Facebook
Анвар Обиджон (1947) PDF Босма E-mail

Ҳажвий адабиёт анъаналарини муваффақият билан ривожлантириб келаётган истеъдодли адиблардан бири Анвар Обиджон шоир, носир ва драматург сифатида ўнлаб тўпламлар, китоблар нашр эттириб улгурди.

Анвар Обиджоя Фаргона вилояти Олтиариқ тумани Полосон қишлогида 1947 йилнинг 25 январида оддий хизматчи оиласида таваллуд топган. У одатдагидек, ўз ҳамкасблари каби тўғридан-тўғри ижодга кириб келмади. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида ўқиди. Ҳарбий хизматдан (1966—1969) қайтгач, 1969—1971 йилларда жамоа хўжадигида ҳисобчи, клуб мудири, туман рўзномаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди. Айни чоқда Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга келиб, «Ёш гвардия» нашриёти, «Ёш куч», «Муштум», ойномаларида фаолият кўрсатди. Шу кунларда у «Чўлпон» нашриётининг бош муҳарриридир.

Анвар Обиржон ижоди гарчи 60-йиллардан бошланган. Биринчи «Шкафчам» номли шеъри «Ғунча» журналида чоп этилган бўлса ҳам, унинг биринчи китоби 1974 йилда «Она ер» номи билан «Ёш гвардия» нашриётида босилиб чиқади. Шундан буён қарийб 20 йил давомида «Баҳромнинг ҳикоялари» (1981), «Оловжон ва унинг дўстлари», (1983), «Ей, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Аламазон и его пехота». «Масхарабоз бола» (1980), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), “Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий ва насрий китоблари чоп этилди. Улардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» каби пъесалари саҳна юзини кўрди. Мазкур асарларнинг деярли кўпчилигида одамлардаги, ҳаётдаги нопок томонлар, иллатлар, нуқсонлар гоҳ аччиқ, гоҳ истеҳзоли, гоҳ майин кулги воситасида фош этиб берилади. Анвар Обиджон ижоди авжи камолат босқичида. У ўз устозлари Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов каби истеъдодлар сафини тўлдиради, деб ишонса бўлади.