Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Миллий уйғониш даври»Эшонларимиз (Абдулла Қодирий)
Facebook
Эшонларимиз (Абдулла Қодирий) PDF Босма E-mail

I

Эҳтимолки, сарлавҳани ўқуғанингизда тасфияи нафс, тазкияи қалб қилғучи ва қилдирғучи, нур ичига чўмилган, риёзат билан чўпустихон, тамом фоний, фақир ва эҳтиёж билан ҳамнишин бўлған вужудларни кўз ўнгимизга келтурарсиз. Лекин ҳар кимнинг кўриши ҳар турлукдир.
Эшонларимиз!..
Мана, маним кўз ўнгимга кимлар келиб кўринди: тахбис нафс ва талбис қалб, сулукига солик, икки дунёда ҳам юзлари қоб-қора, текинхўрлик билан чиб-чирдак, ғўб-ғўмбак, тамом семиз, давлати шахриёри билан мусаллах, фақиру фано билан ёв, ўюн-кулги, айшу тараб, нозанин хонимлар, париваш махрамлар ғояи аъмоллари бўлған вужудлар... Бас, бу икки турлук кўришдан шу нарса келиб чиқадир: ё сиз кўр ва ё ман! Ё сизнинг кўзингизга оқ тушкан ва ё маним!
Журналимизнинг шу сонидан бошлаб биринчи галда эшонларимизнинг, иккинчи галда уламоларимизнинг таржумаи ҳолларини ёзмоқ фикридаман. Бироқ сизнинг айтмоғингиз мумкиндирки, «Кўришинг бу бўлса— ёзишинг қалай бўларикин?» деб. Аммо ман сизга шуни айтаманки, таржумаи ҳол деган гап шамолдан ёки ҳаводан олинмайдир, аҳволи баён қилинатурған шахснинг ўз ҳаётидан олинадир. Қозонда нима бўлса чўмичқа ҳам шу нарса чиқадир. Ман ҳам шу қонундан четка чиқмасман, қозонда мошова пишкан бўлса албатта палов сузмасман. Иккинчи шулки, «Эшонларимиз» бобида Тошканднинг йигирма чоғлиқ авлиёларининг маноқиблари сўзланадир. Улардан (албатта уларнинг ўлук— тирикларидан) умид шулдурки, ҳақиқат отиға, деб ёзған таржумаи ҳолимиздан ранжимаслар ва ҳақиқат отиға гарчи бад-ҳазм бўлса ҳам ҳазм қилғайлар!
Эшонларимиздан биринчиси: Иззат сиришт ва саодат сарнавишт некукирдор орифулло Саид Маҳдихон бинни Саид Боқихон бинни Абулқосимхон эшон бинни қутбул-ақтобхон Тўрахон эшон алавий нақшбандийдирлар. Аммо биз бу силсиланинг таржумаи ҳолини Абулқосимхон эшон марҳумдан бошламоқчимиз. Шундоқки, Абулқосимхон эшон ўз замонининг қутби эди. Унинг валоятига Тошкандгина эмас бутун Туркистон, ҳатто Некалай I ҳам ғойибона қойил эди. Абулқосимхон эшонни Русия истибдодига танитқан кишиларнинг биринчиси унинг Тошканд муридларидан бўлған машҳур Саидазимбой билан Шарафийбой (татар)дир. Ул вақтларда Туркистон хонлар қўлида бўлуб хали Русия истибдодига ўтмаган, шунинг учун улуғ оқ подшоҳ қутби замонимиз бўлған Абулқосимхон эшоннинг валоятларидан умидвор эди. Бу жаноб ҳам ўзларининг югурдаклари бўлған Саид Азим ва Шарафийлар орқалиқ оқ подшоҳга ғойибона хусни таважжуҳларини юбориб турар эрдилар.
Вақтики Абулқосимхон тўрамнинг дуолари ижобат ҳадафига тегиб Чернаеф Тошкандни фатҳ қилди; дўстлар шод, душманлар ғамгин бўлуб тўрамнинг ўзлари улуғ жондорол гўбарнатўр Чернаефнинг олдида гулдек очилған эди. Кўнгил тинчиб орадан бирор йил чамаси ўткач жондорол гўбарнатўр фатҳу нусратда улуғ фидокорлик кўрсаткан авлиёларни ўз ҳузурига зиёфатка чақирған, устол атрофи Шарафий, Абулқосимхон эшон, Ҳожи Алим, Ҳакимхўжа каби оқ саллалик гўллар билан тўлған, дастурхонда тўнғуз гўштидан бошқа ҳар нарса муҳайё қилинған эди. Вақтики зиёфат хитомиға етуб, баъдаз фотиҳа адютант томонидан қаҳрамонларға инъом улашиладир. Жумладан Абулқосимхон эшоннинг олдиға бир кумиш самовор, Ҳакимхўжанинг олдиға кумиш патнус қўйиладир. Бу вақт Ҳакимхўжа қози патнусни самоворнинг ўрнига қўюб, самоворни ўз олдиға тортадир... Бу ҳолдан воқиф бўлған адютант самоворни эшоннинг олдиға олуб Ҳакимхўжаға айтадир:
— «Сизни таниғанимизға ёлғуз биргина йилдир. Аммо эшон, бизнинг ҳукуматга ўн беш йилдан бери хизмат қилуб келадир!» Ҳакимхўжа қозининг дами кесиладир. Шу вақтда мажлиска онглашиладирким, эшон унча-мунча одам эмас...
Бас, оқ подшоҳнинг навкарлари бўлған жондороллардан шунчалик иззат, ҳурмат, инъом, эхсон кўргучи бир бузруквор эшонға бутун халқ мурид кесиладир, каромат, валоят ортадир. Кауфман Туркистонга волийи умумий бўлуб келгач, каромат камаядир эмас, балки, юз қат яна ортадир.
1884-нчи йилда фон Кауфман ўладир. Унинг тағзиясига чиқған бизнинг Абулқосимхон эшонимиз бутун Тошканд мусулмонларини ҳайратда қўюб Кауфман руҳига «Таборак...»ни тиловат қилуб бағишлайдирлар...
Шу аҳволда бу дунёнинг барча бахт-саодатларини кечириб, ниҳоят (1309 хижрия, 1891 мелодияда) миллионлаб муридларни зор йиғлатиб, барча йиғуб терганларидан умид узолмағанлари ҳолда дунёдан кўчадирлар. Эшоннинг тирикликларида тўёлмай қолған халқ тобутни эртадан кечкача қўлма-қўл кўтаришиб юрадирлар. Энг охирда тобутни бурда-бурда қилуб, ўзаро тақсим қилишғач тинчийдирлар. (Эшон бузрукворнинг қабр тошлари: «Ин марқади мунаввар муршиди комили мукаммал шайхул-ислом валмуслимин ҳофизи калом раббул-оламин муҳиббул уламо ва малжаул-ғурабо ҳазрати эшон Абулқосимхон бинни қутбул-ақтоб ҳазрат эшонхон Тўрахон алавий нақшбандий» деб битикликдир).
Мархум эшоннинг бағзи бир хислатлари: Ул зот аксар авқотларини ёш, маъсум ўғлонларнинг суҳбатида кечирар эдилар. Ҳаққитаоло дийдорининг аксини шу ўғлонлар юзида мушоҳада қилар ва бир ўғлон-нинг қўлидан ичилган бир пиёла чойни кавсар сувидан беҳроқ ҳисоблар эдилар. Ўзларидан сўнг ўн парлаб нозанин ёш хотун ва чўрилар сочларини ёйиб қолдилар.
Ул зотдан Саид Боқихон отлиқ бир халаф қолиб, ота қадрдони бўлған оқ подшохнинг ҳимоясига сиғинадирлар. «Эгасини сийлаған итига суяк ташлар», деганларидек Саид Боқихон отасининг туфайли билан Бешоғоч қозилиғиға белгуланадирлар ва шу маснадда йигирма йиллаб давр сурадирлар.
Бир томондан қозилиқ тушими, иккинчи томондан эшонлик касби билан оталаридан қолған боғ, шоликор, ҳовли, мол, обжувоз, тегирмон ва бошқа амлоклар ёниға яна ўн қайта бойлиқ изофа қиладирлар. Шу йўсунда бу жаноб ҳам дунёга видоъ қилуб, барча йиғуб терганларини махдумлари бўлған Махдихон эшонға омонат қолдирадирлар.
Энди Махдихон эшон таржумаи холиға ўтайлик:

II

Махдихон эшон ана шу Абулқосимхон эшон марҳум набирасидир. Бу зотнинг ҳам мансаб ва дунё суйишда боболаридан қолишатурған ўрни йўкдир. Некалай замонида бу жанобнинг кўнглига ота мероси бўлған қозилиқ орзуси тушиб бир неча вақт нуфузлик, ҳукуматга яқин бойларнинг эшигида йиғлаб юрди. Бир томондан бойларнинг кўмаги, иккинчи жиҳатдан пристаф ва эллибошиларға канверт орқалиқ улашилган «бадал»лар ёрдами билан туппа-тузук «Қозийи ислом» ҳам бўлуб олди. Биз қорнини ёрғанда алиф ўрнига лоақал калтак чиқмай-турған дардисарнинг қозилиққа нечук ўлтуриб олиш йўсунини шунда кўрдик. «Бир, деганда тўрт томондан» дегандек эшонликка тушатурған назру ниёз ҳам қозилиққа тушиб турған унча-мунча чой-чақалар баракасида узоқ тарихдан тортилиб келган давлат қаппайғандан-қаппайди; ерга-ер, молға мол қўшулаборди.
Саид Махдихон поччамиз 1911-нчи йиллар орасида шариъат курсисига ўлтурган бўлса, то 1917-нчи йилгача Мочалоф-Почалофларнинг қўлиға сув қуйиб «отам, онам» билан қилтиллаб кела олди. Аммо чархи кажрафтор даврасини тескаридан олуб, шартта инқилоб деган касофат юз кўрсаткан эди, шилқ этиб бизнинг Махдихонимиз ҳам шариъат курсисидан қулаб тушди.
Лекин бизнинг жасур эшонимиз бундай муваффақиятсизликлардан умидсизланиб ўлтурмади. Ҳамон ишнинг томирини қидирғандан қидира бориб, ниҳоят, «Уламо» жамиятидан тешиб чикди ва бу жамиятнинг ўрта қўлдек «мана» деган айғирларидан бўлди. Ҳатто шу жамиятнинг таважжуҳи соясида қайта бошдан қозилиқ ўрниға минмак эҳтимоли ҳам чиқуб қолған эди. Бироқ бир кеткан бахт иккинчи қайтуб келмас экан. Бу орада болшевик деган кофирлар бош кўтариб «Уламо» жамиятининг суробини тўғрилаб қўймасунми. Шунинг ила бизнинг тоғамиз дарҳол ўзининг бошқа ҳамқурблари билан Бухороға қочди. Бухорода икки йиллаб риёзат чекиб, кўб балоларға йўлиқуб ниҳоят Тошкандга қайтуб келса ҳам лекин уйдан эшикка чиқолмайтурған бўлған эди. Ва ўша кундан бошлаб кўбчиликни «яка мохов» қилуб ўзи обрўсизлик ва амалсизлик балосига гирифтор бўлди. Баракат берсунки, ота-бободан қолған эшонлик, ҳам муридлар бор экан. Йўқса аллақачон сил касалига мубтало бўлуб, бу дунёи фонийдан видоъ қилған бўлур эди.
Бутун юртни «яка мохов» қилуб, «Уламо» жамиятидан хасипни совитиб чиқғач бир қанча йиллардан бери сакталикка учраған эшонлик касбига чинлаб киришди, ғам-андуҳни кенг саҳрода тарқатмоқ ва шу баҳона билан мурид овламоқ қасдида саёҳатга чиқди. Эшоннинг ота-бободан мерос тариқасида қаламрўиға ўткан муридлар; Авлиё ота, Туркистон, Қарноқ, Чимканд; Тошканддан Калас, Чинос, Нишбош, Хумсон ва шунга ўхшаш ерлардир. Мана шу ерларнинг минглаб гўсхўр муридлари ичида ҳам саёҳат, ҳам тижорат қилуб ғам-андуҳни тарқатиш билан бирга неча юзлаб қўй, эллик-олтмишлаб қорамол, минг путлаб дон, юзлаб тўн, қоплаб оқча ортдириб қайтди. Аммо мундан сўнгғи асосий касб — эшонлиқ; хонаги эрмак — даҳага ўлтуриш; тижорат — эшонлиқдан тушкан юзлаб қўйларни бўрдоқи қилуб сотиш; мажлис, яъни гапу-гаштак — кал Абдулқодир, Имом шайтон, Иброҳимхон ва шунга ўхшаш ҳафта фаҳм, пайтава қулоқ бойлар билан бўлмоғиға қарор берилган эди.
Бир вақтларда эшоннинг ўрдадек мактаббоб ҳовлиси интернатга олинған бўлса ҳам лекин бу балодан «анов-манов»лар билан аранг қутулиб олинди.
Энди таржумаи ҳолни тўхтатиб, эшонга шуни айтамиз: Абулқосимхон эшон бобонгизнинг ўз умрида яхши иш қилғани бўлса ул ҳам халқдан оқча йиғуб, ўз отиға мадраса солғани ва унда болалар ўқитғани эди. Аммо сизнинг бўлса ҳозирги давлатингиз, мулки ашёнгиз мундайин мадраса ва мактаблардан бир қанчасиға ҳам етадир. Нима қиласиз? Бирорта хайр ишка қадам ранжида қиласизми? Ёки шу кўйи сув қуйғандек бўлуб кета берасизми?
(Эшоннинг шу яқинда бўлған бир можароси ҳақида Хумсон қишлоғидан олған бир мактубимиз бўлса ҳам у нарсани бу ўрунга киргизиб ўлтурмадик).
Эшонларимиздан иккинчиси жаноби Шамсиддин махдум бинни Ғиёс маҳдум бинни Аҳмад маҳдум. Аммо Аҳмад маҳдумни шаксиз каромат соҳиби эди, деб ривоят қилғучилар бор. Лекин ул киши тўғрисидағи ривоятларга аниқ ишонилса ҳам бўлатурған кўринадир. Зероки Аҳмад махдум ўзларининг каромат ва мўъжизалариға мункир келгучи бағзи бир шаккокларга далил ўрнида «Яъти мин баъди исмуҳу Аҳмад» оятини ўқуб мудофаа қилур ва ўкраб йиғлар эканлар. Мазкур оятдаги «Аҳмад»нинг сариҳ шу Аҳмад махдум бўлғанлиғиға уламо байнида бир иттифоқ борлиғи Тошканд халқининг маълуми бўлса керак. Ҳар ҳолда марҳумнинг Қуръонда хабар берилган «Аҳмад» бўлишида шубҳа йўкдир. Демак, онглашилған бўлса керакки, ҳақида сўз юритмакчи бўлғанимиз Шамсиддин маҳдум шундай бир зотнинг фарзандидир. Бу кишини лоақал ўша боболари ҳурматига таниш ва эътиқодни маҳкам қилиш ҳар бир мўъмин-мусулмон бўлған кишига фарзи айндир.
Бу зотнинг ўзлари ҳам ғоятда нозик табъ, зиёда аллома, ҳам такаллуфсиз бир муршиддирлар. Ҳар ҳолда улуғ зотнинг фарзанди, десак комил бир мадҳ қилған бўлурмиз.
Шамсиддин махдум Тошканддан тортиб то Самарқандгача мурид тарбия қиладирлар. Тушим важҳи чакки бўлмаса ҳам аммо бу зот доим мир қуруқ бўлуб юрийдирлар. Чунки ишлаб топилған мол нафис кийимларга, лазиз таомларга аранг етуб турадир. Бошқа эшонларимиз нечоклиқ исқирт, қанча мумсик бўлсалар, бу киши уларнинг зиддига шунча сермаишат ва сарзавқдирлар. Уйларида дуруст маишат кечира олмағанлари фурсатларда тузукрак кишиларникига «айтмаган жойға, йўнмаган таёқ» ҳам бўлуб оладирлар. Бу муршиднинг завқларини шун-дан ҳам онгласа бўладирким, аксар йиғин, яъни зикр самоъ кезларида бир томонда таважжуҳ бўлса, иккинчи томонда миллий оркестр чалиб миллий ашулалар айтилиб турадир.
Жанобнинг зиёфатларда жумъа ва таважжуҳ асноларида айтатурган сўнгғи сўзлари шул: «Замона оғир, шу оғир замонларда бир муршиди комилга топширилмаған мусулмон фарзандининг ҳолиға вой!...»
Маҳдум поччанинг иршодларидан ўтуб яқинғинада «Қўшқулоқ маҳдум» деган бир халфа ҳам етишди. Бу Қўшқулоқ ҳам ўз олдиға сулук тебратиб кўб мусулмонларни роҳи ростга солмокдадир.

(яна бор)

Абдулла Қодирий