28.10.2013 16:39 |
Бу воқеа жанубий Испаниянинг тоғли депараларидан бирида рўй берди. Июнь ойининг сўлим оқшоми эди, ойдин кеча, тўлин ой осмон пештоқида осилиб турарди, одатан, кундузи жала қуйиб ўтган бўлса, димиққан кечалари ой нафармон нур таратади, бинафша гуллаётган кезларда бу ҳол табиий ҳисобланади, пастак жануб ўрмонлари билан қопланган ясси тоғларнинг довонлари сутдай оқариб кўзга яққол ташланиб турарди, довон уфққа бош қўйган. Довонлар орасига жойлашган энсиз водий шимол томонга чўзилиб кетган. Водийнинг бир тарафига довоннинг кўланкаси тушиб турар, мозор сукунати ҳукм сураётган бу оқшомда тоғ жилғаси бир маромда жилдирар, гоҳ сафсар маъдан, гоҳ ёқут, гоҳ тиллақўнғиз сирли шуъла сочар, оламни нурга тўлдираётган мўъжиза кўзни қамаштирарди. Қарши тарафдаги адирлар водийдан чекиниб, ўрнини паст текисликларга бўшатиб берган, текислик бўйлаб эски тош йўл ўтган. Шу пастликда жойлашган тошқўрғон ҳам ниҳоятда кўҳна кўринарди. Бемаҳалда тошқўрғонга олдинги ўнг оёғи оқсаётган тўриқ айғир отини қичамасдан миниб келаётган марокашлик бир киши ташриф буюрди. У баланд бўйли, оқ жундан тўқилган кенг-мўл яктак кийиб, бошига попукли ҳожидўппи қўндириб олган эди. Тошқўрғон одам зоти қирилиб кетгандек ҳувиллаб ётарди, ўз ҳолига ташлаб қўйилганга ўхшарди. Аслида ҳам шундай эди. Марокашлик киши дастлаб серсоя кўча бўйлаб,тош-девор уйлар оралаб ўтди; уйларнинг деразалари ўрнида бўшлиқ қорайиб кўринарди, томорқадаги боғлар ёввойилашиб кетган эди. Кейин у ойдин майдонга чиқди; бу ерда устига шийпонча қилинган ҳовуз, пештоқига Мадоннанинг зангори ҳайкалчаси ўрнатилган черков, ҳамон одамлар истиқомат қилаётган бир нечта ҳовли бор эди. Олдинда эса, майдонга кираверишда карвонсарой жойлашган.Пастки қаватдаги деразалардан ғира-шира нур тараларди. Эгар устида мудраб келаётган марокашлик бирдан ҳушёр тортиб, жиловни силтади, оқсаб келаётган от ўнқир-чўнқир тош тўшалган майдон бўйлаб жадал юриб кетди, туёқ товушлари тун қўйнидан акс садо берарди. Туёқ товушини эшитиб карвонсарой бўсағасига кичрайиб, қоқ суяк бўлиб қолган кампир чиқди, дафъатан уни тиланчига ўхшатиш мумкин эди. Сўнг кулча юзли, ўн беш ёшлар чамасидаги қизалоқ остонада пайдо бўлди; унинг жамалаги пешонасига тушиб турар, яланг оёқларига шиппакча илиб олган, эгнида оқиш печакгул тусидаги енгил куйлак. Бўсағага бошини қўйиб ётган эшакдек қоп-ўора ит ҳам ўрнидан турди, унинг жунлари сип-силлиқ бўлиб, кесилган қулоқлари динг бўлиб турарди. Марокашлик киши остонага етар-етмас отдан тушди. Ит шу заҳоти кўзларини чақнатиб, тишларини хунук иржайтириб олға ташланди. Марокашлик қамчиси билан итни ҳайдашга уринди. Қизалоқ дарҳол итга танбеҳ берди: - Негра! – деб қичқирди жарангдор товушда. – Сенга нима бўлди?! Ит бошини эгиб аста-секин орқасига қайтди, тумшуғини деворга қадаб ётди. Марокашлик киши испан тилини бузиб гапирарди, салом-аликдан қилди, сўнг шаҳарда темирчи борми деб сўради, эртага отни тақалатиш керак экан. Отни кечаси қаерда қолдириш мумкин? Отга ем топиладими? Ўзига ҳам овқат берилса, чакки бўлмасди. Қизалоқ унинг баланд бўйига, чечак излари қолган чўтир юзларига қизиқсиниб қаради. Қўноқ итга хавотирланиб назар ташлаб қўйди, ит жимгина ётибди, худди хафа бўлиб қолганга ўхшарди, қулоғи хийла оғир кампир эса товушини кўтариб шоша-пиша жавоб қайтарди: темирчи бор, хизматкор уй ёнидаги молхонада ухлаб ётибди, кампир уни ҳозир уйғотади, у отга ем беради. Овқат масаласида ҳам меҳмоннинг кўнгли тўқ бўлсин: тухум қуймоқ тайёрлаб бериш мумкин, лекин кечки овқатдан факат оз-моз ловия бўтқа билан сабзавот қовурдоқ қолган, улар иситиб берилади... Доим ширакайф бўлиб юрадиган хизматкор чол меҳмоннинг отига ем бериб, эгар-жабдуғини ечиб олишда ёрдамлашди. Ярим соатдан сунг марокашлик киши ошхонада зўр иштаҳа билан овқатланиб, сарғимтир оқ мусаллласни ютоқиб ичиб ўтирарди... Карвонсарой кўҳна эди. Пастки қават узун-узун даҳлизлардан иборат бўлиб, йўлак охирида юқори қаватга чиқиладиган айланма зинапоя бор. Юқори қават иккига бўлинган: чап томонда кенг-мўл, лекин шифти пастак хоналар, хоналарга камбағал қўноқлар тунаши учун сўричалар қўйилган; ўнг томонда ҳам пастак шифтли ошхона, шифтларию деворлари қуюқ тутундан қасмоқ бўлиб кетган емакхона, деворлари хийла қалин бўлгани боис токчадан ичкарига ўрнатилган кичик деразалар, бурчакда ўчоқ, устига ҳеч нарса ёпилмаган стол, ёнида ўтиргичлар, ерга ғадир-будур тошдан тўшама қилинган, у силлиқ-сирпанчиқ бўлиб кетган. Бу хонада керосин лампа милтиллаб турарди, у қоп-қорайиб кетган темир занжирга осиб қўйилган, хонага ачимсиқ тутун ва пиёздоғ ҳиди ўтириб қолган. Кампир ўчоққа ўт ёқиб совуб қолган қовурдоқни иситди, меҳмон сирка ва зайтун мойи аралаштирилган совуқ ловия бўтқани еб бўлгунча тухум қуймоқ қам тайёр бўлди. У ечинмади, яктагини ҳам ечмади, чотини кериб талтайиб ўтирарди, оёқларида қалин теридан тикилган бошмоқ бор эди, оқ жундан тўқилган кенг-мўл иштонининг пойчаси бурмали бўлиб, тўпиғини қисиб турарди. Қизалоқ кампирга кўмаклашар, меҳмон иш буюрса сўзсиз бажо келтирар, лекин кутилмаганда еб қўйгудек ўқрайиб қарашларидан, қуруқшаган чўтир башарасию юпқа лабларидан, кўкимтир мўйловидан қўрқар эди. Қўноқ шундоқ ҳам қўрқинчли кўринарди. Бўйи жуда баланд, кенг яктакда яна-да ваҳимали кўринади, попукли ҳожидўппи кийиб олган боши хумдек. Устки лабининг четларида дағал шоп мўйловининг учлари жингалак бўлиб буралиб қолган. Соқолинининг орасида қам яккам-дуккам жингала тола учрарди. Бошини хиёл орқага ташлаб кеккайиб ўтиргани боис қўнғир тери остида ўйнаб турган кекирдак олмаси – буқоқчаси одатдагидан йирикрок кўринарди. Қорайиб кетган ингичка бармоқларида кумуш узуклар товланиб турарди. У миқ этмасдан еб-ичиб ўтирибди. Кампир қовурдоқни иситиб, қуймоқ пишириб бўлгач, гулхани сўна бошлаган ўчоқ ёнига ҳолсизгина чўкди ва ундан қаёқдан қаёққа кетяпсан деб сўради бақириб. Меҳмон бўғиқ товушда: - Узоққа, - деб гапни қисқа қилди. Қовурдоқ билан қуймоқни пок-покиза туширгач, бўшаб қолган кўзани чайқаб кўрсатди: қовурдоққа аччиқ қалампир кўп қўшилган экан, оғзини куйдириб юборибди. Кампир боши билан қизалоққа ишора қилди, қизалоқ кўзани олиб емакхонанинг қия очиқ эшигидан чиқиб, тим қоронғи даҳлиз томон йўл олди – даҳлизда тиллақўнғизлар худди эртаклардагидек учқун сачратиб бир маромда парвоз этар, ажабтовур нур таратар эди. Қўноқ қўйнидан папирос чиқариб тутатди, қизалоқ кетган томонга им қоқиб: - Неварами? – деб сўради. - Жияним, етимча, - деб жавоб берди кампир қичқириб. Сўнг эзмаланиб ҳикоя қилишга тушди: у марҳум акасини, яъни қизалоқнинг отасини жуда яхши кўрар, акасини деб қариқиз бўлиб ўтириб қолган, мана шу карвонсарой акасининг хусусий мулки ҳисобланар, акасининг хотини бундан ўн икки йил муқаддам бандаликни бажо келтирган, ўзи ўн саккиз йил бурун ўлган, мол-мулкини бир умр фойдаланиш учун кампирга васият қилиб колдирган, ҳувиллаб ётган қўрғончада яшаш ниҳоятда оғирлашиб кетган экан... Марокашлик киши кампирнинг дийдиёсини паришонхотирлик билан тинглади, унчалик эътибор бермади, у ўзининг ўй-хаёллари билан банд эди. Қизалоқ кўзани мусалласга тўлдириб қайтиб келди. Қўноқ унга кўзларини лўқ қилиб тикилганча папирос қолдиғини шу қадар жаҳд билан ютоқиб тортдики, оқибатда кирлаб кетган бармоқларининг учини куйдириб олди. Сўнг янги папиросини шоша-пиша ўт олдириб, товушини кўтариб кампирга – у кампирнинг қулоғи оғир эканини аллақачон сезган эди – мурожаат қилди: - Агар жиянинг мусалласни ўз қўли билан қуйиб берса, бағоят мамнун бўлардим. - Бу унинг иши эмас, - деди кампир чўрт кесиб. Сўнг зардали оҳангда қичқирди: - Кеч бўлди, мусалласни ичиб, бориб ухлагин. Ҳозир жияним сенга юқори хонага ўрин тўшаб беради. Қизалоқ кўзларини чақнатиб дик этиб ўрнидан турди, кампирни ортиқча жавратиб ўтирмасдан тап-тап қадам ташлаб зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилди. - Ўзларинг қаерда ухлайсизлар? – деб марокашлик ҳожидўпписини терлаб кетган пешонасидан бир оз суриб куйди. – Юқорида ётасизларми? Кампир қичқириб гап бошлади: ёзда юқори қават жуда иссиқ бўлади, ижарачилар бўлмаган чоғларда – энди деярли келмай қўйди - улар пастки қаватнинг нариги бўлмасида, қарама-қарши томонда, ҳув анави хонада ётадилар. У қўли билан ўзлари ётадиган хонани кўрсатиб, сўнг яна ишлар чаппасига кетганидан шикоят қилишга тушди, ҳамма нарса қиммат бўлиб кетди, шу боис, иста-истама йўловчилардан ҳам қимматроқ ҳақ олишга туғри келади... - Мен эртага вақтли кетаман, - деди марокашлик кампирнинг гапларига эътибор бермай. – Эрталаб фақат қаҳва берсанг бас. Демак, ҳозироқ ҳисоб-китоб қилиб қўйишимиз мумкин. Хўш, қанча бўлди? Ҳозир тўлайман. Йў-ўқ, аввал майда пулларимни топай-чи, деб у яктагининг ички чўнтагидан юмшок қизил теридан тикилган ҳамёнини чиқарди, боғичини бўшатиб оғзини очди, стол устига бир ҳовуч тилло тангаларни жаранглатиб тўкди. Гўё пулларини синчиклаб санаётгандек пешонасини тириштирди, кампир эса ўчоқ ёнида ўтирган ўриндиғидан туриб, кўзларини ола-кула қилиб тилло тангаларга тикилди. Юқори қават қоронғи, жуда иссиқ эди. Қизалоқ чўмилиш хонасининг эшигини очиб қўйди. Қоронғиликдан иссиқ ҳаво гуп этиб юзига урилди, дарча тирқишларидан ярқ этган нур кўринди, бу хонага ҳам худди пастдаги каби кичикроқ иккита дераза ўрнатилган эди. У хона ўртасидаги юмалоқ столни чаққон айланиб ўтиб деразани очди, дарча эшикчаларини итариб ташқарига очди. Ойдин кеча, бепоён осмон оқаришиб, яккам-дуккам юлдузлар кўзга ташланарди. Нафас олиш хийла енгиллашди, водийдан жилға жилдираши эшитиларди. Қизалоқ тўлин ойни томоша қилиш учун деразадан бошини чиқарди, ой ҳамон тепада бўлгани боис хонадан кўринмасди. Сўнг қизалоқ пастга қаради: ерда турган ит тумшуғини кўтариб унга қаради. Бундан беш йилча олдин битта дайди кучук қайлардандир адашиб карвонсаройга келиб қолади, у қизалоқнинг кўз ўнгида катта бўлади, қизалоққа ўрганади, у эгасига шу қадар садоқатли эдики, бундай садоқатни фақат итлардан кутиш мумкин. Зотан, ит вафодор бўлади. - Негра, нима учун ухламаяпсан? – деди қизалоқ товушини пасайтириб. Ит беозоргина ғингшиб, бошини бир силкитди-да даҳлизнинг очиқ эшиги томон ташланди. - Қайт, қайт! – деб буюрди қизалоқ шошиб. – Жойингга бор! Ит таққа тўхтади, тумшуғини кўтариб қизга қаради, кўзларидан учқун сачрарди. - Сенга нима керак ўзи? – деб сўради қизалоқ эркаловчи товушда. У доим ит билан худди одамдек гаплашарди. – Нега ухламаяпсан, эсипаст? Ё осмондаги ой хаёлингни олиб қочдими? Ит бир нима деб жавоб бермоқчи бўлгандек яна тумшуғини юқори кўтарди, беозоргина ғингшиб қўйди. Қизалоқ елкаларини қисди. Бу ит унинг сирдоши, ёруғ оламдаги бирдан-бир жонли сирдоши эди. Итнинг ҳис-туйғулари, ўй-хаёллари доимо қизалоққа тушунарли бўларди. Лекин ҳозир ит нима демоқчи, у нимадан хавотирланяпти – буни қизалоқ яхши англамади, шу боис қўлини арра-арра қилиб, ёлғондакам жаҳли чиққандек: - Негра, жойингга бор! Ухла! – деб шивирлади. Ит жойига бориб ётди. Қизалоқ дераза ёнида яна бирпас ўйланиб турди. Балки, итни анави марокашлик тасқара хавотирга солгандир? Ит карвонсарой қўноқларига деярли эътибор бермасди, ҳатто кўринишидан қароқчи ёки дордан қочган каззобга ўхшаган кимсаларга қайрилиб ҳам қарамасди. Лекин баъзан айрим кимсаларга нима учундир худди қутургандек ташланиб қоларди, момогулдуракдек вовуллаб оёқдан оларди. Бундай пайтларда қизалоққина итни ҳовуридан тушириб, қайтариб коларди. Ҳозир итни безовта қилаётган нарса бошка бўлиши мумкин: димиққан кеча, ҳавода килт этган шабада йўқ, осмонда тўлин ой чарақлаб нур таратяпти – бундай ҳолат ҳар қандай тирик жонни қуюшқондан чиқариб юборади. Бу оқшом ҳукм сураётган ғайритабиий сукунат оғушида водий тарафдан жилғанинг жилдираши, молхонада дуп-дуп ер тепиб, шаталоқ отиб юрган эчкининг туёқ товушлари баралла эшитилиб турарди. Қўққис қари хачирми ёки марокашлик қўноқнинг айғир отими гурс этказиб эчкини тепиб юборди, эчки жонҳолатда шу қадар хунук маъраб юбордики, қулоқни тешиб юборадиган ўткир товуш узоқ-узоқларга таралиб кетди. Қизалоқ сапчиб ўзини деразадан ичкарига олди, нариги деразани ҳам очиб, дарча эшикчасини итариб юборди. Хона ғира-шира ёришиб қолди. Хонада столдан ташқари, эшикдан кираверишдан унг томонда учта кенг каравот бор – бош тарафи деворга тираб, устига дағал чойшаб ташлаб қўйилган. Қизалоқ чойшабларни йиғиштириб кираверишдаги биринчи каравотга ташлади, ёстиқ тўшаб, кўрпача ёзди. Шу пайт хона эртаклардаги мўъжиза маскани каби ёришиб, майин кўкимтир шуълага чулғанди – тиллақўнғиз қизалоқнинг гажагига қўнган эди. Қизалоқ уни астагина силади, тиллақўнғиз гоҳ ялтираб, гоҳ хира тортиб хона бўйлаб парвоз эта бошлади. Қизалоқ димоғида хиргойи қилганча сакраб-сакраб пастга тушиб кетди. Емакхонада марокашлик киши эшикка орқа ўгириб ғўдайиб турар, паст, лекин қатъий оҳангда, асабийлашиб кампирга бир нималар деяётган эди. Кампир бошини чайқаб рад маъносини билдирарди. Марокашлик елкаларини учириб қўйди, хонага кириб келган қизалоққа шундай ўқрайиб қарадики, шўрлик жонҳолатда ўзини орқага ташлади. - Жой тайёр бўлдими? – деди у бўғиқ товушда. - Ҳаммаси тайёр, - деди қизалоқ шошиб. - Тепага қандай чиқишни билмайман, мени кузатиб қўясан. - Сени ўзим кузатиб қўяман, - деди кампир дарғазаб бўлиб. – Орқамдан юр! Кампир айланма зинапоядан инқиллаб-синқиллаб юқорига кўтарила бошлади, марокашлик эса бошмоқларини тап-тап этказиб унга эргашди. Қизалоқ бирпас туриб ташқарига чикди. Остонада ётган ит сакраб турди, атрофида чир-чир айланди, думини ликиллатиб қувончини изҳор этди, сўнг эгасининг юзларини ялади. - Нари тур, нари кет! – деб шивирлади қизалоқ ва эркалаб итни итариб юборди, остонага ўтирди. Ит ҳам орқа оёқларига чўнқайиб ўтирди, қизалоқ унинг бўйнидан қучоқлаб олди, пешонасидан ўпди, ўтирган кўйи ит билан бирга тебрана бошлади. Юқори қаватдан марокашлик қўноқнинг оғир қадам товушлари, бўғиқ овози эшитилиб турарди. У хотиржамлик билан кампирга бир нималар дерди, лекин нима деяётганини аниқ-тиниқ англаб бўлмасди. Ниҳоят, у товушини кўтариб: - Бўпти, бўпти! Фақат айтгин, кечқурун ичиб ётишим учун сув келтириб берсин, - деди. Зинапоядан эҳтиёт бўлиб тушаётган кампирнинг қадам товушлари эшитила бошлади. Қизалоқ дахлизга кириб кампирнинг йўлини тўсди ва: - Мен унинг нима деганини эшитдим. Йўқ, ўлсам ҳам олдига ёлғиз чиқмайман. Ундан қўрқаман, - деди қатъиян. - Бемаъни гапларни қўй, - деб қичқирди кампир. – Сен ўйлайсанки, мен яна-тағин мана шу маймоқ оёқларимни судраб тепага чиқиб тушаманми? Ёруғроқ бўлса ҳам кошкийди. Зинапоянинг сирпанчиқлигини айтмайсанми?! Унинг нимасидан қўрқасан?! Туғри, у каллаварам, аччиғи бурнининг учида турар экан, лекин ёмон одам эмас. У сен ҳақингда куйиб-пишиб гапирди, сенга раҳми келяпти, эҳ, шўрлик, сепи бўлмаса, ким ҳам уни келин қиларди деяпти. Тўғри айтяпти, сенда сеп нима қилсин! Биз аллақачон хонавайрон бўлганмиз. Анави безот диктаторга минг раҳмат, ҳеч бўлмаса, тинчликни сақлаб турибди. Аслини олганда, бундай тинчлик бўлганидан кўра қир-пичоқ уруш бўлгани афзал эди, ўшанда ебтўймас, хушомадгўй, олчоқ амалдорлардан бирйўла қутулардик... Бечора дехконларни куряпсанми, курук устихон булиб колган. Карвонсаройга ҳам гадойнусха қаланғи-қасанғилардан бошқа ҳеч ким келмай қўйди... - Боя мен кирган пайтда нима учун аччиғланиб турган эди? – деб сўради қизалоқ. Кампир каловланиб колди. - Нима учун эмиш! – деб ғулдиради кампир. – Мен унга бировнинг ишига бурнингни тиқмагин дедим... Шундан кейин жаҳли чиқиб кетди... Қани, ивирсима, дарҳол унга сув элтиб бер! – деди кампир зардаси қайнаб. – Сув элтиб берсанг у сенга бир нима совға килади. Ваъдаси шундай. Бор деяпман! Қизалоқ кўзани тўлдириб юқори қаватгадаги хонага сув олиб чиқди. Марокашлик қўноқ уст-бошларини ечиб каравотда алчайиб ётарди: ой ёруғида унинг митти кўзлари ялтирар, сочлари тап-тақир этиб олинган боши қорайиб, узун ички оқ кўйлаги оқаришиб кўринар эди. Сўлақмондай яланғоч оёқларини ўйнатиб қўярди. Қувури узун, барабанли тўппонча хона ўртасидаги столда ялтираб турарди. Устки кийим-бошларини ёнидаги каравотга уюб қўйибди... Буларнинг ҳаммаси ниҳоятда ваҳимали кўринарди. Қизалоқ югуриб бориб кўзани тақ этказиб столга қўйдию зинғиллаб орқасига қайтди, лекин марокашлик қўноқ сакраб турди-да қизалоқнинг қўлидан ушлаб олди. - Шошма, шошма, - деди у қизалоқни каравот томон тортиб. Уни қўйиб юбормасдан каравотга ўтирди, сўнг: - Бир дақиқа ёнимда ўтир, ўтир деяпман, ўтирсанг-чи... Гап бундай, яхшилаб қулоқ сол... – деб шивирлай бошлади. Капалаги учиб кетган қизалоқ итоатгуйлик билан унинг ёнига ўтирди. У энтикиб-энтикиб изҳори дил қила бошлади: худо ҳаққи, сени кўрдиму эс-ҳушим бошимдан учди, бир кўришдаёқ севиб қолдим, ёлғон гапираётган бўлсам, ана, тепамда худо турибди, бир ўпич учун ўн тилло, йигирма, бор-э ўттиз тилло бераман, бир халта тилло тангам бор... кейин... Ёстиқнинг остидан қизил ҳамёнини олиб, қўллари қалтираб унинг боғичини бўшатди, тилло тангаларни тўшакка тўкиб ташлади. - Мана, кўрдингми, тиллоларим кўпмикан?.. Кўрдингми?.. – деб ғулдиради. Қизалоқ шаҳд билан бош чайқади, каравотдан сапчиб турди. Лекин қўноқ уни дарҳол тутиб олди, қуруқшаган, чапдаст қўли билан оғзини ёпиб каравотга ётқизди. Қизалоқ жонҳолатда типирчилаб унинг қўлини оғзидан юлқиб ташладию: - Негра! – деб чинқириб юборди. Энди у қизалоқнинг оғзини бурнига қўшиб маҳкам сиқиб, бўш қўли билан типирчилаётган оёғини ушлашга ҳаракат қилди; қизалоқ эса шаталоқ отиб унинг қорнига аёвсиз тепа бошлади. Шу пайт зинапоядан учиб чиқаётган итнинг ириллаши қулоққа чалинди. Марокашлик қўноқ сакраб ўрнидан турдию столда ётган тўппончасини қўлига олди, бироқ тепкини топишга ҳам улгурмасдан полга қулади – ит унга ташланиб, устидан босиб тушди. Устига миниб олган ит ҳамласидан юзини тўсиб ётган жойида ирғишлар, итнинг иссиқ нафаси юзига урилган чоғда баттар тўлғонар, типирчилар, оҳ-воҳ қилар эди, лекин беихтиёр бошини орқага ташлаб, иягини кўтарган заҳоти ит унинг томоғидан ғарч этказиб тишладию кекиртагини юлиб олди, ҳалқумидан тизиллаб қон отилиб кетди.
1949, 23 март
Олима Набизода таржимаси |
«Кутмаган кунларим, кутган кунларим». Беҳзод ФАЗЛИДДИН |
|
|
|
12.07.2014 02:44 |

CУЮНЧИ Оcмонда йиғлаб келдим – Дардларим майса бўлди. Ерда битта бўлса ҳам Бахтсиз камайса бўлди. Гарчи йиғлаб ҳар кеча Тунларимни қон қилдим, Тонгда гулдан тошгача Табассум эҳсон қилдим. Азобларинг – муҳтарам, Мен дардингга харидор. Товонимни ўпса ҳам, Тиканларнинг ҳаққи бор. Юрагимни уйғотган Ғамларингга минг шукур. Гардларимни йўқотган Дардларингга ташаккур! Энди Сенда парвойим, Дунёни ютиб кетдим. Суюнчи бер, Худойим, Ўзимдан ўтиб кетдим. 2006
ЯШАШГА ЖОЙ БОРМИ? Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман, Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман. Завол билмайдиган манзилни кўрсат, Томирларим билан кўчиб бораман. 2005
СЎРОҚ Дилни дилга йўлламай, Йўлни йўлга уламай. Ҳеч йўқса, бир гулламай, Сўлиб кетаверайми? Танда бор чўғим шу, деб, Бандалик чоғим шу, деб, Менинг бор-йўғим шу, деб, Нолиб кетаверайми? Кўкламлар нафасида, Гуллаш арафасида Тошларнинг орасида Қолиб кетаверайми? Қандай кунга кўндим-ай, Ич-ичимдан синдим-ай. Ёнингизда индамай Ўлиб кетаверайми? Нега жимсиз?! 2004
УМРИМ Бир лаҳзада осмон меники, Бир лаҳзада яшаб оламан. Бир лаҳзада босар ғам юки, Бир лаҳзада… бўшаб қоламан. 2005
ЙИГИРМА БИРИНЧИ БАҲОР Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди, Бу йилдан қушларнинг умиди катта. Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди, Гуллаш ярашади унга, албатта. Кўкариш пайида турибди хаслар, Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир. Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар, Барчаси мўъжиза, мўъжиза, ахир… Қара, шундоққина ёнингда баҳор, Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин. Ҳозир юрагингда қорга нима бор, Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?! 2004
ҚАЙГА ҲАМ БОРАРДИМ? Хаёлнинг отида Ойга бораман, Қушлар етолмаган жойга бораман. Сал ўтмай, барибир, қулаб тушгайман – Ушоқча дард билан қайга бораман?! 2005
*** Руҳим чинқиради, мендан тонади, Уйғониб кетади яна орларим. Бўғзимни куйдириб сўзлар ёнади, Қачон туғилади менинг шеърларим? Минг-минг йилдан бери турибди яшнаб, Ишонса бўлади илдизларимга. Сўниб бораяпти ўзимга ўхшаб, Ота, нима бўлди юлдузларимга? Лаҳзалар тўкилиб бормоқда баргдай, Бир куни қақшайман уволларидан. Қўрқиб кетаяпман, ҳали туғилмай, Боламнинг эртанги саволларидан. Юрагим минг битта жойидан синди, Қачон бошланади Руҳимнинг тўйи? Фақат битта таскин: ажабмас, энди Мени одам қилса эртанинг ўйи… 2003
1983 – 2006 Мен йигирма йилдан кўпроқ кечикдим, Қанча сарсон қилди бу юрак – дайди. Ҳаёт ниҳолини жуда кеч экдим, Қачон япроқ ёзиб, қачон гуллайди?! Кимларнинг ортидан югурдим, шошдим, Юлдузлар кўз қисиб мени чалғитди. Яна хато қилдим, яна адашдим, Гуноҳ лашкарлари жарга ирғитди. Барглари қор элаб турган лоладай Нурга ташна пайтда тутунга тўйдим. Ўтга бориб қайта куйган боладай, Мен яна ўзимни такрорлаб қўйдим. Ҳаёт мен толибга қачон бошлар дарс, Нега энди Яшаш келмас қўлимдан? Буюк бўлганимда майда тошлармас, Тоғлар чиқар эди юрган йўлимдан. Эҳтимол, Бахтга ҳам бордир керагим, Ҳалол мисраларим қўймас уятга. Ҳозирча ўзимдай дардчил юрагим, Қандай хизмат қилгай башариятга? Майли, оққан сувлар, рози бўлинглар, Жоним куйганида чанқоқ босдингиз. Умри зилол бўлсин, дуо қилинглар, Дардлари уйғонган буюк дўстингиз. 2006
МАНГУ САВОЛ Нега ўзим билан келишолмайман? Нега юрагимнинг тили қисиқ – жим? Нега ўлим билан олишолмайман, Нега «нега»лардан иборат умрим? Нега?! 2007
*** Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп, Кетиб бўлмайдиган дардларим бисёр. Тилимнинг учида чандиқларим кўп, Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор. Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса, Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни. Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса, Ўкситиб кетмайман Адабиётни. Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин Жонимда кўкариб ётган иллатнинг? Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин Дардлари ўзидан буюк миллатни?! Худойим, умримни гуллатиб юбор… 2006
*** Мен – ҳаёт боғида омонат япроқ, Тўкилиб кетаман эрта, индин ё. Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ, Бир куни мен сенга кетаман, Само. Тангрим азал сени яратмиш суюк, Қошингда заррача эмасман, зотан, Шу қадар мангусан, шу қадар буюк, Минг битта умримга арзийсан, Ватан! Дунё нима ўзи – савдо бозори, Яшасам бўларди дўст қилиб танни. Худо урмасмиди, етиб озори, Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?! Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан, Тўлиб кетмасмиди дўзах ноламга? Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан, Ватан қолдирмасам магар боламга?! Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон, Сени танимаслик – Руҳимга иснод. Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон, Сен бор, у дунёю бу дунём обод. Менинг забоним – гул, қўлларим – сабо, Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан. Ҳали кўп яшайман, аввали Худо, Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан! 2002
МАНЗИЛ Булоқлардан тоза кўзёшман, Халқдан чиқиб халққа бораман. Мен шундай бир ўжар қуёшман, Шарқдан чиқиб Шарққа бораман. 2007
ТУШУНМОВЧИЛИК Бўлди, йиғламайман, бўлди – кулмайман, Юрагингни ортиқ этмайман безор. Ўзимдан бошқани хафа қилмайман, Ўзимдан бошқага бермайман озор. Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим, Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига. Кулиб бахтсизларга халақит бердим, Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига. 2006
ХУЛОСА Ҳали тонг келади тунларни отиб, Ўлимни кузатиб қўяй юртига. Бугунимга нима ёзгансан, Котиб, Кимнинг юрагига борай эртага? Йиллар ғалвирида қанча эландим, Босиб кетаверди қорлар изимни. Томирларимгача Ишққа уландим, Юрагимга сургун қилдим ўзимни. Ҳали еллар билан чопса бўлади, Узайтириш мумкин Бахтнинг умрини. Ҳаётнинг кўнглини топса бўлади, Кутиб ўтирмайман Вақтнинг амрини. Ажал ҳам зерикди, шекилли, роса, Энди чақирмасам, қайтиб келмайди. Милёнта дардимдан битта хулоса: Ўлиб кўрмай туриб яшаб бўлмайди. 2005
ЙЎЛ Ғариб кунлар бардошимни ичиб борар, Қай манзилда чанқоқ босай, қайда тўхтай? Бўғиламан – ҳаволар ҳам қочиб борар, Бу дунёда мендан бошқа ёмон йўқдай. Ийманади ғамдан олдин юз очгани, Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим. Яна қанча муддат керак кўз очгани, Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим. Увол қилмай – эрмак учун ўлдирмасдан, Лаҳзаларни капалакдай тутаверсам. Худойимдан бошқасига билдирмасдан, Чумолидай ризқим териб кетаверсам. Етолмасин, мангу ортда қолиб кетсин, Армонларнинг қушларига дон бермайман. Андуҳларим мендан олдин ўлиб кетсин, Қуёшни бир ўпмай туриб жон бермайман… 2006
БАХТ БИЛАН ТАНИШУВ Қаерларда адашдинг, Дийдор? Бир чеҳрани ёмон соғиндим. Кел, ёнимда гуллагин, дилдор, Сенсиз баҳорлардан оғриндим. Томчилари тоғлардан оғир, Юрагимни айламиш нишон, Кўз юртингда тинмайди ёмғир, Қуёш менинг қўлимда, ишон. Исмимни айт, тонглар уйғонсин, Мени эсла – кулсин ҳаётинг. Хотиралар кўнглингни олсин, Асраб келар умримни ёдинг. Тўйгунича ёғиб олсин, деб Тан бериш йўқ қору дўлларга. Тунлари ҳам ёруғ бўлсин, деб Юлдуз ёқиб қўйдим йўлларга… Улуғ ишга боғлаганман бел, Йўлга чиқдим азиз аҳд билан. Кўзим нури, сен ҳам тезроқ кел, Таништириб қўяй Бахт билан… 2007
ҚЎНҒИРОҚ Уйимни тўлдирган жимликни бузиб, Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ. Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб) Гапирар, адашиб тушибди бироқ. Ўзим билан ёлғиз қоларман яна, Домига тортади хаёллар – денгиз… Телефон!.. Жунбушга келади хона, Яна ўша “Бошқа жойга тушдингиз”. Наҳот, ҳамма мендай адашган, ёнар, Саволлар тош бўлиб урилар бошга. Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар, Сўраган бегона, сўралган бошқа… Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон, Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт. Юрагим жиринглар – жонли телефон, Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган Бахт… 2006
КЕЛДИМ Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар, Дунё товланишдан чарчамади ҳеч. Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар, Келиб кўзларимдан кишанларни еч. Бору йўғим билан ўзимга хосман, Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ. Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон, Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ. Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам, Мудом борлигингни билиб яшадим. Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам, Ёдингни машъала қилиб яшадим. Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб, Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман. Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб, Сен учун ўзимни асраб юрибман. Асло тополмасин қайғу изингни, Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан. Уйқуларингда ҳам асра ўзингни, Сенга шамол тегса, мен йиқиламан. Ой яна бепарво кўчамдан ўтар, Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим. Кўзларингни очгин, пардани кўтар, Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим! 2007
ЖОНИМ Ўт ичида яшаш осонми, Жоним, Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним? Айириб қўйишди йўлларимизни, Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним? Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди. Синовсиз манзилга етиб бўлмайди. Ахир, муҳаббатнинг кўчаларидан Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди. Ер, Само биз билан, қисинмайдилар, Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар. Тушуниб турибди Худойим бизни, Нега бандалари тушунмайдилар?! Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?.. 2004
МЕНДАН ЯХШИ ЁМОН ЙЎҚ Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир, Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир. Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ, Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ. Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни – Иниларим – юлдузлар эслатади исмимни. Кейин қандай яшайсиз – ҳаволар ҳам ёқмайди, Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди. Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир, Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир… 2006
СИЗГА САВОЛ Кўзингизда турган дардми, армонми, Севилиш осонми, севиш осонми? Сизсиз яшолмайман, деб чарчамайсиз, Жоним, ҳаётингиз шунча арзонми?! 2006
СЕВГИНИ СЕВГАННИ… Аллақачон тўзиб кетардим, балки, Ва ё ғамлар мени этарди адо. Кимнингдир кўнглини олгандирманки, Юрагимни асраб келяпти Худо. Ўзи яқин олди мени Ўзига, Кунда Қуёш бўлиб йўқлаб турибди. Мен айтган тоза бир Сўз эвазига Қилдай ҳаётимни сақлаб турибди. Нимага кўзимда юлдуз кам – Ишқ кам, Мен ношуд умримни кимларга бердим? Кўксим нурга тўлиб битта гул эксам, Орқасидан ўнта ниҳол синдирдим… Барибир, кўнглимга келаверди У, Кечирилиб кетди ҳар қандай хато. Ахир, мен севишни ўрганяпман-ку. Севгини севганни севади Худо… 2006
*** Кўзингдаги селларингни қуритаман, Ғамларингнинг тиши сингай – қаритаман. Зарраман-у, тафтим мингта қуёшга тенг, Шам бўлсам ҳам йўлларингни ёритаман. Ҳаётингни хаёлимга ўраб тургин, Совиб қолсанг, чўғларимдан сўраб тургин. Фақат ўзинг ўчишимга қўйма мени – Фақат ўзинг кўзларимга қараб тургин. 2005
МЕНСИЗЛИК Юлдузлари ичикиб қолди, Маҳзун энди Ойсиз осмоним. Сенсизликка кўникиб бўлдим, Қандай экан менсизлик, жоним?! Ана, кўзим кўзингдан ўтди, Қўй, яширма титроқларингни. Хато қилдинг, ўзингдан ўтди, Тишлаяпсан бармоқларингни. Энди нурга бегона юзинг, Қуёшингнинг ранглари қани? Сиғмаяпсан ўзингга ўзинг, Ҳаётингнинг тонглари қани? Кечаларинг ўзингдай ғариб, Армонларинг осмондан катта. Юрагингга термилиб туриб, Йиғлаяпсан биринчи марта. Ухлаб қолган кунларинг ҳаққи, Менинг ўрним бошқа – бўлакман. Йиғлаб қолган тунларинг ҳаққи, Мен, барибир, сенга керакман! 2003
*** Қачон кўзларингга султон бўламан? Қаерда жонингга туташган йўлак? Кўчангни қидириб нима қиламан, Менга юрагингнинг манзили керак! 2003
КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам, Жон риштасин жонингизга боғлаб олай. Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам, Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай. Мен бошимни урмаган бир тош қолмади, Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади. Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади, Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай. Узун-узун армонларим чиқиб кетсин, Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин. Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин, Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай. Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман, Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман. Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман, Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай. Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди, Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди. Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди, Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай, Жон риштасин жонингизга боғлаб олай… 2001
ОТАМЛАШУВ Бу дунё – ғалвали уй, дейсиз, Ҳар жонда минг ташвиш, ўй, дейсиз, Ўзимга сиғмайман, сиз ҳар гал Кўп гапирмай, чойдан қуй, дейсиз. Мен озиб-ёзиб бир боргандим, Озурда кўнглимни ёргандим, Йиғламай йиғлашни ўргандим, Тишингни тишингга қўй, дейсиз. Кўзимда дунёча ёш бўлса, Кўксимда бир уюм тош бўлса, Наҳотки, белбоғим бўш бўлса? Ҳар нени ҳикматга йўй, дейсиз. Кечалар бахтимни туш кўриб, Биргина бошимни қўш кўриб, Катта бўлганимни хуш кўриб, Қачон яна элга тўй дейсиз? 2007
ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР Сочларимда оқ гуллар, Кел, уларни тер, болам. Йўлингга муштоқ йўллар, Болам бўлиб бер, болам. Кўксимга ой беркитдим, Юлдузларга чой тутдим. Отангдан ҳам кўп кутдим, Бахтим бўлиб бер, болам. Титраган созингни қўй, Бўғиқ овозингни қўй. Қалам-қоғозингни қўй, Ўғлим бўлиб бер, болам. Йўл учун туққанмидим, Гул учун туққанмидим, Пул учун туққанмидим, Борим бўлиб бер, болам. Қалдирғоч синглинг беҳол, Қанотидан хатни ол. Ишинг кўпдир, эҳтимол, Келмай қўявер, болам… 2006
ЭНГ АЧЧИҚ БАҲОНА Қорин тинч қўймайди – нон топиш керак, Ташвишлар судрайди мени ҳар томон. Ўзини эсидан чиқарди Юрак, Яшашга вақт қайда, Онажон?! 2004
АЙБНОМА Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар, Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси. Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар, Онаси кўксида ғамлар шодаси. Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча, Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин. Бировга ёқай деб гуллар узгунча, Бориб онасининг дардини терсин. Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли, Отанинг дуоси бошлагай тахтга. Нега толеидан йўллари айри, Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?! Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки, Лоақал кўнглини очиб кетмайди. Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки, Ўзидан бошқага вақти етмайди… 2007
ШОИР Ҳамма сўзлар Сеники эди, Сочдинг, териб олавердим жим. Бу олтинлар меники энди, Мен энг бахтли ўғриман, Тангрим! 2006
ОҒРИҚ Қанча кунлар қазо бўлди, Жонимизга жазо бўлди. Биздан кимлар ризо бўлди? Эгамизга нима деймиз? Иймон азим дарахтдир хўб, Япроғидан меваси кўп, Шохларини синдирдик хўп, Эгамизга нима деймиз? Капалакка қўл бермадик, Чумолига йўл бермадик, Дил олмадик, дил бермадик, Эгамизга нима деймиз? Уйғонгимиз келмас сира, Кўзимизни босган шира, Борган сари кўнгил хира, Эгамизга нима деймиз? Шайтон бунча соҳибжамол?! Қонимизда топар камол, Ҳаётимиз – битта савол: Эгамизга нима деймиз? 2007
БИЗ Кўҳна хотиралар маҳзун кўз очди, Ҳаёт қозонида кўпайди камлар. Қуёш чиққанига минг йилдан ошди, Нега уйғонмайди одамлар?! Қадамлар ножўя, қадамлар оғир, Гиёҳлар кўзида оби зам-замлар. Юзини яшириб йиғламоқда Ер, Нега ишонмайди одамлар?! Қўлларида Чўғни асрагай қандай, Наҳот, ўчиб борар асрий бу шамлар? Жаннатга буюртма бериб қўйгандай, Нега шошилмайди одамлар?! Шабнамлар алвидо айтдилар сокин, Бир нурли висолдан титраган дамлар. Бу тонг охиргиси бўлиши мумкин… Нега тушунмайди одамлар?! 2008
ЎЗИГА Чақирсанг, ҳеч қаерга чекинмасдан келдим-ку, Тоғларнинг орқасига бекинмасдан келдим-ку. Қарғаларнинг тилига инсоф тилаб яшадим, Ўзимдан бошқасига тегинмасдан келдим-ку. Энди ҳолимни сўра. Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман, Мен дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман. Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди, Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман. Энди кўнглимга қара. Совиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай, Нурларингнинг бағрида кирларимни йўқотай. Бўшаб қолган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам, Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?! Энди ҳолимни сўра. Мен бу ерга Сен учун эгилгани келганман, Лолаларнинг кўзига тикилгани келганман. Ишонтирсанг, ҳукмингни бажармасдан кетмайман, Ҳаммаёқни гуллатиб, тўкилгани келганман. Энди кўнглимга қара, Энди ўзимга қара… 2005
*** Ризқим тош бўлса ҳам, ҳалол эт – қанд қил, Мени мендан қутқар, Ўзингга банд қил. Тубанда юзимни йўқотаёздим, Мени юрагимдан бошлаб баланд қил. 2007
*** Юролмайман, оёғимда лойларим кўп, Кучукчалар тишлаб олган жойларим кўп. Осмонларга даъвогарлар бисёр экан, Чап кўксимда чиқмай ётган ойларим кўп. Юрагимни кемиради минг битта ўй, Наҳот, энди ялпизларим сочмайди бўй?! Мен бандангнинг қўлларига ишонмайман, Тангрим, энди Ўзинг мени турғизиб қўй! 2003
катта–КИЧИК Ҳаёт гулларига энг мард харидор, Бўлса ўзларига суюк юклари. Тошларни уйғотган нурдай хокисор, Кичкина қалбларнинг буюкликлари. Юзларин Қуёшга тескари бурар, Булут кўзларидан кетмайди нари. Мудом ҳаётингни эговлаб турар Катта одамларнинг майдаликлари. 2007
ҲАЁТ СПЕКТАКЛИ Кечаги ёш бола бугун кемшик чол – Биров туғилганда биров ўлади. Яна ўша ўзим хоҳламаган рол… Дунё томошабин бўлиб кулади. Одамларга айтар бошқа гапим бор, Тугаб боряпман-у, нега барча жим? Мени маъзур тутинг, жаноб Режиссёр, Бахтлилар ролини ўйнаб чарчадим… 2006
ҲАСРАТ Ярам ўтиб кетди жон-жонларгача, Ҳали кўп инграйман азонларгача. Ўйлаб чарчамайман қачонларгача Армон гулларига илдизлигимни? Кўзимга туманлар кутади кимлар, Изимга тиканлар отади кимлар, Сўзимга кишанлар тутади кимлар, Билиб осмони йўқ юлдузлигимни. Мудом кўз остидан чиққан арилар, Умримдан гуноҳлар йиққан арилар, Бировнинг нишида чаққан арилар Билмасми булбулмас, қўнғизлигимни? Юрагим – оёқлар тиқилган чашма, Ҳали бир томчимга қиламан ташна, Юзимга солишинг шарт эмас, ошна, Ўзим ҳам биламан ёлғизлигимни… 2002
ЖОНДАН ЎТДИ Тоққа чиқай, десак, тошлар қўймаса, Кўзга ёқай, десак, қошлар қўймаса, Яшашга мана бу бошлар қўймаса… Бизга ҳам аталган дунёлар борми?! 2006
ОЙГА ТЕГМАНГ Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз. Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни? Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз, Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни? Бирга Ҳақнинг айвонига боради, деб, Қалдирғочлар қўлларимдан тутиб олган. Ҳеч бўлмаса, паноҳ сўраб беради, деб, Оёғимга кийикчалар ётиб олган… Ёмонларга пастлагим йўқ, асли, лекин, Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман. Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин, Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман. Нурга қайтинг – рўёларни кетказасиз, Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг. Бу кетишда умрингизни ютқазасиз, Ўзингизга шафқат қилинг – Ойга тегманг. 2005
*** Ялинчоқ эмасман, кибриммикан бу? Ўзимнинг ўзимга жабриммикан бу? Яшашим мумкин-ку жонимни сийлаб, Тош тишлаб юрибман, сабриммикан бу?! 2003
«Сен қачон гуллайсан» (2008) китобидан.
*** Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда. (Бутун бир кўчани ёритарми шам…) Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда Умрида ёруғлик кўрмаган одам. 2008
УЙҒОНИШ Кўзларимдан оловлар сачрар, Қафасдаги шердай оғриндим. Ҳувиллаган одамзор ичра Ҳаёт, Сени жуда соғиндим! Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш… Қаноти йўқ қушга ўхшайман. Ташвишларнинг ортида ташвиш… Бу туришда қачон яшайман? Қайда эшик очдим ғавғога? Йўл бошида йўқотдим йўлни. Оз бўлса ҳам тоза ҳавога Олиб чиққим келар Кўнгилни. Ёниб кетгим келади бирдан, Адо қилди тунга шериклик. Некбин-некбин нигоҳлар билан Бугун сенга зорман, Тириклик!.. Юрагимда орзугул унар, Умид тинмай қилар қўнғироқ. Борган сари кўзларим тинар – Борган сари Қуёш яқинроқ… 2008
УЗУН ОРЗУ Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан, Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам. Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан, Армон етолмаган манзилга етсам. Қувиб тутолмаса ортимдан лаъин, Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол. Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин – Учишим ҳеч кимга келмаса малол. 2008
БОЗОР Бугун ҳам пул эмас, Нур излаб чиқдим, Нигоҳларим тоза – кўзимда кир йўқ. Яна назари оч тўпга йўлиқдим, Одамман деган кўп, юзида нур йўқ. Қандай юрак очай юраксизларга, Наҳот, шуларни деб тўкмоқчиман тер? Ёрдам бергим келар маҳбус сўзларга, Гаплар осмондадир, пойгакларда Шеър. Яшаш ҳадисини билмасман, балки, Инсонлик илмидан олурман таълим. Ҳалолликдан сабоқ берарми ёки Ўзи амал қилмас Ҳаётмуаллим? Тошларни чайнашга темир тишим бор, Чўкиб кетмасликка топарман қудрат. Меншунослар билан нима ишим бор, Бу йўлдан кўз юмиб ўтгум йўқ фақат… 2008
ЭСКИ ҲАҚИҚАТ Дунё эски, ташвишлар эски, Навқирондай бу ғамлар кўҳна. Қарсак чалиб топамиз таскин, Ҳаёт ўзи эски бир саҳна. Гар пихини ёрган фуқаро Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни, Ечолмаслар минг йиллар аро Севги деган эски тугунни. Ким бировни йиғлатиб кулар, Шу ўйинлар менга қизиқми? Ё ўчириб берарми улар Пешонамда турган ёзуқни? Фақат сира тинч қўймас бир ҳол, Ўйлатади дунё ишлари: Нигоҳлари маъюс мажнунтол, Чинорларнинг хўрсинишлари… 2008
ЎҒИЛ Дада, далангизга дард сочиб келдим, Яна машаққату заҳматлар Сизга. Белингиз оғриди, мен қочиб келдим, Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга? Ая, соғинчингиз сочи оқарди, Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим. Шу ёшимда фақат севиш ёқарди, Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим. Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ, Кимдир тўкаверди нур изларимга. Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ, Озор бериб қўйдим азизларимга. Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса, Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг. Боласини ўйлаб юраги куйса, Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг. Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб, Мени кутиш учун келган оламга. Қўллари толмасин челак кўтариб, Булутлар, сув ташиб туринг Онамга. Дада, дардингизга бошман, биламан, Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг. Ҳали юзингизни ёруғ қиламан, Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг. 2008
“УЧЛИК”ЛАРИМ Сўқирнинг қўлига шам берма, дедим, Ҳаёт кафгирига дам берма, дедим, Мендан бошқасига ғам берма, дедим. *** Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ, Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ, Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?! *** Товланишни бас қил, зарга оғмайман, Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман, Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман. 2008
ЖАВОБ Мени тушунмади тушунганларим, Уларни тингладим, ўзимни тийдим. Ишонмай қийнади ишонганларим, Митти озорларни кечирдим-қўйдим. Ёт сўзга беркитдим қулоқларимни, Ҳақгўй кўзларимни атадим ғаним. Шамоли ўчирди чироқларимни, Мендан кечиб кетди кечмаганларим. Дўстлар, дўстларимга айтинг, шошмасин, Арзонга учмасин сотмоқчи бўлса. Хиёнатида ҳам майдалашмасин, Каттароқ тош отсин отмоқчи бўлса! 2008
*** Қолган чақаларни эслагим йўқдир – Чироқ бўлолмайди ортимда, ўлсам. Фақат нур сўрадим, фақат нур йиғдим, Фақат меҳр олдим, қарз олган бўлсам. 2010
*** Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар, Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар? Ҳали кул остида мудрар учқунлар, Кутинг… Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши, Кечанинг бугунга ўтмади тиши, Азалнинг иши бу, абаднинг иши, Кутинг… Севмаса севмасин сиз якто билган, Келмаса келмасин сизни қон қилган, Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган, Кутинг… Ким кимни ўчирди хотирасидан, Ким четлашди ишонч доирасидан, Кимдир боқар кўнгил ойинасидан, Кутинг… Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга, Севги бир шарпадир, кўринмас кўзга, Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга, Кутинг… 2009
ДОВОН Шу халқ ўссин, шу юрт кўкарсин, Изга тушиб кетар қолгани. Бошин мангу баланд кўтарсин, Олтин бўлсин тош деб олгани. Омон ўтди йиллар заҳридан, Туришлари мардона бўлди. Ғаним эриб кетди меҳридан, Оқибати афсона бўлди. Бек боласин қадами шахдам, Бағри бутун, илиги тўла. Гижинглаган тойчоқлари ҳам Ёв дилига солар ғулғула. Эндигина тонглар отганда Парчаланмас азалий тоқат. У кунларга қиёс этганда, Бу кунларнинг заҳмати – роҳат. Юракларда бирдамлашайлик, Суягани етар қудрати. Ўзимиздан баланд яшайлик, Шу юрт ҳаққи, шу халқ ҳурмати. 2009
*** Онангнинг эгнига камзул бўлмаса – Ҳар дайди шамолдан асраб тургани, Отангнинг қўлига омбур бўлмаса – Ёғочлардан нобоп мих суғургани, Синглингга сарупо, сеп йиғилганда Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик, Ташвишлар укангга зўрлик қилганда, Ҳимоя этмаса бир билакчалик, Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб, Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса, Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб, Эгилган элингга тиргак бўлмаса… Шу шеърни тўқимай турганинг яхши, Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича, Шу шеърни ўқимай турганинг яхши, Оламни хотиржам этмагунича… 2009
ЁЛҒОН Илож йўқ, бошқа бир йўли йўқ, Рост гапни ичимда асрайман. Кўнглимнинг кўнглини қилиб тўқ, Сен буюк бахши, деб алдайман. Кўчаси чанг қилди эгнимни, Шу гаплар, оҳ, менинг тенгимми! Умримга доғ сочган севгимни Ҳаётим нақши, деб алдайман. Ўзимга тинмай чоҳ қазарман, Сал қолса, ақлимдан озарман, Шу экан аввалу азалдан Дунёнинг иши, деб алдайман. «Аҳволинг тузукми, той болам, Шоирим – орзуга бой болам». Дардимни билмайсиз, жон онам – Ҳаммаси яхши, деб алдайман. 2009
*** Гул каби сочилди мен гул тутганлар, Менга кўз тикканлар ўйларимда йўқ. Мен юзга гардини тавоф қилганлар Кўнглимнинг кўксига санчиб кетди ўқ. Гул каби сочилди мен гул тутганлар. Изимга зорларни зор этдим баттар – Кўксимдан музларни аритмадилар. Ҳеч қўрқмай умримни ҳадя этганлар Бир бор тушларига арзитмадилар. Изимга зорларни зор этдим баттар. Ким эдим?.. Нимага айландим бугун? Саробга интилган дунёпарастман. Қўл етмас юлдузман бировлар учун, Севгимнинг қошида хасча эмасман. Ким эдим?.. Нимага айландим бугун? 2009
*** Армонқизнинг кўзи баттар сузуклашди, Шеърим ўқиб кимнинг ҳоли тузуклашди? Қалам тутиб қўлим фақат нозиклашди – Уйда ўтин ёрганларим яхши эди. Дил безиллар бу бемаврид шамоллардан, Саволлардан қочиб бўлмас, саволлардан, Чарчадим-ай оғир-оғир хаёллардан – Кетмон чопиб ҳорганларим яхши эди. Ўйлайверсанг ўйдунёнинг ўйи битмас, Қўли узун ташвишларнинг тўйи битмас, Унда бобом бошлаб кетган уйи битмас – Қишлоқда лой қорганларим яхши эди. Тутам умрим тўлиб борар туманларга, Ёмонларга ўлим йўқми, ёмонларга, Ўзим билан борса келмас томонларга, Худо ҳаққи, борганларим яхши эди… 2011
ОЧИЛМАГАН МАКТУБ Дада! Ҳаммасини кўриб, билиб турибсиз – Чидаб бўлмайдиган феъл-атворим йўқ. Сал елкамни қисиб ўтсам, тийиқсиз – Кесаклар бирлашиб дўқ уради, дўқ. Мендан нима кетди – қўлимдан келар Замонсоз юзларга нур сўраб яшаш. Ҳар махлуқ устимдан кулмоқчи бўлар, Баъзан оғир ботар Одамга ўхшаш. Омад ҳам беғараз йўқламас, ёҳу, Билиб туриб атай бой бердим нақдни. Керагидан кўпроқ имкон берди-ю, Ҳеч раво кўрмади энг зарур Бахтни. Ўзимга ўзимни обдон талатиб, Томошаталаблар ўйин кутдилар. Аҳёнда бир қошиқ асал ялатиб, Ортидан косалаб оғу тутдилар. Билмайман, не сабаб омондир бошим, Нега тарс ёрилиб кетмайди юрак? Кўзимда тош каби қотади ёшим, Дардимни ололмай сўзлар жонсарак. Тушунгим келади, етмайди ақлим, Ҳеч эплай олмадим ишонтиришни. Биласиз, бурнимнинг учида жаҳлим, Сиз ҳам талаб қилманг тушунтиришни. 2009
МУСОФИР Шеърларимнинг сочлари оппоқ, Ўйчан сўзлар юзида ажин. Боққин, ахир, Онажон, бир боқ, Ўғлинг нега бунчалар ғамгин?! Балки, жуда эрта улғайди Юрагимда гуллаб ётган дард. Кўзларимда тунлар ухлайди, Ҳалқа-ҳалқа ёшларимни арт. Кечагина подшодай эдим, Атрофимда минглар парвона. Баридан воз кечиб мен энди Бир сўққабош далли-девона. Кун қариди, совиди чойинг, Пахта гулли пиёланг маъюс. Йиғмай менга тўшаган жойинг, Дарвозадан ҳатлаб ўтди Куз. Не кўйларга солмади Орзу… Ногоҳ учиб борсам қошингга. Оғушингга гўдакдай ол-у, Меҳрлар бер мен бебошингга. Ҳали жуда ёшсан, чироғим, Армон сени йўқламайди, де. Эркалаб айт: Ўйинқароғим, Ўғил бола йиғламайди, де… Дунё ҳақда ортиқ билгим йўқ, Ҳар не дедим, барчаси – бекор. Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ, Бугун фақат боланг бўлгим бор. 2010
ҲАВАС Ухламагим келяпти. (Жиянимнинг хархашаси) Эркалангин, болажон, Қанд-қурс тўлсин қўйнингга. Катта бўлсанг бир замон, Ким ҳам қарар кўнглингга. Майли, ётма, ухлама, Ўйна ҳолдан тойгунча. Тушиб қолмасин яна Оғзингдаги мойкулча. Қуйилмайди қариб ҳам, Улар сендан баттар шўх. Хафа бўлма, жиянчам, Катталарнинг эси йўқ. Текканида дам-бадам Ташвишларнинг калтаги, Сиз яхшисиз ҳаммадан, Деб мени ҳам алдагин. Кунларим эртак – хомуш, Ишонмагим келяпти. Болалик – энг ширин туш, Уйғонмагим келяпти. 2009
*** …чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим, чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт. чунки билиб-билмай ниятни буздим, чунки еру кўкдан бўлмади нажот. чунки ўзим билан келишолмадик, жиндаккина ақлим эгмади бўйин. имкон ила вақтни бўлишолмадик, чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин. чунки изғиб юрар бунда қора руҳ, баттар авж олдириб ҳазин оташни. этимни чимчилар совуқ бир андуҳ, чунки истамадим осон яшашни… чунки… 2009
ОСМОНДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР Еру осмон ораси – ҳаёт, Сафаримнинг номи – алданиш. Бунда менга ҳамма нарса ёт, Бунда менга ҳаммаси таниш. Ёпилмоқда илинж дарчаси, Кўчишлардан бўлганман ҳориб. Унутмоқчи эдим барчасин Пўлат лочин бағрига кириб. Бир ён булут, бир томон туман, Қайга олиб қочай кўзимни? Ҳар йўловчи нигоҳи билан Тафтиш этдим яна ўзимни. Учган сайин улғаяр ғуссам, Хавотирнинг кўзлари лўқдир. Бир он мизғиб олайин десам, Осмонда ҳам ҳаловат йўқдир. Тошкент – Москва – Берлин 2009
*** Ҳар куни кўксимда кўпкари, Олишар чавандоз туйғулар – Ғирромга ўрганган кўплари. Уялиб кетаман ўзимдан, Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ, Кун қочиб боради изимдан. Улуғ бир хатони бошладим, Қаламнинг юргиси келмайди, Шўрликни… синдириб ташладим… 2009
*** Ортиқ ушлаб турмай, очиқ осмонга Қўйиб юбораман юракни – шарни. Аста сингиб кетар мовий майдонга Паналаб ўтгандай машъум хатарни. Ҳеч ким ниқтамаса, ҳеч зоғ тегмаса, Боладай ўйноқлар завққа берилиб. Қўрқаман, кўкда ҳам озор чекмаса, Ёрилиб кетмаса эди, ёрилиб… 2009
*** Не ҳикмат дилингнинг яролиғида, Беадоғ тахайюл йўлига жим боқ. Кутиш ва куттириш оралиғида Йигирма йил ўтди – қолгани жумбоқ. Нимадир етмади, яна, кимдир кам, Балки, омадсизлик эди омадим. Улгурса бўларди тозаришга ҳам, Яшашни билдим-у, яшай олмадим. Гоҳи уялтириб, гоҳи уялиб Бирма-бир жон берди дақиқаларим. Шунчалар ишондим, келдим суяниб – Ҳаққа элтгаймикан ҳақиқатларим? 2009
АНГЛАШ Йилларим жам бўлиб Кунга айланди, Ёлғонлар йиғилиб чинга айланди. Бутунлик касб этди сочилган заррам, Менларим бирлашиб МЕНга айланди… 2008
*** Беҳуда чиқиллаб толиқди соат, Лаҳзалар карвони бўлолмади жам. Қиёфа жангидан чекинди сурат, Ўзини кутишдан тўймади Одам. Йиллар оқиб кетди – юзлари сўлғин, Таъмини йўқотган туйғулар тахир. Тонгни бедор кутди безовта, дилхун, Илинжнинг ўлгиси келмайди, ахир. Қадарда борига қилмади зарда, Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади. Валекин энг сўнгги сонияларда Илиниб қолмаса эди кўзлари… 2009
НОМА Настарин гуллари муштоқ хатимга… Ёдингиз бағрида тунларим оқдир. Қайси хизматимга, қай заҳматимга Мени зулфингизга боғламиш тақдир?! Ғуборлар текизмай хаёлингизга, Ҳаёни нарига қувмай севасиз. Юрагимни тугиб рўмолингизга, Сиз айтмай севасиз, “севмай” севасиз. Бемаврид хатарни пайқаган қушдай, Қаёққа беркинди туйғулар – инжа? Хунобдир амалга ошмаган тушдай, Гумон кўксингизга сололмас панжа. Кўнгил қўрғонига етказмас шикаст, Парволар қилмайсиз ёмғирга, дўлга. Куйдириб кетолмас – тафти жуда паст, Сув сепиб қўясиз ҳижронли йўлга. Улар севгим каби шаффоф, бетамаъ, Юзга солмас олис гуноҳларимни – Боғимга бегона хазон, деб яна Супуриб юборманг нигоҳларимни… 2008
*** Cевги, о, гуноҳдошим, Тўполончим, бебошим! Юрагимга тош отдинг, Синай деди бардошим. Ҳеч гапимга кирмадинг, Йўл бошладим – юрмадинг. Ёш боладай ортингдан Чопганимни кўрмадинг. Гоҳ тирилдим, гоҳ ўлдим, Гадо бўлдим, шоҳ бўлдим. Эшитмадинг, шекилли, Янгиланган оҳ бўлдим. Ҳисларимни ўйнадинг, Панд беришни қўймадинг. Ўзинг уни кўрсатиб Яна мени қийнадинг. Қилармисан тасаввур: Ё муҳаббат, ё ғурур. Бир сўз айтар севганим, Минг йилгача чидаб тур. 2008
*** Бундан буёғига бодомлар бедор, Бундан буёғига бутоқлар бежо. Балоғат бўйлаган боғларда баҳор, Бунчалар беқиёс, бунчалар барно! Кела қол, новдалар қўймасин гуллаб, Яшнамоқ фаслини ўзинг бошлаб бер. Қадаминг тафтидан ёнсин ловуллаб, Интизор йўлларга нигоҳ ташлаб бер. Бежиз лаб очишга ошиқма бир дам, Ҳали маврид келмас хайру хўшларга. Гулларга сабоқ бер вафо илмидан, Муҳаббат қўшиғин ўргат қушларга. Бўйларинг атрига ғунчалар хумор, Нафасингни сезиб тонглар жилмайди. Оний табассуминг каби бетакрор Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди! Кўзларим қаърига кўмилар олам, Дилни даста-даста ашъор қилган – Сен. Сен каби яшнашни билмайди кўклам, Кел энди, баҳорни баҳор қилган – Сен. 2010
*** Кўзларимга ишон, қўлларингни бер, Ахир, ғамларингни тугатмоқчиман. Ўзим билмайман-у, лекин, барибир, Мен сенга яшашни ўргатмоқчиман. Кел, илми ушшоқни ўзлаштирайлик, Бирга нажот топсин бу яримжонлар. Орзунинг исмини ўзгартирайлик, Имконлар навбатда турар, имконлар. Кўнглингдан ўзгага қулоқ солмагин, Чорла, безовта қил, тушларимга кир. Аммо аро йўлда туриб олмагин, Фақат кетмасингга мени ишонтир. 2008
*** Юракка айландим бошдан то охир – Кўзим юрак бўлди, вужудим юрак. Сурату сийратда улуғ Ишқ зоҳир, Қолгани афсона, қолгани эртак. Қошимда япроқдай титради Дунё, Қўлларим чўзаман – узилгиси йўқ. Хазонга дўнишни истамайди, ё Бедиллар пойида эзилгиси йўқ. Коинот самовий зийнат уфурар, Яна кўзларимда жилваланди Нур. Юрак эканимни эслатиб турар, Шу ёруғ Дунёнинг борига шукур. Юракка айланиб сирлашар оқшом, Тим қора денгизда Оймома сузар. Тошиб турар Офтоб – туйғу тўла жом, Юракка ўралган ҳар нарса гўзал. Тобора маҳкамроқ юмаман кўзни, Барча дилсизликка бергандай барҳам. Менинг юрагимга жо қилиб ўзни, Юракка айланиб бормоқда олам… 2010
*** Севги ёмон, севги дилозор, Бор-будимдан мени айирди. Андишасиз меҳмондай беор Дил уйига сўроқсиз кирди. Чеҳрасида жозиб табассум, Бир чиройли ҳислардан ийдим. Беихтиёр – билмасдан ўзим Уй тўрига ўтқизиб қўйдим. Эъзозладим, бағримни очдим, Хизматида бўлдим эрта-кеч. Дастурхонга боримни сочдим, Шунданмикан, кетгиси йўқ ҳеч. Кундан-кунга бўлди яқинроқ, (Ё мезбонни ёқтириб қолди.) Хаёлимга ташлади қармоқ, Мени буткул оғдириб олди. Ғуруримга кейин солди чанг, Ўзлаштирди ичу сиртимни. Ҳеч қанақа қўшинсиз – бежанг Ишғол этди Кўнгил юртимни… Энди нажот сўрайман кимдан? Ё бўшатгим келмас майдонни. Ҳайдолмайман ҳануз умримдан Севги отли гўзал шайтонни… 2008
*** Шу кеча эртагин тугатмаса қор, Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак, Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак, Майлига, кечикса кечиксин баҳор. Эртани ўйлама, чўчима сира, Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди, Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди, Ҳар босган изимиз биллур хотира. Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини, Оҳиста чекиниб тун пардалари, Юзингда порласа ой парчалари, Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини. 2008
САС Соя солмиш сабримга Соғинч, Саратонда сенсиз совқотдим. Соҳилларда сарғайди севинч, Сирларимни сўзларга сотдим. Сочинг силаб саболар сархуш, Сезмайсанми, сездирмайсанми? Савол сонсиз, ситамлар серпушт, Севмайсанми, севдирмайсанми?.. 2010
КЎНГИЛ Ҳеч бўлмаса, хафа бўлдим, де, Ё бўлмаса, бирор сўз айт, ҳой! Фақат бундай қарама менга, Кўзим тегиб синиб қолган Ой. 2008
СЕН Биз икки соҳилда бирдай қийналдик, Хумор кўзларингдан тўкилди олмос. Энди қандай яшай – руҳимда ҳадик, Сени кўрмасам ҳам, кўрсам ҳам бўлмас. Кўксимда юлдуздай сўзлар асрадим, Бир куни бахтингни порлатадиган. Севги – бўғзимдаги кўҳна ҳасратим, Кўнглимни самога ўрлатадиган. Нима учун ёндим, авж олдим нега? Дардим-ла дардингни олмоқчиман-ку! Руҳинг унутмасми мени эртага, Сен билан Худога бормоқчиман-ку! 2008
ҒАЛАТИ ХОББИ Мен унинг қалбига кирмадим ўйнаб, Боқсам, кўзларидан ҳасрат ёғарди. У лаззат оларди ўзини қийнаб – Мендан хафа бўлиш унга ёқарди. 2008
*** Мен сизга бегона бўлмоқчи эдим, Жой бергим йўқ эди ҳатто тушимдан. Шундоқ ҳам ҳар нарса тиғиз дунёда Ўй-ташвиш айирай дейди ҳушимдан. Муттасил кимнидир ахтариб келдим, Мўлтираб ҳар ёнга боқдим интизор. Шу қадар девона яшарми эдим, Башарти ўзимда бўлса ихтиёр. Сиз-ку аллақачон кечар эдингиз Ўртаниб, ўртаган ғариб Мажнундан. Таассуф, ҳаммаси ҳал бўлиб бўлган Кўзингиз кўзимда жилмайган кундан. Шеър қилиб сочаман бутун дардимни, Соғинсам, беркиниб оламан тунга. Сиз хира хотирот аро гирёнсиз, Ҳали ҳам бегона бўлолмай менга. 2009
*** Ёлғиз-ёлғиз хаёллар сурдим, Маломатнинг ҳиди ҳар ерда. Тушларимда тентираб юрдим – Юрагимнинг ярми қаерда? Шовуллайди беором боғлар, Ҳар япроқда ҳасрат гупурса. Уваланиб кетарди тоғлар, Бир азиз бош елкамда турса… Азоб роҳат қилар қонимда, Сингиб борар жонга нур тафти. Учай дейман – йўқсан ёнимда, Қайлардасан, қанотим жуфти? 2009
*** Ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган Бахт Зарра нигоҳимга бўлганида зор. Жавобимни кутиб пойлаб турса Вақт, Барини рад этсам такрор ва такрор; Мазлум кўзёшига қоқилмай деб бот, Дорда юрган каби ҳушёр қадам-ла – Қўлларимда лангар, сўрасам нажот, Саодат тонгига элтса бу ғамлар. Ногаҳон Руҳ қуши тилга кирганда, Асли ким эканим туйқус англадим. Сип-силлиқ кўчалар чорлаб турганда, Мен шу бахтиқаро йўлни танладим. Нечун чорлайверар сир тўла само? Балки, кимдир бизга илҳақ кўкда ҳам. Учиб кетгим келар юлдуздай, аммо Ерда Одам танқис, бунда Одам кам. Ҳамон имлайверар юлдузлар зимдан Тангрининг беминнат назари ила – Оёқ узгим келмас мушфиқ Заминдан, Видолашгим йўқдир майсалар билан! 2011
*** Алам қилмай қўйди ҳеч бири, «Чиқ» дейди-ю, ўзи чиқмас Вақт. Мен Ҳаётни борича суйдим, Ҳар томонда, ҳар қадамда Бахт. Озор санчмас юракка ортиқ, Бу гулларнинг ифори ўзга. Кечаги жўн, совуқ одамлар Жуда иссиқ кўринар кўзга. Аллақачон овутиб олдим Кўнглимни(нг) шўр кўз ёшин артиб. Ҳаммасини кечириб бўлдим Ўзгалару ўзимдан тортиб. Қандай ёвуз кучлар бор бунда, Билмаганим яхши – билмадим. Ғўр мавсумдан розиман, шаксиз, Хато қилиб хато қилмадим… 2009
*** Ҳар лаҳза тийилиш азобига банд, Юрак – қафасдаги некбин орзуманд. Зулмат мил тортишга чоғланар ҳарчанд, Мудом шамси анвар кўзимга пайванд. 2010
?.. Йўқ, ҳали олдинда видо онлари, Фақат бир қайрилиб ортимга боқдим. Мени деб ёришди кимнинг тонглари, Кимнинг қароғига шамчироқ ёқдим? Йиртиб отмайдиган шеърларим борми? Менга қарши гувоҳ бўлмасми сўзлар? Ранжитганим йўқми қишни, баҳорни? Рози кетдимикан меҳмон ёз, кузлар? Бир куни Юрагим тилга кирганда, Суйганим ўзимга бўлмасми зиён? Кўзларим барини сотиб турганда, Мени қутқаргани келарми Иймон? Қандай бўлар экан ишонч меваси? Эккан-тикканларим пушмон бермасми? Оғир ботмасмикан қалбим шеваси? Қаттиқроқ йўталим исён эмасми?!. 2008
*** Чиқиб кетса эди шу иблис қондан, Сўнг топа олмаса мангуга изим. Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан, Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим. Қайтадан тозарсам – севсам қайтадан, Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум, Арш сари зиналар қўйсам тавбадан, Саодат асрини эслатса умрим… 2010
ТАВАЛЛО Ҳар ким ўз қисмати қошида ёлғиз, Гарчи атрофимда дўстлар бор – холис, Улар уммондаги хас каби ожиз, Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ. Оғир бу йилларнинг тоши енгилми, Биров ечолмади тилсим севгимни, Учратмасанг, қайдан топай тенгимни, Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ. Умримни чўқилаб зоғлар алмашди, Йўқолиб-йўқолмай доғлар алмашди, Елкамдан тушолмай тоғлар алмашди, Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ. Ўйларим кишанда, кўнглим кишанда, Сўрадим – сўрашни қилмадим канда, Авлиё бўлса ҳам бандаси – банда, Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ. Савобу гуноҳда беқарордирман, Ажаб, шу ҳолимга сервиқордирман, Умидсизлик аро умидвордирман, Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ! 2009
ТАҚВО Улар ўктам, минг бор шижоатлироқ, Кеча-кундуз қойим, қўлида тасбеҳ. Яратганга мендан итоатлироқ, Ҳар нега соатлаб изламас ташбеҳ. Шамол шовқинидан бежоланмайди, Тунлари дув-дув ёш тўккани билан. Шохларин силкитиб ҳаволанмайди, Кунда бир мўъжиза туккани билан. Ҳар нечук, қисмати ойдин экан-да, Ғўдир пешонаси бунча ярақлар. Бош эгиб ҳам ўсиш мумкин, дегандай, Таъзим қилиб турар мулло дарахтлар. 2010
*** Масжидга ўхшаса эди бу дунё, Ишонч бирлаштирса одамиятни. Оқибат дегани бўлмаса рўё, Ҳеч кас йўқотмаса ор, ҳамиятни… Ҳамма тарқалмоқда дилга бериб зеб, Яна оташ олди юракда бир Чўғ. Меҳримни эҳсондай улашайин, деб Ташқарига чиқсам, пойабзалим йўқ. 2010
*** Юборсанг Ўзингнинг ёнинггга юбор, Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир. Кўзимдан ўтолмай саргашта ғубор, Номингни айтганга нажот бор, ахир. Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим, Бошқани ўйламай, бошқани демай. Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим, Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай. Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан, Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла. Тазарру мендандир, мағфират Сендан, Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла. Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй. Тоабад дунёга ишқим тушмасин. Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй – Ўзингдан бошқага ишим тушмасин. Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда, Осий ҳисларимни буткул даф этгин. Вужудим бахшида, Руҳим бахшида, Севгимни Севгингга мушарраф этгин. 2010
ЎРТАР Ғуссалардан олтин қафас қургандайман, Лахча-лахча чўғ устида юргандайман, Бу дунёда ижарада тургандайман, Толеъ деган қилмас писанд, Машраб бобо. Енгилгина қўшиқлари ялло-ялло, Оёқларнинг остиндаги лойми, тилло? Каминанинг тахаллуси чаламулло, Тутумим ҳам шунга монанд, Машраб бобо. Нега келдим манов ғурбат маконига? Тутиб бердим ўзимни ғам пайконига, Кўзим куйди кириб севги дўконига, Жандангиздан олмадим панд, Машраб бобо. Томиримдан куйлар оқар – сувораман, Кўзёшлари завқ улашган фаввораман, Ўз-ўзимни авраш билан овораман, Кўнглим синиқ, дилим дардманд, Машраб бобо. Йўл юраман, мўл юраман, йўлим етмас, Хирожига на жоним, на молим етмас, Йигирма беш йилдан бери қўлим етмас, Этагингиз бунча баланд, Машраб бобо?! 2008
*** Шу чиркин матоҳга борми учмаган? Барининг онгига ғубор сачраган. Бойликни кир қоғоз билан ўлчаган Тўдага тескари боқишни ўргат. Бу йўлда юзини йўқотган кўпдир, Илдизу изини йўқотган кўпдир, Энг керак сўзини йўқотган кўпдир, Аларнинг сафидан чиқишни ўргат. Дарёлар бағрига сиғмас жилғаман, Бирда сокин эсам, бирда долғаман, Лойқа ҳислар билан тағин булғамай – Тубигача тиниқ оқишни ўргат. Тошларнинг кўнглига бир бор қўл солсам, Ранжима қошингга пича кеч қолсам, Адашиб-адашиб йўл топиб олсам, Юракдан чангларни қоқишни ўргат. 2009
*** Раҳматига ихлос айлаб заҳмат чексанг, Оғриқларинг ҳаловатга айлансалар. Дил боғига алвон-алвон гуллар эксанг, Хушбўйлари салавотга айлансалар. Марвариддай лаҳзаларни йиққанингда, Уфқлар сари манзур-манзур боққанингда, Камтарликнинг чўққисига чиққанингда, Таъзимларинг салобатга айлансалар. Ёлғиз Унинг ёди бирла ўйга чўмсанг, Ёлғонларни қайтиб чиқмас жойга кўмсанг, Ором чоғи кўзни қўрқмай, қўрқмай юмсанг – Уйқуларинг ибодатга айлансалар. Томирингда оқар ҳаёт нашидаси, Ҳар қадаминг – тирикликнинг қасидаси, Бир ўзгариб ғамнок дунё харитаси, Андуҳлари саодатга айлансалар. Тафаккурдан қанот боғлаб кўкка учсанг, Сўнг юракнинг суханида гавҳар сочсанг, Жумла жаҳон бахтин сўраб кафтинг очсанг – Дуоларинг ижобатга айлансалар… 2010
ИБРАТ Гадосифат бойни ҳам, Денгиз ютган сойни ҳам, Игна кирган жойни ҳам Бир Зот кўриб турибди. Эл ошаган ошларни, Ерни ўпган бошларни, Пинҳон-пинҳон ёшларни Бир Зот кўриб турибди. Ким ортимдан отмиш ўқ, Ким соямга қилар дўқ, Адоватим, гинам йўқ – Бир Зот кўриб турибди. Дилинг соғми ё бемор, Ичинг ичида не бор, Гарчи тўрт ёнинг девор, Бир Зот кўриб турибди. Парда шитирлашидан Нега қўрқасан, эй, тан, Пардасиз нури билан Бир Зот кўриб турибди. Беҳзод, гул эк изингга, Ҳазир бўлгин сўзингга, Ҳар не қилсанг – ўзингга, Бир Зот кўриб турибди. 2009
*** Кечагина олам мисли жаннат эди, Эвоҳ, нафас олишим ҳам санъат эди. Туфроқ бўлган япроқлардан ҳикмат ўқиб, Бошим эгиб туришларим савлат эди. Парча-парча йиллар аро тўлғонаман, Қачон қайта ўчмас бўлиб уйғонаман? Не ажабким, бошқасига ройиш бермас, Кўнглим гулин ўзимданам қизғонаман. 2011
*** Бошга тушганини кўз кўрди яна, Ҳаёт оз меҳрини соз кўрди яна, Шўр эди пешонам, туз кўрди яна – Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар. Кутдим, куттирганга билдирмай кутдим, Бардошни ёнимдан жилдирмай кутдим, Бошқасин хаёлга келтирмай кутдим – Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар. Аёвсиз ёқамдан тутади бир дард, Ичимдан ичимга ўтади бир дард, Жонимда гуркираб ётади бир дард – Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар. Дил уйи лаҳзада ёришар-кетар, Унга борган қувонч мендан ҳам ўтар, Севаман – яшашга шу асос етар – Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар. 2011
CЎНГГИ ВАЪДА Ёруғ шеърлар ёзаман энди, Сен ҳам фақат яхши тушлар кўр. Мен иккинчи ўзимни енгдим, Ҳеч нарса йўқ юрагимдан зўр. Ўз измига тушар ҳаммаси, Қор остида қолиб кетмас из. Жинкўчада зулмат шарпаси, Омон сақлар бизни Ишқимиз. Ота, сизга ўхшолмайман деб, Беркитмайман нурга хонамни. Бу аҳволда яшолмайман деб, Қўрқитмайман мушфиқ онамни. Нима йўлдан урар бандани? Айтганингдан четга жилмайман. Тангрим, кечир мен арзандани, Ортиқ Сенга исён қилмайман. Ўз юртига ҳайдайман ғамни, Йўқотишдан, тамом, қўрқмайман. Тополмаса агар кулбамни, Ёруғликни ўзим йўқлайман. 2008
*** Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу, Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади. Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу, Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади. Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар, Салобати ўша, виқори ўша. Таровати сўнмас диловар боғлар – Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша. Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи, Япроқлар тизилиб келди сўзимга. Қобирғаси синган хазонлар оҳи Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга? Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол – Демангиз, бу фақат илҳом онлари. Руҳимда яшади шундай безавол Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари. Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар… Азал нафасини келтиргай абад. Япроқлари оят ўқиган боғлар… Табиат тилида илоҳий суҳбат. 2011
ҚОРШЕЪР Осмон бодроқ тўкди кун бўйи – Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур. Табиатнинг бу кумуш тўйи Бўғотларга улашар ҳузур. Кўпни кўрган оғочлар яна Елкасига олар бор юкни. Ҳали давом этар тантана – Асраш керак ҳар нозикликни Кекса мўри зерикмас чекиб, Лек ҳавони қилмас бемаза. Изғириннинг қалами тегиб Гулзор бўлиб кетди дераза. “Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..” Хаёлларнинг йўқдир поёни. Ташқарига шошар гўзаллик Шарфга ўраб олиб ҳаёни. Поклик чулғаб борар ҳар ерни, Оқлик инар далаю боққа. Аёзкотиб энг дилбар шеърни Доғ юқтирмай кўчирар оққа… 2008
*** Улар кўздан йироқ, кўнгилга яқин, Мўъжиза яшринган япроқларига. Ҳавасинг ва жиндай ҳасадинг келар Йўқолиб кетмаган титроқларига. Чирой очиб аста бошин кўтарар, Сўнг гўзал бўлишга журъат қилгайдир. Агар еб қўймаса қўю қўзилар, Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир. 2009
НАШИДА Ўшанда ҳам навбаҳор эди – Борлиқ зангор, дунё навқирон. Куртакларга гапим бор эди, Юрак тилга кирганда бийрон. Яна ўрик шохлари сархуш, Гулоб тутар нимпушти, оппоқ. Кеча эди эгнида кумуш, Бугун зумрад тўн киймиш чорбоғ. Бутоқлардан мўралар умид, Камол ваъда этар ғунчалар. Нимагадир бўлгандай шоҳид, Шаббода бир соҳир куй чалар. Сочларини сувга таратиб Ўлтирибди мажнунтол шайдо. Ўз-ўзидан чирой яратиб Борган сари табиат зебо. Кўкда рангин ҳислар жамулжам, Жилвасидан қамашади кўз. Пучмоқдаги сўнгги қорни ҳам Эритади ҳадемай Наврўз! 2010
*** Уйғониш нақадар гўзалдир, Тириклик лаззати беназир. Созингнинг умрини узайтир, Йўлингга ёғдулар мунтазир. Қучоғин тўлдирмиш боғларга, Бағритош эмасдир, бағритош. Бир қара мўйсафид тоғларга, То ҳануз боладай кўнгли ёш. Cўқмоқлар абадий саволдир, Қоялар – буюклик ошиғи. Саболар ҳаётбахш наводир, Жилғалар – муҳаббат қўшиғи. Булутлар бўйнида арғимчоқ, Турналар алқаган айём бу. Қўлингдан келади яшамоқ, Севгидай бебаҳо инъом бу. Хаёлни қўй, оғир хаёлни, Ярашмас бемаврид ўртансанг. О, юрак, билмайсан заволни, Баҳорга ўхшашни ўргансанг. 2010
*** Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз, Заҳардан ўткирроқ чой бериб қўйиб. Тортинмай бемалол ўтиринг, дейсиз, Игнанинг учидан жой бериб қўйиб. 2010
*** Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида, Кимларнинг бахти бут кимнинг дардида, Тентираб юрибман сўзлар юртида – Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш. Кунда нафс отига тиларман тўзим, Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим, Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим – Муҳаббат аралаш, исён аралаш. Узилиб-узилмас ишонч иплари, Аёвсиз отилар бало тўплари, Руҳимда эврилиш талотўплари – Эътиқод аралаш, гумон аралаш. Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман, На асал ялайман, на тош тишлайман, Бирда сарғаяман, бирда яшнайман – Умримда Ҳамалу Мезон аралаш. 2009
ИЗОҲ Ўзимни яширдим – ўзимдан қочдим, Ҳечликнинг бағрида яйрай деб бир оз. Аммо нелар қилай, нафас олсам ҳам – Чиқиб келаверди “Мен” деган овоз. 2009
*** Кўзим толди – кутмоқ дарди оғир экан, Йўлга қараб ўтмоқ дарди оғир экан. Барига-ку чидаш мумкин, лек ҳар нафас Ўз-ўзингни титмоқ дарди оғир экан. 2010
ДЎСТ Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик, Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон. Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик, Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон. Нечундир, бу ҳолга осон кўникдим, Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани. Ёнингга бормасам, кечир, севиклим, Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани. 2008
*** Одамга зор бўлиб ўтган кунларим, Кутмаган кунларим, кутган кунларим, Умримга ярашиб ётган кунларим, Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг. Билмадим ва ёки билмаган бўлдим, Дунёни назарга илмаган бўлдим, Тиниб бўлдим, гарчи тинмаган бўлдим, Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг. Яхшию ёмонга аталган сўзлар, Кўнглимни бир қадар кўтарган сўзлар, Бўғзимга пичоқдай қадалган сўзлар, Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг. Ҳудами, беҳуда узоқ ўйладим, Эртакка ўхшамас эртак сўйладим, Ҳар қанча совурдим – Вақтга тўймадим, Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг. Эртамни эслатманг, олманг хавотир, Ҳар нега қодирдир юрак – баҳодир, Балки, бу битиклар сўнгги хатодир… Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг. 2010
МАЙДОН 1 Ойдинда от ўйнатдим, Ёнсин-ёнсин юлдузлар. Дилбулоқни қайнатдим, Ўнгурларда тош музлар. Доғлар босиб юзини Ой ухлар қай қўйинда? Нур йўқотди ўзини Ҳалол-ҳаром ўйинда. Ёлғон ётар болалаб, Ор аламда қоврилар. Ялтир-юлтур шон талаб, Кимга қолди давралар? 2 Юрак чиқди қинидан, Дунёларга сиғмайман. Ўлганимнинг кунидан Қўшиқ айтиб йиғлайман. Кўксингни нур доғласа, Ёруғ ният бўлади. Йигит ошкор йиғласа, Элга уят бўлади. Ўрнингизни қизғонинг, Асли тоза мардларим. Уйғонинг-а, уйғонинг, Ай, полвонча дардларим! 2008
*** Бир кўзимда оташ, бир кўзимда сув, Икки дарё аро омонат тоғман. Лаб тегмаган сўзлар – сулувдан-сулув, Аларнинг кўйида даллию доғман. Пойимда жон сўраб эзилди тупроқ, Ҳақиқат қўшиғи экан сукутлар. Сизни тушунаман ўзимдан кўпроқ, Бошимда ёғолмай турган булутлар. Билмасам бўлмасди билмаслигимни, Қандай оғир экан билмаслик илми. Ё бор этар ёки йўқотар мени Сўзларнинг лутфию сўзларнинг зулми. 2008
*** Ҳали сўз айтарман Ўзга муносиб, Дунёнинг умрига етар парвози. Майда гапларимни кетажак босиб Ичимдаги асл Инсон овози. 2011
НАЖОТ Тақдир қандай тадбир этар эртага? Кўнглимда муқаддас ният кўкарар. Ким қўлга ишонар, биров елкага, Мени эса бир кун сўзлар кўтарар. Бору йўқлик билан келсам юзма-юз, Изимдан эргашса қора нуқталар; Иймоним сўз эрур, амалим ҳам сўз, Ўшанда ҳам мени сўзлар қутқарар. 2009
*** Тушунган тушунди, уқмаган уқмас, О, бу сўзлар деб нақ ақлимдан оздим. Юракнинг буйруғи ҳар доим ҳақмас, Раҳмон не буюрса, ўшани ёздим. 2012
СЎНГСЎЗ Қанот қилиб энг учқур сўзни, Юлдузларни эттириб хиром, Ҳаммасига чирт юмиб кўзни Шартта учиш керак – вассалом! 2009
«Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012) китобидан.
Беҳзод ФАЗЛИДДИН 1983 йил 20 сентябрда Наманган вилояти Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. 2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети бакалаврлик босқичини, 2007 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратурасининг халқаро журналистика бўлимини тамомлаган. «Муқаддас замин» (1999), «Боғларингдан кетмасин баҳор» (2000), «Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим»(2012) номли шеърий тўпламлари, кўплаб бадиий-публицистик, илмий мақолалари чоп этилган. Муаллифнинг бошқа асарлари билан http://behzodfazliddin.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.
|
|
20.03.2014 18:12 |
Нодим Намангоний (тахаллуси; асл исм-шарифи Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғли) (1844 — Наманган —1910) — шоир. Саидқулибек мадрасасида таҳсил кўрган. Араб, форс тилларини ўрганган. Қўқон ва Тошкентда бўлган, фан-техника янгиликлари, рус маданияти, адабий ва маданий доиралари билан яқиндан танишган. Бухоро, Самарқанд (1899), Туркия, Миср, Арабистон (1902—03) га саёҳат қилган. Навоийдан ўрганган, ғазалларига тахмис, назиралар ёзган. Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Завқий, Муҳаййир, Шавқий каби шоирлар билан яқин дўст бўлиб, ижодий ҳамкорлик қилган, улар шеърларига мухаммаслар боғлаган. Мумтоз шеъриятнинг барча жанрларида, туркий ва форсийда ижод қилган. Ғазалларида инсон гўзаллиги, муҳаббат ва вафо, аёллар эркини куйлаган («Соғиндим мен, соғиндингми?», «Мактуби муҳаббат услуб» ва бошқа), она-Ватан табиати, унинг гўзаллигини тараннум этган, халқ ҳаётини реалистик акс эттирган, ижтимоий иллатларни фош этган, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган («Баҳор айёми келди», «Давр жавридин…», «Баёни дар сафари Тошканд» ва бошқа). «Шикояти пахта» шеърида қишлоқ меҳнаткашларининг ачинарли ҳаётини тасвирлаган. Ҳажвий асарларида мақтанчоқ, мутакаббир бойлар, чор амалдорлари танқид қилинган («Дар мазаммати замона», «Дар шикояти қози» каби). Юмористик асарлар ёзган («Безгак» ва бошқа). Нодимнинг шеърлари «Туркистон вилоятининг газетаси»да босилган. Ўзи тузган «Баёзи Нодим»нинг мукаммал нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №4179). Бегали Қосимов
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Ёр этиб азми сафар, ман зори гирён қолмишам, Нолау афғон чекиб, бесабру сомон қолмишам.
Ул гули навраста ҳижронида йиғлаб зор-зор, Булбули шайдо каби ман тортиб афғон қолмишам.
Ул неча аҳбоби дилхоҳи била айлаб сафар, Ман ғаму ҳасратда ёлғуз сийна бирён қолмишам.
Офтоби осмони ҳусн этиб ногаҳ ғуруб, Соядек ман нотавон ер бирла яксон қолмишам.
Кўз кўруб, кўнглум асир ўлди каманди зулфига, Войким, зулмат аро табъим паришон қолмишам.
Неча кундурким хаёлидан даме бўлмай халос, Кўзга уйқу келмайин то субҳ ҳайрон қолмишам.
Дўстлар, бир чора айланг дардима, ўлмай ҳалок, Доғи ҳижронига топмай ҳеч дармон қолмишам.
Қайси кун бўлғайки, Нодим, васлиға маҳрам бўлуб, Арзи ҳолимни десамким: — Сансиз, эй жон, қолмишам.
* * *
Эрур кўнглум паришон, токи айрилдим диёримдан, Диёрим йўқки, ёру ошною, ғамгусоримдан,
Кўзум намнок, сийнам чок, бағрим таҳ-батаҳ қондур, Қачонким айрилибман ул нигори гулъузоримдан.
Сунурлар дам-бадам ишрат майин аҳбоб ғурбатда Талаттиф кўрсатиб минг навъи, тушмасман хуморимдан,
Хазон япроғидек сўлдум самуми ҳажридин, ҳайҳот, Насимо, муждаи еткурмадинг файзи баҳоримдан.
Деманг, эй дўстлар, бир гўшае тут, истиқомат қил, Нечук қилғум дурур, йўқ хуш ила сабру қароримдан.
Фиғоним раъд, оҳим барқ, ашким сели тўфондур, Қочинг зинҳор, эй аҳбоб, мўҳлик раҳгузоримдан.
Қуюндек дашт ила водида саргардон бўлубдурман, Қачонким айри тушдим хоки пои шаҳсуворимдан.
Қадардандур бу ғурбат, инжима, сабр айла, эй Нодим, Иноят бўлса етгайсан ватанга, биру боримдан.
* * *
Фиғонким, чарх бедоди била кўнглум паришондур, Балоу дарду ғам қайдида зору, дийда гирёндур.
Баҳори гулшани оламда осиби ҳаводисдин, Очилмай ғунчаи пажмурда янглиғ таҳ-батаҳ қондур.
Кеча то субҳидам шабнам каби кўздан тўкуб ёшин, Суруди ноладин булбул каби дойим дарафғондур.
Хаёли лолагун рухсоралардин, гоҳ савдодин Самандардек кириб ғам оташига сийна сўзондур.
Гаҳи қаттиқ мусибатдин фалакфарсо эрур оҳи, Сиришкидин гаҳи кўз мардуми ғарқоби тўфондур.
Тани фарсуда, бағри пора-пора, чок домони, Ҳамиша дарди-доғу ғусса бирла ашк резондур.
Фано сарманзилин истар кечиб бу хонумонидин, Бу дунё гулшани аҳбобсиз гўёки зиндондур.
Паёпай тут қадаҳ, эй соқий, ўзлукдин халос айла, На хуш улким, адам кошонасида масти ҳайрондур.
Вужудим най каби сўрох-сўрох ўлди, эй ҳамдам, Фиғону нола ҳар бир банд-бандидин намоёндур.
Қолиб бу кўҳи ғам остида юз минг доғлар бирла; Таажжубким, уриб юз печтоби ўлмаган жондур.
Ҳазин жонимни, эй гардун, мени оғритма, дилшод эт Даме бир ўткучи бу даҳри фоний ичра меҳмондур.
Гаҳи вобастаи занжири ҳасрат, гаҳ асири ғам, Тутолмай ҳеч бир домони мақсад, доғи хирмондур..
Ғизо бобида аҳволини, ё раб, мустақим айла, Қулинг Нодим мусоҳиблар кетиб, бесабру сомондур.
* * *
Баҳор айёми келди, дашту саҳро лолазор ўлди, Замин сар сабзу гулшан тоза, ер ойинавор ўлди.
Кўтарди қумрию булбул фиғону нола ҳар ёндин, Басе ҳусну назокат сарви гулдин ошкор ўлди.
Насими руҳпарвар ҳар тарафдин юрди боғ ичра, Димоғ ўлди муаттар, бўйи гулдин мушкбор ўлди.
Терилди барги гулга дона-дона гавҳари шабнам, Этарда сайри гулшан ёр аёғина нисор ўлди.
Замони айшу ишратдур, шароби лолагун тутғил Менга, эй соқий гулчеҳра, кўнглум кўп хумор ўлди.
Ғаниматдур замоне сайри гулшан, бўмағин ғофил, Неча сандек сиҳи қад лоларуҳ бундоғ ғубор ўлди.
Фиғонким, ғунчаи бахтим очилмай ушбу гулшанда, Самуми ҳажридин пажмурдаи бебару бор ўлди.
Фано машшотасидин ёзмайин то уқдалар, Нодим, Бу олам боғидаким комёби комкор ўлди.
* * *
Ҳарфи ишқингни ёзарда куйди дил жониғача, Хома ҳам кул бўлди, эй бедард, девониғача.
Ул шафақ эрмас, кўзум қон ёши шоми фурқатинг, Мавжлар айлаб етибдур чарх домонигача.
Анжум эрмасдур бу оҳимнинг шарори, бу кеча— Равшан айлар олами то кўкни кайвониғача.
Маснади ҳусн узра то бўлдунг азиз, эй сарвноз, Шоҳлар даргоҳингга қул бўлди ҳоқониғача.
Ҳар қачонким новаки мужгонинг, эй абру камон, Ўтди ўқи сийнадин жониға пайкониғача.
Қайси кунким давлати васлингдин ўлди ноумид, Кетди кўнглумнинг қарори сабру сомониғача.
Бул нечук жавру ситамдурким чекиб тийғи ситез, Қасд этарсан ошиқи бечорани қонигача.
Нодим ўлди ажз ила хижлат тариқатда фано, Шояд ўлғай маҳв деб бу журму исёниғача.
* * *
Токим бошимга тушди ситамкор эҳтиёж, Қилди кўнглумни сарбасар афгор эҳтиёж.
Бир лаҳза гар фароғати топсам бу даҳрдин, Андуҳу ғуссалар бирла тайёр эҳтиёж.
Косид матоменки, биров сўрмагай мани, Ҳар қайда бўлса лек харидор эҳтиёж.
Келса кўзумга бир кеча гар хоби роҳати, Албатта, айлагай мани бедор эҳтиёж.
Бор эҳтиёж ҳар куни, аммоки кўп эмас, Қилғай ҳужум ҳар шаби бозор эҳтиёж.
Ҳарчанд юз ўгурсаму сўксам келур яна — Олдимга тўғри, шилқиму беор эҳтиёж.
Дунёда ёру ғор анисим эрур мағар, Ҳар дарду ғам етишса, мададкор эҳтиёж.
Йўқтур жаҳонни молу матои каминада, Ҳар қанча сўрар эсалар бор эҳтиёж.
Масти майи нашоту фароғат эди кўнгил, Қилди мукаддар, айлади ҳушёр эҳтиёж.
Бўлмам ўз ихтиёрим ила эҳтиёжманд, Тушгай бошимға бир йўли ночор эҳтиёж.
Муҳтожликдин энди бориб кимга дод этай, Этти ёруғ жаҳонни менга тор эҳтиёж.
Фарзанди аржуманди жигарбандлар учун Бергай ҳамиша жонима озор эҳтиёж.
Ё раб, халос айла мани эҳтиёждин, Жону дилимдин айлади безор эҳтиёж.
Солсам назар тамоми оламға сарбасар, Албатта, бўлғай анда падидор эҳтиёж.
Ҳар субҳу шом бесару сомон кезар, басе Изҳор этиб бу гумбази даввор эҳтиёж.
Умру саломатию маошу беҳиштдур, Ҳар одамийға лозими бу чор эҳтиёж.
Зоҳидға ҳуру жаннату кавсар мурод эса, Ишқу муҳаббат аҳлиға дийдор эҳтиёж.
Нодим, сипосу шукр қил, изҳор айлама, Билгай худой, ҳеч кима зинҳор эҳтиёж.
* * *
Илоҳи, бўлмасун ҳеч одамига ошно безгак, Мани бечорага кўп айлади жавру жафо безгак.
На бедоду ситамдур ҳар кеча тутса тонг отгунча, Киши кўрган эмасдур мунча золим беҳаё безгак.
Таним куйдурди, сабрим кетди, аҳволим хароб ўлди, Ўзидин ҳам баттарроқ дардга бўлғай мубтало безгак.
Дилу жонимда осори фароғат қолмади ҳаргиз, Худовандо, қачон бўлғай бу жисмимдин жудо безгак.
Нашоту айшу роҳат кетди, дард ила алам етди, Бу жисми нотавонимға қадам келтурди то безгак.
Жаҳон танг ўлди, олам бу жафожў ҳамнишинимдин, Тўюндим жондин эмди, ман турай бу ерда ё безгак!
Тилар ҳар дардким бордур паноҳ оламда безгакдин Ювулсин оти, лавҳи кавндин бўлсун фано безгак.
Агар тушса қўлумға тийғ тортиб қаҳру кийн бирла, Кесиб қўлу оёғин айласам бедаступо безгак.
Баҳаққи анбиё тарки жафою зулму бедод эт, Йўқ эрса ҳаққа илкингдин бўлурман додхоҳ, безгак.
Видоъ айлаб агар кетсанг, кўруб бу ҳолу зоримни, Чу жоним борича айлай сени дойим дуо, безгак.
Агар бу илтижою илтимосим бирла кетмассан, Қиёмат кун муаззаб бунда бўлғил бенаво, безгак.
Бу дарду меҳнатиким тортаман сандин иложим йўқ, Нечукким ҳақ таолодин эрур бўлдим ризо, безгак.
Қилурман шукрким, бир неъматидур жумла мўминға Демиш аҳли салаф куффорни журму хато, безгак.
Агарчандики кўпдур нафъи ухро бобида, лекин, Манга берди бу дунё ичра бағоят жазо, безгак.
Деди Нодим бу безгак зулми бедодин халойиққа, Илоҳо, қилмасун ҳеч кимсани ҳаргиз худо безгак.
МУХАММАСЛАР
Навоий ғазалига мухаммас
Токи савдодин думоғим куйдурур хирмон иси, Чарх домонин тутар бу нолау афғон иси, Ғунчадек қон этди дил бир Юсуфи Канъон иси, Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси, Келур ул райҳон ила гулдин манга ҳижрон иси.
Махфили имконда ишратдин сабуйи топмадим, Нашъайи кайфи бақодин тоза рўйи топмадим, Ушбу гулшан ичра ранги орзуйи топмадим, Менки бир гулдин жаҳон боғида бўйи топмадим, Найлайин қилса муаттар даҳрни бўстон иси.
Орзуйи васлидин кўнглумда юз минг можаро, Сурмасо кўзлар фироқидин бу жон мотамсаро, Зору маҳзунман, эрур бағрим яро, эй ошно, Лаъли ҳажринда ниҳон ашким сўзин ағёр аро, Деса бўлмаским келур бу навъ сўздин қон иси.
Қайси боғу дашт аро ул сарвиноз этди хиром, Сабзау гуллар унуб топди саботи мустадом, То дами маҳшар муаттар бўлғуси андин машом, Қайдаким жон бахш лаълидин Масеҳосо калом — Сўрди, ул ердин келур юз қарндин сўнг жон иси.
Эҳтиёжингдин худодин ўзга огаҳ демаким, Тут қаноат домонин, султон ила шаҳ демаким, Мунъиму муҳсин ҳақиқатда сувалло демаким, Эй гадо, олам элиға шайъалиллаҳ демаким, Бу чамандин келмади ҳаргиз гули эҳсон иси.
Олами мадҳушдир ул зулфи анбар бўйиға, Риштаи жонлар эрур пайванд ҳар бир мўйиға, Топшириб жон ила кўнглумни қади дилжўйиға, Жон иси тутди жаҳо”нни, мен борурман кўйиға, Ким тилар эл жон иси, мен истарам жонон иси.
Лолаю гул бирла саҳрою чаман жаннат, намуд, Чекди сарви гул шоҳида қумрию булбул суруд, Гулситон ҳар баргидин Нодим фалак айлаб ҳусуд, Чун Навойиға келур ҳижрон иси ҳар дам, не суд, Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси.
Махмур ғазалига мухаммас
Дер сани манзалату қадрингга аҳсанта малак, Раъд ила барқ сани шавкату жоҳингга чафак, Гарчи одобдин эрмас сиза афсона демак, Эй жаҳондори зафар кавкаби даври фалак, Эшитинг қиссаи қишлоғи хароби Ҳафалак.
Камбағал жумла бу қишлоқ элини бандалари, Малаху, бургаю, бит, тошбақа, даррандалари, Заъфдин йўл юра олмас ҳама чаррандалари, Турфа қишлоғи жин урган ани паррандалари, Товуқу игначию, ўрдагу ғози — кафалак.
Ери шўр, аҳли қўтир, паст ҳаво иссиғ дам, Мутааззир юрмоқ ёғса агар қатраи нам, Каламушдек қозибон ерни ётарлар беғам, Дари йўқ уйларини, банда баён, гар қилсам, Бир капа, икки капа, уч олачуқ, тўрт каталак.
Эртадин кечгача кетмон чопиб, иссиғда куюб, Емагайлар зоғора, арпани нонига тўюб, Эру хотин талашиб қўлини кўлмак била юб, Ажириғ томирини келисида майда туюб, Қайнатиб кунда ичар, отини дерлар сумалак.
Бирини эгнида йиртиғ тўну, кўйлаклари тор, Томга таппи ёпадур (кўкси) очуғ, очу наҳор, Аралаш эркак ила модалари кунда қатор, Гар таҳорат қилур ўлса сув тополмай ночор, Юзини қум била юб (қўлига) суртар гувалак.
Ҳамаси мустаҳиқи садқаю эҳсону закот, Ярамай ишга ётар оч, на тирикдур на мамот, Келсалар ой ила йилда агар баҳри салот; Масжиди ертўла, бир эски қоронғу зулмот, Кўр қилур кирса киши кўзга уруб кўршапалак.
Кўчди бўйнига илйб эшаку отин ипини, Қочди кўзлаб Қоракўл, Балху, Бадахшон йўлини Ушлашиб йиғлашибон бир-бирисини қўлини, Кеча ногаҳ эшитиб, шуҳрати тилло пулини, Ҳафалак қўрқусидин учди мисоли кафалак.
Шоҳким, бўлса дуогўйи Ажам бирла Араб, Ноумид ўлмас ани давлатидин аҳли талаб, Деди Нодим: бу шаҳаншоҳа қилиб тарки адаб, Кечса Махмури учун шоҳ карамдин, не ажаб, Ҳафалак юртиға тушган пул агарчи лак-лак.
* * *
Ғам даштида бу оҳу овора экан мендек, Тоғу туз аро ёлғуз сайёра экан мендек, Кўз ёши равон, жисми кўп ёра экан мендек, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Банд айламағил они, кўз ёшига раҳм айла, Саргаштаи ҳар води бу бошиға раҳм айла, Чўх жавру ситам қилма, бардошига раҳм айла, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Кўп ҳоли забун эркан, афтодау дилхаста, Қўйғил они, то бўлғай авлодиға пайваста, Бўйсун ғаму кулфатдин роҳат била вораста, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Кўп қийнамаким, жисми домингда фигор ўлмиш, Ўз хайлидан айрилғач, маҳзуну низор ўлмиш, Минг дард ила ҳасратга илкингда дучор ўлмиш, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Эрди бу Хўтан дашту тоғи била саҳроси Ушбу қора кўзларни ўйнар жойи маъвоси, Кўнглида эди мушкин сочларни таманноси, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Домингни гирифтори ўз ҳолиға ҳайрондур, Бошдин оёғи захму сандин юраги қондур, Бу зулму ситамлардин пайваста дарафғондур, Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Гуллар очилиб эмди айёми баҳор ўлди, Ҳақ раҳмати бу тоғу саҳрога нисор ўлди, Сарсабзи зумурратгун бегарду ғубор ўлди, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Мажруҳ эрур жисми оё на кабоб ўлғай, Гар бўлса ҳам, аммо ул фарзанди хароб ўлғай, Ул икки қаро кўзлар йўлларда пуроб ўлғай, Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Кесма они бошини, жониға ситам қилма, Бўйниға суруб тийғинг, роҳини адам қилма, Бу нахли ҳаётини раҳм айла, қалам қилма, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Ўз ёру диёридан маҳжуру жудо бўлғон, Дарду ғаму ҳасратни кўп тортиб адо бўлғон, Вобастаи занжири бедоди бало бўлғон, Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мёндек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Қўй ўйнасун ул оҳу ҳар водию тоғ узра, Ҳар бешаи сарсабзу анҳору булоқ узра, Лолаю гул очилған ҳар гулшану боғ узра, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Мажнуни биёбони исёну хато Модим, Савдозадаи ишқи оҳу-ю Хито Нодим, Сайёди ажал бир кун етгай санга, ё Нодим, Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек, Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Мухаммаси Нодим ба аҳволи замон
Бўлди авзои замона била даврон ғалати, Расм ойин ила атвори ҳар инсон ғалати, Муфтию, аъламу, қозию қаламдон ғалати, Кийиму лафзу ёзув, лампау шамдон ғалати, Лампау печкау курсию кайвон ғалати.
Кўчаю кўйда фанор равшану йўллар сангин, Беибо жумла тарантос ила избош нишин, Беҳаё кўчада бебок очиб элға жабин, Тенг ўлуб олим ила жоҳилу, ёлғон била чин, Бир-бирисига қилиб ҳар киши бўҳтон ғалати.
Ёш йигитлар кезибон лафкау ҳар раста аро, Қўлида шишаи май, оғзида куфр ила наво, Хар каби ҳанграшибон шаҳрни айлаб ғавғо, Йўқ алар юзларида ҳеч дами шарму ҳаё, Бўлубон ҳар каби ўтгай ҳама хандон ғалати.
Эл этиб мансаб учун бир-бирига жангу талош, Ёрилиб фурсати сайловда кўп кўз ила қош, Берибон ришва бўлур қозию аллома тарош, Пул олиб макру ҳиял бирла қилур айшу маош, Бўлди аҳволи тамоми Намангон ғалати…
Баъзи даъво чўзилур неча ою неча йил, Муддаий бирла бўлур хасми бу эҳмол ила сил, Муфтии можину суллоҳу вакил хайли далил, Пулу молини қилур ғорат, ўзин зору залил, Тўлдурур ақча била киссаю ҳамён ғалати.
Халққа туҳмату бўҳтону хусумат бисёр, Даъвии кизбу анонияту ифсод шиор, Ҳаққи мардумга қилиб зуъмлиғ ила инкор, Қизитиб маҳкамалар ичра дамодам бозор, Бўлди суллоҳу вакил зумраси шайтон ғалати.
Аҳли зиндиқу зино эгнида кимхобу самур, Остида аблаҳи хушгашту тарантосу кўчур, Баъзиси растаю шаҳр ичра бўлуб гоҳи жужур, Хамр ичиб, маст бўлуб, зоҳир этиб кибру ғурур, Фисқ жойиға бориб, бўлғуси меҳмон ғалати.
Сайланг элликбошиға одами донолардин, Мунсифу аҳли хирад кўнгли мусаффолардин, Содиқулқавлу расо, марди тавонолардин, На гадо табъи жафокор ҳаюлолардин, Гар ёмон сизга бўлур доғ ила армон ғалати.
Саъй этинг, мингбоши то соҳиби эҳсон бўлғай, Халққа марҳамату лутфи фаровон бўлғай, Фуқаропарвару одил, ўзи чаққон бўлғай, Юртнинг аҳли била бир тану бир жон бўлғай, Бўлса ҳайрот тарийқида шитобон ғалати.
Ахтаринг қозига бир аҳли диёнат бўлсун, Олиму хўб боинсофу фатонат бўлсун, Элга анфоси ани субҳи саодат бўлсун, Наки бир омии сармашқи залолат бўлсун, Токи бўлманг, фуқаро асру пушаймон ғалати.
Топсангиз яхши киши, қўймай амалдор қилинг, Шаръи бўстонин ани даврида саршор қилинг, Мадад айланг ишига, лутф ила исор қилинг, Гардани жонга ани сўзини тумор қилинг, Сизга то бўлғуси ул яхши нигаҳбон ғалати.
Оҳ, афсуски, бундоғ кишини ахтармай, Яхши инсофлик одамни бу мансабға демай, Порау ришва олиб сайлагани бир чиғатай, Хўмгўзал, гунгу саранг аблаҳу нодон мамай, Кўрмаган бўйла киши дийдаи даврон ғалати.
Йиғилиб бир неча жаллоби шарорат пеша, Кам этиб жангда олур пахтани беандеша, Беху бунёду диёнатга урубон теша, Қолмайин зарраи инсоф алардин реша, Қилдилар дину диёнатга нуқсон ғалати.
Аҳли дўкону саро фикри ҳаво бирла ҳавас, Доми бу зийнат ила зеби жаҳонга побас, Зикри савдои Қизилжар била Маскову Адас, Охират амрини ёд айламайин ҳеч нафас, Айлади мўътақиди шаръини вайрон ғалати.
Яхши от узра миниб саллани харротий қилиб, Сўфии харкалла бас орқаю олдида елиб, Гоҳ мастона бўлуб, ҳар қадамида йиқилиб, Ўзин ул хомтамаъ муршиду аллома билиб, Бузди оламни солиб шўришу тўфон ғалати…
Бу мухаммаслар эрур гарчи маонидин дур, Бир ҳикоят эрур халқни айлар масрур. Бўлса гар зумраи аҳбобға ногаҳ манзур, Этмагай Нодими маҳзунни дуодан маҳжур, Умрини зое этиб, айлади хусрон ғалати.
* * *
Экмак экин кўмаксиз, эй дўстлар, гумонда, Онборинг ичра ғалла кўп бўлса, ақча ёнда, Анқони тухмидур бу муҳтожи нотавонда, Осон эмас, биродар, деҳқончилик жаҳонда, Харжию зўр бозу даркор ҳар замонда.
Ҳарёна совурурсан қўлда на бўлса мавжуд, Жонингни ўртагайсан меҳнат ўтиға чун уд, Аҳлу аёл барча бошдин-оёқ кир-олуд, Қўшу аробау от, ағдармау тараддуд, Тишу омоч-тиркиш, авқоти чарчагонда.
Кўп жусту-жў керакдур деҳқончилик ишига, Ёзида ер пишитгач, гўнг тошигай қишига, Қолгай неча замонлар оламни ташвишига, Буғдой дема осон ҳосил бўлур кишига, Гаҳ йилда бўлмай ул ҳам, деҳқон қолур зиёнда
Экмакка пахта тухмин кўп боғлар бузулди, Саҳроу даштларда ҳангомалар қўзулди, Бир неча сарою ҳовли чигитга тўлди, Бу пахтаи амиркон нархи зиёда бўлди, Мундин бўлак амал йўқ яхши била ёмонда.
Ғаллотларга бўлди нархи баҳода фойиқ, Кўп одам экди пахта ўз қувватига лойиқ, Бу йўлда сарф айлаб илгидаги алойиқ, Ёмғири бемаҳалдан қўрқиб ҳама халойиқ, Қиш эрта тушмагай деб кўзлари осмонда.
Бир неча камбағаллар авқотин ўткузолмай, Қишлик маошларини асбобини тузолмай, Ҳар кимсадин олиб пул, мингдин бирин узолмай, Пахтага пул кўториб, вақтида еткузолмай, Орқасидин маҳосил, деҳқончилик товонда.
Ҳўкузлари похол дер, қўшчиси ош ила нон, Нақдина йўқ қўлида, бисёр дил паришон, Юз минг хаёл бирла дармонда у харосон, Онбор пулию ўлпон бағрини айлабон қон, Қўрқуб, чўчуб тушодур туш кўрса ухлагонда.
Деб пахта сарф айлар ерга ҳама кучу зўр, Тиккай чигит жўякка, бошида юз туман шўр, Ёз ҳам ўтуб бородур, деб бўлмағай туротур, Кўсаклари очилмай урди бу қору ёмғур, Ҳайрон бири бу ишдин, нафъ олмоғи гумонда.
Ҳар сийнаға тўлубдур савдосидин таманно, Саҳроу шаҳрларда бисёр шўру ғавғо, Зикр ила фикри пахта, ҳеч йўқ ёди мавло, Ваҳмим ҳарифларидин шул кун дегай мабодо, Гўр ичра «пахта-пахта», «манраббика?» дегонда…
Кўп такя айлагонлар дунёйи бевафога, Синдию парча-парча бўлди қолиб балога, Ҳолини танг қилгач пулдор олиб арога, Баъзиси қочди Қашғар, баъзиси Олматога, Баъзини кўрди мардум Афғону Бомиёнда.
Бозор кўп кишининг айшини қилди барҳам, Бори-йўғини берди кўрдингми, қанча одам? Ҳар раста ичра элдин топти шикаст кам-кам Баззозу чойфурушлик-мушкил бу иккиси ҳам, Кўплар синиб туганди моли қолиб жавонда.
Синмак бу кеча-кундуз кўп элга ом бўлди, Тужжорларни субҳи ғам бирла шом бўлди, Тўкулиб обрўси бенангу ном бўлди, Масковчи бирла девкор —бу ҳам тамом бўлди, Синганни йўқ ҳисоби Хўқанду Андижонда.
Ёлғуз ўзум деганлар тоғлар ошиб юрубдур, Ёшин чу абри борон тинмай сочиб юрубдур, Расволик илки бирла кетин очиб юрубдур, Ермаҳд бирла Виктор пинҳон қочиб юрубдур. Ҳаргиз булар топилмас дунёни излагонда…
Ғаввос то пишилмас сувга олурми гавҳар? Роҳат жафоу меҳнат чекмай эмас муяссар, То нофа бўлмайин хун ҳаргиз бўлурми анбар? Алқисса, ҳеч бир иш осон эмас, биродар, Бекулфату машаққат роҳат санга қаёнда?!
То ҳақ иноят этмай, етмас қўлингга давлат, Лекин умид бирла ҳар кимса чекса заҳмат, Ё олим ўлғай охир, ёким бир аҳли санъат, Ҳар бир ҳунарга бордур мушкил басе машаққат Бе ранж муфт давлат — бор элга ногаҳонда.
Элни асир кўрдум дунёни ташвишига, Босмас фароғат ила бир парча нон тишига, Саргаштаи жаҳондур ёзи била қишига, Машғули жумла олам ўз нафсининг ишига. Фикри танур ичинда, андишаси қозонда…
Холи эмас хавониқ сар ҳалқаси риёдин, Тазвиру ҳийла нақшин кашф этди бурёдин, Мақсуди молу зардур азкору инзуводин, Бўйини топмадим ман бир фақр ила фанодин, Кўп сўфиларни кўрдим икки кўзи шилонда…
Эй Нодими камина, токай сенга бу ғафлат, Ногоҳ марг етгай бу умрдур ғанимат, Айёми навжувонлиғ ҳайф ўтди яхши фурсат, Эндики пири бўлдинг, йўқдур мадору қувват, Тоат қилурға ҳаргиз бу жисми нотавонда.
* * *
Гар подшаҳи тамоми кишвар, Хуршид лиқоу тож барсар, Соҳиб ҳашаму ливоу ханжар, Дороу Фаридуну Скандар, Мақсуди аларни сийму зардур.
Ул зумраки зўр паҳлавондур, Ҳар жангда тийғи хунфишондур, Ғайратда шажеу арслондур, Ханжарлари тезу жонситондур, Мақсуди аларни сийму зардур.
Ул шайхларики бериёдур, Сажжодада соҳиби ридодур, Жаҳрию хужаста гюрсодур, Кўп халқларга пиру пешводур, Мақсуди аларни сийму зардур.
Қуззодки, шарънинг амири, Дин чархини бир маҳи мунири, Мазлуму шикаста дастгири, Минг хавфу хатар миҳан асири, Мақсуди аларни сийму зардур.
Муфтики қаламкаши замона, Тун-кун они жойи қозихона, Хат битмоқ аларга жовидона, Ижрои шариати баҳона, Мақсуди аларни сийму зардур.
Ҳар аҳли мударрису муаллим, Айлар ҳама элга дарс таълим, Ё аҳли ҳакиму ё мунажжим, Бордур бу замона ичра, билким, Мақсуди аларни сийму зардур.
Савдогари ашрафи жаҳонгард, Қилғон ватанини кўнглига сард, Рухсораси фикр бобидин зард Ташвиш ила умри ғусса парвард, Мақсуди аларни сийму зардур.
Бу жумла саронишин дўкондор, Саррофу саҳобу аҳли нажжор, Бу пахтачию тарозубардор, Ҳар касбиким даҳр аро бор, Мақсуди аларни сийму зардур,
Ҳар сарв қадеки дилрабодур, Даҳр аҳлиға офату балодур, Киприклари ўқу қоши ёдур, Шерозаи базми хуш адодур, Мақсуди аларни сийму зардур.
Мутрибки эрур басе хуш илхон, Лаҳнида олур кўнгул, берур жон, То субҳи суруд этар фаровон, Элдин олибон саботу сомон, Мақсуди аларни сийму зардур.
Созандаи дилнавозким бор, Қонун ила қўлга олса сетор, Бўлғай нағамотлар падидор, Таъсирида ссҳрдур мамудор, Мақсуди аларни сииму зардур.
Ул жамъи мусофири паришон, Автон ғамидан жигарлари қон, Ошифта дилу, асири ҳижрон, Ғурбатда наҳийф ўлуб, чекиб жон, Мақсуди аларни сийму зардур.
Деҳқон эли айлагай зироат, Тун-ку-н чекибон жафоу меҳнат, Сарф айлаб анга куч ила қувват, Бу ҳирфадин, эй завил басорат, Мақсуди аларни оийму зардур.
Саҳрони кезар ҳамиша сайёд, Сайд айламак анга бўлди муътод, Гаҳ тоғ узадур мисоли Фарҳод, Бу саъиларидин, эй наку зод, Мақоуди аларни сийму зардур.
Шаҳларки жаҳонни айлагай танг, Бир-бирига қилиб ситез ила жанг, Юргай неча мийлу неча фарсанг, Қилмай бу юришда ном ила нанг, Мақсуди аларни сийму зардур.
Бир зумрани халқ дер қаландар, Кезгай ҳама ҳол баҳр ила бар, Илгида асоу хирқа дарбар, Эй дўст, билингки, билмуқаррар, Мақсуди аларни сийму зардур.
МАКТУБИ МУҲАББАТ УСЛУБ
Аё боғи умримда битган ниҳол, Кўзум чашмаси бирла топган камол, Дилим қуввати-ю, уйим зийнати, Кўзум нури, ёлғуз бошим давлати, Дуогўйи бу мустаманди ғариб, Ризожўи афтодаи бенасиб, Муҳаббат жаҳонида бир тоза боғ, Мани рўзғоримда ёнган чироғ. Даме бермаган хотиримга малол, Тавозуъдин айлаб қадин мисли дол, Қаноат қилиб ҳарна бергонима. Қилиб эътимод аҳду паймонима, Мени айлаган эл аро аржуманд, Қилиб рўзғорими қадрин баланд, Боқиб жумла фарзандими субҳу шом Тутуб гўшаи уйда дойим мақом, Саранжом этиб ишни шод айлаган, Неча мушкулимни кушод айлаган. Севга, эй вафодор ёрим, салом, Гуландоми гулгун узорим, салом. Салом, эй мен хастанинг ҳамдами, Салом, эй ҳарими кўнгул маҳрами. Ҳама нури чашму ақрабоға салом, Ағо-инию ошноға салом. Салому таҳиёт адо айлабои, Қилай ҳасби ҳолимпи бир-бир баён: Танимиз зрур соғ, юз шукрким, Фароғатдадурмиз, ҳамиша еалим. Етиб ҳар диёр аҳлидин шодлиғ, Бузулган кўнгулларга ободлиғ, Саёҳат ишим, гоҳ сайри чаман, Дамо-дам зиёфат, гаҳи анжуман, Кўруб тоғлар узра ёмғуру қор, Булардин ўтуб чун насими баҳор, Гаҳи дашт ила кўҳсор узра ман, Гаҳ-и чашмау марғзор узра ман. Тамомиси сарсабзу шодобу тар, Раёҳину анвои гул сарбасар. Оқиб чашмалар ишқ эли ёшидек, Унуб лола анда ақиқ тошидек. Етиб энди, алқисса, биз бенаво, Турубмиз бу ердаки—Авлиёто. Ажаб жою хушфайзу осор экан, Баланду фараҳбахш кўҳсор экан. Суви оби кавсар каби оқ эрур, Ичган кимсага таъми шакар берур. Эрур ғарбу шарқу жанубида тоғ, Ҳама сабзау настарину булоқ. Элотия атрофида беҳисоб, Таомининг бойвуччаси бениқоб. Ўти сийнадин, молу коли фузун, Келур змчагидш сути чун қуюн, Соғарлар соғин ҳар куни тўрт йўл, Қадам-барқадам ҳайма бирла овул, Қимиз, сув-масаллиқ ичар мардуми, Бўлур наҳру дарё қуюлса ками. Сутининг тамомийси қаймоқ эрур, Киши ичса таъми сариёғ эрур. Дуо бирла эди бу Нодим салом, Сўзум кўп эрди, қисқа қилдим калом.*
* Бу хатни Нодим 1890 йилда Авлиёотадан ўз рафиқасига ёзган. |
Исломдан илҳомланган Бунин |
|
|
|
23.09.2017 00:00 |

Жуда кўп машҳур адиблар Шарқ маданияти ва адабиётига катта қизиқиш билан қараган. Масалан, улуғ олмон шоири Йоҳан Ҳёте “Шарқу Ғарб девони”ни тузган. Нобел мукофоти совриндори, рус мумтоз адиби Иван Бунинга ҳам Шарқ, аниқроғи, мусулмон маданияти катта таъсир кўрсатган.
Иван Буниннинг диний қизиқишлари фақат Библия билан чегараланмаган эди. У Қуръони карим таъсирида инсон ҳаёти ҳақидаги нодир, бошқа манбаларда учрамайдиган ҳақиқатларни топди. Исломга қизиқиш Бунинни мусулмон мамлакатларига саёҳат қилишга чорлади. 1903 йил апрелида ёзувчи илк бор Истанбулга борди. Адибнинг турмуш ўртоғи Вера Муромцева-Бунина бундай хотирлайди: “У биринчи марта Қуръонни тўлиғича ўқиб чиқди ва олам-олам таассурот олди, шу сабабли зудлик билан мусулмон ўлкасига бориш фикрига тушди”.
Бунин Қуръони каримнинг М. Казимирский франсузчага ўгирган маънолар таржимасидан К. Николаев русчага ағдарган ва 1865 йили Москвада босилган нусхасини ўқиб чиқади.
Вера Бунинанинг сўзларига кўра, “Истанбулда кечган бир ой унинг маънавий ҳаётида энг мухим, хайрли ва жўшқин воқеа бўлди”.
Айни шу сафарда “Ислом унда жуда катта таассурот қолдирди”. 1907 йил баҳорида Бунин мусулмон Шарқи мамлакатлари бўйлаб узок муддатли саёҳатга чиқади. Ёзувчи Истанбулдан ташқари ўша пайтлари Усмонлилар ҳукмронлиги остида бўлган Фаластин, Сурия, Лубнонда, сўнг Мисрда бўлади. Бир йил ўтиб яна Истанбулга боради, 1910 йил кўкламида эса Жазоир ва Тунисга сафар қилади. 1910 йил охирида Шри Ланка оролларига йўл олган ёзувчи яна Истанбул ва Байрутга (Лубнон) тушиб ўтади, Мисрда олти ҳафта қолади. Бунин Истанбулга ҳаммаси бўлиб ўн уч марта борган, умр йўлдошининг фикрича, “у Истанбулни Москвадай яхши биларди”. Буниннинг барча шарқона насрий ва шеърий асарлари ижодий фаолиятининг илк босқичида ёзилган. “Қадр туни”, “Каъбадаги қора тош”, “Сир”, “Абадий”, “Муҳаммад ва София”, “Мақом”, “Кавсар”, “Тамжид” каби шеърлар шулар жумласидан.
Ориф Толиб тайёрлаган |
|