Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Наът»Ҳикояти Муҳаммад (алайҳиссалом)
Ҳикояти Муҳаммад (алайҳиссалом) PDF Босма E-mail

Муҳаммад ким шаҳи дунёву диндур,
Сифоти «раҳматан лил-оламин»дур.
Замину осмонни халқу хайли(Хайл - гуруҳ, қавм.),
Яратилди ўшал эрнинг туфайли.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг Ҳабиби ва Саййидул-кавнайндирлар, дунё ва диннинг шоҳидирлар. У зотнинг яна бир сифатлари “раҳматан лил-оламин”дир. Ердаги ва осмондаги барча мавжудотлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туфайли яратилгандир.
Пайғамбаримизни Аллоҳ таоло “Раҳматал лил оламийн” (“Оламларга раҳмат”) ва “Шафиъул музнибин” (“Гуноҳкорларга шафоатчи”) деб таърифлаган. У зот Ислом динини олиб келдилар ва ўзлари барча оламларга раҳмат бўлиб қолдилар. У зот сабабидан барча махлуқот Аллоҳ таолонинг раҳматига ноил бўлади.
У зот (соллалоҳу алайҳи ва саллам) барча мусулмонларга меҳрибон. У зоти бобаракотнинг айтган сўзлари ва суннатлари замирйда чексиз ҳикмат мужассам. Ота-оналар ўз фарзандларига ўргатишга ожиз бўлган хайрли амаллардан таълим бериб кетдилар. Охиратда эса гуноҳкор умматларнинг шафоатчисидирлар.
Ўқурда бир куни Тангри китобин,
Ўқуди анда дўзахни азобин.
У оят ваҳмидин кетди ўзидин,
Йиқилди ерга ул дамда юзидин.
Саҳоба ҳар қаю бир ҳола бўлди,
Замину осмон дар нола бўлди.
Бир куни Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўқиб ўтирган эдилар, дўзахнинг азоби ҳақида баён қилинган бир ояти каримага етдилар. Унинг ваҳимасидан ўзларидан кетиб беҳуш бўлдилар ва муборак юзлари билан юзтубан ерга йиқилдилар. Саҳобалар бу ҳолатдан ғам чекишди, ҳоллари танг бўлди. Еру осмон бу ҳодисадан нола қилди.
Замондин сўнг кўзини айлади боз, Саҳоба айдилар: «Эй Маҳрами роз, Сани халқ афзали қилди Худойинг, Муҳайё бўлса жаннат ичра жойинг, Сифотинг «раҳматан лил-оламин»дур, Худодин мунча қўрқинчунг надиндур?» Деди: «Гарчи расули жузву куллман, Нечук хавф айламай, зеро ки қулман».
Орадан бир оз фурсат ўтиб муборак кўзларини очдилар. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Эй Аллоҳ таолонинг сирларига маҳрам бўлган зот, Сизни Ҳақ таоло инсонларнинг энг афзали қилиб яратган бўлса, жаннат ичида ўрнингизни белгилаб қўйган бўлса, “бутун оламларга раҳмат” сифати билан сифатлаган бўлса. Аллоҳ таолодан нега бунча қўрқдингиз?”
Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: "Гарчи мен барча олам махлуқотининг Расули, Пайғамбари бўлсам ҳам, барибир қулман, бир бандаман. Шундай экан, нега хавотирга тушмай?”
Сўфий Аллоҳёр (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу воқеадан ибратланиб, қуйидаги байтларни айтиб, биз бечораларни огоҳлантирадилар:
Агар юз минг башорат бўлса бори,
Керак қулдин ўшанча хавфу зори.
Кишининг исми зоти бўлса банда,
Бўлурму фориғиййат(Фориғиййат - бепарволик, бехабарлик.) қул деганда?!
Бу воқеадан хулоса шуки, агар кишига чексиз башоратлар берилган бўлса-да, банда ўшанча хавф ва қўрқув ичида туриб, кўп ёлвориб тавба-тазарру қилиши лозим. Кишининг исми ҳам, зоти ҳам банда бўлса, қандай бепарво юриши мумкин?!
Ҳадиси шарифларда Аллоҳ таоло борасида яхши гумонда бўлишга, хусусан, кексайган чоғда Аллоҳтаолонинг раҳматидан кўпроқ умид қилишга буюрилганмиз.

Масъудхон Исмоиловнинг
"Саботул ожизин шарҳи"китобидан