХАММАСЛАР
Кўрмак тилаб юзунгни, эй шўх гулузорим, Қонлар тўкар дамодам бу чашми ашкборим, Қучмок тилаб белингни ҳеч қолмади қарорим, Йўлунгда туфроқ ўлди бу жисми хоксорим, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Бўлғоч назарда зоҳир товусдек хироминг, Ақлимни қилди ҳайрон таъзим ила саломинг, Лол айлади тилимни тўтисифат каломинг, Йўқтур жаҳонда мандек бир камтарин ғуломинг, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Сен ҳусн шоҳидурсен, раҳм айла бу гадоға, Келмасму ҳеч раҳминг бу зори мубталоға, Каҳрингин айлаб афзун кўп қўймағил балоға, Лутфу карам шиор эт, хўй айлама жафоға, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Гулгун узоринг узра чиқмиш хатти зумуррад, Бу хат била бўлуб сен ҳусн аҳлиға саромад, Гўё санга бўлубдур шамсу қамар обо жадд, Мундин зиёд этарга васфингни йўқ манга ҳад, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Қаддинг хаёли тушгач хотирға, эй суманбар, Эрмас назарға манзур шамшод ила санавбар, Бўлмас эса муяссар ул кокили муанбар, Тутғойму ўрнин онинг райҳону сунбулу тар, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Қил ҳолима тараҳҳум, эй соқийи дилоро, Солди сипоҳи ишқинг жон кишвариға яғмо, Мани зор бедилингға лутф айлагил нигоро, Қолмади фурқатингда сабру қарорим асло, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Меҳри камардек олиб тожу камарни пинҳон, Охир бошу белига зийнат етурди ул жон, Қилсанг муни тафаккур, эй шоири сухандон, Бир шўхи дилрабонинг исми бўлур намоён, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
Бўстонда базм этарга жамъ ўлсалар санамлар, Ул базм ичида Феруз ўлсун десанг суханвар, Ўз илкинг ила тутғил бир лоларанг соғар, Юз нозу ишва бирла кирганда боға дилбар, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим.
* * *
Чекиб ҳижронда ранжи бекарон оҳиста-оҳиста, Ютар эрдим лаби фикрида қон оҳиста-оҳиста, Бу ҳолимдин топиб бу кун нишон оҳиста-оҳиста, Манга раҳм айлаб ул ширин забон оҳиста-оҳиста, Етушти бошим узра ногаҳон оҳиста-оҳиста.
Шаби ҳижронда айлаб дарду меҳнат кулбасин маскан, Сочар эрдим сиришким донасин ҳар сори юз хирман, Бу ҳол ичра тараҳҳум кўргузуб ул дилбари пурфан, Фироқида қорорғоҳ кўзларимни айлади равшан, Очиб рухсораи хуршидсон оҳиста-оҳиста.
Қудуми интизорида бўлуб тонг отгуча бедор, Чекиб ҳар дамда гардун сори юз минг оҳи оташбор, Бўлуб ғам тиғи бирла сарбасар жону таним афгор, Эдим ҳижрони дарди шиддатидин ўлгудек бемор, Етушти васлидин суҳбат равон оҳиста-оҳиста.
Миниб рахшиға букун ман сори атфи инон айлаб, Шитоб ичра арақни гул уза шабнам фишон айлаб, Келиб базмим қудуми бирла гулзори жикон айлаб, Масиҳо мўжизин жонбахши лаълидин аён айлаб, Ўлук жисмимга берди тоза жон оҳиста-оҳиста.
Русуми дилраболиғ кўргузуб гул юзли жононим, Билиб ҳижрон ўти куйдурганни бошдин-оёқ жоним, Кўруб раҳм айлабон жисми низору чашми гирёним, Сўруб дилдорлиғ расми била ҳоли паришоним, Қилиб ошино дилбарлик аён оҳиста-оҳиста.
Тараҳҳум кўзгузуб ҳар дам фузун аъдоди имкондин, Табассум айлабон юз ишва бирла лаъли хандондин, Такаллум бошлабон ҳар лафзни айлаб чучук жондин, Деди:«—Эй ошиқи зорим малоли дарди ҳижрондин, Бўлубсан асру зору нотавон оҳиста-оҳиста»
Майи лаълимни дардингга даво айларга келмишман, Замирингда не эрса муддао айларга келмишман, Неким расму муҳаббатдур, санго айларга келмишман, Бу дам васлим била коминг раво айларга келмишман, Мақомингға бори элдин ниҳон оҳиста-оҳиста.
Қилиб тун-кун висолим базмиға етмакни андиша, Уруб Фарҳод янглиғ ранжу меҳнат тоғиға теша, Қилиб ишқимда кўнглунгни мусаффо, ўйлаким, шиша, Неча кун дарди ҳижроним аро сабр айладинг пеша, Бўл эмди васлим ичра шодмон оҳиста-оҳиста.
Эди ҳижрон аро мақсудинг ўпмак борҳо лаълим, Қучуб нозик белим кўнглунгга сўрмоқ муддао лаълим, Бугун коминг не эрса қилғуси они раво лаълим, Агар истарсан ўпмакликни, энг жонфизо лаълим, Қучарсан, қуч белим, энгу миён оҳиста-оҳиста.
Манга иқбол янглиғ бўлди чун ул ҳамдаму ҳамдаст, Оёқинг ўпкали ман оллида туфроқға бўлдум паст, Талаттуф бирла ул лаълин лабимга айлади пайваст, Ман ўлдум ёр лаъли бодаси бирла бўлуб сармаст, Фироқи ранжидин топтим омон оҳиста-оҳиста.
Кўзумдин оқизиб ашкни ҳижрон ичра сув янглиғ, Бўлуб оби равон ондин аён ҳар сори жў янглиғ, Риёзат тортибон айлаб танин заъф ичра му янглиғ, Киши гар содиқ эрса ишқ аро васл ичра бу янглиғ, Бўлур Ферузбахту комрон оҳиста-оҳиста.
ОГАҲИЙ ҒАЗАЛЛАРИГА ТАХМИСЛАР
Рангин такаллумму бўлур чунким гуҳарафшон лабинг, Файзу фараҳ еткургуси кўнглумга бепоён лабинг, Фаҳм этмадим не хосият қилмушдурур пинҳон лабинг, Ёқутдурму билмадим ё лаъл эй жонон, лабинг, Ё оразинг гулзорида борму гули хандон лабинг.
Лаълниг фироқида бўлуб асру заифу хаста жон, Жисми низоримдин олиб қаддинг ғами тобу тавон, Ўлмакка етганда ёвуқ келдинг бошимға ногаҳон, Лаълингни бир ўпмак била топтим ҳаёти жовидон, Эъжози Исому экан ё шарбати ҳайвон лабинг.
Жавру жафолар айлабон жонимга бу гардуни дун, Қилди лабинг ҳижронида ашкимни қон, бағримни хун, Дардим эрур беҳад фузун, кун-кундин аҳволим забун, Кўздин тўкуб ҳижрон аро доим сиришқи лолагун, Ўпмаклик айлаб орзу тун-кун ютарман қон лабинг.
Кўнглумга бўлмишдур лабинг бир бўса қилмоқ муддао, Муфт эрмас ушбу матлабим, бўлса агар, сандин раво, Олтун-кумиш худ саҳл эрур, эй дилбари ширинлиқо, Гар бўса лаълингга жон нақдин қилур эрсанг баҳо, Олғум нединким бир ўпуб ўлганга на армон лабинг.
Тақвои тоат айлабон зуҳд аҳли тинмай рўзи шаб, Жаннатга кирмак орзу айлаб чекар ранжу тааб, Ақл эли кўйинг борида жаннатни қилгайму талаб, Феруз, жаннат равзасин, гар, истамас эрмас, ажаб Ким, оразинг жаннат гули, кавсар суйи, эй жон, лабинг.
* * *
Бир жилвагар бўлғоч кўзум оллида то қошу кўзунг, Фаҳми хирадин айлади мандин жудо қошу кўзунг, Жонимни олди айлабон нозу адо қошу кўзунг, Ваҳ не балодур билмадим, эй дилрабо, қошу кўзунг Ким, бир назарда солди ўт жоним аро қошу кўзунг.
Ҳам Хизри хаттинг дилкушо, бордур масиҳоний сўзунг, Ҳам кўзу қошинг қотили жонбахга эрур, рангин сўзунг, Ҳам беқарор ўлғон кўнгулларга берур таскин сўзунг, Ҳам юз ўлукни тиргузур лаълинг аро ширин сўзунг, Ҳам минг тирикни ўлтурур айлаб жафо қошу кўзунг.
Тун-кун сўроғинг айлабон истаб муалло манзилинг, Кўргач мусаффо оразинг, бўлдум асири бедилинг, Жону кўнгул бетоб эрур сўрмоқ тилаб ширин лабинг, Олди карори тоқатим оқ сийнаю нозик белинг, Солди қаро кун бошима икки қаро қошу кўзунг.
Боқгоч кўз ила қошинга, бўлдум асир, эй нўшлаб, Жоним ёқар ошиқ ўти, қошу кўзунг бўлди сабаб, Эмди фиғонлар айлабон ҳижронинг ичра рўзу шаб, Қошу кўзунг бедодидин дод айласам эрмас ажаб, Ким, не жафолар қилмади охир манго қошу кўзунг.
Фаррух юзунг ҳусн авжининг бордур моҳитобопиким, Ханлинг эрур маҳбублар, сансан алар султониким, Манким таманно айламак, сан шўх бепарвониким, Йўқтур манга ишқинг аро юрмак тирик имкониким, Жонимни ё қадду юзунг олғуси ё қошу кўзунг.
Ҳусн аҳли шоҳисан, эрур мулкунг малоҳат кишвари, Икки кўзунг жоду эрур, қошинг аларнинг ханжари, Мажнундек ўлди кўргач, ул ҳуснинг жаҳон донолари, Ман зори ҳайронинг нечук девона бўлмай, эй пари Ким, ақлу ҳушим айлади мандин жудо қошу кўзунг.
Истаб висолинг базмини, эй хўбларнинг аҳсани, Иқболи Ферузинг киби кўб жустужў айлаб сани, Кўргач юзунг ишқ ўтига кўпди вужуди хирмани, Ширин лабингдин Огаҳий жисмиға жон берким, ани, Ўлтурди бир имо қилиб боқғоч қиё қошу кўзунг.
МУСАДДАСЛАР
Субҳким, ул сарви гулрўх сайри гулзор айлади, Сарву гулға қадду рухсорни намудор айлади, Сарв қаддиға эгиб бош қуллуқ изҳор айлади, Гул юзин суртуб пойиға ўзини хор айлади, Рашк тиғи жой ила кўнгулни афгор айлади. Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.
Гар нафас қилгач назора ул қуёш рухсорга, Жон кўнглум қолди ишқи ранжидин озорға, Айласам жоним фидо боқмай ман беморга, Ҳар нафасда кўргузур юз илтифот ағёрға, Айламас бир раҳме зоҳир ман ғарибу зорға, Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.
Жонфизо лаълин такаллумга оюрса ногаҳон, Ҳар каломидин топар ўлган бадан руҳи равон, Гўйиё улдур бу даврон нчра Исойи замон Ким, киши кўрмайдур андоқ маҳваши ширин забон, Айб қилманг, истаб они, айласам оҳу фиғон, Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.
Хўб эмастур қадди тў‘би қомати рафторича, Дилкаш эрмас равзаи ризвон юзи гулзорича, Йўқтурур хуршид нури жабҳаи анворича, Сунбул эрмас атрпарвар зулфи анбарборича, Тонг эмас, васлин талаб қилсам агар жон борича, Дўстлар, ул дилрабо ҳақи мани зор айлади.
Оҳким, тарки муҳаббат айлабон ул дилрабо, Нотавон жонимға кўрди ҳажр андуҳин раво, Мунча ҳам бўлғойму бир бедилға қилмоқлик жафо, Дилраболиғ расмида аввал қилиб меҳру вафо, Сўнгра қилди меҳнат ҳижрони бирла мубтало, Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.
Ул қуёшдин айру бир зарра қарорим қолмади, Ақлу ҳушим кетди-ю, сабр-ихтиёрим қолмади, Дарди ҳижрон чеккали танда мадорим қолмади, Васл учун айлаб гадолиқ нангу орим қолмади, Йиғламоқдин ўзга ҳажр ичра шиорим қолмади, Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.
Ишқ мулкида эдим Ферузбахту комкор, Амрима маъмур эрди неча шўхи гулузор, Лекин они кўргач ўлдум бандаси беихтиёр, Қолмайин кўнглум аро бир заррача сабру қарор, Ақл ила ҳушу хирадни қилди мандин беқарор, Дўстлар, ул дилрабо ишқи мани зор айлади.
* * *
Ул пари эгнида гулранг либосини кўрунг, Меҳрдек оразининг нуру зиёсини кўрунг, Нутқи жонбахшу лаби руҳафзоснни кўрунг, Отғоли ғамза ўқин қошлари ёсини кўрунг, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг, Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
Оразидин олиб ул меҳру жаҳонтоб ниқоб, Зеб учун кўзга чекиб сурма, уруб юзга гулоб, Кўзлари фитнасидин қилғоли оламни хароб, Юзи ўти била айларга жигарларни кабоб, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг, Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
Гул хижил боғ аро онинг гул рухсоридин, Сарупо дар гул эрур қомати рафторидин, Лол эрур қумрию булбул лаби гуфторидин, Синди шаккарга баҳо лаъли шаккарборидин, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосинн кўрунг. Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
Жон олур ҳар боқиши бирла қаро кўзгинаси, Тоза жон ҳам берур элга шаккарин сўзгинаси, Коши ё, киприки ўқ, офатижон юзгинаси, Фитнагар чобук худройи эрур ўзгинаси, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг, Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
Кўз юмуб ноз ила гоҳи чекибон хомёза, Кош қоқиб гаҳ қилибон жилваи беандоза, Ўзига ҳар дам этиб ғамза фунуни тоза, Килди ошиқлиғим олам элига овоза, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг, Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
Жилваи қоматиға туъбини ризвон банда, Мутабассим лабиға ғунчаи хандон банда, Икки шаҳло кўзиға наргиси фаттон банда, Орази меҳриға хуршиди дурахшон банда, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг, Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
Токи ул шўх ғами ишқиға дучор ўлдум, Дам-бадам дарди бало хайли била ёр ўлдум, Кокили домига побасти гирифтор ўлдум, Талаб васлида Феруз киби зор ўлдум, Ваҳки, ул меҳрлиқо нозу адосини кўрунг, Жонима ҳар нафас озору жафосини кўрунг.
РУБОИЙЛАР
Эй шўх, тараҳҳум айлаким, зорингман, Жону дилу дин ила гирифторингман. Гар васлингга айласанг баҳо жон нақдин, Юз жон эса ҳам бериб харидорингман.
* * *
Қилмиш мани бир дилбари зебо ошиқ, Бошдин оёқи латифу раъно ошиқ, Йўқ мумкин ўзи холи ҳамсуҳбати ман, Бўлғайму манингдек яна пайдо ошиқ.
* * *
Жонбахши каломинг эрур ул навъ фасиҳ, Исо киби жон бергусидур элга сариҳ, Ҳар шўхки, ҳусн ичра тутар ўзни сабиҳ, Сан борчасидин сабиҳ ҳам асру малиҳ.
* * *
Кўргач юзунг, зй дилбар, фархунда сифот, Ҳеч қолмади кўнглум аро орому сабот, Хосияти лаълинг оби ҳайвон янглиғ, Сўрғон кишига бергуси жовиди ҳаёт.
* * *
Кам этмади қаҳрин манга дилдор ҳануз, Тарк айламади жавр ила озор ҳануз. Ман ҳажрида субҳу шом йиғларман қон, Хушнуд эрур базмида ағёр ҳануз.
* * *
Гар дилбарим ўлмаса манго ҳамсуҳбат, Найлай эса юз ҳурлиқо ҳамсуҳбат, Ул шўх агар анисим ўлмас эрса, Даркор эмас ушбу даҳр аро ҳамсуҳбат.
* * *
Рўзи санга борча ком бўлсун, ёраб! Иқболу ман мудом бўлсун, ёраб! Ҳам давлати мустадом бўлсун, ёраб! Ҳам ишрати бардавом бўлсун, ёраб! |
03.11.2013 13:51 |

Собиқ шўро адабиётшунослигида энг кўп қўлланган, олиму мунаққидлар тилидан тушмаган, аммо дилига жо бўлмаган, моҳияти зинҳор ярқ этиб очилмаган масала қайси эди? Адабиётга елдек бостириб кирган, бирпасда ҳам ўтмиш, ҳам келажак санъатига ҳукмини ўтказмоқчи бўлган, социалистик мамлакатлар адабиёти тугул жаҳон халқлари санъатига ҳукмронликни даъво қилган метод қайси эди? Ниҳоят, умри илон чақишидек қисқа, аммо заҳри қотили миллион-миллион онгларни фалаж қилаёзган назария қайси эди? Барча саволларнинг жавоби битта: соцреализм. Ўзбек адабиётшунослигида соцреализм ҳақида ёзиш, уни татбиқ этиш авжланаётган пайтда баъзи дадил, ҳақиқатни айтишдан чўчимайдиган ёшлар соцреализмга кафан бича бошлагандилар. Бу синчков ёшлар санъат табиатида катта ҳақиқатни тарғиб қилиш хусусияти мавжудлигини, ҳар хил сохта доктриналарни ҳақиқат сифатида илоҳийлаштиравериш ғирт зарар эканлигини дилларидан ҳис этдилар. Аввалига чўчиб, секингина айтилган ҳақиқат бора-бора баралла янграй бошлади. Асримизнинг 80-йилига келиб, соцреализм аксарият адабиётларда назарий-ғоявий ўлик матоҳга айланган, санъатшуносу адабиётшунослар ундан қўлларини ювиб қўлтиққа уриб бўлган эдилар. Афсуски, баъзи адабиётшуносларимиз ҳамон соцреализмга ҳурмат-эътибор билан қарамоқцалар, унга садоқат кўрсатмоқдалар. Бироқ соцреализмга хайрихоҳлик билдириб ёзилаётган мақола, айтилаётган мулоҳазаларда кишини ишонтирадиган асос кўринмайди. Соцреализмга дойр қарашларини Озод Шарафиддинов содда, равон ифода қилгани менга ниҳоятда ёқци: «Соцреализм ҳақида кўплаб китоблар ўқидим. Лекин, барибир, пировардида унинг моҳиятини ҳеч тушуна олмадим... Янги метод жаҳон эстетикаси тараққиётида янги саҳифа очиши керак. Хўш, соцреализм бадиият борасида қандай каромат кўрсатди? Бу саволга жавоб йўқ эди!» («Инсон йўл излайди», суҳбат-мақола. «Ўзбекистан адабиёти ва санъати» газетаси, 1996 йил, 26 апрель). Соцреализм «инсоннинг ўзини англаш, ўзлигини топиш йўлидагина зина» бўла олмаслиги профессор Акрам Каттабековнинг «Тарихий ҳақиқат ва бадиий талқин» («Тафаккур» журнали, 1996 йил, 1-сон) мақоласида ҳам исботланган: «Соцреализм методининг «ҳаётни инқилобий тараққиётда кўрсатиш», жамият тарихини «синфий кучлар кураши тарзида акс эттириш» каби талаблари ижобий қаҳрамон ёнида, албатта, бирон салбий шахс бўлиши ва улар қўчқорлардек олишишини шарт қилиб қўяр эди». Соцреализм қаҳрамон тимсолини яратишда бўлмасин, ҳаётни тасвирлашда бўлмасин, инсоният тарихини акс эттиришда бўлмасин ўз йўриқларига риоя қилди. Бу йўриқ Маркс асарларининг бузуқ талқинларидан, Лениннинг тарихий шароитни назарда тутиб тўқиган ғояларидан, ниҳоят, давлат тепасида турган кишиларнинг бошқарув усулларига мосланган қарашлардан иборат эди. Соцреализм методидаги «ҳаётни ҳаққоний акс эттириш» ибораси сиёсатчиларнинг ихтироси эди, холос. Аммо сиқувнинг зўрлигидан файласуфу назариётчилар, ёзувчи-ю адабиётшунослар соцреализмга илмийлик либосини кийдирдилар, унга салобат, вазминлик руҳини сингдирдилар. Соцреализмнинг асоси — «ҳаётни инқилобий тараққиётда кўрсатиш» масаласига бир назар ташлайлик. Профессор Озод Шарафиддинов юқорида эслатилган мақоласида: «Айтадиларки, соцреализм воқеликни революцион тараққиётда кўрсатади. Бу нима дегани?» — дея асосли савол қўяди-да, — катта назариётчилар, жумладан, Луначарский буни шундай тушунтиради: «Ҳаётда камчиликлар борлиги аниқ, уларни қаламга олиш ҳаққоний бўлиши мумкин. Лекин камчиликлар, нуқсонлар ўткинчи, улар бугун бор, эртага йўқ. Сен ҳаётни келгуси кун юзасидан ёритишинг лозим. Шу тариқа ҳаётнинг яхши томонларига диққат қилиниб, салбийларидан кўз юмилган», — деган хулосага келади. Ҳаққоний хулоса. Ҳаётнинг ижобий ва салбий томонлари масаласини қўя турайликда, «сен ҳаётни келгуси кун юзасидан ёритишинг лозим», — деган фикрга диққатни қаратайлик. Соцреализм ҳаётдаги янгилик куртакларига эътибор беришни уқтирган. М. Горький совет ёзувчиси ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунни англаб етиб, келажак ҳақида ёзади, деб таъкидлаган. Келажакка шошилиш, истиқболга маҳлиё бўлиш — футуризмдир, Италия, Россия сингари юртларда авжланган фалсафий оқимдир. Маяковский — футурист. Хлебников — футурист... 20-йиллар ёшлари — келажак шайдолари, янгилик тарафдорлари... Пролеткультчилар орасида футуристлар, конструктивистлар кўп эди. Келажакка интилиб, келажакдан завқпаниб, кечаги ўтмишдан йироқлашиб, ундан бегоналашиб яшаш бор эди, маъқулланар эди. «Бу дунёда туғилмоқ, яшамоқ, ўлмоқ — янгилик эмас», — дегани учун Есенинни, унинг руҳини қанча бесаранжом қилдилар. Янги ҳаётда яшамоқ, меҳнат қилмоқ, келажакка интилмоқ — бебаҳо бахт, дея бонг уришди. Хулоса шуки, футуризм замон тақозоси, инқилобий ёшлар кайфияти сифатида соцреализм руҳига кириб қолди. Лекин у соцреализмнинг асоси, моҳияти эмас эди. Соцреализмнинг асоси, моҳияти марксча- ленинча диалектик материализмдан келиб чиқади. Маркс, Энгельс идеалистик фалсафани, уни инкор этдилар. Илоҳиятга боғланадиган фалсафага қарши бориб, уни йўққа чиқариб, ўз назарияларини яратдилар. Олмониядан чиққан доҳийлар диннинг халқ учун афъюн эканлигини юз карра, минг карра турли алфозда таъкидладилар. Дин тарихи, Шарқда бўлмасин, Ғарбда бўлмасин, маърифат, маънавият, ҳақиқат тарихи билан узвий боғлиқ. Динни инкор этиш инсоният яратган маънавий-маърифий бойликларни бир йўла йўққа чиқармоқдир. Ботиний, руҳоний оламнинг ўз тартибот, ажойибот ўлчовлари, саволу жавоблари, баҳсу мунозаралари, мингларча ёрқин сиймолари бор. Кўз билангина эмас, қалб билан кўриш, англаш назариялари илоҳият оламида исботланган... Маркс ва Энгельс инсондаги маънавий-руҳоний асосни инкор этгач, маймуннинг одамга айланишида меҳнатнинг аҳамиятини назарий асослай бошладилар. «1844 йилнинг иқтисодий-фалсафий қўлёзмалари» асарида К. Маркс меҳнат гўзаллик манбаи эканлигини уқтирди. Кейинчалик марксизмнинг улкан назарияси — гўзалликнинг ижтимоий концепцияси ҳар томонлама ривожлантирила бошланди. «Гўзаллик — ишлайиш. Гўзаллик — унган иш...» Қишни қиш, ботқоқни ботқоқ, тунни тун демай меҳнат қилавериб мажруҳ бўлиб қолган Павел Корчагин идеаллаштирилди. Айни саратонда, кун нақ тикка келганда ҳам тинмай ишлайверган Йўлчибой, Ғофир, Дўнанбой... сингарилар мадҳ этилди. Қишлоқ хўжалигидаги оғир, ожизалар бажариши мумкин бўлмаган юмушларни бажариб жувонмарг бўлган Турсуной, Ширмонойлар ҳақида қўшиқлар куйланди, юзлаб, минглаб қизлар Турсуной, Ширмоной бўлишга қасамёд қилдилар, «Меҳнат аҳли» деб аталадиган қўшиқ бўларди, унинг мусиқаси зўр, ижроси олий эди. Радио ҳар куни, иложи борича, бу қўшиқни эшиттирарди. Ҳали ҳам қўшиқ тингловчини бефарқ қолдирмайди. Аммо унинг саёз мазмуни — кетмончи, колхозчи ўртоқларни меҳнат самарасини кўриш эмас, балки фақат ишлаш ва кўпроқ ишлашга чорлаши норозилик уйғотади. Совет романчилигида меҳнат мавзуи, меҳнаткаш характерный яратиш ҳамиша долзарб, фахрли эди. Минглаб романлар орасида, менинг билишимча, иккита асарда эрта-ю кеч меҳнат қилавериш одамни инсонийликдан маҳрум этиши ёрқин кўрсатилган. Бири жабрдийда Андрей Платоновнинг «Бахтли Москва» романи, иккинчиси Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асари. Етим қиз Москваойни расмий пойтахт Москва коммунистик меҳнатгагина чорлар, норасмий Москва қизни бузуқликка, тубан ҳаёт кечиришга ундарди. Москваой меҳнат қила-қила мажруҳ бўлади, маишат, бузуқлик қила-қила инсонгарчиликдан чиқади. Дарвоқе, нега А. Платонов ташландиқ қиз ҳақида асар ёзди. Ўйлаб кўрилса, совет адабиётида етимлар ҳақида ёзилган асар ниҳоятда кўп бўлиб, етимпарварлик совет сиёсати, мафкурасининг асосига айланаёзган экан. Феликс болалари ҳақидаги қўшиқ, ҳикоя, роман, фильмларнинг ўзи бир олам. 1941 — 1945 йилларнинг етимлари ҳақидаги асарлар-чи? Қуёшдай меҳрибон Ватан — етимнинг онаси, меҳнаткаш, мушфиқ халқ — етимнинг отаси... Етим бўлганлар, интернату етимхоналарда тарбияланганлар мустабид тузум ғазабига нисбатан камроқ дучор бўлдилар. Отасининг ножўя ишларини фош этган Павлик Морозов замоннинг эъзозли фарзанди аталди. Гап шундаки, ота-она, қариндош-уруғ болаларга дину иймонни, чин маърифату комилликка интилиш руҳини сингдирган. Советларга эса, ишдан бошқасини билмайдиган роботлар керак эди. Совет империяси учун коммунистик идея — оламни ўзгартириш ғояси муҳим. Чингиз Айтматовнинг «Кассандра тамғаси» романида коммунистик мафкура раҳнамолик қилган энг тубан, ғайриинсоний кашфиёт фош этилган. Романнинг мағиз-мағизидан марксизмнинг динга қарши қарашлари, коммунистик ғоянинг ғайриинсоний моҳиятини кўрсатиш англашилади. Бошқача айтганда, соцреализм моҳиятига сингдирилган марксча-ленинча назария инкор қилинади. Ўйлаб кўрилса, шўро адабиётида севги ҳам ўта юзаки тасвирланган. Нега? 20-йиллардаги инқилобчи ёшлар империализм ҳукмронлиги мавжуд бўлган бир даврда шахсий бахт — севги, оила қувончи сингариларни уят деб билганлар. Инқилобчи севиш-севилиш ҳуқуқига эгами, оилавий бахтиёрлик ва жаҳон инқилоби масаласи ўзаро келиша оладими, деган масала жиддий баҳсларга сабаб бўлган. Павел Корчагин ўз севгисидан уялиб юрди, Павел Власов қалби билан эмас, ғоясига кўра қизга кўнгил қўйди. Ғоядошлар севгиси ўзбек адабиётида тўлиб кетди. Зайнаб ва Омон, Сидиқжон ва Канизак, Ёдгор ва Муҳаббат, Саида ва Козимбек, Аҳмаджон ва Сўнагул, Пўлат ва Баҳор... Ҳаётни инқилобий тараққиётда тасвирлаш — оламни бутунлай ўзгартириш демакдир. Революцион тараққиёт — дунёни ўзгартириш. Революция — бузиш, маромдаги ҳолатни остин-устин қилиш. Марксча файласуфлар, донишмандлар борлиқни ўзларича таърифлаб, тасвирлаб келдилар. Ўтмиш мутафаккирлари оламнинг яралишига қарши чиқмадилар: ўзларини табиатнинг парчаси, Худонинг — Яратувчининг бандаси, деб билдилар. Яратувчи — Худога сажда қилди инсон. Ўзини табиатнинг фарзанди, деб билди инсон. Минг-минг йиллар давомида сайқаллашиб келган бундай қараш Марксга ёқмади. XX асрда Маркс назарияси амалда қўлланди, бироқ инқирозга юз тутди. Олам шундай мукаммал тузилганки, шу пайтгача ўтган пайғамбарлар, валлийлар, олимлар, ах,пи донишлар, санъаткорлар мана шу мукаммаллик, етуклик учун Яратганга шукроналар айтадилар. Алишер Навоий олам тузилишидаги мукаммалликни бундай тасвирлайди: Қатрағача қулзуми заҳҳордин, Заррағача шамсаи заркордин, Они мунга, муни анга банд этиб, Бир-бирига борчани пайванд этиб, Воситалар бўлди аён тў-батў, Бир-бирига боғланибон мў-бамў. То тикилиб ушбу бийик боргоҳ, Бўлди муҳайё бу улуғ коргоҳ. «Бу улуғ кор гоҳ, бийик боргоҳ»даги энг шарафли зот инсондир. Наҳотки, шариф инсон зарраси-ю қатраси мукаммал яратилган борлиққа зулм қилса? Наҳотки, инсон зоти ўзини табиатга, борлиққа зид қўйса, «Биз табиатдан инъом-эҳсон кутмаймиз, уни ўзимизга бўйсундирамиз», деган даҳрий шиорни айтишгача борган бўлса?! Инсоннинг барча қутуришларига табиат чидади, «шариф-ку, инсофга келиб қолар», — дея ўзига таскин берди. Бўлмади. Табиат ҳам инсонга қарши бош кўтарди. Табиат ва инсон ихтилофи қиёмат қойимни накд қилиб қўйди. Инсон табиатнигина эмас, ўзини- ўзи нобуд этишга шитоб билан киришди. Қиёматнинг аниқ кўринишлари рўй берди. Ададсиз шукрларки, башарият эси борида этагини ёпди — ялпи қирғин балосининг олдини олди. Афсуски, ҳамон инсон баъзи ўринларда ҳаддидан ошмоқда — табиатнинг темир қонунларини бузишга урин- моқда. «Халқ сўзи» газетасининг 1997 йил, 27 март сонида «пробиркада (шиша идишда — А.Р.) дунёга келтирилган одамлар» ҳақида маълумотлар берилди. «Труд» газетасининг хабарига кўра (1997 йил, 1 март) шотландиялик Ян Уилмут икки она қўй — совлиқдан Долли лақабли қўзичоқ олибди. Энди бундай қўзичоқларни қолипда қуйгандек қилиб кўпайтиравериш мумкинмиш. Америкалик олим Ричард Сид ҳар йили 200 минггача одамни «ксерокопия» усули билан кўпайтиришга ваъда берди («Труд-7», 1998 йил, 16 январь). Бундай илм, сўзсиз, шаккоклик, Тангри таоло ишига аралашишдир. Бундай ғайритабиий кашфиётлар аллақачонлардан бери бадиий адабиётда акс этмоқда, ўз мухлисларини топмоқца. Социалистик санъатга борлиқни ўзгартириш ғояси инқилобий тараққиёт ибораси билан бирга кириб келди. «Инқилоб» совет кишиларининг севимли сўзига айланди. Оғизни тўлдириб, ғурур билан «инқилоб», «инқилоб» дейдиган бўлдик. Фарзандларга бу номни раво кўрдик. Аслида, инқилоб инсониятни жар ёқасига келтириб қўядиган офат экан. XX аср инқилоблар, тўнтаришлар асри бўлди — у инсониятни қиёматга яқинлаштирди. Тўнтаришларга коммунистлар раҳнамолик қилдилар. Совет адабиётида коммунистнинг салбий типини яратиш мумкин эмас эди. Бу — тескари ҳақиқат эмасми?! Коммунистларни михларга (Н. Тихонов балладаси — А.Р.), оламни яшнатувчиларга менгзадик. Куйдирувчи, ёндирувчи лаҳча чўғни халқ «олов яшнади», дер экан. Бу ҳам тескари ҳақиқат эмасми?! Соцреализм методида пайдо бўлган асарларни теран, атрофлича талқин қилиб бўлмайди. Бундай асарларда инсониятнинг минг-минг йиллар давомида тўплаган тажрибаси, қалбини эгаллаган эътиқоди, олам ҳақидаги ҳақиқий тушунчалари ифода топмаган бўлади. Биз соцреализмнинг етук намунаси деб билган асарларда реализм, постмодернизм, экзистенциализм бу- тун мураккаблиги, зиддиятлари билан акс этганлиги кўринаяпти. Соцреализм шўро мамлакатида танқид қилина бошланганлигига эллик йил бўлди. Ярим аср давомида соцреализмни кескин танқид қилганлар ҳам, уни ҳимоя қилганлар ҳам кўп бўлди. Ҳозир соцреализмга хайрихоҳлик билан қарайдиганлар қолмаган. Пекин афсуски, баъзи олимлар соцреализмнинг асл моҳиятини — инқилобий жанговарлигини гоҳо унутиб қўядилар. Профессор Умарали Норматов синчков, янги адабиётимиз тараққиётини беш қўлдек биладиган олим. «Тафаккур» журналининг 2006 йил 4-сонида унинг «Ўтилган йўлнинг баъзи сабоқлари» номли бамаъни мақоласи босилди. Аммо мақола пировардидаги мана бу фикр мени ажаблантирди: «XX аср жаҳон адабиёти ривожи манзарасини, тараққий этган носоциалистик мамлакатлардаги аҳволни кўз олдингизга келтиринг. Уларда хилма-хил оқимлар қатори соцреализмга мансуб асарлар ҳам озми-кўпми мавжуд». Бироқ ҳеч қаерда уларга алоҳида устуворлик ҳуқуқи берилган эмас, бу метод туфайли адабий жараён жабр кўрмаган, бирорта ижодкорнинг бурни қонамаган. Жаҳон адабиёти ва санъатида, ҳатто бугунги кунда ҳам оз бўлса-да, шу йўналишга мансуб асар бўлган «Ошин» фильми бунинг ёрқин мисолидир. Тан олиш керак, шўро даврида бизда ҳам айни шу йўналишда «Бой ила хизматчи», «Қутлуғ қон», «Синчалак», «Турксиб йўлларида», «Яловбардорликка» каби етук драма, роман, қисса ва шеърий асарлар майдонга келган. Энг катта фожиа шундаки, мустабид адабий сиёсат туфайли ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетди. Демак, айб адабий оқим — методда эмас, муайян методни давлат миқёсида яккаҳукмрон мафкурага айлантирган, шу тариқа уни бадном этган яроқсиз адабий сиёсатда!» Биринчидан, «Ошин» зинҳор соцреализм методидаги асар эмас. Иккинчидан, мен «Қутлуғ қон» ва «Синчалак»ни «Бой ила хизматчи», «Турксиб йўлларида», «Яловбардорликка» асарлари билан ёнма-ён қўймаган бўлардим. Айниқса, Ғафур Ғуломнинг юқорида тилга олганимиз — икки асарида дин, миллий қаҳрамонлар оёқ ости қилинган. Октябрь тўнтариши осмону фалакка кўтарилган. Учинчидан, ҳар бир давлат мафкураси, сиёсати заминида аниқ фалсафа туради. Шўро давлати, коммунистик фирқа мафкураси асосида ҳужумкор, инқилобталаб марксча фалсафа ётарди. Сиёсат, мафкурани фалсафадан ажратиш мумкин эмас. Ҳозир бутун дунёда ирқчилик, терроризмга, динлараро ихтилофни кучайтирувчи мафкурага қарши кураш авж олган. Хуллас, қон тўкилишига, вайронагарчиликка олиб борадиган мафкура, методга қарши кураш сира сусайгани йўқ. Социалистик реализм маъно-моҳиятига кўра инсониятни икки қарама-қарши гуруҳга ажратган, уларни ҳаёт-мамот жангига ундаган эди. Социалистик реализмни беозор, бошқа методдар қаторидаги адабий- эстетик қараш, дея баҳолаш тўғри эмас. Яна бир гап шуки, ўзбек ёзувчилари, айниқса, истеъдодли санъаткорлар соцреализмнинг жиноят тўсиғини поймол этиб, жонли, тирик одамни ҳаққоний тасвирлаш йўлидан четлашмаганлар. Тирик, жонли одам характери тасвирланган асарларда соцреализмнинг асл моҳияти сезилмай кетган.
Абдуғафур Расулов "Бадийлик - безавол янгилик" китобидан
|
|
28.10.2013 16:40 |
Августнинг охирларида Канндаги пансионга бордим; денгизда чўмилиб, табиатдан нусха кўчириб, ижод қилмоқчи эдим. Анави ғалати аёл ҳар куни эрталаб каҳва ичар, ўзи алоҳида столда ўтириб тамадди қилар, доим ўйчан, тунд қиёфада юрар, чор-атрофдаги одамларга эътибор бермас, қаҳвахўрликдан сўнг қайси гўрларгадир ғойиб бўлар, кечгача қорасини кўрсатмас эди. Пансионда бир ҳафтадан бери яшаётган бўлсам-да, ҳамон ўша аёлни қизиқиб кузатиб юрардим: қоп-қора сочлари қалин, билакдек бир ўрим сочи орқасига ташлаб қўйилган, сочлари бошини чулғаган, қадди-қомати келишган, соғлом, эгнида қора-қизил мовут кўйлак, истараси иссиқ, лекин қиёфаси тунд... Бизга ўн беш ёшлар чамасидаги эльзаслик қиз ош-овқат, чой-нон келтириб берар, бажонидил хизматимизни қиларди. Ёш бўлса-да сийналари бўлиқ, тўлишган, тўлишиб яна-да очилиб кетган, тантиқроқ, лекин ёқимтой ожиза эди. У бировнинг гапини худди ҳуркак оҳудек кўзларини пирпиратиб, жилмайиб тингларди. Уни бир гал йўлакда учратиб қолиб саволга тутдим: - Dites, Odette, qui est cette dame? - Quelle dame, monsieur? - Mais la dame brune, la-bas? - Quelle table, monsieur? - Numero dix. - C’est une russe, monsieur. - Et puis? - Je n’en sais rien, monsieur. - Est-elle chez vous depuis longtemeps? - Depuis trois semaines, monsieur. - Toujours seule? - Non, monsieur. Il y avait un monsieur... - Jeune,sportif? - Non, monsieur... tres pensif, nerveux... - Et il a disparu un jour? - Mais oui, monsieur... «Гап буёқда экан-да! – деб ўйладим. – Энди баъзи нарсалар ойдинлашяпти. Лекин у эрта билан қайси гўрларга даф бўляпти экан? Ҳамон севгилисини излаяптими?» Эртаси куни қаҳвахўрликдан сўнг, одатдагидек, хонамдаги очиқ деразадан шағал ғичирлаши эшитилдию пансион боғчасига мўраладим: у одати бўйича ялангбош, кўйлаги рангидаги шамсиясини кўтариб тез-тез юриб кетиб борарди. Оёғида қизил пойабзал. Мен дарҳол ҳасса билан шамсияни олиб, унинг орқасидан эргашдим. У кўча бошига бориб Карно хиёбони томон бурилди, мен ҳам ўша муюлишдан бурилдим. Ўйладимки, ўз хаёллари билан банд бўлиб орқасига қарамайди, пойлаб бораётганимни сезмайди. Дарҳақиқат, то вокзалга боргунча орқасига бир марта ҳам назар ташламади. Вокзалда учинчи тоифали вагонга чиқаётган чоғда ҳам орқасига ўгирилиб қарамади. Поезд Тулонга борарди. Мен ҳам ҳар эҳтимолга қарши Сен-Рафаэлгача чипта олиб, қўшни купега чиқдим. Чамаси, у олисга кетаётган йўловчига ўхшамасди. Хўш, қаёққа кетяпти?.. Напулада, Тэулада деразадан бошимни чиқариб қарадим. Ниҳоят, поезд Трэйясда бирпас тўхтаган пайт яна бошимни чиқардим-у, бекатни тарк этаётган аёлни кўриб қолдим. Вагондан сакраб тушиб яна унинг орқасидан йўл олдим. Бу сафар олис масофадан таъқиб этиб боравердим. Узоқ юрдик – денгиз ёқасидаги тик жарлик ёнидан ўтган эгри-бугри муюлишлар, ёш қарағайзор оралаб ўтган нишаб тошлоқ сўқмоқ ҳам орқада қолди. Шу сўқмоқ орқали соҳилга тик кесиб чиқилса, йўл хийла қисқарарди. Ўрмон билан қопланган кимсасиз серқоя кўрфазча томон тоғ қиялаб борар, соҳилга етгач тик кесилган табиий девор ҳосил бўлар эди. Вақт пешинга яқинлашиб қолган, кун иссиқ, қилт этган шабада йўқ, игна баргли арчазордан таралаётган хушбўй ҳид димоқни ёраман дерди, атрофда зоғ учмас, тиқ этган товуш эшитилмас, фақат чағалайлар сув сатҳида юзиб юрар, онда- сонда чиғиллаб қўйишар эди. Денгизнинг очиқ бўлган жануб томони ялт-юлт этиб кўзни қамаштирар, йирик-йирик кумуш юлдузчалар сапчиб қирғоққа уриларди... Ниҳоят, у оғирлигини орқага ташлаб югурганча сўқмоқ бўйлаб ям-яшил кўрфазчага тушди. Кўрфазча тўқ қизил қоялар орасида пайдо бўлган эди. Шамсиясини қумлоққа ташлаб шоша-пиша ечина бошлади. Оёқяланг эди. Мен сертош қояга ётиб олдим, у қоя остига қорамтир гулли кўйлагини ечиб ташлади. Унга қараб, ҳойнаҳой, чўмилиш куйлакчаси хам корамтир-тунд булса керак деб уйладим. Бирок, куйлак остида ҳеч қандай чўмилиш куйлакчаси йўқ, фақат калтагина пушти сорочка бор эди, холос. Сорочкасини ҳам ечиб ташлади; у офтобда обдон тобланган, баданлари қаҳрабо тусига кирган, соғлом, бақувват эди. Қип-яланғоч ҳолда оқаришиб турган тип-тиниқ сувга кириб борди; чиройли тўпиқларини эгиб-тўғрилаб, орқаларини намойишкорона ўйнатиб, қуёшда қорайган белларини кўз-кўзлаб сувга шўнғиди. Сувда жимиб қолди, афтидан, сувда акс этаётган қуёш нурлари кўзларини қамаштирган эди. Кейин оёқларини ўйнатиб сувни шалоплатди, сув тубига чўнқайиб ўтирди, сувдан бошини чиқариб бир айландию оёқ-қўлларини кенг ёзиб сув устига ётиб олди; аста-секин юзиб қумлоқ соҳилга чиқди, тирсагини тираб қумга бошини қўйди. Кумуш тикондек ялтираб, бир маромда сокин чайқалаётган бепоён денгиз гуё уфққа сингиб кетарди. Соҳилга туташ кўрфазча ва шинамгина серқоя манзил тобора қизиб борарди. Қоядан иборат дим бўшлиқда, мўъжаз жануб ўрмонида шу қадар теран сокинлик ҳукм сурардики, пастимдаги қумлоқда кўксини қумга бериб ётган аёлнинг ялтираб турган елкаларига, икки тилим орқаларига, кенг ёйилган оёқларининг орасига урилаётган шаффоф мавжларнинг майин чалоплаши ҳам бемалол эшитиларди. Мен харсанг орқасига яшириниб олиб яланғоч гўзалликни зимдан кузатиб ётар эканман, борган сари бетоқатланиб, бу қилиқ ғирт бемаънилик, сурбетлик эканини паққос эсимдан чиқариб юбордим. Қаддимни тиклаб трубкамни тутатиб тамаки чека бошладим. Дафъатан аёл ҳам бошини кўтардию пастдан юқорига – мен томон ажабланиб тикилиб қолди. Бирок, аввал қандай ётган бўлса, ўша ҳолатда чўзилиб ётаверди. Нима қилишимни, нима дейишимни билмасдан каловланиб ўрнимдан турдим. Аёл биринчи бўлиб тилга кирди: - Мен йул бўйи орқамдан биров эргашиб келаётганини сезган эдим. Нега эргашдингиз? - Кечирасиз, шунчаки қизиқувчанлик... – дедим гапни айлантирмасдан. - Ҳа, кўриниб турибди, қизиқувчан экансиз. Мен хакимда сураб-суриштирганингизни Odette айтган эди. Сизнинг рус эканингизни тасодифан эшитиб қолганман, шу боис ҳозир унчалик ажабланаётганим йўқ – ҳамма руслар ҳаддан зиёд қизиқувчан бўлади. Бироқ, айтинг-чи, нима учун орқамдан эргашиб келдингиз? - Аввало, қизиқувчанлигим, қолаверса, касбим шунақа. - Биламан, сиз рассомсиз. - Сиз эса расмбоп аёлсиз. Бундан ташқари, хар куни эрталаб қаёққадир ғойиб бўлардингиз. Бу ҳол кўнглимга ғулғула солди: қаёққа? нима учун? Ҳатто нонушта қилмасдан кетардингиз. Ваҳоланки, пансион аҳли бундай қилмайди. Боз устига, турқ-атворингиз ҳам бошқаларникидан фарқ қилади, доим бир нарсани ўйлаб юрасиз. Ёлғиз бўласиз, миқ этмайсиз, қандайдир яширин сирингиз борга ўхшайди... Энди, ечинаётганимни кўриб нима учун қайтиб кетмадингиз, деб сўрамоқчимисиз... - Текин томошани ташлаб гўрга кетармидингиз, - деди. Бирпас сукут сақлаб, қўшиб қўйди: - Ҳозир сувдан чиқаман. Бир дақиқа тескари қараб туринг, кейин буёққа келасиз. Сиз ҳам мени қизиқтириб қолдингиз. - Ўлсам ҳам тескари бурилмайман, - деди. – Мен рассомман, қолаверса, биз ёш бола эмасмиз. - Бўпти, менга бари бир,- деди у елкасини қисиб. Сўнг баралла ўрнидан турди, олд тарафдан аёллик таровати рўй рост намоён бўлди. Шағални ғичирлатиб шошилмасдан олға юрди, пушти сорочкасини бошига ташлади, кейин кўйлакча бўйнидан жиддий қиёфаси кўринди, кийим ҳўл баданига ёпишиб қолди. Мен унинг ёнига югуриб тушдим, ёнма-ён ўтирдик. - Балки, трубкадан ташқари, папиросингиз ҳам бордир? – деб сўради. - Бор. - Менга ҳам беринг. Папирос бериб, гугурт чақдим. - Раҳмат. Тутунни ичига тортиб олис-олисларга нигоҳ ташлади, оёқ бармоқларини ўйнатди. - Ҳозир ҳам сизга ёқяпманми? – деб сўради кесатиқ аралаш. - Бўлмасам-чи! – деб хитоб қилдим. – Офатижонсиз, баданингиз, сочларингиз, кўзларингиз... фақат тунд қиёфангиз ғалати кўриняпти. - Ростини айтсам, кўнглимга ёмон бир ниятни тугиб қўйганман. - Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйлагандим. Сиз яқинда ким биландир ажрашгансиз, кимдир сизни ташлаб кетган... - Ташлаб кетмади, итқитиб юборди. Мени ташлаб қочиб кетди. Билардим, у адойи тамом бўлган кимса эди, лекин унга кўнгил бердим. Кейин маълум бўлдики, қип-қизил битта аблаҳни яхши кўрган эканман. У билан бундан бир ярим ойча муқаддам Монте-Карлода учрашдик. Ўша оқшом казинода қимор ўйнаб ўтирган эдим. У ҳам ёнимда туриб қимор ўйнарди, кўзларини олайтириб шарчаларни кузатарди. Омади чопиб кўп ютди, бир марта ютди, икки, уч, тўрт... Мен ҳам анча-мунча ютуқни қўлга киритдим, у ҳаммасини кўриб турарди. Тўсатдан: «Тамом, пишти! Assez! – деб мен томонга ўгирилди-да: - N’est-ce pas madame?» - деб қўшиб қўйди. «Ҳа, пишти!» дедим кулиб. «Ие, русмисиз?» «Кўриб турибсиз-ку». «Ундай бўлса, кетдик – кайф-сафо қиламиз!». Унга разм солдим – афтидан азоб кўрган одамга ўхшарди, лекин хийла келишган... Кейин нима бўлганини тасаввур этиш қийин эмас. - Ҳа, қийин эмас. Кечки овқат пайтида апоқ-чапоқ бўлиб, тинмай гап сотгансизлар, хайрлашадиган пайт келганда ажаблангансизлар... - Тўппа-туғри. Биз хайрлашмадик, бир-биримизга ёпишдик-қолдик, ютиб олган пулларимизни совура бошладик. Монте-Карлода, Тюрбида, Ниццада яшадик. Канн билан Ницца оралиғида, йўл бўйларида жойлашган қовоқхоналарда нонушта, тушлик қилардик. Сиз у жойлардаги нарх-наволар осмонда эканини билсангиз керак?! Ҳатто маълум муддат Cap d’Antibes меҳмонхонасида ҳам яшадик, ўзимизни бой-бадавлат этиб кўрсатишга ҳаракат қилдик... Ҳамёнимизнинг таги кўриниб қолди, охирги майда-чуйдамизни тўплаб Монте-Карлога йўл олдик, лекин бу сафаримиз ҳалокат билан якунланди. У бирёқларга гум бўлиб кетиб пул топиб келар, аммо бу пуллар аввалгиларга нисбатан арзимас миқдорда – эллик, юз франкдан ошмас эди... Сўнг менинг сирғаларимни, ҳатто никоҳ узугимни, ичдан буйнимга таўиб юрадиган тилло хочимни, бир пайтлар мен эри бор хотин эдим, қайси гўрларгадир элтиб сотиб юборди... - Албатта, эрта-индин биров жуда катта қарзини тўлайди, нуфузли, сармоядор дўстларим, таниш-билишларим бор деб ишонтирган. - Ҳа, худди шундай бўлган. Унинг ўзи ким эди? Аниғини ҳозир ҳам билмайман. Ўзининг ўтмиши тўғрисида батафсил, аниқ гапиришни истамасди, мавзуни дарҳол бошқа томонга буриб юборарди. Ўзим ҳам бунга унчалик эътибор бермасдим. Биласиз, кўпчилик муҳожирларнинг кечмиши бир хил бўлади: Петербург, ажойиб ҳарбий қисмда хизмат, кейин инқилоб бошланади, Истанбул... Эски оғайнилари ёрдами билан Парижда гўё яхшигина мавқега эга бўлади, истаган жойга қўли етади, ҳозирча Монте-Карлода вақтихушлик қилади ёки Ниццада бирорта обрў-эътиборли дўстининг пинжига кириб олиб... Хуллас, шунақа гаплар билан қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирди. Мен бўлсам кундан кунга руҳан тушиб, ёруғ дунё кўзимга тор кўриниб борарди, у эса мийғида кулиб: «Хотиржам бўл, менга ишонавер, Парижда ҳозир биз учун елиб-югуришяпти, бопладим – нима қилганимни сенга айтиб ўтирмайман, барибир ақлинг етмайди, буёғини ўзимга қўйиб бер», деб таскин берарди. - Хўш-хўш? - Нима «хўш»? У бирдан кўзларини чақнатиб менга қарадию ўчиб қолган папиросини узоққа отиб юборди. - Сизга буларнинг ҳаммаси кулгули туюляптими? Мен қўлидан тутиб маҳкам сиқдим. - Шундай дейишга уялмайсизми?! Мен сизни Медуза ёки Немезида киёфасида тасвирламокчиман. - Улар қасоскор санамларми? - Ҳа, жуда ёвуз. У маъюс жилмайди. - Немезида! Яна қанақа Немезида?! Йўқ, сиз ёмон одамга ўхшамайсиз... Яна битта папирос беринг. У чекишниям ўргатди... Ҳамма нарсага ўргатди! Папиросни тутатиб, яна олис-олисларга назар ташлади. - Дарвоқеъ, чўмилиш учун шунча жойга келганингизни кўриб ниҳоятда ажабланган эдим. Ҳар куни бўзчининг мокисидек лўкиллаб юришдан зерикмасмикан деб ўйлагандим. Энди билсам, сизга ёлғизлик керак экан. - Тўғри. Қуёш тобора забтига олиб қиздирарди, ҳовур ва хушбўй ҳид кўтарилаётган қарағай шохларига қўниб олган чирилдоқлар аччиқлангандек зўр бериб чириқларди. Аёлнинг қоп-қора сочлари, очиқ елкалари, оёқлари қизиб кетганини сезиб турардим. - Юринг, салқинга ўтайлик, кун ёндираман деяпти. Ғамгин тарихингизнинг давомини ўша ерда гапириб берасиз, - дедим. У уйқудан уйғонгандек сесканиб: - Кетдик, - деди. Биз ярим доира шаклидаги кўрфазчани айланиб ўтиб, қизил коя остидаги салқин жойга ўтирдик. Бу ер ёп-ёруғ, лекин дим эди. Мен яна унинг қўлини олиб, қўйиб юбормадим. У буни сезмади. - Энди давоми нима бўларди? – деди. – Мен ҳақиқатан ҳам жуда хунук, шармандали ўша воқеани эслашни-да истамай қолдим. Ҳойнаҳой, сиз мени гоҳ анави-гоҳ манави фирибгарнинг кунда-шундаги жазмани бўлса керак деб ўйлаяпсиз. Ҳечам ундай эмас. Менинг ўтмишим ҳам бошқаларникидан унчалик фарқ қилмайди. Эрим дастлаб Деникиннинг, сўнг Врангелнинг Кўнгилли армиясида хизмат қилган, тақдир тақозоси билан Парижга келиб қолганимиздан кейин, албатта, шофёрлик қилди. Лекин аста-секин ичкиликка ўрганди, охир-оқибат ичкиликка шу қадар ружу қўйдики, ишдан ҳайдалиб, ялангоёқ дайдига айланди-қолди. Энди у билан бирга яшай олмасдим. Уни охирги марта Монпарнасда, «Доминика» остонасида учратдим. Албатта, русларнинг шунақа қовоқхонаси борлигини билсангиз керак? Тун, ёмғир, у бўлса йиртиқ этикда кўлмак кечиб юрибди, қаддини дол қилиб ўтган-кетганнинг ёнига чопиб боради, қўлларини чўзиб садақа сўрайди, одамларга ёрдамлашмоқчи бўлади, аслида, таксидан тушаётган йўловчиларга ҳалақит берарди, холос... Мен серрайиб колдим, ундан кўзимни узмасдим. Аста унга яқинлашдим. Таниди, қўрқиб кетди, хижолат бўлди. Сиз унинг қандай ажойиб, меҳрибон, хушмуомала инсон эканини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Қотиб қолди, ўзини қўярга жой тополмасдан менга тикилди: «Маша, сенмисан?» Бужмайган, уст-боши бир аҳволда, соқолига устара тегмаган, ҳаммаёғини сариқ жун қоплаган, шаллоба бўлган, совуқда дир-дир қалтирайди... Ҳамёнимда бор пулимни унга бердим, ҳўл, муздек қўли билан қўлимдан ушлаб билакларимни ўпа бошлади, елкалари силкинди, товушини чиқармасдан йиғлади. Хўш, қўлимдан нима ҳам келарди? Фақат икки-уч марта ҳар ойда юз, икки юз франкдан пул жўнатиб турдим. Парижда менинг шляпа тикадиган устахонам бор, мўмайгина даромад қиламан. Бу ерга мен ҳордиқ чиқаргани, чўмилгани келганман. Мана, кўрмайсизми... Эрта-индин Парижга қайтаман. Анави фирибгарни топиб қулоғининг остига «шалва қайнатиб» қўйсам, жанжал кўтарсам – жуда бемаъни иш бўлар экан. Биласизми, мен бунинг бемаънилигини қачон расмона тушуниб етдим? Ҳозир билдим, сиз туфайли билдим. Бошимдан ўтган саргузаштни гапириб бердим-у, бирдан англаб қолдим... - Ажаб, хушторингиз қандай қилиб жуфтакни ростлаб қолди? - Ҳамма гап шундаки, у ниҳоятда ифлос йўлни танлади. Биз мана шу пансиончага жойлашдик, ҳозир сиз билан мен қўшниман. Сар d’Antibes мехмонхонасидан кейин бу ерда яшашни тасаввур этиб кўринг-а! Бундан ўн кунча олдин оқшом чоғи қиморхонага чой ичгани бордик. Албатта, мусиқа чалинаётган, йигит-қизлар жуфт-жуфт бўлиб рақсга тушаётган экан. Бундай манзарани кўрсам беихтиёр кўнглим айнийдиган бўлиб қолган, шу қадар меъдамга урибди. Ишқилиб, ўтирибман, пирожное еяпман, у икковимиз учун буюртма беряпти, гоҳ-гоҳ илжайиб пичинг қилади: «Қара, анавиларни қарагин, ҳақиқий маймунларга ўхшайди-я, оёқларини тапиллатиб, башарасини буриштирганини кўрмайсанми!» дейди созандаларни кўрсатиб. Сўнг бўм-бўш портсигарини очиб югурдакни ёнига чақирди, инглизларнинг папиросидан олиб кел, деб буюрди. Югурдак папирос келтирди. У хижолатомуз: «Мерси, чой ичиб бўлганимиздан кейин ҳақини тўлайман», деди. Тирноқларини кўздан кечириб ўтириб: «Қўлим дабдала бўлиб кетибди-ку! Ҳозир ювиб келаман...», деди менга қараб ва ўрнидан турдию кетди. - Кейин қайтиб келмади. - Йўқ. Мен бўлсам кутиб ўтирибман. Ўн дақиқа кутдим, йигирма, ярим соат, бир соат... Қандай аҳволга тушиб қолганимни тасаввур этяпсизми? - Тасаввур этяпман... Мен ўша манзарани яққол кўз олдимга келтирдим: стол атрофида чой ичиб ўтирибди, атрофига аланглайди, миқ этмайди, аҳмоқона аҳволга тушиб қолганини ўйлайди, хуноб бўлади... Йирик деразалардан тун қўйнидаги осмон кўринади, сокин денгиз мавжланиб жилоланади, пальмаларнинг япроқлари қорайиб кўзга ташланади, созандалар полни тапир-тупур этказиб тепади, асбобларини пуфлайди, темир ликопчаларни зарб билан уради, эркаклар товонларини бир-бирига уриштириб мусиқага мос равишда чайқалиб, рақс баҳонасида хонимларга маҳкамроқ ёпишиб, шаҳвоний нафсини қондириш ниятида бир томонларга судрайди... Қўнжи узун этик кийиб олган хизматкор кўкимтир мундирни унга узатиб, бош кийимини ечиб таъзим қилади, бир қути «Нigh Life»... - Кейин нима бўлди? Сиз ўтирибсиз... - Ўтирган ўрнимда адойи тамом бўлганимни ҳис этяпман. Созандалар ҳам уйларига кетди, зал бўшаб қолди, электр чироқлари ёқилди... - Деразалар оқаришиб турибди... - Ҳа. Ўрнимдан турай десам, оёқларимда мадор йўқ. Нима қилсам экан, нажот борми? Ҳамёнимда бор-йўғи олти франк бор, холос. Қўлимга майда тангалар ҳам илашиб чиқди. - У ростдан ҳам ҳожатхонага йўл олади, зарур ишни адо этади, ўзининг фирибгарлик ҳаётини ўйлайди, сўнг тугмаларини қадайди ва йўлак бўйлаб оёк учида юриб орқа эшикдан кўчага чиқиб кетади... Худо ҳаққи, кимга кўнгил қўйган эдингиз?! Энди уни излаб топиб ўч олмоқчимисиз? Нима учун? Сиз бокира қизалоқ эмассиз, унинг кимлигини, ўзингиз қандай аҳволга тушиб қолганингизни яхши билишингиз керак эди. Яққол кўриниб турган бемаъни ҳаётни нега давом эттирдингиз? Аёл сукут сақлади, елкаларини учириб қўйди. - Кимга кўнгил берганимни ўзим ҳам билмайман. Айтадилар-ку, чин муҳаббатга эҳтиёж бор эди... Афсуски, ҳеч қачон ҳақиқий муҳаббатга дуч келмаганман... У эркак сифатида менга ҳеч нарса берган эмас, бериши ҳам мумкин эмасди, чунки аллақачон эркаклик қобилиятини йуқотган эди... Ҳа, унинг кимлигини, ўзим қандай аҳволга тушиб қолганимни билишим керак эди. Бироқ, мен билишни ҳам, ўйлашни ҳам истамасдим. Умримда биринчи марта енгил-елпи ҳаётга қадам қўйдим, орқа –олдимга қарамасдим яллама-ёрим қилиб юравердим, ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлдим, қандайдир васваса ичида яшадим. Хўш, нима учун уни топиб ўч олмоқчи бўлдим? Яна васвасага учдим, хирақасқон хаёлларга қул булдим. Ахир, мен қабиҳ, аянчли жанжалдан бошқа ҳеч нарсага эриша олмаслигимни билмасмидим? Сиз нима учун деб сўраяпсиз. Чамамда, менга ҳам унинг касофати урди, шекилли. Паст кетдим, фирибгарнинг ҳаётига шерик бўлдим; асосийси – у мени қиморхонада шармандали аҳволда қолдириб, ўзи ҳожатхона орқали кўчага қочиб чиқиб кетгани учун қасд олмоқчи эдим. Бош-кетимни йўқотиб қўйдим, қиморхона кассасига бориб ёлғон гапирдим, ялиниб-ёлвордим, эртагача сумкачамни гаровга олиб қолинглар деб илтимос қилдим, лекин сумкачамни олишмади, ижирғаниб чой, ширинлик, инглиз папироси учун тўланадиган ҳақдан воз кечишди. Парижга телеграмма жўнатдим, учинчи куни минг франк пул олдим, қиморхонага бордим – у ерда юзимга қарашмасдан пулимни олишди, ҳатто ҳисоб-китоб қоғозчасини қўлимга тутқазишди. Эҳ, азизим, мен ҳеч қандай Медуза эмасман, мен шунчаки муштипар аёлман, ожизаман. Устига устак, ниҳоятда таъсирчанман, ёлғизман, бахтиқароман. Лекин мени туғри тушунинг – ахир макиённинг ҳам юраги бўлади-ку! Мен ўша лаънати оқшомдан бўён гўё бедаво бир дардга чалинган эдим. Сизни менга худонинг ўзи етказди, энди кутилмаганда ўзимга келяпман... Қўлимни қўйиб юборинг, кийиниб олай, яқинда Сен-Рафаэлдан поезд ҳам қайтиб қолади... - Садқаи сар, - дедим. –Яхшиси, чор-атрофга бир қаранг, анави қизил қояларни, ям-яшил кўрфазчани, ғадир-будур қарағайларни кўряпсизми? Ғачир-ғучур этган жаннатий товушларни эшитмаяпсизми?.. Энди биз буёққа бирга-бирга келамиз. Бўптими? - Бўпти. - Парижга ҳам бирга-бирга кетамиз. - Хўп. - Кейин нима бўлишини худо билади. - Ҳа, албатта. - Қўлингизни ўпсам майлими? - Майли, майли...
1944, 3 июнь
Олима Набизода таржимаси |
Отаниёз Ниёзий (1844-1928) |
|
|
|
20.03.2014 18:13 |
Ниёзий (тахаллуси; исми Отаниёз Хўжаниёз ўғли, 1844 — Шовот тумани — 1928) — шоир, бастакор. Комилжон Отаниёзовнинг отаси. Хивадаги Арабхон мадрасасида ўқиган. Араб, форс тилларини ўрганган, аруз илмини пухта эгаллаган. Хивадаги Абдуллахон мадрасасида мударрислик қилган (1920). Мумтоз шеъриятнинг турли жанрларида ижод қилган. Шеърларидан 3063 байтли девон тузган. Уларда халқ ҳаётининг турли томонлари акс этган. Ниёзий Хоразм мақомлари учун чизиқли нота тизимини яратишда Комил Хоразмийта яқиндан ёрдам берган. Ўзи ҳам бир қанча куйлар яратган. Ҳасан Жабарутийнинг «Ажойиб ул-осор» («Ажойиб ёдгорликлар») асарининг 7—9-дафтарларини араб тилидан форсчага таржима қилган (1907). Ниёзийнинг адабий меросидан намуналар турли мажмуа ва баёзларга кирган, улар Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №120, 121, 192).
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Майи майхонадин ман нотавонни манъ этар зоҳид, Магар файзи илоҳий бориға бу иккида жоҳид.
Вараъ аҳлиға жаннат йчра бўлсун ҳур ила кавсар, Манга дайр ичра саҳбо эврулуб тутғай ани шоҳид.
Бўлур маҳбуб боши олдида Мажнун кўнгул малкуб, Анингдек ким жунун аҳли бўлур меҳроб аро сожид.
Жаҳон шавқи аро беҳуда истарсан вафо, эй дил, Бу бозор ичра, билгил, ул матоъ асру эрур косид.
Ҳама ишқ аҳли бўлса муттафиқ бардош бермаслар, Муҳаббат бориғаким бўлмамишлардур манга ворид.
Тараҳҳум қилмоқин дунё арусидин тамаъ қилмоқ, Хаёледурки зиллат мўжиби бўлғай дағи фосид.
Пазар қилмас нисор этмак учун маъшуқ аёқиға, Дилу жон бирла дин нақдин муҳайё қилса ҳар ноқид.
Инониятни қўй, эй нафс, аелинг тийра туфроқдур, Адусиз умр кўрсанг ложарам бўлғунг анга оид.
Пиёзий чарх золин ақд қилғонлар ҳама борди, Талоқ эткил ани бўлсанг агар ўз нафсинга оъқид.
* * *
Хонақоҳ ичра кириб ҳар кеча ғавғо қилди шайх, Сода дил бечораларни асру расво қилди шайх,
Чину ёлғонин каромат англағон элни мурид Айлабон, сўфи деб ахлоқиға шайдо қилди шайх.
Гарчи феъли зишт эди, макр айлабон атрофида, Неча нодонларни ўз таврида пайдо қилди шайх.
Ҳар дами фарёд этиб, бўкриб, қоқиб ангуштларин, Ҳалқада чиндин машоидлиқ ҳувайдо қилди шайх.
Ичкаридин тўқ, хориждан ўзни рўза деб, Кизб ила ўз жониға зулмини амдо қилди шайх.
Дайр пирининг иродат бирла бўлғил бандаси Ким, улусдин моли дунёни таманно қилди шайх.
Истасанг хомушлик, дайр ичра кир, эй аҳли ҳуш, Кўрки, ҳар дам хонақоҳ ичра алоло қилди шайх.
Шукр борий, эй Ниёзий, манъ этиб майдин мани, Бил охир сажжодасини раҳни саҳбо қилди шайх.
* * *
Ситамгар маҳвашо, ҳажрингда бағримни кабоб этдинг, Петай кўз мардуми қони била олуда об этдинг.
Ниёзу ажз ила аҳволи зорим арз қилғандин, Ғазабнок ўлдинг асрулуку нозосо итоб этдинг.
Борурдин кўйинга манъ этдинг, аммо борғаним билгач, Тузуб зулму ситам расмини қаттиғ ижтиноб этдинг...
Танимни оташи шавқинг аро солмоқ била ҳар дам, Кўнгулни дам-бадам ўз манзилида печтоб этдинг.
Қошинг шаклини меҳроб ичра кўрмак орзусида, Муҳаббат қасрини аҳли вараъға фатҳи боб этдинг.
Бошимни ўйнатиб сархуш самандинг бостириб ўтдинг, Ниёзийни бу янглиғ марҳаматдин комёб этдинг.
* * *
Эй фалак, турлук хиёнатларни изҳор айладинг, Билмадим журмим на эрди, эл аро хор айладинг.
Ҳодисоти даҳрдин ранжида айлаб хотирим, Турфа иллатлар била жисмимни бемор айладинг.
Фош этиб афъоли ношоистами даҳр аҳлиға, Ижтиноб айларга мандин асру бадкор айладинг.
Кўрсатиб бир дилрабони орази гулгунини, Ишқнда чандин балоларға гирифтор айладинг.
Бермайин васлиға йўл ҳаргиз анинг ҳижронида Кўзларим гирён қилиб, бағримни афгор айладинг
Нотавон жонимни ташлаб водийи фурқат аро, Неча муддат бир кўрарга гул юзин зор айладинг
Бир даме очмай Ниёзийнинг муроди чеҳрасин, Ҳар адоватким анга олам аро бор айладинг.
* * *
Жамолин орзу айлаб боқиб ҳар ёна, ҳар ёна, Кўзум келмиш фироқи дардидин гирёна, гирёна...
Агарчи ўлмаким бўлмиш муайян дарди ишқидин, Урарман билмасун деб эл қадам мардона, мардона.
Висолин фикр этарман кеча-кундуз тинмайин эмди, Таҳайюр даштида овораман ҳайрона, ҳайрона.
Муяссар бўлса умри Нуҳ йўқ андин ҳеч парвойи, На дунё жойи шоди, балки бир ғамхона, ғамхона.
Абас манзилгаҳинг таъмири келдиким кўруб билдинг, Ҳама маъмурларнинг бўлмоқин вайрона, вайронаТ
Вужуди қасридин чиқсун Ниёзий гар фароғ истар, Вагарна солғусидур худ ўзин зиндона, зиндона.
* * *
Эй фалак, комимға юрмай зоҳир этдинг эъвжож, Етмади сендин замирим ичра бир дам ибтиҳож.
Макр ила дунё арусиға мани домод этиб, Гарчи йўқдур хоҳишим ўртоға солдинг издивож.
Улки мақсудим эди андинки банд айлаб мани, Кўрсатурсан неча кўз тутсам манга юз эҳтиёж.
Басталик солдинг тамоми корима зулм айлабон, Бир ишимга саҳв этиб, бермай кушоду инфирож.
Мунча бас эрмасму бир гулчеҳранинг ишқи аро, Нотавон кўнглумға солдинг изтиробу ихтилож.
Ҳажрида қилдинг басе бемор, ҳужжат истасанг, Чеҳраи зардим била заъфим қилурман эҳтижож.
Эй Ниёзий, шиква қилма чархи дундинки, қазо — Дарду ғамға айламиш жисминг хамирин имтизож.
* * *
Истама, эй дил, вафо бўйини гулрухсордин Ким, ҳавои андалиб имкони йўқ гулзордин.
Қил тааққулким адам сориға ул ишқ аҳлидин, Қайси бири кетди кўрмай дарду ғам дилдордин.
Гар итобосо нигаҳ бир қатла қилса асрамоқ Қайда мумкин элга жонин кўзлари хунхордин.
Муддати умрингда осойиш таманно айласанг, Аҳли дунёдин бири бўл балки бу ғаддордин.
Чарх золидин тамаъ қилма мурувват, негаким Кўрмади даҳр аҳли бу хислатни ул маккордин.
Хонақаҳ аҳли муҳаббат сирриға воқиф эмас, Иста они дайр аро ҳар тун саҳар бедордин.
Дам-бадам ўзни жафо чекмакка муътод айлагил, Юз жафони кўрмагунгдур, эй Ниёзий, ёрдин.
* * *
Истаган бўйи вафо бу гумбази вайронадин, Тутди кўз гўё вафо даҳр ичра ҳар жононадин.
Бемурувват ошнодин хўб эрур узмак кўнгул, (Ихтиёр) этмак абад хушхўйлиғ бегонадин.
Жон қушини ишқ ўтиға ўртамак таълимини Ишқ элиға олмоқи лозим эрур парвонадин.
Доимо жоми ажал андоғ тўлуғдур бўлмағай, Холи ҳаргиз нечалар шурб этса бу паймонадин.
Мард эмас улким муҳаббат дардидин қилди ҳазар, Жуз таҳаммулни кўрулмас муддати мардонадин.
Эй Ниёзий, чирки ғам этма замириға онинг, Дайр пири бирла бўлса чиқмайин майхонадин.
* * *
Эй кўнгул, билгил ғанимат базми васл айёмини, Муддати умрида ким сипқарди.ишрат жомини?!
Бўлмади ишқ аҳли вуслат бирла ҳаргиз комёб, Қатъ этиб то солмайин бошдин вужуди домини.
Чарх давридин тамаъ қилма фароғи хотиринг, Ким фароғат истади олди онинг оромини.
Кимни кўрдингким муҳаббат аҳлидин бу даҳр аро, Жавидони айш ила топқон ҳамиша комини?
Англағилким, ул замири пок эмасдур ишқ аро, Маҳваши шамъи рухи асли ёрутмас шомини.
Қил ҳазар, дунё аруси макр ила ҳар дам сани Кўрсатур роғиб қилурға орази гулфомини.
Эй Ниёзий, қилмасун мафтун сани таҳсини эл, Суд билмаслар анинг аҳли дили икромини.
* * *
Бир шикаста дилни ул кимса сарафроз айлади, Билгил они каъба ободиға оғоз айлади.
Эй кўнгул, тарк эт муҳаббат сўзи, мойил бўл анга Ким, ҳамиша дўстлиғ қонунини соз айлади.
Одам улдур фарқ этиб бедард ила дард аҳлини, Зоҳири бошинда ҳар бирини афроз айлади.
Мўъмини комилдур ул оламға айлаб эҳтиром, Вориси мурсал билиб эл ичра мумтоз айлади.
Табъ нафси ҳолвадур ул кимки дунё шўхининг Қасдида ҳаддин фузунроқ ҳирс ила оз айлади.
Пок эмас ишқинг, Ниёзий, йўқса нечун дилбаринг Фарти истиғно била ҳар дамда юз ноз айлади,
* * *
Дариғо, ул париваш молу дунёни назар қилмас, Басе қаттиғ кўнгулдур фақри истиғно асар қилмас.
Жаҳон султонлиғин табъи анинг ҳаргиз қабул этмас, Музайян қаср аро авранги Жам узра мақар қилмас.
Ажабдур ҳимматиким мажлиси шоҳидин ор айлар, Мунаққаш бистарин зар риштани болин сипар қилмас.
Маҳалли ҳайрат эрмас бўлмаса ишқ аҳлиға нозир, Муҳаббат аҳлининг кошонаси сори гузар қилмас.
Қийиб гулгун қабосин бодпойин секратиб ҳар дам, Жаҳон раъноларидек олам ичра шўру шар қилмас.
Саропо мажмаъ ичра ҳилми тамкин манбаидурким, Пукат изҳор этарда мажлис аҳлидин ҳазар қилмас.
Ниёзий, ул гўзал васли учун топшурса жон мулкин, Маломат лойиқ эрмасдур, анга чунким зарар қилмас.
* * * Айлагил бедод этардин ижтиноб, эй маҳжабин, Бўл карам бирла муҳаббат аҳли шонида амин.
Ишқ элинииг оҳи оташнокидин парҳез қил, Кимки қилди эҳтироз андин, ул эрмиш хурдабин.
Шўхлик айлаб тағофил ичра солма ўзниким, Дод эрур ушшоқдин гар фикр этарсен асру чин.
Бўлмаса лозим тараҳҳум фақр элига айламак, Не учун севди аларни анбиёи мурсалин.
Кимки ошиқ ложарам бечорадур ҳижрон аро, Хўб эмасдур айламак дарвешларға зулму кин.
Навъ инсондиндур улким тузди адл ойинини, Топди андин комини, бўлди шаҳи рўйи замин.
Марҳамат қилғил, Ниёзий, қўймади зикринг даме, Дашт аро бўлди гаҳи коми макон ичра макин.
* * *
Дедим: мани бир лаҳзае ҳажрингда қўйма титратиб, Дедики: қўйғум рашк ўтин кўнглунгда эмди ўртатиб.
Дедим: тараҳҳум айлагил атрофим олди хайли ғам, Деди: алардур мунисинг танҳо қолурсан тарқатиб.
Дедим: дариғ этма манга, саҳбои васлинг журъасин. Деди: кетар ҳушу хирад неткунг оларни тебратиб.
Дедим: жафою жаврдин озурда бўлмасму дилинг? Деди: демакка бошладинг ҳар сўз, забонинг ўргатиб.
Дедим: қилурсан зуд кин, журмим на эркан билмадим, Дедики: ишқинг сиррини фош эттинг элга англатиб.
Дедим: келурдин кўйинга комим рикобинг бўсидур, Дедики: эмди келмагил, келсанг юборгум қувлатиб.
Дедим: Ниёзий хотирин ҳаргиз паришон қилмағил Деди: фироқ андуҳидин ўлдургум они ингратиб.
* * *
Бевафолар ишқида ўзни ҳалок этмак абас, Фурқати шамширидин кўксини чот этмак абас.
Кеча-кундуз тинмайин ҳасрат чекиб ҳижрон аро, Мотамийлардек кўнгулни дарднок этмак абас.
Васлини айлаб таманно кўйида маскан тутуб, Жисми афгорини бу куй ичра хок этмак абас.
Ишқ ўтиға куйдуруб танни анинг хокистарнн, Еткуруб дил кўзгусиға асру пок этмак абас.
Меҳрсиз маҳбубнинг васлида шод ўлмоқ учун Ҳажри ранжини ҳавас бебийму бок этмак абас.
Бу сифат маъшуқ маъшуқи ҳақиқий ишқида, Волалиғни дам-бадам билиштирок этмак абас.
Эй Ниёзий, бевафо маҳбубларнинг ҳажридин Тан уйин ҳуши хираддин инфикок этмак абас.
* * *
Фироқинг дарди аҳволим паришон айлади, эй шўх, Ишимда телба атворин намоён айлади, эй шўх.
Ғами ишқинг аро тан кулбасининг асл бунёдпн, Сиришким селининг туғёни вайрон айлади, эй шўх.
Жамолинг партави гулшанда ногаҳ мунжали бўлғоч, Кўзимнинг мардумини асру ҳайрон айлади, эй шўх.
Юзингдин бўлғоним айру кўнгулға жисм уйин гўё, Ажаб қаттиғ аламлик байтул эҳзон айлади, эй шўх.
Висолинг иштиёқи неча йиллар тийра кулбамни Ҳамоно жисми беморимға зиндон айлади, эй шўх.
Хаёли васлинг ишқ аҳлини кўнгли ичра ҳар соат Муҳаббатлиғ тасаввур бирла меҳмон айлади, эй шўх.
Ииёзийнинг гуноҳи йўқ эди ҳажрингда куйдирдинг, Магар ишқинсни кўнгли ичра пинҳон айлади, эй шўх.
* * *
Кўнгул тинмай чекар ун, эй паризод, Дамодам урғанингдин тиғи бедод.
Фироқинг қилди кўнглум кулбасини Муҳаббат дашти ичра меҳнатобод.
Ёқиб ҳажринг ўти кул қилеа жисмим, Ғамим йўқ этса ҳам бу кулни барбод.
Ажаб йўқ шўълаи кўнглимға тиғинг Суйи еткач қилурдин оҳу фарёд.
Кетургил кўнглинга ашким суйинким, Су еткач тез бўлғай яхши фўлод.
Май ичма, тарки ишқ эт, дема, эй шайх Мангадур дайр пиридин бу иршод.
Ғаминг бузди Ниёзий хотирини, Хаёли васлинг аммо айлади шод.
* * *
Лабларингни шарбатидур оби ҳайвондин алаз, Оби ҳайвон демайин ким, бал эрур жондин алаз.
Куфри зулминг ишқ элини коми бўлди нечаким, Шаҳдин онинг кўрмиш онлар шаҳди имондин алаз..
Кўзларинг имосидин лаззат етар дилларғаким, Рамзиға лаззат рамузи чашми хўбондин алаз.
Дарди ишқингдин ўлум ҳолиға етганларғадур, Нутқи жонбахшинг Масеҳ анфосидир, ондин алаз.
Васл умиди бирла бўлған фурқатинг ушшоқ аро, Ноумидлиқдин етишган доғи ҳирмондин алаз.
Зулмати ҳижронда қолғонларғадур жамиъ заханг, Дарҳақиқат юз туман шамъи шабистондин алаз..
Хотирингдин маҳв қилма бир даме маҳбубни, Эй Ниёзий, ёр ёди зикри султондин алаз.
* * *
Маҳвашо, ҳуснинг гули бир неча кун хандон эрур, Қадринн бил эскуча боди хазон меҳмон эрур.
Бўлди чун фарсуда ондин сўнг пушаймондин не суд, Вақтини тутмоқ ғанимат шеваи хубон эрур.
Ошиқи ошуфта ҳолидин тағофил айламак, Лойиқ эрмасдур ва лекин хислати жонон эрур.
Маст эмас васлинг майидин ишқ аҳли нечаким, Қисмат айланған аларға сўзиши ҳижрон эрур.
Шод эрур васлинг таманноси била маҳзун кўнгул, Бўлмаса юз арзи ҳол олам анга зиндон эрур.
Фурқат айёмида гар ушшоқинга раҳм этмасаяг, Жонлари кошонасида оташи сўзон эрур.
Эй Ниёзий, бу паришон сўзларингни тарк этиб, Арзае қнлғил, йўқ эрса мужиби ҳирмон эрур.
* * *
Жаҳон айвони, эй дил, бир куҳан кошона эрмишдур, Умид этмак анинг ободини вайрона эрмишдур.
Кишиким амният саҳбосин онда орзу қилди, Хирад асҳобидин билма они, девона эрмишдур.
Ани ким маскани роҳат демасдур ҳам кўнгул бермао, Эрур ҳуш аҳлидин, бал оқилу фарзона эрмишдур.
Баробар англабон суду зиёнинг, буду нобудин, Халойиқ ичра ҳиммат соҳиби мардона эрмишдур.
Жаҳон раъноларидин битмагай ҳаргиз кўнгул коми, Нечун ким ҳар бири ишқ аҳлиға бегона эрмишдур.
Вафо кўз тутмадилар аҳли диллар даҳр шўхидин, Сабаб улдур — жафолиғ, бевафо жонона эрмишдур.
Ниёзий, даҳри дундин айшу роҳат топмоғунг ҳаргиз Эмас мумкин, буни бил, балки бир ғамхона эрмишдур.
* * *
Нигоро, ман нетай фирдавси файзосорни сансиз, Фародис ичра андоқким гулу гулзорни сансиз,
Ниҳоли қаддинг эрди сайрдин бўстон аро мақсуд, Вагарна найлагумдур ўзга хушрафторни сансиз.
Қарорим бўлмағай саҳрода ҳам шаҳр ичра, эй дилбар, Не қилғум боғни, на боғ аро асморни сансиз.
Тузардин мажлис онда эрди мақсудим сани васлинг, На янглиғ истарам бир соҳиби асрорни сансиз.
Агарчи ҳурвашдур базм эли бўлмиш манга ағёр Ким, анда истамасман кўзлари хумморни сансиз.
Жаҳон маҳвашларидин қайси биридур еанга матлуб — Дема, эй маҳвашим, неткум пари рухсорни сансиз.
Ниёзий маҳв қилмас хотиридин бир даме фикринг, Нечук маҳв айлаб истар ўзга бир дилдорни сансиз.
* * *
Муҳаббат даштиға раҳбарсиз урғондек қадам ёлғиз, Кўрарман даҳри дундин дам-бадам зулму ситам ёлғиз.
Тараб ишратгаҳида бўлмоқимни орзу айлаб, Даме йўқ кўрмаган ман зорға ранжу алам ёлғиз.
Фано бўлмай қазои ишқ аро кирган киши янглиғ, Замон ўтмас мани маҳзунға етмай дарду ғам ёлғиз.
Эмасдур хўблар султонини севмак манинг ҳаддим, На мумкиндур гадоға бу сифат урмоқға дам ёлғиз.
Хиёнат зоҳир этди чархи кажрафтор ҳар соат, Қачон бағримни қилмай қон қилур кўзларда нам ёлғиз.
Етишмай дарду ғам, ранжу алам, зулму ситам ҳар дам, Манга оё етарму даҳр шўхидин карам ёлғиз.
Ниёзий айлагил аъмоли сол(и)ҳ ҳарна мумкиндур, Умид эт, кетмагайсан ногаҳон мулки адам ёлғиз.
* * *
Дил аҳли дилбаридин ўзга ҳикоят этмас, Ҳар неча зулм еткач андин шикоят этмас.
Ўз маҳвашидин айру маҳвашлар илтифотин, Гар кўрса ҳаддин афзун ҳаргиз сироят этмас
Чин ошиқ ул эрурким маъшуқдин етушса Ранжу алам ададсиз шавқин ниҳоят этмас.
Ҳар навъ бўлса қилғай маҳбубининг ризосин, Ўзга ҳабибларининг васлин риоят этмас.
Кўнгли рамида бўлмай ҳижрон ғамин чекардин, Куйидин ўзга ерга асло ҳидоят этмас.
Ушбу риё мараздур, эй шайх, таркин этгил, Йўқ эрса ёр қурбин лутфи ииоят этмас.
Васл аҳли даргаҳидин қувманг Ниёзийниким, Ўз ҳолин англагандур эмди жиноят этмас.
* * *
Кўрубдур кимса эл бедодидин озор ман янглиғ, Лагадкўби замондин ким экан безор ман янглир.
Фалакнинг зулмидин йўқтур манга осуда ҳол ўлмоқ,. Киши бормуки қилсам дардими изҳор ман янглнр,
Етиб осиби даврон нотавон кўнглум эрур мажруҳ, Топилмас дил шикаста даҳр аро бемор ман янглиғ..
Ҳаводис шаҳнаси торож қилди хонумонимни, Магар ул топмади яғмоға фақросор ман янглиғ.
На хушдур улки, кўрмай аҳли давроннинг жафосинн,. Замон ўткарса бўлмай кўзлари хунбор ман янглиғ.
Хароб этса тонг эрмас оҳу зорим кўкниким, қилди Балият тоши кимнинг кўксини афгор ман янглиғ.
Ниёзий оқил эрсанг қатъ этиб элдин маошингни, Ўзингни анжуманға солмағил зинҳор ман янглиғ.
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Ўзгалар кўйида синсин пайкарим жо айласа, Жисмим ўлсун кул ёниб гар онда маъво айласа, Бағрим оқсун ғайридин сўзиш ҳувайдо айласа, Кўнглум ўртансун агар ғайрингға парво айласа, Ҳар кўнгул ҳамким сенинг шавқингни пайдо айласа.
Ғайрини фикр айласам ҳажринг аро жовид ўлай, Қурбатинг умидидин албатта беуммид ўлай. Фурқатинг зулмоти ичра соҳиби таъбид ўлай, Ҳар киши васлин таманно айласам навмид ўлай, Ҳар киши ҳамки сенинг васлинг таманно айласа.
Сандин ўзга ёр зикри бир даме бўлса сўзум, Дуди ҳирмондин қарорсун каҳрабо янглиг юзум, Аҳд боғлаб нафсима айтурман, эй дилбар, ўзум, Ўзгалар ҳуснин тамошо айласа, чиқсин кўзум, Ўзга бир кўз ҳам сенинг ҳуснинг тамошо айласа.
Хотиримға бошқа ёди келса хок ўлсун дилим, Ҳам узулсин ғайриға гаҳ хам қилур бўлсам белим, Ҳам қуруб қолсуи баданнинг маддаси бўлган гилим, Ғайр зикрин ошкора қилса лол ўлсун тилим, Қайси бир тил ҳамки, зикринг ошкора айласа.
Ғайратимдин рашк аро ҳар гул юзи бир шуъладур, Ёқғали кўнглумни ҳам булбул сўзи бир шуъладур, Ҳарна бўстон ичрадур балким ўзи бир шуъладур, Рашкдин жонимға ҳар наргис кўзи бир шуъладур, Боғ аро ногаҳ хиром ул шўхи раъно айласа.
Орзу бўлди азалдин кўнглума ишқинг фани, Бу жиҳатдан жисми афгорим баданнинг маскани, Сайъ бирла умрим ичра бир кўра олмай сани, Оқибат жонимға етдим, эй хуш улменким мани, Гар қадаҳ бирла харобот ичра расво айласа.
Бу ажаб ҳусни гули асло хазондин сўлмағай, Зулм этиб ҳар дам ўсанмай кўнгли ҳаргиз тўлмағай, Ушбу гулшандин фалак золи доғи гул юлмағай, Йўқ оғиздин нукта айтур маҳвашимдек бўлмағай, Гар қуёш ҳар заррасидин бир Масеҳо айласа..
Турфадур мажнунлигим ҳолимни билмасдур ҳабиб, Бир нафас бўлмас ифоқатдин манга ҳаргиз насиб, Волалиғ дашти аро эмди бўлубдурман ғариб, Келтуринг рафъи жунунимға парихон, эй табиб Ким, ул ансабдур пари ҳар кимни шайдо айласа.
Кўргусидур ҳодисоти даврнинг озорини, Даҳр элидин муштағил билгай ҳасаднинг корини, Бўлғай аҳволи паришон маҳв этиб азкорини, Субҳдек бир дамда гардун қўймағай осорини, Ногаҳ аҳли сидқ кўнгли меҳрин ифшо айласа.
Золи дунё фикрида сарғарма, сўлма нечаким, Эй Ниёзий, алданиб узрини қўлма нечаким, Инқиёд айлаб анинг юзига кулма нечаким, Даҳр шўхиға Навоий сайд бўлма нечаким, Кун узори узра тун зулфин мутарро айласа. |
|