Адабиёт ва санъатга улкан муҳаббат халқимиз қонида, зеҳниятида азалдан устувордир. Ривоят қиладиларки, Алишер Навоий яшаган замонда Ҳирот шаҳри бозорларида савдолашиш ҳам вазну қофия билан шеърий йўлда қилинар экан. Балки бу муболағадир, лекин ҳазрат Навоий "Мажолисун нафоис"да беш юздан ортиқ замондош шоирлар ижодини тадқиқ қилганлари аникдир. Ўша даврдан буён тупроғимизда кўп салтанатлар, тузумлар ўзгарди. Лекин халқ қалбида шеъриятга меҳр ўзгармади. Ҳали ҳамон ўзбекнинг эътиборида назм қадри улуғ. Албатта, агар бу назм, чинакам санъат бўлса, юксак дид талаби даражасида бўлса, содда қилиб айтганда яхши шеър бўлса. Лекин қайси шеър яхши-ю, қайси шеър ёмон? Уларни қандай фарқ қилиш керак? Бирор ўлчов, тошу тарозу ёки қолип борми? Афсуски, йўқ. Ёлғиз ўлчов — шерхон юрагидир. Унга шеър ё мақбул бўлади, ёдида қолади, ё бўлмаса ёқмайди, унутади. Шеърнинг асллик даражасини ҳеч бир олим, мунаққид, шеършунос белгилаб беролмаган. Ҳеч бир шоир ҳам, у қанчалик истеъдод соҳиби бўлмасин, бу ишга қодир эмас. Негаки, истеъдоднинг ўзи қолипга сиғмайдиган, турли-туман табиатли ва ақл билан англаш қийин бўлган сир. Шунинг учун ҳам талай шоирларнинг шеърият ҳақида ёзганлари ёлғиз ўз замонлари, ўз дунёқараш ва услублари учун хос бўлиб, ҳамма даврлар, ҳамма ижодий йўналишлар учун қонун-қоида бўлгулик шеърият қўлланмаси ёзилмаган ва ёзилмас ҳам. Бундай қўллаима ёзиш мумкин бўлса, шеърият бу қадар сирли ва сеҳрли қудрат бўлмас эди.
Бу-ку тан олинган фикр, юксак шеъриятга, бадииятнинг олий мактабига таалуқли ҳақиқат. Лекин назмнинг бошланғич мактаби борки, адабиёт даргоҳига эндигина қадам қўйган ҳаваскор бадиий ижодиётнинг ибтидоий талабларини билиб қўйса ёмон бўлмайди.
Ҳали ўрта мактабда ўқиб юрган вақтларимизда, илк машқларимиз мактаб деворий газетасида кўринабошлаган пайтларда, ижодий қисмат бизни аввал устоз Ғайратий тўгарагига, сўнг ёзувчилар уюшмасидаги Миртемир домла семинарларига олиб келди. Бу тўгарак ва семинарлар мен ва мен қатори ҳаваскор шоирларга дастлабки ижодий мактаб бўлди ва бу мактабда биз бадииятнинг ибтидосини ўргандик.
Мен бугун анчагина ҳаёт йўлини босиб ўтган, талайгина китоблар ёзган, зиммасига устозлик қилиш уҳдаси ҳам ортилган бир инсон сифатида ўша устозларга таъзим қиламан ва афсус, ўкинч билан Абдулла Қаҳҳор ва Зулфия, Шайхзода ва Миртемир, Ғайратий ва Қуддус Муҳаммадий каби ўз умрининг катта қисмини ижодкор ёшлар тарбиясига бағишлаган улкан дарғаларнинг қадри ўтаётганини ўйлайман.
Шаҳар бедарбоза бўлмас. Шеърият остонасига ҳам посбонлар керак. Бугун газета ва журналларни варақлаб, радио ва телевидение орқали эшиттирилаётган шеърларга қараб, айниқса, шеърий тўплам сифатида нашр қилинаётган хом-хатала мисралар йиғиндиси бўлган китобларни кўриб, гоҳи дунёга шоир бўлиб келганингга пушаймон бўласан.
Орзуга айб йўқ, дейдилар. Бугунги эркинлик шароитида, маблағ топган одам ўз шеърларини китоб қилиб нашр этиши ва истаган нусхада тарқатиши мумкин.
Цензура бекор бўлган. Ёвузликни, фаҳшни тарғиб қилмаган ҳар қандай асар тўсиққа учраши мумкин эмас. Бадиий савия тўғрисида, ижодкор истеъдоди, ўқувчи диди тўғрисида бирор қонунда, бирор сўз йўқ. Бу ёғи муаллиф ва ноширнинг инсофига, савиясига боғлиқ. Бир қараганда, камоли ҳуррият бўлиб кўринган бу ҳолат адабиёт ривожи, маданият тараққиёти учун, умуман миллатнинг фикрати, ақлий ва ҳиссий камолоти учун зарардан бошқа нарса эмас.
Бугун шеърият ҳимояга муҳтож бўлиб қолди. Навоий, Фузулий, Огаҳий экиб парвариш қилган гулзорни чирмовиқ ва янтоқ босмаслиги керак. Ёлғиз истеъдод эгаси бўлган ижодкорлар эмас, балки ўзини миллат фарзанди деб ҳисоблаган ҳар бир зиёли бу ишга масъул ва фақатгина биргаликда курашиб, улкан сафарбарлик билан бу чаманни печаклардан тозалаш мумкин бўлади.
Бу савобли ишдир, лекин айтишга осону амалиёти мушкул.
Гул ёнида ўсган печакдир, Ўз кўнглида у ҳам чечакдир.
Адабиётга қадам қўйган ҳар бир инсонда ички шавқ, ҳаяжон кучли бўлади ва ўз ёзганлари кўзига чиройли ва бебаҳо кўринади. Тажрибали шоирлар одатда қоғозга янги тушган шеърни дарҳол элга тақдим этмай, жавонда сақлайди. Ҳаваскор шоир эса, тезроқ ўз ижод намунасини халойиққа кўрсатгиси келади. Бу ҳолатни ҳаммамиз бошдан ўтказганмиз ва уни айб санаш керак эмас. Лекин узоқ вақт, баъзан умр бўйи шу ҳолатда қолиш, ўзига маҳлиё бўлиб, бошқа шоирларни ўқимаслик, ўз ижодини равшан ақл билан таҳлил қилмаслик, сатрлар устида уйқусиз кечаларни ўтказиб, ўз қобилиятини меҳнат билан камолга етказмаслик айбгина эмас, улкан гунохдир.
Бизни бундай ўзига маҳлиёлик ҳолатидан чиқаришда устозларнинг хизмати катта бўлган. Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деган мақол шеъриятга ҳам тўла-тўкис таалуқлидир.
Ҳар бир касб эгаси, ёши бир жойга етгач, ўз ҳаёт тажрибаларини янги авлодга қолдиришни фарз билади. Менинг ҳам шеъриятда босиб ўтган йўлим осон ва текис бўлган эмас. Менинг ҳам ёшларга айтадиган, айниқса, ижодкор ёшларни огоҳ қиладиган гапларим кўп. Истагим, мен йўл қўйган хатоларга улар йўл қўймасинлар, мен узоқ вақт давомида босиб ўтган улғайиш босқичларидан улар тезроқ ўтсинлар, мен қийналиб кашф этган ҳақиқатларга улар осонроқ етиб келсинлар. Шу мақсадда, ўзим англаган ва ўзим ҳали англаб етмаган шеърият сирлари тўғрисида сизлар билан суҳбат қилишни истадим. Ўтган асрда биз яшаган муҳит бизни асл қадриятларимиздан, хусусан, мумтоз адабиётимиздан узоқлаштирди. Халқимиз миллат ифтихори бўлган шоирларнинг шеърларини тушунмаслик даражасига келди. Ўзликни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бизнинг замонда бу иш улкан ҳаракатга айланмоғи учун барча зиёлиларнинг жонкуярлиги даркордир. Шу юртнинг бир фуқароси сифатида ушбу вазифа менинг ҳам зиммамдадир. Менинг айтганларим ва айтадиганларимни зинҳор ўқитиш, ўргатиш деб эмас, шоирнинг ўз қалби билан суҳбати деб тушунинг.
Сиз юксак тоғ устига чиқиб мовий кенгликларга қараганмисиз? Кифтингизда қанот, қалбингизда парвоз шавқини сезганмисиз? Қуйида турмуш ташвишлари билан юрган одамларнинг бўйлари ҳам, ўйлари ҳам жуда ушоқ бўлиб кўринганми? Ўзингизни ўткинчи ва майда ҳою-ҳаваслардан юксакда, бамисоли арши аълода, Парвардигор ҳузурида тургандай ҳис қилганмисиз? Бундай ҳолатни бошдан кечирган бўлсангиз, демак, сиз шеъриятдан воқифсиз.
Барча санъат турлари каби шеърият ҳам инсон қалбига, руҳиятига ғизо беради, унга қанот бўлиб, юксакка кўтаради. Соз ва оҳанглар, мўйқалам ва ранглар каби қалам ва сўз ҳам туйғуларимиз тарбиячиси, бизларни камолот сари етакловчи улкан қудратдир.
Инсоннинг инсондан, сўзнинг сўздан фарқи бор. Олим сўзи онг ва фикратга, шоир сўзи қалб ва ҳиссиётга қаратилган бўлади. Шунинг учун ҳам барча оқил сўз шеър бўлмагандек, барча шеърий сўз ҳикмат бўлавермайди. Оддий ҳаётий мантикдан фарқли ўлароқ, шеърнинг ўз мантиғи бор. Шеърият даргоҳига қадам қўйган ҳар бир ҳаваскор ўзига савол бериб бадиий тафаккурга мойиллигини аниқлаб олгани маъқул. Бу хусусиятни халқимизда “таъби назм" дейилади.
Баҳор келганда, узоқ қиш бўйи ёпиқ турган деразалар очилади. Шу деразалардан уйга тоза баҳор ҳавоси киришини англаган инсон — оқил одам, тоза ҳавою қуёш нурларининг зах тортган уйларга ҳаётбахш таъсирини таҳлил қила олган инсон — олим одам. Лекин очиқ деразаларда баҳорни соғинган кишининг қучоқларини кўрган инсон — шоир одам.
Таъби назм шеър битмоқ учунгина эмас, шеър ўқимоқ, шеърни англамоқ учун ҳам керак. Табиатида завқ-шавқ бўлмаган инсонга санъатни ҳис этиш қийин. Улуғ олим, улкан давлат арбоби, нодир касб эгаси бўлиш мумкин. Лекин шеър завқи, Фузулий таъбири билан айтганда "мазоқи шеър" — тамоман бошқа нарса.
Мазоқи шеър ҳам бир ўзга оламдир ҳақиқатда, Икки олам муяссар ўлдиғи ғоятда мушкулдир.
Ануширвони одил бир кун мамлакат шоирларини бир ерга тўплаб, айтибди: "Эй шоирлар, мендек одил шоҳ замонида, ростгўйлик устувор бўлиб, ёлғонга жой қолмаган бир даврда, сизлар нега уйдирма, ҳақиқатдан узоқ сўзларни шеър қилиб ёзасизлар? Қайси мантиққа тўғри келадики, ёрнинг кипригидан ўқ отилсину ошиқнинг юрагини яраласин? Май кўзгусида жаҳон кўринадими? Ёлғон гапларни қўйиб, бугундан эътиборан рост сўзларни ёзинг, токи, шеърингизга одам ишонсин.
Орадан бир муддат ўтиб шоҳ яна шоирларни чақирибди ва энг машҳур шоирдан шеър ўқишни сўрабди. Машҳур шоир бир шеър ўқибдики, унинг мазмуни шундай экан:
Машҳадда эрталаб тонг отиши рост, Халафда кечкурун кун ботиши рост. Адан бозорида дон сотиши рост, Дамашққа халқ тунда данг қотиши рост.
"Мана, подшоҳи олам, сизга рост шеър”, дебди шоир. Ануширвони одил шунда ўз хатосини англаб, эй шоирлар, бундан буён сизнинг ишингизга аралашмайман. Агар рост шеър шунақа бўлса, зинҳор рост ёзманглар, ўзингиз билган ёлғонни ёзаверинглар".
Шу воқеа боис элда: “Шоир сўзи ёлғондир", деган мақол ишлатилади. Бу мақолни Фузулий машҳур байтида гўзал тарзда истифода этган:
Гар деса, Фузулий гўзалларда вафо бор, Алданманки, шоир сўзи, албатта, ёлғондир.
Бу мақол ва бу байтнинг мағзини чақиб зинҳор — базинҳор шоирлар ёлғончи бўлар экан, дея хулосага келманг, азиз ўқувчим. Шоир "ёлғони" — унйнг бадиий тафаккури меваси, истеъдод нишонаси, худодод хислат кароматидир. Шоир "ёлғони" чинлардан чинроқ ҳақиқатдир. "Тановар"га қулоқ тутинг.
Ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, Чанги чиқса сув сепай кўзлардаги ёшим билан.
Аслида, кўча соч билан супурилмайди, кўз ёш билан сув сепилмайди. Ҳаётий мантиқдан йироқ, лекин бадиий мантиққа мувофиқ айтилган бу ёниқ сўзлар мехру муҳаббат ҳақида, соғинч ҳақида битилган минглаб тўғри, чин сўзлардан ҳаққонийроқдир... Шу хусусият билан шеър юракларни забт этади, руҳиятни юксакларга кўтаради.
Аслида, мен айтган сўзлар барчага аён ҳақиқатдек туюлади. Лекин, баъзан адабиёт даргоҳига қадам қўйганлар ушбу ҳақиқатни унутадилар ва жўн сўзлар тизмасини шеър деб эълон қиладилар. Ёшларни қўятуринг, грҳо тажрибали шоирлар ижодида ҳам бу ҳолни учратамиз. "Буларнинг нимаси шеър?", деб сўрасангиз, “Менинг услубим шунақа", дея жавоб қиладилар.
Олтмишинчи йиллар бошида ёзувчилар уюшмасида бўлган бир йиғинда баъзи ёш шоирларнйнг "ёт буржуа ғояларига" берилиб қолаётганлари, гоҳ шеърий образлар остига яшириб бундай ғояларни адабиётга олиб кираётганлари танқид қилинди. Ўша вақтда, Москвада танқид остига олинган Андрей Вознесенский, Евгений Евтушенко сингари шоирларни ўзимизда ҳам топиш ва дўппослаш керак бўлиб қолганди. Шу мажлисда таниқли бир шоир минбарга чиқиб шундай сўзларни айтган эди: "Биз ҳеч қанақа образ —- мобраз деган гапларни билмаймиз. Биз комсомол шоирларимиз ва фақат тўғрисини ёзамиз".
Дарҳақиқат, ўша замон ҳукмрон мафкураси учун "образ — мобраз"нинг кераги йўқ ва шу мафкурага хизмат қилувчи тўғри сўзлар керак эди. Бу "тўғри сўзлар"нинг шеъриятга қанчалик алоқаси борлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.
Ҳеч бир инсонга ва ҳеч бир халққа муте бўлиб яшашни, ҳеч бир халқнинг адабиётига ўзгаларнинг ҳукмрон ғоясига хизмат қилмоқни кўрсатмасин. Биз шундай замонларни бошдан кечирдик ва бу кўргиликни қайтиб ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам тиламаймиз...
Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
|