Facebook
Минг йиллик илдизлар PDF Босма E-mail

Мумтоз ўзбек адабиёти дунё миқёсида обрў қозонгани кўпчиликка маълум. Фақат адабиётимизга хос мумтозлик мақомини унинг бадиий тилига нисбатан татбиқ этишда маълум бир муаммолар бор. Шу сабабли узоқ вақтлардан буён мумтоз адабиётимиз тилига нисбатан «чиғатой тили» ёки «эски ўзбек тили» деган иборалар қўлланиб келинди.
Масалага ойдинлик киритиш учун адабий тилимиз тарихини янгича тафаккур асосида чуқур тадқиқ қилиш зарур. Бизнинг тилимиз мингйилликлар қаърига илдиз отган қадимий тиллардандир.
Туркий тиллар ривожида ўзбек тилининг ўзига хос тараққиёт йўли бор. Буни Алп Эр Тўнғадан то Амир Темургача ватанимиз тупроғида яшаб ўтган улуғ аждодлар ёди адабий тил кўзгусида қандай акс этгани орқали илғаб олиш мумкин.
Турон заминнинг милоддан олдинги туркий тилида ёзилган Алп Эр Тўнға ҳақидаги достон ҳали атрофлича таҳлил этилгани йўқ.
Бу достон бизгача тўлиқ етиб келмаган. Унинг беш юз сатрга яқин парчалари Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достонида ва Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида келтирилган.
Бу достонга биринчи бўлиб катта эътибор берган оли-мимиз профессор Абдурауф Фитрат эди. Унинг «Энг эски турк адабиётининг намуналари» деб аталган ва 1927 йилда нашр этилган рисоласида Алп Эр Тўнғага бағишланган 40 сатрли марсия, танғутлар билан Алп Эр Тўнғанинг жангига оид 32 сатрли шеър, қиш ва ёз манзараларига бағишланган 86 сатрли шеърий тасвирларни адабий тилимизнинг энг қадимги намуналари деб баҳоланди (А. Фитрат. Энг эски турк адабиётининг намуналари. Тошкент — Самарқавд. 1927 й.).
Фитрат Алп Эр Тўнғага бағишланган қадимий достон парчаларини Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достонидан ва Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» китобидан олинганини кўрсатиб ўтади.
Москвалик шарқшунос олима И.В.Стеблева ҳам «Девону луғотит турк»да келтирилган ва Алп Эр Тўнғага бағишланган 348 сатр шеърни териб олиб, улар орасидаги мантиқий боғланишларни топади ва уларни минг йиллар давомида кўп қисмлари йўқолиб кетган улкан бир қаҳрамонлик достонининг узвий бўлаклари деб баҳолайди (И. В. Стеблева. Развитие тюркских поэтических форм в XI веке. М., 1971 й., 270-6.).
Бу олимларнинг «Алп Эр Тўнға» достонига оид тадқиқотларини янги авлодга мансуб адабиётшуносларимиз М.Иброҳимов ва Ш.Холматовлар давом эттирадилар. Бу ишларнинг якуни сифатида Абдурашид Абдураҳмоновнинг сўзбошиси ва таҳрири билан 1995 йилда «Алп Эр Тўнға ёки Афросиёб жангномаси» деган китоб нашр этилади.
Бу китобнинг кириш қисмида Алп Эр Тўнғага қуйидагича баҳо берилади: «Алп Эр Тўнға милоддан аввалги VII асрда Турон давлати шаклланишига асос солган буюк хоқондир... Эронликлар Алп хоқонни Афросиёб деб атаганлар. Оғзаки ва ёзма адабиётда Алп Эр Тўнғанинг баҳодирлигини мадҳ этувчи катта достон яратилган. Достон қаҳрамонлик мавзуида бўлиб, унинг тикланиши туркий халкдар достончилиги тарихини милоддан аввалги асрлардан бошлашга имкон беради» (А. Абдураҳмонов. Алп Эр Тўнға ёки Афросиёб жангномаси. 1995 й., 2-6.).
Алп Эр Тўнға ҳақидаги шеърий достондан келиб чиққан ҳолда адабиётшунос олимлар бу қаҳрамонга баҳо беришда таарихчиларимизга нисбатан анча дадил фикр билдирмоқдалар.
Тарихчиларимиз Алп Эр Тўнғага оид маълумотларни тирихий манбалардан тополмаганлари учун уларда «Алп Эр Тўнға тарихий шахсми ёки афсонавий қаҳрамонми?» деган иккиланишлар бор. Бунинг яна бир сабаби - Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида Афросиёб салбий қаҳрамон қилиб кўрсатилганлигидир.
Бухоро тарихига оид жуда қимматли маълумотлар бер-ган Наршахий ёзади: «Афросиёб Ромтан (Ромитан) шаҳрини бунёд қилган. Ромтан Бухородан қадимийроқдир. Афросиёб ҳар вақт бу вилоятга келганда Ромтанда турган, бошқа жойда турмаган. Форсийларнинг китобларида айтилишича, Афросиёб икки минг йил яшаган ва жодугар бўлган, асли Нуҳ пайғамбарнинг ўғилларидан экан. У ўзининг Сиёвуш номли куёвини ўлдирган. Сиёвушнинг Кайхусрав номли ўғли бўлиб, отасининг хунини талаб қилиб, Афросиёбни ўлдирди. Афросиёбнинг қабри Бухоронинг Маъбад дарвозаси яқинидаги катта тепалик устидадир»(Наршахий. Бухоро тарихи. 1991 й., 98—99-бетлар.).
Наршахий ўз номидан келтирган тарихий фактларда Афросиёбнинг бунёдкор подшоҳ бўлганини, Бухородан ҳам қадимийроқ Ромитанни қурганлигини, бу вилоятга келганда доим шу Ромитанда турганлигини, «Афросиёб» номи билан бизгача етиб келган тарихий Ромитан қалъаси ўз даврининг подшолари турадиган пойтахт шаҳар бўлганини ёзади. Биз Бухоронинг 2500 йиллик тўйини ўтказдик. Агар Ромитан ундан ҳам олдин қурилган бўлса, демак, бу жойни қурдирган Алп Эр Тўнға — Афросиёб милодцан олдинги еттинчи асрда яшаб ўтганига ишониш мумкин.
Наршахий келтирган яна бир муҳим факт — Афросиёбнинг Кайхусрав томонидан ўлдирилганлиги ва Бухоронинг Маъбад дарвозаси ёнидаги баланд тепаликка дафн этилганлиги ҳам унинг чиндан яшаб ўтган тарихий шахс бўлганидан далолат беради.
Наршахийнинг бу маълумотлари тарихий асосга эга бўлганини Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг»да ёзган қуйидаги сатрлари тасдиқлайди:
Тожиклар аюр ани Афросиёб,
Бу турк бекларидин, опги белгулук,
Тўнға Алп Эр эди кути белгулук.
Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит турк»да Юсуф Хос Ҳожиб билдирган фикрни янада аниқроқ баён қилади:
«Туркларнинг машҳур қаҳрамони Афросиёбни Алп Тўнға деб аташларига сабаб, унинг шерни йиқитадиган ботир паҳлавон бўлганлиги эди» ( Махмуд Кошғарий. Девону луготит турк. III жидд. 1960 й., 272-6.). (яъни яхши номи: тарихий сиймо бўлгани белгулук) деб таъкидлаб айтилишига муҳим сабаб бор.
Айрим форсий манбалар тарихий шахс бўлган Алп Эр Тўнғани икки минг. йил умр кўрган жодугар Афросиёб деб атаб, афсонавий ёвуз қаҳрамонга айлантириб юборганликлари асоссиз уйдирма бўлганлиги учун бу уйдирмани Юсуф Хос Ҳожиб ҳам, Маҳмуд Кошғарий ҳам аниқ тарихий фактлар ёрдамида инкор этадилар. Наршахий икки томонга холис муносабатни билдиргиси келгани учун бу уйдирма афсонани «форсийларнинг китобларида езилишича, Афросиёб икки минг йил яшаган ва жодугар бўлган» деган сўзлар билан ифодалайди, ўзи эса аниқ тарихий фактлар билан Афросиёбнинг Ромитан шаҳрини қурган бунёдкор тарихий шахс бўлганини кўрсатади.
«Ўзбек миллий энциклопедияси»да Афросиёбнинг «Авесто»да яна учинчи бир ном билан тарихга кирганлиги ёзилади: «Афросиёб — мйфологик образ, «Авесто»да «Франг-Крисян» деб аталган» дейилади. Кейинчалик бу ижобий образ Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сига Афросиёб номи билан фаолияти салбийлашган ҳолда ўтади. Энциклопедияда Афросиёбга муносабат масаласида бир муҳим нукта кўрсатиб ўтилади:
«Афросиёбнинг Эрон подшоҳлари билан жангга киришуви, яъни Эрон билан Туроннинг мифологик рақобати ғояси «Авесто»да йўқ. Афросиёбни Эрон шоҳларининг душмани қилиб кўрсатиш ғояси ёзма адабиётга биринчи бўлиб Фирдавсий «Шоҳнома»си орқали кирган... Бу талқинда Фирдавсий замони учун муҳим бўлган турк давлатчилиги ва Эроний давлатлар орасида тарихий юзма-юз туриш — ҳарбий-сиёсий мухолифлик ўз аксини топган»(Ўзбек Миллий Энциклопедияси. I жилд. 2000 й., 517-6.).
Ана шу ҳарбий-сиёсий мухолифлик Афросиёб — Алп Эр Тўнғага муносабат туркий тилли манбаларда ижобий, «Шоҳнома» каби форсийзабон манбаларда салбий бўли-шига олиб келган.
Қадим замонларда Эрон ва Турон орасида бўлиб ўтган сиёсий-ҳарбий мухолифатлар аллақачон узоқ ўтмишга айланди. Бугун қўшни халқларни бир-бирига яқинлаш тирадиган тарихий фактларга кўпроқ эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Туркийзабон ва форсийзабон халклар Марказий Осиёда азалдан қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб яшаб келадилар. Наршахий «Бухоро тарихи»да, Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг»да, Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит турк»да Алп Эр Тўнға — Афросиёбнинг бунёдкор тарихий шахс бўлгани ҳақида гувоҳлик берган эканлар, биз буни нега инобатга олмаслигимиз керак? Юсуф Хос Ҳожибдек буюк шоир Алп Эр Тўнғанинг номини форсийзабон муаллифлар ўз талаффузларига мослаб Афросиёб деб атаганларини аниқ қилиб ёзган бўлса, бунга ишонмасликка қандай асосимиз бор? Буларнинг ҳаммасини инкор этиб, Афросиёбни икки минг йил яшаган жодугар, золим қилиб кўрсатган афсоналарга ишониш илму фан талабларига мутлақо жавоб бермайди-ку.
Афросиёб номини олган Алп Эр Тўнға бугунги Ўзбекистон ҳудудида яшаган эллар хотирасида бунёдкор шахс сифатида яхши из қолдирган бўлса керакки, Самарқанд яқинида қурилган қадимий шаҳарни ҳам Афросиёб деб атаганлар. Бухоро вилоятидаги Ромитан қалъасидан ташқари Тошкент шаҳрининг Мингўрик мавзеида жойлашган яна бир қадимий шаҳарча ҳам Афросиёб номини олганлиги тасодиф эмас.
Азалдан маълумки, жой номларини маълум бир шахснинг исми билан аташ шу жойда яшаган элнинг унга ижобий муносабатини билдиради. Юқорида айтиб ўтилган жойларга Афросиёб номини бериш билан бу ерда яшайдиган форсийзабон эллар ҳам Афросиёб — Алп Эр Тўнға номига ўз ҳурматини билдиргани ўз-ўзидан аён.
Тарихий фактларга мана шу нуқтаи назардан ёндашганда ўзбек ва тожик халқлари орасида бир-бирларининг тарихий қаҳрамонларига иззат-ҳурмат азалдан яхши бир анъана бўлганига имон келтирамиз.
Кўриниб турибдики, жой номлари ва қаҳрамонларнинг исмлари ҳам тил ва тарих муаммоларини ҳал қилишда жуда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Албатта, Алп Эр Тўнға тарихий шахс сифатида қачон яшаб ўтганини, қаерларда фаолият кўрсатганини аниқ-лаш учун тарихчиларимиз яна янги тадқиқот ишлари олиб боришлари керак. Лекин биз, адабиётшунослар, Алп Эр Тўнғага бағишланган қадимий достоннинг бизгача етиб келган қисмларини энг нодир тил ва адабиёт обидаларидан бири, деб биламиз. Бундан икки минг олти юз йил олдин ёзилган сатрларда дилимизга яқин маънолар, она тилимизнинг умрбоқийлигини кўрсатадиган сўз ва ибораларнинг кўплига кишини ҳайратга солади.
Достонда Алп Эр Тўнға тилидан қуйидаги ажойиб сўзлар айтилади:
Биликни югарман,
Кўнгилни тугарман.
Улуғни тиларман,
Тилакни бўларман.

Маъноси:
Билимни йиғарман,
Кўнгилни кистайман.
Улуғлик тиларман,
Тилакни йўқларман.
(А. Қаюмов таржимаси)

Алп Эр Тўнғанинг эл-юрт орасида суюкли қаҳрамон бўлгани ҳақидаги сатрлар:
Қачон кўрса ани турк,
Бузун анга ани айдачи,
Мунғар тағир улуғлиқ,
Мундин нари кеслинур.

Маъноси:
Қачон кўрса уни турк,
Шодликка тўлар тўлиқ,
Унда бордир улуғлиқ,
Сира бу сўзда лоф йўқ.
(А. Абдураҳмонов таржимаси)
Алп Эр Тўнға яшаган қадимги даврларда туркий халқлар ҳали алоҳида миллатларга ажралмаган эди. Шунинг учун «Алп Эр Тўнға» достони барча туркий халқларнинг умумий маданий обидаси ҳисобланади.
Айни вақтда, Афросиёб деб аталган жой номлари ва биз юқорида келтирган шеърий сатрларнинг ўзбек адабий тилига беҳад яқинлиги шундан далолат бердики, Алп Эр Тўнға кўпроқ Марказий Осиёда, Туркистон ўлкасида фаблият кўрсатган. Паҳлавон ботирларни Алп деб улуғлаш ҳам шу минтақада кенг тарқалган анъанадир. «Алпо-миш» достонининг минг йиллиги Ўзбекистонда нишон-лангани ҳам мана шу тарихий анъанадан келиб чиқади. Икки ярим минг йилдан буён туркий халкдарнинг тилла-рида достон бўлиб келаётган Алп Эр Тўнғанинг абадий қароргоҳи Ўзбекистон тупроғида, яъни Бухоро шаҳрининг баланд бир тепалиги устида бўлганлиги ҳам унинг Турон-замин фарзанди эканини исбот этади.
Достонда кўрсатилишича, Алп Эр Тўнғани Эрон шоҳи Кайхусрав зиёфат пайтида майга заҳар қўшиб бериб ўлдиради.
Ўлими муқаррарлигини сезган Алп Эр Тўнға садоқатли ёрини эслайди ва яқин одамларидан илтижо қилади:
Туркон хотун қутинға
Тегур мендин қўшуғ.
Айгил сизнинг тобуғчи
Ўтнур янги тобуғ.

Туркон хотун ҳузурига
Мендан еткур видо қўшуғин.
Айтгин: менга қилган хизматини
Қилар тобуғчи энди унга.
Достоннинг бизгача етиб келмаган қисмларида Алп Эр Тўнға ўз жасадини ватанига элтиб дафн этишни васият қилгани ҳам айтилган бўлиши эҳтимолга яқин. Шу васиятга биноан уни Бухоронинг баланд бир тепалиги устига дафн этган бўлишлари керак.
Турон маликаси севикли Алп ёрини эслаб мусибат чекади:
Борди кўзум ёруқи,
Алди ўзум қўнуқи.
Қанда эринг қаниқи,
Эмди ўзни узғурур.

Таржимаси:    
Кетди кўзимнинг нури,
Кетди танамнинг руҳи.
Қайдан топай севганим,
Қолди чеки йўқ қайғу.

Энг таъсирли сатрлар халқ томонидан қаҳрамон ўлимига атаб яратилган марсиядир:
Алп Эр Тўнға ўлдиму,
Эсиз ажун қолдиму,
Озлак ўчин олдиму,
Эмди юрак ииртилур.
Бундай изтиробга тўла самимий сўзларни фақат чиндан яшаб ўтган ва эл-юрт орасида севимли бўлган қахрамон ҳақидагина айтиш мумкин.
Қаранг: Алп Эр Тўнғанинг ўлимидан мусибат чекканларнинг юраклари йиртилиб кетгудек бўлади. «Эсиз ажун» деган сўзлар «изсиз, ўткинчи, бевафо дунё» деган маънони билдиради.
«Озлак» дегани «вақт, замона» маъносида келади.
Алп Эр Тўнға каби кўп жанг қилган ботирларнинг душмани кўп бўлади. Улар вақт, замона тимсолида энди ботирдан ўчини олади.
Алп Эр Тўнға ҳақида энг кўп ва аниқ маълумот берган буюк асар тўрт жилдлик «Девону луғотит турк»дир. Маҳмуд Кошғарийнинг ёзишича, Алп Эр Тўнғанинг қизи Қаз (Оқ ғоз) Эрон подшосига узатилади. Бу қиз ҳам Эронда шаҳарлар бунёд қилишга интилади. Қазвин шаҳри Алп Эр Тўнғанинг Эронга тушган Қаз номли мана шу малика қизи томонидан барпо этилади.
Алп Эр Тўнғанинг Бақан ва Барсаған деган ўғиллари Фарғона вадийсида ҳукмронлик қиладилар. Маҳмуд Кошғарий берган маълумотга кўра, Барсаған шаҳрига Алп Эр Тўнғанинг Барсаған номли ўғли асос солади. Маҳмуд Кошғарий ўз бобоси билан бу шаҳарда анча йил яшаганини ёзади. Бу шаҳарда етакчи тил - туркий бўлади. Самарқанддан Барсағанга кўчиб келган суғдлар икки тилда - ҳам суғдча, ҳам туркча сўзлашишлари «Девону луғотит турк»да кўрсатиб ўтилади.
«Алп Эр Тўнға» достонининг бизгача етиб келган айрим парчалари Алп хоқоннинг шарқда уйғурлар билан жанг қилгани, Эртиш дарёси бўйларига қўшин тортиб бориб, басмил қавмини бўйсундирганига бағишланади. Шу маълумотларга қараганда, у барча туркий халқларни бир давлат қилиб бирлаштиришга интилади.
Бироқ Алп Эр Тўнғанинг ўлимидан кейин турк давлатчилиги узоқ вақт инқирозли асрларни бошдан кечиради. Ниҳоят, VI-VII асрларга келиб Билге хоқон ва унинг каҳрамон иниси Култегин даврларида турк будуни (халқи) қайтадан қад ростлайди. Биз буни Ўрхон ва Энасой дарёлари бўйида VI—VII асрларда тошга битилган достонлардан биламиз.
«Билге хоқон ва Култегин» достонларини «Алп Эр Тўнға жангномаси»га қиёс қилсангиз, орада минг йиллик нақг ва шунча узоқ масофалар бўлишига қарамай, ички бир яқинлик борлигини сезасиз.
«Билге хоқон ва Култегин» достонлари дастлаб насрий бир солнома деб ҳисобланган эди. Кейинчалик туркшунос олима И. В. Стеблева уларнинг ички тузилишини синчиклаб ўрганиб, асарда ритм, туроқ, қофия ва бошқа поэтик белгилар борлигини аниқлади. Шундан кейин «Билге хоқон ва Култегин» туркий тилда битилган ажойиб бир қаҳрамонлик достони шаклида қайта тикланди.
Бу достонда ҳам қаҳрамонларнинг жангларда эришган ғалабаларига катта ўрин берилади:
Қирқиз, қуриқан, отуз татар,
Қитай, татабу кўп йағи эрмис.
Қанғим Қаған бунча
Қирқ артуқ ети йўли сулемис.

Таржимаси:
Қирғиз, қуриқан (қавмнинг номи), ўттиз татар,
Хитой, татабу — ҳаммаси ёв эди.
Отам хоқон ўшанча ёвларга қарши
Қирқ етти марта жанг қилди.
Билге хоқон ўз иниси Култегиннинг жангларда кўрсатган жасоратларини улуғлайди. Оға-ини жанг қилиб Эртиш дарёсини неча бор кечиб ўтадилар, шарқда Хитой чегараларигача қўшин тортиб борадилар, Турон ҳудудида Бойсунтоғда жойлашган Темур Қопуғни (дарвоза) ҳам эгаллайдилар. Ҳозир бу жой Дарбанд деб аталади.
Култегин қирқ етти ёшида ҳалок бўлади. Билге хоқон суюкли иниси учун қанчалик қаттиқ қайғу-мусибат чеккани тош битиқда шундай ифодаланади:

Ўзим сақунтум,
Кўрур кўзим кўрмастек,
Билур билигим билмазтек бўлти.
Ўзим сақунтум,
Онча сақунтум,
Кўзда йаш қалтар.
Бу ерда «соғиндим» сўзи «сақунтум» шаклида келади. Чексиз қайғудан хотири шу даражада паришонки, «билур билиги» ҳам эсидан чиқиб билмасдек бўлган. Қайғунинг зўридан кўзида ёш қалқийди (бу маъно «қалтар» сўзи би-лан берилади).
«Алп Эр Тўнға» достони билан «Билге хоқон» достони орасида роса минг йиллик фарқ бор. Лекин она туркийимизнинг умрбоқийлигини қарангки, «тангри, хоқон, би-лик, кўз, олтин, кумуш, тоғ, йўл, ўғил, қиз, эл» каби минг-лаб сўзлар эрамиздан олдин яратилган «Алп Эр Тўнға» достонида қандай оҳори тўкилмай ишлатилган бўлса, ми-лодий VII асрдаги тош битиқда ҳам шундай ёрқин жило бериб турибди.
Бу ҳар икки қаҳрамонлик достонидаги шеърий сатрлар деярли юз фоиз соф туркий сўзлардан таркиб топган-дир. Тош битикда суғдлар ўз номи билан «суғд» деб аталган. Хитой томонда яшайдиган бир халқ «табғач» номи билан тошга битилган. Татар, ўғуз, қарлуқ, басмил каби туркий қавмлар ва Эртиш, Тангритоғ каби жуғрофий номлар ҳам аслига мос қилиб аниқ ёзилган.
Тош битик Хитойдан таклиф қилинган уста сангтарош томонидан бажарилганлиги кўрсатилган. Шунингдек, бу муҳим ишнинг бошида Култегиннинг невараси Йўллуғ Тегин тургани ҳам айтилган. Йўллуғ Тегин тошбитикдаги сўзларни Билге хоқон номидан бир ой ва тўрт кун давомида тошга ўйдирганини қуйидагича ифодалайди:
Тош тўқидим,
Кўнгилдан сабимин
Тўқидим, битидим. Йўллуғ Тегин.
Тошга йўндириб ёздиришни у пайтларда «тўқитдим» (матони тўқитган каби) деган сўз билан билдиришган экан.
Йўллуғ Тегиннинг номи бугун ҳам кўп учрайдиган Йўлчи, Йўлдош деган исмларни эслатади.
Албатта, бир минг тўрт юз йил олдин тошга ўйиб ёзил-ган бу қаҳрамонлик достони барча туркий халқларнинг маънавий ва маданий меросидир. Шунинг учун «Билге хоқон ва Култегин» достонини қозоқ, қирғиз, туркман, озарбойжон, турк ва бошқа қардошларимиз ҳақли равишда ўзларининг тил ва адабиётлари тарихига киритиб ўрганадилар. Улар қатори биз ҳам бу умумтуркий адабий обидага тил ва адабиётимиз тарихидан алоҳида ўрин берамиз.

* * *

Улкан дарёлар тиниқ булоқлардан сув олганидек, адабий тилимиз минг йиллар давомида мана шундай соф туркий манбалардан обиҳаёт олиб, бойиб борган.
Тил дарёси ўз йўлида учраган турли ўлкалар бўйлаб олға боргани сари унга янги-янги ирмоқлар келиб қўшилади. «Қутадғу билиг» ва «Девону луғотит турк» асарлари Шарқий Туркистонда ва Туронда яшаган халқларнинг тил бойликларини умумтуркий адабий тил дарёсига олиб келиб қўшган улкан ирмоқлар бўлди.
«Қут» сўзи ҳам «қут-барака», «қутлуғ кун» сўзларида яшаб келмоқда. «Қут» сўзини биз илк бор қадимий тош битикларида учратамиз. «Билге хоқон» исмининг ўзаги эса Юсуф Хос Ҳожибнинг достонида «Билиг» шаклида сар-лавҳага чиқади. Орадан асрлар ўтгандан кейин «билиг» сўзини биз Аҳмад Яссавий ҳикматларида кўрамиз. Орадан яна тўрт аср ўтгандан сўнг «қут» ва «билиг» сўзлари Алишер Навоий асарларига ҳам кириб келади.
«Қутадғу билиг» достонининг номини бизда «Саодатга йўлловчи билим» деб таржима қилиш ҳоллари учрайди.
Бизнингча, бу таржима унча аниқ эмас. Айниқса, «билим» сўзи «билиг»нинг маъносини тўлиқ ифодалай олмайди. Тарихий илдизи чуқур бўлган «билиг» сўзини «донолик» деб изоҳласак, тўғрироқ бўларди. Чунки «Билге хоқон» деган сўз азалдан «Доно хоқон» маъносини билдириб келган.
Форс-тожик тилидан олинган «доно» сўзи аслида «дониш», яъни «билиш» ўзагидан олинган. Шунчаки билимли бўлиш билан доно бўлишнинг орасида катта фарқ бор. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида адиб Аҳмад Югнакий тўғрисида маълумот бергач, қуйидаги байтни келтиради:
Сўнгакка иликдур,
Эранга билик.
Биликсиз эран ул
Иликсиз сўнгак.
Билиг — фақат билим эмас, эранларга хос донолик ҳам эканлиги бу сатрлардан англашилиб турибди.
«Қутадғу билиг» нинг ўзида ҳам «билге» сўзи «доно» маъносида кўп учрайди:
Билигсиз била ҳеч сўзим йўқ менинг,
Э билге, ўзим уш топуғчи сенинг.
«Билигсиз» бу ерда «нодон» маъносида келади. Иккинчи сатрдаги «Э билге!» деган мурожаат эса «Э доно, ўзим сен учун ижод қилмоқдаман» деган маънони билдиради.
«Қутадғу билиг»да «биликсизлар билгеларнинг ёғийси», «душмани» деган сатр ҳам бор.
Демак, «Алп Эр Тўнға», «Билге хоқон», «Қутадғу билиг» ва «Девону луғотит турк» асарлари туркий тилнинг бир ярим минг йилдан ортиқ давом этган ривожи ҳақида тасаввур беради. Тил тарихининг мана шу бир ярим минг йиллик жараёнларида ўзбек тилининг ўзига хос тараққи-ёт йўли тадрижий тарзда қандай шаклланиб борганига эътибор берайлик.
Биз юқорида умумтуркий тил дарёсининг беҳад кенг ҳудудлардан оқиб ўтганини айтган эдик. Энг қадимги даврларда туркий элатлар тиллари бу дарёга ирмоқлар каби қуйилиб, уни бойитиб, қудратини ошириб боради. Асрлар ўтиши билан элатлар халқларга айланади, мамлакат-лар бир-бирларидан ажралиб чиқиб мустақил тараққиёт йўлига киради. Ҳар бир эл яшаган жуғрофий шароит ва ҳар бир халқ асрлар давомида бошдан кечирган тарихий воқеалар уларнинг тилига шундай ўзгачаликлар бахш этадики, энди бу қардош халқлар бир-бирларининг тилларини таржимонсиз тушунолмайдилар. Узоқ ғарбдаги туркияликлар, озарбойжон, туркман, қозоқ, қирғиз, бошқирд тиллари мазкур халкдар ватан қилган улкан ҳудудларда ўз миллатига мос ва хос мустақил тиллар бўлиб шаклланди. Албатта, тилларимизнинг умумтуркий тарихий илдизлари жойида турибди. Аммо бу илдизлардан ўсиб чиққан шохлар бир-бирларидан анча узоқлашиб кетган.
Мана, бир кичик мисол. Қозоқ қардошларимиз Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» достонини ўз тилига таржима қилиб, чиройли китоб шаклида нашр этишган. Кўриб миннатдор бўласиз.
Лекин муқовада Навоий номи «Науаи» деб ёзилган. Қозоқча талаффуз қоидаси шуни талаб қилган бўлса керак. «Садди Искандарий» деган ном эса «Ескендир қорғани» деб ўзгартирилган.
«Қорған» қалъа деган маънони билдиради. «Садд» эса қўрғон эмас, буюк бир тўсиқ, тўғондир. Шунинг учун бу достон рус тилига «Вал Искандера» деб таржима қилинган. Ҳар қалай, русча таржима аслиятга яқинроқ.
Албатта, ҳар бир тилнинг ўз талаффуз қоидалари бор. Масалан, «йўл» қозоқчада «жўл» дейилади, «яхши» — «жақши», «ёмон» — «жаман», «йўқ» — «жўқ». Бу қипчоқ шевасига хос хусусиятлардир. Ўғуз қавмида «тоғ» — «доғ» дейилади. «Темир — дамир», «тирик» — «дири» деб ёзилади. Бунга табиий бир ҳол деб қараймиз. Чунки қипчоқ ва ўғуз қавмлари ўзбек миллати таркибига ҳам кирган. Уларнинг тил бойликлари ўзбек адабий тилининг шаклланишига хизмат қилган. Лекин қипчоқ ва ўғуз шеваларининг ўзига хос хусусиятлари бор. Ўғуз шевасида «а» ўрнига кўп ҳолларда «э» ишлатилиши турк ва озарбойжон тилларига хос хусусиятлардир.
Масалан, Аҳмад Яссавийнинг номи ва «Девони ҳикмат» китоби турк-ўғуз талаффузига мосланган ҳолда Аҳмед-и Йесевий. «Дивани Ҳикмет» деган ном билан нашр этилган.
Шу нашрдан яна бир мисол.
Аҳмад Яссавий байти:
Агар юз йил умр кўрса қаримас,
Агар ер остига кирса чуримас.

Туркча таржимаси:
Эгер юз йил омир бўлса йипранмаз,
Эгер йер олтина гирса чурумаз.
Аҳмад Яссавий асарларининг тили юқорида биз қаламга олган «Алп Эр Тўнға жангномаси» ва «Билге хоқон» достони, «Қутадғу билиг» ва «Девону луғотит турк» асарларида шаклланган қадимий туркий тилнинг анъаналарини давом эттиради ва ривожлантиради.
Маҳмуд Кошғарий: «Турклар асли йигирма қабиладир, - деб ёзади. - Ҳар бир қабиланинг аллақанча уруғлари бор». Барча туркий элларни кезиб чиққан бу буюк олим туркий элатларнинг тилларини бир-бирига қиёслаб, ўз китобига «энг тўғри ва аниқ тил»ни асос қилиб олишга интилади. «Тилларнинг энг тўғриси, яхшиси йағма, тухси қабилаларининг тилидир... Буларнинг орасида энг очиқ ва равон тил Хоқония ўлкасида яшовчиларнинг тилидир».
Хоқония ўлкасига ўша даврда Қорахонийлар давлати таркибида бўлган Шарқий Туркистон, Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро кирганлиги тарихдан маълум. Яғмо, тухси, чигил қарлуқ қабилалари ҳам мана шу ҳудудларда яшаганлар. Ўғуз қабилалари Туркманистон, Озарбойжон ва Туркия томонларни ишғол қилганлар. Қипчоқлар кўпроқ Дашти Қипчоқ номини олган шимоли-ғарб томонлардаги кенгликларни эгаллаганлар.
Маҳмуд Кошғарий Хоқония ўлкасида туғилиб ўсганлиги учун бу ўлка тилини жуда яхши билган ва уни ўз девонига асос қилиб олган. Бу тилни ўғуз ва қипчоқ қабилаларининг тилларидаги ўзгачаликлар билан қиёс қилган. Масалан, ўғузлар туяни «дева» дейдилар. Хоқония турклари «мен бордим» десалар, ўғузлар «бен бардум» дейдилар. Турклар «чумчуқ» десалар, ўғузлар бир ҳарфни тушириб қолдириб «чумуқ» дейдилар, «келдим» сўзини «г» билан «гелдим» деб айтадилар, «келган» сўзида «г» ҳарфини тушириб қолдириб, «келан» дейдилар.
Шу сабабларга кўра, Маҳмуд Кошғарий ўғуз тилини ҳам, қипчоқ тилида «йўл»ни «жўл», «яхши»ни «жахши» деб айтишларини ҳам умумтуркий тилнинг қоидаси тарзида қабул қилмайди. «Девону луғотит турк»да энг қадимий туркий тил намуналари сифатида Алп Эр Тўнғага бағишланган тўртликлар келтирилгани бежиз эмас. Чунки Алп Эр Тўнғанинг ҳаёти ва фаолияти қадимий Турон ва Туркистон билан чамбарчас боғлиқцир. Кейинчалик Қорахонийлар даврида бу улкан ҳудуд Хоқония ўлкаси деб аталган.
Алп Эр Тўнға ўз даврининг энг буюк хоқони бўлганини ҳисобга олсак, ўлкани «Хоқония» деб аташда Алп Эр Тўнға хоқонлиги ҳам назарда тутилган, деб ҳисоблаш мумкин. Бир чеккаси шу сабабдан «Алп Эр Тўнға» достонининг тилини Фитрат каби машҳур олимимиз «Қадимги Хоқония тили» деб атаган эди. Бизнинг асосий мавзуимизга оид энг муҳим нуқта шуки, «Алп Эр Тўнға» достонининг тили ҳам, «Билге хоқон ва Култегин» достонининг тили ҳам, «Қутадғу билиг» ва «Девону луғотит турк» асарларининг тили ҳам қипчоқ ва ўғуз шеваларига асосланган қозоқ, турк ва бошқа бир қанча туркий тиллардан кўра, ўзбек адабий тилига яқинроқдир.
Чунки шартли равишда хоқония деб аталган энг қадимий адабий туркий тил икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган Самарқанд, Бухоро, Термиз, Тошкент, Ўш, Қува каби шаҳарларнинг ўтроқ туркий аҳолиси томонидан яратилиб, сайқал берилган.
Қадимий туркий шаҳарлар азалдан маданият марказлари сифатида адабий тилнинг тўғри шаклланишига хизмат қилиб келган.
Биринчи марта Алп Эр Тўнға бунёд этган Афросиёб шаҳри (қадимги Самарқанд)нинг номи Семизкент бўлган экан. Наршахий берган маълумотларга кўра, Зарафшон суви лойқаларидан пайдо бўлган ҳосилдор ерларга илк бор Туркистон томонлардан туркий тилли аҳоли кўчиб келиб, обод манзил барпо қилган экан ва унга Бумискент (бошқа бир манбада Нумижкент) деб ном берган эканлар.
Тошкент номи ҳам туркий эл томонидан қўйилган ички маъносидан кўриниб турибди.
Шу келтирилган барча далиллар туркий тиллар ривожида ўзбек тилининг ўзига хос тараққиёт йўли маданият марказлари бўлган қадимги шаҳарларимиз тарихи билан боғлиқ бўлганлигини исбот этади.
Тарих ва тақцир тақозоси билан халқимиз Туркиядан Олтойгача бўлган улкан ҳудудни эгаллаган туркий элларнинг марказий қисмида яшашга, Алп Эр Тўнғадай афсонавий баҳодир Афросиёб шаҳарлар қуриб қолдирган Самарқанд, Бухоро, Тошкент ҳамда Фарғона водийси ва Хоразм воҳасини ватан қилишга мушарраф бўлди. Ўзбек тили ҳам мана шу жуғрофий ва тарихий шароитга мувофиқ равишда туркий тиллар дарёсининг марказий ўзанидан ва умумтуркий тиллар шажара дарахтининг ўқ илдизидан озиқланиб, мумтоз бир тараққиёт йўлини босиб ўтди.


Пиримқул Қодиров