Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Боту (Маҳмуд Ҳодийев) (1904-1938)
Facebook
Боту (Маҳмуд Ҳодийев) (1904-1938) PDF Босма E-mail

Боту янги замон ўзбек адабиётини бошлаб берганлардан бири, истеъдодли шоир ва жамоат арбоби эди. У 1904 йил 16 майда Тошкентнинг Шайховандтоҳур даҳасининг Қатортерак маҳалласида туғилди.

Бошланғич таълимни эски усулдаги мактабларда олган бўлса ҳам, олий таълимни Москвадаги Покровский номидаги институтнинг рабфакида (1921) олди. Сўнгра Москва Давлат дорилфунунининг иқтисод факултетида ўқишни давом эттирди (1921—1927). Самарқанд Педакадёмиясига қайтгач, адабий ва илмий иш билан машғул бўлди. 20-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, партия, давлат ишларида фаоллик кўрсата бошлади. Самарқандда нашр этилган «Аланга» ойномасида ва «Фарғона» рўзномасида муҳаррирлик қилди.

Шу даврдан бошлаб, унинг шеър ва ҳикоялари, публитсистик асарлари ва очерклари — «Билим ўчоғи», «Инқилоб», «Тонг», «Аланга», «Маориф ва ўқитувчи» сингари ойномаларда чоп этилади. Унинг «Ҳайит ҳаром бўлди» (1929), «Турсун» (1930) каби ҳикояларида эскилик билан янгилик ўртасида кураш, зиддият ўз ифодасини топди. Айниқса, «Ҳайит ҳаром бўлди» ҳикоясида эски дунё тарафдорларининг инқирози ҳажвий йўсинда фош этилади. Унинг «Октябрдан сўнг ўзбек адабиёти...», «Умид учқунлари», «Тўлқин товушлари» каби мақолаларида эса тил, имло, адабиёт тақдири ҳақидаги ўз қарашларини баён этади. Шунингдек, унинг «Умид учқунлари», «Тўлқинларим» (1930) каби шеърий тўпламлари нашр этилади. Улардаги «Ўзбек қизига» (1920), «Куз кунида», «Парчалар», «Сўрма», «Ҳижрон тўлқинлари», «Умид учқунлари» (1925) каби шеърлари самимий ва ҳаяжонли туйғулар ифодаси эди. Айниқса, унинг табиат гўзалликлари, сеҳрли, кароматини очувча «Кўклам», «Олой қизи», «Каспий денгизига» каби шеърлари китобхонни ўзига мафтун этарди. Шоирнинг «Биринчи хат» поемаси ҳам машҳур бўлган. Энг муҳими, унинг шеърларида порлоқ, озод келажак учун кураш бош мотив деса бўлади. Шу жиҳатдан, унинг «Қўзголиш», «Исён», «Бизнинг товуш», «У кун», «Ёш юрак тўлқинлари» каби ўнлаб шеърларида ҳаёт, кураш, келажак тушунчаси бош мавзудир. Шунинг учун хам шоир ўз юрти, эли осмонини мусаффо кўришни хоҳлайди:

Йиртилингиз, эй ярамас қора қалин пардалар,
Ҳеч ёвуқсиз юлдузларнинг нурли юзи очилсин!
ЙЎқолингиз ёруғликни тўсатурган булутлар,
Юртимизга энг юксакдан ёруғликлар сочилсин!

Ҳа, шоир орзу қилган янги олам кўксидаги озодлик қуёши, истиқлол қуёши нур соча бошлади. Бу нур барқарор бўлсин, деймиз.

Боту жамоат арбоби ва таржимон сифатида ҳам элга танилган эди. Хусусан, республикамизда мактаб-маориф ва олий таълимни, фан ва маданиятни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатгани маълум. Бироқ, Боту ўз даври сиёсатига муте ҳолда баъзи хато ва зиддиятли йўлда ҳа бўлган. Хусусан, Фитрат ва Чўлпонларга («Менинг кечам»ига «Менинг кундузим» билан жавоб қилган) қарши мафкуравий курашларда ҳам иштирок этди. Шунга қарамай, у адабиётимиз тарихида ўзига хос овозли шоир, сифатида ўрин эгаллайди.

Унинг бир ўгли — Эркли Маҳмудович Ҳодиев жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор бўлса, қизи — Наима Маҳмудовна Маҳмудова тиббиёт фанлари доктори, профессор, йирик жамоат арбоби (Республика касаба уюшмаси раиси бўлган) ҳамдир. Боту вафоти ҳақида хилма-хил қарашлар мавжуд. Уларнинг бирида Боту 1940 йилда хасталикдан вафот этди дейилса, бошқасида 1938 йил 8 майда Москвада халқ душмани сифатида отиб юборилган дейилади.