Искандар — адолатли ҳукмдор PDF Босма E-mail
21.06.2024 23:28

Искандар оламнинг энг пок кишиларидан, билим ичида ҳам ягона алломалардан эди. Унга тож билан тахт мақул келмай, бу ташвиши олдида ғоятда малолатли эди. Агар ота васиятларига қарши бориб, ўз кўнглини шод этай деса, дилига хуш келмасди. Кўп ўйлаб фикрлаб кўргач, халқни йиғиб бир анжуман тузди, унга мамлакатнинг барча обрўли, донишманд кишилари йиғилди. Шунда Искандар ғоятда ёқимли сўзларни айтди:
«Эй мамлакатингиз Рум бўлган қавмим, олийжаноб, бой-бадавлат бўлсангиз ҳам, тангрига мен каби бир бандасиз. Мен сиз каби эмасман, сизларга қараганда заифроқман, чунки ёшроқман, отасиз, ғам чеккан бир кимсасизман. Аллоҳ отамни лутф айлаб, бу ўлкага подшоҳ қилган бўлса, у, бу ишга сазовор эди, бу юкни кўтаришга қуввати ҳам етарли эди. Аждодларим ҳам бу мулк аҳлига ҳукмронлик қилишган бўлса, улар ҳам тахтларига муносиб, қудратли ва бахтиёр кишилар эдилар.
Мен эсам бағоят кучсиз, давлатни бошқариш ишига тайёр бўлмаган бир йигитман, бу ишга кучли, қудратли, мендек заиф бўлмаган киши керак. Ахир шер тортган юкни чумолига тортиши осонми? Филнинг юкини пашшага ортиб бўладими? Шоҳлик қилишга менинг ниятим ҳам йўқ, бундан воз кечсам ҳам, узрлиман. Мен ўз фикримни айтдим, бу ишда нималардан ташвишланаётганимни гапириб бердим.
Сиз энди ўзингизга бошқа шоҳ топинг, бу ўлкага олампаноҳ топинг.
У ҳар бир ишда замон аҳлининг муносиби, шоҳлиғ ишига лойиқ инсон бўлсин. У қуёшдек қудратли, меҳрга бою, фикри тиниқ, адолатда фасли наврўздек, сиёсатда жаҳонни куйдирувчи чақмоқдек, ҳар қандай душманга қарши чора топа оладиган, кези келганда қаттиққўл, айни чоғда элпарвар бўлсин. Ўшандай одамга давлатни топширинг, бошини тож билан безатинг. У эҳсон булутини ёғдириб, мамлакат бўстонини боғи Эрамдек безатсин. Душманлар ҳолини паришонҳол қилиб ўтга қилич селидан сув урсин. Зўравонларнинг биронтаси раиятга ситам қилса, бундай зўравонлар қўлини қирқтирсин. Мусофирлар учун йўллар доим очиқ бўлсин, қароқчининг қорасини кўргизмасин. Ўғриларнинг йўлларини ўтолмайдиган қилиб қўлини қисқа қилсин.
Зулм таълимини беришни мутлақо йўқотсин. Ҳақ буюрган ҳамма нарсаларни бажариб, рост сўзловчи одамлар қўлини узайтирсин. Золимларга йўл бермай, элга тинчлик-тотувлик етказсин». Очиқ юзли шоҳ сўзини тугатгач, одамларнинг ҳар томондан қичқириқлари эшитилди.
«Эй одил шаҳаншоҳимиз! Нега бизни фарёд чектиряпсан? Элга адолатингдан етар чоғда бундай зулмни раво кўрдинг? Шундай сўзларни сўзлаяпсанки, бу халқ бағрини қонга айлантиряпти. Бу сўзларни айтганингдан кўра қонимизни оқизгилу, йўлингда жонимиз фидо бўлсин. Сен бу эл бошиидин йироқ бўлгунингча, улар жонларидан йироқ бўлсалар яхшироқ-ку! Сенинг сўзларинг жон бағишловчидир, улар бизнинг ҳаммамизни бараварига ўлдиришига оз қолди-ку!
Сенинг салтанатни тарк этишинг ҳақида сўз бўлиши мумкинми? Сенинг ўрнингни эгалловчи зот бўлиши мумкинми? Бугун олам ичида фалаклар сиридан сен огоҳ бўлмаган илмлар топилмайди. Буни фақат Рум аҳлигина эмас, жаҳон халқи ҳам яхши билади. Фалак қуёши сенинг мунаввар чеҳранг. Жаҳон сен каби шоҳни, қуёш талъат, Муштарий нурли ҳукмдорни кўрмаган. Гўёки юзинг адлидан гул билан хуршиддан атру нур ёғилиб тургандек. Сенинг вужудингда ақлга дўстлик кўриниб турибди, жамолингда эса жаҳондорлик аён. Сенинг зотинг аро бу ҳимматки бордир, санга Рум султонлиғи ордир.
Биз биламизки, бу мамлакат ҳам сенга кам, умидимиз борки, бутун жаҳон сенинг қўлингга тушгай. Осмон авзоидан очиқ ва яширин Жаҳон сеникидир деган ҳукм ёзиб қўйилибди.
Яна бошқа ҳукмдорни фармон берувчи қилмагил.
Жаҳон аҳлини бенаво қилмағил. Агар сен бу ишни қабул қилмасанг, бу мулк аҳли фарёдига етмасанг, меросхўрлик мулкингга бошқани қўйиб, уй ичига бегонани раво кўрсанг, бу балога не қиларимизни билмай, баримиз ватанни ташлаб кетишни ихтиёр қиламиз. Ҳар мамлакатда гадоликка тушсак, бу можарони Худо сендан сўрайди».
Искандар уларнинг бу хил аломатларини, аломатлари эмас, қиёматларини кўриб, айтган гапларига пушаймон бўлиб, эл ҳолини кўриб кўнгли бузилди. Ҳам тобеларнинг яхши ниятлари, ҳам отасининг васиятлари унга кучли таъсир кўрсатдики, уни ўзгартиришнинг иложи қолмади. Кўнгли ҳаддан ташқари бузилди-ю, халқ илтимосини қабул қилди.
Шаҳзода розилик бергач, Арасту тезгина ўрнидан турди-да, Искандар бошидаги тожни олиб, боши устида баланд тутди. Арасту унинг бир қўлидан, доно Балинос яна бир қўлидан ушлашиб, шоҳга мадҳу сано айтишиб, уни тахт устига чиқардилар. Искандар қадамидан тахт улуғ поя топиб, қуёш боши устига бахт соя солди. Арасту билан Балинос эмас, гўё Хизр билан Илёс эдилар. Искандарни тахтда кўтариб олиб келишаркан, ҳамма одамлар ёнларидаги пулларини унинг бошидан сочишар эди.
Халқ шодлиги ниҳоясига етгач, Искандар хурсандлик билан тахтидан тушди-да, салқин хонага кириб, кичик базм тузиб, май ичди. Шоҳ ва аҳоли ўртасида турли масалалар бўйича савол-жавоблар бўлди. Одамлар чиқиб кета бошлагач, шоҳ кўзини уйқу босди. Ярим кечада сажда учун туриб, кўзидан шодлик ёшлари оқиб ибодат қилди.
Қуёш чиқиб, чор атрофни ёритгач, юлдузлар кўздан йўқолдилар. Искандар яна тахтига чиқиб ўтирди. Чор атрофни яна одамлар ўраб олдилар. Йиғилганларга қараб шоҳ шундай нутқ сўзлади:
«Илоҳим менга халқ аҳволини сўраш ҳуқуқини берди.
Ичингизда кимнинг менга илтимоси бўлса, ўз аҳволини арз қилсин. Қошимда сўзини айтар экан, мени бир ўзидай гумон этсин. Тахтим даҳшатидан ҳам, тожимдан ҳам асло қўрқмасин. Мени шоҳ деб изтироб чекмасин, ҳамма гапини тўлиқ сўзласин».
Халқ арзи ҳол айтишни бошлади, шоҳ саҳардан қоронғу тушгунга қадар уларнинг дардига даво қилди. Одам ўлдирганнинг бўйнига уриб, қўлни кестирганнинг қўлини кестириб, мазлума-ю муштоқларга нон бериб, бечораларга раҳм қилиб, золим аҳлини ерга паст қилиб, зулм аҳлини ерга бош қўйдирди. Зулм аҳлининг бошини паст қилган шоҳ яхши қилади: жафокор жафокорни боши эгик ҳолда кўради.
Шу тарзда ярим кунгача эл сўзларини эшитиб чоралар кўрди. Отаси замонида қайси иш халойиққа озор берган бўлса, уларни эл бошидан даф этди. Олдинги шоҳлар расм этган халқ манфаатига қарши ишлар, баъзи қонунларни бекор қилди. Ҳамма соҳада адолат билан иш кўра бошлади. Раиятнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, икки йил уларни барча хирожлардан озод этди. Ҳамма ходимларни қаттиқ интизом билан ишлашга ўргатиб, ёмонларни жазолаб, иш ўрнидан пасайтириб турди. Яхшиларни тарбия қилиб, ночор ва мажруҳларга ёрдам бериб турди.
Яна нархлар билан ҳам шуғулланиб, қиммат сотувчиларни танбеҳлаб турди. Тарозининг икки бошини текислаб, муҳр билан тошини темирдан ясаттирди. Қари — ўлчаш асбоби ҳам шу тарзда темирдан ишланиб, халқ газмолларни алданиб кам олишдан қутулди. Катта тарозуни ҳам ихтиро қилиб, олибсотарлар ўртасидаги жанжалларга барҳам берди. Ҳалолликни таъминлайдиган чоралар қўллаб, ўғрилик, эгрилик йўлларини тўсиб ташлади.
Йўлларга қоровуллар қўйиб, йўловчиларни ҳар турли хавф-хатардан қутқазди. Адолат қўлини шундай баланд тутдики, кийик арслондан қўрқмайдиган бўлди. Тустовуқ билан қарчиғай ёнма-ён ётарди. Оз вақт ичида Искандар шундай чоралар кўрдики, адолатдан Рум аҳли бойиб кетдилар.
Шаҳеким, адолатдур онинг иши,
Тенг эрмас анга шоҳлардан киши.
Ёш, адолатпарвар шоҳ мамлакатни обод қилиш учун яна кўп ишларни бажарди. Ҳоким кўп йиллар давомида ўргатгани каби у адолат ҳавосини яхши билиб олганди. Унга адолат ҳам, шижоат ҳам, ҳикмат ҳам ёр эди. Қуёшдек олам узра байроқ кўтариб, жаҳонда шундай ишларни қилдики, ҳеч ким бу жаҳонда бажарган эмасди. Шундай мўжизаларни яратдики, кўплаб жаҳондорлар унинг қудрати олдида мағлуб бўлдилар. У қилган ишларни айтиб тугатиш учун асрлар ҳам етмайди. Барча қилганини айтиб ҳам бўлмайди, сўз бошлаган бу айтилганларни тугатишга ҳам ожизлик қилади. Яхшиси бўлиб ўтган ҳодисаларни қисқартириб баён қилингани дуруст. Шу йўлни тутсам мақсадимни амалга оширган бўламан.