Ё Росулуллоҳ PDF Босма E-mail

Аё Ҳақ танлади сизни ҳама аҳли сафолардан,
Кўтарди рутбангизни анбиёу авлиёлардан,
Мукаррам айлади дунёда барча подшолардан,
Эрур чун хоки пойингиз баланд аршу самолардан,
Эмасмиз гарчи холи журму исёну хатолардан,
Юзингизни ўгирманг, Мустафо, биздек гадолардан.

Жаҳолат, зулму зулмат ичра эрди жумла инсонлар,
Хурофот, ширку бидъатларга чалкаш эрди иймонлар,
Аёл зотин билиб ишрат матоси ёки шайтонлар,
Ҳуқуқ йўқ, маърифат йўқ, ҳам оқарди бегуноҳ қонлар,
Бари маҳв ўлди қалбингиз таратган ул зиёлардан,
Муҳаммад Мустафо, юзни ўгирманг биз гадолардан.

Ҳама умр ичра кўнгиларга эзгулик улашдингиз,
Ҳамиша илму иймон, яхшилик донини сочдингиз,
Бани одамни жаннатга етирмоқ чун курашдингиз,
Ҳақийқатни баланд этмоқ йўлида жонни тикдингиз,
Ҳаётингиз иборат бўлди бу меҳнат, жафолардан,
Муҳаммад Мустафо, юзни ўгирманг биз гадолардан.

Ишонмай сизга туҳматлар қилибдур бир неча нодон,
Гаҳи соҳир, гаҳи оқил дейиб, гаҳ айтди деб ёлғон.
Бари йўқ бўлди, лекин барҳаётдир суннату Қуръон,
Буни англаб етар ким гар тааммул айласа бир он.
Етибдур сизга кўп озорлар аҳли ҳаволардан,
Муҳаммад Мустафо, юзни ўгирманг биз гадолардан.

Нечукким, бўлдингиз бир нуру раҳмат икки дунёга,
Жамиъи инсу жинни даъват айлаб дийни ғаррога,
Етиб бу дийн нури баҳру бар, дарёу саҳрога,
Муносиб бўлди уммат жаннати Фирдавсу Маъвога,
Омонлик топдилар турли машаққат ҳам жазолардан,
Муҳаммад Мустафо, юзни ўгирманг биз гадолардан.

Мунаввар бўлди Юртим сиз туфайли ҳам гўзал, обод.
Олиб ҳам тарбиянгиз топди халқим хулқи хуш, одоб.
Етишди оқибат илму амалда мисли йўқ авлод,
Ҳама дунё элига бўлдилар ҳар соҳада устод.
Ким этса иқтидо сизга, бўлибдур муқтадолардан,
Муҳаммад Мустафо, юзни ўгирманг биз гадолардан.

Не бахтки, Ҳақ таолонинг Ўзи сизга халил ўлмиш,
Унинг Мўъжиз Каломи то абад сизга далил ўлмиш,
Сизи ким хўрлар истар, икки дунёда залил ўлмиш,
Валекин, шаънингиз онча мукаррам ҳам жалил ўлмиш,
Агарчи бўлмадик сизга бу дам аҳли вафолардан,
Юзингизни ўгирманг, Мустафо, биз бенаволарлардан.

Қачон эргашди уммат доимо Қуръону суннатга,
Курашди жону моли бирла қарши ширку бидъатга,
Эришди оқибатда ўхшаши йўқ кучу қудратга,
Мувофиқ бўлди охир яъни «кунтум хойро уммат»га,
Жаҳон ўйғонди сиздан янграган қайноқ нидолардан,
Юзингизни ўгирманг, Мустафо, биз бенаволардан.

Валекин, ушбу кун биз умматингиз хоби ғафлатда,
Тополмай бир ёруғлик нотавонмиз жаҳлу зулматда,
Умид – ул ваъдаи Ҳақ: қолмагаймиз ушбу ҳолатда.
Эрурмиз олдингизда қилмишиммиздан ҳижолатда,
Эмасмиз гарчи холи журму исёну хатоларлардан,
Юзингизни ўгирманг, Мустафо, биз бенаволардан.

1431 ҳижрий йил, Робиъул аввал
ойи 2010 милодий феврал ойи
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Ё Расулаллоҳ!

Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!
Эгибдур сизга бош аҳли рисолат, ё Расулуллоҳ!
Қудумингиз бериб Ийсо башорат, ё Расулуллоҳ!
Ёпилди Сиз билан боби нубувват, ё Расулуллоҳ!
Башар то рўзи маҳшар сизга уммат, ё Расулуллоҳ!

Келибдир наслингиз Одам атодан пок фитратда,
Кимики сулбида сиз келдингиз, у иззу ҳурматда,
Қоринларким кўтармиш нурингиз, бори шарофатда,
Азалда руҳингиз Ҳақ қошида дўстликда, хуллатда,
Сизинг-ла топди Одам насли иззат, ё Расулуллоҳ!

Жаҳонга сиз етимлик доғи бирлан келган эрдингиз,
Она қорнидаёқ сиз отадан айрилган эрдингиз,
Гўдак кўз ла падар қабрин кўрарга борган эрдингиз,
Ано бирлан кетиб, уйга аносиз қайтган эрдингиз,
Яратмиш сизда Ҳақ чексиз матонат, ё Расулуллоҳ!

Тушибдир сизга энг сўнгги Китоб, сўнгги паямбарсиз,
Набийлар қасрини бут айлагувчи ғишти акбарсиз,
Қўйиб бош саждага, йиғлаб, шафоатхоҳи маҳшарсиз,
Тутарсиз музтар уммат лабларига оби кавсар сиз,
Бу сувдан қайтарилгай аҳли бидъат, ё Расулуллоҳ!

Отингиз янграр Аллоҳ исми-ла минбар, минорлардан,
Буюкдир шаънингиз дунёдаги барча киборлардан,
Топиб эллар шарофат пойингиз босган ғуборлардан,
Нажот инсониятга келди сиз берган қарорлардан,
Оёғингизни ўпган топди ҳурмат, ё Расулуллоҳ!

Башардан бир вакил сиз сайр этибсиз икки оламни,
Топар икки жаҳон, бош эгса ким, бой бермайин дамни,
Кимики сизга душманлик қилибдир, истамиш ғамни,
Худо «таббат ядо» деб ҳукм қилмиш ундай одамни,
Топибсиз Арши Аълодан ҳимоят, ё Расулаллоҳ!

Имом бўлдингиз Исрода паямбарларга Ақсода,
Худо «мезбону», сиз «меҳмон» бўлибсиз Арши Аълода,
Малаклар тўшамиш сизга қанотин олий маъвода,
Келибдир сизга Жибрил «қоба қавсайни ав адно»да,
Пойингизга қўяр бош аҳли жаннат, ё Расулуллоҳ.

Гўзал ахлоқингизким айни Қуръони Карим ўлди,
Эрур Қуръон азим, бас, хулқингиз «хулқи азим» ўлди,
Ўзингиз пок, сўзингиз поку қалбингиз салим ўлди,
Ёнингизга келиб душман, ажаб, дўсти ҳамим ўлди,
Даво топди сизинг-ла барча иллат, ё Расулуллоҳ!

Сўзу ҳолу амал, тақрирингиз бизларга суннатдир,
Емак-ичмак, ўтирган-турганингиз бори ибратдир,
Худонинг амри биздан доимо сизга итоатдир,
Кўнгилда сизни севмоқнинг ўзи ҳам бир ибодатдир,
Ёмону яхшида сизга муҳаббат, ё Расулуллоҳ!

Гуноҳкор кўзларим кўрса, танир қош-кўзларингизни,‎
Гўзал қомат, муаттар жисму порлоқ юзларингизни,‎
Қулоқлар ўзгача тинглар эшитса сўзларингизни,‎
Нечукким ўрганибдир дил кеча-кундузларингизни,‎
«Набиййим», дейди тил, кўз кўрса «сурат», ё Расулуллоҳ!‎

Тушимда сизни кўрсам, розиман гар қайтмаса жоним,‎
Овозингиз эшитсам, сўнгра гунг бўлсам йўқ армоним,‎
Қўлингиз ушласам, майли, томирда қотса сўнг қоним,‎
Висолингиз учун қурбон муҳаббат бирла иймоним,‎
Бисотимда йўқ ўзга яхши қурбат, ё Расулуллоҳ!‎

Шафоатни дейибсиз умматимдан журм қилганга,‎
Гапирса жаннат аҳли не сабабли кирганин анга,‎
Шафоат-ла фахрлангум шаҳидлик бирла кирганга,‎
Гуноҳкор умматингиздан қилибдир, шукр Роҳманга,‎
Нечукким сизга келтирдим шаҳодат, ё Расулуллоҳ!‎

Бугун бу осий уммат олдингизда кўп хижолатда,
Унутмиш суннатингиз, сийратингизни жаҳолатда,
Шу боис боши қолмиш юз балою зулму зулматда,
Қилур аҳд бўлгали бўлган каби даври саодатда,
Магар сиздан тиларлар бир шафоат, ё Расулуллоҳ!

1431 ҳижрий йил, Робиъул аввал
ойи 2010 милодий феврал ойи
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид