Искандар ва Доро PDF Босма E-mail
21.06.2024 23:31

Искандар билан бўлган ажойиб ишлардан бири унинг Эрон шоҳи Доро билан бўлган муносабатлари эди. Доро жаҳон шоҳи эканлигида, Файлақус Рум мамлакатининг ҳукмдори бўлиб, у ҳам бошқа ҳокимлар қатори ҳар йили зарур хирожни ўз вақтида ҳеч қандай важ-баҳонасиз тўларди. Хирож миқдори муқаррар бўлиб, тухум кўринишидаги минг олтин эди. Файлақус вафотидан сўнг бу хирожни Дорога ўз вақтида етказиш вазифаси ҳам ўз-ўзидан Искандарга ўтган эди.
Рум мамлакати икки-уч йил давомида Занг шоҳи билан қаттиқ жанглар олиб борганидан Дорога юбориши керак бўлган маблағи етарли эмас эди. Хирожни ўз вақтида юбормаса, Искандарга Доронинг душман бўлиб қолиши аниқ эди. Хирож юбориш вақти етганида, Доронинг махсус навкари келиб, олиб кетилиши керак бўлган олтинларни талаб қилди. Шоҳ уни ҳузурига чақиртирди. Кириб, таъзим қилиб, Искандарга сажда бажо қилган навкар дуо қилиб, ерга қараб ўтирди. Искандарннинг кўриниши навкарга ваҳм солиб қўйган эди. Искандар вакилдан «Доро шоҳи комрон хушмудур? Анга мулк ойини дилкашмидур (Мамлакат аҳли у кишидан хурсандмилар?)» деб сўраган эди, навкар ўрнидан туриб жавоб берди. Искандар: «Келишингдан мақсадингни айт, Доро не деган бўлса тўла-тўкис айтавер», дегач, навкар: «Эй шаҳаншоҳи олиймақом! Сўзимни сўрадинг, жавоб берсам, сенга фармон бергандек бўлиб қоламан. Малик Файлақус Рум аҳлига шоҳ бўлганда, ҳар йили минг олтин тухумни хирож қилиб тўлашга ваъда берган эди. Уч йилдан бери ўша хирож юборилмаяпти. Шу уч йиллик хирож юборилса, дўстлигимиз яна ривожланаверарди. Агар берсаларингиз, ҳисоблаб кўриб олиб кетай, бўлмаса қандай жавоб айтсаларингиз шуни етказаман», деди.
Искандарга бу сўз қаттиқ ботди, ғазаби келганидан сўзлари ҳам дарғазаб чиқди. Юзи рангидан ўт нишони кўриниб, худди бутун жаҳонни ёндириб юборадигандек бўлиб яна бир лаҳза бошини қуйи солиб, у ўтга ҳикмат сувини урди. Илми, ақлу камолининг кўплиги ғазаб аскарларининг андишасини рад қилди. Сўнг шоҳ сўзга оғиз очиб бошини кўтарди, навкарнинг сўзларига жавҳар дурдоналари билан жавоб бериб шундай деди:
«Дорога мендан салом айт! Саломдан сўнг менинг ушбу жавобимни етказ! Шоҳликнинг бақоси йўқ, фано охиратдан бошқа натижаси йўқ. Бугун эрталик умр учун ранж чекмаки, албатта ганж узра ганж қўйгайсан, холос. Сен ҳаддан ортиқча хазиналар йиғдинг. Улар сен учун хаддан ташқари ранж олиб келди. Сенга ҳам, бизга ҳам бу хазиналардан фойда йўқ. Тухум тилаб кўп меҳнатга уринаверма. Тухум туғадиган қушлар аллақачон учиб кетиб бўлган.
Сенинг ишинг кучсиз шоҳлар билан тушган, менингдек киши билан тушмаган. Оқиллик хурсандлик олиб келади, зўравонлик эса бекорчи тамаъ, холос. Бекорга орамизга хусумат солмагин. Уруш бўлса, молу давлатинг менга паноҳ бўлади деб ўйлама. Сипоҳ сенда кўп, менда озроқ бўлса, озу кўпга бергувчи ёлғиз Аллоҳдир».
Бу сўзларни эшитаётган навкар сув бўлиб кетди. Ўрнидан туриб, на ўлик, на тирик бир ҳолда ватанига йўл олди. Отда тез-тез юриб, Доро ҳузурига етиб борди-да, Искандар жавобини шоҳга етказди. Жавобини эшитган Доро тамоман ҳайратда навкардан сўради: «Ҳар ким бу бўлмағур гапларни эшитса, девонанинг сўзлари бўлса керак деб ўйлайди. Ё бу сўзларини сўзлаётганида маст эдимиканки, гапираётган чоғда ўзини унутган бўлса ё ҳали ақли кирмаган ёш бола у, чунки сўзларидан ақл иси келмаяпти. Мен уни телба ё маст фаҳм этдим. Ё бўлмаса ақли кирмаган ёш бола деб ўйладим. Сўзлари маъносини уқиб кўрайлик. Шукуҳи билан савлатидан бирон белги тополмадим. Унинг фикри ўйламай айтилгандур».
Бу сўз Дорони шу қадар диққат қилдики, ғазаб ўти қайнаб, бу ўт давронга ўт солгандек, йўқ, йўқ, бутун фалакка ўт солгандек бўлди. Мактуб келтирган вакилни боғлаб, чуқур зиндонга ташладилар.
«Менинг неварам тенги, ота-оналари саройимда хизмат қилиб юрган бу гўдак шундай сўзларни айтишга журъат қилибдики, уларни сўз деб ҳисоблаб ҳам бўлмайди. Мендан ҳам, элимдан ҳам уялмай, бу сўзларни битган экан, уни даф этишим ва унинг ким эканлигини кўрсатиб қўйишим керак. Шундай жавоб берайки, ҳар бир бузуқи бу жавобни ёдидан чиқармайдиган, уни эслаганида эс-ҳуши ўзига келадиган бўлсин».
Аввало, сўзамол бир одам топиб ўзининг ўткир ўроқдек, йўқ олмосдек сўзларини айтиб, «чавгону гўй» билан бир идишда кунжут бериб йўлга узатди-да, сабрсизлик билан кута бошлади. Доро юборган вакил узоқ масофани босиб ўтиб, қизил тилини ўз бошига офат қилиб Искандарга ўзининг кимлигини баён қилди. Шоҳ буюргач, қосид элчини саройга киритишиб, ҳукмдорга рўпара қилдилар. Шаҳаншоҳга кўзи тушган вакил айтмоқчи бўлиб турган сўзларини ҳам унутди. Жисмидаги жон заифлашб, ер ўпиб, дуо қилди-да, хатдаги гапларни сўзлай бошлади. Шоҳ дедики: «Сўзингнинг барчасини арз қил, дилингдаги барча гапларни айтавер!»
Элчи шоҳ олдида бош қўйиб деди: «Жонингга ҳақдан минг туман мақтов бўлсин. Сенинг олдингда сўз айтишга ҳаддим йўқ-у, сенга Доро сўзларини етказишга мажбурман. У нима деган бўлса айтай. Йўқ десанг, қаердан келган бўлсам, қайтиб кетайин», деди.
Искандар унинг гапини тинглаб: «Келтирган сўзлари муҳим бўлса керак», деб ўйлади. Элчи хатни ўқий бошлади: «Хирож деган қадимги русумимиз бор. Отанг тириклигида бу хизматни ўз вақтида бажариб келди. Сен унинг ўрнини эгаллагач, отанг йўлидан боришинг керак эди. Аммо сен итоат қилишни, отанг йўлидан боришни истамадинг. Қарзингни эслатиб, қошингга одам йўлласам, ҳаддинг бўлмаган сўзларни айтиб юборибсан. Лекин ёшинг кичик бўлгани учун, бошинг ҳалигача тошга тегмагани учун, бу иш билимсизлигингдан, сенда жаҳолат кўпу ақл озлигидан, деб билдик. Шунинг учун сени кечирдик. Энди ўша пулларни олиб, қошимга келасан-да, остонимни ўпасан. Агар ваҳмдан қўрқсанг, буйруғимни бажармасанг ёки яна илмсизлигинг, ўжарлигингни давом эттирсанг, ўзингнинг ҳали ҳам ёшлигингни унутмаган бўлсанг, сенга муносиб нарса юбордим, ундан бўюн тоблама», деди-да, элчи бориб бир чавгон билан бир тўп келтириб шоҳ рўпарасига қўйди ва гапини давом эттирди: «Агар гўдаклигинг ҳали ҳам давом этаётган бўлса, сенга гўю чавгон муносибдур. Бу иккиси бошқаю, давлат иши бошқа иш. Агар айбингни тушуниб етиб, кечирим сўрамасанг, мен билан низо қилишни хоҳлаётган бўлсанг, жаҳлингни қўйиб, ўз жонингга раҳм қил. Сипоҳим ҳисобини шу кунжудча бил!» деб ўрнидан турди-да, элчи бориб ўзи келтирган юклар ичидан бир идишни келтирди ва оғзини очиб, ичидагиларни ерга тўкиб деди: «Шоҳдин ҳар ким қўрқмаса, сипоҳини бу кунжуддин қиёс этсин». Сўзини тугаллаган элчи жавобни кутиб ерга боқиб турарди. Унинг гапларини ниҳоний табассум билан тинглаган Искандар аста сўз бошлади: «Доройи даврон шоҳи покзод ажаб сўзларни изҳор айлабди. Сўзлашда ихтиёрини йўқотиб, ажаб ҳикматларни ошкор айлабди: шоҳларни ўзининг бандаси деб атабди улуғларнинг улуғи, бу гуруҳни Илоҳ ўз лутфи билан улусга шоҳ қилган. Уларни ўзига банда деб хитоб қилиш яхши эмас. Уларнинг қуллиғи ҳаққа одатдир, агар Тангри бандам деса чин эрур.
Яна ул мени: «Маст, телбалик занжириға пойбаст бола», дебди. Бу уч сўзга ўзи жавоб бериши керак. Чунки бу сўзлари куфрга тенгдир. Бўлмаса, икки обрўли шоҳлар мамлакат учун низо этсалар, бири бўлса фарзанд улуғ бир кичик, бу сўз демас ўлса улуғда билик. Қўтонни катта қушлар сонига киритамиз, лекин унинг сунғур2 олдида не жони бор?
Яна бир нарса: шоҳ менга эҳсон қилиб гўй билан чавгон юборибди. Бунда ҳам нозик бир маъно бордир. Ер юзини думалоқ деб билган шоҳ уни гўйга (тўп)га ўхшатибди-да, уни менга бутунисича тутибди. Демак, Ҳақ оламни менга берибди. Қўлимга чавгонини олганим эса шоҳ менга майдонини тутибди, очиқ қолдирибди, деган маънони билдиради. Шоҳ юборган бу совғалардан мамнунман.
Бу кунжудки, у юборган экан. Рамзини баён айласам, уларни шоҳ ўз сипоҳларига қиёс қилибди. Менинг сипоҳимни эса қушларга ўхшатиб, уларга раҳбарлик қилиш учун ҳали ёш эканлигимга башорат қилибди». Шундан сўнг Искандар шу кунжут ҳисобига яқин бўлган қушларни ҳайдаб шу майдонга олиб келтирган эди, улар бир пасда донларнинг барчасини бир дона ҳам қолдирмай еб битиришди.
Элчи Искандарнинг бу қилаётган ишларини кузатаркан, хижолатдан нима қилишни билмасди. Сўнг Искандар буюрди: «Энди Доро қошига бориб, эшитган жавобингни еткиз, менга айтган сўзларингни унга ҳам айт».
Элчи бу сўзларни тинглагач, оёғи билан келиб, боши билан чиқиб кетди. Доронинг вакили ўз манзилига етиб боргач, Эрон ҳукмдорига Искандар сўзларини узундан узоқ сўзлаб берди. Доро бу жавобни эшитиб, жисмига ғазаб ўтидан иситма тушиб, ёнар ўтга айланди. Тўхтовсиз юравериш уни чақмоқдек қилиб қўйди. Гоҳ давронни лаънатлар, еру кўкка таънаю шитоб этарди. Бу ҳаяжонлар таъсирида лашкар тўплашга фармон берди. Рум, Зангибору, Фарангдан, Эрону Турон, Чину Машриқ замин, Жанубу Шимол жаҳоннинг тўрт томонидан икки йил давомида ер сатҳига сиғмайдиган шунча сипоҳ йиғилдики, уларнинг бу қирғоғидан у қирғоғини кўриб бўлмасди. Барча қўшин ваъда қилинган, тайинланган манзилга тўпланишгач, шоҳ улар томон йўл олди. Сипоҳлар томон назар ташлаган шоҳнинг ўч олиш ўти янада алангаланиб кетди.
Эл шоҳлари, иқлим валийлари кетма-кет совғаю-саломлар билан келиб туришар, барчалари Доро хизматига тайёр туришарди. Доро ўзи учун солинган саройда қурилган баланд тахтга чиқиб ўтирди. Сўнг «Мулк султонларининг барчалари келиб ер ўпсинлар-да, салом берсинлар, бу уларнинг эҳтиромлари саналади», деган буйруқ берди.
Ярим кунгача султонлар қалин қўшин орасидан ўтиб салом беришди. Уларнинг ичида энг шарафли мансабдор шоҳу султонлар бўлиб, Хитойдан Мангу қоон, Ҳинд элидан Қорахон, Мисрдан Варқау Бош, Дашт элидан Темуртош, Ховарон мулкидан Фарангис, Ширвон мулкидан Давали каби юзлаб буюк зотлар бор эди. Улар олиб келишаётган совға-саломлар, қуроллар, жанг яроғларини ҳисобловчилар юз йил шитоб билан ишлаганларида ҳам уларнинг саноғига етолмасдилар.
Сипоҳларни манзилларга тарқатишгач, лашкарбошиларни ичкарига таклиф этдилар. Атрофини шоҳу сипоҳдорлар, улуғлар ҳар томондан ўраб ўтиришгач, Доро ўз сўзини бошлади: «Бунчалар сипоҳ тўплашимизга сабаб бу эдики, Румдан Файлақус жаҳон билан хайрлашгач, унинг ўрнига мажнунваш, ўту сувдек саркаш ўғли тахтга ўтирган эди. Мана, уч йил бўлди, хирож тўламай, тожи билан хурсанд бўлиб юрибди. Хирож тўламаслик сабабини суриштириш учун юборилган вакилимизни ўсал қилиб қайтарибди. Бемаъни сўзларида бирор ақлли сўз йўқ. Яна вакил юбориб, панд-насиҳат қилдим, фойдаси бўлмади. Адабсизлик билан қилган жавоблари мени дарғазаб қилди. Беодобона сўзларини эшитгач, унинг қулоғини бураб қўйиш мақсадида аскар тўплаш учун ҳар томон одамлар юборилди».
Шоҳлар ўринларидан туриб, ер ўпиб дедиларки: «Унинг ҳолини танг қилиш учун юриш қилиш ҳожатмиди? Шунча аскар ўрнига бир қулни юборсангиз ҳам бўларди-ку!»
Шоҳ дедики: «Шунча лашкар йиғишимиздан мақсад Румни оромгоҳ қилмоқ, унинг ҳудудига Зангибору Фарангни ҳам киритиш фикрини ўйлаяпмиз. Бир неча кун бу ерларни тавоф қилиб, кейин қайтсак ҳам ёмон бўлмайди».
Шоҳ бу сўзларни айтгач, барча рози бўлди. Ҳаммалари шоҳ сўзига амал қилиб, манзилларини аниқлаб Рум сари йўлга тушдилар.
Булар кўчма-кўч бўлиб Рум сари бораётганлари ҳақидаги хабар Искандарга ҳам етди. У ҳам ғофил қолмаслик учун ёв томонга доим лашкар йўллаб, аҳволдан хабар топиб турарди. Нима зарур бўлса, фаҳм билан жойига қўярди.
Искандар ўз аскарларини шундай тайёрлаган эдики, олам сипоҳи келса-ю, уларнинг ҳар бири Рустам каби паҳлавон бўлса, ёв олдига сомон тўпланганида, етишиши билан совурилган сомон каби бўларди.
Доро муросаю мадоро чоғига фурсат қолмаганини англадию, бутун аскарлар билан илгари юриб душман лашкарларига қўрқув солмоқчи бўлди. Душманлар ораси ўн манзил бўлиб, икки ёндан ҳам қўшинлар эҳтиёт бўлиб боришарди. Уруш бўладиган жойга эса бир кунчилик йўл қолган эди. Ора ерда тоғ бўлиб, икки ёнида икки дашт ҳам бор эди. Икки даштда икки душман эли жойлашган. Ҳатто ел ҳам улар орасидан йўл тополмасди.
Искандар сипоҳ атрофини айланиб мустаҳкам хандақ қурдирарди. Кўнгли тинч бўлиб, юз тиғзан камончини ўзи билан бирга олди-ю, ул лашкар билан тоғ устига чиқди ва ўша ердан ёв қўшинини томоша қилмоқчи бўлди. Қарасаки, ер юзини сипоҳ тутган, тоғу текис ер қорайиб ётарди. Одамлар ҳаракат қилишга ҳам йўл топишолмасди. Осмонни тутуну гард тутиб кетган эди. Искандар ёв аскарлари ичида бўш жой қолмагани учун уларнинг сонини ҳам аниқлай олмади ва чуқур ўйланиб қолди. Хаёлида: «Икки томон уруш бошлашса, улар зичлиги туфайли бемалол урушолмайди ҳам. Бу ердан кетишнинг ҳам имкони йўқ, айланиб ўтмоқчи бўлсам ҳам фойдаси йўқ».
Донишманд шоҳ шуларни ўйлаб турганди, бир тош устида икки кабутар кўринди, улар бир-бирлари билан аёвсиз уришар эдилар. Бирининг жуссаси забардастроқ, яна бири паст бўйли бўлиб, кучсизроқ эди. Каттасида қанча қувват бўлса, кичигида шунча заифлик сезиларди.
Искандар бу кучу заифликни кўриб, ўзи билан Дорога нисбат берди. Шу пайт ногоҳ ҳаводан бир бургут пастлаб келиб, чаққонлик билан каттасини ушлаб олиб, учиб кетди. Гўё у каптар бу орада йўқдек эди. Искандар бу ҳолдан хушдил бўлди, кучига куч қўшилди. Унга душманлик қилаётган ёв енгилиб, лекин ўзга ердан шикаст топишини сезди. Бу ишдан ўзига далда бериб, ёвнинг қадри паст бўлишини билиб, сипоҳи томон юрди, гўё жонсиз баданга жон киргандек бўлди.
У тоғдан наво топиб уйғонгандек, қуёш нурларини тоғ ортидан соча бошлагач, бир замон ҳамма ёқни дуд босгандек бўлиб турди-ю, нариги даштдаги Доро ўз даргоҳида ғалаба шодиёнаси хаёли билан банд экан, кўзига Искандарни ҳеч илмас, қазодан не ҳол бўлганидан бехабар эди. Саркардалари:
«Гар шаҳ ҳукм этса, беваҳму бим,
Эрурмиз анга ҳар биримиз ғаним».
Бири дерди: «Кўргач қаро қочқуси».
Бири дебки: «Узр эшигин очгуси».
Искандар лашкарлари эса эртага ўлгунча урушишимиз керак, уларни албатта мағлуб этишимиз зарур, деган қатъий фикрда эди. Шоҳ бўлса, кўзидан уйқу қочиб, элга яхши сўзлари билан мадад бериб, ғалабага ишонч ҳосил қилиб, қўрқаётганларга умид бағишларди. Сипоҳлари эса тинмай совут, дубулға, найза каби уруш қуролларини ясаш билан овора эдилар. Иккала томон учун ҳам туннинг ўтиши қийин бўлди. Қуёш тоғлар ортидан ўз жамолини кўрсатгач, иккала майдонда ҳаракат бошланиб кетди. Сипоҳлар ҳаракатидан ер зилзилага дуч келгандек бўлди.
Доро Искандарга қарши қўшинини ростларди. Сипоҳ эмас, балки бир қонхўр дарё, худди фалак денгизига ўхшаб кетарди у. Бу лашкарнинг бир чеккаси ғарбда бўлса, иккинчиси шарқда эди. Қўшинни турли усулларда тўққиз марта қайтадан тузиб чиқди.
Қўшиннинг ўнг қанотида Машриқ замин сипоҳлари ўрин олган бўлиб, бу лашкар Чин сарҳадидан Самарқандгача чўзилган эди. Уларнинг ёнида юз минг ўзбек билан мўғул сафланганди. Юз эллик минг қалмоқ ҳам улар билан ёнма-ён турарди. Барчаси олти юз минг сипоҳ бўлиб, барчаси ҳам уруш ишини ҳунар қилиб олган эди.
Етти ранг зарбоф кийим кийган Чин сипоҳлари жангга ҳозир бўлиб турар, улар ичида кўплаб зирҳли темир кийим совут кийганлари ҳам анча эди. Улар билан сафдош бўлиб Манғит, Мовароуннаҳрдаги 10 шаҳар эли сафланишганди.
Қўшиннинг сўл қанотида Мағриб эли саф тортган бўлиб, темир кийимлари, найза-ю, қалқонлари, дубулғалари сариғ рангда эди. Араб отлиқлари қирқ минг учқур от устида мағрур турар, улар қора ипаклардан кийим кийиб олишган эди. Ҳатто байроқларигача қора рангли эди. Сўл қанот ҳам 700 000 сипоҳдан ташкил топганди.
Доро қўшинининг ҳужумчи — илғор қисми — ҳировул етти юз минг кишидан ташкил топган бўлиб, бари оқ кийимдаги дашти Қипчоқ эли, Хоразм аҳлидан тузилганди. Сўл қўшин марказидаги сафларнинг ҳар бири юз минг нафардан ташкил топган бўлиб, барчаси шоҳга яқин одамлардан бўлгани учун яшил кийим кийиб олишган, Доро ҳам улар ичида эди.
Нариги дашт томонда эса шердил Искандарнинг қўшинлари уруш тадориги билан банд эдилар. Шоҳ ўнг қанотга франтсуз аскарларини белгилади. Улар душманнинг қалин кўп эканлигини билишмас, билсалар ҳам уларни кўзга илишмасди. Гуҳарранг кийим кийиб олган фаранглар етти бахмал кийимга ўранишган эди. Улардан 100 000 таси ғоят кучли жангчилар саналарди.
Сўл қанотини Искандар Бартосу Рус сипоҳларига ишониб топширганди. Уларнинг ўзлари ҳам, отлари ҳам темир кийимларда эди.
Ҳировул марказига эса ҳабаш сипоҳлар қўшилганди. Темир қалпоқларига эса ўтаға ўрнида шаҳпарлар ўрнатилган. Қўшин маркази эса румлик паҳлавонларга топширилганди. Қизил юзли бу йигитлар ўзларини ёвга янада даҳшатлироқ кўрсатиш учун йўлбарс, қоплон, шер териларидан устиларига ташлаб олгандилар. Рум шоҳи ўз лашкарлари билан бирга Эрон қўшини турган майдонга қараб йўл олди. Қўшин жилиб бораркан, карнайлар, ноғоралар оламга наъра солар, ҳилпираётган ипак байроқлар жилвагар бўлиб, ажойиб манзара ҳосил қилган эди. Икки сипоҳ бир-бирига яқинлашгач, аввал шундай сурон солдиларки, оламга ғалаён тушгандек бўлди.
Бир лаҳза сурон тингач, чанг-тўзон аста-секин пасайиб, халойиққа жанг майдони кўринди ва Доро лашкарининг олдинги қисми намоён бўлди. Энди нима бўлишини сипоҳлар икки томондан томоша қилиб туришган ҳам эдики, Искандар қўшиннинг олдинги сафидан бир паҳлавон жанг майдони сари от чоптириб кетди. Унинг ўнг қўлида узун бир найза, эгнида эса лаъл ранг қалқон осилиб турарди. Оқ ипакдан енгил тўн кийиб олган паҳлавон майдон ўртасида тўхтаб гап бошлади. У аввало ўз подшоси Искандарни дуо қилди, «Ёви устидан зафар қозонсин!» деб илтижо қилди-ю, ҳамма ёққа бир-бир қараб олгач, баланд овоз билан шундай деб ҳайқирди: «Мени Бориқи Барбарий дейишади. Бурун мен шоҳ Дорога қул эдим. У мени назарига илмай, кўп хафа қилди ва менга кўп ёмонликлар кўрсатди. Шоҳга қилган илтижоларим ҳам жавобсиз қолиб кетди. Ижозат сўраганим учунгина қаҳр айлаб таёқлатди. Доро менга шунча зулму шикаст қилган эди, мен Искандарпараст бўлдиму даргоҳига паноҳ истаб бордим. У менга кўплаб лутфу карам қилди. Мен ҳақини олиб ишини бажармаганимдан шармандаман.
Бугун бу майдонга азм қилибмен, икки иш учун кину разм айлайман: бири улким, шоҳимга бандалик қилиб ўзимдан шармандаликни даф этай. Яна бири ўлим расмини тузиб Дорога ҳам кўрсатай. Қилган жангимга мойил бўлса, муродим ҳосил бўлади».
Бориқ сўзини тамом қилган ҳам эдики, Доро томонидан бир қотилваш ўт каби ловуллаб чиқиб келди. Отининг жиғасидан бош-оёқ кўк темир ичидаги филга ўхшарди. Унинг қўлидаги найза ходадек келарди. Уни сипоҳлар шери даррон йиртқич шер деб аташар, одамлар эса Ҳаррон деб билишарди. У жанг майдони расм-русумини бажариб бўлгач, шоҳга дуо айлади-да, Бориқ томонга югурди. Бориқ ҳам уни чақмоқдек кутиб олди. Икки паҳлавон чирмашиб анча олишдилар. Уч юз олтмиш олти марта найзалар бир-бирига тегмагач, охир Бориқ ўз найзаси билан уни уриб туширди ва жуда узоқ масофага отиб юборди. Кейин бўйнига сиртмоқ солиб шоҳ олдига етказди.
Искандарга бу ҳол шодлик келтирди. Бориқ яна ер ўпти-ю, майдон томон елиб кетди. Яна бир полвонни талаб қилар экан, бошдан оёқ темир кийинган, кичкинагина отга минган мўжаз бир сипоҳ жангга кирди. Оти Шайдо бўлиб, Ҳарронга қариндош эди. У беқарор бўлиб Бориқнинг йўлини тўсди. Бориқ ҳам алам билан унга ташланди. Иккови ҳам найзаларини бир-бирларига рўбарў тутишиб, от устида шамолдек елишаркан, ғалаба яна Искандар томонига ҳал бўлди. Барбарий уни ҳам найзага санчиб, шоҳ олдига олиб бориб ташлади.
Барбарий яна майдонга чиқиб, ўзига рақиб тиларди. Шу куни Барбарий тўққиз паҳлавонни асир қилиб олди. Яна унга қарши ҳеч ким чиқмади. Бориқ ўз ўрнида тураверди. У Дорога таъна қилиб: «Бирон одам чиқсин», деб шитоб қилган эди, Доро тарафидан бир паҳлавон майдонга қараб от суриб чиқди. У филдан ҳам зўр филтан, қомати бўлса каркидондек келарди. Икки кўзи икки олмосдек, доираси қон тўла тосдек эди. Ўзи Мағриб заминидан бўлиб, урушқоқ бир қабиладан эди. Қайси подшо оламга шоҳ бўлса, шу қабиладан сипоҳ чақириб душманларини тезгина даф этарди.
Жангчилар Бориқдан хавотирда эдилар. Икков паҳлавон анча қаттиқ олишдилар. Бориқ бу паҳлавонгача тўққиз кимса билан олишиб жангда енггани учун қўли анча толиқиб қолган эди. Шу пайт белида оғриқ ҳам пайдо бўлди. Рақиби пайт пойлаб туриб, уни ўнг қўли билан маҳкам тутиб, чап қўли билан эса ғанимини кўтарганича Мағриб томон олиб кетди. Шу кетганича кўздан ғойиб бўлди. Бу ҳолни кўриб турган Искандарнинг кўнгли бузилди, лекин Доро хурсанд эди. Мағрибий ўзи енгган рақибини ўз ҳузурига олиб келиб ташламаганига ҳайрон эди у.
Қош қорайгач, яна икки томондан талоя — навбатчи сипоҳлар атрофни кузата бошлашди. Доро ўз қароргоҳида зўрма-зўр ичкилик ичаркан, эртага нима бўлишини ўйларди. Икки лашкар уйқуга кетган чоғда Искандар ибодат қилиб ўтираркан, икки чаққон сипоҳ келиб, унинг қўлига нома тутишди. Шоҳ хатни очиб ўқиса, ўз дардининг чораси ёзилган экан. Доронинг яқин амалдорларидан икки киши унинг зулмидан тўйиб, ўлим хавфи остида экан. «Доро бизни ўлдирмасдан бурун биз уни бир ёғлик қила қолайлик», деб уни яширинча қатл этишга келишишган экан. Искандар номани ўқиб, бу душманларимнинг макру фириби бўлмасин яна, деб хатга жавоб бермади. Индамади-да, отига миниб чиқиб кетди, эртасига эрталаб қотиллар ўз ваъдаларини бажариб, Доронинг икки ёнидан қилич урдилар. Бири Доронинг бошига ҳам қаттиқ урди. Доро кесилган дарахтдек йиқилди, Доро қўшинида нотинчлик бошланди. Тўс-тўполон кучайди, Искандар отидан тушиб Доро ёнига келди. Қараса, рақиби қоп-қора қонлар ичида ётибди, Искандар Доронинг бошини ўз қўйнига қўйди-да, кўз ёшларини тўкиб турган эди, Доро кўзини бироз очиб, устида ким турганини кўрди-ю:
Марҳабо, эй шоҳи навжавон,
Жаҳон узра ҳам шоҳу, паҳлавон
Атодан ўғул бўлмағон сен киби,
Адув узрини қўлмағон сен киби.
Агар бошимни кесиш учун келган бўлсанг, муҳлат бер, сенга бир-икки сўз айта олай», деди.
«Мен бу ишлардан хабардор бўлсам ҳам, розилик бермаган эдим», деди Искандар. Доро: «Менинг уч сўзим уч насиҳатдир. Аввало бегуноҳ ҳолда менга қилич санчган қотилларимни жазолагин. Иккинчиси: қариндошларимни жазолама, учинчиси, қизим Равшанакни ўз никоҳингга ол!» деб хайрлашди. Кейин мотам тутишиб, шоҳона бир тарзда Дорони дафн қилиб, урушни тўхтатишди.
Доро вафотидан сўнг тўпланган лашкарлар бирин-кетин ўз ватанларига қайта бошладилар. Искандар Доро тахтига ўтириб, унинг васиятларини бажаришга киришди. Бурун шоҳ Дорога аза тутди, Дорони ўлдирган икки қотилни ҳам сўроқ қилиб, икки дорга оёғидан остирди ва элга уларни тошбўрон қилишга фармон берди. Кейин баданларини куйдиришга, кулларини эса осмонга совуришга буюрди. Элга шодлик қилишга рухсат берилди. Равшанакка нома ёзилиб, азани тўхтатиши, тўйга розилик бериши сўралди.
Искандар Доро тахтига ўтирди. Ўзигача ҳукмдорлик қилган минг уч юз йил давомида ўн тўрт олампаноҳнинг Доро қалъасидаги 180 хазинасини текширишиб, шоҳ девонидаги хазина дафтарини олиб борувчи амалдор билан ҳисоб-китоб қилдилар-да, барча хазина молини жамлаб шоҳ ҳузурига олиб келдилар. Шоҳ хазиналар ҳисобини очиқ ҳолда элга баён қилишни буюрди. Рўйхат ўқилганда, барча одамлар ҳайрон қолдилар. Шоҳ фармонига итоат қилиб уларни саройдаги асосий хазинага ташишдилар. Икки йилгача шаҳардаги хазиналар мулки сарой хазинасига ташилди. Бу ҳали бор мулкнинг чорагига тўғри келарди. Кейин шоҳ фармони билан қолган мол-мулкни ўз жойида қолдириб, яхшилаб беркитдилар. Қолган мулк ҳисобчилар саноғига кўра етти юз минг туман эканлиги аён бўлди. Сўнг шоҳ сипоҳларининг ҳар бир гуруҳи, сипоҳдорлар, наввобу ҳожиблар қанчадан ойлик олишни аниқлаб жамлашни буюрди. Уларнинг миқдори ҳам сарой белгилаганидан анча ортиқлиги маълум бўлди. Ойлик учун белгиланган пулнинг ярмигина сипоҳлар қўлига етиб борар экан. Шоҳ бу аҳволдан хабар топгач: «Маош барча сипоҳ аҳлига баробар қилиб берилсин», деган буйруқ бўлиб, улар харажатлари учун етарли маош ола бошладилар. Сипоҳлардан ташқари 600 000 ёрдамчи ишчиларнинг маошлари ҳам шу тарзда кўпайтирилди. Барча сипоҳийлар шоҳнинг «Манга ганж ҳавас эмас, сипоҳу раият манга ганж» деган сўзларидан ниҳоятда қувониб, шодланишарди. «Хазинадан элга нафъ етмаса, ундаги лаъллардан оддий тош афзалдир. Агар тош зарар келтирмаса, хазинадаги бойликлардан элга юз хатар бордир. Агар шоҳ хазинаси фойда бермас экан, жаҳон аҳли унинг сарбасар душманидир. Эл хазинадан фойдаланар экан, жаҳонни забт этмоқ ҳам осон бўлади», деди Искандар.