Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Ўзбек адабиёти тарихи»Адабий тилимизнинг олтин кўприги
Facebook
Адабий тилимизнинг олтин кўприги PDF Босма E-mail

Мумтоз ўзбек адабиётининг илк белгилари Аҳмад Яссавий ҳикматларида ва унинг маънавий ворислари яратган адабий мактабнинг бадиий тилида кўзга яққол ташланади.

Бундан тўққиз аср бурун зўр илҳом ва маҳорат билан яратилган «Девони ҳикмат» инсоний ҳақиқатни англаш ва илоҳий қудратдан мадад олиб яшаш йўлларини ўргатади.
Пок ният билан муқадцас мақсадга интилган инсоннинг кўнгли учар қушдек қанот қоқиши, баҳри дили очилиши, нафс балоси ундан қочиши, руҳи гўё Арши Аълога кўтарилгандай бўлиши Яссавийнинг қуйидаги сатрларида жўшқин ва гўзал шеърий шаклларда ифодаланади:
Кўзим тушди, кўнглим учди, Аршга ошди,
Умрим кечди, нафсим кочди, бағрим тошди,
Қанот қокар учар қушдек кўнглим менинг.
Бу ҳикматларни ўқиган одамнинг дилида ҳам пок бир завқ-шавқ пайдо бўлади. Туркий тилимиз бундан саккиз аср муқаддам мана шундай теран руҳий ҳолатларни ифода этишга қодир бўлганлиги бизни қойил қолдиради.
Тил эса дилга боғлиқ. Аҳмад Яссавий инсон дилининг имкониятлари чексиз эканига ишонади. Илоҳий ҳакиқатни дилига жойлаган Мансур Халлож муқаддас туйғудан руҳи Арши Аълога етгандек бўлгани учун «Аналҳақ!», яъни «Мен Ҳақман!» деганлиги тарихдан маълум.
Илоҳий қудрат рамзи бўлган Ҳақ инсоний ҳақиқатнинг ҳам ўзагидан жой олгандир. Инсоний ва илоҳий қудрат бир қалбда бирлашгани учун Мансур «Аналҳақ!» дейди. Буни тушунмаган муллолар уни кофирлиқда айблайдилар. Шу ноҳақ айблашга ишониб Мансурни дорга осиб ўлдирган ҳукмдорларни Аҳмад Яссавий инсоний камолот сирларидан бехабар нодонлар деб атайди:
Аналҳақни маъносини билмас нодон,
Доно керак бу йўлларда поки мардон.
Инсонни маънавий камолот йўлига чорлаган энг кучли исломий таълимот тасаввуф деб аталиши кўпчиликка маълум. Аҳмад Яссавий Бухоро мадрасасида таҳсил олган йилларида тасаввуф илмини Юсуф Ҳамадонийдек машҳур алломадан ўрганган. Баҳоуддин Нақшбанднинг устози Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳам Юсуф Ҳамадонийнинг шогирди бўлган. Аҳмад Яссавийга мана шундай буюк пирлар тасаввуф сабоқларини мерос қолдирганлар.
Тасаввуф назарияси бўйича инсон чин ҳақиқатга етиш учун тавба, фақирлик, сабр, хавф, таваккал, ризо каби мушкул босқичлардан ўтиши керак. Энг юксақдаги саккизинчи босқич — чин ҳақиқатдир. Унга етгунча инсон барча хорлик, зорлик ва машаққатларга чидаши лозим.
Яссавий айтади:
Ҳақиқатнинг дарёсидан кечган киши,
Ўзи мунглик, кўнгли синуқ, кўзда ёши,
Хорлик, зорлик, машаққатдир доим иши,
Ҳақ дийдорин талаб қилиб топар, дўстлар
«Девону луғотит турк»да мисоллари келтирилган анъанавий туркий тўртликлар қандай қофияланганини эслайлик. Алп Эр Тўнғанинг ўлимига бағишланган тўртлиқда ҳам дастлабки уч сатр қофияланганини, хулосавий сўзлар айтилган тўртинчи сатр эса қофиясиз, мустақил ҳолда қолдирилганини юқорида кўрган эдик. Шунинг учун бу тўртлик рубоий жанрига кирмаслигини, балки туркий тилда яратилган ҳикматлар алоҳида бир жанр бўлиб шаклланганини кўрсатади.
Аҳмад Яссавий ҳикматлари «Алп Эр Тўнға» достонида кўп тилга олинадиган эранларни улуғлайди. Ҳикматлар тили «Девону луғотит турк» ва Қутадғу билиг» тилининг донишмандлик анъаналарини давом эттиради.
«Ҳикматлар»да ҳам «Қутадғу билиг»даги каби панднасиҳатлар кўп учрайди. Айни пайтда, Аҳмад Яссавий ҳикматлари туркий тилдаги донишмандликни тасаввуф ғоялари билан бойитиб, янги бир юксакликка кўтаради. Маснавийда ёзилган «Муножотнома» асарида Яссавий ўз ҳикматлари тўғрисида шундай дейди:
Мани ҳикматларим хўбларга айтинг,
Дуо-такбир айтиб раҳматга ботинг.
Мани ҳикматларим дардсизга айтманг,
Баҳосиз гавҳарим нодонга сотманг.
Маълумки, Аҳмад Яссавий ХI-ХII асрларда Туронзаминда ички урушлар авжига чиққан, маънавий инқироз кучайган даврда яшаган. X—XI асрларда Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Қошғарий каби улуғ сиймолар фаолият кўрсатган давридаги маърифатпарвар ҳукмдорлар ўрнини XII асрда молу дунёга ҳирс қўйган, илму маърифатдан йироқ бўлган, мудом тожу тахт ва амал талашиб, халқни қирғин-барот урушлар гирдобига ташлаган ношуд хону беклар давлат тепасига келган эди. Уларнинг атрофида юрган айрим хушомадгўй, нурсиз сарой олимлари туркий тилга паст назар билан қараганини Яссавий қуйидаги сатрларда очиқ айтади:
Хушламайдур олимлар бизни айтган туркини,
Орифлардан эшитсанг очар мулкини.
Оят, ҳадис маъноси туркий бўлса мувофиқ,
Маъносига етганлар ерга қўяр бўркини.
Яссавий она тилимизнинг ҳимоячиси ва тарғиботчиси бўлгани бу сатрларда кўзга яққол ташланади. Фақат сўзда эмас, амалда ҳам у Муҳаммад пайғамбарни, унинг салафлари бўлган Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алини улуғлайдиган, уларнинг юксак фазилатларини қисқа ва лўнда сатрларда намоён этувчи шеърлар ёзди, оят ва ҳадис маънолари билан туркий тил бойликларига улкан бойлик қўшди.
Аҳмад Яссавийнинг энг машҳур маънавий ворисларидан бири — мақбараси Тошкент яқинида жойлашган Занги ота бўлган. Соҳибқирон Амир Темур Аҳмад Яссавийга мақбара қурдиргани каби, Занги ота номига ҳам мақбара қурдиради. Занги ота фаолиятига кейин яна тўхталамиз.
Занги отанинг авлодларидан бўлган Саид ота Яссавий ҳикматлари ва унинг таълимоти билан қуролланиб, Олтин Ўрда ҳудудларига боради. Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» китобида қайд этилишича, Ўзбекхон Турондан борган Саид ота ва у айтиб берган туркий ҳикматлар таъсирида ислом динига ихлос қўяди. 1314 йилда Ўзбекхон ислом динини қабул қилади. Аҳмад Яссавий таълимоти ва ҳикматлари билан қуролланган унинг садоқатли ворислари шомон динидаги Чингизхон авлодларининг мусулмон бўлишларига ёрдам берганлиги тил ва адабиёт тарихида кам учрайдиган нодир ҳодисалардандир.
Авваллари ҳам Туронда ва Олтин Ўрдада озчиликни ташкил қилган мўғул сипоҳлари энди исломни қабул қилганларидан кейин бутунлай туркийлашадилар, ўзбек, қозоқ, татар ва бошқа туркий халқларнинг таркибига кириб, сингиб кетадилар. Бу уларнинг маданий ҳаётида жуда катта бурилиш ясайди.
Ушбу ҳодисани таҳлил қилганда Аҳмад Яссавий руҳи, унинг ҳикматлари маданий ҳаётни ривожлантирувчи улкан омиллардан бирига айланганига амин бўламиз.
«Қутадғу билиг» ва «Девону луғотит турк» сингари Аҳмад Яссавий ижоди ҳам туркий халқларнинг маънавий қадрияти эканлиги шубҳасиз. Айни вақтда, «Ҳикматлар»нинг ўзбек, турк, қозоқ тилларидаги матнларини бир-бирига қиёс қилсангиз, аслиятга энг яқин тил — ўзбек тили эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Туркия пойтахти Анқарада таниқли олим Кемал Эраслан Аҳмад Яссавий ҳикматларини «Сочмалар» деган қўшимча ном билан нашр этган. Албатта, «сочма» деган чиройли сўз ўзбекчада ҳам бор. Лекин бу «ҳикмат» деган маънони билдирмайди, балки нашрнинг ўзига хослигини кўрсатувчи бир сўздай қабул қилинади.
Нашрда Аҳмад Яссавийнинг номи ҳам турк тили қоидаларига мосланиб, «Аҳмеди Йессеви» деб ёзилади, яъни икки жойда «а» «э» га айлантирилади. Аслини олганда, «Яссавий» деб жой номидан насаб ясаш анъанаси бизга араб тилидан ўтган. Назаримизда, арабча аслига мос қилиб «Аҳмад Яссавий» деб ёзиш илмий талабларга кўпроқ мос келган бўларди.
«Ҳикматлар»нинг Анқара нашрида китобнинг чап бетига аслият, ўнг бетига унинг туркча таржимаси қўйилганлиги қиёслаш учун қулай имконият яратади.
Бир мисол келтирайлик: Аслият:
Бу дунёда подшоҳман деб кўксин керган,
Ҳам остиға курси қўйиб хайма урган,
Неча минглаб черик йиққан хонлар қани.
Туркча таржимаси:
Бу дунёда подшоҳим дийа гогус герен,
Неча йиллар хейл ва ҳашем черик салан,
Бинлерчесине чери урган ханлар хани.
Аҳмад Яссавий шеърлари аруз вазнида ёзилганлиги аслиятда аниқ кўриниб туради. Эркин таржима бўлган туркча матнда аруз ҳам, вазн ҳам йўқ.
Тўртликда «Подшоман деб кўксин керган, ҳам остига курси кўйиб хайма (чодир) қурган хонлар қани?» деб сўралади. Курси бу ерда тахт маъносида келади. Туркча матнда «курси қўйган» ибораси умуман йўқ. Унинг ўрнига аслиятда бўлмаган «неча йиллар» ибораси киритилади.
Биз бу ерда таржиманинг нуқсонларига эмас, Аҳмад Яссавий ҳикматларини қардош турк тилига таржима қилиш ва аслиятнинг бой мазмун ҳамда ёрқин тилини туркчада тўлиқ ифодалаб бериш қийин эканига эътиборни қаратмоқдамиз.
Ўзбек китобхони эса юқоридаги сатрларнинг ҳаммасини таржимасиз тўлиқ тушунади, чунки китоб ўқийдиган барча кишиларимиз «курси» нималигини яхши билади. Фақат «хайма»нинг «чодир эканлигини, «черик» — «қўшин» маъносини билдиришини изоҳлаб бериш мумкин.
Аҳмад Яссавийдан кейин туркий тилда катта муваффақият билан асар ёзган шоир Аҳмад Югнакий бўлган. Югнак шаҳри Ясси шаҳрига яқин бўлгани каби, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» («Ҳақиқат совғалари») асари ҳам мазмун ва тил жиҳатларидан Аҳмад Яссавий ҳикматларига жуда яқиндир. Аҳмад Яссавий ўзи ва ҳикматлари ҳақида сўз юритгани каби, Аҳмад Югнакий ҳам
шу анъанага амал қилади, ўзи ва асари тўғрисида қуйидаги сатрларни ёзади:
Адиб Аҳмад атим, адаб, панд сўзум,
Сўзум мунда қалур, барур бу ўзум,
Келур куз, кечер йаз, барур бу умр,
Битидим бу тансуқ туроф сўзларин,
Ҳалу борсам ўзум атим қолсу теб.
Аҳмад Югнакийдан келтирилган ушбу сатрлар «Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг танқидий матнини тайёрлаган ва унинг тил хусусиятларини биринчи бўлиб тадқиқ этган тилшунос олим Қ.Маҳмудов китобидан олинди.
Аҳмад Югнакий асарининг бир афзал томони — унинг қадимий қўлёзма шаклида тўлиғича бизга етиб келганлигидир. Мана шу афзалият асримиз бошларидаёқ тилшунос ва адабиётшунос олимларнинг эътиборини ўзига тортади. Турк олимлари Нажип Асим ва Фуадбей Кўпрулузодалар 1915—1916 йилларда Истанбулда бу асарни икки қайта нашр этиб, унинг умумтуркий қадрият эканини кўрсатиб ўтадилар.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг араб алифбосида кўчирилган нусхаси 242 байтдан иборат. Лекин бу байтларнинг мағзи ниҳоятда тўқ, маъноси теран, таъсири кучли. Мазкур асарни мумтоз адабиётимизда биринчи бўлиб юксак баҳолаган сиймо Алишер Навоий эди. Навоий «Насойим улмуҳаббат» асарида Адиб Аҳмаднинг шеърларидан икки байт мисол келтиргач, адибнинг туғма кўр бўлганини ёзади: «Бағоят зийрак ва закий киши эрмиш. Ҳақ с. т. агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқандур, кўнгил кўзин бағоят ёруғ яратгандур» .
Аҳмад Югнакийнинг «Адиб Аҳмад атим, адаб, панд сўзум» деган сатри айнан ўзбекчадек ўқилади. Фақат талаффузда «о» ўрнига «а» (атим) дейилган. «Сўзум бунда қалур, барур бу ўзум» деган сатрнинг сўз тартибида ўзгачалик бор. Яъни «сўзум бунда қолур» худди Навоий ва Бобур асарларидагидек ёзилган. Фақат «борур мен ўзим» (яъни «бу дунёдан кетурмен») деган ибора ўрнига «барур
Шу ўзум» деб ёзилган. Демак, бундан саккиз юз йил олдииги тилимизда «ўзим»га «мен» қўшмасдан, яъни «борур мен» демасдан, учинчи шахсда «бу борур» дейиш одати ҳам бор экан. Киёс учун шу олти сатр маснавий қозоқ тилига қандай таржима қилинганини кўриб ўтайлик.
Аҳмад Адиб атим, улгу — сўзим,
Қалади мунда сўзим, кетем ўзим.
Куз келер, жазда кетер, омир-ул ўтер,
Сонимен жумилар-да эки кўзим.
Артимда қалсин деб жаздим муни,
Ғамайиб танснқ сўзбен ерек меден.
Қозоқ тили кўпроқ туркий тилнинг қипчоқ шевасига асослангани учун «йаз» «жаз» деб, «йаздим» сўзи «жаздим» деб таржима қилинади. «Адаб, панд» сўзлари асли арабчадир. Қозоқ тилида арабча ўрнига кўпроқ туркий сўзлар ишлатиш одат бўлган. Шунинг учун «панд», «адаб» сўзлари биргина «улгу» сўзи билан таржима қилинади.
Албатта, ҳар бир тилнинг ўз афзалиятлари бор. Биз қозоқ тилининг жонли тилга яқинлиги, туркий сўз ва ибораларга бойлигини ҳурмат қиламиз. Аҳмад Югнакий Н. Келимбетов китобида қадимги қозоқ адабиёти намуналари қаторида келтирилганини асосли деб биламиз.
Шу билан бирга, Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»ининг бадиий тили каби «Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг тили ҳам мумтоз ўзбек адабий тилига яқинроқ эканини, шунинг учун Алишер Навоий бу асарга алоҳида эътибор берганини таъкидлаш лозим.
Бу борада қардош туркий халқдарга холисона муносабатда бўлган олимлардан Е. Э. Бертельснинг Қ. Маҳмудов китобида келтирилган. қуйидаги фикри ҳам асослидир:
«Қадимги ўзбек адабий тилидан классик ўзбек адабий тилига ўтишда «Ҳибат ул-ҳақойиқ» кўприк бўлиб хизмат қилган».
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» бўйича барча мавжуд манбаларни синчиклаб ўрганган ва таҳлил қилган Қ. Маҳмудов «бу асар XII аср охирларида, XIII асрнинг бошларида ёзилган» деган хулосага келадики, биз бу хулосага тўлиқ қўшиламиз.
Шўро даврида, айниқса, XX асрнинг етмишинчи йилларида коммунистик мафкура Аҳмад Яссавий меросини қоралаб турган кезларда олимларимиз Аҳмад Югнакий ижодининг Аҳмад Яссавий ҳикматларига руҳан яқин бўлганига эътибор қаратган эмаслар. Ваҳоланки, бу икки буюк Аҳмадларнинг яшаган даврлари ҳам, шеърий панд-насиҳатлари ҳам бир-бирларига жуда яқиндир. Аҳмад Яссавий Сайрамда туғилиб, Туркистоннинг Ясси шаҳрида яшаган бўлса, Аҳмад Югнакий Ясси шаҳридан 20-25 чақирим масофада жойлашган Югнак қишлоғида туғилиб ўсганлиги унинг номидан кўриниб турибди.
Аҳмад Югнакий ҳам Чингизхон истилосидан олдин XII асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтди. Унинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асаридан кейин то Рабғузийнинг «Қисас ул-анбиё»си пайдо бўлгунга қадар ўтган бир асрдан ортиқдаврда Чингизхоннинг босқинчи қўшини оёғи остида вайрон бўлган, ёндирилган ўлкаларга ўлим сукунати чўккандек бўлади. Бу асрда шоирларнинг овозлари эштилмай қолади, жуда кўп фозил кишилар ё ўлдирилди, ёки чингизийлар оёғи етиб бормаган чет мамлакатларга кетиб, паноҳ топди.
Шу фожиавий шароитда Аҳмад Яссавий ҳикматларини ёд билган дарвешлар қишлоқма-қишлоқ, шаҳармашаҳар, ўлкама-ўлка юриб халққа ҳақиқатни айтишга интилганликлари ўша даврнинг энг даққатга сазовор ҳодисалари қаторидан ўрин олади. Ўз ҳикматларининг содиқ тарғиботчилари келажакда ҳам дарвешлар бўлишини олдиндан билган буюк шоир улар ҳақида қуйидаги жўшқин сўзларни айтгани бежиз эмас:
Ҳақ қуллари дарвешлар ҳақиқатни билмишлар,
Ҳаққа ошиқ бўлганлар ҳақ йўлига кирмишлар.
Кўнгил бермай дунёга, шуруъ қилмай ҳаромга,
Ҳақни суйган ошиқлар ҳалолидан емишлар .
Биз бу сатрларни Яссавий ҳикматларининг Кемал Эраслан тайёрлаган туркча нашридан олдик. Чунки «Ҳикматлар»нинг ўзбекча нашрида айрим шеърлар тушиб қолган. Аҳмад Яссавийнинг туркиялик тадқиқотчилари «Ҳикматлар»нинг турли вариантларини бир-бирига қиёслаб, мантиқан тўғри келадиган сатрларни алоҳида саҳифаларга йиғиб нашр этишга катта аҳамият берганлар. Бу йўлда машҳур олимлар Фуад Кўпрулузода ва профессор Кемал Эраслан самарали меҳнат қилганлар.
Улар Яссавий ҳикматларининг тили тўғрисида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганлар. Фуад Кўпрулузода Яссавий ҳикматлари тилининг Қорахонийлар сулоласи давридаги умумтуркий тилга яқинлигини қайд этади. А. Жаъфар ўғлининг «Турк тили тарихи» китобида (Истанбул, 1964 й.) «Девони ҳикмат» тилининг ўзбекчага яқинлиги кўрсатиб ўтилади. Венгер олими Ҳ. Вамбери 1867 йилда Лейпцигда чиққан китобида Аҳмад Яссавийнинг гили Фарғона водийсининг Қўқон шевасига асосланишини айтиб ўтади. Бироқ турк олими К. Эраслан «Девони ҳикмат»нинг туркча нашрига ёзган бош сўзида: «Бу бир тахминдир, - деб ёзади. - Ҳикматларде кўрилан дилин чағатай ва ё ўзбек адабий дили ўлмаяжағида кесиндир».
Биз бу иқтибосни атайлаб туркча аслият ҳолида келтирдик. Бу ерда «кесиндир» деган сўз «узил-кесил», «аниқ ва қатъий» деган маъноларни билдиради. Яъни, муаллиф «Яссавий ҳикматларининг тили ўзбек адабий тили эмас» деган фикрни аниқ ва қатьий қилиб айтади.
Бизнингча, Яссавий ҳикматларининг тили бундай узилкесил хулосага асос бермайди. Албатта, Яссавий ҳикматлари Марказий Осиёда яшаган туркийзабон халқларнинг тил бойликларини ўзида акс эттиради. Шунинг учун қозоқ, туркман, қирғиз халқлари ҳам уни ўз шоирлари деб биладилар. Айни вақтда, улар Яссавий ҳикматларини ўз она тилларига таржима қилиб ўқийдилар. Профессор Кемал Эрасланнинг ўзи ҳам Яссавий ҳикматларини туркча таржимасида таҳлил ва талқин қилади. Бунинг баъзи мисолларини биз юқорида келтирган эдик.
Фақат ўзбек китобхонлари Аҳмад Яссавий ҳакматларини таржимасиз тушуниб ўқийдилар. Аҳмад Яссавийнинг ўзбекча аслияти:
То тириксен, ишқ дафтари адо бўлмас.
Буни Кемал Эраслан турк тилига қуйидагича таржима қилган:
Дири ўлған муддатча ишқ дефтери тамамланмаз.
Аслият билан таржима тили орасидаги фарқлар Аҳмад Яссавийнинг қайси адабий тилга яқинроқ эканини яққол кўрсатиб турибди.
К. Эраслан ҳам ҳикматларда ўзбек тили хусусиятлари устун эканини сезади, аммо бунга кўпгина ҳикматларни Яссавийдан кейинги асрларда яшаб ўтган дарвешлар бизгача ўзбек тилида етказиб келганини сабаб қилиб кўрсатади.
Аввало, Яссавий ҳикматларидек улкан маънавий бойликни бизгача етказиб келган дарвешлардан миннатдор бўлиш керак. Сўнгра, Яссавий ўз ҳикматларини бу дарвешларнинг она тилларида яратганлиги учун ҳам, уларни ёдлаш ва авлоддан-авлодга етказиб бериш имконияти кўпроқ бўлганини ҳисобга олиш лозим.
Аҳмад Яссавий мол-дунёга ҳирс қўйган, мудом амал талашиб халқни қирғин-урушлар гирдобига ташлаган подшо ва бекларга нафрат билдириб ёзади:
Дунё менинг деганлар,
Жаҳон молин олганлар,
Мулло, муфти бўлганлар,
Оқни қора қилганлар,
Ҳаром еган ҳокимлар,
Тотлиқ-тотлиқ еганлар,
Турлик-турлик кийганлар,
Олтин тахтга чиққанлар
Ер остига кирмишлар.
Кеккайган барча ҳукмдорлар ахийри қабрга кириб тупроқ бўлишларини айтиш билан шоир одамларни нафсга, ўткинчи манфаатларга бунчалик берилмасликка, инсофли ва адолатли бўлишга, Оллоҳни ва охиратни унутмасликка чорлайди.
Буюк ватанпарвар Аҳмад Яссавий XII асрдаёқ она тилимизнинг ҳимоячиси ва тарғиботчиси бўлиб майдонга чиққанди.
Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва унинг адабий мактаби Турон ва Хуросондан ташқари, шарқда Мўғулистону шимоли-ғарбда Волга бўйларидаги Олтин Ўрдагача, Қора денгиз ва Ўрта Ер денгизи бўйларидаги Туркиягача улкан ҳудудларда ижод қилган туркийзабон шоирларни бир адабий тил атрофига жипслаштиради.
Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си, Сайфи Саройининг «Туркий Гулистони», Туркияда ижод қилган Ҳожи Бектош асарларининг бадиий тили Аҳмад Яссавий ҳикматларининг энг яхши анъаналарига асосланганлиги бу фикрии исбот этади. Аҳмад Яссавийнинг издошлари бўлган Хаким ота, Саид ота каби ҳикматнавис шоирларнинг ижоди ва фаолияти турли-туман шеваларда сўзлашган туркийзабон халкдарнинг ижодкорлари учун адабий тил бобида умумий дорилфунун бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назарда Рабғузийнинг «Қисас ул-анбиё» асарига тўхталиб ўтайлик.
Бу насрий асар Аҳмад Яссавийдан салкам икки аср кейин, 1310 йидда Хоразмнинг Работи Ўғиз шаҳарчасида ёзилган. Рабғузий ўзи тўғрисида қофияланган бадиий тилда шундай маълумот беради:
«Бу китобни ёзган, тоат йўлинда тизган, маъсият (гуноҳ) ёбонин (даласини) кезган, оз озукдуқ, кўп ёзуқлуқ, Работи Ўғизнинг қозиси Бурҳон ўғли Носируддин».
Қавс ичида биз иккитагина сўзга изоҳ бердик. Қолган ўнлаб сўзлар ва жумла тузилиши наср билан айтилган ўзбек достонларини эслатади. Қофиядош иборалар Рабғузий асари тилининг Яссавий ҳикматлари тилига жуда яқин эканини кўрсатиб турибди.
Рабғузий камтарлик юзасидан ўзини «гуноҳ даласини кезган», озиғи оз, ёзиғи, яъни пешонасига ёзилган машаққатлари кўп осий бандалардан бири, деб билади. Аммо «ўқимоққа кераклик, ўгранмоққа (ўрганмоққа) яроғлиқ» бир китоб ёзишни унга топширган бекка қуйидагича юксак баҳо беради:
«Улуғ отлиғ, қутлуғ зотлиғ, эзгу хулқлиғ, ислом ёруғлиғ, мўғул санилиғ (мартабалик), мусулмон динлиғ, одамийлар инончи, мўминлар қувончи, ҳиммати адиз (баланд), ақли тегиз (тўкис) бегимиз Носируддин Тўқбуғадин... илтимос янглиғ ишорат бўлди».
Бу сўзлар салкам етти юз йил бурун ёзилган бўлишига қарамай, ўзбек китобхонига тушунарли, лўнда ва таъсирли тилда, гўзал шеърий қофияларда етиб келганлиги ҳайратланарли ҳолдир.
Бу асар чингизийлар ҳукмронлиги давом этаётган бўлса ҳам, Волга бўйларидан то Хитой чегараларигача чўзилган улкан ҳудудларда мўғуллар қандай туркийлашаётганини ва ислом таълимотини туркий тилда «ўқимоққа кераклик, ўрганмакка яроғлик» китоблар орқали қабул қилиб мусулмон бўлаётганини кўрсатадиган ажойиб тарихий далилидир.
Мўғул беки Тўқбуға шундай китобнинг яратилишига сабабчи бўлганлиги билан ҳам Рабғузийнинг юқорида келтирилган мақтовларига муносиб эканини сезиш мумкин.
Мўғул хон ва беклари Турон-Туркистонда ҳам, Дашти Қипчоқ ва Олтин Ўрдада ҳам ҳамон ғолиб сулола сифатида тахтда ўлтирар эдилар. Аммо туркий тил уларнинг она тилларидан устун келганлиги, улар туркий тилда ислом таълимотини қабул қилиб мусулмон бўлганликлари маънавий тараққиётимизнинг энг ёрқин ҳодисаларидан бири, деб боҳоланишга муносибдир.
Шомон динидаги мўғул хон ва беклари Россия ҳудудларида ҳам уч аср ҳукмронлик қилганлари тарихдан маълум. Насроний дини исломдан ҳам қадимийроқдир. Руслар Византия орқали насроний динини қабул қилган ва насронийлар маданиятини ўзлаштирган қадимий халқ саналади. Мўғул хони Ўзбекхон ва унинг кўпчилик беклари Олтин Ўрдада ҳукмронлик қилган даврларида шомон дини ўрнига насроний динини қабул қилишлари ҳам мумкин эди. Рус князлари ва руҳонийлари Олтин Ўрданинг хон ва бекларига ўз таъсирларини ўтказишга интилганлари шубҳасиз. Шереметьев, Юсупов каби бир қатор мўғул беклари Россияга кетиб насроний динини қабул қилганлиги ҳам тарихдан маълум.
Аммо Шарқдан борган ва азалдан туркий қавмлар орасида яшаган кўпчилик мўғул бек ва хонларига Туркистон, Хоразм, Мовароуннаҳрнинг қадимий маданияти кучлироқ таъсир кўрсатади. Шунинг натижасида улар ўз она тилларини унутиб, туркийлашадилар ва туркий тил орқали исломни таниб мусулмон бўладилар.
Ана шундай мўғул бекларидан бири бўлган Муҳаммад Хўжабек Сирдарё бўйидаги Сиғноқда ҳукмронлик қилган. Унинг топшириғи билан 1353 йилда Хоразмийнинг "Муҳаббатнома" достони ёзилган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай дейди:
Тун оқшомким, кўрунди байрам ойи,
Муҳаммад Хўжабек давлат ҳумойи.
...Табассум қилди, айди: «Эй фалони,
Кетургул бизга лойиқ армуғони.
Тиларменким, бизинг тил бирла пайдо
Китоби аиласанг бу қиш қатимда».
Қабул қилдим, ер ўпдим, айдим, эй шоҳ!
Эшигинг тупроғи давлатли даргоҳ.
Бу шеърий сатрлар ўзбек китобхони учун Рабғузий пасридан ҳам тушунарлироқ. Саккиз сатр шеърда биронта изоҳталаб сўз йўқ. Ҳамма сўз ва иборалар мумтоз адабиётимиз тилида бор. Биз бу шеърий сатрларни қозоқ олими Н.Келимбетовнинг «Қазақ адабиятининг ежелги (қадимги) даури» деб аталган китобидан олиб келтирдик. Китобда Хоразмий қаламига мансуб ушбу шеърларнинг қозоқча таржимаси ҳам келтирилган. Киёс учун бир неча сатрини келтирамиз:
Муҳаммад Қўжабек - мемлекет амирчиси
Кулимсиреп сўйлади:
«Ақьтим, бизга лайиқти тарту жаса,
Тилегим ўз тилимизда жир жасасанг
Ол китабингди ўси қисда қасимда журиб жазсанг».
Аммо қозоқ тилида шеърни аруз вазнига тушириш мушкул. Чунки бу тилда тўққизта унли товуш бор. Улар араб ва форс тилларидаги узун-қисқа товушлар тизимига мос келмайди. Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си эса аруз вазнида ёзилган. Уни қозоқча ўлан вазнида таржима қил-ганда аслиятдаги шёърий нафосат йўқолиб қолади.
Бундан ташқари, кўпгина араб ва форс сўзлари қозоқ тилида маъноси ва талаффузи ўзгарган ҳолда қилинган. Масалан, «Муҳаббатнома»нинг аслиятида Хўжабек - давлат бошлиғи эмас, балки хоннинг Сирдарё бўйида ҳокимлик қиладиган бир беги сифатида таърифланади. Аммо таржимада «Қўжабек - мемлекет амирчиси», яъни ҳукмдори деб аталади. Бунинг сабаби — қозоқ адабий тилида арабча «давлат» сўзи «мемлекет» деб ноаниқ қабул қилин-ган. Ҳолбуки, мамлакат (русча страна) билан давлат (государство) орасида катта фарқ бор.
Мана шу объектив сабабларга кўра «Муҳаббатнома» ўзбек тилида чин аслият бўлса, қозоқ тилида аслиятдан анча узоқлашган таржима ҳолига келган.
Бунинг тарихий сабаблари бор. Хоразм — қадимий маданият маркази. Хоразмийнинг исми — унинг шу маданият марказида туғилиб ўсганидан далолат беради. Бу маданият марказининг адабий тили Аҳмад Яссавий, Раб-ғузий каби биз юқорида асарларидан мисоллар келтирган шоир ва адибларнинг таъсирида шаклланган. Бу шоирлар Туркистон ўлкасида, Сирдарё ва Амударё бўйларида ижод қилганлар. Шу объектив сабабларга кўра уларнинг адабий тили Аҳмад Яссавий, Адиб Аҳмад, Рабғузий каби етакчи ижодкорлар таъсирида шаклланган.
Хоразмийдан кейин туркий тилда ижод қилган Қутб ва Сайфи Саройилар бири Волга бўйида, Олтин Ўрда ҳудудида, бири ҳатто Узоқ Мисрда яшаган бўлсалар ҳам, минг йиллар давомида «Алп Эр Тўнға», «Билге хоқон», «Қутадғу билиг», «Девону луғотит турк» достонлари, Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва унинг мактабига мансуб ворислари яратган адабий тил меъёрларига риоя қилганлар. Чунки бу меъёрлар асрлар синовидан ўтиб, барча туркий элат ижодкорларини ўз атрофига жипслаштира оладиган ибратли қоидалар ва мумтоз фазилатларга эга бўлган.
Шунга қарамай, бир қатор туркшунос олимлар «Муҳаббатнома» достонини «Чиғатой тилида ёзилган» деган фикрни олдинга сурадилар.
Юқорида биз «Чиғатой тили», «Чиғатой адабиёти» деган ибораларнинг ҳеч қандай тарихий ва назарий асосга эга бўлмаган, сунъий нарса эканини айтган эдик. Афсуски, тилшунослар орасида бу ибора ҳанузгача мумтоз ўзбек адабий тилига нисбатан татбиқ этиб келинмоқца. Бу масалага оид характерли мисолларни таниқли туркшунос Э. Н. Нажипнинг туркий тилларга бағишланган китобларида кўриш мумкин.
«А. Н. Кононов ўз вақтида тўғри кўрсатганидек, — деб ёзади Э. Н. Нажип, — Чиғатой улусининг тили Қорахонийлар адабий тилига ва ХIV асрдаги Темурийларнинг мамлакатларидаги адабий тилга асосланиш билан бирга Олтин Ўрданинг ғарб қисмидаги Жўчи улусининг адабий тили асосида такомиллашди. Кейинчалик чиғатой тили эски клпссик ўзбек адабий тилини бошлаб берди».
Хайриятки, бу туркологлар Аҳмад Яссавий ҳикматлари тилини «чиғатой» тилига мансуб қилиб қўя олмадилар. Чунки Аҳмад Яссавий Чиғатойдан бир аср олдин «Девони ҳикмат»ни яратиб кетган эди.
Лекин четдан келиб бизнинг тилимизга турли номлар гюришни яхши кўрадиган туркологлар Аҳмад Яссавийни қим ўзбек адабий тилидан мумкин қадар узоқлаштириш учун уни қипчоқ-ўғуз тилига мансуб кўрсатадилар. Э. Н. Нажип бу гал А. К. Боровковнинг шу ҳақцаги фикрини қўллаб-қувватлайци:
«Девони ҳикмат»нинг тилини таҳлил қилган А. К. Боронков бу асар тилида Шарқий Қорахонийлар тили таъсири борлигини кўрсатиш билан бирга «Ҳикматлар» тили мустақил қипчоқ-ўғуз тилига мансуб, деган хулосага келади.
Яссавий ҳикматларининг қипчоқ-ўғуз тилида пайдо бўлиши қарлуқ-уйғур тили билан бирга иккинчи адабий тил мавжуд бўлганини исбот этади».
Қипчоқ тили намуналарини юқорида келтирдик. Бу тилнинг характерли белгилари бўлган «жўл», «жўқ», «жахси» каби «же»ловчи сўз ва иборалар Аҳмац Яссавий ҳикматларида мутлақо учрамайди. Ўғуз тилига келсак, ундаги «тоғ» ўрнига «доғ», «тирик» ўрнига «тири», «кириш» ўрнига «гириш» каби характерли сўз ва иборалар ҳам Аҳмад Яссавий ҳикматларида йўқ. Шунинг учун қозоқ ва турк қардошларимиз Аҳмад Яссавийни ўз тилларига таржима қилиб ўқийдилар.
Мана, Яссавий «Муножот»идан яна тўрт сатрини олиб, аслият билан туркча таржимани қиёслаб кўрайлик:
Аслият:
Чин олим ёстиғин тошдин яратти,
Нима уқди ани оламга айтди.
Ўзин билди эрса Ҳақни билди,
Худодин қўрқди ва инсофга келди.
Туркча таржимаси:
Герчек алим йастиғини таштан қилди,
Англадиғи шейи алеме деди.
Кендини билди эса ҳаққи билди,
Худадан қўрқди ва инсофа гелди.
Масалага холисанлилло ёндашганда, Аҳмад Яссавий ҳикматларининг аслияти ўзбекча экани, унинг қипчоқ ва ўғуз тилларидаги матнлари шу аслиятдан келиб чиққанлиги ушбу тўрт сатрда яна бир марта инкор этиб бўлмайдиган тарзда кўзга ташланади.
Бу билан биз Аҳмад Яссавий тилини фақат ўзбек тилига мансуб демоқчи эмасмиз. Яссавий ижоди ва тили барча туркий халқларнинг умумий маданий бойлигидир. Фақат бу маданий бойликнинг яратилишида ва бизгача етиб келишида ўзбек адабий тили устун мавқе эгаллашини объектив факт сифатида қайд этмоқдамиз, холос.
Машҳур туркшунос олим А. Н. Самойлович «Чиғатой тилининг» мавқеини Э. Н. Нажипдан ҳам баландроқ кўтариб, унинг тарихини олти асрга чўзади:
1. Чиғатой адабий тилининг олтин даври (XV—XVI асрлар).
2.    Чиғатой адабий тилининг инқирози (XVII—XVIII асрлар).
3.    Чиғатой адабий тилининг қайта жонланиши (XIX аср ва XX асрнинг боши)».
Бу иқтибос филология факультетлари учун 1984 йилда чиқарилган дарсликдан олинди. Совет даврида Чиғатой номи Темурийлар давридаги маданий юксалишни хаспўш-лаш учун атайлаб шундан баланд мавқега кўтарилган эди.
Аслида, Чиғатой улуси XIV асрнинг етмишинчи йилларидаёқ сиёсий ва жуғрофий тушунча сифатида йўқ бўлган эди. Амир Темур 1370 йили Марказий Осиёда давлат тепасига келгандан кейин Чиғатой авлодлари бу ҳудуддан қувилган, Мовароуннаҳр яна қадимий номи билан Турон ва Туркистон деб атала бошлаган эди. Чиғатой исми энди фақат туркийлашган бир мўғул уруғининг оти ёки «Чиғтойтепа», «Чиғатой қабристони» каби жой номлари сифатида сақланиб қолган эди. Шунга қарамай, сунъий ясалган чиғотой тили» тушунчасини Алишер Навоий ва Бобр Мирзо тилига нисбатан ҳам татбиқ этиш, яна бу сохта атама тарихини XX асргача чўзиб келиш илм-фанга эмас, фақат қарам қилинган халқларнинг юксак маданиятини камситишга хизмат қиладиган ғайриилмий бир сиёсат эди. Афсуски, айрим ўзбек олимлари тил тарихига оид китобрида «чиғатой тили» иборасининг моҳиятига эътибор брмай келадилар.
Университетларнинг филология факультетлари учун ўқув қўлланма сифатида 1994 йилда нашр этилган китобида шундай сатрлар бор:
«Туркшуносликда баъзан чиғатой адабиёти ва чиғашой тили, чиғатой туркийси атамалари учрайди. Бу ўриндаги чиғатой адабиёти атамасини ўзбек мумтоз адабиёти деб тушунмоқ керак. Чиғатой тили атамаси эса эски ўзбек адабий тилини англатади».
Бу маълумотни талабалар онгига ўқув қўлланма орқали етказиб бераётган тилшунос олимларимиз бир лаҳза ўйлаб кўрмайдиларки, Чиғатой ўзи ким бўлганки, бутун бир адабий тилни, ҳатто Алишер Навоий давридаги мумгоз адабиётни «Чиғатой тили», «Чиғатой адабиёти» деб аташ керак?
Бир вақтлар Бокуда «Советская туркология» журнали чиқарилар эди. Бу журналда машҳур турколог олимларнинг илмий ишлари чоп этиларди. Туркий тилларга оид яхши тадқиқотлар билан бирга бу журналда совет мафкурасига мос келадиган хулосалар ҳам бериб бориларди. Ана шу хулосалардан бири мумтоз ўзбек адабий тилини тарихий-миллий илдизларидан узоқлаштириб, «чиғатой тили» деб номлашда кўзга ташланарди.
Бу ҳодисага ўзбек тили тарихига оид бошқа бир китобда бир қадар муносабат билдирилади:
«Кўпчилик туркологик адабиётда XIV—XVI асрлар адабий тилига нисбатан «чиғатой тили» атамасини ишлатадилар...
В. В. Радлов, А. М. Шчербак, Абулғози Баҳодирхон таъкидлаганидек, чиғатой тили — сунъий тилдир».
Аниқроқ қилиб айтганда, бундай тил, умуман, тарихда бўлган эмас. Агар чиғатой тили тарихда бўлганда, Алишер Навоийдек, Бобур Мирзодек XVI асрда яшаган улуғ сиймолар ўз асарларида бу тилни албатта қаламга олган бўлардилар. Улар Чиғатой улуси ва туркийлашган чиғатой мўғул қавми борлигини қайд этганлар. Аммо ўзлари ижод қилган адабий тилни ҳамма жойда «туркий тил» деб атаганлар. Бунинг энг кўп далилини «Муҳокамат ул-луғатайн»дан топиш мумкин.
Юқорида эслатиб ўтилган Э. Н. Нажипнинг китобида «чиғатой тили»дан ташқари, «Олтин Ўрда адабий тили» деган яна бир сунъий атама илмий истеъмолга киритилади. «Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си Олтин Ўрда давлати таркибига кирган Сирдарёнинг қуйи оқимида яратилганлиги учун унинг тилини «Олтин Ўрда тили» деб айтиш мумкин, — дейди Э. Н. Нажип. — Қутбнинг «Хусрав ва Ширин» достони тилини ҳам Олтин Ўрда тилида ёзилган деб ҳисоблаш мумкин. Сайфи Саройининг «Гулистон» асари тилини биз қипчоқ-ўғуз тилида ёки Олтин Ўрда-Миср тилида ёзилган деб айтамиз» .
Албатта, Олтин Ўрда ҳудудида ҳам маданият ва тил ривожланганлиги шубҳасиз. Ҳозир бу ҳудудларда қозоқ, бошқирд» татар қардошларимиз яшайдилар. Уларнинг орасидан чиққан тилшунос олимлар ўз она тилларининг ривожига ижобий таъсир қилган ёрқин адабий асарларни илмий жиҳатдан ўзлаштиришга интиладилар. Бу ҳаммаси тушунарли ва жоиз.
Фақат ҳар бир олимнинг биринчи навбатдаги вазифаси масалага объектив нуқтаи назардан холисанлилло ёндашиш эканини унутмаслигимиз керак.
Хоразмдай қадимий маданият марказида туғилиб ўсган ва шу ўлканинг адабий тилида «Муҳаббатнома» асарини Сирдарё бўйида, қадимий туркий шаҳар — Сиғноқда ёзган Хоразмий қандай қилиб «Олтин Ўрда адабий тилига» ман-суб бўлади? Ўша даврда Сиғноқ Олтин Ўрдага қарашли бўлгани учунгинами? У даврда Москва ҳам Олтин Ўрда давлатига қарашли бўлган. Москвада ўша вақтларда ёзилган асарларни Олтин Ўрдага мансуб қилиб кўрсатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди-ку.
Қозоқ, татар, бошқирд адабий тиллари бор. Лекин Олтин Ўрда адабий тили» деган ибора «Чиғатой тили» деган атама каби илмий асосдан маҳрумдир.
Буни биз юқорида «Муҳаббатнома»дан келтирилган мисолда кўрдик. Энди бу фикрнинг исботини Қутб ва Сайфи Саройи асарларидан излаб кўрайлик.
Кутб Низомийнинг «Хусрав ва Ширин» достонини милодий 1341—1342 йилларда форсчадан туркий тилга таржима қилади. Мана, ўша таржимада Хусрав билан Фарҳоднинг савол-жавоби:
Бурун сўрди: не ерликсан сен?
Айттики: ошиқлар шаҳаридин мен.
Айтти: не саноат қилурлар?
Айтти: жон сотиб, қазғу алурлар.
Айтти: жонни сотмоқлик хато ул.
Айтти: ошиқ йўлинда раво ул.
Айтти: не қадар севдинг сен они?
Айтти: сўзга сиғмас ҳеч баёни.
Айтти: гар йўлуқсанг, кўрса сени?
Айтти: кўзга сургум тупроқини.
Ўн мисрали бу шеърда биз учун фақат битта сўз изоҳ талаб қилишни мумкин. Бу ҳам аслида «ариқ қазиш»дан олинган «қазғу» сўзидир. Қолган ҳамма сўз ва ибораларни худди Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари каби биз таржимасиз тўлиқ тушунамиз.
Қутб асарининг тили қипчоқ-ўғуз адабий тилига унчалик мос келмаган учун қозоқ қардошларимиз юқоридаги сатрларни ўз она тилларига қуйидаги тарзда таржима қилганлар:
Алдимен сўради: Қай жерликсин сен?
Жавап берди: ашиқлар қаласинан мен.
Айтти: сенинг қандай онаринг бор?
Айтди: жан сатип, жер қазамин.
Қолган олти сатрнинг таржимасини келтириш шарт эмас. Шу тўрт сатрнинг ўзидаёқ Қутб асарининг тилида қипчоқ-ўғуз тили мавқеидан кўра ўзбек адабий тили мавқеи устунроқ экани яққол кўзга ташланиб турибди.
Энди Сайфи Саройининг «Гулистон бит-турки» асаридан мисол келтирайлик: Саъдийнинг «Гулистон»ини Сайфи Саройи туркий тилда шундай таърифлайди:
Гул тиласа хотиринг тўла табақ, Бу «Гулистон»дан ўқи бир варақ. Гул жамоли бир неча кунда кечар, Бу «Гулистон» доимо кўнгил очар. Ул ажойибки ғаройиб мунда бор, Хусраву Ширин ичинда канда бор? Бу латофат боғу бўстони дурур. Булбул муғаннийи «Гулистон»и дурур.
Сайфи Саройи Кутбдан анча кейин яшаб ўтган, «Гулистон бит-турки» асарини 1391 йили етмиш ёшида ёзиб тугатган. Ҳар икки шоир ҳам Туркистон ўлкасида билим олганлиги ва Аҳмад Яссавий адабий мактабидан баҳраманд бўлганлиги улар ёзган асарларнинг содда ва равон тилидан кўриниб турибди.
Бу таҳлиллардан мақсад бир адабий тилнинг иккинчисидан афзаллигини кўрсатиш эмас. Чунки ҳар бир тил ўзига хос афзалиятга эга. Бу афзалиятлар қипчоқ тилида ҳам бор. Лекин Қутб ҳам, Сайфи Саройи ҳам форс тилида аруз вазнида ёзилган асарларни она тилларига таржима қилганда Аҳмад Яссавий адабий мактабининг анъаналарига суянганлар. Аҳмад Яссавий эса туркий тилнинг бойликлари билан бирга араб-форс тилларининг бойликларидан ҳам моҳирона фойдаланган.
Қипчоқ тили аруз вазнида форс тилида ёзилган «Хусрав ва Ширин», «Гулистон» асарларини аслига мос аруз вазнида таржима қилиш имконини бермайди. Саъдий «Гулистон»идаги «хотира», «варақ», ажойиб», «ғаройиб», «латофат», «муғанний» каби арабча-форсча сўзларнинг қипчоқ тилида таржимаси топилмаган. Шунинг учун қозоқчада улар қисман бошқа сўзлар билан алмаштирилган. Масалан, «варақ» — «бет», «хотиринг» — «жанинг», «гул» — «роза». Асли арабча бўлган «ажойиб», «ғаройиб», «латофат», «муғанний» сўзлари эса таржима қилинмасдан ташлаб ўтилганлиги боис мазмун саёзлашган. Арузда ёзилган теран маъноли фалсафий шеър оддий бир ўланга ўхшаб қолган.
Гап бу ерда ҳам таржиманинг нуқсонлари ҳақида бораётгани йўқ. Гап «Қутб ва Сайфи Саройи асарлари Олтин  Ўрда ва қипчоқ адабий тилида ёзилган» деган фикрнинг илмий исботи йўқлиги ҳақида бораётир. Сайфи Саройи умрининг бир қисмини Африка қитъасида, Нил дарёси бўниида, Мисрда ўтказган экан. Э. Н. Нажип шу фактдан келиб чиқиб, унинг «Гулистон бит-турки» асарини Олтин Ўрда — Миср адабий тилида ёзилган» деган фикрни ҳам ўртага ташлаган.
Олтмишинчи йилларда Тошкентда «Ўзбек адабиёти» деган уч жилдлик хрестоматия нашр этилиб, унда Қутб ва Сайфи Саройи асарларидан ҳам намуналар берилганлиги Э. Н. Нажип каби туркологларнинг қаттиқ эътирозига учраган эди. Бу эътирозларнинг мазмунини Кўпроқ қилиб айтадиган бўлсак, улар: «Ҳамма классикларни ўзбеклар ўзлаштириб олаверадими? Қайси классик қаерда яшаганига қараб, уларни бошқа туркий халқмарга ҳам тақсимлаб бериш керак», деган фикрдан келиб чиққан эди.
«Бўлиб ташлаб бўйсундур» деган қадимий ақидага биноан, туркийзабон классикларни яшаб ўтган жойларига қараб, Чиғатой адабий тилига ёки Олтин Ўрда адабий тилига, ҳатто «Миср адабий тилига» мансуб қилиб тақсимлаш натижасида Қутб ва Сайфи Саройи қипчоқ-ўғуз адабий тилида ижод қилган бўлиб чиқади. Шўролар марказидан берилган кўрсатмага бизнинг адабиётшуносларимиз ҳам бир қанча вақт амал қилишиб, Қутб ва Сайфи Саройи асарларини ўзбек адабиёти дарсликларига киритмагандилар.
Ниҳоят, истиқлол даврида бу борада ҳам тарихий адолат тикланиб, 1994—1995 йилларда чиққан тил ва адабиётимиз тарихига оид китобларда Яссавий, Рабғузий, Хоразмийдан кейинги адабий авлодлар қаторида Кутб ва Сайфи Саройи асарлари таҳдилига ҳам муносиб ўрин берилмоқда.
Албатта, уларнинг адабий тили туркийзабон халқларнинг ҳаммаси учун умумий асос бўлиб хизмат қилади. Қутб ва Сайфи Саройи Олтин Ўрда давлатининг ҳудудида Чингизхон авлодларидан Ўзбекхон ҳукмронлик қилган даврда яшаганлар. Ўзбекхон ислом динини қабул қилгандан кейин махсус фармон билан Жўжи улусининг аввалги номини «Ўзбек улуси» деб ўзгартиради. Бу фармонга бўйсунмаганларни аёвсиз жазолайди.
Шу шароитда ижод қилган Қутб ва Сайфи Саройи ўз асарларини «ўзбек тилида ёздик» деб, Ўзбекхондан мукофот олишлари мумкин эди. Лекин у пайтда «ўзбек тили» деган атама истеъмолда йўқ эди. Ўзбекхоннинг ўзи ҳам Аҳмад Яссавийнинг диний таълимотини туркий тилда ўрганиб мусулмон бўлган эди. Шу сабабли, Сайфи Саройи ўз асарини «Гулистон бит-турки», яъни «Туркий Гулистон» деб атагани ўзининг Аҳмад Яссавий туркий мактабига мансублигини тан олганидан далолат беради.
Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва унинг адабий мактаби шарқда Мўғулистон чегараларигача, шимоли-ғарбда Волга бўиларигача, жанубда Мисргача бўлган шундай кенг ҳудудларда ижод қилган шоирларни бир адабий тил атрофига жипслаштиргани ва хилма-хил шеваларда сўзлашган туркий халқларнинг ҳаммаси учун умумий бир дорилфунун бўлиб хизмат қилгани илм-фанда ҳали ўзига яраша баҳо олгани йўқ.
Шу нуқтаи назардан қарганда, бундан олти юз йил муқаддам Амир Темур Аҳмад Яссавийни юксак даражада эъзозлаб, унинг номига Туркистон шаҳрида муҳташам мақбара қурдиргани нафақат бизнинг, балки бутун жаҳон эътиборига сазовор тарихий ҳодисадир.

* * *

Аҳмад Яссавийга ихлос Амир Темурда қандай пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар бизгача етиб келган эмас. Тахмин қилиш мумкинки, ёшликдан зеҳни жуда ўткир бўлган Темурбек Аҳмад Яссавий ҳикматларини ўз ота-онасидан эшитган бўлиши мумкин. Чунки Темурбекнинг онаси Тегина бону Бухорода руҳоний оиласида ўсганлиги тариҳдан маълум. Аҳмад Яссавий ҳикматлари энг аввал Бухорода Абдулхолиқ Ғиждувоний билан'бирга ўқиган ва ҳамкорлик қилган даврларида эл орасида шуҳрат қозона бошлаган эди. Темурбекнинг отаси Амир Тарағай эса Абдулхолиқ Ғиждувоний таълимотига ихлос қўйган Амир Шамсиддин Кулолнинг муриди эди. Амир Шамсиддин Кулол эса эътиқод жиҳатидан Аҳмад Яссавийга яқин эди.
Амир Темур Аҳмад Яссавийдан салкам икки аср кейин тарих саҳнасига чиқади. Бу асрлар давомида мўғул истилоси Турон ва Туркистонни кўчманчи чингизийларнинг интиҳосиз жабру зулмлари исканжасига солади. Сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан босқинчиларга бас келадиган кучлар ҳали жабрдийда халқ орасидан етишиб чиқмаган эди. Фақат маданий жиҳатдан кўчманчи чингизийларга нисбатан Турон халқи устун турарди.
Чиғатой улусидаги мўғул ҳукмдорлари ҳам, Олтин Ўрдадаги Ўзбекхон каби, мўғул тили ва шомон дини ўрнига туркий тил ёрдамида ислом динини қабул қилганлари кучлар нисбатини зимдан ўзгартирди.
Маданий савияси, тили ва адабиёти босқинчиларникидан кўра бир неча поғона баланд бўлган туркий аҳолининг мўғул истилочиларига нисбатан маънавий жиҳатдан устунликка эриша бошлагани XIV асрга келиб кўзга яққол ташланади.
Ҳамма нарсани жуда теран идрок этадиган ва ёшлигидан Турон учун жон куйдирувчи ватанпарвар бўлиб ўсган Амир Темур Аҳмад Яссавий руҳи ва унинг ҳикматлари туркий элларнинг босқинчи мўғуллар зулмига қарши курашида қудратли маънавий қурол бўлиб хизмат қилишини дил-дилдан сезган бўлиши керак.
Амир Темур Аҳмад Яссавийнинг XIV асрда яшаган авлодларидан Хўжа Боязидга мурид бўлганлиги тўғрисида Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да жуда қимматли маълумот беради.
Хўжа Боязид Аҳмад Яссавийнинг иниси Исмоил ота ва унинг фарзанди Исҳоқ отага невара бўлар экан.
«Темурбек онинг (яъни Хўжа Боязиднинг) суҳбатига келибдур. Келурда кўнглидан кечибдурки, бу эрнинг маъно оламидан хабари бўлса, бизга иссиқ ҳалво тортқай. Ул муридларға ҳалвони худ буюрғон экандур. Бек била саломлашиб кўришгандин сўнгра дебдурки, аввал салом, ўртаси таом ва охири калом. Филҳол ҳалвони тортдурубдур. Бекка бу ҳол зоҳир бўлгач, лангар ясаб, кўп авқоф қилибдур».
Аҳмад Яссавий авлоди бўлган Хўжа Боязид суҳбатига Темурбек бот-бот келиб турганини мана шу лавҳанинг мазмунидан пайқаш мумкин. Бу суҳбатларда, албатта, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари кўп тилга олинган. Хотираси яхши бўлган Амир Темур уларни ёд олган бўлиши керак.

Парчанинг охирида «Бекка бу ҳол (яъни Хўжа Боязиднинг каромати) зоҳир бўлгач, лангар ясаб, кўп авқоф қилибдур» деган сўзларнинг теран маъноси бор. Амир Темурнинг ўзи ҳам кароматли сиймо бўлганлиги учун Хўжа Боязидни шу тарзда синаб кўриб, унинг кароматига амалда имон келтиради. Шундан кейин Хўжа Боязидга «лангар» деб аталадиган махсус зиёратгоҳ қурдириб беради ва катта ер, мулкни солиқ олинмайдиган вақф тарзида инъом қилади. Шундан тахмин қилиш мумкинки, бу ҳодиса Амир Темур давлат тепасига келган йилларда содир бўлади.

Пиримқул Қодиров