Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик»Шахсият ва сўз: чин инсонийликка қадам
Facebook
Шахсият ва сўз: чин инсонийликка қадам PDF Босма E-mail

Инсон тийнатидаги хилма-хиллик, қарама-қарши қутбларнинг бир нуқтада намоён бўлиши: эзгулик ва ёвузлик, меҳр ва қаҳр, муҳаббат ва нафрат, садоқат ва сотқинлик, ростгўйлик ва ёлғончилик, қатъият ва бўшанглик, мардлик ва мунофиқликнинг битта характерда мужассам эканлиги, бу хислат ва иллатларнинг навбатма-навбат турли ҳолат ҳамда вазиятларда юзага чиқиши, назаримда, жамики маънавий ҳодисаларни – тушкунлик ва  кўтаринкилик, қувонч ва ғамни пайдо қилади, натижада буларнинг давоми сифатида жамиятнинг полифоник кайфиятини акс эттирувчи монофоник ва  муттасил давом этувчи жараённи шакллантиради.

Бу – мураккаб вазият. Тушуниш ва англаш, таҳлил ва талқинлар беҳад кўплиги, уларнинг ранг-баранглиги шу вазият мевасидир. Ёки аксинча.

Ана шу ҳолатда қайсидир ҳақиқатлар ҳақида холис фикр юритгинг, англаганингни дўстона оҳангда баён қилгинг келаркан. Мен сўз очишга чоғланаётган мавзу ақлимни таниганимдан бери ғимирлаб, тинчлик бермайди. Шунинг дастидан кечалари кўздан уйқу қочади, қалб қийналади – буларнинг бари алал-оқибат ёзиш эҳтиёжини келтириб чиқарди.

Мен нега буни айтяпман? Чунки ўзимнинг даражамни, масъулият ва бурчимни айни пайтда қайси нуқтада эканини англайман, бундай мавзуни кўтариш ёш елкамга, хом ақлимга оғирлик қилар, лекин эҳтиёж пайдо бўлгач, қўлга қалам олдим.

Аслини олганда, бу мавзу янги эмас. Инсон яралгандан буён шу мавзу, менимча, унинг ўй-хаёлида чарх уриб келган бўлса керак.

Кириш сўзи унчалик чўзилиб кетмасин, гапнинг индаллосига ўтайлик, дарвоқе, ундан олдин яна бир гап: бу битикларим ортида ҳеч нарсага, ҳеч кимга, ҳеч қандай юқори даражага, комилликка даъво қилмоқчи эмасман. Шунчаки мулоҳазалар сифатида самимий қабул қилинг, бу ҳаммамиз учун эркин ва холис  фикр майдонини яратиб беради.


Ижод деганда ўхшаши топилмайдиган, юксак дид билан яратилган, ижобий хусусиятларга эга бўлган, хоҳ маънавий, хоҳ моддий шаклга эга бўлган ишни тушунамиз. Ижод учун Худо берган иккита кўзнинг ўзи камлик қилиши бор гап. Агар шу иккита кўзнинг ўзи ижод учун етарли бўлганда эди, айиқлар ҳам шеър ёзиб, маймунлар рассомлик қилишлари мумкин. Лекин бундай эмас.

Балки гап кўзда ҳам эмасдир. Ижоднинг сири кўз билан ўлчанганда чигиртканинг олдига тушадигани бўлмас эди, сабаби унинг кўзлари жуда кўп.

Гап моддий шаклга эга бўлмаган, онгли тарзда қабул қилиш қийин бўлган маънавий нигоҳ ҳақида кетяпти. Айнан унинг ноёблиги ва камдан кам инсонларга насиб этганлиги учун пайғамбарлар ҳам танлаб олинган, валийликка ҳамма ҳам етавермаган; қолаверса, Румий ва Навоий, Гёте ёки Толстойлар ҳар куни туғилавермаган. 

Шу нуқтаи назардан келиб чиқадиган бўлсак, ижоднинг қиймати янада ойдинлашади, унинг моҳияти аниқроқ намоён бўлади.

Ижод фақат ёзувчи-шоирлик ёки рассомлик, қўшиқчилик, бастакорлик билан чекланиб қолмайди. Илм ҳам ижод саналади. Чунки ҳар қандай ҳақиқат илм ақл ва туйғу уйғунлашган нуқтада кашф этилади. Демак, биз юқорида санаганларимиз сафига олимларни ҳам кирита оламиз. Мабодо кимдадир мавқе жиҳатдан уларнинг қайси бирини устун қўйиш керак деган савол пайдо бўлса, бу битта саволга иккита жавоб борлигини маълум қиламиз. Биринчи жавоб: қайси бири Ватанига, халқига, инсониятга кўпроқ фойда етказса, шуниси устун. Иккинчи асосий жавобни сўзимиз сўнггида айтамиз.

Ижод осон ва содда жараён эмас. Асл ижодий иш истеъдод ва меҳнатни талаб қилади. Яхши олим бўлиш учун бутун бошли кутубхонани ўқиш шарт эмас, моҳиятни англатувчи маълумотларни олиб, асосли илмий хулосалар қилиш мумкин деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Уларга қарши эмасмиз, эҳтимол мана шундай йўл билан ҳам илм қилиш, ижод қилиш мумкин, бу ҳам истеъдод даражаси, маънавий нигоҳнинг сезгирлиги билан боғлиқ бўлса керак.

Яхши қўшиқ учун соз овоз ва мусиқани илғаш қобилияти зарур; яхши бадиий асар учун Сўзлар жилосини ҳис этиш, улар тафтини сезиш шарт; яхши рассомлик сири ранглар оҳангини топиш ва уларни ўз ўрнида ишлата билишда; илм йўлидагилардан эса фактларни топиб, уларни қиёслаб, мустақил равишда илмий хулосалар чиқара олиш талаб қилинади.

Моцарт, Бетховен, Бахда товушни илғайдиган илоҳий қобилият бор эди; Андре Бочаллида сеҳрли товуш ва оҳангларни бўйсундириш тилсими мужассам; Навоий Сўз ғазнасини Қалбига жойлаб қўйган эди; Беҳзод ва Рафаэл Санти рангларни нафақат қалб, балки бутун вужуд ила тушунган бўлишлари керак; Хоразмий, Беруний, Нютон, Паскал, Менделеев сафидагилар ҳаётда мавжуд реал ҳодисаларни ақл билан англаб, туйғу билан сезиб, асосли хулосалар қилганлари учун ҳам бири математика отаси, бири уммон ортини кўра олган, бири бутун олам қудратини кашф этган, бири дунёдаги жамики элементлар ўрнини топиб чиқа олди.

Мана шулар ижоднинг бемисл қудратига ёрқин далиллар. Ҳолбуки, бундай далиллар тарихдан истаганча топилади. Буюк шахслар таржимаи ҳолида кўпинча уларнинг фавқулодда истеъдоди ҳамда меҳнаткаш бўлганлари зикр этилади. Биз меҳнаткашликка бекор урғу бермаяпмиз, сабаби меҳнатсиз истеъдод сувсиз ниҳолга айланишини, меҳнат билан чинор каби улғайишини таъкидламоқчимиз.

Қисқаси, ижоднинг моҳияти ижодкор маънавий кўзининг ўткирлиги, истеъдодининг кучи, меҳнаткашлиги самараси билан очилиб боришини, бу эса юқори қадр ва ҳурматга муносиб эканини айтмоқчимиз.

Мана энди гапимизнинг иккинчи қисмига келдик. Бунда ҳамма дардимни тўкиб олмоқчиман. Демак, юқорида айтилганидек, истеъдод соҳиби бўлган ижодкор ва унинг ижоди ҳурмат қилиниши шарт. Лекин мазкур қоидамизга парадокс бўлган воқеликдан, минг афсуски, кўзимизни мажбурласак ҳам, юмиб ўтиб кетолмаймиз.

Мабодо бир ўта машҳур ўғри ва каззоб мингларча одамларнинг қошида минбарга чиқиб, савлат билан, шошилмасдан, гапларини чертиб-чертиб ваъз қилса нима бўлади деб ўйлайсиз?

Бердисини айтгунча шошманг-да, ўртоқ, ким айтди унга биров қулоқ осмайди деб? Агар воиз жаноблари мана бундай десалар оломонни қўлида пора-пора бўлиб кетади:

– Ўртоқлар, азиз дўстлар! Ўғрилик қилманг, ёлғон гапирманг! Ҳалол яшанг, пешона тери билан болангизни боқинг. Ҳаромхўр ўғрилар ўлгандан кейин тўппа-тўғри дўзахга бориб тушади, у ерда эса оловда қоврилиб азоб тортади. Илону чаёнларга ем бўлади.

Балодай ақлингиз етиб турибди, ҳеч бўлмаса бир киши ўғрининг юзига боплаб тупириб:

– Ҳўв, каззоб! Эртагингни энангга айт! Сенинг кимлигингни тоза яхши биламиз, сўтак! – дейиши аниқ. Лекин ўша ўғри мана бундай деса-чи:

– Ўртоқлар, азиз дўстлар! Ўғрилик жуда зўр иш, унинг завқи бўлакча, кечаси том тешиб, девор ошиб, эшик қолиб, деразадан мушукдан пусиб кириб, ўғрилик қилиш кайфини ҳақиқий ўғридан бошқа ким биларди! Ўғрилик қилинг-да, мен ўғри эмасман деб каззоблик қилинг. Одамларни ёлғонингга ишонтиришдан кўра ажойиб иш борми, ахир!

Тингловчилар воизнинг овоз оҳанги, сараланган сўзлари, ўзининг тутишига мафтун бўлиб, шу куни кечасиёқ бир-бирининг томини тешиб, деворидан ошиб, эшик қолиб, деразадан мушукдай пусиб ўғриликка тушиб кетишлари ҳеч гап эмас.

Биласизми, нега? Чунки ваъз ўғриники ва у ўзи қилган ишни гапирди-да!

Ана гап қаерда!

Ижод аҳлига теккан дарду бало, тузалмас касал шуки, улар кўп ҳолатларда ўзлари қилган ва қилаётган ишларини тарғиб қилувчи асарлар ёзмайдилар.

Мана мисол: қўшиқчи имон ҳақида қўшиқ айтди дейлик, у қўшиқни тугаллаб, қарсакларни эшитиб, ҳавонинг қарс-қурсига маст бўлиб, куфр сўзларни айтиб, имондан чиқарадиган ишларни бажариб ўтиравериши мумкин.

Ёки шоир-ёзувчиларга мурожаат қилсак. Бир қаламкаш, дейлик, садоқат ҳақида шеър ёзди. Энди шеърмисан шеър! Узоқ қишлоқда мол боқиб юрган бир ўсмир подачи йигит уни нон ўраб келинган эски газетада ўқиб қолиб, ёдлаб юради. Лекин у ўша шоирнинг кунига неча “севгили”сига “садоқат” ва “севги” изҳор қилишини хаёлига келтирмайди.

Ёки бирор ёзувчи ёхуд рассом поклик ҳақида асар яратди дейлик, лекин ўзининг яшаш жойи ивирсиб ётгани ва у ерда эгасини думалатиб, ўзи ҳам думалаб қолган шишаларни ҳам топиш мумкинлиги жуда ажабланарли эмасми!

Ёки илм аҳлидан мисол. Олим жаноблари китоб титиб, меҳнат қилсин, доктор бўлсин-да, кейин ҳам, аввал ҳам бировларга ҳасад билан машғул бўлсин! Ёшларнинг оёғидан чалишни мўлжалласа! Ишончдан гапириб ўзи ишонмаса, бошқалар меҳнатини ўзлаштириб, унвон ахтариб, идорама идора юрса бамисли гадой каби.

Ана энди ўйланг: ижод аҳли шуми? Унинг мунофиқона ижоди кимга керак? Шон-шуҳрат касали давоси учунми? Уларнинг истеъдоди мана шундай пасткашликка йўл очиб берадими? Маънавий нигоҳ кўр бўлиб қолганми уларда?

Мен бу гапларим билан ҳеч кимни ерга урмоқчи эмасман. Камситмоқчи эмасман.

Шунчаки, ижодкорнинг ижоди ҳаёти билан мувофиқ келиши шарт деган қоидани илгари сурмоқчиман. Ижод аҳлида маънавий кўз очиқ бўлса, унинг умри ўзи ижоддан топган ҳақиқатлар устида барпо бўлади, агар бу кўз кўр бўлса, бу кўздан у то ўлгунича ёш ёғилади, ижодкор шу кўзёшлар эвазига ижод қилади, қўрқмасдан ўзи амал қилишни хаёлига келтирмайдиган ғояларни тарғиб қилади, ҳатто ўз гапига ишонмайди.

Булардан Навоий чиқадими? Румий-чи? Хоразмий-чи? Улар шунчаки ўнлаб навоийлар ва румийларни, хоразмий ва берунийларни забун қиладилар.

Юқорида ким устун: кўнгил кишиси бўлган шоир, ёзувчиларми ёки олимларми деган саволга қайси бири сўз ва амалини бир нуқтада жам этолса, айтган гапи ва қилган иши бир-бирини рад этмаса, уларнинг қайси бири бўлмасин, шуниси эҳтиромга лойиқ ва муносиброқ деган жавобни бериш керак деб ҳисоблаймиз. Аслида, камина айтмоқчи бўлган бор гап ҳам шундангина иборат эди.

Акром МАЛИК