Facebook
Турк адабиёти тарихи PDF Босма E-mail

Озарбойжон Халқ Маориф камисарлиги фанний метод шўроси томонидан тасдиқ этилмиш ва Озарбойжон нашриёти томонидан 5 минг нусхада босилғон. (1925 йил — Бокуда)

Бу асарнинг биринчи жилд, биринчи ва иккинчи ҳиссаси босилиб чиқди. Биринчи ҳиссаси ўн тўққузинчи аср ҳаёти адабиясидан баҳс этадир.
Бундай бир асарнинг мисоли ҳалигача турк оламида кўрилмайдир. Бу асарнинг бошқалардан энг биринчи айирмаси шулки, ўн тўққузинчи аср турк ҳаёти адабиясини тартибли суратда, бир мажмуа ҳолида кўрсатадир. Бу иш ҳалигача турк адабиёти ҳаётида — тазкирачилар ва ажнабий тарихчилар мустасно — бўлмағон бир ишдир.
Бу асар тўғрисида ҳалигача жиддий бир танқид чиқмади. Бунинг сабабини шундан биламиз. Мисли бўлмағон, яъни ҳалигача ишланмаган бу майдонда қалам юрутмак учун шундай бир нарса ёзиш каби бир ташаббус ва меҳнат қилиш лозим бўладир. Айниқса, ғарб турк ҳаётидан минглар чақирим узоқда бўлғон: денгизлар, тоғлар, чўллар каби табиий тўсиқлар устига, Чор ҳукуматининг сиёсий мумонеъатлари* ва биздаги илмий-адабий ҳаракатнинг ҳечлиги орқасида қолғон ва бу асарда зикр қилинғон шахсларнинг баъзилардан икки-уч байт, баъзиларининг фақат отларини билиш ҳам зўрға мумкин бўлғон бизлар учун бу асар тўғрисида жиддий бир нарса дейиш кўп қийиндир.
Бу бир неча йилдан сўнг ижтимоий инқилоб йилларида эса бу масалалар билан уринишга на вақт ва на шароит мусоада қилмағонидан ҳали ҳам мумкин бўлмади. Бу узрлар ишга қолғонда балки ҳечдир. Локин маъзаратчининг биз кабилар бўлғони ва мавқеимиз назарда тутилғонда, табиий, булар буюк монеълар саналса ҳам ўрни бордир.
Мана шу узр ва шу муҳокамалардан кейин тубандаги сўзларнинг балки бир қиймати қолмас. Локин ўзбекнинг «ётиб қолғунча, отиб қол» деган мақоли мафодинча ўзимиз билган ёхуд тўғриси, билдик ва танидик деб қаноат ҳосил этган шоирлар ҳақидаким, улар бу муаззам таълифда биз учун уч-тўртдан ортуқ бўлмас, баъзи бир фикрлар юрутсак ортуқча бўлмас. Эҳтимол, бу ёзғонларимизнинг бир танқидий қиймати бўлмас, фақат бизда улар тўғрисида қандай тасаввурлар борлиғини, бизда - яъни Бўсфўр муҳитида эмас - Туркистоннинг қум, чўллари орқасидаги буталар, кўкатлар кўлагасида ўсган ва муҳитнинг қаттиғ бўғувчи иссиғлари остида хомлигича қовурулғонларга қоддирғон таъсирини кўрсатиш жиҳатидан аҳамияти бўлур.
Бошлаб бу асар марксчилик нуқтаи назаридан ёзилмағон, деб эътирозларга учраса мумкиндир. Қандайки, қайси бир ўртоқлар бу ҳақда ёздилар. Бизга қолса уларнинг бу эътирозлари, агар амалий бир фикр ва йўл кўрсата олмағон бўлсаларки, ҳеч бир нарса кўрсатмадилар, бу очиқ бир пулча қиймати йўқдир. Фалон, фалон ўрунларда бундай янглишликлар, тушунмаганликлар бор, изоҳ қилинмағон нуқталар «мана булар» деб кўрсатилмас экан, қуруқ сўз бўлишдан бошқа нарса эмас: «бўш сўз туяга юк»дир. Биз деймизки, бу асарнинг бош мазияти 32 шоирнинг, яъни бир асрга яқин бир муддат адабий ҳаётининг бир тартиб ва бир усул доирасида тизилиши ва адабиётга бир «гул» ҳолида қараш учун муҳим бир йиғинди ташкил этгандирки, ҳалигача бу бўлмағондир.
Асарни кўздан кечирганлар ва шу ишлар билан таниш кишилар биладирларки, бу майдонда ишлаш қандай қийиндир ва бош оғритувчидир! Буни шу ҳодда йиғишнинг ўзи қанча фидокорликлар талаб қилар экан, узоқдан туриб аҳил бўлмағонларнинг кесак отишлари ўзларининг қанча қийматда бўлишларини фош этишдан бошқа бир натижа бермайдир. Дуруст, марксчилик нуқтаи назаридан қарағонда биринчи боқишда жуда кўб камчиликлар кўриладир. Фақат иш ичига кирганда ва тарихимизнинг ҳеч бўлмаса бир нечагина йил кичкинагина бир давринигина кўз олдимизда ижмоли бўлса ҳам тасаввур ва тасвир эта олмағон шу чоғимизда марксисчаки — иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг бутун инжаликларини очиб бериш демакдир — бўлишини талаб этмак кулгули, бир бола талаби эмасмидир? Ҳолбуки, бу асар истар муқаддимасида, истар ҳар муносабат келганда иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни мумкин қадар изоҳ қилмоқдадир.
Энди мақсадга келайлик: бизнинг таниғон шоирлар орасида Абдулҳақ Ҳомид бордир, бу шоир тўғрисида 140 саҳифа тахсис этилгандир.
Ҳомиднинг узундан-узоқ ва ўндан ортуқ мактуби ва шу муносабат ила бошқа орқадошларининг ҳам узун мактублари дарж этилгандир. Ҳолбуки, Ҳомиднинг адабий шахсиятини - руҳли бир тарзда кўрсататурғон бир мактуби - Ризо Тавфиққа «Ҳомиднома» муносабати-ла ёзғон мактубидан ҳеч нарса кўрсатилмайдир. Ҳомид у мактубида қайси муҳаррирларни ўқиғонини ва қайсиларини ўқумағонини ўзи айтадир ва Ҳомидни таниш учун энг муҳим шу сўзларни ёзадир:
«Мақбар»да ва «Ўлу»да, хусусий-ла «Ўлу»дан зиёда «Мақбар»да кўрдикингиз қусурлар ноқобил инкор бир суратда ошкордир. Таслим эдарам. Ҳашвиёт чўқ, ғаройибларинг ҳадд ва ҳисоби йўқдир. Ва сиз ғолибан бунларла иктифо этмак истамишсиниз. Соир асаримида тадқиқ этсагиз даҳа чўқ нуқсонлара тасодуф эдардингиз, бундан аминам ва сизи таъмин эдарамки, бунлар банжа мажҳул дагилдир. Ҳатто асарими кандим танқид эдажак ўлсам ким билар даҳо нақадар қусурлар кўрурдим. Балки энг сўнграки асарим ўйла бир танқид ўлажоқдир ...»
Яна давом этиб адабиёт оламида кимлар ила яқин бўлғонини ва кимларни таниғонини айтадир:
«Адабиёт соир ва сарифаларинда дедигиниз каби, Қурнай, Ҳуғу, Шекспир ила Шайх Саъдий банга раҳбар ўлмишлардир (Камол устодимдир, у бошқа). Бунларнинг хорижинда ҳеч бир адиб ва шоир-ла муносабатда бўлинмадиғми билмангизи истарам. Пак чўқларини «Ҳомиднома»да исмлари мазкур ўланлардан ва ўлмаянлардан бир чўқини маъаттаассуф ўқумамишамдир била эҳтимолки қочмоқдан қуғоламая, ёзмоқдан ўқумая вақтим ўлмамишдир. На билайим фақат ҳақиқати ҳол будир».
Сўнгра асарларининг мавзуларини кимлардан олғонини тубандагича баён қила бошлайдир:
«Настаран»и Порисда Қурнайинг «Лўсид»ини ўқудиқдан сўнгра ёздимки, муқаддимасинда гўстариюрим. Маъ-шуқасининг падарини ошиқнинг итлоф этмаси мавзуини «Лўсид»дан олдим. Ёлғиз мавзуини... «Эшбер»да казалик Хўросдан муқтабас бир мавзу, ёлғиз бир мавзу вордир. Камол марҳум мактубларининг бирисиндаки, ғолибан матбуъдир. «Эшбер» Хўросдан муқтабас эсада ундан гўзаддир демиш, бани талтиф этмак истамишди. Марҳум бу дурли иқтибосоти жоиз гўрур ва табиий бўлурди. Ҳатто бал «Сардонапол»и ёзаркан, Байруннинг у исмда бир театруси ўлдиғини банга ихбор ила ўқумая тавсия этмиш эди. Бан мавзу бўлмоқда доимо гучлук чекдигимдан тарихдан ва шундан-бундан мавзулар олмоқ, онлари истадигим киби маловалар-ла ёзмоқ мажбуриятинда бўлунан ожазадан ўлдуғим «Сардонапол» муқаддимасинда хабар вериюрим.
Фақат «Мақбар» ила «Ўлу»нинг ёхуд «Балодан бир сас»инг кимсадан олинмиш мавзулари йўқдир. Унларинг мавзулари мозор ила ўлум ва бирда жамияти инсониядир. «Мақбар»лар, «Ўлу»лар, «Балодан бир сас»лар кечан гун дагил, кечан асрда ёзилмиш ва ўттуз шу қадар сана аввал босилмиш эди. «Балодан бир сас»си охиран табъ этдилар эсада пак эскидан эскидир. Алҳосил, бунлар на иқгибос, на тақлид, на интиҳолдир. Тавориддан бошқа бир шай ўлмаси маҳолдир. Таворид тақдиринда эса Виктор Ҳугу киби муаззам бир доҳийи шеър ва адаба шу қадаржиқ ўлсун бир муқоранат ҳосил ўлмиш демакдирки, на буюк шараф! Фақат Акраминг дедиги киби:

Бир ҳарфни мажмуаи беғояи сонинг,
Фаҳм айламадан бан даҳи шоирмийим, э воҳ.

«Гёте» ила, «Байрун»ла, «Данта» ила ошнолиғим пак сатҳий ва пак жузъий бир муносабатдир... Даражаларини биламам. Виктор Ҳугу Шекспир учун ёздиғи китобда: духот учун буюк кучук йўқдир деюр, даража тайин этмиюр. Унлар бир-бирина бензамас, фақат ҳар бир бошқача бир йилдиздир, демак истаюр. Инсон буйла демак учун Виктор Ҳугу киби у йилдизларинг энг буюги ўлмалидир, дагилими?», киби бир мулоҳаза юритгандан сўнг, турк ва сўнгра Шарқ ва Ғарб даҳолари тўғрисида ўз фикрини ёзадир:
«Акрама ёздигим бир мактубда адабиёт оламимизинг «Камоли»и гунаши, «Акрам»и маҳтоби, «Сазай»ида йилдизли гежаси дея тавсиф этмиш эдим. Акрам жавобан: сангада бунларинг холиқими деялим?.. киби бир латифада бўлунарақ:

Шаб-тоб эдилсам розиям,
Маҳтоб эдилмак истамам, -

демиш эди. Доҳийлигинг даражаси йўқдир ва банча Ғарбда ҳақиқий доҳий Ҳугу ила Шекспир ва Шарқда Саъдийдир. Банча деюрим. Чунки бошқаларини билажак қадар ўқумадим. Сиз ўқумишсингиз биларсингиз...», деб мактубини битирадир. Кўрилгани каби Ҳомид бу мактубда бутун борлиғини очиб берадир. Бунда кўчирилмай қолғон шундай парчалар борки, Ҳомид том маъноси билан ўз сажиясини очиб кўрсатадир. Бу мактубда аҳамиятсиз ўтилмайтурғон яна бир нуқга: Ризо Тавфиқнинг «Ҳомиднома»си тўғрисида айтилган сўзидир:
«Ҳомиднома»да исмлари мазкур ўланлардан ва ўлмаянлардан бир чўқини мааттассуф ўқумамишамдир била!» демак билан Ҳомид, Ризо Тавфиқ «Танқиднома»сининг қанча ҳақиқий қиймати бўлғонини очиб берадир. Ризо Тавфиқ кўп фозил одам бўлмоқ билан бирга таъбир ва адабсизлик маъзур кўрулсин, кўп «илмфуруш» бир одамдурки, буни шу юқоридаги сўзи билан Ҳомидда айтадир. «Ҳомиднома»да Ҳомиднинг бошқа кўп шоир ва адиблар билан алоқаси бўлғони ёзиладирки, Ҳомид уларни ўз мактубида рад қилғон бўладир. Бу билан «Ҳомиднома»нинг мавқеи тайин қилинадир.
Исмоил Ҳикмат ўз татаббулари орасида шу мактубга ҳам бир ўрун айирса эди, яна муҳимроқ бир маъхаз кўрсаткан бўлур эди. Шунча узун мактубларни олғон кишининг бу мактубдан зикр этмаслиги бир турли маъносиздир. Ҳатто бизга қолса, бу асарда кўрсатилган мактублар кўпрак Ҳомиднинг ёш вақтларига оид бўлиб, бу сўнгиси унинг пишган ва етишган вақти маҳсули бўлиши жиҳатидан муҳимроқдир.
Иккинчи камчилик, китобда Ҳомиднинг юксак насридан «ҳеч намуна берилмагани»дир. Бунда на «Торуқ» парчаларидан бир нарса бор, на «Мақбар» муқаддимасидан бир намуна. Ҳолбуки, турк адабиёти насрининг энг юксак намуналари қаторида шуларнинг туриши керакдир.
Учинчи, Ҳомиднинг санъаткорлигини таҳлил қилишда Исмоил Ҳикмат кўп вақт шакл масалаларига боғланиб қоладир. Руҳий ҳаяжон таҳлиллари жуда оздир.
Ҳомид «доҳий шоир» аталадир, фақат бир «доҳий шоир» сифати-ла таҳлил этилмайдир, ҳар қанча «доҳий доҳиёна», деган сўзлар қўп ишлатилса ҳам, ўқуб чиққон киши унинг даҳосига у қадар ошно бўлуб чиқмайдир. Чунки таҳлил нокисдир. Масалан, бир ердаги унинг даҳоси кўрсатилмакчидир. Ўн байтлик бир намуна бериладирки, у намунада:

Эй ёри жаҳаннам оғуш,
Абкаму асғару маҳшар бардуш,—

байтидан бошқа мақтанишга муносиб бир нарса йўқдир. Бундан сўнг мана шу сўзлар айтиладир:
«Бу азамати тазоди ҳанги шоиримизда гўруриз... Ишта Ҳомидинг бутун банлиғи, бутун хусусияти ва шахсияти, бутун шеъри ва даҳоси: ҳапси-ҳапси бу тазодларинда, бу иттиродсизликларинда, бу тошқинликларинда... У тибқи бир фуртинали денгиз кибидир. Доимо чолқонти чолонда гоҳ доғлара тирманан улу, журъаткор чилғин долғалар-ла юксалар, юксалалар, гоҳ булдиғини оқизиб, қириб гўтуран гирдоб-ла учурумлар ҳолинда денизинг диблўдия чакилан сиёҳ-сиёҳ ғойялар қадар, дарин ва сиёҳ бир долғадан мезар ўлур. Орқасиндан етишмак истаян ё самолардан душар ва эзилир ё деринликларда бўғулиб қолир».
Ҳолбуки, юқоридаги мисол учун бу сўзлар кўп оғирдир. Унинг даҳосини кўрсататурғои бундан бошқа кўп кучли парчалар бордир.
Бир еринда (466-нчи саҳифа) «қалбнинг лисони (классизм)нинг у қадар ва инжа чарчавасина на гира билир, на чиқа билир» дейдир. Биз бу жумланинг мадлулини нотўғри топамиз. Фузулийнинг «Лайли-Мажнун»и бошдан-боша у «қалб лисони»дир. Ҳатто қалб лисони бўлишда баъзи жойларида Ҳомиддан ҳам ошиб тушадир. Форс шеърида эса Ҳофизнинг бу кунгача на форсийда, на туркда унга эришилмаган самимийлиги (классизм)нинг тор чарчавасига сиғмишдир. Агар чарчаванинг бир таъсири бўлса эди, чарчавани парчалағон рассомларнинг бир ортиқлиги бўлур эди. Ва чарчавалилардан юксак бир нарса беришлари керак эди. Ҳолбуки, биз уни кўрмаймиз. Бутун санъат тарихи қаршимизда...
Ҳомид ҳақинда ёзилмиш юз шу қадар саҳифа юқорида кўрсатилган камчиликлари сарф назар этилса, балки уни бир шоир сифатида кўрсатмак учун кифоя этар. Локин доҳий аталмиш бир Ҳомид учун асло кифоя этмас. Унинг даҳосини албатта, таҳлил этмак ва айниқса, қайси нуқталарда унга эришмак мумкин бўлмағонини кўрсатмак керакдир.
Бу эътибор ила менимча «Али жаноб»нинг «Турк юрди»да босдирғон Ҳомид юбилесига бағишланмиш мақоласи қийматлидир. Воқеан, Ризо Тавфиқ ҳам Ҳомид учун кўп нарса ёзғондир. Локин у асарнинг ичидан саралаб чиқмоқ мумкин эмасдир. У асарларда Ҳомиддан кўра Ризо Тавфиқ таҳлил этилгандир.
Устод Акрам ҳақинда эса Исмоил Ҳикмат жиддан муваффақ бўлғондир. У Акрамнинг бутун ҳаётини, санъатини яхши таҳлил этадир ва жонли ўлароқ кўрсата олғондир. Ҳатто шу қадарки, Акрам ҳақинда ёзмиш жумлаларнинг ўзиданда Акрам иси келиб турадир. Акрам ҳақинда ёзилмиш шу қадар нарсани биз ҳалигача кўрмадик.
Охирида шуни ҳам айтиб ўтиш керакким, юқорида кўрсатилган камчиликлар билан бирга бу асарнинг кўп фазилатлари (ортуқликлари) ҳам бордир. Масалан:
«Ҳомиднинг Ҳугодан билхосса айирилан нуқтаси лисони эди. Ҳуго нақадар мунтазам ва ҳамвор эса, Ҳомид У қадар лоқайд ва паришондир. Ҳомиднинг дудоқлари орасиндан дўкулан яроли, музтариб қалбидир. Ҳугонинг лисониндан мусиқий афкоридир» каби энг гўзал тасвирли таъбирлар бўлғонидек, тубандагича фосеҳ ва балиғ ифодалар ила энг тўғри қиймат беришлар бордир:
«Ҳеч бир қайда бўюн эгмаян, ҳеч бир бўюндириға гардан вермаян шоир бутун қоидалари зерузабар эдажак бир сармасти ва лоқайди ила юрийиб гедиюр.
Қалби фарёдларини, руҳий аламларини, ҳижронларини, ҳаяжонларини гоҳ арузнинг дор ва муавваж чанбарлари ичина сўқуюр. Ҳамда тибқи эски Шарқ санъаткорлари каби зуҳофлар, имолалардан чекинмадан, тараддудланмадан сўқуюр; гоҳ ҳижо вазнининг сарбаст сийнасина араб ва ажамнинг энг миллий, энг маҳаллий калималарини ерлаштириюр. Баъзанда қофиядан бошқа бир қайд танимоқ истамиюр. Ҳар шайи зоид, ҳар қонуни ҳар қоидайи лузумсиз бир занжир, ўлдирувчи бир зулм адо эдиюр. Ҳапсиндада шоир, ҳапсиндада доҳий улиюр. Фақат шакл, лисон ва санъатча қусурлу гўрулуюрди. Ҳосили у бутун улвийяти, бутун навоқиси-ла бир инсон, фақат доҳий бир инсонди. Асарларинда қалби ўқунур, руҳи гўрилур. Агар Ҳомид лисонинада аҳамият версайди, санъатида иҳмол этмасайди, қопина даралмаз бир даҳои шеър бир ҳориқои адаб ўлурди. Маъамафиҳи бу гунда даҳо қопина вериламамишдир».
Шуни ҳам айтиб ўтайликки, бу асар жиддий бир танқидга албатта, муҳтождир ва турк адабиёти тарихининг тўғри бир йўлга қўйилиши учун бу жиддан зарур бир ишдир. Буни аҳиллардан сўраймиз.
Озарбойжон Маориф камиссарлиги ва нашриётининг турк илми, адабий ҳаётига шундай муҳим бир асар тақдим қилишга маваффақ бўла олғонлари учун ифтихор этишга ҳақлари бордир. Булар учун ва асарнинг муҳар-рири Исмоил Ҳикмат учун қолғон жилдларинингда ҳиммат қилиниб майдонға қўйилишининг ва бу йўлда учралатурган монеъларга кўкрак керишларининг таманносидамиз.
Бу асар 7 юз саҳифадан иборатдир. Босмаси тузуккинадир. Фақат биринчи жилднинг кўп расмлари яхши чиқмағондир. Қолғон жилдларида эса бу камчиликнинг тузатилиши керакдир.

_____________
Исмоил Ҳикматнинг «Турк адабиёти тарихи» 1925 йилда Бокуда нашр этилган бўлиб, В. Маҳмуднинг ушбу мақоласи ана шу китобга тақриз сифатида ёзилган. Мақола «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 9 -10-қўшма сонларида босилган.
* Мумонеъатлари — ман қилган ишлари.