ҚАСИДАИ ХУМРО PDF Босма E-mail

Шохи гардун, шохи мулук, ба номи якка ҳудо.
Соғиндим манки чунун, эй, расули Мустафо.

Дедим салом, саловатлар, бехисоб бўлсин буткул,
Ёлворурмен, бу хатимға бўлмайсайди бепарво.

Тун ила тонг ороси, тебранди саркаш қалам,
Бу муҳаббат рисоласи, этди ўзимдин жудо.

Маст бўлдим сийратида, гулшанида сайр қилиб,
Кўриб гулшанда минг шода, шодада ғунча ҳумро.

Нур каби келди оламға, ва хақки нур эрди у,
Нурафшон бўлди олам, мукаррам уммул қуро.

Исмида сир бормикан, ёки нусратдир аниқ.
Хар ерда бўлгай ғолиб, Муҳаммад расулулло.

Жисми нейдан яралмишки, топмадим таърифға сўз,
Нахот шу бўйю бастда топилса зарра фано.

Ҳуш сурати бунчалар, чизилмиш қадъу дақиқ,
Кўз кўрмаган балоғатни, яратганга тасанно.

Кўр бўлса керак кўзим, тушса анга баногоҳ,
Ва лекин кўрмоқ уни, хар лаҳзада таманно.

Бир лаҳза кўрсам эди, маҳбубимнинг жамолин,
Тану жоним не бўлибди, бутун коинот фидо.

Балоғат қилдинг деманг, унинг васфида зарра,
Юсуф унут бўларди, кўргандами Зулайҳо.

Сочларининг ништари, санчилсин кўксим узра,
Бир дона толасиға, арзимас бутун дунё.

Қошдаги ўроғига, тақлид қилибдурки ой,
Йиғлайди шому саҳар, бу қошни деб, нигоро.

Кўзиға тушган кўзни, меҳирга ғарқ қилибди,
Ким боқибди бу кўзга, бўлибди унга шайдо.

Юзи гул яноғида, балқигай бунча чирой,
Бунчалар гул чиройи, бўлмаган ҳали пайдо.

Лаби кавзаро доми, ғунча хижолат ўлмуш,
Бир гулки, анча орзу, орзусидаки раъно.

Асал тилини меҳридин, қулоғингда бол ўйнағай,
Оҳ, мен бу тили шакарни, ишқида бўлдим гадо.

Бир бора кулишига, беҳисоб кўнгуллар шай,
Ним табассум қилур чаман, чаман излаб ман адо.

Мушки анбар таралсаки, маст қилиб бўйларидин,
Бу мушкка мен бўлгум ғариқ, бўлгум унга мубтало.

Оҳ кўксида тилло суви, ҳам замзамнинг жилғаси,
Кўксига қўйсайдим бош, бирлашиб танга гўё.

Қўллари парми бунча, юзум тутким келоди,
Гар қўйса бошим узра, бўларди манга шифо.

Қадамидин чечак  унмуш, обод ўлмиш бу замин,
Ўпким келур изларини, юз кўзимға тўтиё.

Ишқ бурулмиш ул тамон, кўрмас кўз хеч ўзгани,
Билган борки васфини, бўлур аниқ маҳлиё.

Кел эй ишқим ибтидоси, маҳбубим, кўзим нури,
Умрум мазмуниға айлан, йўқса бўлур имтиҳо.

Мен ғарибни кўнглини, шод этгил эй ҳусни хулқ,
Нетай,  ўзга кўзларимға, кўринмаса мутлақо.

Бу қаламни тани ўлди, вале сиёҳ  ўлдим демас,
Ки танимда бордур бу жон, кўрурсен ундан вафо.

Тушларимда кўрсам сени, келсанг саломинг бирла,
Кўнглим тўлурки бешак, бўлиб айни муддао.

Ташриф эт кўнгул уйумға, хорингни азиз айлаб,
Шарафи қудумингдан, нур чўмсин кулбам аро.

Васфингда ожиз бўлдиму, ожиз бўлмушлар харгиз,
Шафоатдин бор умид, маҳшари рўзи жазо.

Йўлингга кўз тутди букун, ўлиб шодон муқтадий,
Изингдан боргум мудом, қилиб санга иқтидо.

Музаффар Муҳаммадзода Муқтадий