Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Наът»Ўн саккиз минг оламга... (Аҳмад Яссавий)
Ўн саккиз минг оламга... (Аҳмад Яссавий) PDF Босма E-mail

Ўн саккиз минг оламга сарвар бўлғон, Муҳаммад,
Ўттуз уч минг асҳобга раҳбар бўлғон, Муҳаммад.

Ялонғочу очликка қаноатлиғ, Муҳаммад,
Осий, жофий умматга шафоатлиғ, Муҳаммад.

Тунлар ётиб уюмас, тиловатлиғ, Муҳаммад,
Ғариб бирла етимга мурувватлиғ, Муҳаммад.

Йўлдан озғон гумроҳга ҳидоятлиғ, Муҳаммад,
Муҳим тушса ҳар кимга кифоятлиғ, Муҳаммад.

Бу Жаҳлу Бу Лаҳабга сиёсатлиғ, Муҳаммад,
Маломатни(нг) собуни саломатлиғ, Муҳаммад.

Намоз, рўза қилғувчи ибодатлиғ, Муҳаммад,
Тинмай тасбиҳ айтгувчи риёзатлиғ, Муҳаммад.

Малъун—лаин шайтонга сиёсатлиғ, Муҳаммад,
Шариатни(нг) йўлига иноятлиғ, Муҳаммад.

Дуолари мустажоб ижобатлиғ, Муҳаммад,
Ёмонликка — яхшилик кароматлиғ, Муҳаммад.

Тавфиқ берган золимга жалолатлиғ, Муҳаммад,
Сажда қилғон эгилиб итоатлиғ, Муҳаммад.

Аршу Курси бозори иноятлиғ, Муҳаммад,
Сакиз беҳишт эгаси вилоятлиғ, Муҳаммад.

Мискин Аҳмад қулига китобатлиғ, Муҳаммад,
Етим, фақир, ғарибга саховатлиғ, Муҳаммад.

Шарҳ: Ўн саккиз минг оламга..

Аллоҳ барча оламларга раҳмат қилиб юборган, оламлар йўлбошчиси, жамики асҳоблар раҳбари ва раҳнамоси ё Расули худо! Сизнинг фазлингиз бутун инсониятга татигуликдир. Сиз сабру қаноатда бемисл эдингиз. Уммат саодати йўлида қадсиз очлигу яланғочликка сабр этдингиз. Рўзи қиёматда умматингиз гуноҳини Аллоҳдан сўрагувчи ягона зотсиз. Сиз тунларни бедор ўтказишда, тиловати Қуръонда, ғарибу етимларга шафқат қилишда ҳаммага ибратсиз. Дунё гумроҳлар билан тўлиб тошган. Улар фақат сизнинг йўлингизга эргашсаларгина ҳидоят топурлар. Ҳаётларига мазмун инар. Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), сиз барча эҳтиёжмандлар учун кифоятсиз. Ё Расулуллоҳ, сиз ҳар қандай маломат, ҳасаду ғийбатлардан юксаксиз, поксиз. Тарихда Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб каби кофирлар сизни танимаганлари сабаб абадий нафрат ва маломатга гирифтор бўлмадиларми? Намоз ва рўзада, Аллоҳни ёд этишда сизга эргашганлар саодат топгайлар. Шайтони лаъин ҳийласига алданмаган инсон зоти йўқ ҳисоби. Унинг додини бергувчи фақат биргина зот борки, у сизсиз. Шариатни гўзал хулқ ила еткарувчи, умматига шафқатли, хайрли дуолари билан мўьминларга бахт эшигини очган ҳам ўзингизсиз. Ёмонликка яхшилик билан жавоб бергувчи, золимга —да гўзал муомала қилгувчи, ўзингизсиз ё Расулуллоҳ! Аллоҳга чин итоати боис энг юксак мартаба эгасига айланган, қиёмат кунида Арш соясига муяссар бўлгувчиларнинг энг иноятлиси (шафқатлиси), саккиз жаннат соҳиби ё Расулуллоҳ (с.а.в.). Етим, фақир, ғамгину ғарибларга саховатпеша, Қул Аҳмад каби бечорага раҳмли Муҳаммад алайҳиссалом, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин!