Ўн биринчи мақолат. Илм ва олимлар ҳақида PDF Босма E-mail
21.06.2024 22:14

Оламнинг иши халқ билан душманлик экан, олим хор-у, жоҳил (билимсиз, нодон) азиз бўлаверади. Токи жаҳон зулмдан воз кечмас экан, дарахт баланд бўлиб, мева ерга тушаверади. Нокасларга баланд мартабалар-у, билим аҳлига _ азоб-уқубат, тошлар тоғ устида-ю, бойлик, конлар унинг остида бўлаверади. Феъли ёмонлар юксак мавқеъларни эгаллаб, оламни ҳукмига бўйсундираверади. Худди бахтсизлик манбаи бўлган Кайвон (Зуҳал) юлдузи осмоннинг юқори қисмида ўрнашиб олгандек, «Саъди Акбар» бўлган Муштарий ундан қуйида, олтинчи осмонда жойлашибди. Фалак ҳамиша яхшини ёмондан қуйига қўяди, бўлмаса яхши ёмондан ғаму озор тортиб, боғда гулнинг ҳамнафаси тикан бўлармиди? Қанчадан-қанча соф, пок дурларни яширган садафнинг қорнини олмос билан ёриб, бағрини чок қилишармиди?
Бағир ёрмоқ мақсади бўлган қуш шоҳ билаги устида ором олади, чиройли, дилкаш наволар чекувчи қуш _ булбул эса кул ичида хор бўлиб яшайди.
Бир нотавон йигит шаҳридан илм истаб йўлга тушади, қашшоқлигидан оёғида ковуши ҳам йўқ, тўни йўқлигидан танаси яланг. Оёқларини тиканлар илма-тешик қилиб юборган, бошида икки-уч ўралган салла. Ҳайвонлар териси каби кийимининг бошидан оёғи тилик-тилик. Мақсади қушини қидириб кўзда ёши билан шаҳар кезади. Эгнида китобу дафтар, илм олишга шошилади.
Қорни муҳтожлик туфайли ҳамиша оч. Жисми шунчалик заифлашганки, савол беришга ҳам мадори қолмаган.
Халқ кўп бўлгани билан бирон киши унга дўстлик кўрсатиб, мадад қилишни истамайди. Бечора йигит ўз шаҳру диёрини ёдига олиб, бу ерда қаерга боришни билмайди. Кўча, уй, бозор кўп, лекин бу йигит қаерга бориш, қаёққа қадам уришдан ожиз. Оқшомгача шу тарзда тентираб қоронғи тушгач, бирон бурчакни топиб ухлаб қолади, лекин тонггача уйқу келмай беҳол ётаверади.
Тонг отиши билан мадрасама-мадраса юриб, ўз ҳолини айтиб неча кунини бекорга ўтказади. Унинг истагини эшитган баъзилар уни ҳазил-мазах қиладилар. Кундуз маскан, кечаси ётадиган бир жой тополмай, ғурбатда изтироб чекиб, шунча алам кўрадики, тил билан ҳам баён қилиб бўлмайди.
Хуллас, мадрасалар бурчагида ўн-ўн беш йил алам чекиб, ҳам ишлаб, ҳам билим олишга тиришиб, охири ўзига бир-икки соҳиб камол дўст топиб, турли билимларни, ибрий, юнон, сурёни тилларини, ҳинд тилини ҳам пухта эгаллайди. Унинг кўнгил уйи бир дарё бўлдики, унинг ҳар қатрасида бир дард ниҳон эди. Фалак илмларини шунчалик кенг ва чуқур эгалладики, Абу Али фикрларини осонгина ечиб берарди.
Лекин унинг душманлари, ҳасадгўйлари ҳам йўқ эмасди. Айрим жоҳил, илмсиз золимлар унинг тўғри кўрган нарсасини эгри деб, айтганларини нотўғри, ёқимсиз деб кўрсатишарди. Уни дину диёнатсиз қилиб кўрсатувчилар ҳам топиларди.
Ҳисобсиз бойликка эга бўлган, кийиму асбоблари заркаш, ёмонликдан итдан ҳам баттар бир жоҳил унга ёмонликни раво кўриб, олимнинг фазлу фасоҳатли сўз ва ишларига қабоҳат ва разолат билан жавоб берарди.
Амир деган номга эга бўлган бу жоҳил халққа ўз айтганларини қилдира оларди. Унга ҳалиги билимли олимнинг хизмати керак бўлиб, уни хизматга олмоқчи бўлди.
Олим эса илтимос қила-қила, зўрға бир маротабагина рухсат олиб,амир қабулига кира олди...
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқни гумроҳ этар.
Олим агар жоҳ учун ўлса залил,
Илми унинг жаҳлиға бўлғай далил.
Олим илмга садоқат билан хизмат қилиши керак.
Олим агар қатъи амал айласа,
Илмига шойиста амал айласа.
Солмаса кўз жифаи дунйи сари,
Боқмаса туз дунйийи фоний сари.
Они шараф гавҳарининг кони бил,
Гавҳару кон, ҳар не десанг _ они бил.
Бундай олим атрофини чексиз гавҳарлар ўраб олган, ўзи осмон бўлса, ҳар тараф унинг юлдузлари бўлган; конидаги гавҳарларининг барчаси ҳам пок бўлган, юлдузлари ҳам ҳароратли, ялтироқ бўлади.
Кимга бундай бахт насиб бўлиб, дунёга кўз солмаса, эгнидаги кийимлари юз ямоқ бўлса ҳам, асал солинган идишдан яхшироқ, мушкию нофаси йўқ бўлса ҳам дурустроқ бўлади.
Эр кишига хилъат ила не шараф,
Дурга не нуқсон йироқ ўлса садаф.
Қайси чибин кисвати заркордур,
Ери дурур қайдаки мурдордур.

Имом Фахр Розий ва Хоразм шоҳи ҳақида ҳикоя

Тасаввуф оламининг энг забардаст алломаларидан бири бўлган олам имомларининг имоми Фахри дин бир маҳал Хоразмга меҳмон бўлиб келди. Шунда Хоразм шоҳи уни кўришга келмади. Илм шукуҳи бунга ҳам йўл бермади. Шоҳ ўзининг ушбу қилган ишидан уятда эди, лекин имом бунга парво қилмади. Воқеанинг сабаби ҳам очилмаганича қолди.
Бир куни имом ҳаммомда эди, шоҳ ҳам ногаҳон ювиниш учун келиб қолди. Бир-бирларига дуч келишганда шоҳ хижолат чеккан ҳолда унга савол берди: «Эй илминг билан элни баҳраманд қилган зот! Қиёмат ишидан бир саволимга жавоб берсанг. Ул куни одамлар не ҳолда бўладилар, кишиларнинг аҳволи не кечади?» Соҳиб камол аллома шундай жавоб қайтарди: «Сенинг мақсадинг ҳашр сўзини эшитишдир. Бу сўзга шу ҳаммом жуда мос келади. Маҳшар куни гадо билан шоҳ бир хил, бир кўринишда, иккови ҳам яланғоч бўлиб, давлату мол эгалари сенинг каби бору йўғи ташқарида қолади. Менга ўхшаган илм аҳли эса йиққанлари ўзи билан ҳаммом ичида ҳам бирга ҳамроҳ бўлади. Сен султон бўлсанг ҳам, ёнингда фойдали бирор нарсанг бўлмайди, лекин менда илм билан фойда, нажот жуда кўп бўлади», деди.
Илм, Навоий, санга мақсуд бил,
Эмдики илм ўлди, амал айлагил.