Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Ҳусниддин Шарипов (1933)
Facebook
Ҳусниддин Шарипов (1933) PDF Босма E-mail

Таниқли шоир Ҳусниддин Шарипов 1933 йили Наманганда туғилди. У ўрта маълумотга эга бўлгач, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг ўрмончилик   факултетида (1949—-1954) таҳсил олди. Сўнгра у  ўрмон хўжалиги идорасида инженер (1954—1956), «Наманган ҳақиқати» рўзномасида масъул котиб (1956—1960), «Ўзбекистон маданияти»да   адабий  ходим,   (1960—1962) «Шарқ юлдузи» ойномаси (1962—1969) муҳарририятида бўлим мудири лавозимларида хизмат қилди.

Ҳусниддин Шариповнинг биринчи шеърий китоби «Ниҳол» 1956 йили нашр этилди. Шоирнинг «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшга ошиқман» (1962), «Ернинг қалби» (1962), «Тупроққа қасида» (1965), «Мен сизга айтсам» (1968), «Чавандоз», (1974), «Хирмон» (1985), «Яна висол» (1987) шеърий китоблари, «Бир савол» (1973) шеърий романи китобхонлар меҳрини қозонди.

Шоир кейинги йилларда «Сотволдидан салом» «Тановар», «Биринчи довон», «Адолат замини» каби қатор асарларини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди.

Ҳусниддин Шарипов «Сени севаман» (1958), «Ота ўғли» (1965), «Афсона» (1974) песаларининг ҳам муаллифидир.

Шоир ўз асарларида даврининг энг муҳим масалаларини, халқимизнинг фидокорона меҳнатини, халқ ва Ватан бахт-саодатини куйлаб келмоқда. Унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилган.