Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Наът»Ҳаёт ан-набий (Ҳазиний ғазали)
Ҳаёт ан-набий (Ҳазиний ғазали) PDF Босма E-mail

Сиза жон фидо, ё ҳаёт ан —набий,
Қилай ман гадо, ё ҳаёт ан —набий.

Отингиз Муҳаммад, Расули Худо
Ки, сиз Мустафо, ё ҳаёт ан —набий.

Қиёмат кунида шафоат умид,
Ки, биз пурхато, ё ҳаёт ан —набий.

Ки Хайрул башар, саййидул мурсалин,
Рисолатпаноҳ, ё ҳаёт ан —набий.

Мани осийни еткурур равзага,
Қачон ул Худо, ё ҳаёт ан —набий?

Тавоф айласам хонаи Каъбани,
Будур муддао, ё ҳаёт ан —набий.

Қолай "Жанннатул бақийа" хокида ман
Ки, етса қазо, ё ҳаёт ан —набий.

Ҳама умматингиз умид айлашур
Ки, рўзи жазо, ё ҳаёт ан —набий.

Ҳазиний дуоси бўлурму қабул,
Бу ғарқи гуноҳ, ё ҳаёт ан —набий.

Шарҳ: Ё ҳаёт ан-набий

Ё набийлар султони, пайғамбарлар имоми мендай гадонинг жони сизга фидо бўлсин. Отингиз Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг элчисисиз, Сиз инсоният сирасидан танланган, яни Мустафосиз. Биз хатокор умматингиз қиёмат кунида сиздангина шафоат умид қиламиз. Сиз башарият пешонасига битган яхшилик қуёшисиз. Сиз рисолат соҳиби, Қуръони каримни етказувчисиз. Қачон Ҳудойи таоло марҳамат қилиб, мени ул пок равзангизга етказар экан. Каъбани тавоф айлаш асл муддоим эрур. Агар шундай бахт насиб этса, хокингизда жоним узилса бундан улуғроқ саодат борми? Барча умматингиз сиздан шафоат умидида яшайдир. Бусиз жазо кунида ҳолимиз ганг бўлиши тайин. Бу гуноҳкор Ҳазиний дуосини қабул этгин ё Қодир Аллоҳ!