Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик»«Ўткан кунлар» ҳам «ўткан кунлар» танқиди устида баъзи изоҳлар
Facebook
«Ўткан кунлар» ҳам «ўткан кунлар» танқиди устида баъзи изоҳлар PDF Босма E-mail

Меним «Ўткан кунлар»им тўғрисида Сотти Ҳусайннинг катга танқиди босилиб, яқинда тамом бўлдиким, бу муҳтарам «Шарқ ҳақиқати» ўқуғучиларининг маълумидир. Ижтимоий ёш олимимиз С. Ҳусайн ўзининг кўб вақтини сарф қилиб, танқидчилиқ бобидағи бирмунча нуқсонларимизни тўлдурушқа буюк жасорат ва ғайрат кўрсатдиким, бунинг учун биз, адабиёт муҳиблари, С. Ҳусайнга ташаккур айтишка, ҳар доим бу йўлда унга моддий ва маънавий ёрдам бериб туришка бурчлимиз.(Ғаюр — ғайратли.)
Бундан бирар йиллар муқаддам ўртоқ Сотти Ҳусайн «Ўткан кунлар»ни танқид қилиш ниятида бўлғанлиғини менга изҳор қилиб, ёрдам сўрағанида, унга хурсандлигимни билдирган, «агар сен шу ниятингда собит қолсанг, танқидчиликдағи бир нуқсонимизни йўқотасан!» деган, керакли маълумотлар бериб, ҳатто мени рўмон ёзишға ҳавасландирган Миср фузалосидан устоз Жўржи Зайдон билан уни таништириб, Жўржи Зайдоннинг рўмон ва ғайри асарларини С. Ҳусайнга тавсия қилиб ва орзуси бўйинча таржимаи ҳолимни ҳам ёзиб берган эдим. Дарҳақиқат, сиз ва бизнинг вазифамиз бундай ёш, ғаюр йигитларга ҳар доим далда беришликдир.
Бу қадар катта ва тўла танқидни кўрмаган хонандалардан(Хонанда — китобхон.) баъзилари (эҳтимолки, меним юзим учун бўлса керак) «зериктирди, мавзуъдан чикди, фалон» каби шикоятда бўлиндиларким, баҳорҳол бу йўсун сатҳий(Сатхий — юзаки.) тушуниш ёки бундай муфассал танқидни ўзбек матбуотида биринчи мартаба кўришдан ёхуд мунаққиднинг(Мунаққид — танқидчи.) баҳсига яхши тушунмаганликдандир. Дуруст, бирмунча мавзуъдан чиқиш каби ҳоллар кўрилди, аммо мунаққиднинг билоқасд (Билоқасд — мақсадсиз.) мавзуъдан чиқишдағи мақсади ўзбек ёш ёзғучилариға адабиёт бобида бир қадар дарс бериш, уларға раҳбарлик қилиш эди, деб ўйлайман. Бошқа жиҳатларда танқидчининг қусури кўрилар экан, бунинг ёшлиғиға ва тажрибасизлигига ҳавола қилиш лозимдир.
Мўътабар «Шарқ ҳақиқати» газетасининг шу устунларини қоралашдан мақсадим С. Ҳусайннинг «Ўткан кунлар»им тўғрисидағи танқидиға жавоб бериш фалон бўлмай (чунки бу меним вазифамга кирмас деб ўйлайман), балки сарлавҳада кўрсатилганча менга ғариброқ туюлған бир неча нуқталар устида изоҳлар беришдир.
Сўз чўзилмасин, ўқуғучининг қийматли вақти исроф бўлмасин, деб изоҳламакчи бўлған бир неча нуқталаримни бандларга ажратиб юритаман:
1. Танқидчи — «Юсуфбек ҳожи дабдурусдан исён чиқаради, озғина жарчиликдан сўнг тўполон бошланиб, уруш бўлиб кетади» («Шарқ ҳақиқати», 132-сон) деб ажабланадир. Ҳолбуки, ўша исённинг жараёни айнан мен ёзғанчадир. Ёлғон-яшиғи йўқ, исён «дабдурусдан!» Материалистча ўйлағанда ҳам бу «дабдурусдан»нинг сабаби очилса керак. Масалан, 70 кун муҳосарада6 қолған, очиққан, нонсиз бир халққа бундан юз йил илгариги курс билан 32 танга (бир ярим тилла баробари) солиқ солинсин-чи, қандай томоша бўлар экан! Шундай кезларда халққа бир раҳбаргина керакдир. Шу раҳбарликни «дабдурусдан» Юсуфбек ҳожи ўтаса на ажаб.
2. «Ўткан кунлар»да кўпрак қўлланған дидактика тўғрисида. Дидактика усулини кўпрак қўлланишнинг сабаби «Ўткан кунлар»нинг оммамизнинг савиясига қараб ёзилишидандир. Маълумки, бизнинг омма то шу кунгача ҳам Ўрта аср достон ва ҳикоялари билан озиқланиб келадир. Омманинг шу ҳолини назарга олғанда, бармоқ билан санарлиқ беш-ўнтагина (улар ҳам ўз ҳунарларида нўноқлардирлар) ёшлари-миз учун «сўнгғи приём»ни бериштиши чиқмаған болаға қурт шимитиш каби бўлар эди. Ҳолбуки, бу эски приём жўртга, халқимизнинг савиясини эътиборға олиб қабул қилинғандир. Халқнинг завқини, ру-ҳини назарда тутилмаса, «сўнгғи приём» деб Ёврупонинг сўнгғи мўдасини тақдим қилинса, бундан нима маъно чиқариб бўлар эди. Ҳаттоки мен «сўнгғи приём»лардан баъзисини «Ўткан кунлар»га эртарак киргизган бўлсам керакки, чойхонада ўлтурган таниш бир деҳқондан «мул-лака, шу Кумушбибининг китобини(«Ўткан кунларини демакчи (муал.).) хўб ёзғансиз-ку, бироқ, бу баъзи ерида гапини худда чови аралаш ушлайсиз-да, тушуниб олғунча энкатенкамиз чиқди-да!» деб «сўнгғи приём»дан шикоят эшиткан эдим.
«Ўткан кунлар»ни ёзар эканман, доим кўз ўнгимда ўқуғучи оммамиз турар эди. Мен бу китобим билан халқимиз рағбатини бир оз бўлса ҳам янгиликка тортай дер эдим. Шунинг учундирким, ҳатто бир фаслни тамом ташлаб ўтар эканман, «фалон ҳолни бундан сўнгғи фаслларнинг бирида ўқурсиз» каби сўз билан ўқуғучиға таъминот бериб қўйишқача мажбурият сезар эдим.
Машрабнинг «бердисини айткунча» калтак еб олғанини тушунар эдим. Бу ҳақда ҳануз бир фикрим бор:
Модомики, асар савияси ўзимизга маълум шу халқ учун ёзилар экан, яна бирмунча вақт «сўнғи приём»лардан кўз юмиб туриш, оралиқда «сўнгғи приём»ни оз-оз қистира бориш лозимдир. На учунким, «сўнгғи приём»да ёзилған шеър ва насрларимиз бир табақағағина хос бўлиб қолаберғани даъвомизға далилдир. Вақтоки, биз кўбчилик — ишчи ва деҳқон оммаси учун ёзар эканмиз, «эски приём» билан ёзади, биноан алайҳи(Биноан алайҳи — шунга биноан.) бу ёзғучиға биринчи нўмирни бермаймиз», деб қилинған танқиддардан ҳуркмаймиз.
3. Танқидда «дидактика» деб ҳиссий чекиниш (лирическое отступ-ление)ни ҳам аралаштирилиб юборилған. Масалан: «Мен — ёзғучи...» деб, кундаш жанжали тўғрисидағи ўз ҳиссиётимни айтиб ўтар экан-ман, ҳатто буни «янги приём»лар ҳам маъфу(Афв этилган, узрли.) санаб, йўл берадир. Бу «дидактика»дан бошқа гапдир.
4. Танқидчи мени мантиқсизликда айблаб келиб, мисолға — «Кумуш қиз экан, ота-онаси ундан сўрамай, ризолиғини олмай эрга беради, эрдан чиқғандан сўнг (Отабекдан сохта ажралғандан кейин) иккинчи эрга беришда ота-онаси Кумушнинг ризолиғини оламиз, деб овора бўлишдилар. Бу мантиқсизлиқ А. Қодирийнинг эсига келмайди, чунки шу мантиқсизлиқни ишламаса, рўмонни боғлайдирған ип чува-либ кетади» («Ш. Ҳ» 137-сон) деб ўтади.
Ҳолбуки, бу «мантиқсизлиққа» турмуш ҳақиқатиға қараб иртикоб(Иртикоб — киришиш, ҳаракат қилиш.) қилинғандир. Зеро, эски турмуш айтади: «Қумри қиз экан, ота-онасининг танлашлари билан эрга чиқсин, бу одоб, иффат тақозоси. Вақтики эри ўлди ёки эрдан чикди, эндиликда ота-онасининг унинг эр қилишида ихтиёрлари йўқ, фақат улар маслах,атчиларгина (бу одат йигитлар устида ҳам шундай. «Ўткан кунлар»нинг 1-бўлим 1-фаслига мурожаат). Қизлари эндиликда куёвни ўз кўзи билан кўради, уй-жой-ларини, касби корини текширади — унға рухсат». Бинобарин, «Ўткан кунлар»даги «мантиқсизлиқ» ҳам шу мақомдадир. Бунда мунаққид Сотти Ҳусайн маъфу. Зеро, Кумушдан ризолиқ сўраш устида озғина тўхтаб «дидактика» истеъмол қилсам иш тамом эди. Аммо мен халқ орасида маълум ва машҳур бу урф устида «дидактика» ёзишни лузумсиз топқан эдим.
Танқидчи С. Ҳусайннинг бир фикрига мен ҳам қўшиламан: ёзғучиларимиз ва танқидчиларимиз учун халқ орасиға кириш, унинг урф-одатиға гарчи машаққат бўлса ҳам вуқуф(Вукуф — воқифлик, хабардорлик.) ҳосил қилиш лозимдир.
5. Хушрўйбиби танқидчиға ғайритабиъий (бўлмаған) тип бўлиб кўринади. Бошқа типларни ғайритабиъийроқ топилса ҳам бироқ улар устида Хушрўй каби қатъий ҳукм берилмайдир. Хушрўйнинг табиъийлигини онглаш учун яна турмуш кишиларини ўрганиш машаққатини зиммага олиш керак.
6. Танқидчи мени «Ўткан кунлар» билан ўғри қилмаса ҳам, лекин адабиёт ўғрилари тўғрисида баҳс қила келиб: «Ўткан кунлар»нинг анча ери Жўржи Зайдоннинг «Армануса», «Ўн еттинчи рамазон»(С. Ҳусайн Жўржи Зайдоннинг фақат шу икки асаринигина ўқуган кўринади. Мен унга Жўржининг ҳамма асарларини тавсия қилған, рўйхатини топширған эдим. (муал.)) рўмонлариға ўхшаб кетса ҳам, унда Абдулла Қодирийнинг ўз сўзлари ҳам кўбдир» («Ш. Ҳ», 175-сон) дейдир. Ўқуғучилардан баъзилари бу билан шубҳага тушиб, «Ўткан кунлар»даги Жўржи Зайдоннинг сўзлари қайси ва сизнинг сўзларингиз қайси?» деб менга мурожаат қилдилар. С.Ҳусайннинг юқори ва қуйидағи йўлларидан бундай маъно англашилмағани учун уларға «Оқилон пайрави нуқат накунад»(Оқиллар нуқтага аҳамият қилмайдилар.) жавобини бериш билан кифояландим ва ҳануз шу фикрдаман. Шунга ўхшаш танқидчи — ёзувда, тилда бир оз нўноқроқ ва бепарво ҳаракат қилса керакким, унинг жумлаларидан бир қисми изоҳга муҳтож кўринадилар. Жумладан, танқидчи, Ўктабр инқилоби вақтида меним ҳолимдан дам уриб, «А. Қодирий бу ўзгаришлар вақтида ҳаёт эди» («Ш. Ҳ.», 199-сон) деб қўяди. Албатта бундан меним ҳозирда холи ҳаётда(Ҳоли ҳаёт — ҳаётлик, ўлмаганлик.) бўлмағанлиғимни (яъни ўлганлигимни) онглаш тўғри бўлмайдир.
7. Отабекнинг ишқидан ва умуман муҳаббатдан баҳс қилиниб, «ишқ-муҳаббат доимий бўлмайди» дейиладир. Бу фикрга мен ҳам қўшуламан. Аммо ишқнинг беш-ўн йилға тортилиши аникдир. Бунинг мисоллари ҳаётда беҳад кўб. Отабекнинг ишқи уч-ярим-тўрт йилғина. Бундай тинчсиз, ҳажр ва фироқли шароитда ундан ҳам кўбга тортилиши маълум.
8. Баъзан «меним сўзга усталиғим» тўғрисида ҳазм ва қолибдан юқорироқ мадҳларда бўлинған — «бу ҳолни тасвирига қалам ожиздир» каби узрларимни «ёлғон айтади, сўзга жуда уста» деган каби талқин қилинадир. Дуруст, менга қарағанда тубан кишилар учун мен «жуда ҳам сўзни қотирадиған кўринарман», бироқ «ўзимдан ўтади, ўзим биламан», деганларидек, ҳар кимнинг аҳволи ўзига маълумдир. Баъзи руҳий кечинмалар (переживание) борки, киши сезади, тушунади. Бироқ шу ҳолни қоғозга туширмакчи бўлинғанда сўз топилмай, ифода қилолмай ҳайратда қолинади, ноилож ажзни(Ажз — ожизлик.) иқрор қилишға, «қаламим ожиздир» дейишка мажбур бўлинади. Меним «Ўткан кунлар»даги ажзларим ҳам шу жумладандирлар.
Изоҳотларим яна бир банд билан битадир. Юқорида айтканимча танқидчининг ҳар бир баҳс ва мақоласиға тўхташ меним вазифам эмас.
9. Танқидчи: «Абдулла Қодирий пролетариат инқилобиға нисбатан узоқроқ кишидир. Чунки ҳақиқатан А. Қодирий майда буржуазия ёзувчисидир. Унинг синфий асосини белгилаш таҳлил вақтида катта аҳамиятга эгадир» («Ш. Ҳ.» 123-сон), деб меним синфий асосимни белгилашни ўз таҳлилининг негизига олмоқчи бўлса ҳам, бироқ анчагина узун мақолада белгилаш учун қўли тегмагандек бўлиб қоладир. (Ёки ул меним таржимаи ҳолимни ёзиб, ижтимоий аҳволимни белгиладими, шаҳардан четрокда турғаним жиҳатдан «Ш. Ҳ.»ни тартибли ололмайман. Ёзған бўлса, мени афв қилсин). Меним қўлимдағи газеталарда фақат «майда буржуазия вакили» дебгина кетаберадир ва гоҳи «А. Қодирийни нотариус ва банкалар сиқиб қўйди, ўзи майда буржуазиядан туғулди» («Ш. Ҳ.» 201-сон), дегандек ҳам бўладир. Мен шунга ҳайратда қолдимки (агар ижтимоий аҳволимни белгиламаган бўлса), меним таржимаи ҳолим ҳаммадан ҳам С. Ҳусайнга маълум эдику, яна шу ҳолда мени... Бунчалик лобар ҳаракатни Сотти ўртоқнинг ўзи «чунки А. Қодирий шундай мантиқсизликдан кўз юммаса, рўмоннинг ипи чувалиб кетади», деб ҳукм қилғанича, танқиднинг ҳам ипи чувалиб кетишидан қўрқиб қилмадими ёки танқидчи тасаввур қилған «реализма» тақозоси шуми ва ёки ўз таъбирича «бу нарсалар Жулқунбойға даврни, у яқин турған майда буржуазия синфининг илган хуржинининг натижасидир»ми?(Бундаги таъбир маъзур кўрилсин. С. Ҳусайннинг ўз мақоласидан айнан олинди (муал.).).
Ҳар ҳолда танқиднинг шу тарафи (башарти мен газета сонларини кўрмай кечирган бўлмағанимда), меним назаримда нуқсонли сезилди.
Ўртоқ Ленин ҳақиқатнинг кўзига тўғри қарашқа ўргатадир.
А. Қодирий (Жулкунбой), «Шарқ ҳақиқати» — 1929 йил, 218-сон.(«Шарқ ҳақиқати» газетаси 1923—30-йилларда Тошкентда чиққан. Тошкент вилояти партия комитети органи.)

Абдулла Қодирийдан