Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Шеър санъати»Навоий шеъриятида ғазалнинг ўрни
Facebook
Навоий шеъриятида ғазалнинг ўрни PDF Босма E-mail

Шарқ адабиётида, хусусан, ўзбек ва форс-тожик адабиётида лириканинг энг кенг тарқалган тури ғазалдир. Шарқ адабиётида аксар буюк лирикларнинг ижоди, лирик шеър девонлари ғазал билан характерланади. Жумладан, Навоий салафларидан Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Лутфий, Отойи кабилар эса ўз ижодларида ғазалга асосий ўрин бердилар. Узидан олдин ўтган буюк лирикларнинг ва ўз даврининг адабий анъаналарига амал қилиб, Навоий ҳам ўз лирик ижодида, ғазалга асосий ўринни берди ва Шарқ ғазалчилигида мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Отойи кабиларнинг биттадан девони маълум бўлса, Абдураҳмон Жомийнинг уч девон тузгани маълум. «Хазойин ул-маоний» дебочасида айтиб ўтилганидек, Амир Хусрав Деҳлавий эса Султон Маликшоҳ Алп Арслонга бағишлаб тўрт девон тузган. Аммо бу девонлар Навоийга қадар йўқолиб, маҳоратли ғазалнавис сифатида камол топган улуғ шоир, ўзбек адабиётида ҳар бири ўз ичига 650 тадан ғазални олган тўрт девон яратди ва ғазал тараққиётига жуда катта ҳисса қўшди.
Албатта, адабий жанр тушунчасининг ўзи доимий бир хил, қотиб қолган тушунча бўлмай, балки вақт ўтиши билан ҳар томонлама ўсиб, ўзгариб турувчи тушунча бўлганидек, унинг турлари ҳам шундай қонуниятларга эга. Бунга ёрқин мисол ғазалдир. Ғазал тожик адабиётининг асосчиси Абу Абдулло Жаъфар ибн Муҳаммад Рудакий (334-954) ижодида шакллана бошлаб, XV асргача мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтди ва бу даврларда ҳам янги-янги хусусиятлар касб этди, ривожланди. XV аср ўзбек ва форс-тожик адабиётида лирика соҳасида ғазалнинг етакчи шеърий шакл бўлиб қолишининг ўзи, табиий равишда, унинг Навоий ижодидаги ўрнини ҳам белгилади.
Ғазал хотин-қизларга нисбатан ёзилган севги мавзуидаги лирик шеърдир. «Ғазал» сўзининг энг қадимги луғавий изоҳи XII асрнинг охири ва XIII асриинг бошларида яшаган адабиётшунос олим Шамсиддин Муҳаммад бин Қайс Розийнинг 1217-1218 йилда ёзган «Ал-мўъжам фи маоири ашъор ил-Ажам» («Ажам шеъриятидаги тушунчаларга алифбо кўрсаткичи») асарида берилгандир:
«Ғазал» асл луғатда хотин-қизлар тўғрисидаги ҳикоя ва уларга ишқибозлик ҳамда улар билан дўстлашиш учун кучли интилишнинг баёнидир. Ғазалчилик ишқни куйлаш демакдир(Теҳрон, ҳ.ш. 1314, 306-6ет.).
«Ғазал» сўзини ҳиндистонлик филологлардан Қабул Муҳаммад «Ҳафт қулзум» луғатида термин сифатида изоҳлаб, шундай дейди: «Ғазал.., термин сифатида, бир неча байтдан иборат ҳамда бир хил вазн ва қофияга эга асардир. Унда байтларнинг бошланғичи қофиядор икки мисрадан иборат бўлиб, уни матла ёки мабда деб аталади. Иккинчи байтнинг икки мисраси ҳам қофиядош бўлса, матланинг зеби (зеби матла) ёки матла ҳусни (ҳусни матла) дейилади. Охирги байт мақта ёки хотима деб аталади. Шарт шуки, (ғазал) ўн икки байтдан ошмаслиги керак... Аммо баъзилар ғазал чегараси 19 байт деганлар. Баъзи кейинги аср шоирлари эса ғазал байтлари сонини 21 байтгача етказганлар. Лекин ғазал 19 байтдан ошмаслиги керак. Ғазалда кўпроқ маъшуқанинг гўзаллиги, ошиқнинг, муҳибнинг ҳол-аҳволи баён қилинади. Ваъз ва насиҳатлар шеърнинг бошка турларида ифодаланади. (Ғазал) нима билан бошланган бўлса, хоҳ висол ҳақида, хоҳ фироқ ҳақида бўлсин, ўша билан тамомланади. Ғазалда байтлар суст бўлмаслиги керак, охиригача бири биридан кучайиб, кўзга ташланиб бориши керак»(Лаканау, 1230 ҳ.й., VII жилд, 44-45-бетлар.)
Ғазалнинг бу таърифидаги шаклий хусусиятларга мақтада шоир адабий тахаллуси бўлишини, қофиядан кейин радифларнинг ҳам келиши мумкинлигини, Қабул Муҳаммад айтганидай, ғазал ҳамма вақт бир хил мавзу билан бошланса, ўша мавзу билан тамом бўлавермаслигини, ҳар қайси байтда бошқа-бошқа фикрлар бўлиши ҳам амалиётда кўп учрашини қўшсак, бу таъриф анча мукаммаллашади. Аммо Қабул Муҳаммад ва бошқаларнинг ғазал фақат ишқий мазмунга эга бўлади, деган фикрлари ҳақиқатга асло тўғри келмайди, буни Ҳофиз, Навоий каби лириклар ижодида яққол кўришимиз мумкин.
Ғазалнинг пайдо бўлиши ва тараққиёти масалалари, аслида, анча мураккаб бўлиб, бу масалаларни ўрганишнинг каттагина тарихи бор. Бу масалаларга, хусусан, форс-тожик адаиёти бўйича, Европа ва рус шарқшунослари, қатор Эрон адабиётшунослари кўпдан қизиқиб, булар тўғрисида анчагина хилма-хил мулоҳазаларни айтиб ўтдилар. Ниҳоят, 1957 йилда тожик тилида, 1958 йилда рус тилида Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, филология фанлари доктори Абдулғани Мирзоевнинг «Рудакий ва X—XV асрларда ғазал тараққиёти» асарининг ёзилиши бу ҳакдаги шу вақтга қадар маълум қараш ва фикрларга, назаримизда, умуман, тўғри якун ясади, муаллиф бу ҳақда бир қанча тўғри хулосаларга келди. А.Мирзоевнинг ғазал ҳақидаги фикрларини асосан тасдиқлаб, унга қўшилишимизнинг сабаби яна шундаки, бу масаланинг баъзи муҳим томонларига А.Мирзоевнинг қарашлари билан Алишер Навоийнинг қарашлари ўртасида анча яқинлик бор. Бу эса мазкур муаллиф мулоҳазаларининг тарихан холислигини кўрсатади.
А.Мирзоевнинг атрофлича олиб борган жиддий текширишлари натижаларидан бири шуки, ғазал лириканинг алоҳида тури сифатида X асрларда, яъни форс-тожик адабиётининг отаси Рудакий яшаб ижод қилган даврларда эмас, балки кечроқ, Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги шаҳарларда хўжалик ҳамда маданий ҳаётнинг ўсиши, бу мамлакатларда антифеодал иж-тимоий кучлар идеологиясининг зўрайиши муносабати билан XII асрлардан бошлаб ривожланиб, шакллана бошлаган. XIII-XIV асрларда Саъдий, Ҳофиз ижодида ўз такомилига эришган. Гарчи Х-ХI асрларда «ғазал» номи билан ишқий мазмунда лирик шеърлар ёзилган бўлса ҳам, ғазалнинг баъзи белгилари Рудакийдан аввал тожик халқ поэзиясида мавжуд бўлса ҳам, ғазал такомилида Рудакийнинг хизматлари ҳар томонлама жуда катта бўлса ҳам, аммо улар бизнинг тушунчамиздаги ҳақиқий ғазал даражасига кўтарила олмаган.
Навоийнинг XIII асрда Саидиддин Муҳаммад Авфий томонидан тузилган «Лубоб ул-албоб» тазкираси, Низомий Арузи Самарқандийнинг «Чор мақола» асари билан қанчалик таниш-таниш эмаслиги бизга яхши маълум эмас. Аммо унинг ўз даврида Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон», «Силсилат уз-зиҳаб» асарлари ва ҳоказолар билан жуда яқиндан танишлиги, бу асарлар ҳақида асарларида гапирганлиги аниқ далил. Бу асарларнинг муаллифлари форс-тожик адабиётининг отаси Рудакийга жуда юксак баҳо берадилар, унинг форс-тожик адабиёти тарихидаги ўрнини тўғри таъкидлаб ўтадилар. Навоий эса «Хамса», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Маҳбуб ул-қулуб» каби асарларида форс-тожик адабиётидаги деярли ҳамма йирик шоирларнинг номини тилга олган ҳолда, Рудакийни ҳеч бир эсламайди. Бу - Навоийнинг адабий мероси тарқоқ ҳолда бўлган Рудакий ижоди билан чуқур таниша олмаганини ва, бинобарин, форс-тожик адабиётида Рудакий ролини тўғри белгилаш имкониятига эга бўлмаганини кўрсатади. Ғазал асосчилари ва ихтирочилари сифатида эса у «Муҳокамат ул-луғатайн»да шайх Муслиҳиддин Саъдий билан Хўжа Ҳофиз Шерозийни зикр этади. Навоий ғазалчиликда Саъдийни «Мухтарии вақт» деб, Ҳофизни «Ягонаи аср» деб таърифлайди.
Бунда анчагина ҳақиқат борлиги эса шак-шубҳасиздир. Чунки бу шоирлар ғазални ҳар томонлама камолот даражасига етказдилар ва буни исботлаб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ.
Лекин бу, Навоийнинг Рудакийни эсламаслиги, унинг шеъриятига Рудакийнинг ҳеч бир таъсири йўқ деган гап эмас, албатта. Рудакий ўзидан кейин ғазалнинг форс-тожик адабиётидаги тараққиётига, ғоявий-бадиий йўналишига катта ижобий таъсир кўрсатди. Ғазалда Рудакий қўллаган вазнлар, кўп иборалар, у ғазал асосига олган ишқ, май, хурсандчилик мавзулари, автобиографик мавзу ва бошқалар кейинги форс-тожик шоирлари, хусусан, шеърий девон яратган Саъдий, Ҳофиз, Амир Хусрав Деҳлавий, Жомий томонидан ривожлантирилди, чуқурлаштарилди, ниҳоясига етказилди. Навоий лирик ижоди эса кўпроқ, шу шоирларнинг таъсири остида ривожлана бошлаган эди. Демак, Рудакий Навоийга бевосита эмас, билвосита таъсир кўрсатгани, Рудакий шеъриятининг ҳаётбахш анъаналари ўзбек тилидаги Навоий шеъриятида ҳам гуллаб-яшнагани айни ҳақиқатдир.
Навоий ғазал ёзишга киришар экан ва бу ёзиш ишини ўзидан аввал ўтган сўз санъаткорларининг асарларини ўқиш-ўрганиш билан бирга олиб борар экан, у ғазалчиликда форс-тожик шоирларидан, айниқса, уч кишига тан беради, уларнинг ғазалчиликда эришган ютуқлари буюк эканлигига, ҳар қайсисининг ғазалчиликда ўз оригинал услуби борлигига ва уларнинг ниҳоятда гўзаллигига қойил қолади ҳамда ўз олдига шу уч шоирдан кўпроқ ўрганишни мақсад қилиб қўяди. Янада аниқроғи, бу уч шоирнинг шеърий девонлари умр бўйи Навоийнинг севимли китобларига айланди, уни ғазалчиликда янгидан-янги изланишларга ундади. Янада тўғрироғи, Навоий ғазалчиликда ҳар томонлама шу буюк намояндалар билан мусобақалашишга ва улар даражасига кўтарилишга ҳаракат қилди. Биз юқорида Навоий ижодининг синтетик характерга эга эканлигини гапирган эдик. Ғазалчиликда ҳам Навоий ўз салафлари эришган тажрибалардан ижодий фойдаланиб, улар шеъриятида мавжуд кўп мавзу, тасвирий ифода ва ибораларни, поэтик усулларни усталик билан ўзлаштира билди ва ривожлантира олди. Навоий салафлардан ўрганганлигини ҳеч яширмайди, ўзини камтарлик билан доим уларнинг шогирди ҳисоблайди. Бу ҳакда Навоий «Фавойид ул-кибар»нинг охиридаги ўз қитъаларининг бирида Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз ва Жомийни кўзда тутиб ёзади:

Ғазалда уч киши тавридур ул навъ
Ким, андин яхши йўқ назм эҳтимоли.
Бири мўъжаз баёнлиқ соҳири Ҳинд
Ки, ишқ аҳлини ўртар сўзу ҳоли.
Бири Исо нафаслиқ ринди Шероз -
Фано дайрида масту лоуболи.
Бири қудси асарлик орифи Жом -
Ки, жоми Жамдурур синғон сафоли.
Навоий назмиға боқсанг - эмастур -
Бу учнинг ҳолидин ҳар байти холи.
Ҳамоно кўзгудурким, акси солмиш
Анга уч шўхи маҳвашнинг жамоли(Қўлёзма - 677, в. 243.).

Биз Навоий ғазалларининг хоҳ шакл хусусиятларига, хоҳ мавзу доирасига кўз ташламайлик, бу таъсирни кўриш, сезиш қийин эмас. Аммо бу, Навоий ғазалчилигининг ҳамма хусусиятларини, унинг ғоявий-бадиий йўналишининг ҳамма томонларини шу уч шоир белгилаб берди, деган гап эмас. Навоий бу уч шоир билан бирга, «Муҳокамат ул-луғатайн»да айтганидек, барча девон тузган шоирлардан - Саъдийдан ҳам, Анварийдан ҳам кўп нарса ўрганди. Айниқса, ўзбек шоирларидан бу даврда Хуросондан Ироққача машҳур бўлган Лутфий, Мовароуннаҳрдан Шарқий Туркистонгача таниғлиқ Саккокий, бутун туркий халқлар орасида шеърлари кенг тарқалган Отойи(Булар ҳаммаси Навоий таърифларидан. - А. Ҳ.), ўз даврида китобхонлар оммасига кенг маълум бўлган Ҳайдар Хоразмий, Муқимий, Яқиний, Амирий, Гадойи кабилар ғазалчиликда Навоийга ҳар томонлама яхши, мустаҳкам замин ҳозирлаган эдилар. Бу шоирларнинг ижодига Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да ўта талабчанлик билан ёндашиб, улардан фақат Лутфийни буюк форс-тожик шоирлари даражасига қўшиш мумкин, деб ёзган бўлса ҳам, аммо уларнинг ҳар бири ўзбек шеъриятини бадиий-мавзувий жиҳатдан бойитиш, ривожлантириш соҳасида, ўзбек адабий тилини ишлаш соҳасида кўзга кўринарли ютуқларга эришган эдилар. Бу шоирларнинг аксарияти ижодида ғазал етакчи ўрин тутар ва, бинобарин, улар ўзбек ғазалчилигини тараққий эттириш йўлида дадил қадамларни қўйган эдилар. Бизга етиб келган Лутфий, Отойи, Саккокий, Амирий кабиларнинг шеърий девонлари, улардаги юзларча ажойиб оригинал ғазаллар бунинг далилидир. Улар Навоийгача ўзбек ғазалчилигига ҳар томонлама асос солдилар, ўзбек тилида ҳам нафис ва рангин ғазаллар ёза олиш мумкинлигини амалда исбот қилдилар. Навоий эса, биринчи навбатда, уларнинг ютуқларига суяниб, ўзбек ғазалчилигини жаҳон адабиёти миқёсида энг юксак чўққига кўтарди.
Навоий томонидан ривожлантирилган ўзбек ғазалчилигининг ўзига хос оригинал хусусиятлари бўлиб, буларнинг энг характерлиси тилда ва тасвирда бадиий соддалик эди. Узбек шоирлари, умуман, адабиётда, хусусан, ғазалда тасвирнинг ўта жимжимадор ва мураккаб бўлмаслигига, содда, тушунарли, ҳаётий, айниқса, халқ оғзаки шеъриятига яқин бўлишига интилар эдилар. Бу хусусият ўзбек халқининг миллий хусусияти, психологияси билан чамбарчас боғланган эди. Масалан, Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да ўзбек халқи ҳақида гапирганда, уни «сода эл» деб таърифлаб, унинг бу хусусиятини таъкидлаб ўтади. Ўзбек поэзиясига форс-тожик адабиёти ва поэзиясидаги арабча сўз ва ибораларга кўмилган ироқий услуб, ортиқча ҳашаматлар билан безанган ялтироқ ҳиндий услуб бегона эди. Форс-тожик шеърияти Навоийга қадар оламшумул ғалабаларга эришган ва ўзбек шеъриятидан ҳар томонлама анча олдинга кетган бўлса ҳам, аммо ўзбек шоирлари уларнинг таъсирига берилиб кетмадилар, балки ўзбек халқининг бадиий талабларига кўра мустақил қалам тебратиб, ўзбек тилида шундай адабий мерос яратдиларки, бу мерос форс-тожик адабиётининг ўзига, хусусан, Ўрта Осиё миқёсида катта таъсир кўрсатди. Форс-тожик адабиёти бундай таъсир натижасида яратилган асарларнинг услубини эса адабиётшунослар кейинчалик туркистоний ёки туркона услуб деган махсус термин билан атай бошладилар. Форс-тожик адабиётида бундай услубнинг пайдо бўлишида ўзи ёки келиб чиқиши ўзбек бўлиб, асарларини эса форс-тожик тилида ёзган шоирларнинг роли ҳам катта бўлди. Сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар даврида бундай шоирларнинг сони беҳисоб эди. Ўз лирик асарларини, хусусан, ғазалларини шундай содда тил ва услуб билан ёзган, форс-тожик шеърияти тараққиётига, ўзбек шеърияти равнақига катта таъсир кўрсатган Амир Хусрав Деҳлавий ота-боболарининг асли Мовароуннаҳрдаги кешлик ўзбеклардан бўлганлиги, мўғул истилоси даврида Ҳиндистонга кетиб қолгани бунга бир мисолдир.
Навоий ўзбек ва форс-тожик тилида ёзган ўз салафларининг лирик шеъриятдаги бу хусусиятини тўла сақлади ва тараққий эттирди. Унинг ғазалларининг тили ва стили ўша даврга нисбатан ўз соддалиги, англашиларлиги билан, ҳатто, унинг ўзининг достонлари, насрий ва илмий асарларидан ҳам яққол ажралиб туради. Бунда ҳамма форс-тожик шоирларига қараганда, айниқса, Хусрав Деҳлавийнинг роли катта бўлди. Деҳлавий ғазалларидаги бадиий соддалик, туркистоний услуб кўп ўзбек шоирларининг диққатини ўзига тортган ва бу даврда Деҳлавий ғазалларининг мухлислари бошида эса Навоий билан Хусайн Бойқаро турар эди. Бу вақтда уларнинг кўрсатмаларига кўра, унинг ғазалиёт девонларининг кўп нусхаларда кўчирилиши ва ҳар қайси ғазал ёнига вазнларининг белгилаб чиқилиши асло бежиз эмас эди.
Албатта, ўзбек ғазалчилигининг ҳам ўз тарихи, такомили бор. Ўзбек ғазалчилигининг тарихини чуқур ва атрофлича ўрганиш, бу соҳада қатъий фикрларга келишнинг эса объектив имкониятлари кам. Чунки мўғул истилоси даврида ўзбек маданиятининг, адабиётининг жуда кўп ёдгорликлари йўқолиб кетиб, у даврлардан бизга жуда кам манбалар етиб келган. Мавжуд манбаларнинг ўзи ҳам ғазалнинг ўзбек адабиётида бирдан шаклланиб қолмаганини кўрсатади. Масалан, ХIII-ХIV аср ўзбек адабий ёдгорлиги «Қисаси Рабғузий»да ғазал турида бир қанча шеърлар учрайди. Лекин улар мавзу жиҳатидан қасиданинг насибини, яъни қасиданинг асосий мақсадга киришмасдан бурунги табиат ё ишқни мақташга қаратилган бош қисмини эслатади. Хусусан, уларнинг бирида шоир баҳорни яхши мадҳ этади. Шеър 11 байтдан ташкил топган, вазни рамали мусаммани мақсурда, сўнгги байтда шоирнинг тахаллуси ҳам бор. Лекин, бу шеърларни шоир ҳам аниқ ғазал деб атамайди. XIV асрнинг ўрталарида яратилган Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»сида эса ғазал номи билан олтита шеър учрайди. Мавзу жиҳатидан ҳам, шакл жиҳатидан ҳам бу шеърлар ғазал талабига жавоб беради. Чунки уларнинг ҳаммаси ишқий мавзу, ёрнинг ҳуснини улуғлашга қаратилган. Ғазалнинг асосий ўзига хос мавзуси ҳам, асосан, ишқдир. Бу шеърларнинг ҳаммасининг охирги байтида шоирнинг адабий тахаллуси бор. Уларнинг ҳаммасида ҳақиқий лиризм бор. Уларнинг 2 таси 10, қолганлари 7, 8, 9, 12 байтдан иборат. 6 ғазалнинг ҳаммаси «Муҳаббатнома»нинг умумий вазни ҳазажи мусаддаси маҳзуф билан ёзилган. Лекин бу каби намуналар ўзбек ғазалчилигини тўла характерлай олмайди. Ғазалда мавзу жиҳатдан фақат ёрнинг ҳуснигина мақталиб қолмасдан, ошиқнинг ички кечинмалари ҳам мумкин қадар чуқур, атрофлича очиб берилиши керак. Ғазалда аруз вазнининг турлича оҳанглари товланиб туриши керак. Бундан ташқари, XV асргача ўзбек тилида ўз ғазалларининг сони ва сифати жиҳатидан девон тузиш даражасига кўтарилган бирон шахснинг мавжудлиги ҳам бизга ҳозирча номаълум. Шунинг учун биз ўзбек ғазалчилигининг шаклланган даври сифатида XIV асрнинг охири ва XV асрнинг биринчи ярмини оламиз. Бу даврда яшаб ижод қилган ўзбек шоирлари Саккокий, Отойи, Лутфий ғазалчиликда баракали иш олиб бордилар, ўзбек ғазалининг мавзу доираси ва шаклий хусусиятларини, унинг ривожланиш йўлларини ҳар томонлама чуқур ва яхши белгилаб бердилар. Уларнинг ҳаммаси ўз она тилларида шеърий девон туздилар ва бу девонларда ғазал асосий ўринни эгаллади. Бу девонларга киритилган ғазалларнинг ички ва ташқи хусусиятларини кўздан кечириш орқали Навоийнинг ўзбек ғазалчилигини ривожлантиришда, хусусан, ўзбек шоирлари ютуқларига кўпроқ суянганини ва бу ўзбек ғазаллари намуналарининг қандай ўзига хос томонларини мустаҳкамлаб ўстирганини аниқ тасаввур қилиш ҳам мумкин.
Масалан, ғазалда байтларнинг сони масаласини олайлик. «Ҳафт қулзум» муаллифи Қабул Муҳаммад ғазал 21 байтгача бўлиши мумкин, лекин 19 байтдан ошмаслиги керак дейди-ю, камида неча байтдан иборат бўлиши мумкинлигини айтмайди. Ғазал, таҳлилларимиздан маълум бўлишича, камида уч байтдан иборат бўлиши мумкин. Лутфий девонида бундай ғазални учратиш мумкин. 4 байтлик ғазаллар эса Анварий девонидан бошлаб жуда кўп ўзбек ва форс-тожик шоирлари девонида учрайди. Умуман эса, ғазалчиликда бу умумлашма ҳодиса эмас. Ғазал 5 байтдан кам бўлмаслиги кераклиги кўп шеърий девонлардаги ғазаллар мисолида тасдиқланади. Аммо форс-тожик ғазалчилигининг устозлари Саъдий ва Ҳофиз девонларида ғазалларнинг байтлари масаласида қатъий бир чегарани аниқлаш қийип. Масалан, Саъдий «Куллиёт»идаги ғазаллар 6 байтдан 22 байтгача чўзилади. Ундаги 576 ғазалдан 105 таси 8 байт,186 таси 10 байт, 185 таси 12 байт, 61 таси 14 байт ва ҳоказо. Ҳофизнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс-титутида сақланаётган 1251-рақамли қўлёзмасидаги 570 ғазалидан 2 ғазал 4 байт, 12 ғазал 5 байт, 22 ғазал 6 байт, 123 ғазал 7 байт, 100 ғазал 8 байт, 122 ғазал 9 байт, 80 ғазал 10 байт, 39 ғазал 11 байт, 20 ғазал 12 байт, 15 ғазал 13 байт, 10 ғазал 14 байт; Амир Хусрав Деҳлавийнинг шу институт-даги 6384-рақамли қўлёзма девонидаги 1322 ғазалидан 428 ғазал 7 байт, 239 ғазал 8 байт, 265 ғазал 9 байт, 169 ғазал 6 байт, 124 ғазал 5 байт, 43 ғазал 10 байт; 37 ғазал 11 байт ва ҳоказо. Шу институтдаги Абдураҳмон Жомийнинг 3559-рақамли қўлёзма девонида 1494 ғазалидан 1205 таси 7 байт, 79 таси 6 байт, 51 таси 8 байт, 80 таси 9 байт, 26 таси 5 байт, 11 таси 10 байт ва ҳоказо. Бу масалада кейинги шоирларга Амир Хусрав Деҳлавий ва Жомий кўпроқ таъсир қила бошланганлар. Бу икки шоир девонларига 7 байтли ғазаллар характерлидир. Умуман эса, бу ҳисоблардан шу нарса кўринадики, форс-тожик шоирлари ғазал соҳасида жуда кўп ишларни амалга оширганлар ҳам, бироқ ғазалнинг неча байтдан иборат бўлиши масаласида бир фикрга кела олмаганлар. Навоийгача девон тузган ўзбек шоирлари эса, хусусан, Амир Хусрав ва Жомий ғазалчилиги таъсирида бу соҳада умумий бир фикрга кела олганлар. Навоий ўз ғазалларида, асосан, шу ўзбек ғазалчилигидаги тажрибага суянган ва уни давом эттирган. Масалан, Саккокийнинг Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги 7685-рақамли қўлёзма тугалланмаган девонидаги 56 ғазалдан 44 таси 7 байт, 4 таси 5 байт, 3 таси 6 байт, 3 таси 9 байт, 1 таси 8 байт, 1 таси 3 байт. Шу институтдаги Лутфийнинг 2021-рақамли қўлёзма девонидаги 221 ғазалдан 97 ғазал 7 байт, 70 ғазал 5 байт, 39 ғазал 6 байт ва ҳоказо. Отойи девони ҳам 5, 6, 7, 9 байтли ғазаллардан иборат бўлиб, ундаги 260 ғазалдан 150 дан ортиғи
7 байтлидир. Умуман, бу шоирларнинг девонларида 7 байтли ғазаллар мутлақ кўпчиликни ташкил этади. Навоий ўз ғазалларида худди шу фикр ва анъанани давом эттирди. «Ғаройиб ус-сиғар»даги 650 ғазалдан 434 таси 7 байтлидир. Бу девонда, Ҳамид Сулаймон ҳисобича, 163 ғазал 9 байтдан, 30 ғазал
8 байтдан, 8 ғазал 10 байтдан, 11 ғазал 11 байтдан, 2 ғазал 5 байтдан, 1 ғазал 6 байтдан, 1 ғазал 13 байтдан ташкил топган. Навоий ғазаллари 13 байтдан ошмаган. Биз Навоийнинг бошқа уч девонида ҳам шунга яқин манзара кўрамиз.
Навоий бу масалада ўзига хос қоидаларга риоя қилиш билан бирга, ижодий нуқтаи назарда турган ва бу соҳада қатъий бир ғов ясамаган. Аммо, ўз амалий ижодида Навоий, асосан, ўзбек ғазалчилиги заминида тургани шак-шубҳасиздир. У ўз қитъаларининг бирида ғазалнинг бу хусусиятига тўхталиб, шундай деган эди:

Навоий шеъри тўққуз байту ўн бир байту ўн уч байт
Ки, лавҳ узра қалам зийнат берур ул дурри макнундин.
Буким, албатта, етти байтдин ўксук эмас, яъни -
Таназзул айлай олмас рутба ичра етти гардундин
(Алишер Навоий. Хазойин ул-маоний, 3 китоб, («Бадоеъ ул-васат»), ЎзР ФА нашриёти. - Т., 1960, 703-бет.).

Бундап маълум бўлишича, Навоий ғазалда байтларнинг сони тоқ бўлиши ва энг камида етти байтдан кам бўлмаслиги керак, деган фикрга келган.
Энди вазн масаласини олайлик. Рудакий анъаналарига содиқ қолган форс-тожик шоирлари ўз ғазалларини, асосан, арузнинг ҳазаж, рамал, ҳафиф, музореъ баҳрлари тармоқлари вазнида ёздилар. Форс-тожик ғазалчилигида, айниқса, ҳазаж баҳри кўп қўлланиб келинди ва доим етакчи ўринда турди. Буни, айниқса, Ҳофиз ғазаллари мисолида яққол кўриш мумкин. Ўзбек ғазалчилигида эса рамал баҳри тармоқлари катта ўрин эгаллаган эди. Рамал баҳри билан ўзбек халқ оғзаки шеърияти вазнлари, яъни бармоқ вазни ўртасида катта яқинлик бўлиб, ўзбек шоирларига бу баҳрда, хусусан, рамалнинг рамали мусаммани маҳзуф ёки мақсур вазнларида ғазал ёзиш енгил ва бу ўзбек тили хусусиятлари билан ҳам боғлиқ эди. Навоийгача ғазалчиликда кўзга кўринган ўзбек шоирлари ўз шеърларининг ярмидаи кўпини шу вазнда ёзган эдилар. Навоийгача ўзбек ғазалчилигида рамал баҳрининг устунлигини Саккокий, Атойи девонлари орқали яққол кўришимиз мумкин. Лутфий ғазалларининг ҳам қарийб ярмига яқин қисми шу вазндадир. Навоий ҳам ўз ғазалчилигида ўзбек шоирлари анъаналирига амал қилди ва ўз ғазалларининг деярли тўртдан уч қисмини шу рамал баҳрида ёзди. «Ғаройиб ус-сиғар»даги 650 ғазалдан 426 таси рамал баҳрига оидлиги бунинг далилидир. Бунда 108 ғазал ҳазаж баҳрига, 14 ғазал музореъ, фақат 3 ғазал ҳафиф баҳрларига оид ва ҳоказо. Навоий ғазалларининг бу хусусияти ҳам унииг лирик ижодининг, асосан, ўзигача мавжуд ўзбек шеърияти заминида ривожлана борганини кўрсатувчи ташқи белгилардан биридир.
Ғазалнинг яна бир характерли ўзига хос хусусиятларидан бири, юқорида айтиб ўтилганидек, унда шоир тахаллусининг бўлишидир. Ғазалга тахаллус қўйиш форс-тожик адабиётида XII асргача шарт ҳисобланмаган. XII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ғазалда тахаллус бўлиши кенг одат тусига кира бошлаган. Лекин ғазалда тахаллус бирдан ўзининг тайинли жойини топиб ола олмаган. Баъзан уни ғазалнинг мақтаига киритсалар, баъзан охиридан иккинчи байтга, баъзан ундан ҳам юқоридаги байтларга жойлаштириб келинган. Бу турлилик Саъдий ғазал-ларида ҳам давом этган. Масалан, А.Мирзоевнинг ёзишича, Саъдийнинг 632 ғазалидан 114 тасида тахаллус охирги байтда эмас, кўп ўринда охиридан иккинчи байтда. XIV асрга келиб фарс-тожик ғазалчилигида бу масалада бир қарорга келина бошланган. Масалан, Ҳофизнинг 636 ғазалини ўз ичига олган тўлиқ девонларидан бирида 631 ғазалда тахаллус мақтага жойлаштирилган. Бу эса ғазалнинг табора пухта шакллана бораётганининг аломатларидан бири эди.
Узбек ғазалчилгида эса, ғазал тараққий қила бошлаганиданоқ тахаллус ғазалнинг мақтаига жойлаштирила бошлаган. Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»сидаги ҳамма ғазалларда аҳвол шундай. Шунингдек, Саккокий, Отойи, Лутфий девонларидаги ғазалларнинг ҳаммасида, ҳеч бир истисносиз, тахаллус ғазалларнинг мақтаида келади. Лутфий девонидаги бир-иккита ғазалда, Отойи девонидаги тўрт-беш ғазалда тахаллус йўқ, холос. Бу ғазалчилик ўзбек адабиётида форс-тожик адабиётидагига нисбатан алоҳида шеърий шакл сифатида тезроқ шаклланганини кўрсатади. Бу масалада ҳам Навоийнинг ўзбек салафлари ортидан борганлиги, ғазалларида ўз тахаллусини ижодининг бошланишиданоқ, мақтага жойлаштира бошлагани табиийдир. Навоийнинг 2600 ғазалидан фақат 10 тачасида тахаллус охири-дан иккинчи байтда келади, холос(Алишер Навоий лирикасидан намуналарнинг 1948 йил нашридаги / Танланган асарлар, 1-том, 43-бет. «Мувофиқ кийдилар, бўлмиш магар наврўз ила байрам...» деб бошланган ғазалнинг тахаллусли байти аслида ғазал охиридан иккинчи байтда бўлиб, тузувчилар бу байтни мақтага айлантириб, яъни ўрнини алмаштириб кўчирганлар.). «Наводир уш-шабоб»даги «Не соғ ўлайки чу борғумдур ўлмайин маълум...» деб бошланган бир ғазалда эса тахаллус бошидан иккинчи байтда келган. «Фавойид ул-кибар»даги: «Ваҳки, бу бедил ғамингдин ўлди, эй дилхоҳ, кел...» деб бошланган бир ғазалда эса, умуман, тахаллус йўқ. Бундай ҳоллар Навоий ғазалчилиги учун ҳеч бир характерли эмаслиги табиийдир.
Аммо Навоий форс-тожик шоирларида бирор оригинал усул ёки хусусият учратса, ғазал асосида ётган ғояни, мавзуни яхши очиш учун улардан ижодий фойдаланган ва бу хусусиятларни давом эттирган, ривожлантирган. Ғазалдаги шундай нодир усуллардан бири, А.Мирзоевнинг аниқлашича, Анварий девонидаги:

Кори жаҳон нигарки, жафойи ке микашам...

деб бошланган ғазалда матланинг биринчи мисрасининг ғазал мақтаининг иккинчи мисрасида, яъни ғазал бошидаги мисранинг ғазал охирида такрорланишидир. Бироқ А.Мирзоев бундай ҳол Анварий девонида ва, умуман, форс-тожик ғазалчилигида ягона эканлигини айтади ва бу ҳакда ёзади: «Лекин Анварийнинг бу янгилиги ғазал шаклининг кейинги тараққиётидагина эмас, шоирнинг ҳаётлигида ҳам ривожлантирилмади. Афтидан, буни Анварийнинг ўзи ҳам тушунган бўлса керакки, бу усулни бун-дан бошқа ўринда қўлламади. Юқорида келтирилгани каби ғазалларнинг (шоирнинг «Кори жаҳон нигарки, жафойи ки мекашам...» (Таржимаси: «Жаҳоннинг ишини кўргинки, кимнинг жафосини тортаман...» - ношир Н.Ж.), деб бошланган ғазали кўзда тутилади - А.Ҳ.), «девон»да бўлмаслиги бунинг гувоҳидир»(А. Мирзоев. Рудаки и равитие газели в Х-ХV вв. - С. 51.).
Бунда А.Мирзоев ўз текширишидан шошилиброқ хулоса чиқарган кўринади. Чунки Анварий девонининг ўзида бу усул:

Салому алайк, эй жафопеша ёр...(А. Мирзоев. Рудаки и развитие газели в Х-ХУ вв. - С. 51.).
Яна:
Пой бар жой нист ҳар нафсам..,(Анварий куллиёти, 505-бет.) -

деб бошланган ғазалда тўла такрорланади. Қизиғи шуки, Навоий ҳам «Ғаройиб ус-сиғар»даги:
Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз...(Қўлёзма - 677, в. 22.) Соқиё, кечаги май нашъасидин жон топтим...(Қўлёзма - 677, в. 38.) Юз урма ҳар тараф, эй шўху зор қилма мени...(Қўлёзма - 677, в. 53.) -
деган сатрлар билан бошланган ва бошқа бир қанча ғазалларида шу усулни қўллаган. Биз буни, албатта, ғазалчиликдаги Анварий анъанасининг таъсири бўлса керак, деб ҳисоблаймиз. Демак, Анварий қўллаган усул Навоий ғазалчилигида ҳам бирмунча тараққий эттирилган.
Лекин бу каби усулларни Навоий маълум мақсадни кўзда тутиб қўллагани, бу усул остида маълум бир ғоя илгари сурилгани шубҳасиздир. Чунки шоирнинг ўзи, масалан, бу матла билан мақта ўртасидаги ўхшашлик ва бунинг онгли равишда қилингани ҳақида шундай деган эди:

Бу ғазалнинг мақтаин матла хаёл этган киши,
Эй Навоий, шояд этгай фаҳм сен қилғон хаёл(Қўлёзма - 677, в. 212.).

Навоий ғазалларида бу усул шеърнинг мавзувий бутунлигини, байтларнинг бир-бирига мазмунан ёпишган бўлишини, ғазалнинг композицион яхлитлигини ошириш ва мустаҳкамлаш, унинг асосий ғоясини қаттиқроқ таъкидлаш учун хизмат қилар эди. Бундан, умуман, ўзбек ғазалчилигининг ҳамда Навоий ғазалларининг бошқа бир муҳим хусусияти масаласи, ғазалда композиция, байтларнинг ўзаро боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслиги масаласи келиб чиқади. Навоий ғазалларига баҳо берганда, бу масалага ҳам жиддий эътибор бериш керак.
Форс-тожик ғазалчилиги энг катта ютуқларга эришган XIV асрда, хусусан, ғазал жанрининг буюк устози Ҳофиз ғазалларида байтларнинг мазмунан ўзаро боғлиқ бўлиши шарт бўлмай қолган эди.
Бу даврдаги ҳар қандай шоирнинг, шу жумладан, Ҳофизнинг ҳам, бирор ғазалидан бирор байт тушиб қолиши ёки байтларнинг (матла ва мақта бундан мустасно) ўрин алмашиши билан ғазалнинг асосий мазмунига, бадиий қимматига жиддий путур етмас эди. Ашулачилар ва халқ ҳофизлари томонидан шоирларнинг ғазалларини кўп вақт бир-икки, ҳатто, ундан ортиқ байтга қисқартириб ижро этиш одат тусига кирганлигининг сабаби ҳам шунда эди(Бу одат ҳозир, бизнинг давримизда ҳам йўқ эмас.).
Бу ҳакда А.Мирзоев ўзининг «Биноий» ҳамда «Рудакий ва Х-ХV асрларда ғазал тараққиёти» асарларида қимматли мулоҳазаларини билдириб ўтади. Масалан, А.Мирзоев «Биноий» асарида ёзади:
«Адабиёт саҳиасида ғазал жанрининг Ҳофиз, Камоли Хўжандий каби санъаткорлари етишган XIV асрда бу жанр улар ижодиётида шундай такомилга эришди, зикр этилган адабий ҳодиса (яъни, ғазалда байтларнинг мазмунан бир-бирига алоқаси - А.Ҳ.) шу даражага етдики, ғазаллардан узиб олинган байтлар тез-тез мустақил маънони ифода қиладиган бўлди. Ғазал мавзу доираси айни ҳолда аниқ бўлмай, асосан, ишқ-муҳаббатнинг умумий масалаларидан иборат бўлганлиги учун ҳам, ҳар бир байтнинг мустақил маъноларни ўз ичига олишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, ғазал ичидаги байтларнинг ўзаро маънавий-мантиқий алоқалари йўқола борганда ҳам, шу даражага бориб етадики, агар ғазал ичидан баъзи байтлар чиқариб ташланса, ғазал бадиий қурилмасига шикаст етмайди, маъноси бузилмайди. Бу ерда шуни қўшимча қилиш керакки, XIV асрда етишган буюк ғазалчилар, айниқса, Ҳофиз ижодида ғазал байтларининг мастақил маънога эга бўлиши ғазалчилик томонидан қонуний бир шакл сифатида қабул қилинади»(А. Мирзоев. Биноий, Нашриёти Давлатии Точикистон, 1957, 49-50-саҳ.).
А.Мирзоевнинг Ҳофиз давридаги ғазалчилик ҳақида билдирган бу фикрларининг нақадар тўғрилигини шу шоирнинг аксарият ғазаллари мисолида кўриш мумкин. Масалан, Ҳофизнинг қуйидагича бошланган ғазалини олайлик:

На ҳар ки чеҳра барафрўхт, дилбарй донад,
На ҳар ки оина дорад, сикандари донад.
На ҳар ки тарфи кулоҳ кач ниҳоду тунд нишаст,
Кулохдорию оини сарварй донад.
Ҳазор нуктаи бориктар зи мў ин чост,
На ҳар ки сар натарошад қаландарй донад.
Дар оби дидаи худ ғарқаам чи чора кунам,
Ки дар муҳит на ҳар кас шйноварй донад,
Ғуломи ҳиммати он ринди офиятсўзам,
Ки дар гадо сифати кимёгари донад.
Саводи нуктаи биниш зи холи туст маро
Ки, қадри гавҳари як дона гавҳарй донад...(Ҳофизи Шерози. Мунтахаби девон. Нашриёти Давлатии Точикистон. 1957, 256-саҳ.).

Мазмуни:
Ҳарким юзини жилвалантиргани билан дилбарликни билавермайди.
Ҳар кимда оина бўлгани билан (у ойна орқали узокдаги нарса ва воқеаларни кўришни) искандарликни билавермайди,
Ҳар ким кулоҳини (бошига) қийшайтириб кийиб, бесўнақай ўтиргани билан, Кулоҳдорлик (яъни, дарвешлик) ва подшоҳлик қоидаларини билавермайди.
Бунда соч толаларидан ҳам нозик минглаб маънолар бор, Ҳар бир сочини олдирмай юрган одам қаландарликни билавермайди.
Мен ўз кўз ёшларимнинг сувига ғарқ бўлганман - нима чора қилай, Ахир, денгизда ҳамма ҳам сузишни билавермайди.
Мен жонга олов ёқувчи ўша ринд ҳимматининг қулиман, Чунки у гадо қиёфасида кимёгарликни билади.
Нозик маъноларни кўриш билан била олишим сенинг қора холинг туфайлидир,
Чунки гавҳарнинг қадрини гавҳаршунос билади.
Бу 11 байтдан иборат ижтимоий-фалсафий мазмундаги ғазал шу тарзда давом этади.
Бу ғазалда шоир ўз даврида ижтимоий муносабатларда мавжуд қалбакиликни, сунъийликни аниқ, ҳаётий мисоллар орқали ҳар бир байтда ёрқин очиб ташламокда. Лекин бундаги матла ва мақтадан бошқа қайси байтнинг ўрнини ё юқоридаги ёки пастдаги байт билан алмаштирманг, асарнинг моҳиятига, яъни ғазалнинг асосий мазмунига, ўзига хос шаклига путур етмайди. Шунингдек, бу ғазални 9 байт эмас, ундан кўпроқ байтга кўпайтириш ёки уни бир неча байтга қисқартириш ҳам мумкин. Бундан шоир ғоясининг, шоир санъаткорлигининг тўла ифодаланишига зарар етса ҳам, аммо шеър ғазал шаклини сақлай беради. Бунда байтлар орасида мазмун жиҳатидан ҳам, шакл жиҳатидан ҳам бир-бирига боғланишининг сустлиги кўзга ташланиб турибди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ҳофизнинг қуйидаги ғазали ҳам диққатга сазовордир:

То зи майхонаву май ному нишон хоҳод буд,
Сари мо хоки раҳи пири муғон хоҳад буд.
Ҳалқаи пири муғонам зи азал дар гўш аст,
Мо ҳамонем, ки будему ҳамон хоҳад буд.
Бар сари турбати мо чун гузари ҳиммат хоҳ
Ки, зиёратгаҳи риндони чаҳон хоҳад буд.
Бар замине, ки нишони кафи пои ту бувад,
Солҳо сачдаи соҳибназарон хоҳад буд.
Бирав, эй зоҳиди худбин, ки зи дасти ману ту,
Рози ин парда ниҳон асту, ниҳон хоҳад буд.
Турки ошиқкуши ман маст, бурун рафт имрўз,
То киро хуни дил аз дида равон хоҳад буд?
Айби мастон макун, эй хоча, к-аз ин кўҳна работ,-
Кас надонист, ки реҳлат ба чи сон хоҳад буд.
Чашмам он дам, ки зи шавқи ту ниҳад сар ба лаҳад,
То дами субҳи қиёмат нигарон хоҳад буд.
Бахти Ҳофиз гар аз ин гуна мадад хоҳад кард,
Зулфи маъшуқа ба дасти дигарон хоҳад буд(Ҳофизи Шерози. Мунтахаби девон. Нашриёти Давлатии Точикистон, 1957, 158-бет.).

Мазмуни:
То майхона ва майдан ному нишон бўлар экан, Бизнинг бошимиз пири муғоннинг йўлидаги тупроқ бўлади.
Пири муғоннинг ҳалқаси (яъни, айтган сўзлари) азалдан қулоғимиздадир;
Биз илгари қандай бўлган бўлсак, ўшандаймиз ва ўшандай бўламиз.
Бизнинг қабримиз тепасига агар ҳиммат қилиб бир келсанг, Бу жой жаҳондаги ҳамма риндларнинг зиёратгоҳи бўлади.
Сенинг оёғинг товонининг изи тушиб қолган ер -
Йиллар давомида каромат эгаларининг сажда қиладиган ери бўлади.
Жўнаб қол, эй худбин зоҳидки, бу парданинг сирини очиш
Сенинг ва менинг қўлимдан келмайди ва у яширинлигича қолади.
Ошиқларни ўлдирувчи менинг бераҳм ёрим маст ҳолда бугун ташқарига чикди, Кимнинг юрагининг қони кўзидан сув бўлиб оқар эди?
Эй хўжа, мастларни айбламагинки, бу эски работ (дунё)дан Қандай ўтишини ҳеч ким билолмайди.
Сенинг шавқингдан кўзим лаҳадга бош қўйган ондан бошлаб, Қиёмат тонгининг дамларигача нигорон бўлади.
Агар Ҳофизнинг бахти шу хил мададни истаса, Маъшуқанинг зулфи бошқаларнинг қўлида бўлади.
Бу ғазалда, асосан, икки мавзу - май ҳамда ишқ мавзулари мавжудлиги ва бу мавзуларни ёритиб берувчи байтлар эса бир-бири билан аралашиб турганлиги, байтлар орасида маз-мунан яқиндан боғланиш йўқлиги очиқ гавдаланиб турибди. Бундаги 1, 2, 3-байтларда шоир майни, риндликни улуғлайди. 5-байтда дунёга, ҳаётга худбинлик кўзи билан қаровчи ва уни тушунмовчи зоҳидни фош қилади, 7-байтда ҳаётнинг лаззатини одамларга раво кўрмовчи хўжа (дин арбоби)ни танқид қилади, 4,6,8,9-байтларда эса ишқ ва маъшуқа улуғланади. Ғазал майни, майхонани куйловчи матла билан бошланиб, ишқий мазмундаги мақта билан тугалланади. Бунда ҳам байтларнинг мазмунан мустақиллигини, ўзаро жуда суст боғланганини кўриш қийин эмас.
Ниҳоят, бу масала нуқтаи назаридан ўзига хос манзара кўриш учун Ҳофизнинг қуйидаги машҳур умумлашма ғазалини
ҳам келтириш мумкин:

Агар кўнглимни шод этса, ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.
Сун, эй соқий, майинг охиргача, жаннатда топмайсан
Бу Рукнобод қирғоғидаги сўлим Мусаллони.
Шу алдоқчи, қизиқчи, фитначи шўхлар қўлидан дод,
Кўнгулдан элтдилар сабрим, қилиб туркларча яғмони.
Менинг нуқсонли ишқимга унинг хусни эмас муҳтож,
Гўзал юз ҳеч талаб қилмас бўёқ ҳам зебу орони,
Гапир чолғучидан, майдан, жаҳон сиррини кам изла,
Ечолмас ҳеч киши ҳикмат-ла, бу оғир муаммони.
Мен ул Юсуфдаги чексиз гўзалликдан аниқ билдим,
Чиқормиш ишқ номус пардасидан ул Зулайҳони.
«Ёмон», - дединг қувондим ман, худо ҳаққи, сўзинг тўғри,
Гўзалроқ айлади аччиқ сўзинг лаъли шакархони.
Насихат тинглағил, жоно, тутурлар жону дилдан дўст —
Ақлли, бахтли ёшлар ҳурмат айлаб кекса донони.
Ғазал айтдингу дур сочдинг, ёқимли куйла, эй Ҳофиз,
Фалак назмингта гавҳардек нисор этсин Сурайёни(Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий. Ғазаллар, Ўзадабиётнашр, Т., 1958, 29-бет. Хуршид таржимаси.).

Бунда ҳам бирор байт бир-бири билан боғланиб, бевосита бир-бирини тўлдирмайди. 1-байтда Шероз жононига муҳаббат, 2-байтда соқийга мурожаат, 3-байтда алдоқчи, вафосиз гўзаллардан шикоят, 4-байтда ёр гўзаллигининг баркамоллиги, ўз ишқининг такомилга эришмаганлиги ва ҳоказолар ҳақида фикр юритилади. Лекин, умуман, шеър асосида севги мавзуси ва севгини улуғлаш ғояси ётганлиги, шоир лирикасида ва ҳар бир ғазал байтларида тез-тез ҳамда кўпрок севги мавзуига мурожаат қилганлиги, шоир ғазаллари мавзу доирасини, асосан, шу мавзу белгилаб берганлиги шубҳасиздир. Бир ғазалдаги мавзувий ранг-баранглик ва чатишувларни Ҳофизнинг ўзи ҳам сезиб, бир шеърида бунга шундай ишора қилади:

Ошиқу риндаму майхора ба овози баланд,
Ин ҳама «мансаб» аз он шўхи париваш дорам....(Хофизи Шерози. Мунтахаби девон. Нашриёти Давлатии Точикистон, 1957, 374-саҳ.).

Мазмуни:
Мен овозаси баланд ошиқман, риндман, майхўрман,
Менинг бу ҳамма «мансаб»им ўша паривашнинг шўхлигидандир.
Демак, бундан биз шуни тушунишимиз керакки, шоир хоҳ май ҳақида ёзсин, хоҳ ишқ ҳақида, хоҳ ҳаёт ҳақида, хоҳ бошқа нарсалар ҳақида - ҳамма вақт у ошиқ шоир сифатида ёзади, ҳамма нарсага у ишқ мавзусидан туриб назар ташлайди. Чунки у ғазал ёзмоқда, ғазалнинг асосий мавзуси эса ишкдир. Шоирнинг ғазаллари бадиий қурилма масаласига ҳам шу нуқтаи назардан ёндашганимизда, уларда бошдан-охиригача муайян бир чизиққа эга бўлмаган анъанавий мавзувий бирлик, алоқа борлигини ва бу ғазал шаклининг ўзига хос хусусияти билан боғланганлигини инкор этиб бўлмайди. Бундай умумий бирлик, боғланганлик ғазалнинг шакл хусусиятларида, яъни вазн, қофия, радиф, ритм, тил, услуб ва ҳоказоларда ҳам маълум даражада акс этади.
Аммо XIV асргача форс-тожик ғазалчилигида байтлар ўзаро мазмунан ҳамма вақт чамбарчас боғланмаган бўлса ҳам, мавзувий аниқликка, асосий мавзудан четга чиқмасликка, матладаги фикрни кейинги байтларда тобора муайянлаштириб, кучайтириб боришга интилиш тамойили кучли эди. Бундай аломатлар X асрларда Рудакий шеърларида ҳам бор эди. Масалан, ғазал тараққиётига катта ҳисса қўшган Саъдий ўзининг қуйидаги 13 байтли ғазалида маъшуқаси туяда узоқлашиб кетаётган ошиқнинг орқада қолиб кечираётган муайян бир вақт ва ҳодиса оралиғи ички кечинмаларини бирма-бир, ўқувчининг хаёлини бошқа нарсага ҳеч чалғитмай, тасвирлаб беради:

Эй сорбон, оҳиста рон, к-ороми чонам меравад,
Он дил, ки бо худ доштам 6о дилситонам меравад!
Ман мондаам махчур аз ў, бечораю ранчур аз ў,
Гўй ки неше, дур аз ў, бар устухонам меравад.
Гуфтам ба найрангу фусун пинхон кунам рози дарун,
Пинҳон намемонад ки, хун бар остонам меравад.
Бигзашт ёри саркашам, бигзошт айши нохушам,
Чун мичмаре пуроташам, к-аз сад духонам меравад,
Бо ин ҳама бедоди ў, в-ин аҳди бебунёди ў.
Дар сина дорам ёди ў, то бар забонам меравад!
Гуфтам: бигиръям, то ибил чун ҳар фурў монад багил,
В-ин низ натвонам, ки дил бо корвонам меравад.
Маҳмил бидор, эй сорбон, тунди макун бо корвон,
К-аз ишқи он сарви равон, гўй, равонам меравад!
Боз ою бар чашмам нишин, эй дилфиреби нозанин,
К-ошўбу ғавғо аз замин бар осмонам меравад!
Шаб то саҳар менағмаам в-андарзи кас менашнавам,
Ин рах на қосид меравам, к-аз каф инонам меравад.
Сабр аз висоли ёри ман, баргаштан аз дилдори ман,
Гарчи набошад кори ман, ҳам кор аз онам меравад.
Дар рафтани чон аз бадан гўянд ҳар навъе сухан,
Ман худ ба чашми хештан дидам, ки чонам меравад.
- Саъдй, фиғон аз дасти мо, лоиқ набуд, эй бевафо!
Тоқат намеорам чафо, кор аз фиғонам меравад
Хофизи Шерози. Мунтахаби Куллиёт. Нашриёти Давлатии Точикистон, 1956, 329-330-саҳ.).

Мазмуни:
Эй туячи, туяни секинроқ юргизки, унда жонимнинг ороми кетмокда.
Ўзимдаги дил эса у дилситоним билан бирга кетмовда.
Мен ундан маҳжур бўлиб қолдим, ҳам бечора ва ранжурмен, Гўёки узоқлик наштари суягимга ўтиб бормовда.
Ичимдаги сирларимни найранг ва фусун билан яширай дедим, Лекин у пинҳон қолмайди, чунки қон остонамдан отилиб чиқиб, бу сирни ошкор қилмовда.
Ўжар ёрим кетти, айшим нохуш бўлиб қолди,
Ичим кўрадек оловга тўла, бошимдан тутун чиқади.
Унинг ҳамма зулмлари ва асоссиз ваъдаларига қарамай, Токи у тилимда экан, кўксимда доим унинг ёди бўлади, Дейман: Туя эшак сингари лойга йиқиладиган бўлгунча йиғлайин.
(яъни, кўз ёшим билан ерни лой қилайин):
Лекин дилим ўша карвоним билан бирга борсин дейман-у, бунга эриша олмайман.
Кажавани ушлаб бор, эй туякаш, карвонга қўполлик қилма, Ахир, у сарви равоннинг ишқидан худди жоним чиқаётгандек-ку!
Эй дилимга фириб берган нозанин, қайтиб келда, кўзимга ўлтирки,
(Сенинг ишқинг туфайли юз берган) ғавғо ва тўполон ердан осмонга кўтарилмоқда.
Оқшомдан тонггача тинч ухлаёлмайман, одамларнинг насиҳати қулоғимга кирмайди.
Бу йўлга мен ўз хоҳишим билан кирганим йўк, қўлимдан ихтиёрим кетиб бораётир.
Ёрим висолидан сабр, дилдоримдан юз ўгириш —
Гарчи менинг ишим бўлмаса ҳам, иш ундан ўтмовда. Бадандан жоннинг чиқиши ҳақида ҳар хил гапларни гапирадилар,
Мен ўз кўзим билан қараб туриб, жонимнинг чиқиб кетаёт-ганини кўряпман.
- Саъдий, биз учун фиғон чекиш лойиқ иш эмас-ку, эй бевафо.
Жафога тоқат қила олмаётирман, иш фиғондан ўтиб кетмовда.
Навоий эса кейинчалик Саъдийнинг бу ғазали таъсирида ўзбек тилида:
Хаста кўнглум ўртанур гўё севар жоним борур, Йиғлағим келур магар гулбарги хандоним борур...(Қўлёзма — 677, в. 198.)
матлаи билан бошланган ғазалини яратган эди. Навоий ўзининг ғазалида Саъдий ғазалининг қофия ва ритмдаги баъзи хусуси-ятларини сақлашга ҳаракат қилди.
Ғазалчиликда ўз услубини яратган Амир Хусрав Деҳлавийнинг қуйидаги соф ишқий ғазалида эса бирон байтнинг ўрнини алмаштириш ёки тушириб қолдириш асло мумкин эмас. Чунки бунда жам маъаттақсим (тақсимланган ҳолдаги жам) санъати бўлиб, байтларнинг бири иккинчиси билан мазмунан ҳам, бадиий жиҳатдан ҳам чамбарчас боғланиб, бири иккинчисини аниқлаб, кучайтириб боради:

Зиҳе, намуда аз он зулфу холу орази хуб:
Яке - саводу, дувум - номаву, севвум - мактуб.
Саводу, номаву, мактуби ўст бар дили ман,
Яке, - балову, дуввум - фитнаву, севвум - ошуб.
Балову, фитнаву, ошуби ў бувад моро:
Яке — муроду, дуввум - мунису, севвум - матлуб.
Муроду, мунису, матлуб - ҳар се аз ман шуд:
Яке - жудову, дуввум - ғолибу, севвум - мағлуб.
Чудову, ғолибу, мағлуб рафту боз омад:
Яке - ғулому, дуввум - маркабу, севвум - маркуб.
Ғулому, давлату, маркуб бо се чиз хуш аст:
Яке-ҳузуру, дуввум - шодию, севвум-маҳбуб.
Ҳузуру, шодию, маҳбуби ман бувад, Хусрав:
Яке - шаробу, дуввум - соқию, севвум - рухи хуб(Ўз ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, кўлёзма -6384, в 31.).

Мазмуни:
Қандай яхшики, унинг зулфи, холи ва чиройли юзидан (уч нарса) намоён бўлди:
Бири - хат, иккинчиси - нома, учинчиси - мактуб.
Унинг хати, номаси, мактуби менинг дилимга:
Бири - бало, иккинчиси - фитна, учинчиси - мактуб.
Унинг балоси, фитнаси, ғавғоси бизга:
Бири - мурод, иккинчиси - улфат, учинчиси - талаб этилган нарса.
Мурод, улфат (мунис), матлуб - ҳар учаласи мендан кетди:
Бири - жудолик, иккинчиси - ғолиблик, учинчиси -мағлублик.
Жудолик, ғолиблик, мағлублик кетгач, уч нарса қайтди:
Бири - қул, иккинчиси - улов, учинчиси - от.
Қул, улов, от уч нарса билан яхшидир:
Бири - ҳузур, иккинчиси - шодлик, учинчиси - маҳбуб.

Менинг ҳузурим, шодлигим, маҳбубим, эй Хусрав, шулардир:

Бири - шароб, иккинчиси - соқий, учинчиси - чиройли юз.
Навоийгача мавжуд бўлган ўзбек ғазалчнлигида композиция ва байтларнинг бир-бирига муносабати масаласида худди шу анъана асосий ўринни эгаллаган, ҳеч ким уни бузишга ёки ундан жиддий чекинишга интилмаган, балки ҳамма ижодкорлар уни тобора чуқурлаштиришга ўз ҳиссасини қўшган эди. Гарчи Ҳофиз форс-тожик ғазалчилигини янги, энг юксак поғонага кўтарган ва қўшни халқлар шеъриятига, шу жумладан, ўзбек шоирларига, умуман, Шаркда ғазалчиликнинг кейинги тараққиётига катта таъсир кўрсатган бўлсада, мазкур масалада ўзбек шоирлари, асосан, ўз анъаналарига содиқ бўлиб қолган эдилар. Узбек шоирлари ғазални севги мавзуи, яъни ғазалнинг ҳамма томонидан эътироф қилинган ўзига хос мавзуси доирасида ривожлантирдилар. Улар ҳар бир ғазал мавзуини мумкин қадар муайянлаштиришга, уни умумий йўналишда эмас, тор йўналишда ёритишга интилар эдилар. Масалан, Отойининг қуйидаги ғазалини олайлик:

Кел, эй санам, ки бўлди яна навбахору ийд
Ким, хуштурур кишига висолу нигору ийд.
Бир лаҳза ол ниқоб юзунгдин қуёш бикин,
Жамъ айла анжуманда гулу лолазору ийд.
Бер журъае бу ташнага лаълинг зилолидин,
Ийде, ки жамъ бўлса майи хушгувору ийд.
Жон ўйнайин кўзунгнунг икки каъбатина,

Расмедурур қадим ҳамеша қимору ийд. Жонинг учун Отойиға кўп берма интизор Ким, руҳнунг азоби эрур интизору ийд(Атойи. Танланган асарлар. - Т., 1958, 42-бет.).
Бунда лирик қаҳрамоннинг ҳамма гап-сўзлари унинг ийд-байрам туйғуси, байрам кайфияти, муайян ҳодиса ва вақт билан боғлаб очиб берилмоқда. 1-2-байтларда ошиқ баҳор байрами муносабати билан ўз севгилисини кўринишга даъват этади: у келгач, биринчи навбатда, юзидан пардасини олиши ва ҳаммани ўз гўзал жамолига қаратиши керак.
3-4-байтларда ошиқ шу байрам муносабати билан ўз севгилисидан бир бўса сўрамоқда. Шу билан бирга, ошиқ соғиниб қолган ёрининг икки ўйноқи кўзига боқиб тўймайди, унга тикилиб, кўз уруштиргани-уруштирган ва ҳоказо. Бунда ҳар байтдаги фикр ва ҳаракат бир-бири билан мантиқий боғланганки, маълум даражада ўз тараққиётига эгалиги, 1-байтдан кейин 3-байтни ёки 4-байтни қўйиб бўлмаслиги кўриниб турибди; ошиқ ўз ёридан бўса сўрашдан олдин унинг юзидаги ниқобини олиб қўйишини илтимос қилмоқда ва ҳоказо. Шоир ғазал охиригача асосий мавзудан четга чиқмаётир. Ғазал композицияси, яъни бадиий қурилишига оид бу хил хусусиятлар Отойи, Саккокий, Лутфий ғазалларининг аксариятига хос бўлиб, бу Навоийгача бўлган ўзбек ғазалчилигининг асосий белгиларидан бирини ташкил этар эди.
XV аср форс-тожик ғазалчилигида яна бу масалада Ҳофизгача мавжуд анъанага қайта бошланади. Буни шу даврнинг энг йирик санъаткорлари Жомий, Биноий кабиларнинг ғазалларида кўриш мумкин. Форс-тожик адабиёти мисолида ғазал тараққиётини даврма-давр синчиклаб ўрганган А.Мирзоев ўзининг «Рудакий ва Х-ХV асрларда ғазал тараққиёти» ва бошқа асарларида бу фикрни бир қанча мисоллар билан исбот қилиб берган. Аммо А.Мирзоев, хусусан, «Рудакий ва ғазал тараққиёти» асарида ғазалнинг хусусиятларига баҳо беришда кўпроқ Ҳофиз ғазалла-ри хусусиятларига асосланади, бизнингча, бундай қилиш ҳамма ўринда тўғри эмас. Масалан, А.Мирзоевнинг фикрича, ғазалда байтларнинг ўзаро мазмунан боғланмаганлиги ғазалнинг асосий ижобий хусусиятидир. Чунки Ҳофиз ғазалларида аҳвол шундай. Ҳофиз ғазални энг юксак тараққиёт даражасига олиб чиққан.
Саъдий ғазалларида бу хусусиятнинг камлиги учун унинг ғазаллари, муаллифнинг ёзишича, юксак босқичга кўтарила олмаган(А. Мирзоев. Рудаки и развития газели. - С. 55.). Умуман, Ҳофизга, унинг ғазалларига берилган юксак баҳо мутлақо тўғри. Бироқ ғазалда байтларнинг ўзаро маз-мунан боғланиш-боғланмаслиги масаласида Ҳофиз ғазалларини асосий ўлчов қилиб олиш, бизнингча, унча тўғри эмас. Чунки, биринчидан, ғазалдаги бу хусусият кўпчилик форс-тожик ва ўзбек шоирлари ижоди учун характерли эмас. Иккинчидан, бу хусусият Ҳофиздан кейин кенг тараққий топмади. Шунинг учун буни Ҳофиз даври ғазалчилигидаги бир услуб деб қараш маъқулроқдир. Ҳофиз ғазалларидаги бу хусусиятни ғазалнинг асосий хусусияти деб қабул қилиш яна шунинг учун ҳам зарарлики, у тобора ғоявий-мавзувий ноаниқликка, мавҳумликка, ноаниқликка олиб боради. Бу эса, ўз навбатида, лириканинг, лирик асарнинг таъсир кучини камайтиради, чунки бу унинг табиатига ёт бир хусусиятдир.
Навоий ўзининг ғазалларида байтларнинг ўзаро муносабати, композиция масаласида ҳам ўзбек ғазалчилигида мавжуд бўлган анъаналарга амал қилади. У ҳар бир ғазалнинг муайян мавзуси бўлишини, лирик қаҳрамоннинг ҳис-туйғулари муайян шароит билан боғланишини, байтлар ипга тизилгандек бир текис жойлашиб, матладаги ғоя кейинги байтларда ривожлантирилишини, чуқурлаштирилишини, асосий мавзудан мумкин қадар четга чиқмасликни, ҳатто, биров шоирдан ғазал маъносини сўзлаб беришни талаб қилганда, унга ижобий жавоб бера олиш имкониятига эга бўлишини истар эди. Навоий ўз ғазалларида бундай талабларга жавоб бера олмайдиган ҳолларни кўрар экан, ундан кўнгли тўлмас, буни ижобий ҳодиса деб ҳам ҳисобламас, бунинг сабабини эса замонасидаги тартибсизлик ва тўполонларнинг руҳига таъсири билан тушунтирар эди:

Навоий, истама назмингда рабту жамъият
Ки, кўнглуиг ўлди замондии ўкуш қусур била(Қўлёзма - 677, в. 171.).

Унинг шундай ғазалларидан бири шу мақта билан тугалланган ғазали бўлиб, у қуйидаги байтлардан ташкил топган:

Кўнгулни хайли ғамииг қилди йўл убур била,
Нечукки, мўр сафи йўл ясар мурур била.
Гар учмоқ итти сенинг кўюнг оллида, эй ҳур,
Анга не навъ кўрунгай ўкуш қусур била.
Куёш қошида эрур заррадек басе махфий,
Юзунг қошида қуёш ғояти зуҳур била.
Ҳузури тоат этар шайх васф, ваҳ, нетайин,
Хаёли қўймаса тоат аро хузур била.
Шабобу ишқу баҳору фирокдур, эй шайх,
Бўлурму зуҳд ила тавба бу нав умур била.
Йўлида мен киби юз хаста ўлса қайда ғами,
Саманди хуснки, жавлон берур ғурур била.
Булай рафиқ жунун даштида вуҳуш илаким -
Вафосиз элдин ўлубмен басе нуфур била.
Ўзунгни асрама бир лаҳза мутрибу майсиз, -Десанг бу ғамкада ичра бўлай сурур била(Қўлёзма - 677, в. 171.).

Бу ғазалнинг мақта билан тугалланиши ва композицион жиҳатдан ўшандай таърифланишига сабаб шуки, бундаги етти байтда мавзу аниқ эмас, умумий, яъни ишқни, ёрнинг ҳуснини анъанавий руҳда улуғлашдан иборат. Шу билан бирга, бу байтлар алоҳида-алоҳида тугал мазмунга эга, улар ўртасида бир-бирига мазмунан қовушганлик, боғлиқлик йўқ. Бу байтлардан бирортаси бўлмаса ҳам ёки уларнинг ўрнини бир-бири билан алмаштириб қўйилса ҳам, ғазалнинг асосий мазмуни ва шаклига жиддий путур етмайди. 8-байтда эса анъанавий майпарастлик ғояси куйланмоқда. Хуллас, Навоийнинг бу ғазалда «рабту жамъият» топа олмагани асосли эди. Албатта, Навоийнинг тўрт девони бўйича бундай мавзуси умумий, композицияси суст ғазалларни анчагина учратиш мумкин. Бироқ, Навоийнинг ҳаддан ортиқ бой ғазалчилиги учун композиция масаласида бу етакчи хусусият эмас. Навоийнинг аксарият ғазалларига композицион боғлиқлик, яхлитлик, ғазал мавзуини, юқорида айтганимиздек, мумкин қадар аниқ ва чуқур ёритишга интилиш ҳар томонлама хосдир. Мана бир мисол:

Чобукеким ҳар тараф майдон аро айлар шитоб,
Барқи ломеъдур, саманди гарди андоғким саҳоб.
Ўқи рашкидин эрур кўксум аро кўнглум қуши
Ул кабутарким, қабақ ичинда қилғай изтироб.
Отса ўқ ул қоши ё, юз печ урар жон риштаси
Ким, манга ҳирмону онинг ўқига етгай таноб,
Ногаҳон отқайму деб бир ўқ қабақ шакли била,
Боши устига келур майдонда ҳар кун офтоб.
Ул қуёшдин бошқаким отқай қабақ, ваҳ кўрмадук
Ахтари саъдики, ҳар дам зоҳир этгай бир шиҳоб.
Жон берурман қайрилур чоғда кўруб белида печ,
Ўлса тонг йўқ улки, жони риштасига тушса тоб.
Кимки, саркашрак ҳаводис ўқиға кўпрак ҳадаф,
Ушбу ҳолатни қабақ аҳволидин қилғил ҳисоб.
Эй Навоий, чун ўқи ҳар дам фалак майли қилур,
Сен оти гардига қонеъ бўлки - бордурсен туроб(Қўлёзма - 677, в. 10.).

Бу ғазал ва унинг композицияси Шарқ лирикасида кенг кўлланилган анъанавий образ - маъшуқанинг отга миниб, қўлига ўқланган ёй ушлаб, белини чавандозларча маҳкам боғлаб, майдонга қабақ ўйинига қуёшдек тобланиб чиққани ва унинг ҳамма ҳаракатлари отининг шитоб билан юриши, қабақни пойлаб ёйдан ўқ отиши ва ҳоказоларнинг уни синчиклаб кўздан кечириб томоша қилиб турган ошиқнинг руҳига таъсирини, шу шароит билан боғлиқ бўлган унинг ички кечинмаларини, орзу ва армонларини тасвирлаш асосига қурилган. Лирик қаҳрамон — ошиқ ёр мўлжаллаб отаётган қабақ ўрнида ўз юраги бўлишини ва ёрнинг ўқи ўз юрагига тегишини ҳаяжонланиб орзу қилади. Шоир ғазал охиригача шу мавзудан четга чиқмайди. Бунда муайян мавзу, композицион бирлик, байтлар ўртасида бир-бирига алоқа борлиги фактдир. Кўп ўринда асосий мавзунинг охирги байтларгача давом этиши ва ёритилиши шарт эмас. Охирги байтларда, шоир ғазалнинг асосий мавзуига боғланган ё боғланмаган ҳолда, ўз аҳволи ёки бошқа бирон масала ҳақида ёзиши мумкин. Бу ғазалда шоир лирик қаҳрамон сифатида ўзини олади ва мақтада ҳам асосий мавзуни давом эттириб, уни якунлайди ва ўзига-ўзи тасалли бериб: «Эй Навоий, маъшуқанинг отган ўқлари сен томонга эмас, юқорига — осмонга интилмокда, сен эса мисоли бир тупроқсен, шунинг учун сен амалга ошмайдиган қийин орзуларингни қўйиб, унинг оти туёғидан кўтарилган чангларни кўзингга суртиш билан қаноат қилиб қўяқол!» - дейди.
Бу ғазал Навоийнинг илк девонига оид, бинобарин, ёшлик йилларида ёзган ғазалидир. Энди биз Навоийнинг ўрта ёшларида ёзган, «Ғаройиб ус-сиғар»га жойлаштирилган иккинчи бир ғазалини олайлик:

Чикди ов азмиға жавлон айлаб ул чобуксувор,
Жон нисор ул сайд учунким, жон анга қилғай нисор.
Бу эди қасдимки, бир кун сайд фитрок айлагай,
Қилғоним умре кийиклар бирла суҳбат ихтиёр
Чун кийик қатлини истар, кошки руҳум учуб,
Бир қатил этган кийик жисми аро тутқай қарор.
Токи, еткурсам рикобиға бошимни кошки!
Қилса шаклимни қазо ит шакли бирла ошкор.
Қомати ҳажрида ҳар ён ёрадин қонлиғ кўнгул
Бир кийикдекдурки, ўқ заҳми била бўлмиш фигор.
Гўр учун очмоқ недур ҳар лаҳза Баҳроми каманд,
Чун сени Баҳромдек айлар ажал гўри шикор.
Эй Навоий, ул қуёшнинг соясида кўр итин
Комрону йўқ санга оллида итча эътибор(Қўлёзма - 677, в. 19.).

Юқоридаги ғазал билан бу ғазал ўртасида композицион жиҳатдан анча яқинлик бор. Бунда ҳам анъанавий образдан фойдаланиб, лирик бир манзара яратилган. Маъшуқа бунда отланиб кийик овига чиққан. Унинг ёнида ити ҳам бирга бормоқда. Овчилар, одатда, овга ит билан борадилар. Унииг ишқида девона бўлиб тоғу даштларга чиқиб кетган ва Мажнун каби кийиклар билаи дўстлашиб, уларнинг орасида юрган ошиқ унинг ов қилгани келаётганини кўриб қувонади ва кийик шаклига кириб, унга қурбон бўлишни истайди. Лекин маъшуқа уни эмас, кийикни овлайди. Унга қурбон бўлишга эриша олмаган ошиқ унинг ёнидаги итни ва у итга маъшуқанинг яхши муносабатини кўриб, худодан ўзини ит шаклига киритишни орзу қилади, ёр олдида ўзининг итча ҳам қадри йўқлигига афсусланади. Ғазалнинг ғоявий-бадиий йўналиши ниҳоятда равшан ва аниқ. Бу равшанлик ва аниқлик эса ғазал композициясининг равшан ва аниқлигидан туғилмоқда.
Композиция бунда фикрларни бир-бирига қориштириб ифодалашга эмас, шеър ғояси ҳамда шаклининг содда ва тушунарли бўлишига қаратилган, шунга хизмат қилмокда. Мақтада эса ғазалдан усталик билан хулоса ҳам чиқарилмокда. Мақта шеърнинг ечими вазифасини ўтамокда.
Бу жиҳатдан «Бадоеъ ул-васат»даги қуйидаги ғазални кўриб ўтиш ҳам мароқлидир:

Томида эрмас кабутар хайли бу журъат била
Ким, парилар келди ошиқликка ул сурат била.
Ё малойик хайлидур, томида парвоз айлабон,
Эврулур бошиға ҳар кун юз туман ҳайрат била.
Ё кўнгуллар қушларидур - кўйини қилғон ватан
Ким, қўнарлар саъй этиб қовғон сойи шиддат била.
Ё кабутарлар кетурмиш номалар ушшокдин,
Они кўргач, кўйини айлаб ватан улфат била.
Эй кабутар, нетти бир пардек қанотингда ниҳон
Элтсанг номам ангаким - ёзмишам ҳасрат била.
Соқиё, тортай кабутар дам, кетур бир бодаким -
Бир кабутарбоз учун ўлдум ғаму меҳнат била.
Гар кабутардек Навоий ўлса ул ой кўйида.
Юз муаллақ урғой ул хуррамлиқу ишрат била(Қўлёзма - 677, в. 168.).

Бунда композиция, ғоя, бадиий тасвир - ҳаммаси шеърнинг бошидан охиригача бир образ - кабутар образи билан, ўша давр шеърияти учун янги ва ҳаётий образ билан боғланган. Лирик қаҳрамон - ошиқ ўта шартли маънодаги томида бир тўда кабутарларнинг айланиб, учиб юрганини кўриб, ўзича уларни гоҳ кабутар шаклида севги изҳор этгани келган парилар деб, гоҳ унинг ҳуснини томоша қилиб юрган малаклар деб, гоҳ унинг сон-саноқсиз ошиқларининг кўнгил қушлари деб, гоҳ унга ошиқларидан хат ташувчи кабутарлар деб хаёл қилади. Охирида унинг сўнгги тахмини ўзига маъқул бўлади ва кабутарга мурожаат қилиб, ўзининг ҳасрат билан ёзган хатини маъшуқага етказишини сўрайди. Ошиқ соқийга ҳам мурожаат этади ва ўзининг бир кабутарбоз ғаму меҳнатида ниҳоятда азобланганлигини айтиб, ундан май сўрайди. Бу ўринда маъшуқага «кабутарбоз» деган сифатнинг берилиши ва охирида ошиқ-шоир ўзини ёр томида учиб юрган кабутарга ўхшатиши ҳам шу ғазалнинг руҳига ниҳоятда муносиб тушган. Демак, Навоий ғазаллари композицияси гоҳо бир образ асосига ҳам қурилган бўлади.
Бу ғазалларнинг ҳаммасида Навоий ғазалчилигига хос энг характерли бўлган биринчи муҳим хусусият — мавзу аниқлиги, аниқлик, ҳаётга яқинлик ва шу асосда туғилган иккинчи муҳим хусусият композицион бутунлик, байтларнинг мазмунан бир-бирига боғланганлиги яққол кўзга ташланиб турибди. Бундаги бирор байтнинг ўрнини алмаштириш, ёзганда ё ўқиганда уни тушириб қолдириш ўқувчининг хаёлига ҳам келмайди. Бундай қилинса, шубҳасиз, ғазалнинг ғоявий-бадиий қимматига зарар етказилади. Ғазал композициясига оид бу ҳолатни биз шоирнинг биографик характердаги ғазалларида ҳам, фалсафий-ижтимоий мазмундаги ғазалларида ҳам кўришимиз мумкин. Шунинг учун бундай ҳолни Навоий ғазаллари композицияси масаласида умумий ҳол деб ҳисоблаймиз.
Навоий ғазаллари орасида композицион жиҳатдан ўзига хос бўлган бундай ғазалларни ҳам учратиш мумкин:

Шаҳру кишвардин илик юб, хонумондин кечгамен,
Хонумондин ким десун, икки жаҳондин кечгамен.
Ҳар замон бошимға юз тиғи бало айлаб қабул,
Умрдин тортиб этак, биллоҳки, жондин кечгамен.
Шаҳру кишвар, хонумон, икки жаҳону, умру жон -
Худ не бўлғай, - мунча юз ком ўлса, — ондин кечгамен.
Гар Сикандар мулки бирла Хизр умри берсалар,
Уйла мулку бўйла умри жовидондин кечгамен.
Мумкин эрмастур валек, эй меҳрибонларким, даме -
Қилса юз бедод ул номеҳрибондин кечгамен.

Ғазал, асосан, шу ерда тамом бўлади. Шоир бунда ҳақиқий ошиқ дунёдаги ҳамма нарсадан ҳам кечиши мумкин, аммо ўз севгилисидан, у ҳар дамда юз мартаба зулм қилса ҳам кечмайди, деган ғояни илгари сурмокда. Байтлар ўзаро ҳар томонлама ниҳоятда боғланган. Бу ғазал композицион жиҳатдан Амир Хусрав Деҳлавийнинг юқорида келтирилган «Зиҳи, намуда аз он...» деб бошланган ғазалини эслатади. Лирик асарнинг энг муҳим хусусияти, В.Г.Белинский айтганидек, муайян бир вақтда инсоннинг руҳий ҳаётида юз берган ҳис-туйғуларни бутун қарама-қаршилиги, тўлалиги ва теранлиги билан тасвирлаб кўрсатишдир. Навоийнинг ғазаллари, аввало, мана шу талабга тўла жавоб беради. Бунга ёрқин мисол сифатида Навоийнинг энг машҳур ва етук ғазалларидан яна бири «Муножот» куйи билан қўшиқ қилиб айтиладиган «келмади» радифли ғазалини келтириш мумкин:

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отғунча уйқу келмади.
Лаҳза-лаҳза чикдиму чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю ул шўхи бадхў келмади.
Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
Рўзгоримдек ҳам ўлғонда қаронғу келмади.
Ул париваш ҳажридаким йиғладим девопавар.
Кимса бормукин - анга кўрганда кулку келмади.
Кўзларингдин неча су келгай деб ўлтурманг мени
Ким, бори қон эрди келган, бу кеча су келмади...(Қўлёзма - 677, в. 174.).

Ушбу ғазалда севгилисининг ваъдасига биноан оқшом ва тун бўйи унинг йўлига кўз тутган, у келавермагач, юз хаёлларга борган, ҳар хил ҳолатга тушган ва юрак-бағри қон бўлиб кетган ошиқнинг ички туйғулари энг юксак санъаткорлик билан реал очиб берилган. Ғазалнинг шакли унинг мазмунига тўла мос бўлиб, ғазал композицияси ҳам унинг ғоявий-бадиий ифо-дасига, ривожланишига яхши хизмат қилмоқда. Навоийнинг бу каби ғазалларини жаҳон лирикасининг ҳар томонлама энг яхши дурдоналаридан деб ҳисоблаш мумкин.
Бироқ, Навоий ғазалларидаги композиция масалаларига бир хил ўлчов билан ёндашиш, уларга бир хил баҳо бериш ўта хато фикр бўлур эди. Бу масалада шуни қайд этиш керакки, Навоий ғазалларининг композицион хусусиятлари ҳам ниҳоятда ранг-баранг ва бой. Аммо шоирнинг ҳар бир ғазалидаги композиция масаласини текшириб чиқиш ҳам бу ўринда қилинадиган иш эмас. Бу ўринда биз Навоий лирикасидаги умумий хусусиятларнинг энг муҳимларигагина тўхтаётирмиз, холос.
Навоий ғазаллари орасида биз кўп мавзули ва, бинобарин, мураккаб композицияли ғазалларни ҳам учратишимиз мумкин. Масалан, қуйидаги ғазални кўздан кечирайлик:

Дашт аро дерменки, Мажнунни ўзумга учратай,
Ҳуш ондин ўрганиб, девоналиғни ўргатай.
Зуҳду тақво аҳли бандимга агар жамъ ўлсалар,
Ғам эмас - бир оҳ барқидин борисин бутратай.
Боғ гулгаштида беинсофлиғдур - гар десам:
Сарвни қаддингға, гулни оразингға ўхшатай.
Ул гул уйғонмас қуёш чиққунча ҳар тун, неча мен
Нолаи шабгир ила тонг қушларини уйғотай.
Ул париваш тифле мактабдин ториқмиш, пири дайр,
Қўйки, бир дам они мажнунлуғлар айлаб ўйнатай.
Бўлсалар Фарҳоду Мажнун булажаб ҳолим не деб,
Гоҳ они кулдурай, гоҳи бу бирни йиғлатай.
Деб эмишсен бир хаданг отқум Навоий кўнглига,
Тўқта ончаким - қарори йўқ кўнгулни тўқтотай(Қўлёзма - 677, в. 176.).

Бунда 1-2-байтларда лирик қаҳрамоннинг Мажнуннинг олдига даштга бориши ҳақида, 3-байтда унинг гулзорни сайр қилиб юриб, ўз ёри қаддининг сарвдан, юзини гулдан ортиқ билгани ҳақида, 4-байтда ухлаб ётган ёрининг уйғонишини пойлаб, ҳар кечаси нола чекиши ва тонг қушларини уйғотиб юборгани ҳақида, 5- ва 6-байтларда майхонада ўлтирар экан, ёри мактабдан чарчаб қайтгани ва ўзини турли телбаликларга солиб, уни ўйнатиш ва зериктирмаслик учун майхона пиридан кетишга рухсат сўрагани, бу қилиқлари билан Фарҳод ва Мажнун каби ошиқларни ҳам ҳайратга солмоқчи бўлгани ҳақида, 7-байтда ёрнинг шу ошиқ — Навоий юрагига ўқ отмоқчи бўлгани ва буни у билиб қолиб, беқарор юрагини ўзиёқ уришдан тўхтатишга қарор бергани ҳақида, яъни ўзини ўзи ўлдирмоқчи бўлгани ҳақида гап боради. Бу ўринда майда мавзу ва масалалар жуда кўп. Ҳамма байтлар ҳам мазмунан ўзаро бир хилда чамбарчас боғланмаган. Аммо бундан композицияда яхлитлик йўқ деган хулоса чиқмайди, албатта. Чунки шоир ўз олдига девона ҳолига тушган ошиқнинг мажнунвор аҳволини тасвирлашни, унинг ҳар томонга талпиниб тургач, ҳеч ишда, ҳеч ерда қарор топа олмаётган қалбининг нотекис уришини, унинг хаёлотининг ҳам ҳар томонга учиши ва тез-тез ўзгариб турганлигини кўрсатишни асосий мақсад қилиб қўйган. Ғазал мавзуси мураккаб бўлгани учун унинг композицион тузилиши ҳам мураккаб бўлиб чиққани, бу ўринда шоир ўз мақсадини амалга ошириш учун шакл масаласида қийин, лекин тўғри йўл тутгани тушунарли бўлиши керак. Бу ғазалда ҳамма нарса лирик қаҳрамоннинг характеридан келиб чиқмокда. Шу жумладан, композиция асосида эса, унинг турлича ҳаракатлари ётибди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси эса лирик қаҳрамоннинг характери билан мантиқий боғланган. Демак, ғазалдаги композиция масаласида мавзу билан бир қаторда, лирик қаҳрамон характерининг роли ҳам каттадир. Ғазалда кўп мавзулилик муносабати билан яна баъзи масалаларга ҳам тўхтаб ўтиш мумкин. Шоир ўз ғазалини маълум бир аниқ мавзуга бағишлаши ва ғазалда шу мавзуни ёритиши қонуний бир ҳол. Лекин баъзан шоир маълум бир мавзуни ёритаётиб, байтлар орасида, гап орасида асосий мавзуга боғланмаган бирор предмет ҳақида сўзлаб ўтиши мумкин. Навоий ғазаллари орасида бундай кутилмаган, тасодифий ёки тасодифий бўлиб кўринган байтлар баъзан учраб туради. Биз буни лирик чекиниш деб ҳисоблаймиз.
Навоий ғазаллари композицияси масаласида тизимга айланган иккинчи бир ҳол, бу мақта, гоҳо мақтадан юқоридаги бир, баъзан ундан ортиқ байтнинг асосий мавзу билан боғланмаслиги, кўпинча анъанавий мазмунга эга бўлишидир. Кўпинча, Навоий мақтада ўз ҳолини гапирса, ундан юқоридаги байтда майни улуғлайди, май ичишни, дунё лаззатларини ман қилган шайх ва зоҳидларни танқид қилади. Бу Навоий ғазалларида умумий бир ҳол бўлгани учун мисол келтиришнинг ҳожати йўқ.
Ғазалда, ҳар қандай бадиий асарда бўлганидек, шаклнинг аҳамияти ва ўрни ғоят каттадир. Баъзи ҳолларда шакл мазмунни очиб бериш билан бирга, мазмунга ўзининг кучли таъсирини кўрсатиб, уни белгилаши ҳам мумкин. Бунда ёрқин мисол сифатида ғазалда қофия, хусусан, радиф масаласини олиш мумкин.
Радиф Навоий ғазалларида оддий поэтика элементи ўрнида оҳангдошлик, ташқи безак вазифасинигина ўтамайди. Кўп вақт радиф ғазалнинг бутун композициясини белгиловчи асосий ўқ (стержен) ўрнида келади. Бундай ғазалларда ҳамма гап шу радифга боғланган, мавзу ҳам, бадиий тасвир ҳам шу радиф атрофида айланади. Агар бундай ғазалдан радиф чиқариб ташланса, ғазал ўзининг бутун ғоявий-бадиий қимматини йўқотади. Чунки, бундай ғазалда шоир бутун юкни шу радиф устига ортган бўлади. Жумладан, Навоийнинг «Ғаройиб ус-сиғар»даги «дуд» радифли ғазалини келтиришимиз мумкин:

Йўқки, оҳимдин қилибдур тийра бу вайронни дуд
Ким, қаронғу айламиш вайронаи давронни дуд.
Дуди оҳимким чиқар уй тўнглукидин бутрабон,
Дошхона айламиш бу кулбаи иҳзонни дуд.
Оҳи дудиму экин ё ишқ уюмга солди ўт,
Буки тутмуш ҳужрау гунбазни дуд, айвонни дуд
Ҳажр зиндони сияҳчол ўлди оҳим дудидин,
Эмди зиндон этти ишқ аҳлиға бу зиндонни дуд.
Оҳ вақти чун оқар ашким қаро ҳижрон туни,
Муҳраи айлар шабаҳ ҳар бир дури ғалтоини дуд.
Тийра оҳим ҳар дам андоқ тўлғошур бўғзумғаким,
Чиққали қўймас кўнгулдин нолау афғонни дуд.
Кеча ул ой кўйи даврида чекибмен ўтлуғ оҳ,
Хайли анжумни шарар бил, гунбази гардонни дуд.
Чарх мотам кисвати бермиш манга ё оҳдин -
Пардаи шабгун била ёпмиш мени урённи дуд.
Бода шамъи бирла, эй соқий, ёрут кулбамниким,
Оҳдин қилмиш қаро бу кулбаи вайронни дуд.
Олам аҳлининг вафосизлиғларидин чексам оҳ,
Сунбулистон айлагай юз гулшану бўстонни дуд.
Эй Навоий, асру равшан эрди ҳажрим шомиким,
Тийра оҳимдин қаророқ ҳам қилур ҳижронни дуд(Қўлёзма - 677, в. 15-16.).

Куйган, ёнган ошиқнинг тутаган аҳволини акс эттирган бу ғазалда ҳамма гап «дуд» сўзидан иборат радиф билан боғланган. Бу «дуд» сўзини шеърдан чиқариб ташлаш ёки бирон сўз билан алмаштириш асло мумкин эмас. Акс ҳолда, шеърнинг бутун мазмуни, композицияси бузилади ёки ўзгаради. Бунга Навоий ғазалларидан юзлаб мисол келтириш мумкин. Баъзан қофия ҳам ғазалда шундай муҳим ўринни тутади. Масалан:

Кимса ёри бирла хуштур ғам дейишиб мунграшиб,
Ётса гоҳи чирмашиб, ўлтурса гоҳи ёндашиб.
Зулфи эл кўнглин паришон айламакка жамъ ўлуб.
Турфароқ буким, кўнгулларни йиғарға торқашиб.
Мумкин эрмас тортмоқ пайконларинким, жисм аро -
Ҳар пари маскан тутубтурлар сўнгакка ўрнашиб.
Чиқти зулфин солғоч ул чоҳи занахдондин кўнгул,
Анкабут ул навъким ториға чиққай ёрмашиб...(Қўлёзма - 677, в.Ю.).

Ғазал шу тарзда давом этади. Бундаги қофиялар ўзбек тилидаги феълнинг биргалик даражасига оид сўзлардан иборат бўлиб, маълум даражада ғазалдаги ҳаракат бирлигини, композиция бирлигини, байтлар орасидаги ўзаро боғлиқликни белгилаб бермокда. Ғазалдаги бу грамматик шакл унинг бутун ғоявий-бадиий руҳига таъсир кўрсатиб турибди.
Ўзбек ғазалчилигида улуғ санъаткор даражасига кўтарилган ва ўзигача бу соҳада, аввало, ўзбек ғазалчилигидаги, қолаверса, форс-тожик ғазалчилигида мавжуд илғор анъаналарни ривожлантириб, ғазал жанрини янги тараққиёт даражасига кўтарган Навоий ғазалларининг муҳим шакл хусусиятларини таҳлил қилиш натижасида, биз ғазал шаклига кўплаб адабиётшунослар томонидан берилган таърифлар ҳали мукаммал эмас, деб ҳисоблаймиз. Турк адабиётшуноси О.С.Левенд ўзининг «Диван адабиёти» асарида ғазалга берган таърифида ғазалнинг композицияси, байтлар сони масаласида:
«Ғазалда у қадар бирлик йўқ. Ҳар байти алоҳида бир фикрни ифодалайди. Бундан ташқари, қасидалар юз байтга қадар бўлгани ҳолда, ғазаллар ўн беш байтдан ошмайди...», деган фикрлари унча ҳақиқатга тўғри келмайди ва аниқ эмас.
А.Мирзоевнинг «Рудакий ва Х-ХV асрларда ғазал тараққиёти» асари баъзи мунозарали фикр ва хулосаларга эга бўлишига қарамай, умумжаҳон адабиётшунослигининг ҳам ютуғидир. Бироқ у, асосан, форс-тожик ғазалчилиги билан боғлиқ ва шу материал асосида ёзилган бўлиб, ундаги фикрларнинг ҳаммасини ўзбек ғазалчилигига татбиқ этиб бўлмайди. Ўзбек адабиёти, ўзбек тили, ўзбек халқи ўзига хос хусусиятларига эга бўлгани каби, шу халқнинг руҳини бадиий акс эттирган ўзбек ғазалчилиги ҳам қатор ўз хусусиятларига эгадир. Шунинг учун ўзбек ғазалчилиги тарихи ва шу билан боғлиқ масалаларни янада махсус таҳлил қилиш ҳамда ўрганиш талаб этилади. Ғазалчилик соҳасида ўзбек шоирларининг мустақил йўл тутиб, катта муваффақиятларга эришганликлари шубҳасиздир.
Биз юқорида Ҳофиз, Хусрав Деҳлавий ва Жомий девонлари Навоийнинг ажралмас ўқув ва ўрганув китоблари бўлганини айтиб ўтган эдик. Албатта, Навоийнинг ғазалчиликда ўзбек ғазалчилиги анъаналарини давом эттириши билан унинг ғазалчиликда буюк ном қозонган форс-тожик шоирларидан ўрганиши ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Ғазалнинг бу устозларидан Навоий маҳорат масалаларини, ғазални қандай қилиб жамиятда кураш қуроли даражасига кўтаришни, ғазалда сўзни қандай ишлатиш, ўткирлаш йўлларини камтарлик билан ўрганди, ўзини доим уларнинг шогирди ҳисоблади. Биз буни Навоий ғазалларининг мавзу доираси ва лирик қаҳрамонларини текширганда яққол кўрамиз. Аммо Навоий ғазалларининг мавзу доираси ва лирик қаҳрамони, умуман, Навоий лирикасининг мавзу доираси ва лирик қаҳрамони масалалари алоҳида мавзу бўлиб, бу кенг ва катта масалаларни биз алоҳида бобларда текширишни, бу бобда эса шоир ғазалларининг шу шакл хусусиятларинигина кўриб чиқишни маъқул кўрдик.
XV аср форс-тожик ва ўзбек адабиётида лирика соҳасида ғазал етакчи жанр эди. Бу аср шоирларни шеъриятнинг ушбу турини янада ривожлантириш учун бутун кучларини сарф қилар ва бунга ҳар қанча пешона тери тўкишни арзийдиган иш деб билар эдилар. Абдураҳмон Жомий «Ашиъат ал-ламоат» асарида ғазални мақтаб ёзади:

Аз фунуни шеъри фан беҳтарин омад ғазал,
Чун некўрўёнки дар сурат беҳанд аз чинну унс.

Мазмуни:
Ҳунарлардан шеър фанида энг яхшиси ғазалдир,
Суратда гўзал юз жинну унслар каби яхши.
Шу даврнинг Навоийга яқин, Навоий тарбиясида вояга етган машҳур ғазалчи шоирларидан бири Бадриддин Ҳилолий «Шоҳу Дарвеш» достонида ғазал ҳақида шундай деган эди:

Муддай, чун мазоқи шеър надошт.
Маснавиро беҳ аз ғазал пиндошт.
Нақди ганчинаи сухан ғазал аст,
Шукри борики назми ман ғазал аст.
Он, ки назми ғазал тавонад гуфт,
Маснавиро чу дур тавонад суфт(Бадриддин Ҳилолий. Осори Мунтахаб. Нашриёти Давлатии Тодикистон, 1958, 197-198-саҳ.).

Мазмуни: Муддаий шеър мазасини билмагани учун ғазалдан маснавийни ортиқ кўрди. Сўз гаижинасининг накди ғазалдир. Худога шукурки, менинг назмим ғазалдан иборат. Кимки ғазал айтишни билса, маснавийни дурдек тиза олади.
Навоий ҳам ғазални яхши кўрар ва «Мажолис ун-нафоис»нинг муқаддимасида уни шеъриятнинг барча турларидан «дилосороқ ва нишотафзороғ»и деб ҳисоблаган эди. Аммо Навоий масалага холис ёидашиб, ғазални Хилолий каби ҳеч бир идеаллаштирмаган, хусусан, уни маснавийдан юқори қўймаган. У «Хамса»нинг охирги достони «Садди Искандарий»да ўзининг умр бўйи ғазаллар ёзиш билан шуғуллангани, лекин бу шакл унинг буюк ғояларини акс эттиришда кичиклик қилгани сабабли ундан қаноатланмаганлиги ва бу ғояларни ифодалаш учун катта достонлар ёзишга киришганлиги ҳақида гапиради.
Вале қонеъ ўлмай ушоқ ишга ҳеч, Димоғимда эрди улуғ печ-печ...(Алишер Навоий. Хамса, 1237-бет.)
Бу Навоийнинг ҳар қандай шеърий шакл имкониятларини мукаммал тушунганлигини ва унинг имкониятларидан мумкин қадар тўла фойдаланишга интилганини кўрсатади. Шакл масалаларига бундай тўғри ва холис, онгли ёндашиш Навоий ижодининг яна бир ажойиб, бизнинг давримиз шоирларига ҳам намуна бўладиган фазилатдир. Навоий шу йўл билан бориб, ўзбек адабиётида лирика тараққиётига, хусусан, ғазал тараққиётига ҳар томонлама мисли кўрилмаган даражада катта ҳисса қўшди.

Абдулқодир Ҳайитметов
"Навоий Лирикаси" китобидан