Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Наът»«Наводир уш-шабоб»дан наътлар
«Наводир уш-шабоб»дан наътлар PDF Босма E-mail

6

Зиҳе буроқинг изи меҳру сайри барқосо,
Бу барқ сайри била пўяси фалакфарсо.

Бурун қадам бу макондин чу ломакон қўйдунг,
Не навъ дейки, анинг гоми эрди гардунсо.

Висол субҳи дейин, йўқ уруж оқшомиким,
Сабоҳдек эди ул барқ нури бирла масо.

Қўлин бу барқ ёрутти, дамин бу ел очди,
Агар сипеҳр уза Мусо эди ва гар Ийсо.

Чу қолди сайрида руҳу-л-амин, не тонг, ул ҳам
Гар ўлмади сафарингнинг ниҳоятиға расо.

Малойик ўлмадилар ул ҳарам аро маҳрам,
Рижол хилвати давридин ул сифатки нисо.

Навоий асру бузулмиш, боқиб иноят ила
Анинг бузуғлуғини бир кўз учи бирла ясо.
7

Бедилинг хайли русул, сенсен аларға дилрабо,
Ё набий, руҳий фидока аҳлан ва саҳлан марҳабо.

Гоҳ давлатлиқ бошингдин кетмайин чатри саҳоб,
Гаҳ фалакрав маркабингға етмайин пайки сабо.

Шоми васлинг топмағанға субҳи содиқ ҳар саҳар,
Панжайи хуршид ила пироҳанин айлар қабо.

Туфроғ ўлмиш, мен қўяй деб остонбўсунгға юз,
Ҳолима раҳм айлабон қилма бу ранжимни ҳабо.

Шери гардун ул кишига бўйни боғлиғ бўлғай ит
Ким, эшигинг итларин топқай ўзига ақрабо.

Бўлмағай эрди муяссар «Хамса», яъни панж ганж,
Қилмаса эрди мадад ҳолимға беш оли або.

Эй Навоий, чорайи дардингни қилғай улки бор
Ҳам расулу ҳам амин, ҳам мустафо, ҳам мужтабо.

92

Зиҳе бошинг уза ва-ш-шамс зеваридин тож,
Сочинг саводида тафсири лайлат-ул-меърож.

Нужум  жавҳаридин  тожи  жоҳинга  тарсиъ,
Сипеҳр атласидин тахти рифъатингға дувож.

Саҳар яшил аламидин ливонг уза шуққа,
Малак қалин ҳашаридин сипоҳингга афвож.

Беҳишт сори  киши тийра гўрдин бормас,
Шафоатинг алифи тутмайин йўлиға сирож.

Ҳидоятинг қўлидин шарбати шифо топибон,
Аники иллати куфр айлабон заифмизож.

Салоти хамсани адёнға  айладинг носиҳ,
Бу панжа бирла малакнинг юзига урдунг кож.

Навоий ўлди чу муҳтожинг, айла раҳм ангаким,
Ғаний карим эса ибромға эмас мухтож.

201

Шаҳсуворим тавсани айларму оё пўя тез,
Ё қуёш турки фалак рахшин қилиптур гармхез.

Ул шиҳоб эрмаски майдони аро гўй ўлғали,
Саъд кавкаблар тушар ерга қилиб кўктин гурез.

Гардлиғ чавгон хамида ахтар ўлған уйлаким,
Гўйи ғабғаб даврида чавгон зулфи мушкбез.

Маркаби тер қатраси бирлаки ҳарён сочилур,
Бир саҳоби дурфншондур ер юзига қатрарез.

Гўйи чавгон зарбидин тутмоқ била ҳар дам ҳаво
Бийм эрурким шишайи гардунни қилғай рез-рез.

Соқиё, май берки бу даврон аро гўй урди ул
Ким, фалак чавгони бирла қилмади мардум ситез.

Гўй учун инди кавокиб гардидин ер тутти авж,
Эй Навоий, воқиф ўл гўёки бўлди рустахез.

242

Жамоли нурини чеккан тарозу ою қуёш,
Магар бу бирида нур эрди, ул бирисида тош.

Гар ойда тош эмас эрди, қуёшда нуриндин
Кудурат ичра қолиб ой, мунаввар ўлди қуёш.

Қуёшқа нурки юқмиш ҳануз эрур ул нур,
Ҳануз ой ичра ҳамул тош эрурки, бўлмиш фош.

Уруж ақшоми тегрангда ою кавкаблар,
Масиҳ гирдида андоқки, бир неча хаффош.

Юзи тубон тушубон маркабинг изиға малак,
Ер узра қурсни қилғон кеби гадой талош.

Чу қурб қофиға еттинг, етишмади Жибрил
Не навъ ҳудҳуд Семурғ ила бўлур йўлдош.

Аёғиға чу малойик бошин қўя олмас,
Навоиё, қўя кўр итлари аёғиға бош.

272

Ҳусн оятики келди юзунг қиссасида нас,
Тонг йўқ, десамки шаънидадур аҳсан-ул қисас.

Мусҳафни ўртадим дединг ўтлуқ узор ила,
Кўнглум қабул  қилди каломинг начукки нас.

Кўнглум қушини тиғи ғаминг қилди чок-чок,
Билман кўнгулни қушмудурур эмди ё қафас.

Лаълинг нигини шарҳидадур гўйиё фусус,
Ҳар жузвида нишонаи вақф айлади бу фас.

Ўлдумки, қатлинга нега ушшоқ бўлди хос,
Тиргузди буки ёна мени айладинг ахас.

Тақвии ишқ аро чу азимат тилар кўнгул,
Аввал керакки, бир тараф этсанг бори рухас.

284

Не нутқи дилкаш эрур, ваҳ, не дилрабо алфоз,
Масиҳ нутқида йўқ буйла жонфизо алфоз.

Эрур хужаста сўзунг файз мавжининг тенгизи,
Тенгизда ҳар сариғи дурри бебаҳо алфоз.

Сўзунгда лафзин эшиткач араб фасиҳлари,
Бириси қилмадилар сўзга ибтидо алфоз.

Сўзунгда пири хирад топмайин ғалат аҳком,
Тилингга саҳв ила ҳам ўтмайин хато алфоз.

Санга надим ўлубон Жабраил ҳам кетуруб,
Бир ошно қошидин барча ошно алфоз.

Сипеҳр жавфида дарё вужудунг ичра сўзунг,
Бу баҳр ичинда жавоҳир сўзунг аро алфоз.

Навоий айлади наътингни, вирд бўлса, не тонг,
Анга каломи равонбахшу мунтаҳо алфоз.

295

Зиҳи буроқинг изидин қамар узорида доғ,
Муайян икки қароғингға сурмаи мозоғ.

Чу ёрутуб юзунг ўти фалак шабистонин,
Уётидин ўчуруб ҳар тараф нужум чароғ.

Шамимким сочибон зулфи анбарафшонинг,
Бўлуб савомиъ қудси элига атри димоғ.

Ўтуб чу қадду узоринг сипеҳри ахзардин
Бу навъ сарв ила гул топмайин яна ул боғ.

Улусқа зулмати куфр ичра изтироб эрди,
Юзунг қуёши фуруғидин ўлди мунча фароғ.

Китобинг ўзга кутубдинки бордурур аблағ,
Балоғатингға муносиб ҳақ айламиш иблоғ.

Бу баски айни иноят била кўзунг тушса,
Тамуғ ўтиға Навоийни судраб элтур чоғ.

521

Юсуф эрмас чу малоҳатда жамолингға шабиҳ,
Ҳуснунгга ани малиҳ ўлмағай этсам ташбиҳ.

Одам асрорининг ижмолини қилдинг тафсил,
Мундин эркинки дединг алваладу сирру абиҳ.

Чун берур боғ гулу шўра тикон, сен очибон,
Лутфдин гул нечаким хори жафо урса сафиҳ.

Восил ўлди нафасинг руҳини англаб ориф,
Шаръ тузди, чу анинг зоҳирини билди фақиҳ.

Андаким сен чекибон иззу назоҳат этагин,
Йўқ жанобингда малойикка маҳалли танзиҳ.

Ҳам қамар шаққин ишорат била айлаб зоҳир,
Ҳам шажар машшин иродат била айлаб танбиҳ.

Кимки сендин эвуруб чеҳра қора топиб важҳ
Ким, ҳадисингға қилиб таън дебон бетавжиҳ.

Ой тулуъ этса бўлур меҳри жамолинг зоҳир
Ким, бўлур фаҳм жамил оллиғаким келди кариҳ.

Гар Навоий сари маҳшарда назар айламасанг,
Сақару нордек ўлғай анга хулду мофиҳ.