Эшшак йўқолди! вой эшак! PDF Босма E-mail

Бир йўловчи карвонсаройга етолмади шекилли, йўл устидаги мадрасага кирди. Эшаги ҳам бор эди. Уни хизматкорга топширди. Хизматкор эшакни етаклаб оғилхонага олиб кириб боғлади, охурига ем ташлади.
Йўловчи эшагидан хотиржам бўлиб, бир кечага берилган хонақоҳга кириб ёнбошлади.
Қўшни хонақоҳда бешта сўфий ўтиришар, очликдан тишларининг кирини сўришарди. Улардан бири ташқарига чиқиб тез қайтиб келди.
— Эй биродарлар, калламга бир фикр келди, — деди у ҳовлиқиб.
Улфатлари унинг оғзига тикилишди.
— Мадрасамизга бир йўловчи қўнибди, оғилхонада эшаги ҳам бор, ўзи-ку донг қотиб ухлаб қолган. Шу эшакни сотиб, бир маишат қилмаймизми?
— Ҳа-я! — деди улфатлардан бири. — Яхши фикр. Бизнинг одамлардан нима камимиз бор! Очликдан силламиз қуриб кетди-ку.
— Тўғри, агар маблағ бўлса бир рақсу самоъ қилармидик... — деди бошқаси армон билан.
Улфатлар гапни бир жойга қўйиб, оғилхонадан эшакни етаклаб олиб чиқишар экан, хизматкор уларнинг йўлини тўсди.
— Бахайр, тақсирлар?
Икки киши хизматкорнинг қўлларини орқасига қайиришди.
— Агар ғиринг десанг калланг кетади, — деди бири хизматкорнинг башарасига мушт ўқталиб.
Хизматкордан хотиржам бўлишгач, эшакни етаклаб кўчага олиб чиқишди, дуч келган одамга арзонгинага сотиб юборишди. Дарҳол бозорга бориб у-бу нарса харид қилиб қайтиб келишди.
Йўловчи қўшни ҳужрадаги шовқин-сурондан уйғониб кетди. Нима гап экан, деб ташқарига чиқиб, қўшни ҳужранингдарчасидан мўралади. Сўфийлар давра бўлиб олиб, бошларини дам пастга эгишар, дам баландга кўтаришар ва ҳар гал шундай ҳаракатда “Ё Ҳу! Ё Ҳу!” деб қичқиришарди. Бешта сўфийнинг бошларидан тер қуйилар, аммо шунга қарамай зикрда давом этардилар, ҳужранинг чанги шифтга ўрлаган эди.
Йўловчи умрида сўфийларнинг рақсу самоъсини кўрмагани учун қизиқиб ҳужрага кирди. Сўфийлар зикрни тугатиб, уни даврага қабул қилишди ва энди хиргойи қила бошлашди. Олдинига ғино Худонинг зикрига бағишланган бўлса, кейинчалик қарсак чалишиб: “Эшшак йўқолди! Вой эшак" дея йўловчига қараб ашула айта бошлашди. Йўловчи бу қарашни ашулага қўшил, деган маънода тушуниб, у ҳам қарсак ура бошлади ва “Эшшак йўқолди! Вой эшак!” деб ашулага қўшилди. Бу орада хизматкор дарча олдига икки марта келди, аммо индамай қайтиб кетди. Улфатлар икки калимани такрорлаб узоқ ашула айтишди. Чарчашди. Сўфийлар энди шаҳар айланиб келамиз, деб чиқиб кетишди.
Йўловчи ўз ҳужрасига кириб, у ҳам йўл тадоригини кўра бошлади. Хуржунни елкасига ташлаб оғилхонага борди. Хизматкор оғилхонани супураётган экан. Аммо эшак йўқ эди.
— Эшак қани? — деди йўловчи кўзлари олайиб.
— Ўзингиздан сўрасак, — деди хизматкор ишдан бош кўтармай.
— Ўв галварс, нега ўзимдан сўрайман? Эшакни сенга топширган эдим-ку.
— Ахир, кечасидаги маишатда ўзингиз ҳам иштирок этдингиз, мен ҳужрага икки марта бориб келдим, сиз улар билан қўшилишиб ашула айтардингиз, хўжайиннинг хабари бор экан-да, деб ўйладим. Бор гап шу!
Йўловчи пешонасига қарс этиб урди...
Камбағаллик ва қашшоқлик куфрга етаклайди, дейиладир ҳадисларда.

Асрор Самаднинг
"Қалб кўзи" китобидан