Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Наът»Ҳайратул абрордан наътлар (1)
Ҳайратул абрордан наътлар (1) PDF Босма E-mail

Ул ҳазратнинг нури қидамиятидаким зот баҳ-рининг аввалғи жунбушида ул дурри бебаҳо ламъаси  хафо риштасин узди ва ул  гавҳари якто ашиъаси ламъа кўргузди ва дурждин дуржға интиқол этти то Сафиюллоҳдин Абдуллоҳға етти.

Эй қилибон ламъаи нурунг зуҳур,
Андаки не соя бор эрди, не нур.

Нурунгга тоб икки жаҳондин бурун,
Ҳарне йўқ андин бурун, андин бурун.

Зовияи ҳашмға ҳар зотдин,
Руҳ ёқиб шамъ бу мишкотдин.

Топти азал субҳи чу базминг чароғ,
Не тонг агар ёруса юз минг чароғ.

Бўлди санга Одам сабқатнамо,
Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса ато.

Наслида ҳарким анга пайванд ўлуб,
Борчаси фарзандингга фарзанд ўлуб.

Кимки мунга даъвийи ҳужжат этар,
«Кунту набийян» анга ҳужжат етар.

Ўзга далил истаса табъи сақим,
Басдурур Одамда «алиф»,  «долу», «мим».

Борчаси Аҳмадда топиб иззу шон,
Ўғлида уч ҳарф атодин нишон.

«Ҳо» ( ) и муҳаббат санга-ўқдур насиб,
Ким сени ҳақ деди ўзига ҳабиб.

Ҳар неки ҳақ важҳи аро мубҳам ул,
Зоҳир этиб юзда ҳабиби ҳам ул.

Шоҳид этиб чеҳра бу кўзгу анга,
Ул не қилиб, кўргузубон бу анга.

Айлади чун одами хокий зуҳур,
Солди анга партавин ул пок нур.

Нур дема, бориқаи сармадий,
Бориқа йўқ, шаъшаи Аҳмадий.

Бўлди чу Одамда бу партав ниҳон,
Анда ниҳон, лек юзида аён.

Эгнига ёпилди дуввожи шараф,
Қилди макон бошиға тожи шараф

Тахти рисолат уза шоҳ ўлди ул,
Хайли малойикка паноҳ ўлди ул.

Истади Ҳавво била чун иттисол,
Айлади Ҳаввоға бу нур интиқол.

Поку жамил айлади Ҳавво юзин,
Уйлаки ҳақ партави ҳавро юзин.

Шисқа чун бўлди яна мунтақил,
Ойни қилур эрди юзи мунфаил.

Риштасидин чун бу гуҳар бўлди кам,
Бир садаф ўлди яна гавҳар шикам.

То атодин ато, анодин ано,
Бир ано ким йўқ эди андоқ яно.

Бўлди рисолат дурининг махзани,
Балки нубувват гулининг гулшани.

Бўлғач-ўқ ул дурға садаф пардапўш,
Тушти жаҳон баҳриға жўшу хурўш.

Эмдики рафъ этти юзидин ниқоб,
Туғмади андоқ яна бир офтоб.

Ғам тунини нур сиришт айлади,
Ер юзини боғи биҳишт айлади.

БИРИНЧИ НАЪТ

(Мазкур мадҳ) ул ҳазрат (Муҳаммад с.а.в.) пайдо бўлган нурнинг қадимийлиги ҳақида бўлиб, энг аввалги ҳаракатларидаёқ бу бебаҳо дурнинг ёлқини махфийлик ипини узди ва у ягона гавҳарнинг порлоқ нури шуъла кўргузди ва дурждан дуржга кўчиб, сафиюллоҳ (Одам а.с.)дан Абдуллоҳгача етди.
Сенинг нуринг шуъласи зуҳур қилганда, унгача на соя бор эди, на нурнинг ўзи. Икки дунё пайдо бўлгунига қадар Сенинг нурингга тоббора оладиган ҳеч нарса йўқ эди. Жисм (тана) қисмлари (бурчак)ига йиғилган, ҳар нарсанинг асл Зоти(дан намуналар) жойлаштирилган токчага мил шамъ ёқди. Азал субҳи базминг чироғини қўлга киритганда, бошқа юз, мингларча чироғлар ҳам чарақлаб кетган бўлса ажаб эмас. Одам Ато Сенга нисбатан авалгидай, аслида у сенга ўғил бўлди, сўнг инсонларга ота.
Ўз наслига кўра ҳар бир одам у билан пайванд, фарзандига барча фарзанддирлар. Кимки бунга ҳужжат даъво қилса, «Қуръон»даги «Мен пайғамбарман» ибораси етарли ҳужжатлардир. Табиати носоғ бирон киши яна бошқа бир далил талаб қилса, бунга «Одам» сўзидаги «алиф», «дол» ва «мим» ҳарфлари борлиги етарлидир. Чунки бу ҳарфларнинг ҳаммаси «Аҳмад» сўзида ҳам қадр-қиймат топган бўлиб, ўғлида (отасида бор) уч ҳарф отадан белгидир.
«Ҳо»си сенга муҳаббат насиб бўлганини англатиб, Аллоҳ сени ўзига «Ҳабиб» деди. Аллоҳ юзида нима яширинган бўлса, улар ҳаммаси ҳабиби юзида ҳам намоёндир. Бу кўзгуни унга гувоҳ қилиб, у не қилса, уни кўзгу акс эттириб турар эди.
Тупроқдан бўлган одам зуҳур этгандан кейин унга ул пок нур ўз ёлқинини жойлаштирди. Уни нур эмас, абадий яшин, яшин ҳам эмас, Аҳмаднинг олдиндан маълум бўлган зўр шуъласи дейиш ҳам мумкин.
Одам Атога шундай шуъла яширингандан кейин, ичида ниҳон, бироқ юзида аниқ кўзга ташланиб турадиган бўлди. Шундай қилиб, унинг елкасига шон-шараф тўни ёпилиб, бошидан шараф тожи ўрин олди. Шу йўл билан (Аллоҳга) элчилик тахтида у шоҳ, фаришталар гуруҳига эса паноҳ бўлди.
Шундан кейин у Ҳаво билан бирлашиш пайига тушди. Шу йўсинда бу нур Ҳавога ҳам кўчди. Ҳавонинг юзини у поклаб, Худонинг нури ҳурларнинг юзини чиройли қилгандек бўлди.
Бу хусусиятлар Шисга кўчгандан сўнг, унинг юзи ҳатто Ойни уялтирадиган даражага етди. Авлодлари ипидан бир дона гавҳар камайса, қорнидан яна бошқа бир гавҳар ўрин оладиган бўлди. Отадан ота, онадан оналар юзага келиб, шундан кейин бунақа Она бошқа пайдо бўлмади. Шу равишда Муҳаммад (с.а.в.) элчилик дуррининг хазинаси, янада тўғрироғи, пайғамбарлик гулининг гулшани бўлди.
Дур пайдо бўлувчи садаф янги бир дурга пардапўш (икки-қат) бўлганда, жаҳон денгизларида ғулғула ва шовқин-сурон кўтарилди. Унинг юзидан ниқобни олинганда, бошқа бир бундай Офтоб туғилмагани маълум бўлди. Тун қоронғилигини нур эгаллай бошлади. Бу Ер юзини эса беҳиштга айлантирди.