28.05.2014 20:31 |

Амал билан қўлга киради қадр Қуръон «қимматингиз тақводадир» дер Фурсатда баробар аёл билан эр Сураси Қуръонда муслима аёл
Хадича, Фотима, Ойша Сумайя Нусайба, Робия, неча валийя Бокира Марям ҳам шонли Осиё Илм ва ирфонда муслима аёл
Инсон бир бутундир, аёл ёриси Удир оиланинг она ариси Аёлу эркакнинг ҳар бир ютуғи Қаттиқ имтиҳонда муслима аёл
Оила таълими аёлсиз бўлмас Аёл ўрни асло эркакла тўлмас Эркак аёлини сурувга солмас Уйида чўпондир, муслима аёл
Меъросни оз олар, фойдали чиқар Ўранур, виқорла олдинга боқар Аёл очилса гар, кўп жонни ёқар Севги-шафқат унда муслима аёл
Яратувчи икки жинсга ҳам хослик Берди - бутунланди тенгсиз гўзаллик Бузилмасин Раббим, бу нозик тенглик Ўзинг уйғоқ бўлгин, муслима аёл.
Итоатнинг номи Исломда амал Динимизда будир иккинчи тамал Қул учун ибодат энг юксак аъмол Амал ва имонда муслима аёл
Аёлга ишлагил, ҳур бўл, дедилар. Ҳаққинг олмоқликка бир йўл дедилар Очилсин вужудинг, бош-қўл дедилар Бунда тақво қилар, муслима аёл
Бизнинг аёлимиз амалда доим Ҳақ учун халқига хизматда қоим Ачёрга қарши терс, ёрга мулойим Ўрнакдир жаҳонга муслима аёл.
Қаҳрамон Хайриддин «Исломда Аёл ва оила» 485-487-бетлар |
28.10.2013 16:37 |
ЮЗ РУПИЯ*
Мен бу аёлни бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисида кўриб қолдим. Меҳмонхона кўҳна голландча иморат бўлиб, океан соҳилидаги ям-яшил кокосзор бағрида жойлашган эди. Ўша кунлари ўзим ҳам шу жойда дам олаётган эдим. Кейин ҳар куни уни шу ерда кўрадиган бўлдим. У айвондан икки қадам нарида бўлган уйнинг енгилгина, иссиқ сояси тушиб турган жойда қамиш креслода ярим ётган ҳолда ястаниб оларди. Баланд бўйли, маллатоб, қийиқ кўзли, канопдан тикилган куртка ва тор шим кийиб олган дастёр йигитча шағал ётқизилган йўлка бўйлаб ялангоёқ ғарт-ғурт қадам ташлаб келарди-да, кресло ёнидаги столчага патнисни қўяр, патнисда тилло пиёлада чой бўларди. Дастёр қуруқшаб, ботиқ лунжи томон тортилиб кетган лабларини қимирлатмасдан тавозе билан бир нималар дерди-да таъзим бажо келтириб, яна қайтиб кетарди. Аёл эса ярим ётган кўйи похол ёлпиғич билан ўзини аста-аста елпир, қора бахмалдек ғаройиб киприкларини бир маромда пирпиратар эди... У ер юзида яратилган қайси тоифадаги махлуқот оиласига мансуб? У обдон тобланган, данакдек аёл эди. Қаҳрабо кўкраклари, елкалари, қўллари ва оёқлари тиззасигача яланғоч бўлиб, баданига, сонларига кўм-кўк ялтироқ мато ўраб олганди. Сариқ оғочдан ясалган сандалига лакланган қизил тасма тортилган, оёқчаларининг қизилга бўялган тирноқлари тасма орасидан кўриниб турарди. Қатрон сочлари бошига ғанак қилиб турмакланган, бу дағал кўриниш унинг болаларча маъсум қиёфасига асло мос эмасди. Қулоқчаларининг солинчакларида ғовак тилла сирғалар тебранарди. Қоп-қора киприклари ақл бовар қилмас даражада узун ва ғаройиб эдики, Боғи Эрамда гулдан гулга учиб-қўниб юрган капалакларни эслатарди; улар жаннатий ҳинд гулзорларида ҳам гоҳида хаёл мисоли кўзга ташланиб қоларди... Гўзаллик, ақл-идрок, аҳмоқлик каби сўзлар асло унга ёпишмасди, гўё барча инсоний хусусиятлар унга бегона эди. Дарҳақиқат, у бошқа сайёрадан келиб қолган жонзотга ўхшарди. Соқовлик - унинг сўзсиз суврати эди. У ярим ётган кўйи миқ этмасди, қоп-қора бахмалдек киприк-капалакларини бир маромда пирпиратар, елпиғич билан ўзини аста-аста елпир эди... Бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисига рикша* жадал кириб келди. Одатда, мен мана шу рикшада шаҳарни сайр этиб қайтардим. Дастёр йигитча айвон зинапоясида истиқболимга пешвоз чиқиб таъзим бажо келтирди-да, паст товушда: - Сэр, юз рупия, - деди инглизчалаб. Бу – уша санамнинг бахоси эди. Афсус…
1944, 24 май
Олима Набизода таржимаси ___________ *Рупия - Ҳиндистон, Индонезия ва бошқа Ҳинд океани ҳавзасида жойлашган мамлакатларда пул бирлиги; харид қуввати ҳар хил /тарж. изоҳи/. *Рикша - ҳаммол тортиб юрадиган ғилдиракли безакдор аравача, унда йўловчи ёки юк ташиш мумкин /тарж. изоҳи/. |
|
23.08.2013 05:02 |

Шоир ва драматург, адабиётшунос ва таржимон, тарихчи ва мутафаккир, нотиқ ва педагог — буларнинг бари ҳозир, яъни 1950 йилда биз — талабаларга маъруза ўқишга шайланиб, кўз ойнагини дастрўмоли билан артиб турган одамда жамулжам эди. Ўрта бўйли, миқти гавдалик, жингалак сочлари қандайдир шоирона тарзда тўзғиган, ўзбекча сўзларни жиндай озарбойжонча оҳангда талаффуз этадиган бу одам — Шайхзода Мақсуд эди. Биз уни яқиндан биринчи марта кўриб турган бўлсак-да, унинг довруғи аллақачон ўзи ишлайдиган Низомий номидаги педагогика институти ҳудудларидан чиқиб, бутун Ўзбекистонга таралган эди. Унинг маърузалари тўғрисида талабалар орасида ривоятлар юрарди. “Гениал санъаткор” деган китобини ҳижжалаб ўқиб чиққан эдим. Китоб лотинча ёзувда чоп этилган бўлиб, 40-йилларнинг бошланишида Алишер Навоий тўғрисида мавжуд бўлган тўртта танқидий асарнинг биттаси эди. Жуда зўр зукколик билан ёзилган бу рисола Алишер Навоийга шу қадар зўр муҳаббат билан суғорилган эдики, уни ўқиган ҳар қандай одам Навоий даҳосини ўз қалби билан ҳис қилиб, унинг мўъжизакор санъатига умрбод кўнгил қўйиб қолмаслиги мумкин эмасди. Шайхзода кўз ойнагини артиб бўлиб, бурни устига қўндирди, шошмай чўнтагидан… йўқ, маъруза матнини эмас, бир қути “Казбек” папиросини чиқарди, ундан бир дона олиб, орқаси билан бир-икки қутига уриб, тамаки кукунини тўкди-да, кейин папиросни тутатди. Лекин уни бир марта тортиб, маърузани бошлагач, папиросни унутди: бироз ўтмай, қути устига қўйиб қўйилган папиросдан буралиб-буралиб кўтарилаётган кўкиш тутун ғойиб бўлди — папирос ўчиб қолган эди. Шайхзода маърузанинг охиригача папиросга бошқа қўл узатмайди — у бутун вужуди билан маърузага берилиб кетган эди. Ҳаммамиз маърузага маҳлиё бўлиб қолган эдик. Биз авваллари ҳам дарсларда Навоий ижодидан маърузалар тинглагандик, лекин, барибир, Шайхзоданинг биринчи маърузасидаёқ буюк шоирнинг ижодиёт олами кўз ўнгимизда батамом янгича қирралари билан жилоланди, гўё биз шу пайтга қадар Навоий яратган санъат асарининг шаклу-шамойилига қойил қолиб, унинг теварагида айланиб юрар эдиг-у, Шайхзода бизга шу кошона эшигини очиб, ичкари кирмоғимиз учун бир калит тутқазган эди… Биз ўзаро таассуротларимизни ўртоқлаша-ўртоқлаша навбатдаги маъруза кунини сабрсизлик билан кута бошладик. Аммо… Шайхзода маърузага келмади. Кейин ҳам ундан дарак бўлмади. Шундай улуғ одамнинг бунақа интизомсизлигидан ранжиб, унинг сабаблари тўғрисида бир тўхтамга келиб улгурмасимиздан совуқ бир хабар етиб келди: Шайхзода қамалипти. Биз ўша кезларда анча балоғатга етиб қолган эдик, лекин шундай бўлса-да, ҳали мустақил фикрлашни билмас, ўз туйғуларимиз ва истакларимизни очиқ айтиб ўрганмаган эдик. Аксинча, 37-йилнинг мудҳиш воқеалари кўз ўнгимизда кечган бўлса-да, уни чуқурроқ идрок этиб, ундан тайинлироқ хулосалар чиқарган эмасдик. Бутун чиқарган хулосамиз “одам оласи ичида”, “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга”, “Бизнинг шонли органларимиз адашмайди, улар ўз постларида ҳушёр “турипти” деганга ўхшаш гаплардан нари ўтмасди. Шунинг учун Шайхзоданинг қамалганига анча афсусландик, ўзимиз, вақтида унинг асарлари ёки маърузаларидан миллатчилик ёки аксилшўровий хатоларни топа олмай, сиёсий кўрлик қилганимизга ўкиндик-да, кўп ўтмай бошқа ишларга андармон бўлиб кетдик. Фақат орадан олти йил ўтиб, орадан анча сувлар оқиб кетгандан кейин Сталин ўлиб, унинг истибдоди қулагандан кейингина Шайхзоданинг, у билан бирга яна анчагина ўзбек зиёлиларининг мутлақо бегуноҳ бўлганини билдик — улар Сталин барпо этган ва кўп йиллар мобайнида мамлакатда амал қилган қатли ом машинасининг айбсиз қурбонлари бўлган эди. Шайхзода оқланди, лекин олти йиллик руҳий ва жисмоний азоблар, тутқунлик, хўрликлар, камситишлар унинг қанча умрини олиб кетдийкин, қанча-қанча шоҳ сатрлар умр дафтарини безаш ўрнига “ҳечистон” қаърида ғойиб бўлиб кетдийкин. Шундай бўлдики, Шайхзода қайтгандан кейин мен унинг тўғрисида мақола ёздим. У тақриз эмас, адабий портрет жанрида ёзилган эди. Албатта, бу мақола ҳам адабий портрет жанридан жуда узоқ эди, негаки, биринчидан, менинг тажрибам кам, қаламим анча нўноқ бўлса, иккинчидан, нимани ёзиш мумкин ва нимани ёзиш мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган ва, айниқса, ёзувчининг изтироблари, бошидан кечган оғир воқеалар, дардлар, ҳатто хасталиклар тўғрисида ҳам ёзиш қатъиян ман қилинганди. Аммо шунга қарамай, менинг мақолам Шайхзода тўғрисидаги дастлабки йирикроқ мақола бўлгани учунми, жамоатчилик томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинди ва шоир билан яқиндан алоқа ўрнатишимизга туртки бўлди. Шундан кейинги бир неча йиллик мулоқот давомида амин бўлдимки, Шайхзода ижод бобида нечоғли буюк бўлса, инсон сифатида ҳам шунча улуғ экан. Биргина мен эмас, уни билган деярли ҳамманинг эътироф этишича, Шайхзода ҳар жиҳатдан баркамол, кўнглида кири йўқ, бегидир инсон эди, у қўлидан келса, кўпчиликка яхшилик қилар, айниқса, ҳамиша “Шомирза-ю қоқ-қуруқ” бўлиб юрадиган талабаларнинг ўзига билдирмай ёрдам қўлини чўзишга интиларди. Назаримда, у кўнглидан нафрат деган нарсани буткул қувиб чиқаришга муваффақ бўлган нодир одамлардан бири эди. Албатта, ҳасадданми, ё бошқа сабабданми — Шайхзодани ёмон кўрган, унинг устидан бўҳтон уюштирган, қаматишга эришган одамлар бўлган. Албатта, ёмонларнинг кирдикорларидан Шайхзода кўп азият чеккан, қийналган, ночор қолган ҳоллари ҳам бўлган. Бироқ унинг кўксида кекка ўрин бўлмаган, улардан қасос олишни ўйламаган. Назаримда, интиқом йўлидан бориш, кек оловини гуриллатишни у ўзининг инсонлик шаънига номуносиб деб ҳисоблаган, шунинг учун паст одамларга баравар бўлишни истамаган. Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. 1956 йилда Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлди. Унда қамоқ ва сургунлардан оқланиб қайтган ёзувчилар ҳам иштирок этишди. Албатта, уларга ҳам сўз берилди. Сўзга чиққанларнинг бир қисми лагерларда тортган мислсиз азобларини гапириб, қамалишларига сабабчи бўлган одамлардан “хун” талаб қилдилар. Шайхзода ҳам минбарга кўтарилди. Лекин у бир оғиз ҳам кўнглидаги аламлардан гапирмади, қисматидан нолимади, аксинча, иродаси бақувват, руҳи тетик одамларга хос тарзда, майда-чуйда нарсалардан юқори туриб, ижодкорнинг улуғ бурчи ҳақида гапирди ва сўзининг охирида: “Мен сўнгги йилларда жонажон Тошкент шаҳрига бағишлаб бир достон ёздим, шуни ўқиб кўринглар, лозим топсаларинг, чоп этарсизлар”, — деди. Бу “Тошкентнома” достони эди — кейинчалик у Тошкент ҳақида ёзилган энг яхши асарлардан бири бўлиб қолди. Ўша куни Шайхзоданинг нутқи бутун мажлис аҳлини қаттиқ ларзага солди, негаки, кечагина олти йил давомида мустабид тузумнинг мислсиз қийноқларини бошидан кечириб келган бу одам олижанобликнинг энг олий намунасини намойиш қилган эди. Бундан кейин ҳам мен бу одамнинг юксак инсоний фазилатларига кўплаб марта гувоҳ бўлганман. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон зиёлиларининг қурултойи бўлди. Бу анжуман ҳам шахсга сиғинишни танқид қилиш баҳонасида ўз дардини ҳар қанча тўкиб солса, кўтарадиган йиғин эди. Аммо бу гал ҳам Шайхзода ўз билганидан қолмади — шахсий дардларини йиғиштириб қўйиб, республиканинг дардидан, ўзбек зиёлиларининг аҳволидан ҳаяжонли нутқ сўзлади. Бутун зал унинг нутқини бир жон, бир тан бўлиб тинглагани, бот-бот қарсаклар билан бўлиниб тургани эсимда. Ўшанда Шайхзода ҳар қандай халқнинг маданий ривожи унинг қомусида муҳрланиб қолишини айтиб, Ўзбекистонда кўп жилдлик “Қомуси Шарқия”ни нашр этиш таклифини ўртага ташлаган эди. Умуман, Шайхзода ҳар хил анжуманларда, адабий кечаларда, учрашувларда кўп қатнашар ва ҳар гал теша тегмаган гапларни айтиб, нотиқлик бобидаги рейтингини муттасил кўтариб борарди. Бир йили ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғида ёш ёзувчиларнинг бир неча кунлик семинари бўлди. Унда пешқадам ёзувчиларнинг деярли ҳаммаси навбатма-навбат ёшлар билан суҳбатлар қурди. Шайхзода ҳам ўз тажрибаларидан мароқланиб сўзлаб берди. Гап айланиб, тарихий асарлар устида ишлашнинг мураккаблигига кўчди. Тарихий асар устида ишлаш жуда қийин, — деди Шайхзода. — Негаки, воқеалар аллақачон ўтиб кетган, улар тўғрисида эса китоблардан, архивлардангина маълумот олиш мумкин. Лекин бу билан иш битмайди. Тарихий асарларда ҳам қаҳрамонлар сифатида жонли одамлар ҳаракат қилади. Улар жонли чиқмоғи учун хатти-ҳаракатлари, қилиқлари, ўзини тутишлари тафсилотлар ва деталлар орқали ифодаланиши керак. Бу эса осон эмас — ҳар қадамда, ҳар саҳифада дабдурустдан ҳал қилиш жуда қийин бўлган саволлар кўндаланг бўлади. Уларни ҳал қилгунча она сутинг оғзингдан келади. Масалан, ХIV ёки ХV аср одамларини тасвирлар экансан, улар бир-бирлари билан қандай саломлашганлар — бош ирғабми, қўлларини кўксига қўйибми, бир-бирларининг елкаларига қоқибми, ўнг қўлларини тик кўтарибми, қўл қисишибми ёки яна бошқа бирон тарзда кўришишганми, бирон китобда бунинг тасвири ва тасдиғи борми деганга ўхшаш саволлар кўндаланг бўлади. Ёки у давр одамлари кўзойнак таққанми, соч қўйганми, кийим-кечаги қандай бўлган, ётиб-туриши, ювиниб-чўмилишлари қандай кечган ва ҳоказо ва ҳоказо… Бунақа саволларнинг охир-кети йўқ. Уларга жавоб топмоқ учун ёзувчи том маънода баъзан катта, баъзан кичик тадқиқот ишини амалга оширмоғи керак. Шундан кейин Шайхзода Навоий замонида одамлар кўзойнак таққан — тақмаганини қандай ҳал қилганини айтиб берганди. Бу гапларнинг барини нафақат ёш ёзувчилар, балки бизга ўхшаган “тажрибалилар” ҳам жон қулоғи билан мароқланиб эшитди, чунки бу гаплар ижодкор меҳнатининг машаққатлари ҳақида анча ҳаққоний тасаввур берар, ёзувчи меҳнатига ҳурматни оширарди. Шайхзоданинг нақадар доно ва зукко бўлганини, нафақат адабиётни, балки шарқ тарихини ҳам жуда теран билишини кўрсатадиган бир мисолни айтиб берай. 50-йилларнинг охирларида бизнинг дорулфунун билан Боку дорулфунуни ўртасида илмий-ижодий алоқалар йўлга қўйилди. Бунда икки дорулфунун навбатма-навбат домлалар алмашиб туришди. Навбатим келиб, мен ҳам Бокуга бордим, уч кун мобайнида у ерда меҳмон бўлдим. Боку сафари умримдаги энг мароқли ва энг самарадор сафар бўлган эди, унда кўрганларим, билганларим, орттирган дўстларим ҳамон юрагимда. Ўша кезларда онам Кавказдаги қайси бир оромгоҳда дам олмоқда эди. Мен онамни Бокуга таклиф қилдим, бир-икки кун бу ерда бўлиб, Тошкентга бирга қайтишимизни айтдим, онам рози бўлдилар, бироқ у киши Бокуга келгач, мен бутунлай сояга чиқдим-қолдим. Мезбонларимиз Идоят муаллим Эфендиев, Ламах муаллим Халилов бутун эътиборни онамга қаратишди, қаерга борилса, у кишини тўрга ўтқазиб, “танишинглар, Озод муаллимнинг онаси Зубайда хоним” деб таништиришди. Ҳатто ўша кезларда озарбойжон адабиёти кафедрасининг мудири бўлган профессор Жаъфар Хандон ҳам бизни уйига меҳмонга чақирди ва балконидан Каспийнинг ажойиб манзараси кўриниб турган муҳташам уйида бизни озарбойжонча палов билан сийлади. Умрида бунақа иззат-икромларни кўрмаган онамнинг боши осмонга етди. Озарбойжон зиёлиларининг ўта юксак маданияти, меҳмондўстлиги, дўстнинг тепасида парвона бўлиб, жонини бахшида қилишга тайёрлиги менда ҳам, онамда ҳам жуда чуқур таассурот қолдирди. Мен китобхондан бироз чалғиганим учун узр сўрайман — бироқ бу гапларни озарбойжон зиёлиларига нисбатан йиллар мобайнида қалбимда тахланиб ётган эҳтиромимни билдириб қўйиш учун айтмоқдаман. Хуллас, мен Бокуга бориб келгач, Тошкентга Идоят муаллим Эфендиев келди. Табиийки, биз қўлимиздан келган қадар у кишининг ҳурматини бажо келтириб қарзимизни узишга ҳаракат қилдик. Буни қарангки, Идоят муаллим Шайхзоданинг куёви бўлар экан — унинг синглисига уйланган экан. Меҳмонларни онамникига — Кўкчадаги ҳовлимизга таклиф қилдик. Ўз-ўзидан Шайхзода давранинг гули бўлди-қолди. У жуда эркин, яйраб ўтирар, кулгили гаплардан гапириб, ҳамманинг кўнглини олар, ҳазил мутойиба қиларди. Ниҳоят, қадаҳ айтиш навбати Шайхзодага келди. Билмадим, аёлларни эъзозлаш озарбойжонларга йўргакдан текканми, Шайх ака ҳам қадаҳини “Озод муаллимнинг онаси Зубайда хоним”га бағишлади. Биласизми, биз — ўзбекларнинг бир қусуримиз бор — алёр айтишни, дўстлар даврасида қувноқ қадаҳ кўтаришни билмаймиз. Биз айтадиган алёрлар бутун бошли сиёсий докладга айланиб кетади, масалан, унда пахта режасининг тўлишидан бошлаб, бозорга сифатсиз мол киритишимизгача ҳамма нарса бўлади-ю, бир чимдим кулгига, ҳазил-мутойибага ўрин топилмайди. Шайхзоданинг алёри ҳам қисқа бўлгани йўқ. Йўқ, у менинг онам тўғрисида эмас эди. Шайхзода онам тўғрисида бир жуфт илиқ сўзини айтгандан кейин, умуман, аёлнинг инсон ҳаётидаги ўрни, шарқ аёлининг буюклиги ва гўзаллиги тўғрисида чунонам илҳом билан гапирдики, гапнинг чўзилиб кетгани билингани йўқ, аксинча, биз бу одамнинг ақл-заковатига, хотирасига, билимига қойил қолиб тинглаб ўтиравердик. Мен ҳозирга қадар ўшанда айтилган гапларни ёзиб олиб қўймаганимга ачинаман. Буни қарангки, одамнинг сўзамоллиги, чечанлигидан ҳам йўлларида гуллар унар экан, қалбларни гўзаллик туйғуси чулғар экан. Кейин яна ва яна бу одамнинг бир вақтнинг ўзида ҳам буюклиги, ҳам соддалигига гувоҳ бўлганман. У пайтларда факултетимиз Хадрада — театр ёнидаги бинода жойлашган эди. Факултет залида “Мирзо Улуғбек” спектаклининг муҳокамаси бўлди. Муҳокама жуда қизғин ўтди. Сал кам уч соат мобайнида спектакл ҳақида фикрлар айтилди, муаллиф талабаларнинг саволларига жавоб берди. Ниҳоят муҳокама тугади, биз уй-уйимизга кетмоқчи бўлиб, кўчага чиқдик. Шайх ака муҳокамадан мамнун бўлган эдилар чоғи, кайфиятлари анча кўтаринки эди. — Ғиёсободга бормаймизми, Озоджон? — деди Шайхзода сирли кулимсираб. Қош қорая бошлаган эди, лекин Шайхзода бирор ёққа таклиф қилса, “йўқ” деб бўларканми? Аста суҳбатлашиб, Фурқат кўчаси бўйлаб Бешёғоч томон йўлга тушдик. Мен Дўмбирободни билардим, Юнусободга кўп марталаб йўлим тушган эди-ю, лекин Ғиёсобод деган жойни эшитмагандим. Ийманиб, Шайх акадан унинг қаердалигини сўрадим. — Узоқ эмас, ҳадемай етиб борамиз, — деди Шайхзода. Бироз юргандан сўнг Муқимий театрига яқинлашиб қолдик. У пайтларда Фурқат кўчасининг охирида шинамгина озиқ-овқат дўкони бўлар эди. Биз етиб келганда дўкон ёпилган, лекин унинг ёнидаги мудирнинг каталакдек хонаси очиқ эди. Шайх ака мени дадил шу хонага бошлади. Хонада битта ёзув столи, уч-тўртта стул, яна кичикроқ бир пўлат сандиқ турипти. Стол ортида ўтирган тўлароқдан келган, қош-кўзи қоп-қора, истараси иссиқ йигит Шайх акани кўриши биланоқ “дик” этиб ўрнидан сапчиб турди-да, “келинг-келинг, марҳамат, бормисиз, Шайх ака!” деган сўзлар билан унга пешвоз чиқди. — “Ўзларидан сўрасак! — дея хушхоллик билан унга қўл узатди Шайх ака! — танишиб қўйинг, бу киши Озоджон, университетда домла…” Кейин йигитни менга таништирди: — Ғиёсобод деганимиз шу дўкон бўлади. Бу кишининг исми — Ғиёс. Шу дўконнинг мудири. Кейин маълум бўлишича, Ғиёсжон Шайх аканинг жуда садоқатли мухлиси экан, ҳатто дўконининг битта калитини Шайх акага бериб қўйган экан. Шайх ака истаган вақтида ёлғиз ўзими ёки бир иккита кўнгил тортар ўртоғи биланми шу ерга келиб, истаганча еб-ичиб, пулини стол устидаги сиёҳдоннинг тагига қўйиб кетаверар эканлар. Мен кўпгина мухлисларни эшитган ва кўрган эдим-у, идорасини, унинг ичидаги буюмларини ишониб ташлаб кетаверадиганини кўрмаган эдим. Хуллас, бир зумда газеталардан дастурхон ёзилди, стол устида турли ноз-неъматлар пайдо бўлди, шишалар очилди. Мен тараддудланиб қолдим. — Шайх ака, қандоқ бўларкин, мен уйдан бугундан бошлаб ичмайман деб чиққан эдим. — Нима ичмайман дегандингиз? — Ароқ-да… — О, ундай бўлса, жуда яхши. Ароқ ичмаймиз. Бети қурсин. Мен ҳам ёқтирмайман. Узум сувидан ясалган тоза мусаллас ичамиз. Дарҳақиқат, уйдан чиқаётганимда мусаллас масаласида гап бўлгани йўқ эди. Мен кўндим. Кўп ўтмай, ўтиришимиз базми жамшидга айланиб кетди. Албатта, уйга судралиб кириб борганимда, вақт анча бўлиб қолганди — мен уйқусираб туриб, эшитадиганимни эшитдим. Кейин аҳволни тушунтириб, ваъдам эртадан кучга киришини айтдим. Лекин ўша оқшомнинг шукуҳи бир умр дилимда сақланиб қолди. Суҳбатимиз жуда ширин бўлганди. Шайхзода машина харид қилган эмасди. У трамвай, троллейбусларда юрар, кўп ҳолларда эса оёқнинг чигили ёзилади дея пиёда кетаверар, йўл-йўлакай учраган танишлари билан гурунглашиб, дунё янгиликларидан хабар топиб, чақ-чақлашиб борарди. Бу гурунгларда кўпгина қизиқ гаплар айтилар, кейинчалик улар ҳангомаларга айланар ва одамлар ўртасида латифа тарзида оғиздан-оғизга кўчиб юрарди. Шайхзода билан Ғафур Ғулом тўғрисида кўп латифа айтиларди. Шайхзода ва Миртемир ораларида бўлиб ўтган гап-сўзлар ҳам тез оғизга тушиб кетарди. Бир куни Ёзувчилар уюшмасида мажлис бўлипти. У ҳаддан ташқари чўзилиб кетипти, мажлис тугаганда ҳамма очликдан сулайиб, ҳолдан кетиб қолган экан. Шайхзоданинг ёнида келаётган Миртемир унга ҳазил қилипти: — Овқат масаласига қандай қарайсиз, Шайх ака? — Тўрт кўз билан қараймиз-да… — деб жавоб берипти дарров Шайх ака кўзойнагини қўли билан тузатиб. Бу “итдай очмиз” деган маънода айтилган экан. Шайхзодада юмор туйғуси жуда кучли эди, у ҳар қандай вазиятда топқирлик билан гап топар ва ҳатто нохушроқ аҳволга тушиб қолганда ҳам уни бир зумда кулгига айлантириб юбора оларди. Бир йили Шайх ака Фарғонага адабий кечага бориптилар. Уни водийнинг энг машҳур одами, таниқли ҳажвчи Адҳам Ҳамдам кутиб олипти ва уйига олиб келипти. Адҳам аканинг рафиқаси бутун марҳаматини ишга солиб, Шайх акани роса сийлапти. Эртасига учрашув бўлипти. Театр зали нимқоронғи. Одам залга сиғмай кетган. Шайх ака ўтиравериб зерикиб кетганми, залга кўз югуртириб, ёнида ўтирган Адҳам акадан сўрапти? — Адҳамжон, залнинг чап томонида саккизинчи қаторда ўтирган, лабининг тепасида холи бор чиройли аёл ким? — Ие, Шайх ака, танимаяпсизми? Келинингиз-ку, — деб жавоб берипти Адҳам ака. — Эҳ, кўзимиз узоқдан яхши кўрмайди-да, — дея узр айтипти, Шайх ака. Шайх ака ҳақидаги бундай латифалар ва ривоятлар бу инсоннинг халқ орасида обрўйи ғоятда катта бўлганини кўрсатади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. У адабиётнинг фидокор ходими эди. У Навоийни ҳаммадан ортиқ севарди. Вафоти олдидан ёзган энг сўнгги мақоласини у “Ғазал мулкининг султони” деб атадики, бу таъриф Алишер Навоий ижодининг моҳиятини жуда яхши ва жуда ихчам таърифлаган формула сифатида халқ ичига сингиб кетди. Шайхзода “Мирзо Улуғбек” трагедиясини мерос қолдирди. Бу асар ҳақида кўп ёзилди-ю, Шайхзода билан драмадаги Мирзо Улуғбек ўртасида мавжуд бўлган муштараклик ҳам тадқиқ қилинганча йўқ. Менимча, ижодкорнинг оғзига қулф урилган ўша оғир замонларда Шайхзода ўзининг кўп дардларини, одамларга айтмоқчи бўлган гапларини Улуғбек тилидан айтган бўлиши мумкин. Шайхзода ана шундай улуғ ижодкор ва улуғ инсон эди. Уни кўрганлар, суҳбатини олганлар, асарларидан баҳраманд бўлганлар ва бўлаётганлар нақадар бахтиёр!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 19-сонидан олинди. Озод Шарафиддинов |
20.03.2014 18:11 |
Бону (тахаллуси; асл исми Самар Бону Сирожиддин қизи) (1837, Ўш — 1891, Андижон, Мингтепа қишлоги) — ўзбек шоираси, маърифатпарвар. Ҳувайдонинг чевараси. «Мерос дедим бобомлардин» маснавийсида Ҳофиз, Навоий, Шамс Табризий, Аҳмад Яссавий ва бобоси Ҳувайдони тилга олиб, шоирлик истеъдоди ота-бобосидан мерос эканлигини таъкидлаган. Уларнинг асарларига тажнис, татаббулар ёзган. Бону 19 ёшида бева қолган. «Бону ғариб» шеърида бу огир жудолик ва мусибатни турмуш ҳодисалари билан боғлаб, ўзи каби аёллар қисматидан, замонасидаги ҳақсизликлардан зорланган. Шеърларида Лайли, Ширин, Узролар билан дардлашган («Ёр жабр этди» ва б.). Бону руҳидаги исёнкорлик, оқилалик асарларига сингиб кетган. Севги мавзуидаги шеърлари шахсий ҳис-туйғулар билан чегараланмай, кенг ижтимоий мазмун касб этган. Бону ижодида шахс ва замон, аёллар тақдири масаласини асосий ўринга қўйган. Эрк учун ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига ишонган («Фалак озоридан минг дод», «Ҳеч қайси инсон ҳам», «Дидда дардим ким билур?», «Бенаволар» ва б.), бу йўлда собит турган. Бону шеърларини тўплаб девон тузган.
ҒАЗАЛЛАР
Бону айтур бу оламдаки, ғамсиз юрмадим ҳаргиз, Бу дунё даврини шодмону хандон сурмадим ҳаргиз.
Жаҳонда юрдиму турдим, неча чектим жафоларни, Жафосин кўрдум, эй дўстлар, вафосин кўрмадим ҳаргиз.
Аё дўстларки, мен ёлғиз, ғариби бенаво қулмен, Топай аҳли аёл, атфол деюб қайғурмадим ҳаргиз.
Ки саккиз йил бўлур отам шикоря Ёркент айлаб, Муборак юзларин кўруб кўзум тўйдурмадим ҳаргиз.
Ки кўрмакни қўюб, эй тан, бўлак эмди талаб қилғил, Шарифим сарри пойидин ўзум жўкурмадим ҳаргиз...
Жаҳонда ҳар бало бўлса, баҳам бўлди ғариб бошим, Ситам бирла аламларни суруб, ёндирмадим ҳаргиз.
* * *
Кўрунг бир дилбари золим менинг ҳолим хароб айлаб, Ёқуб ишқ оташин жонимга, бағримни кабоб айлаб.
Кўзим телмуртуруб ёттим, басе кўп хор бўлди бош, Кириб хилватда ҳолим сўрмади чандин азоб айлаб.
Тилокимдур анинг васли, туну кун ёлвориб ҳақдин, Очиб илгим дуога, йиғладим, кўзлар пуроб айлаб.
Ётиб ҳажрингда беморе, бўлубман бехуду хомуш, Аё тан, сен нечук деб сўрмадинг, мунча итоб айлаб.
Талабкори висолингмен, нечукдин билмадинг ҳолим, Кириб олдимга бир соат, чиқарни кўп шитоб айлаб.
Яқинлик айладим чун ўтларингга, хижлатим кўпдур Мени куйдурғали шамъи юзунгни бениҳоб айлаб.
Хумор айлаб кўзингни ҳам қабоқингни сузиб боқсанг. Битай шаънингга юз дафтар мошоирлик китоб айлаб.
Кўзинг жаллоди бераҳму, камон абрўларинг ўқлар Мени бечоранинг чун ўлтурурға изтироб айлаб.
Гаҳи хушман, гаҳи нохуш, гаҳи беҳуш, гаҳи боҳуш Бу Бонуни хароб эттинг сочинг мушкин таноб айлаб.
* * *
Ёр жабр этти дилим гарду ғуборин тозалаб, Ширину Азроу Лайли онлара андозалаб.
Гулгун этти ашки селобим тўкуб ҳар рўзу шаб, Усмау элик, уфоу ҳам кўзини ғозалаб.
Дилбарим қаттиқ кўнгуллик, маҳвашим нозук бадан, Тешти кўксум, эзди бағрим ноз узра нозалаб.
Фош этма, эй табибо, ишқи дардин тут ниҳон, Иста мақсудинг худодин ўзлигингни созалаб.
Эй ҳаким аҳли, билиб дардимни изҳор этмаким, Топмади ҳеч шайъ муроде кори ишқ овозалаб.
Ғорат этти мулки танни шоҳи ошиқлар келиб, Бир қуше учди қўлимдин кўк сари парвозалаб.
Фақр аро маҳвашлара қочди бу Бону бош эгиб, Ал-амон этти рақиблардин, билинг дарвозалаб.
* * *
Манга маккори золим макр этиб юз шўридин сад дод, Бериб минг ваъдани қилмас вафо, айёрдин сад дод.
Бошимға ёғдурур борони ғамни ёзу қиш тинмай, Кўруб кажликни, дедим мен, фалак озоридин сад дод.
Оғиз оша етушканда, бурунни тегдуруб тоша, Анга қул бўлдим.эй дўстлар, жаҳон маккординсад дод.
Вафо тоғини кавладим, бошимға текдуруб теша, Қилибдур пора-пора, золими хунхордин сад дод.
Висоли бокамолидин айирмоқ қасдини кўзлар, Ёқиб рашк ўтининг ишқ эллара, ағёрдин сад дод.
Бу ғам гирдобидан фориғ бўлолмай кўз ёшим оқти, Деди Бону амон бермас манга ҳар кордин сад дод.
* * *
Бу фалак кажравлигидин бўлди дил хуноблар, Ашкборимдин тўкилгай коса-коса облар.
Зулми ағёра чидалмай, ишқ майини нўш этиб, Кунда-кунда хун ютиб, бағрим тўла зардоблар.
Фурқату ғам бир сари, ишқнинг балоси бир сари, Жон қутулмас иккисидин бас бўлиб бетоблар.
Шарҳи дилни арз этарға дардмандон топмадим, Сабру тоқат қолмади, кетти кўзумдин хоблар.
Муддаойинг не, санам, қилдинг ситам уст устина. Юргузуб ҳукмингни ҳардам қулдуғинг иштоблар.
Офтоби ғамда қолдим, қил бошимға соя бахт, Толеи шумум синиқдур, синди дурри ноблар.
Муштарий, Миррих ситоранг сувға тушди, Бонуё, Кўз ёшинг дарё бўлиб тортти сени гирдоблар.
* * *
Мени кўрган кунимни кўрмасун ҳеч қайси инсон ҳам, Кўруб ҳолимға раҳм айлар тамоми номусулмон ҳам.
Кима мен меҳрибон бўлуб, анга сарф айладим дил, жоп, Манга номеҳрибон бўлди тамо-ми ёрў, жонон ҳам.
Кўринг бетолеимни айланур каж бу жаҳон чархи, Манга қолғонда беодил тамоми бегу султон ҳам.
Кими кўрсам суюб жону дилимдин парвариш эттим, Манга раҳм этмади инсон ичинда ҳеч мусулмон ҳам.
Менингдек бормукин асло вафо излаб жафо кўргон, Умрни зое ўткарган менингдек борму нодон ҳам.
Тасаддуқ зоти покингдин, менга эмдики сен яхши, Тополмай изласам мен ахтарурда Чину хоқон ҳам.
Жаҳонда турғонимға юз туман бисёр ташвишмен, Ғаминг хат бирла ёз, Бону, узатма сўзни ҳар ён ҳам. |
|