Сабъаи сайёр (наср) PDF Босма E-mail
21.06.2024 23:05

Шоҳ Баҳром Рум билан Чинни ўзига бўйсундиргач, Чин хоқони билан Рум қайсари унга тобе бўлиб қолдилар. Кейинчалик етти иқлим шоҳи унга бож тўлайдиган бўлди. Фармонга кўра хирож тўлаши керак бўлган ҳар бир ҳукмдор зарур маблағни ҳар йили тўплаб пойтахтга ўз вақтида юбориб туришлари шарт эди. Тобе мамлакатларда олинган ҳосилдан ҳам тўхтовсиз совға-саломлар келиб турарди. Шоҳ Баҳром эса эртадан кечгача айшу ишрат билан банд бўлиб, мусиқа ва ашула тинглаш билан ором оларди. Унинг саройида энг машҳур созандаю ҳофизлар тўпланган бўлиб, улар ҳамма жойда ҳукмдорга ҳамроҳлик қилишарди.
Шоҳ Баҳром кунлари овсиз ўтмас, кечалари эса хилма-хил соз, жонбахш ашулаларни тинглашни ёқтирарди. Ов вақтида қайси томонга ўқ отса, албатта бирор ҳайвонни қулатар, уларнинг қонига ҳамранг май ичишдан роҳат оларди. Ов қилиб бораркан, қаерда бирон гўзал манзил дуч келса, ўша ерда дам олиб қадаҳ ичар, чангу рубоб куйларидан ҳузур қилиб, ўзи ўлдирган ҳайвонлар гўштидан кабоб тановул қиларди.
Бир куни шоҳ ов маҳали бир майдонда базм тузиб ишрат билан банд экан, хонанданинг сўлим ашуласи билан ўз кўнглини хуш этаркан, ўзининг бутун оламга қиблагоҳ эканидан шодланиб: «Худойим мени аҳли олам ҳукмдори қилган экан, бунинг шукронаси учун элни шод айлаб, адолат билан иш юритишим, муҳтожларга меҳрибонлик кўрсатиб, бева-бечоралар дилларини хушнуд этмоғим зарур», деб хаёл сурар экан, чор атрофни томоша қилиб баҳра оларди. Шу пайт дашт бўйлаб тез-тез юриб бораётган бир одамга кўзи тушди. Яёв йўл босаётган бу инсонга ачинган шоҳ унга яхшилик қилмоқни истаб бир мулозимга: «Тезда отингга мингин-да, яна бир отни етаклаб, ҳу анави мусофирни тўхтатиб, отга миндиргин ва уни ҳузуримга олиб келгин», деб буюрди. Хизматкор йигит шоҳ ҳукмини бажо қилиб, йўловчини ҳукмдор олдига бошлаб келди. Шоҳ Баҳром уни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, ҳол-аҳвол сўради. Биёбонда кезиб юрган киши ер ўпиб, таъзим бажо келтирди-да, ўрнидан туриб ниҳоятда ёқимли сўзлар билан шаҳаншоҳга шундай мақтов ёғдирди-ки, эшитганлар «Офарин!» деб юбордилар. Ҳукмдор уни ўтиришга таклиф қилди. Мулозимлар дарҳол хилма-хил таомлару, май тўла идишларни келтиришиб, меҳмонни зиёфат қилишга киришишди. Мусофирнинг боши майдан қизиб борар экан, шоҳ унга кетма-кет саволлар берар, у эса ўзининг доно жавоблари билан мезбон кўнглига шодлик бағишларди. Дашт кезувчи бу одамнинг ақлу донишига қойил қолган Баҳром унга мурожаат қилиб: «Сени кўп илмлардан хабардор эканлигинг сезилиб турибди. Бу маконда кезиб юришинг сабабини, ўзингнинг касбу корингу қилган ишларингдан сўзлаб бергил, биз ҳам улардан баҳравор бўлайлик», деди. Меҳмон ер ўпиб шундай жавоб қилди: «Мен бу даштда мусофирлардек кезиб юрган бўлсам ҳам, ўз ишимда замонанинг ягонасиман. Дўсту ҳамроҳларим йўқ, ҳеч кимсага юрагимдаги сирни ошкор қилмаганман. Ўзимни ҳам, ҳозир айтиб берадиган сиримни ҳам одамлардан пинҳон тутиб юрдим. Бу даштда кезиб юришимдан мақсадим жаҳон подшоси бўлган шоҳ Баҳром ҳузурига етиб бориб, унга яширган сирларимни сўзлаб бериш эди. Ўша манзилга етмасимдан бу сўзни сўраб қолдинг. Айтмай десам, мақсадим ҳосил бўлмай қолади. Сен ҳам шоҳга ўхшайсан, Баҳром бўлмасанг ҳам, мақоминг уникидек баланд. Сен унга жуда ҳам ўхшаб турибсан.
Кўнглимни ғамга солиб қўйдинг: айтмасам ҳам ёмон, айтсам ҳам». Шоҳ бу сўзлардан боғ каби очилиб кетди-да, чироғ шуъласи каби сўз бошлаб, шундай деди: «Эй даштда шитоб билан кезиб юрган банда, сен ўз мақсадингга етганингдан бехабарсан. Агар Баҳромни қидириб юрган бўлсанг, гапиравер: мен сен излаб юрган шоҳ Баҳромман».
Мусофир бу сўзни эшитиб, севиниб кетди-да, шукронасига сажда қилиб, мўл-кўл дуо айлади, ер ўпиб, одоб билан ўтириб сўзга киришди: «Шоҳ мендан аҳволим ҳақида сўзлаб беришни сўраган эди. Мени жаҳон эли Моний деб атайди. Кўпгина билимларни биламан, лекин сурат чизишда шуҳрат қозонганман».
Шоҳ худди шундай одамга талабгор эди, Моний сўзларидан қувончга тўлди, ўлган одам яна тирилгандек, хурсанд бўлиб кетди. Меҳмонни қучоқлаб, ҳурмат кўрсатди, кўп лутфу эҳсонлар қилиб, у айтмоқчи бўлган сир мазмуни ҳақида савол берди: «Мен етти иқлимни кезиб чиққанман. Жаҳондаги бор ажойиботларни кўрганман. Бир маҳал Хитой томонга йўлим тушди. У ерда бир савдогар билан танишиб қолдим. Унинг молу дунёси сон-саноқсиз, пули юз минг тумандан ҳам кўпроқ бўлиб, дуру лаъллари денгизу кондек эди.
Аммо унинг шундай бир бебаҳо дури бор эдики, ҳар бир базмни ой каби ёритарди. У қиз асли хитойлик бўлиб, ниҳоятда гўзал ва хушовоз эди. Қўлига чангни олиб, наво чекса, уни кўриб, эшитган ҳар бир одамнинг жони мингта бўлса, биттаси ҳам қолмасди. Мендек кимса юз минг тил билан юз минг йил мақтасам ҳам унинг таърифини тугатолмайман. Қизнинг хожаси унинг гўзаллигини халқдан асраш учун сандал ва уд дарахтларидан кажава ясаттирган, унга хилма-хил қимматбаҳо матолардан ёпиб, лаълу дурлар билан безаган. Мен айтган гўзални ўша кажава ичида олиб юради. Унга атаб сандал ва уддан чанг ясаттирган бўлиб, уни гўзал қиз чалиб туради.
Хожа у Зуҳраваш парипайкарни сотмоқчи ҳам бўлган эди, юз минглаб харидорлар чиқди-ю, биронтаси ҳам сўралган нархни беролмади, чунки унинг баҳоси Хитой мамлакатининг хирожига тенг эди. Аввалига уни Хитой хоқони сотиб олмоқчи бўлди, лекин аъёнлар бунга қарши чиқдилар. «Бор давлатингни бериб, у қизни сотиб олсанг, шоҳ Баҳромга юбориладиган хирожни қандай тўлайсан? Қўшин юборса, сипоҳинг йўқ, қуролларинг йўқ, унда ҳолинг не кечади? Яхшиси бу истагингдан воз кечгин, нафс деб изтироб чекма, мамлакатингни хароб этма», дейишди улар. Шундан сўнг хоқон ўз муддаосига эришиш тилагини унутди. Мен эсам у гўзал ҳақида сенга хабар беришга аҳд қилдим-да, ҳузурингга совға билан борай деб, у қизнинг суратини чиздим», деб тоза хитой ипагига ишланган расмни унга узатди. Шоҳ у пари тасвирини кўрибоқ девона бўлди. Ҳеч кимга биронта ҳам сўз айтмай оқшомгача расмдан кўзини узмади. Ишқ шоҳни бечорага айлантирди. Моний бу ҳолатни кўргач, Баҳромга: «Ўз ишингга бирон тадбир ўйлаб топ.
Токи бирон ҳодиса юз бериб, у пари қўлдан кетиб қолмасин. Бундай ҳол юз берса, иложини ким топа олади?» деди. Шоҳ унга: «Мени бу сурат шайдо қилди. Бу дардимга ўзинг даво топгин. Айт, унинг висолига етишиш учун нима қилай?» деб илтижо этди. Моний деди: «Ишбилармон, ақли расо кишилардан юбориб, қийматини тўласанг, ўзингга Хитой хоқони юборадиган хирождан воз кечсанг, муроду мақсадингга етишасан. Ё Хитой хирожидан кеч, ё у париваш хаёлини унут».
Шоҳ Баҳром буни эшитгач: «Бу ҳолда қизга етишиш учун Хитой молигина эмас, жаҳон молидан ҳам воз кечишга тайёрман», деди-да, донолик ва поклик билан танилган юзтача кишини, кўплаб хизматкорлар, канизларни тезлик билан Хитой томон йўллашга амр қилди. Хоқон номига ҳам хат ёзиб берди. Уларнинг барчаси жўнаб кетишгач, Баҳром қўлидаги сурат, қошидаги Моний билан жони нотавон бўлганича қолди.
Шоҳ Баҳром ҳукмига кўра Хитой сари йўл олган карвон ўзлари кўзлаган манзилга етиб боргач, донишмандлар хоқон саройига бориб, номани ҳукмдорга топширдилар ва олампаноҳ мақсади ҳақида унга сўзлаб бердилар. Хон қўлини кўксига қўйиб, хизматга киришди ва у гўзал қизнинг хожасини ўз ҳузурига чақиртирди-да, шоҳ Баҳром муддаосини баён қилди. Хожа хоқондан ўзи талаб қилган баҳони _ Хитой мамлакатининг бир йиллик хирожини олгач, қизни саройга олиб келиб, Баҳром юборган элчилар қўлига топширди. Улар фурсатни бой бермай, қизни кажавага ўтқазиб, юртлари томон жўнадилар. Карвон даштлардан илдам юриб борарди.
Бу пайт Дилором ишқи билан ўртанаётган шоҳ Баҳром ҳижрондан оҳ тортиб, ўз севгилисини орзиқиб кутарди. Ишқ дарди уни беҳол қилиб қўйган, ҳар бир кун кўзига бир йилча бўлиб кўринарди. Туну кун фиғон чекиб, ёри висолига интизор бўларди. Сабру қаноати тугаб бораётган шоҳ дилдор суратига қайта-қайта боқиб, гоҳида бехуш бўлиб ўзини йўқотар, бир жойда бирон соат ҳам тинчиб ўтира олмай, қасрда ҳам, боғда ҳам кезиб ором топа олмас, қаср устида базм уюштириб, у ердан йўлни тинмай кузатар, бирон чанг ё қора кўриниб қолса, танига титроқ тушиб, ҳушидан жудо бўлар, ўзига келгач йўлга мулозимларни чиқарар, севгилисидан нишон топилмагач, яна ўтли фиғон чекар, саройда кутишга тоқати тоқ бўлиб, ов баҳонасида отга миниб, дашт томон йўл олар, Хитой йўли томон юриб, ёридан хабар топиш учун дуч келган кишиларни саволга тутар, Хитойдан келаётган одамлар учраб қолса, қайта-қайта мурожаат қилиб дилбари ҳақида бирон хабар эшитишга орзуманд бўларди.
Моний шоҳнинг бу аҳволини кўриб, уни юпатишга, кўнглига таскин беришга интилиб, турли афсоналар сўзлаб берар, лекин Баҳром унинг ривоятларига эътибор ҳам бермасди. Хуллас, шоҳ анча вақтни шундай беоромлик билан ўтказди. Ниҳоят, бир куни шоҳга у орзиқиб кутаётган париваш келаётгани ҳақида хабар етказишди. Баҳром у қуёш ўзининг ҳажр шомига нур сочишидан қувончга тўлиб, жисмига изтироб тушди. Хитой сари йўл олган карвон шаҳарга етиб келгач, шоҳ йўллаган кишилар Хитой хонининг мактубини, юборган совға-саломларини, гулчеҳра гўзални топширишди. Шоҳ уларни қимматбаҳо эҳсонлар билан сийлади ва »Сарви раънони ўзи учун ҳозирланган ҳарамдаги хос ҳужрага олиб боринглар», деб буюрди.
Дилором шоҳ тайинлаган уйга жаннат боғига қадам қўйган ҳурдек кириб келди. Бироздан сўнг шоҳ Баҳром тез-тез қадам босиб унинг ҳузурига ташриф буюрди. Шоҳнинг жисми бетоб бўлиб, кўнгли ҳароратга тўла, ўзи ишқдан масту бодадан сархуш эди. Дилоромга кўзи тушган шоҳ жаннатда безакдор қасру унинг ичида яна бир жаннатни кўргандек бўлди. Бу жаннат жонли ҳур, йўқ, ҳур эмас, балки нур сочувчи қуёш эди. Юзи ёнидаги қоп-қора узун сочлари гўё Чин мамлакатидан мушк олиб келган карвонга ўхшар, юзи гулзордек гўзал бўлиб, икки лаби ажойиб икки гулбаргни эслатарди. Бу лаблар сўзлаш учун очилганида, ҳар тарафга дурлар сочиларди. Ранги лаъл (ёқут)ни эслатувчи бу икки лаб гўёки жон бўлиб, «жон» сўзи охиридаги нун ҳарфининг доираси унинг бақбақасига ўхшаб кетар, гўёки тақдир котиби «жон» сўзини ёзиш чоғида «нун» ҳарфи сиғмай қолиб, уни пастга жойлаштиргандек кўринарди. Тишлари лаъл ичидаги дурлар тизмаси ёки оби ҳаёт (ҳаёт суви)даги шудрингга ўхшарди. Қошлари пайваста-туташ бўлиб, икки қулоғидаги икки ялтироқ дур икки юлдуздек нур сочиб турар, қадди жаннат ниҳолидек, бели эса хаёл ипидек бўлиб, бу ипни топиш жуда қийин эди. Устида гулгун ипакдан тикилган кўйлак бўлиб, юзига яшил рўмол ёпинган, бинафшаранг тўни хилма-хил қимматбаҳо тошлар билан безатилганди. Ушбу кўринишдаги Дилором ҳур эмас, башар офати бўлган пари каби гўзал эди.
Шоҳ кириб келганида, у ўрнидан туриб ер ўпди. Шоҳ унга назар ташлаб, қизнинг суратдагига қараганда юз бора латофатлироқ эканига ишонч ҳосил қилди. Қоғоздаги тасвирни кўриб, жисму жонидан айрилган шоҳ унинг аслига боқа олгаймикин, боққанида ўз ҳушидан айрилмасмикин? Хуллас, шоҳ ўз муддаосига _ Дилоромига етишди. Хонада икковидан бошқа ҳеч кимса йўқ бўлиб, Баҳром ўз севгилиси билан бирга эди. Бу манзилда не ишлар бўлиб ўтганини баён қилишга эса ожизман.

Муродига етишган шоҳ Баҳром яна айшу ишратга берилиб кетди. Гоҳ жаннатмисол гулшанда, гоҳ жаннатга намуна бўларли қасрда шоҳона базм уюштирар, гўзал Дилором у боғни парихонага айлантирарди. Гул юзли сарви қомат дилдорига шайдолик билан боқаркан, шоҳ дам-бадам ақлу ҳушидан айриларди, қиз чангини қўлига олиб куй бошлаганида, жон ипларини узар, эшитганларни ақлидан жудо айларди. Чанг торларидан таралаётган оҳанглар қақнус деган афсонавий қушнинг тумшуғи тешикларидан чиқаётган ажабтовур куйлар сингари бутун элни ўзига мафтун этар, наволардан бор олам ўртанарди.
Шоҳ Баҳром ўз дилбари чеҳрасидан кўзини узолмас, навосини тинглаб тўймасди.
Бўлубон жонсиз, ўлмайин онсиз,
Онсиз ўлғон замон бўлуб жонсиз.
Тун кун лаҳ-  ни бирла бода ютуб,
Юзидин базми айшини ёрутуб,
Кўрмаса они қолмайин жони,
Кирибон жони кўргач-ўқ они.
Шаҳ тузуб базм ул пари бирла,
Чарх хуршиди ховари бирла.
Ул наво чекса, бу фиғон тортиб,
Чу ул рухсор очиб, бу жон тортиб.
Гаҳ саҳро наварду, даштхиром,
Ичибон сайднинг нишотиға жом.
Онда ҳам ҳажрин иттифоқ этмай,
Они ўздин даме йироқ этмай.
Шоҳ саҳро кезиб ов қилиб, ўз кўнглини хурсанд этар экан, бундан Дилором ҳам ҳузур топарди. Шоҳ сайд этса, ойга ўхшаш пари шоҳни сайд қиларди. Шоҳ бирон ҳайвонни ҳалок этса, Дилором ўз ашуласи билан жаҳонга ғавғо соларди. Куй билан нағмадан лаззатланаётган Баҳром севгилиси қўлидан май ичишни истар, бу билан гўё ўз кўнглидаги ўтни пасайтирмоқчи бўларди. Дилором висоли унинг жонига ўт солар экан, ундан айрилишни хаёлига ҳам келтирмас, ёри ҳам, дўсти ҳам, ҳамроҳи ҳам, суҳбатдоши ҳам шу пари эди. Бир дам усиз қолса, ёқаси ўрнига кўксини чок қиларди. Охири шоҳ мамлакатни бошқаришни ҳам унутиб қўйди. Давлат ишларига ҳам, сипоҳлар аҳволига ҳам эътиборсиз бўлиб қолди. Уч-тўрт йил шу ҳолда кечгач, эл бу ишлардан шикоят қилишга тушди, халқ ичида турли гап-сўзлар, ҳикоятлар тобора кўпроқ тарқала бошлади. Кимки ишқ билан ошино бўлса, мамлакатда тинчлик, хотиржамлик йўқолади. Ишқ сели кошоналарни йиқитар экан, унга сарой билан вайрона фарқсиздир. Ишқ аждаҳони чумолига айлантириб, шоҳни гадо қилади. Хуллас, жаҳон шоҳи бўлган Баҳром ишқ аскарларига асир бўлиб, соҳибжамол ёри билан айш қилишдан бошқа ҳамма нарсани унутди. Ҳар куни янги маконда куй ва ашула эшитиб, унинг ҳусну овозидан баҳра олиб, бода ичиш шоҳнинг одатига айланди.
Бодаким олса ихтиёр элдин,
Не ажаб чиқса ҳар не бор элдин.
Ишқ ҳам майға айласа имдод,
Тонг эмас борса бору йўқ барбод.

Шоҳ Баҳром ошиқлигу мастлик билан машғул экан, ғаройиб икки иш юз берган эди: биринчидан, у айшу ишрат билан банд бўлиб давлат ишларини унутгач, мамлакатда бебошлик бошланиб, халқ хоҳлаганини қилишга тушди. Золимлар бош кўтариб, халқ қора кунларга қолди. Қароқчилар тобора кўпайиб, барча йўлларда талончилик қила бошлашди; ичкиликбозлик кучайиб, дин сусая борди. Даштлар бўрилар билан тўлиб кетди, уларга қўйларгина эмас, чўпонлар ҳам ем бўла бошлади. Бу ҳоллардан огоҳ бўлган аъёнлардан бир нечтаси мамлакату халқнинг аҳволи ҳақида шоҳни яширинча хабардор қилишди. Баҳром уларнинг сўзларини тинглагач, мулоҳаза юритиб, қандай чора топиш ҳақида ўйланиб қолди. Ниҳоят «Мен шоҳ эканман, бундай ой юзли соқийлар топилаверади, шоҳ бўлмаганимда унинг висолига етиша олармидим?» деган хулосага келди. Унинг кўнгли мулку хазинани танлаган бўлиб, ишқни тарк этишга баҳона изларди.
Шоҳ шу хил хаёл билан яшаса ҳам, ҳануз кунлари ов қилиш ва ёр қўлидан май ичиш билан ўтар экан, тожу тахт иши уни ташвишга солиб қўйган эди. Бир куни шоҳ ширакайф ҳолда ов қилар экан, ой юзли ёри Дилором ҳам ёнида эди. Шу чоғ даштда тез югуриб бораётган чиройли бир ғазол-оҳуни кўриб қолди. Шоҳ ўқ отишга шундай моҳир эдики, ёнидаги ҳамроҳлари қандай хоҳлашса, ҳайвонни улар истагандек қилиб отиб ўлдирарди. Сайднинг қайси тукини нишонга олса, ўқи ўша жойга бориб тегарди. Шоҳ Баҳром ёнидаги гул юзли гўзалга қараб: «Эй париваш, тез югуриб бораётган бу ғазолнинг қайси ерига ўқ отай, сен нимани буюрсанг шундай ўлдирайин», деди. Дилором: «Олдин икки қўлини тушовла, токи у ўрнидан қўзғалолмай қолсин, сўнгра унинг бўғзига ўқ ур», деб жавоб қилди. Шоҳ ўз ёри истагини бажо қилиш учун садоқдан ингичка бир ўқни олди-да, оҳу томон отиб икки қўлини бириктириб қўйди. Сўнг йўғонроқ бошқа бир ўқни шундай отдики, оҳунинг бўғзи кесилиб, қони оқа бошла
ди. Дилором нимани орзу қилган бўлса, шоҳ барчасини бажарди: ҳеч ким қилолмайдиган моҳирликнинг уддасидан чиқди. У ўз иши учун паривашнинг таҳсин айтишини кутган эди, лекин ўз ҳусну жамолидан мағрур гўзал шоҳга таҳсин учун оғзини ҳам очмади, унинг қўлини ҳам ўпмади-да: «Ҳар ким бир ишда кўп машқ қилса, шундай натижага эришади», деб қўя қолди. Шоҳга «бопладинг, баракалла!» дейиш ўрнига, унинг маҳоратини машқ натижаси деб аташ билан чекланди. Дилором ўз сўзини яна бир такрорлаган эди, шоҳнинг қоши чимирилди, маҳбубаси унинг жаҳли чиққанини сезиб, ўз хатосини тузатмоқчи бўлди-ю лекин:
Дедиким: «Шоҳга не итобдурур,
Ким бу сўзким дедим, савобдурур.
Менки бир нағма соз қилсам чанг,
Руҳ чиқмоқ сари қилур оҳанг.
Йўқ эди бу мулоямат бирла,
Мунга етти мудовамат бирла.
Шоҳким бир кийикка урди хаданг,
Десам идмонни6 ишга келди батанг».
Бу сўзларни эшитган шоҳнинг ғазаби тошди, паривашнинг иккита гапи қаҳрини келтирди-да, уни сўйиб ўлдирмоқчи бўлди. Баъзи аъёнлар «Аёл кишини бу тарзда қатл этиш яхши эмас», дейишгач, жаллодлар Дилоромни шоҳ амрига кўра кажавадан тушириб, бир биёбонга олиб бордилар. Атрофи неча кунлик йўл бўлиб, сув учрамайдиган бу даштда заҳарли гиёҳлардан бошқа ҳеч нарса ўсмасди. Паривашнинг узун сочлари билан қўл-оёқларини боғлаб, ўша ерда қолдирдилар-да, шоҳ ҳузурига қайтиб, бўлган ишларни сўзлаб бердилар.
Бу пайт шоҳ май билан ғазабдан ўзида эмасди. Шу куни оқшомгача пайдар пай май ичса ҳам ғазаби пасаймади. Шомда маст бўлиб ухлаб қолди. Тонг чоғи эрталабки майни ичишни истаб қараса, ёнида маҳбубаси кўринмади. «Маҳваш қаерга кетди?» деб сўраган эди, маҳрамлар кеча юз берган воқеаларни айтиб беришди. Шоҳга ёруғ олам қоронғу бўлди-ю, бошини қуйи солганича қилган ишларини эслай бошлади.
Билдиким қаҳр сарсари эсмиш,
Ўз қўли бирла ўз бошин кесмиш.
Деди: «Ушбу замон ўзум борайин,
Ул биёбонни бир-бир ахтарайин.
Қайда бўлса топай нигоримни,
Қилайин садқа жони зоримни.
Тирик ўлса бўлай фидоси анинг,
Берибон жон, топай ризоси анинг.
Ўлган ўлса, ўзумға тиғ урайин,
Диятиға ўзумни ўлдирайин».
Лекин тожу тахт номуси, одамлар олдидаги хижолат, ақлу фаросати бу ишларни қилишга йўл бермади. Худди бир чумоли икки аждаҳо орасида қолганидек, жони икки бало ўртасида изтироб чекарди: ўлик ҳам эмасди, тирик ҳам. Уни тирик деб бўлмасди.

Шоҳ Баҳром йиғлашга эмас, кулишга муносиб бўлган бундай ишни қилиб қўйгач, икки кунгача ўзига келолмай, кўнглини шуъла, жонини ўқ қийнади. Учинчи куни ҳолига қайтди-ю, умрининг ёруғ куни қора тунга айланганини билди. Тамаъ унинг кўнгли мулкини барбод қилган эди: ичига чақмоқ тушиб, вужудини ўтга ғарқ қилгандек бўлди. Ҳажрдан жони оғзига етиб, ўрнидан турди-да, йўлга тушиб маҳбубаси ташлаб келинган водий томон от чоптириб кетди. Етиб боргач, дашту саҳрони кезиб чиқди-ю, ўзи излаган сарви раънони топа олмади. Маъюс бўлиб юзларига шапалоқлар урди, баланд овоз билан Ширинини топа олмаган Фарҳоддек фарёд чекди. Бемор ошиқ каби ерга йиқилиб, чала сўйилган ҳайвондек талпинар, кўзидан қонли ёшларини тўкиб, фалакнинг кўнглини ҳам қон қиларди.
Деди: «Ўз жонима не қилдим, вой!
Бўлурин буйла иш не билдим, вой!
Ким ўзи кўксин ўзи чок этгай,
Ўзи жонин ўзи ҳалок этгай?
Улча мен қилдим, айлагайму киши,
Бу иш эрмас эди кишининг иши!
...Найлайин бу жаҳонни жонсиз мен,
Бул жаҳон бирла жонни онсиз мен?
Жонни олғилки, тўймишам биллоҳ!
Кўнгул ўлмакка қўймишам биллоҳ!»
Даштда тинимсиз кезиб шу хилда фиғон чекар экан, тахту мамлакатини бутунлай унутган шоҳ биёбонни ўзига манзилгоҳ қилиб олди. Буни кўрган шаҳар аҳли ҳам даштни ўзларига ватан қилдилар. Оқшом тушгач, тун Баҳром дилига янада кучлироқ изтироб солиб, унинг кўзига олам гўрга ўхшаб кўринди. У тун зулмат эмас, ҳажр ўтидан жаҳонни тутун тутгандек эди. Шоҳ аҳволини кузатаётган мулозимлар саропардали оқ уй тикиб уни уй ичига олиб кирдилар-да, одамларни бу уйдан узоқроққа сурдилар. Кишилар ўз ҳукмдорлари аҳволи ҳақида турли ривоятлар тўқишар, бири «Уни дев чалғитган!» деса, бошқаси «Бу ўша паривашнинг иши», деб афсона айтарди.

Шоҳ Баҳром ўша тунда ҳажр ўтида ўртанар экан, бир хилват уйга кириб, ичкаридан эшикни маҳкам беркитди-да, шундай фиғону оҳ-воҳ чекдики, гўё жаҳон ичра шовқин-сурон кўтарилиб, бало тушгандек бўлди. Аввал ёқасини чок қилиб, ўзининг барча аъзоларига зулм кўрсатиб тишлаб ташлади, бошини ерларга уриб ёрди. Ярим кечага қадар баданини тишлаб, нолаю фарёд қилди. Ўзига шунчалик кўп озор етказдики, охири жисми ҳолсизланиб қўли толди ва мадори кетиб йиқилди. Лекин яна ёри ёдига тушиб, унинг қоп-қора сочи-ю қошлари, кўзи-ю киприкларини эслар экан, оҳу нола қилганида кўкдаги қуёш ҳам, ой ҳам ўртанди. Холи-ю лаблари, оғзи-ю тишлари, дилрабо чанги-ю, жонбахш наволарини хотирлар экан, фиғони кўкдан ошди. Ўзининг олдинги савлати-ю қудратини хотирга олар экан, ҳозирги заифлиги-ю беқарорлигидан нола қилиб, саркарда-ю мулозимларига қараб:
Тиғ ила кўкрагимни чок айланг,
Бир-ики зарб ила ҳалок айланг.
Қутқаринг жони нотавонимни,
Биҳил эттим бориға қонимни.
Ўлдуруб ғаврима етинг охир,
Минг ўлумдин халос этинг охир!
деб илтижо қиларди. Тонг отгач, жисми заифлашиб ҳушидан кетди. Барча аъёнлари беқарор бўлиб йиғлашга тушдилар, кейин ўзаро маслаҳатлашдилар-да, бу даштда даволашни муносиб кўрмай, шоҳни кажавага ётқизиб шаҳарга олиб кетдилар ва гулшанга туширдилар. Баҳром шомга қадар ҳам ўзига келмай ўртаниб ётди.
Тун бошлангач, мушк исидан ҳушига келди-ю, кўзини очиб бироз хомуш бўлиб ётди, кейин яна ёрини эслаб оҳ-фарёд қилишга тушди. Кечаси билан ҳижрон ўтига қоврилиб азоб чекиб чиқди. Тонг ели жисмини беҳол қилгач, шомгача беҳуш ётди. Бир неча кун давомида шу ҳолат такрорланди. Охири тамоман заифлашиб, ўларга яқинлашди. Бехудлик бошланиб, гоҳ ўзида бўлса, гоҳ ҳушидан кетар, жинниларча сўзлар, фиғон чекишга дармони қолмаганидан, сўзларини одамлар ҳам эшита олишмасди. Гоҳ-гоҳида нолаи зор қилса, жисми озор топар, ўзи айтаётган гапларни ҳам англамасди.
Бу аҳволни кўриб турган билимли аъёнлар кўзёш тўкар эканлар, шоҳдан қўлларини ювиб қўйгандилар. Тўрт юз табиби ҳозиқлар уни даволаш чорасини излаб топишолмасди. Улар дердиларки: «Ишқ дардига мубтало бўлган кишини даволаб бўлмайди, унга Яратгангина шифо бериши мумкин». Шундан сўнг, барча аъёну мулозимлар тоат-ибодат қилишиб, назрлар беришга, шоҳнинг тузалишини тилаб Худога ёлборишга тушишди. Юз киши эса жинлардан халос қилиш учун ҳар хил дуолар ўқиб, турли тадбирларни кўришар, яна бошқа ҳакимлар тиб тарихи китобларини варақлаб, тажрибалар ўтказиб, даво излашарди. Шу тарзда тўрт юз аллома икки йил давомида ейиш-ичишни, уйқуни унутиб ўз ишларини ниҳоясига етказдилар. Оқибатда шоҳнинг беҳоллиги-ю жинниликлари камайиб, овқатлардан жисмига қувват етиб, ақлу ҳуши равшанлаша бошлади. Булардан таскин топган табиблар «Энди шоҳ аламларини унутишга ёрдам берадиган тадбирларни кўришимиз, масалан, иморатлар қуришга киришишимиз керак. Токи шоҳ уларни томоша қиларкан, ўз дардларидан қутула борсин. Моҳир муҳандислар хилма-хил шакллардаги иморатларни ижод қилсалар, айни муддао бўларди», деб маслаҳат беришди.
Амалдорлар тезда бу ишга киришиб, керакли барча нарсани муҳайё қилдилар. Шоҳ Баҳромга тобеъ бўлган етти иқлим хону хоқонлари ва уларнинг барча аъёнлару мулозимлари олампаноҳ соғлигини сўрашга йиғилгандилар. Табибларнинг маслаҳатларидан сўнг уларнинг ҳар бири биттадан қаср қуриб, безатишга киришишди. Улар туну кун ишлашиб, иморатларни мумкин қадар тезроқ қуриб тугатишга ҳаракат қилишарди.
Шоҳ тахтидан ўзига тобеъ бўлган етти иқлим томон олиб борадиган кенг кўчалар _ шоҳроҳлар яратилган бўлиб, улардан одамлар юрарди. Етти иқлим хону ҳоқонлари ўз диёрлари томон олиб борадиган йўлларда етти улкан қаср бунёд этдилар. Уларнинг ҳар бири бир жаннатга ўхшарди. Ушбу хилма-хил шаклдаги биноларни қизиқиб томоша қиларкан, шоҳ Баҳромнинг соғлиғи кун сари яхшиланиб борарди.
Муҳандислар ишларини тугаллаб, биноларни битказишди. Қурилиш чоғида усталарнинг маҳорати-ю, биноларнинг салобатини томоша қилиб, ўз дардига шифо топаётган Баҳром бунёдкорлик ишлари тугаллангач, томоша қилиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолди. Табиблар бу ҳолатдан огоҳлик топгач «Энди тезда моҳир нақшбанду санъатпардозларни топиб, қасрларни хилма-хил рангларда безатишга киришиш лозим. Ҳар бир қасрнинг ичи билан ташқариси бир хил рангда бўлишига алоҳида диққат қилиш зарур. Шунда уларни томоша қилар экан, шаҳаншоҳ тузала боради», деб маслаҳат бердилар. Аъёнлар Монийни чақиртирдилар-да «Эй моҳир устоз, сен олдинги ишларинг билан шоҳни хурсанд қилган эдинг, энди бу қасрларни зийнатлашга киришиб, етти қасрни етти рангга бўягин-да, шоҳни шодмон айлаб сиҳатига мадад қилгин. Нақшларни ўзинг танла, кўнглинг тилаганича безат. Сенга «Ундай қил, бундай қил», деб айтмаймиз», дедилар.
Наққош бу сўзларни эшитгач, бармоқларини кўзига қўйиб «Ундай бўлса, сизлар керакли нарсаларни келтириб берсангиз бас», деди-ю ишни бошлаб юборди. Мамлакатдаги бор наққошларни чақиртириб, ҳар қайсисига бир ишни топширди. Усталарни нақшбандлик, заркорлик каби соҳалар бўйича етти гуруҳга ажратиб, уларга ишбошилар тайинлади. Ўзи эса ишлар режасини тузиб, наққошлар ишини кузатиб турарди.
Шоҳ Баҳром эртадан кечгача иморатларни сайр этар экан, ҳар қайси тимсолни кўрганда, унга мафтун бўларкан, хаёл оғушига чўмар экан, кўнглидаги ташвишлар ҳам унутилиб борарди. Кўп фурсат ўтмай, қасрларни безаш ишлари ниҳоясига етди. Етти қаср етти рангда зийнатланган эди. Уларни томоша қилган шоҳнинг кўнглида ишқ ўтининг баъзи учқунларигина қолган эди. Табиблар кўп маслаҳат қилишиб, «Энди бу етти қасрнинг ҳар бири ичига биттадан ҳурдек гўзал қизни келтириб қўйсак, шоҳнинг бутунлай тузалиб кетиши, қувват топиши мумкин. Қайси шоҳнинг ҳурваш қизи бўлса, уни шаҳаншоҳга никоҳлаб берсин», деган қарорга келишди. Шоҳлар фикр юритишиб бу муаммони ҳам ҳал қилишди. Етти шоҳнинг еттита паримисол қизлари бор эди. Ҳар бири ҳам гўзал, ҳам оқила бўлиб, поклик пардасида олам қуёши, ҳусн буржида равшан юлдуз, лутф дуржида пок гавҳар бўлиб, шаҳаншоҳ никоҳига муносиб эди. Шоҳона базм уюштириб, етти гўзал шоҳ Баҳромга никоҳланди-да, тўйдан сўнг келинларнинг ҳар бири
ўз отаси томонидан қурдирилган қасрни манзил қилди.
Табиблар шоҳ Баҳромнинг қасрларга бориб ором олиш вақтини белгилашиб, ҳарамларга ташриф буюришни юлдузлар амрига кўра шанба кунидан, мушкин (қора) рангли қасрдан бошлашга маслаҳат беришди.
Шанба куни эрта тонгда Баҳром мушкбў гўзал билан май ичиш учун қора қасрга йўл олди. Бу ердаги ҳамма нарса мушк рангида бўлиб, қопқора, мушкин тахтда Чин ғазоли ўтирар, қора рангдан зулмат тусини олган уйда ой юзли гўзал зулмат ичидаги ҳаёт суви каби кўринарди. Қора кийимлар кийиб олган Баҳром қасрга киргач, маҳваш томон юрди. У тахтга чиқиб ўтиргач, ёнидан қуёш рашкини келтирадиган соҳибжамол маҳбуба жой олди. Соқийлар икковларига мушк ранги қадаҳларга мушк ҳиди анқиб турган май тутишди. Шом мушк сочиб, олам юзини мушк рангига бўяганига қадар қасрдаги аъёнлар ишрат қилишар экан, бу шанба Баҳром учун азали кун бўлди. Ҳакимлар шоҳга бўсадан бошқа ишлардан узоқ бўлишни буюришган эди. Буни маҳбуба ҳам билар, шунинг учун ўзини шоҳдан йироқроқ тутарди. Шоҳ кундузлари ишрат билан банд бўлиши, кечалари эса кўпроқ ухлаши зарур эди. Лекин кўнглидаги алам-қайғу кўзидан уйқуни ўчирганди. Маҳваш ўз пардаси ичига кириб ётди, лекин ҳижрон шоҳ кўзига жаҳонни қоронғу қилди. У ўз Дилоромининг узун сочлари хаёли билан тўлғанарди. Ғам туни азоб бераётгани, уйқусизлик ўзини хароб қилаётганини сезган шоҳ «Бир-икки ходимни қаср олдидаги йўлдан бориб, бирон одам йўлиқса уни ҳузуримга олиб келишга буюринглар, токи у одам ўзи кўрган-билган воқеаларни ёки афсоналардан менга сўзлаб берса, шояд кўзимга уйқу келиб осойиш топсам», деб амр қилди. Йўлга тушган ходимлар кўп ўтмай шоҳ олдига бир сайёҳни олиб келдилар. Парда олдига келиб, ер ўпиб кўрпачага ўтирган мусофир шоҳнинг бирон қисса айтиб бериши ҳақидаги ҳукмини эшитди ва уни дуо қилгач ўзи билган афсонани сўзлашга киришди.