Буюк айрилиқ PDF Босма E-mail

Расулуллоҳ видо ҳажин адо этар чоғида
Бутун уммат якдил бўлиб Арафотда эдилар.
Шунда Аллоҳ Ҳабибига яна  ваҳий юборди,
Набийюллоҳ бош  кўтариб, халойиққа дедилар:

Раббим айтди: «Динингизни бугун қилдим мукаммал,
Неъматимни сизлар учун этдим тугал, батамом.
Ва сизларга дин ўлароқ Исломга рози бўлдим»,
Бу оятни эшитаркан, уммат бўлди шодком.

Бироқ баъзи саҳобалар кўзларига ёш қалқди,
«Нечун бундай маҳзундирсиз?» – бўлди уларга савол,
Оҳ тортдилар ғамгин бўлиб, бошлар мунгли эгилди,
«Ҳар нимаки камол топса, унда бошланар завол!»

Кўп ўтмади, зоти покни олди хасталик қамраб,
Иситмалаб, ўз танларин тўшак ичра олдилар,
Дунё суви босолмасди ҳароратни, тан хорғин,
Ҳатто масжид намозига чиқа олмай қолдилар.

Амр этдилар: «Айтинг бориб, Расул дўсти Сиддиққа,
Имом бўлиб, одамларга намоз қоим айласин».
Жавоб бўлди: «Абу Бакр кунгли юмшоқ, мунглидир,
Меҳробда у ўрнингизга туролмаса найласин?».

Такрор бўлди ушбу амр шу алфозда бир икки,
Деди Оиша: «Сиддиқ бунга қила олмас ҳеч тоқат».
Бас, айтдилар Расулуллоҳ мутлақ кескир оҳангда,
«Бориб айтинг! Бу мақомга удир муносиб фақат!»

Шу алфозда бир неча кун Сиддиқ имом бўлдилар,
Набиюллоҳ ҳужрасида мудом эрдилар бемор.
Душанба кун тонги эрди, қавм намозга мунтазир,
Ҳабибуллоҳ ўз танида топгандек эрди мадор.

Дар пардани кўтардилар, қавмга қилдилар назар,
Асҳоб бундан огоҳ бўлди, беҳад хуррам, шод бўлди.
Абу Бакр жой бўшатмоқ бўлиб тисарилди ҳам,
Имладилар Набий: «Жилма», диллари обод бўлди.

Дар пардани туширдилар, қуёшни тўсди булут,
Уммат дарди қалбда эрди, юзлари мунгли ҳазин.
Эй воҳ! Бу дам Расул умри етганди интиҳога,
Остонада Малакул мавт сўраб турганди изн.

Эй Ҳабибим, қалб суюги, дил боғининг баҳори,
Эй буюк Зот, ҳузурига малак изн сўраган.
Эй ҳидоят тожи узра ягона нур, шоҳ маржон.
Эй умрининг сўнггигача «умматим» деб йиғлаган

Изн бўлди сиз тарафдан, Малакул мавт кирдилар,
Тоттирилди ўлим шарбати Ҳабиби Худога.
Дилларимиз асир этган, оламни ром қилган зот,
Тоабадлик сафар қилди ул Рафиқи аълога.

Бу бир мотам, ўхшашини олам сира кўрмаган,
Бу ўлимдан осмону ер алоқаси узилди.
Ҳеч бир Расул ёки Набий вафотида бўлмаган,
Анбиёлар силсиласин шодалари бузилди.

Раббим! Ўзинг бу умматни ҳидоятга йўллагин,
Разолату бидъатларни қилма бизга бетма-бет.
Маҳшар чоғи ақл шошган, оёқ тойган маҳалда,
Суюклигинг  Мустафонинг шафоатин насиб эт.

Усмонхон Муҳаммадиев
(Муҳаррир Ҳусайнхон Яҳё)